ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.01.2019 й. 9-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 январдаги

9-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият

мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларнинг (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар деб аталади) мақоми, мақсади ва вазифаларини, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ҳамда таълим муассасасини бошқариш тартибини белгилайди.


2. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўқувчиларни мутахассислик фанларига касбий йўналтиришни ҳамда уларни келгусида олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттиришлари ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун мақсадли тайёрлашни назарда тутадиган, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари, ўқув режалари ва таълим дастурлари талабларига мувофиқ равишда ўқув-тарбия жараёнини амалга оширадиган давлат таълим муассасалари ҳисобланади.

3. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобрақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади.


4. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек, ўз уставига амал қилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга умумий раҳбарлик қилади, жумладан, уларни ташкилий ва мутахассис кадрлар билан таъминлайди, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлайди, ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштиради ҳамда фаолиятини назорат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг самарали фаолият кўрсатишида, амалиётларни ташкил этишида ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлашида уларга зарур амалий ёрдам кўрсатади.



2-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Ўқувчиларни мутахассислик фанларидан чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


7. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг вазифалари ҳисобланади:

ўқувчиларни санъат ва маданият йўналишида танлаган касблари бўйича мутахассислик фанларидан чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ сифатли ўқитишни ташкил этиш;

ўқувчиларнинг келгусида олий таълим муассасасида ўқишини давом эттириши ёки танлаган касби ва ихтисослигига мувофиқ меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун юқори даражада сифатли билимлар олиши ва касбий тайёргарлигини таъминлайдиган давлат таълим талаблари доирасида ихтисослаштирилган ўқув дастурларини амалга ошириш;

санъат ва маданият соҳасини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

ёшларнинг изчил интеллектуал, маданий ва маънавий-ахлоқий камол топишга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларни она-Ватанга, юксак фуқаролик, инсонийлик фазилатларига, миллий ғояларга, ўз халқининг маънавий-тарихий, умумбашарий қадриятларига садоқат руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқараш ва фикрлашга эга бўлган ҳар томонлама етук шахсни шакллантириш.



3-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ўқув жараёни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси ва Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкил этилади.

Ўқувчиларнинг касбий қизиқишлари ва маҳоратини ҳамда санъат ва маданият соҳасида олган бошланғич билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда асосий эътибор уларнинг профессионал даражасини оширишга қаратилади.


9. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг таълим йўналишлари бўйича қабул квоталари жойлардаги иш берувчи ташкилотлар томонидан мавжуд касбларга бўлган эҳтиёж ва талаблар асосида, шунингдек, ўқувчиларнинг ва ота-оналарининг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг берган таклифларига биноан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.


10. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ўқиш ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилида олиб борилади.


11. Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда синфлардаги ўқувчилар сони 25-30 нафарни ташкил қилади.

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар таълим йўналишлари хусусиятига кўра, мутахассислик фанларининг амалий машғулотлари кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳамда якка (индивидуал) тартибда олиб борилади.


12. Мактаблар ва мактаб-интернатларнинг намунавий ўқув режаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Фан дастурларини ишлаб чиқиш, амалиётларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, ўқув-тарбиявий ишлар ҳамда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш давлат таълим талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ўқитишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

13. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда аудитория ва аудиториядан ташқари машғулотлар ўтказишнинг турли замонавий шакллари ва интерфаол усулларидан фойдаланилади.

Таълим беришда ўқув жараёнини маданият, санъат ва мусиқа муассасаларининг ижодий жамоалари билан боғлашга доир ташкилий, илмий-методик ишлар олиб борилади.


14. Мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари соатбай ҳақ тўлаш асосида таълим-тарбия жараёнига жалб этилиши мумкин.


15. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг раҳбар ходимлари, ишчи-ходимлари, ўқитувчилари ҳамда концертмейстерларининг лавозим вазифалари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


16. Тегишли олий маълумотга, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган шахслар ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга ўқитувчилар танлов асосида ишга қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга умумий ўрта таълим ва ижтимоий гуманитар фанлар бўйича педагогик иш стажига эга бўлган ва танловдан ўтган малакали педагог кадрлар ўқитувчилик лавозимига тайинланади. Санъат ва маданият йўналишидаги олий таълим муассасаларини тамомлаган бакалавр ва магистр даражасига эга бўлган мутахассис педагоглар тегишли касблари бўйича махсус фанлар ўқитувчиси лавозимига тайинланади.

Олий маълумотли бакалавр даражасидаги мутахассисларга, шунингдек, истисно тариқасида, ўрта махсус маълумотли мутахассисларга (олий маълумотга эга бўлган мутахассислар билан таъминлангунга қадар) концертмейстерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.


17. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ўқувчилар билимини текшириш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.

Ўқув йили якунлангандан кейин ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўқувчиларини ҳар бир босқичда ўзлаштириш ва ижодий имтиҳон натижалари бўйича кейинги синфга ўтказиш тўғрисида педагогик кенгаш томонидан қарор қабул қилинади. Ўқувчиларнинг кейинги синфга ўтказилиши тўғрисидаги қарор ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.



4-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРГА ЎҚУВЧИЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


18. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга ўқувчиларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан жойларда иш берувчи ташкилотларнинг эҳтиёжини инобатга олган ҳолда шакллантириладиган ҳар йилги қабул квоталари доирасида ижодий синов асосида қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) ихтисослаштирилган мактаблар учун:

10-синфдан;

истисно тариқасида, касбларнинг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда:

ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ва қаровисиз қолган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларда яшаётган, шунингдек, давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган бошқа вояга етмаганлар уларнинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, иқтидори, қобилияти, санъат турига бўлган қизиқишлари ҳамда истеъдодини инобатга олган ҳолда, вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг йўлланмаси асосида айрим йўналишлар бўйича ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларига жойлаштирилади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларига қабул квотасидан ташқари 5 фоизгача қўшимча квоталар ажратади;

5-синфдан (Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига);

б) ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар учун:

1-синфдан (7 ёшдан бошлаб);

5-синфдан.


19. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ҳар бир янги ўқув йили учун ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш ва тегишли касб ва ихтисослик бўйича ижодий синовлар ўтказиш ҳамда ота-оналарнинг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади.

Комиссия таркиби 7 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилиб, таркибига ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат директори, тегишли бўлим мудири, туман (шаҳар) маданият бўлимлари вакиллари ҳамда мазкур таълим муассасасининг педагог ходимлари киритилади.

Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директорлари комиссия раиси ҳисобланади.


20. Комиссиянинг иш фаолиятини режалаштириш, мувофиқлаштириш ва ҳисоботларни юритиш бўйича масъул котиби ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг раҳбарияти тавсиясига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади.


21. Комиссия ҳар бир касб бўйича ўқувчиларнинг касбий маҳорати ва лаёқатини, бошланғич тайёргарлиги даражасини аниқлаштиришда ижодий синов шартларига асосланади. Ушбу шартларни амалда қандай бажаришига қараб, ўқувчига ижодий синов баллари қўйилиб, болалар мусиқа ва санъат мактабида олган ўртача баллни қўшган ҳолда умумлаштирилади ва ўқувчи танлаган йўналишига қабул қилинганлиги ёки етарли балл ололмагани учун қабул қилинмагани ҳақида қарор чиқарилади.


22. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг раҳбарияти томонидан, ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 1 ой олдин танлов йўналишлари ва шартлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги расмий веб-сайтларида, оммавий ахборот воситаларида (республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида) эълон берилади.


23. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга кириш учун ҳужжатлар ҳар йили 1-30 июнь кунлари қабул қилинади. Бунда номзодлардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директори номига ариза;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

болалар мусиқа ва санъат мактабини тамомлаганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда 9-синфни тамомлаганлик ҳақида шаҳодатнома;

086-У ва 0-63-шакллар бўйича тиббий маълумотнома;

3х4 ҳажмдаги 6 та фотосурат;

таълим йўналиши бўйича ўқувчининг истеъдоди ва иқтидорини кўрсатувчи ишларидан (агар улар мавжуд бўлса) намуналар (диплом, фахрий ёрлиқ, фотосурат ҳамда бошқа ижодий ишлар).


24. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга ижодий синовлар ҳар йили 15-30 июль кунлари оралиғида ўтказилади.


25. Ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг битирувчиларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, ўрта махсус маълумот тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.

Ўрта махсус маълумот тўғрисида давлат намунасидаги диплом ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг битирувчиларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.



5-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАРГА

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ УЧУН ИЖОДИЙ

СИНОВ ЎТКАЗИШ


26. Ихтисослаштирилган мактабларга ўқишга қабул қилиш мазкур Низомнинг 18-банди "а" кичик бандида белгиланган тартибда ижодий синов асосида амалга оширилади.


27. Ижодий синов шартлари ихтисослаштирилган мактабларнинг етакчи мутахассислари томонидан ҳар бир йўналиш хусусиятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади.


28. Ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган ижодий синов кунларининг аниқ муддати комиссия томонидан тасдиқланадиган жадвалда кўрсатилади.


29. Ихтисослаштирилган мактабларда ижодий синовлар бошланишидан камида беш кун олдин комиссия томонидан тасдиқланган жадвал асосида улар ўтказиладиган ҳар бир йўналиш бўйича маслаҳат дарслари (консультация) ташкил этилади.

Маслаҳат дарслари (консультация) жараёнида бажарилган ижодий ишлар ёки савол-жавоблар ижодий синовни баҳолашда эътиборга олинмайди.


30. Ўқувчилар комиссия томонидан шакллантирилган рўйхат асосида ижодий синовларга киритилади. Узрсиз сабабларга кўра ижодий синовларга келмаган ўқувчилар учун қўшимча синовлар ўтказилмайди.


31. Ўқувчиларга ижодий синовлар ўтказиладиган бинога ўзи билан мусиқа асбоби, тегишли махсус кийим ёки реквизит, ижодий ишни бажаришга зарур бўладиган анжомлар олиб кириши учун рухсат этилади.


32. Ижодий синовлар ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида ўтказилади.


33. Ижодий синов қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

биринчи босқич - муайян касб бўйича ўқувчининг назарий билимларини аниқлаш мақсадида савол-жавоблар шаклида ўтказилади. Бунда ҳар бир ўқувчига соҳага оид назарий савол берилади ва 30 баллик мезон асосида баҳоланади;

иккинчи босқич - ижодий синов иштирокчиси ўзи тайёрлаб келган ижодий ишлари намунасини тақдим этади (амалда бажариб беради) ва 60 баллик мезон асосида баҳоланади.

Ушбу шартлар амалда бажарилганда, ўқувчига ижодий синовнинг умумий балларига умумтаълим мактаби 9-синф битирувчисининг шаҳодатномаси 5 баллик, болалар мусиқа ва санъат мактабини тамомлаганлик тўғрисидаги гувоҳномаси 5 баллик мезон асосида баҳоланиб, баллари умумлаштирилади.


34. Ўтказилган ижодий синовнинг барча босқичида қўйилган баллар умумлаштирилиб ўқувчининг муайян касб бўйича маҳорати ва лаёқати, бошланғич тайёргарлиги даражасига умумий баҳо (балл) чиқарилади. Ижодий синов умумий максимал 100 баллик тизим асосида баҳоланади.


35. Ижодий синовлар бўйича юқори натижа кўрсатган ўқувчилар баллар кетма-кетлиги бўйича белгиланган квотага мувофиқ ўқишга қабул қилинади.


36. Нуфузли халқаро (I, II, III ўринлар) ва республика (I ўрин) миқёсидаги танловлар ғолиблари белгиланган квота доирасида имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади.


37. Ўқувчиларнинг ижодий синовлардаги кўрсаткичлари тенг бўлиб қолган ҳолатларда қуйидагилар биринчи навбатда ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлади:

ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган, чин етим, ногиронлиги бўлган болалар;

вилоят ёки шаҳар миқёсидаги танловлар ғолиби бўлган ўқувчилар.


38. Ижодий синовларнинг якуний натижалари ижодий синовлар якунлангандан сўнг 3 кун мобайнида комиссия томонидан эълон қилинади.


39. Ижодий синовлардан ўтмаган ўқувчиларнинг ҳужжатлари, ўқувчининг ота-онасини (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилган ҳолда фарзанди таълим оладиган умумтаълим мактаби маъмуриятига ҳудудий халқ таълими бўлимлари орқали қайтарилади.


40. Ижодий синовлар натижаларидан норози бўлган ўқувчилар синов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида таълим муассасасида белгиланган тартибда ташкил этиладиган апелