ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Устави (ЎзР Президентининг 06.01.2019 й. ПҚ-4096-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 6 январдаги

ПҚ-4096-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши

ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби (кейинги ўринларда - Олий мактаб) судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш учун масъул бўлган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.


2. Олий мактаб ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ушбу Уставга амал қилади.


3. Олий мактаб юридик шахс ҳисобланади, ўз балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида шахсий ҳисоб рақамларига, тижорат банкларида миллий ва хорижий валюталардаги банк ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрга, штамплар, эмблема, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа атрибутлар ва реквизитларга эгадир.


4. Олий мактабнинг расмий номи:

давлат тилида: Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби;

рус тилида: Высшая школа судей при Высшем судейском совете Республики Узбекистан;

инглиз тилида: Supreme School of Judges under the Supreme Judicial Council of the Republic of Uzbekistan.


5. Олий мактабнинг почта манзили: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, 6-уй.



2-БОБ. ОЛИЙ МАКТАБНИНГ МАҚСАДЛАРИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда малакали судьялар ва судлар аппарати ходимларини тайёрлаш ҳамда одил судловнинг юқори даражасига эришиш Олий мактабнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.


7. Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, улар малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш;

иш юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асослантирилган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш усулларини таълим жараёнига жорий этиш;

тингловчиларда юриспруденция, касбий этика, психология, ишга оид мулоқот, вақтни бошқариш, музокаралар олиб бориш усуллари, ахборотлар билан ишлаш технологиялари, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллашга доир назарий билимлар ва амалий кўникмаларни ривожлантириш;

мунтазам равишда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш бўйича тадбирлар ўтказиш;

тингловчиларни қонун ҳужжатларига киритилган долзарб ўзгартиришлар ва қўшимчалар, миллий ва хориждаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати ва тенденциялари, шунингдек норма ижодкорлиги фаолияти соҳасидаги тажриба билан таништириш;

суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, қонунчиликни ривожлантириш ва ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришнинг долзарб масалалари бўйича чуқур фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

суд соҳасида олий малакали илмий ишлаб чиқариш (амалий) кадрларини тайёрлаш, шунингдек суд-ҳуқуқ фаолиятини илмий-методик жиҳатдан таъминлаш;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, суд амалиёти ва статистикасини ўрганиш ва умумлаштириш, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

тажриба алмашиш, таълим жараёни сифатини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

мунтазам илмий тадқиқотларни, норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий ахборотлар алмашишни йўлга қўйиш, таълим ва илмий жараёнга хорижий мутахассисларни жалб этиш, педагогик, илмий ходимлар ва тингловчиларнинг стажировкасини ташкил этиш мақсадида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.



3-БОБ. ОЛИЙ МАКТАБНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Олий мактаб ўз мақсадларига эришиш ва зиммасига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан зарур статистик маълумотлар, ахборот-таҳлилий материаллар, суд амалиёти ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятига доир умумлашмаларни олиш;

судлардан суд амалиётини умумлаштириш мақсадида ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган суд ишларини сўраб олиш;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорлик қилиш;

зарур ҳолларда, экспертлик, илмий-тадқиқот ишларини бажариш ва маслаҳат олиш учун давлат органлари, илмий ва бошқа ташкилотларнинг ходимларини, олимлар, мутахассислар ва экспертларни жалб этиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, суд амалиёти ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятининг долзарб муаммолари бўйича даврий, илмий-назарий ва амалий нашрларни чоп этиш;

маҳаллий ва хорижий олим ва экспертлар, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва адвокатларни жалб этган ҳолда тематик, жумладан халқаро форумлар, симпозиумлар, конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этиш;

педагогик фаолиятни амалга ошириш, ўқув-услубий ишлар олиб бориш, илмий тадқиқотлар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш учун хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

Олий мактабга ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий-техник воситалар ва зарур ускуналарни харид қилиш, ижарага олиш.

Олий мактаб қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Олий мактаб таълим жараёни ва илмий-тадқиқот фаолиятини халқаро стандартлар асосида, ўқитишнинг замонавий шакллари, педагогик, инновацион, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда самарали ташкил этиш учун жавобгардир.



4-БОБ. ОЛИЙ МАКТАБНИНГ ТУЗИЛМАСИ

ВА БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ


10. Олий мактаб фаолиятини ташкил этишнинг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун Олий мактаб директори бошқарадиган Кенгаш ташкил этилади. Кенгаш таркибига директор ўринбосарлари, кафедра мудирлари, бошқа таркибий бўлинмалар раҳбарлари, таълим ва юридик соҳалардаги етакчи олимлар ва мутахассислар, шунингдек Кенгаш котиби киради.

Кенгашнинг асосий ваколатлари қуйидагилардан иборат:

ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомлар, ўқув режалари ва дастурлари, тингловчилар билимини баҳолаш тартиблари, шунингдек малака талабларини тасдиқлаш;

профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатининг меъёрини белгилаш;

магистратура тингловчилари томонидан стажировка ўташ тартибини белгилаш;

магистратура тингловчиларини давлат аттестациясидан ўтказиш тартиби ҳамда магистрлик диссертацияларини тайёрлаш ва ҳимоя қилишга доир талабларни белгилаш;

Олий мактаб ички тартиб қоидалари ва ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш;

Олий мактаб таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш;

"Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Олий мактабнинг фахрий доктори" унвони билан тақдирлаш;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан келишган ҳолда Бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини, шунингдек ушбу маблағлар ҳисобидан Олий мактаб ходимларига ойлик устамалар белгилаш мезонларини тасдиқлаш.


11. Кенгаш қарори Олий мактаб директори ва Кенгаш котиби томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади.


12. Олий мактабга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади ва у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг жамоатчилик асосидаги аъзоси ҳисобланади.

Олий мактаб директори меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.


13. Олий мактаб директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан келишилган ҳолда директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Олий мактаб директор ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарларига тенглаштирилади.


14. Олий мактаб директори:

Олий мактаб фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Олий мактабга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши, мазкур Уставга риоя этилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади, Олий мактабнинг ходимлари ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини белгилайди;

барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, шунингдек хорижда Олий мактабнинг манфаатларини ифодалайди;

Олий мактабнинг барча ходимлари ва тингловчилари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

Олий мактаб ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

тегишли ташкилотларнинг ходимларини ва мутахассисларни педагогик фаолиятга жалб этиш бўйича шартномалар ва контрактларни тузади;

Олий мактабнинг молиявий масалаларини ҳал этади;

ўз ваколатлари доирасида Олий мактабнинг мол-мулки ва маблағларини тасарруф этади;

Олий мактаб номидан шартномалар тузади, шундай шартномалар тузиш учун ишончномалар беради;

ўқув жараёнини кундузги, кечки, сиртқи ва масофавий ўқитиш шакллари асосида ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси билан келишган ҳолда Олий мактабда қисқа муддатли ва бошқа курсларни ташкил этади;

штатлар жадвалини ва Олий мактабнинг таъминоти учун харажатлар сметасини тасдиқлайди, Олий мактаб тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади;

Олий мактаб Кенгаши ишига раҳбарлик қилади;

илмий-таълим муассасалар кенгашлари мажлисларида иштирок этади.

Олий мактаб директори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИ,

ОЛИЙ МАКТАБНИНГ ЎҚУВ-МЕТОДИК ВА

ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Олий мактаб таълим жараёнини судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширади.


16. Судьялик лавозимларини эгаллаш учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш тингловчиларни судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш кўникмаларига ўргатишга, судьялик кадрларининг илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган. Кадрларни тайёрлаш давлат грантлари асосида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича давлат намунасидаги диплом берган ҳолда амалга оширилади.


17. Раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, шунингдек ишни ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва усулларини ўзлаштиришга қаратилган.Қайта тайёрлаш курсларининг давомийлиги икки ойни ташкил этиб, тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.


18. Судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш қонунчиликдаги сўнги янгиликларнинг мазмун-моҳиятини етказишга, касбий, жумладан ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларни такомиллаштиришга қаратилган. Малака ошириш курсларининг давомийлиги камида икки ҳафтани ташкил этиб, тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.


19. Судьялик лавозимларини эгаллашга юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун Олий мактаб магистратурасига қабул фақат судьялик лавозимлари захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади.


20. Олий мактабга қабул қилиш, ўқитишни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Магистратурага қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом, Раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низом ҳамда Судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш курслари тўғрисидаги низом билан белгиланади.


21. Судьялар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, вазирлик ва идораларнинг мутахассислари ва бошқа мутахассислар педагогик фаолиятга ўриндошлик тартибида ёки меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида ёхуд ўрнини тўлдириш асосида хизмат кўрсатиш шартномасига мувофиқ жалб этилиши мумкин.

Хорижий мамлакатларнинг олимлари, мутахассислари ва экспертлари Олий мактабга ўқув, методик ва илмий ишлар олиб бориш учун шартнома (контракт) асосида хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, шунингдек Олий мактабнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан жалб этилиши мумкин.


22. Илмий-тадқиқот ишлари, қоида тариқасида, шу жумладан хорижий ва халқаро грантлар ёки хўжалик шартномалари асосида ўтказилади. Шартнома асосида илмий-тадқиқот ишларини бажаришдан олинган маблағлар тегишли харажатлар қоплангандан сўнг Олий мактаб моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларни рағбатлантириш ёки ўзига юкланган бошқа вазифаларни ҳал этишга йўналтирилади.


23. Таълим жараёни ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларини, илғор педагогик, инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилади.


24. Судьялар, шунингдек судлар аппарати ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



6-БОБ. ОЛИЙ МАКТАБНИНГ

ТИНГЛОВЧИЛАРИ


25. Олий мактаб магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталари бўйича судьялик лавозимлари захирасида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари белгиланган тартибда қабул қилинади.

Ўқишга қабул қилиш тингловчи танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг Олий мактаб директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


26. Олий мактаб магистратураси тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида стипендия тўланади.

Олий мактаб магистратурасига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод этилади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даврида сақланади.


27. Олий мактаб тингловчилари ўқув режасида (дастурида) назарда тутилган топшириқларни белгиланган муддатларда бажаришга, Олий мактабнинг Устави, ички тартиб-қоидалари ва ахлоқ қоидаларига риоя қилишга мажбурдирлар.


28. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқув дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган тингловчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб беради.



7-БОБ. ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАР ТАРКИБИ

ВА БОШҚА ХОДИМЛАР


29. Олий мактабда бошқарув, профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимлари назарда тутилади.

Ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек уларнинг ўзаро муносабатлари меҳнат қонунчилиги, жамоавий шартнома, меҳнат шартномалари ва мазкур Устав билан тартибга солинади.


30. Профессор-ўқитувчилар таркибига кафедра мудири, профессор, доцент ва ўқитувчи лавозимлари киради.


31. Бошқарув, профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Олий мактабнинг ички тартиб-қоидалари ва ахлоқ қоидаларида, шунингдек лавозим йўриқномалари билан белгиланади.


32. Олий мактаб ходимларининг мансаб маошлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


33. Олий мактабнинг махсус унвонлар ва мансаб даражаларига эга ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди учун белгиланган тартибда махсус унвонлар ва мансаб даражалари берилади, кўп йиллик хизмат учун устамалар ва қўшимча тўловлар тўланади, ушбу шахсларнинг Олий мактабда ишлаган даври эса махсус унвонлар ва мансаб даражаларини олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисига Олий мактаб ходимларига махсус унвонлар ва мансаб даражалари бериш ҳуқуқи тақдим этилади.

Олий мактабга ишга жалб қилинган ва малака даражаларига эга бўлган судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларда судьялик мақоми, барча устамалар ва қўшимча тўловлар, имтиёзлар ва тиббий таъминот шароитлари сақлаб қолинади.

Судьялар ва уларга тенглаштирилган шахслар орасидан ишга қабул қилинган ходимларнинг Олий мактабда ишлаган вақти судьялик стажига қўшилади.

Олий мактаб профессор-ўқитувчилари таркибига - Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари учун, Олий мактабнинг бошқа ходимларига эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.


34. Олий мактаб меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари асосида машғулотлар ўтказишга жалб этиладиган айрим юқори малакали илмий-педагогик кадрлар ва тажрибали амалиётчи мутахассисларга ўқув машғулотларини ўтказиш учун соатбай ҳақ тўлаш миқдорини Олий мактабнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан 100 фоизга ортиқ миқдорда белгилаш ҳуқуқига эга.



8-БОБ. ОЛИЙ МАКТАБНИНГ ХАЛҚАРО

ҲАМКОРЛИГИ


35. Олий мактаб суд-ҳуқуқ соҳасида хориждаги таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни амалга оширади.


36. Халқаро ҳамкорлик, жумладан Олий мактаб тингловчилари, ўқитувчилари ва бошқа ходимларининг хорижий мамлакатлар таълим ва тадқиқот муассасаларида стажировка ўташи, шунингдек хорижий мамлакатлар фуқароларининг Олий мактабда ўқиши белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Олий мактабнинг хорижий мамлакатларнинг тегишли ташкилотлари билан шартномалари асосида, шунингдек хорижий ва халқаро ташкилотлар томонидан миллий таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш мақсадида ажратиладиган грантларга мувофиқ амалга оширилади.


37. Олий мактаб Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Олий мактаб тингловчилари ва ходимларининг хорижий таълим ва илмий муассасаларида стажировка ўташини ташкил этади.



9-БОБ. ОЛИЙ МАКТАБНИНГ

МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


38. Асосий фондлар (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар), молиявий маблағлар ҳамда бюджет, бюджетдан ташқари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан сотиб олинадиган турли моддий қимматликлар Олий мактабнинг мол-мулкини ташкил этади. Олий мактаб мол-мулкининг қиймати унинг балансида акс эттирилади.


39. Олий мактаб ўзига бириктирилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини белгиланган тартибда амалга оширади.


40. Олий мактаб фаолияти қуйидагилар ҳисобидан молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Олий мактаб томонидан шартнома асосида бажариладиган илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ишлар, таълим ва бошқа хизматларни сотишдан тушадиган тушумлар;

хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


41. Олий мактаб:

Олий мактабда ўқитишга жалб этиладиган чет эллик олимлар, ўқитувчилар ва мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлашни шартномаларга мувофиқ белгиланадиган миқдорларда хорижий валютада амалга ошириш;

Бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларининг 50 фоизигача миқдорини ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш;

хорижий олимлар, ўқитувчилар ва мутахассислар учун икки томонга авиачипталар сотиб олиш (узоқ муддатли шартномалар бўлганда, бир йилда кўпи билан икки марта) харажатларини миллий валютада тўлаб бериш;

хорижий олимлар, ўқитувчилар ва мутахассисларнинг яшаш харажатларини миллий валютада тўлаб бериш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, бюджет маблағлари ҳисобидан суд фаолиятининг долзарб масалалари бўйича илмий журнал чоп этиш;

зарур асбоб-ускуналар ва бошқа моддий ресурсларни харид қилиш, ижарага олиш;

ўзига тегишли мол-мулкка, жумладан интеллектуал ва бошқа турдаги мулкка, даромадларга белгиланган тартибда эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.


42. Олий мактабда Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси (меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи) билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг50 фоизигача миқдорида Бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ташкил этилади.

43. Олий мактаб маблағларини шакллантириш ва сарфлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


44. Олий мактаб белгиланган тартибда ўз фаолияти натижаларининг бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ҳисоботини юритади.



10-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


45. Мазкур Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Олий мактабни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.


46. Мазкур Устав талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 14 январь, 1-2-сон, 14-модда










































Время: 0.0280
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск