ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Судьяларни танлаш ва тайинлаш тартиби. Судьяларнинг мақоми. Халқ маслаҳатчилари /

Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.01.2019 й. 11-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 январдаги

11-сон қарорига

ИЛОВА



Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти

шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5482-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси судлари судьяларининг, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзоларининг, шунингдек, уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


яшаш жойи - турар жой, квартира, хизмат турар жойи, ихтисослаштирилган уйлар (ётоқхона, пансионат, ёлғиз кексалар учун махсус уй, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар учун интернат уй ва бошқалар), шунингдек, пенсия учун мурожаат қилган жисмоний шахс ижарага олиш шартномаси (иккиламчи ижара), ижара шартномаси ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича мулкдор сифатида доимий яшайдиган (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган) бошқа турар жой, доимий яшаш жойи мавжуд бўлмаган (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган) тақдирда - вақтинча яшаш (вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш) жойи;

пенсия - уни олиш ҳуқуқи Ушбу Низомда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ аниқланадиган ҳамда шахсларга пенсия ёшига тўлиш, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови;


пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиш - пенсия тайинлаш, пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш, шунингдек, илгари тўхтатиб қўйилган (тўхтатилган) пенсия тўлашни белгиланган тартибда тиклаш (қайта тиклаш) тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментига (кейинги ўринларда - Департамент деб юритилади) ариза бериш;


иш стажи - Ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган меҳнат фаолиятининг умумий давомийлиги;


иш ҳақи - шахснинг пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи.


3. Ушбу Низомга мувофиқ қуйидагилар пенсия олиш ҳуқуқига эга:


а) ёшга доир пенсияни - судья сифатида камида 15 йиллик иш стажига эга бўлган эркаклар - 60 ёшга тўлганда ҳамда аёллар - 55 ёшга тўлганда. Бунда судьянинг амалдаги ваколат муддати тугамасдан навбатдаги муддатга сайланган ёки тайинланган ҳолларда, истисно тариқасида, олти ойгача бўлган муддат судья лавозимидаги иш стажига қўшилади;

б) ногиронлик пенсиясини - судья сифатида иш стажидан қатъи назар меҳнатда майибланганлиги оқибатида содир бўлган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;


в) умумий касаллик оқибатида ногиронлик пенсиясини - ногиронлик содир бўлган кун ҳолатига кўра судья сифатида қуйидаги иш стажига эга бўлган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар:

Ёш


Судья лавозимида иш стажи

(йилларда)


30 ёшдан 40 ёшгача


3

40 ёшдан 50 ёшгача


7

50 ёш ва ундан ошганда


10

г) боқувчисини йўқотганлик пенсиясини - вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари олиш ҳуқуқига эга. Меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари сирасига "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) 19-моддасида кўрсатилган шахслар киради.

Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонуни 79-моддаси биринчи қисмининг 1, 3, 5 ва 10-бандларида назарда тутилган асослар бўйича судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, у ушбу Низомга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

4. Судья лавозимидаги иш стажига эга бўлган ва ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилган лавозимларда ишлаган шахслар ҳам, мазкур лавозимларда узлуксиз бўлганлигидан қатъи назар, ушбу бандда белгиланган тартибда пенсия олиш хуқуқига эга.

5. Бир вақтнинг ўзида ушбу Низом ва Қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга шахсга унинг танлови бўйича пенсиянинг бир тури тайинланади.


6. Ушбу Низомга мувофиқ пенсияни тайинлаш:

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси бўлиб ишлаган шахсларга нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, шунингдек, 1991 йил 12 июндан 1992 йилнинг 8 декабрига қадар ҳакамлик судлари, 2017 йилнинг 1 июнига қадар Олий хўжалик суди судьяси бўлиб ишлаган шахсларга, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган аъзосига нисбатан, шунингдек, 1991 йил 12 июндан 1992 йилнинг 8 декабрига қадар ҳакамлик судлари, судларнинг (шу жумладан 2017 йилнинг 1 июнига қадар умумий юрисдикция ва хўжалик судларининг) судьяси бўлиб ишлаган шахсларга нисбатан - Департамент томонидан амалга оширилади.


2-БОБ. ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАШ УЧУН ТАҚДИМ

ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


7. Ушбу Низомга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга шахс пенсия олиш учун асос бўлган ҳолатлар содир бўлганда Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиши мумкин.


8. Пенсия тайинланадиган шахс вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, ариза унинг қонуний вакили томонидан берилади.


9. Пенсия тайинлашни сўраб пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат этиш мумкин.


10. Барча зарур ҳужжатлар билан бирга ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади.

Агар ариза почта орқали юборилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар ҳам илова қилинган бўлса, ушбу аризани жўнатишнинг почта штемпелида кўрсатилган санаси пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади.

Аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги ариза берувчига ёзма равишда маълум қилинади. Агар улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.


11. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигида шубҳа пайдо бўлган тақдирда, ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Бу ҳолда текшириш тамом бўлиш муддатидан қатъи назар, пенсия тайинлаш учун дастлаб мурожаат қилинган сана пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган сана ҳисобланади.


12. Ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилиниши лозим:

паспортнинг нусхаси;

судья лавозимидаги иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган иш даврини тасдиқлайдиган ҳужжат;

иш ҳақи тўғрисида маълумотнома.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

а) тегишли орган томонидан берилган ҳарбий хизматни, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилганликни тасдиқлайдиган маълумотнома;

б) олий таълим муассасаларида (шу жумладан ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида, шунингдек, партия мактабларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар - изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқишни, шу жумладан чет элда ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома;

в) болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилгандан бошлаб у уч ёшга тўлгунгача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган бола уч ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома;

г) ариза берувчи уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс ҳисобланишини тасдиқлайдиган ҳужжат;

д) фамилия, исм, ота исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

е) оқлов ҳукми ёки иш тўхтатилганлиги тўғрисида суднинг ажрими (қарори) ёки прокурор (терговчи)нинг иш тўхтатилганлиги тўғрисидаги қарори, шунингдек, эҳтиёт чораси сифатида шахсни қамоқда сақлаш, қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш шаклида жазони ўташ даври тўғрисида тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномаси, шунингдек, реабилитация тўғрисидаги ҳужжатлар (суд органлари, прокуратура органлари, суриштирув ва тергов органларининг оқлов ҳукми чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси ёки реабилитация қилувчи асослар бўйича жиноят иши тўхтатилганлиги тўғрисидаги қарори (ажрими).

Ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар улар Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларда мавжуд бўлганда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган шахс томонидан тақдим этилмайди.


13. Ногиронлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат этган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

паспортнинг нусхаси;

судья лавозимидаги иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

иш ҳақи тўғрисида маълумотнома;

тиббий-меҳнат эксперт комиссиясидан (кейинги ўринларда ТМЭК деб юритилади) олинган ногиронлик тўғрисида маълумотнома;

бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг хизмат вазифаларини бажаришда бошқача тарзда шикастланиши тўғрисидаги далолатнома ёки, агар ногиронлик меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса, бошқа расмий ҳужжат.

Бундан ташқари, Ушбу Низомнинг 12-банди "а" - "е" кичик бандларида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилади.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар улар Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларда мавжуд бўлганда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган шахс томонидан тақдим этилмайди.


14. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат этган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

пенсия тайинланаётган шахснинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ёки паспорти;

оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, улар бўлмаган тақдирда - фуқаролик ҳолати далолатномаларидаги ёзувдан кўчирма, ваколатли ташкилотларнинг ёки хорижий давлатлар мансабдор шахсларининг маълумотномаси);

боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки унинг бедарак йўқолганлиги тўғрисида суднинг қарори;

вафот этган боқувчининг судья лавозимидаги иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

вафот этган боқувчининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Ногиронлик оқибатида боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга оила аъзосининг аризасига ТМЭКдан олинган ногиронлик тўғрисидаги тегишли маълумотнома илова қилинади.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг хизмат вазифаларини бажаришда бошқача тарзда шикастланиши тўғрисидаги далолатнома ёки, агар боқувчининг вафоти меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса, бошқа расмий ҳужжат;

Ушбу Низомнинг 12-банди "а" - "е" кичик бандларида кўрсатилган, вафот этган боқувчининг номига расмийлаштирилган (ёзилган) ҳужжатлар.

Боқувчи-пенсионер вафот этган тақдирда, ушбу бандда кўрсатилган зарур ҳужжатлар тақдим этилиши лозим, вафот этганнинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилдида мавжуд бўлган ҳужжатлар бундан мустасно.


15. Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахс томонидан пенсия тайинлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар ушбу ҳужжатларни тегишли ташкилотлардан талаб қилиш юзасидан ёрдам кўрсатади.


16. Пенсияга устама (қўшимча ҳақ) белгилаш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда, пенсия тайинлаш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

а) ТМЭКнинг I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

б) ариза берувчининг уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;

в) тегишли орган томонидан берилган судьянинг ўлими хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ эканлигини тасдиқлайдиган маълумотнома, шунингдек, вафот этган судьянинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки вафот этган судья билан тузилган эр ёки хотин никоҳи тўғрисидаги гувоҳнома;

г) "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;;

д) фахрий унвон берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.


17. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва тақдим этиш масалалари бўйича тушунтиришлар ва маълумотномалар бериши шарт.


18. Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилишда пенсия тайинланаётган шахснинг паспорти тақдим этилиши лозим. Паспорти бўлмаган вояга етмаган болаларга нисбатан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилади.


19. Қонуний вакилнинг аризасига қонун ҳужжатларига мувофиқ васийлик ёки ҳомийликни тайинлаш тўғрисида қабул қилинган қарор нусхаси илова қилинади. Ота-она ёки қонуний вакил паспортни тақдим этади.


20. Фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар сифатида никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг фамилия, исм, ота исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси, никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, фуқаролик ҳолати далолатномасининг тегишли ёзувидан кўчирма, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари (мансабдор шахслари) маълумотномаси тақдим этилади.


21. Қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари борлигини тасдиқлаш масаласи суд қарори билан ҳал этилиши мумкин.

22. Ишламайдиган II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг ёлғиз яшайдиган пенсионерга тегишлилиги ҳолати ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар ва тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари томонидан тузилган ариза берувчининг яқин қариндошлари (ота-онаси, эри ёки хотини ва болалари) йўқлигини тасдиқлайдиган далолатнома асосида белгиланади.

23. Пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар ҳам асл нусхада, ҳам ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан тасдиқланган нусхаларда тақдим этилиши мумкин, фақат асл нусхаларда тақдим этиладиган маълумотномалар (иш ҳақи, ногиронлик, оила аъзоларининг таркиби тўғрисидаги маълумотномалар ва бошқа маълумотномалар) бундан мустасно.


24. Никоҳ муносабатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар сифатида никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, фуқаролик ҳолати далолатномаси ёзувидан кўчирма, суднинг фактик никоҳ муносабатларида бўлганликни белгилаш тўғрисидаги қарори, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари (мансабдор шахслари) маълумотномалари тақдим этилади.


25. Шахснинг аризаси ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан махсус дафтарда (журналда) рўйхатдан ўтказилади, ариза берувчига ариза қабул қилинган сана, шунингдек, олинган ва етишмаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган ҳолда тилхат берилади.


26. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар ҳужжатларни қабул қилишда уларнинг ушбу Низом талабларига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текшириши шарт.

Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар, зарур ҳолларда, қабул қилинган ҳужжатларни расмийлаштиришдан олдин ташкилот ва корхоналардан, архив муассасаларидан ёки шахсдан тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, шунингдек, зарур ҳолларда уларнинг тўғри берилганлигини текшириш ҳуқуқига эга.


27. Агар ҳужжатда туғилган вақт тўғрисида аниқ сана кўрсатилмаган ҳолда ой кўрсатилган бўлса, у ҳолда тегишли ойнинг 15-куни туғилган сана ҳисобланади.

Агар тақдим этилган ҳужжатда ой кўрсатилмасдан фақат туғилган йил кўрсатилган бўлса, ушбу йилнинг биринчи июли туғилган кун сифатида қабул қилинади.


28. Барча тақдим этилган ҳужжатлар билан бирга пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза, шунингдек, ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларнинг пенсия тайинлаш тўғрисидаги қарори пенсия ҳужжатлари йиғмажилдига тикиб қўйилади.


29. Агар ариза берувчига пенсия тайинлаш рад этилган бўлса, бу ҳақда унга рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабар берилади. Пенсия сўраб мурожаат қилган шахс қабул қилинган қарордан норози бўлса, у ушбу қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.



3-БОБ. ПЕНСИЯНИ ТАЙИНЛАШ УЧУН ИШ СТАЖИНИ

ҲИСОБЛАБ ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


30. Судья лавозимида пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига ушбу Низомга мувофиқ:

шахснинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари билан лавозимда бўлган даври;

шахснинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ёки Сенати аъзоси этиб сайланган (тайинланган) даври;

судья Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси этиб сайланган давр;

ҳарбий хизматчилар, ички ишлар идоралари бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахсларнинг юридик ихтисослик бўйича хизмати даври, шунингдек, прокуратура идораларида даражали унвонлар (ҳарбий унвонлар)га эга ходимларнинг ишлаган даври;

илгари судья лавозимида ишлаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари, бошқарма бошлиғи ёки Олий суднинг бошқарув ходимлари таркибига киритилган бошқа лавозимларда ишлаган даври;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ишга жалб қилинган ва малака даражаларига эга бўлган судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг Судьялар олий мактабида ишлаган даври ҳисобга олинади.

Судьянинг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган аъзоси сифатида иш стажи судья сифатида иш стажига тенглаштирилади ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда пенсия тайинлаш учун асос бўлади.

Ушбу Низом 30-бандининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган шахсларнинг ушбу Низомга мувофиқ пенсия тайинлаш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаш учун ушбу шахслар камида 10 йил судья лавозимида ишлаган бўлиши лозим.

Ушбу Низомга мувофиқ пенсия тайинлаш ҳуқуқини берадиган иш стажига иш ҳақини сақламаган ҳолда меҳнат таътилида бўлиш даври қўшиб ҳисобланмайди.


31. Талаб қилинадиган иш стажидан ортиқ стаж мавжуд бўлган тақдирда, умумий иш стажи яхлитланиши керак. Бунда иш стажининг умумий ўн беш календарь кундан ортиқ даври тўлиқ ойгача яхлитланади, ўн беш календарь кунгача бўлган давр эса ҳисобга олинмайди.


32. Ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки вафот этган ногиронлиги бўлган шахс учун боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига қўшиб ҳисобланади.

33. Иш стажи иш, хизмат ёки иш стажига ҳисобланадиган бошқа фаолият амалга оширилиши жойидан, шунингдек, архив муассасаларидан берилган ҳужжатлар бўйича белгиланади.


34. Иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суд тартибида белгиланади.


35. Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида тўлиқ сақланмаган ёки қисман сақланган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларнинг махсус комиссияси томонидан амалга оширилади.

Қисман сақланиб қолган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида махсус комиссия томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари ҳужжатлар билан тасдиқланган иш вақти сифатида иш стажига киритилади.


36. Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.

Меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек, меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш учун маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлар ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.

Бунда маълумотномада ишга қабул қилиш тўғрисидаги, иш (лавозим) бўйича ўзгаришлар тўғрисидаги ва асослари кўрсатилган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак. Маълумотнома ташкилот ёки архив раҳбари, шунингдек, маълумотномани тайёрлаган ходим томонидан имзоланади ва маълумотномани берган ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади.


37. Болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда ташкилот томонидан берилган, болага қаралган вақтни тасдиқлайдиган маълумотномалар асосида белгиланади

Болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги маълумотномалар ёки буйруқлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек, буйруқларда зарур ёзувлар бўлмаганда ёки болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар бўлганда, ушбу давр учун ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврининг тасдиғи сифатида қабул қилинади.


38. Шахс ишдан ноқонуний бўшатилгани муносабати билан, шу жумладан унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича дастлабки ва суд текшируви даврида ишламаган вақт, эҳтиёт чораси сифатида қамоқда бўлиш даври, жазони ўташ даври, тиббиёт муассасасида бўлиш даври, шахс лавозимдан ноқонуний четлатилганлиги муносабати билан ишламаган давр тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномалари билан тасдиқланади ва реабилитация (оқлов ҳукми, реабилитацияловчи асослар бўйича иш тўхтатилиши тўғрисидаги ажрим (қарор) ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлганда, иш стажига қўшиб ҳисобланади.


39. Авариялар ва маҳаллий кўламдаги бошқа фавқулодда вазиятлар (ёнғин, сув босиши), ташкилотнинг тўлиқ тугатилиши ёхуд ушбу Низомнинг 35-бандида назарда тутилгандан бошқа сабаблар бўйича архив маълумотларининг мавжуд эмаслиги муносабати билан мавжуд иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва уларни олиш имкони бўлмаганда, иш стажи суд тартибида белгиланади.


40. Иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар мансабдор шахс томонидан имзоланиши ва ташкилотнинг асосий муҳри билан тасдиқланиши керак.

Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ушбу дафтарчани тўлдириш ва юритиш пайтида амалда бўлган меҳнат дафтарчаларини юритишни тартибга соладиган қонун ҳужжатлари талабига мувофиқ расмийлаштирилиши керак.

Агар меҳнат дафтарчаларида ва бошқа ҳужжатларда ёзувлар белгиланган қоидалардан четга чиққан ҳолда бажарилган бўлса, уларни иш стажининг исботи сифатида қабул қилиш мумкинлиги тўғрисидаги масала пенсия тайинловчи орган томонидан ҳал этилади.


41. Иш стажини тасдиқлаш учун фақат меҳнат дафтарчаларига киритилган ва тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосидаги маълумотномаларда кўрсатилган иш даврлари тўғрисидаги маълумотлар қабул қилинади.


42. Агар иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжатда кўрсатилган исм, ота исми ёки фамилия паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича исм, ота исми ёки фамилия билан мос бўлмаса ушбу ҳужжатнинг ушбу шахсга тегишлилиги ҳолати фақат меҳнат дафтарчасини ёки иш стажи тўғрисидаги бошқа ҳужжатни биринчи марта берган ташкилот томонидан тасдиқланиши мумкин. Бошқа барча ҳолларда ҳужжатларнинг тааллуқлилиги суд томонидан белгиланиши шарт.


43. Иш стажи тўғрисида тақдим этилган ҳужжатда аниқ саналар белгиланмасдан фақат йиллар кўрсатилган ҳолларда тегишли йилнинг 1 июли сана сифатида қабул қилинади, агар ойнинг санаси кўрсатилмаган бўлса, тегишли ойнинг 15-куни ана шундай сана ҳисобланади.


44. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар ёки иш стажини белгилаш бўйича махсус комиссия томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор билан рози бўлинмаган тақдирда, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади.



4-БОБ. ПЕНСИЯНИ ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ


45. Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома:

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан - Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси бўлиб ишлаган шахсларга нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан - Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди судьяси бўлиб ишлаган шахсларга, шунингдек, Судьялар олий кенгашининг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган аъзосига нисбатан;

Департамент томонидан - умумий юрисдикция судлари судьяси бўлиб ишлаган шахсларга нисбатан;

иқтисодий судлар томонидан - хўжалик судлари, шунингдек, 1991 йил 12 июндан 1992 йилнинг 8 декабрига қадар ҳакамлик судлари судьяси бўлиб ишлаган шахсларга нисбатан ёхуд шахс мурожаат қилгандан кейин унинг талаби бўйича ушбу Низомга иловага асосан шакл бўйича архив томонидан берилади.

46. Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома шахсий ҳисобварақлар ва ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги бошқа ҳужжатлар асосида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган ёки вафот этган боқувчи ишлаган ташкилот ёки архив томонидан берилади.

Архив сақланаётган ҳужжатлар асосида иш ҳақи турлари бўйича ҳисобланган суммаларни ёйиб кўрсатган ҳолда белгиланган шакл бўйича иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани бериш имконига эга бўлмаган ҳолларда, архив фондидаги мавжуд ҳужжатларга мувофиқ маълумотнома ёки маълумотлар бериши мумкин.


47. Пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади. Иш ҳақи таркибига лавозим маоши, шунингдек, барча турдаги устамалар, қўшимча ҳақлар, шу жумладан кўп йиллик хизматлари учун, малака даражаси учун қўшимча ҳақ, мукофот ва бошқа тўловлар киритилади.


48. Пенсияни ҳисоблаш учун ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет ўн икки ой учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган шахснинг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.

Пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахс томонидан пенсия тайинлаш учун тақдим этилган аризада у танлаган давр кўрсатилади.

Ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган ўн икки календарь ойдаги қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий суммасини ўн иккига бўлиш йўли билан аниқланади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараварига тенг миқдорда 100 фоиз, иш ҳақининг қолган қисмида эса 50 фоиз миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

49. Вафот этган пенсионернинг оила аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори вафот этган пенсионер (боқувчи)нинг пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқилади.

Боқувчи ногиронлик пенсияси олувчи ҳисобланган ва пенсия тайинлангандан кейин меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳолларда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган вафот этган боқувчи оила аъзосининг хоҳишига кўра ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблашда ҳисобга олинади. Талаб қилинадиган иш стажи боқувчи вафот этган кунда унинг ёши бўйича аниқланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш учун талаб этиладиган стажи ушбу Низомнинг 3-банди "в" кичик бандига мувофиқ белгиланади.

Бунда кўрсатиб ўтилган иш стажи учун олинган иш ҳақи иш ҳақи таркибига киритилади, агар боқувчи ёшга доир пенсия олса ва пенсия тайинлангандан кейин ишни давом эттирса, пенсия тайинлангандан кейин иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди.


50. Иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар учун (ишга кириш ёки ишдан бўшаш муносабати билан) иш ҳақи пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилганнинг хоҳишига кўра иш ҳақи таркибига киритилиши мумкин. Бунда иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.


51. Пенсия миқдори иш стажи даврига боғлиқ бўлади ҳамда пенсиянинг базавий миқдоридан ва иш стажи учун пенсия оширилишидан ҳамда пенсияга устама ҳақлардан шаклланади.


52. Пенсияни ҳисоблаш учун пенсияларнинг қуйидаги базавий миқдорлари белгиланади:

а) ёшга доир пенсиялар ёки умумий касаллик оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлиги пенсияси учун - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи;

б) меҳнатда майибланиш оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлиги пенсияси учун - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида;

г) меҳнатда майибланиш натижасида вафот этган боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида.


53. Пенсия тайинлаш учун талаб қилинадигандан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг базавий миқдорлари:

а) ёшга доир пенсиялар ва умумий касаллик оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсияси учун - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 2 фоизига;

б) боқувчисини йўқотганлик пенсиялари оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига - боқувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизига оширилади.

Пенсия тайинлаш учун талаб қилинадигандан ортиқ иш стажи мавжуд бўлганда, пенсиянинг базавий миқдорлари умумий ҳисобда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан ортиққа оширилмайди.


54. Алоҳида тоифадаги шахсларга қуйидаги миқдорларда пенсияга устама ҳақлар белгиланади:

а) уруш оқибатида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга - пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 150 фоизи;

б) уруш оқибатида II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга - пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 125 фоизи;

в) кўриш бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга - пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизи;

г) I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга - пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 75 фоизи;

д) II гуруҳ ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга - пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 50 фоизи;

е) уруш қатнашчиларига ва уларга тенглаштирилган шахсларга - пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизи;

ж) ўлими хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ судьяларнинг ота-оналарига ва янги никоҳга кирмаган бева хотинларига (бева эрларига) - пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдорининг 30 фоизи;

з) Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматларга эга бўлган шахсларга - хизматларга қараб пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизигача.

55. Устамалар тайинланадиган пенсиялар туридан қатъи назар тайинланади. Агар пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахс ушбу Низомнинг 54-бандида назарда тутилган бир неча устама ҳақни бир вақтда олиш ҳуқуқига эга бўлса, у ҳолда устама ҳақлар қуйидаги ҳолларда бир вақтнинг ўзида тайинланиши мумкин:

а) пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахсга ушбу Низомнинг 54-банди "а" ёки "б" кичик бандларида назарда тутилган устама ҳақ билан бир вақтда ушбу Низомнинг 54-банди "ж" ва "з" кичик бандларида кўрсатилган устама ҳақ қўшиб ҳисобланиши мумкин;

б) пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг танлови бўйича ушбу Низомнинг 54-банди "в", "г" ёки "д" кичик бандларида назарда тутилган устама ҳақ билан бир вақтда ушбу Низомнинг 54-банди "е" кичик бандида кўрсатилган устама ҳақлардан бири қўшиб ҳисобланиши мумкин.


56. Ушбу Низомнинг 54-банди "з" кичик бандига асосан пенсияга устама Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонини белгилаш ва олий нишон - "Олтин Юлдуз" медалини таъсис этиш тўғрисида"ги Қонуни билан тасдиқланган "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони тўғрисидаги низомга мувофиқ пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдорининг 100 фоизи миқдорида белгиланади.

57. Ушбу Низомнинг 54-бандида назарда тутилган устама ҳақлардан ташқари, ишламайдиган пенсионерларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фахрий унвонлар учун тўловлар миқдорини ошириш тўғрисида" 2007 йил 17 декабрдаги ПФ-3942-сон Фармонига иловага мувофиқ фахрий унвонлар учун қўшимча ҳақ, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига эса ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2015 йил 14 апрелдаги ПФ-4715-сон Фармонига мувофиқ пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ қўшиб ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвонларига эга пенсионерларга фахрий унвонлар учун тўловлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобланади.

Илгари амал қилган қонун ҳужжатларига асосан берилган фахрий унвонларга эга бўлган шахсларга тўловлар амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорларда амалга оширилади.

Фахрий унвон учун қўшимча ҳақ пенсияга устамаларнинг сони ва миқдорларидан қатъи назар амалга оширилади.


58. Ўзбекистон Республикасидан кетган шахснинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилдини ҳисобга қабул қилиб олишда, унинг бошқа давлатда пенсия олганлигидан қатъи назар, пенсия миқдори ҳисобга қабул қилиш тўғрисида мурожаат қилинган вақтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳисобланади.

Пенсия Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга мурожаат қилинган кундан бошлаб ҳисобланади ва тўланади.



5-БОБ. ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАШ ТАРТИБИ


59. Пенсия тайинлаш масалаларини кўриб чиқиш учун ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларда пенсия тайинлаш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) тузилади. Комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суди томонидан белгиланади.


60. Комиссия бошқа зарур ҳужжатлар билан бирга пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза тушгандан кейин ўн кун муддатда тегишли қарор қабул қилади (пенсия тайинлаш тўғрисида, пенсия тайинлашни рад этиш ҳақида, тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлигини текшириш тўғрисида ва шу кабилар).


61. Агар ариза берувчи пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлгани ҳолда пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишда назарда тутилган зарур ҳужжатларни тақдим этмаса ёки тақдим этилган ҳужжатлар уларнинг асосланганлиги ва ишончлилиги юзасидан қўшимча текширишни талаб қилса, Комиссия томонидан ариза берувчининг ёзма розилигига кўра шубҳа туғдирмайдиган мавжуд ҳужжатлар бўйича пенсия тайинланиши мумкин. Агар ариза берувчи шубҳа туғдирмайдиган мавжуд ҳужжатлар бўйича пенсия тайинлашга рози бўлмаса, Комиссия ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тамом бўлгандан кейин пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.


62. Пенсия ҳужжатлари йиғмажилди Комиссия томонидан пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг ўн кун мобайнида расмийлаштирилиши лозим.


63. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кундан кечикмай ташкилот ёки ариза берувчига рад этиш сабабларини, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган билдиришномани бериши ёки юбориши ҳамда барча тақдим этилган ҳужжатларнинг асл нусхаларини ҳужжатлар олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан ариза берувчининг (қонуний вакилнинг) қўлига қайтариши шарт.


64. Комиссиянинг қарори юзасидан ариза берувчи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


65. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига битта умумий пенсия тайинланади.

Оила аъзосининг талабига кўра унинг пенсиядаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади. Ушбу ҳолатда пенсия боқувчисини йўқотганлик пенсиясидан улуш ажратиб бериш тўғрисида мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.

Пенсия ҳужжатлари йиғмажилдини расмийлаштиришда унга оила ҳар бир аъзосининг пенсияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар тикиб қўйилади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқини аниқлашда вафот этган боқувчи оиласининг ногиронликнинг III гуруҳига эга бўлган аъзолари вафот этган боқувчи оиласининг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари жумласига киритилмайди.

Агар вафот этганнинг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки неваралари парвариши билан улар икки ёшга тўлгунгача банд бўлган оила аъзоларидан бири пенсия турларидан биттасини олувчи бўлса, у ҳолда унинг хоҳиши бўйича Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ фақат пенсиянинг битта тури тайинланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси боқувчисининг вафотидан кейин туғилган болага ушбу пенсияга ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, пенсия тайинлаш учун биринчи марта мурожаат қилинганда, боқувчи вафот этган кундан бошлаб 6 ойдан кечикмай тайинланади. Қолган ҳолларда пенсия мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади.


66. Агар оиланинг алоҳида яшайдиган аъзосининг пенсияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар оиланинг бошқа аъзоларига пенсия тайинлаш тўғрисида қарор чиқарилганидан кейин тушса, у ҳолда алоҳида яшайдиган оила аъзосига пенсия улуши ажратилган ҳолда оиланинг барча аъзоларига пенсия тайинлаш тўғрисида янгидан қарор қабул қилинади.

Оиланинг кўрсатиб ўтилган аъзосининг тушган ҳужжатлари амалдаги пенсия ҳужжатлари йиғмажилдига қўшиб қўйилади.


67. Пенсионерга расмий ҳужжат ҳисобланадиган судьянинг пенсия гувоҳномаси берилади.



6-БОБ. ПЕНСИЯЛАРНИ БИР ТУРИДАН

БОШҚА ТУРИГА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


68. Пенсияларнинг бир турини олаётган пенсионер ушбу Низомга ва Қонунга мувофиқ унга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлган тақдирда пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказишда тайинланган пенсияни тўлаш тўхтатилади ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бошқа турдаги пенсия тайинланади.


69. Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга берилади.

Вафот этган боқувчининг вояга етмаган оила аъзоси (боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтказишда) ёки белгиланган тартибда ҳуқуқий лаёқатсиз деб тан олинган шахснинг номидан пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза унинг қонуний вакилидан ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга берилиши мумкин.

Шахснинг аризаси махсус дафтарда рўйхатдан ўтказилади. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан ариза берувчига ариза қабул қилинган сана, шунингдек, зарур ҳолларда, етишмайдиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган тилхат берилади.

Шахс томонидан пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза берилганда, ушбу ариза рўйхатга олинган вақтдан ўн кун мобайнида зарур ҳужжатлар ва тақдимнома тўлиқ расмийлаштирилади ва ариза берувчи улар билан (тақдимномага имзо қўйдирган ҳолда) таништирилади.


70. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан барча зарур ҳужжатлар билан бирга пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза қабул қилинган сана пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.


71. Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилган пенсионернинг аризасига ушбу Низомнинг 16-банди ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомнинг 12-14-бандларига мувофиқ, агар ушбу ҳужжатлар пенсиянинг олинадиган тури бўйича расмийлаштирилган пенсия ҳужжатлари йиғмажилдида мавжуд бўлмаса, унинг учун ариза берилган пенсия турини тайинлаш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Зарур ҳолларда, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оила аъзолари сони ўзгаришини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилади.


72. Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан ўн кун муддатда кўриб чиқилиши лозим.

Ёшга доир пенсияни ногиронлик пенсиясига ўтказишда ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди.

Илгари шахснинг ёшига доир тайинланган пенсияни пенсияларнинг бошқа турларидан биттаси бўйича тўловнинг тўхтатилиши муносабати билан тиклашда ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди.


73. Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш рад этилган тақдирда ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кундан кечикмай рад этиш сабаблари, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган ҳолда рад этиш тўғрисида пенсионерга хабарномани бериши ёки юбориши шарт.


74. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин пенсиянинг бошқа турини тўлаш пенсионер барча зарур ҳужжатлар билан бирга тегишли ариза билан мурожаат қилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошланади.


75. Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтган пенсионерларга янги судьянинг пенсия гувоҳномаси ёзилади.



7-БОБ. ПЕНСИЯНИ ҚАЙТА ҲИСОБЛАБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


76. Пенсионер пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш учун асос пайдо бўлган тақдирда пенсиянинг тайинланган миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.


77. Қуйидаги ҳолатлар тайинланган пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади:

а) пенсионер томонидан пенсия ҳужжатлари йиғмажилдида мавжуд бўлмаган ва пенсия миқдорига таъсир кўрсатадиган қўшимча (иш стажи тўғрисидаги) ҳужжатлар тақдим этилиши;

б) ногиронлик гуруҳининг ўзгариши;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оила аъзолари сонининг ўзгариши;

г) ушбу Низомнинг 54-бандида назарда тутилган устама олиш ҳуқуқининг пайдо бўлиши;

д) пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдорининг ўзгариши;

е) даромадларнинг индексация қилиниши.

Судья сифатида 15 йил ишлаган ва умумий асосда пенсия тайинланган шахсларга уларнинг кейинги фаолияти туридан қатъи назар, ушбу Низомга мувофиқ пенсиясини қайта ҳисоблаб чиқиш ҳуқуқи берилади. Бунда пенсияни қайта ҳисоблаб чиқиш унинг охирги судьялик лавозимидан келиб чиқиб, ушбу Низом кучга кирган кунда тегишли судьялик лавозими бўйича иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


78. Пенсионерлар пенсияни қайта ҳисоблаш учун қайта ҳисоблаб чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан кейин исталган вақтда мурожаат қилишлари мумкин.


79. Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга берилади.

Оиланинг вояга етмаган аъзоси (боқувчисини йўқотганлик пенсияси) ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб тан олинган шахснинг номидан пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза унинг қонуний вакили томонидан берилиши мумкин.

Шахснинг аризаси махсус дафтар (журнал)да рўйхатдан ўтказилади.


80. Барча зарур ҳужжатлар билан бирга пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган сана пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.


81. Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган пенсионернинг аризасига ушбу Низомнинг 77-банди "а", "в" ва "г" кичик бандлари асосида ушбу Низомнинг 12 - 14 ва 16-бандларида кўрсатилганларидан зарур ҳужжатлар илова қилиниши лозим.


82. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар ногиронлик гуруҳи ўзгарганлиги муносабати билан пенсия миқдорини қайта ҳисоблашда ТМЭКдан олинган ногиронлик тўғрисидаги тегишли маълумотномани пенсионернинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилдига илова қилади.


83. Қуйидаги ҳолларда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза бериш талаб қилинмайди:

қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдорининг миқдори ўзгарганда;

тайинланган пенсия миқдори камайишига олиб келган ҳолатлар юз берганда;

оиланинг 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган аъзоларидан бири таълим муассасасидан берилган унинг ўқувчи эканлиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этган тақдирда, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оила аъзолари сони ўзгарганда;

ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;

I гуруҳ ногиронлиги белгиланганда.


84. Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан беш кун муддатда кўриб чиқилади.


85. Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш рад этилган тақдирда, ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кундан кечикмай рад этиш сабабларини, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартибини кўрсатган ҳолда пенсионерга рад этиш тўғрисидаги билдиришномани бериши ёки юбориши ҳамда шу билан бир вақтда тақдим этилган ҳужжатларни ҳужжатлар олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан пенсионернинг қўлига қайтариши шарт.


86. Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш пенсионер барча зарур ҳужжатлар билан бирга тегишли ариза билан мурожаат қилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади. Пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдори ўзгарган тақдирда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдори ўзгариши учун асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилган санадан бошлаб амалга оширилади.

Пенсия миқдори камайишига олиб келган ҳолатлар юз берганда (боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оила аъзолари сони ўзгариши, ногиронлик гуруҳининг ўзгариши) қайта ҳисоблаш ушбу ҳолатлар бошланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.


87. Пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган (олинган) иш стажини ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш амалга оширилмайди.



8-БОБ. ПЕНСИЯЛАРНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


88. Пенсия пенсионерларга уларнинг яшаш жойи бўйича Халқ банкининг филиали орқали тўланади.


89. Пенсия тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин.

Бунда ишончнома берган шахс ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларни бир йилда камида бир марта хабардор қилиш орқали тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга хабар бериши шарт.

Ишончнома Халқ банкининг тегишли филиалида сақланади. Бунда Халқ банкининг филиали ишонч билдирилган шахс томонидан ишончнома тақдим этилган санадан бошлаб ўн кун муддатда ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга Халқ банки филиалининг асосий муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган ишончнома нусхасини юбориши шарт.


90. Пенсионер соғлиғининг ҳолати ва яшаш фаолиятининг чекланганлиги даражаси ўзгарганда, ТИЭКнинг асоссиз қарори ҳолатлари аниқланганда, ногиронликни белгилашнинг тўғрилигини текширишларда, шунингдек, агар ТИЭК қарори сохта ҳужжатлар асосида чиқарилган бўлса, пенсионер белгиланган тартибда ўтказиладиган такрорий тиббий кўрикдан ўтказиш учун келмаган тақдирда, пенсияни тўлаш тўхтатиб қўйилади ва у фақат фуқаро ТИЭКга янгидан мурожаат қилган ва I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилган кундан бошлаб тикланиши мумкин.

Агар ногиронлиги бўлган шахс қайта тиббий кўрикдан ўтказишга келмаганлиги сабабли пенсия тўлаш вақтинчалик тўхтатиб турилса ва қайта тиббий кўрикдан ўтказилгандан кейин фуқаро ногиронлиги бўлган шахс деб тан олинмаса, у ҳолда пенсия тўлаш вақтинчалик тўхтатиб турилган кундан бошлаб тўхтатилади.


91. Қайта тиббий кўрикдан ўтказилган шахс меҳнатга лаёқатли деб эътироф этилган тақдирда, пенсия у меҳнатга лаёқатли деб эътироф этилган ойнинг охиригача, бироқ ногиронлик белгиланган кундан ортиқ бўлмаган муддатга тўланади.


92. Пенсия миқдори ўзгаришига ёки пенсия тўлаш тўхтатилишига сабаб бўладиган ҳолатлар юз берган тақдирда (ишга кириш, оила аъзолари таркибининг ўзгариши, тўлиқ давлат таъминотига ўтиш ва шу кабилар) пенсия олувчи ўн кун муддатда бу ҳақда ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга маълум қилиши шарт.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бошланганлиги тўғрисида ўз вақтида хабар берилмаслиги муносабати билан пенсиянинг ноқонуний суммаси пенсионер ёки қонуний вакил (ота-она), шунингдек, ишонч билдирилган (пенсионернинг вафоти ҳолати қасддан яширилган тақдирда) томонидан қайтарилиши керак.


93. Фахрий унвон учун пенсияга қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқи пайдо бўлган тақдирда, пенсионер фахрий унвон учун қўшимча ҳақни олиш учун ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга ариза беради.

Аризага фахрий унвон бериш тўғрисидаги гувоҳнома илова қилиниши лозим.

Фахрий унвонлар учун пенсияга қўшимча ҳақларни тўлаш фахрий унвон берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси илова қилинган ҳолда ариза берилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.

Ишлаб турган пенсионерларга фахрий унвонлар учун қўшимча ҳақ тўлаш иш ҳақи тўлаш билан бир вақтда иш жойи бўйича амалга оширилади.


94. Пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланади.

Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларнинг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.

Бунда ўтган давр учун тўловлар бир йўла тегишли ойлар учун ҳисобланган ва олинмаган пенсиянинг суммаларига мос миқдорда тўланади.


95. Пенсионер Ўзбекистон Республикаси доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчган тақдирда пенсия тўлаш пенсионернинг янги яшаш жойи бўйича давом эттирилади. Бунда пенсияни тўлаш олдинги яшаш жойи бўйича пенсияни тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб давом эттирилади.


96. Тайинланган пенсияни тўлаш:

пенсионер вафот этганда;

тайинланган пенсияга ҳуқуқлар йўқолганда;

доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда;

хорижий давлатда бўлган даврида пенсия (ижтимоий нафақа) олганлиги ҳолати аниқланганда тўхтатилади.


97. Тайинланган пенсияни тўлаш:

пенсия тўлаш муддати тамом бўлганда;

кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт мобайнида олинмаганда;

пенсионер озодликдан маҳрум этилганда;

пенсионер руҳий беморлар интернат уйларида яшаганда;

суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришга эълон берилганда, бедарак йўқолганда;

пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер томонидан ариза берилганда тўхтатиб турилади.

Тайинланган пенсияни тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилиши мумкин.

Пенсияни тўлаш пенсионер ёки унинг васийси ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга келганидан сўнг ва у ариза тақдим этганидан, шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатганидан сўнг тикланади.

Пенсионернинг суд ҳукми бўйича қамоқ жойларида бўлган вақти учун пенсия тўланмайди. Пенсионер озод бўлгандан кейин пенсияни тўлаш ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга ариза берилган кундан бошлаб тикланади.


98. Агар ногиронлиги бўлган шахс тайинланган муддатда қайта тиббий кўрикдан ўтиш учун ТМЭКга узрли сабабларсиз (ногиронлик муддати тугаган кундан бир ой муддат мобайнида) келмаса, унга пенсия тўлаш тўхтатиб турилади, у яна ногиронлиги бўлган шахс деб тан олинган тақдирда, тўхтатиб турилган кундан бошлаб тикланади. Қолган ҳолатларда пенсия мурожаат қилинган санадан бошлаб тўланади.

Узрли сабабга кўра қайта тиббий кўрикдан ўтиш муддати ўтказиб юборилган тақдирда пенсияни тўлаш тўлов тўхтатиб турилган кундан бошлаб қайта текшириш кунигача, бироқ, агар ТМЭК уни бу даврда ногиронлиги бўлган шахс деб тан олса, 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга амалга оширилади. Бунда, агар қайта текшириш чоғида ногиронлиги бўлган шахс ногиронликнинг бошқа гуруҳига (юқорироқ ёки пастроқ гуруҳга) ўтказилган бўлса, у ҳолда кўрсатиб ўтилган вақт учун пенсия олдинги гуруҳ бўйича тўланади.

Агар умумий касаллик оқибатида меҳнат лаёқатини йўқотган ногиронлиги бўлган шахсга пенсия тўлаш меҳнат лаёқати тикланганлиги туфайли тўхтатилган бўлса ёки узрли сабабларсиз қайта тиббий кўрикдан ўтишга келмаганлиги оқибатида тўхтатиб турилган бўлса, у ҳолда кейинчалик у ногиронлиги бўлган шахс деб тан олинган тақдирда, илгари тайинланган пенсияни тўлаш, агар пенсия тўлаш тўхтатилгандан кейин беш йилдан кўп бўлмаган вақт ўтган бўлса, ногиронлик янгидан белгиланган кундан бошлаб тикланади. Агар беш йилдан кўп вақт ўтган бўлса пенсия яна умумий асосларда тайинланади.


99. Пенсия тўлаш тўхтатилишига (тўхтатиб турилишига) ёки тикланишига олиб келадиган ҳолатлар пайдо бўлганда, пенсияни тўлаш, ушбу Низомнинг 96 ва 97-бандларида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, тегишли ҳолат бошланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўхтатилади (тўхтатиб турилади) ёки тикланади.


100. Пенсионерга берилиши керак бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия суммаси мерос таркибига киритилмайди ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига тегишли оила аъзоларига тўланади. Ота-оналар, эри (хотини), шунингдек, пенсионер вафот этган кунда у билан бирга яшаган оила аъзолари, агар улар боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия билан таъминланадиганлар доирасига кирмаган тақдирда ҳам ушбу суммаларни олиш ҳуқуқига эга.

Пенсионер вафот этган ой учун охиригача олинмай қолган пенсия суммаси оиланинг кўрсатиб ўтилган аъзоларига ушбу ой учун тўлиқ тўланади.

Оиланинг бир неча аъзолари мурожаат қилган тақдирда, уларга берилиши керак бўлган пенсия суммаси улар ўртасида тенг тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган сумма унинг учун пенсионер вафот этгандан сўнг олтмиш кундан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.

101. Доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетишгача тайинланган пенсия (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатлар бундан мустасно) кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсия миқдори ҳисоб-китобидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси ташқарисига жўнаб кетишдан олти ой аввал Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида тўланади.

Пенсия тўланадиган олти ойлик давр Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун кетишдан аввалги олти ой учун пенсия тўлаш учун аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган Ўзбекистон Республикаси ташқарисидаги давлатга доимий яшаш учун кетилган кунгача тайинланган пенсия турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўланади.


102. Олти ой аввал пенсия ариза, фуқаронинг шахсини тасдиқлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти, унда "Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди" деган белги ҳамда ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг доимий яшаш учун кетиш тўғрисидаги стикери, кетиш варақчаси, шунингдек, у бориш ниятида бўлган хорижий давлатнинг визаси (агар у зарур бўлса) асосида тўланади.


103. Олти ой аввал пенсия тўлаш Халқ банкининг филиали орқали бир марталик ведомость асосида амалга оширилади.


104. Олти ой аввал тўланган пенсия суммасини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия тўланган даврда пенсиялар миқдорлари ўзгарганлиги муносабати билан қайта ҳисоблаб чиқиш амалга оширилмайди.


105. Агар шахс олти ой аввал пенсия тўлангандан кейин доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетмаган бўлса, унга пенсия тўланган олти ойлик давр тамом бўлгандан кейин пенсияни навбатдаги тўлаш учун мурожаат қилган тақдирда ушбу Низомнинг 101 ва 102-бандларида кўрсатилган тартибда олти ой аввал яна пенсия тўланиши мумкин.


106. Меҳнатда майибланиш оқибатида ногиронлик пенсияси тайинланган шахс доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетган тақдирда (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномаларга эга бўлган давлатлар бундан мустасно), пенсия чет элда бўлган вақт учун тўланади.


107. Ушбу Низомнинг 106-бандида кўрсатилган шахсга пенсия ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


108. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияси қуйидаги ҳужжатлар асосида қайта ҳисоблаб чиқилади:

пенсияни ўтказиш тўғрисидаги ариза;

шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқарисида доимий яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат;

Ўзбекистон Республикасидан доимий яшаш жойига кетиш (бир давлатдан бошқа давлатга кўчиб ўтиш) санаси тўғрисидаги маълумотнома.


109. Шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқарисидаги доимий яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ёхуд хорижий давлатнинг ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилади.

Бунда хорижий давлатнинг ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилган ҳужжат пенсионернинг доимий яшаш жойидаги давлатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилиниши керак, бундай муассаса бўлмаган тақдирда эса, пенсионернинг доимий яшаш жойи давлатининг Ташқи ишлар вазирлиги, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасаси ёки дипломатик ваколатхонаси томонидан легализация қилиниши, кейинчалик, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланиши лозим.


110. Меҳнатда майибланиш оқибатида ногиронлик пенсиясини Ўзбекистон Республикаси ташқарисига ўтказиш фуқаронинг ҳар бир йилнинг 31 декабрида тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларга тақдим этилиши шарти билан амалга оширилади.

Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга (18 ёшга тўлмаган болаларга, ака-укаларга, опа-сингилларга ва набираларга) ва суд томонидан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб тан олинган - уларнинг қонуний вакиллари пенсия олувчилар ҳисобланадиган фуқароларга тайинланган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияларини тўлаш учун фуқаронинг тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат пенсия олувчи учун ва пенсия тайинланган фуқаро учун тақдим этилади.

Бундай ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси, хорижий давлатнинг нотариуси ёхуд ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилади.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини тўлаш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб турилади (тўхтатилади).

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини тўлаш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тикланади (қайта тикланади).


111. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар меҳнатда майибланиш оқибатида ногиронлик пенсиясини шахсга у доимий яшайдиган хорижий давлатнинг банкидаги ёки бошқа молия-кредит муассасасидаги ҳисобрақамига ўтказишни хорижий валютада амалга оширади, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса.


112. Меҳнатда майибланиш оқибатидаги ногиронлик пенсиясини ўтказиш чет элга жўнаб кетишдан олдин пенсия тўланган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.


113. Чет элга ўтказиладиган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатидаги ногиронлик пенсияси суммаси, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг пенсия ҳақидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайта ҳисоблаб чиқилади.


114. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" АЖ орқали чет элга ўтказилиши керак бўлган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида тайинланган пенсиялар суммасининг ўз вақтида жўнатилишини таъминлайди. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида тайинланган пенсиялар суммаларини конвертация қилиш ва юбориш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

115. Меҳнатда майибланиш оқибатидаги ногиронлик пенсияси тайинланган Ўзбекистон Республикаси ташқарисида доимий яшайдиган шахсга ўтган вақт учун олинмаган пенсия суммасини тўлаш тўлов амалга ошириладиган тегишли давр учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган пенсия миқдорларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.



9-БОБ. ПЕНСИЯ ҲУЖЖАТЛАРИ ЙИҒМАЖИЛДИНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА САҚЛАШ ТАРТИБИ


116. Пенсия ҳужжатлари йиғмажилди ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларда сақланади.


117. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларнинг бухгалтерияси пенсия ҳужжатлари йиғмажилдининг сақланишини таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўриши лозим. Пенсия ҳужжатлари йиғмажилди йўқолган ва сақланмаган тақдирда пенсия ҳужжатлари йиғмажилдининг дубликати тикланади.


118. Қария ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, руҳий беморлар интернат уйларида яшовчи шахсларнинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилдлари ушбу муассасалар жойлашган жойдаги кадрлар бўлимида сақланади.

119. Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти соҳасида халқаро шартномалар тузган давлатларга доимий яшаш учун жўнаб кетаётган шахснинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилди, агар аҳдлашаётган давлатлар томонидан ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, пенсионерга (ишончли вакилга) берилиши мумкин.

Пенсионернинг давлат олдида у томонидан содир этилган суиистеъмолликлар (қасддан нотўғри маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилмаслиги) натижасида пенсиялар суммасининг ортиқча тўланиши бўйича қарздорлиги мавжуд бўлганда пенсия ҳужжатлари йиғмажилди етказилган зарар тўлиқ қоплангандан сўнг берилади.


120. Пенсионер ижтимоий таъминот (пенсия таъминоти) тўғрисида халқаро шартномалар тузилмаган давлатга Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш жойига жўнаб кетаётганда пенсия ҳужжатлари йиғмажилди берилмайди ва у ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларнинг архивида сақланади.


121. Улар бўйича пенсия тўлаш тўхтатилган пенсия ҳужжатлари (пенсия йиғмажилдлари, шахсий ҳисобварақлар, тўлов ведомостларининг йиртиб олинадиган талонлари ва бошқалар) ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органларнинг архивида, улар бўйича тўлов амалга оширилаётган пенсия ҳужжатлари йиғмажилдидан алоҳида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланадиган муддатлар мобайнида сақланади.


122. Қонун ҳужжатларида белгиланган сақлаш муддатлари тугагандан кейин пенсия ҳужжатлари (пенсия ҳужжатлари йиғмажилдлари, шахсий ҳисобварақлар, тўлов ведомостларининг йиртиб олинадиган талонлари ва бошқалар) илмий-техник ишловдан сўнг ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар Комиссияси қарорига биноан йўқ қилиниши мумкин.

Пенсия ҳужжатлари йиғмажилдида меҳнат дафтарчаси ва ўлим тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирда, ушбу ҳужжатлар пенсия ҳужжатлари йиғмажилдидан олиб қўйилиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида сақланиши лозим.

Пенсия ҳужжатларини йўқ қилиш ҳолатини тасдиқлаш учун ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар раҳбарининг ўринбосари томонидан тасдиқланадиган тегишли далолатнома тузилади.



10-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


123. Пенсия олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур бўлган тақдим этилган ҳужжатларнинг (иш стажи тўғрисида, иш ҳақи тўғрисида ва шу кабиларнинг) ишончлилиги ва асосланганлиги учун ушбу ҳужжатларни берган ташкилотнинг мансабдор шахси ҳамда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ишончсиз маълумотлар, пенсияга бўлган ҳуқуқларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлардаги маълумотларни бузувчи тузатишлар аниқланганда, шунингдек, пенсияларни тайинлаш ва тўлаш учун иш берувчи ёки архив томонидан берилган юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар сохталаштирилганда ва қалбакилаштирилганда, давлатга етказилган зарар суммасини ундириш учун жавобгарлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу ҳужжатларни берган ташкилотлар ёки архивнинг мансабдор шахсларига юкланади.

Пенсионер томонидан содир этилган суиистеъмолликлар (қасддан нотўғри маълумотлар билан ҳужжатлар тақдим этилиши, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилмаслиги) натижасида унга пенсиялар суммасининг ортиқча тўланиши туфайли давлатга етказилган зарарни тўлаш мажбурияти пенсионерга юкланади.


124. Ушбу Низомга мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


125. Пенсиялар тайинлаш ва тўлашни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган органлар томонидан амалга оширилади.


126. Ушбу Низомни бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома

НАМУНАСИ



Ташкилотнинг  штампи

___________ N _______



М А Ъ Л У М О Т Н О М А

Ушбу маълумотнома


га


(фамилияси, исми ва отасининг исми)


унга иш ҳақи (иш ҳақига лавозим маоши, барча турдаги устамалар, қўшимча ҳақлар, кўп йиллик хизматлари учун, малака даражаси учун қўшимча ҳақ, мукофотлар ва бошқа тўловлар киритилган) қуйидагича ҳисобланганлигини тасдиқлаш учун берилди:


Ойлар

___________ й.


Иш ҳақи


Январь



Февраль



Март



Апрель



Май



Июнь



Июль



Август



Сентябрь



Октябрь



Ноябрь



Декабрь



Жами:



Ушбу маълумотнома қуйидаги ҳужжатлар асосида берилди:

        

(ведомостлар, шахсий ҳисобрақамлар ва бошқалар)

        

         

Тақдим этилаётган маълумотларнинг тўғрилиги ва асосланганлиги учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамизга оламиз.

Ташкилот раҳбари


Имзо




Ф.И.О.








Бош бухгалтер


Имзо




Ф.И.О.








М.Ў.



Изоҳ: Агар иш ҳақини ҳисоблаш дафтарларига тузатишлар киритилган ҳоллар мавжуд бўлса,  у ҳолда ушбу тузатишлар кўрсатилиши лозим.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 январь

































Время: 0.1942
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск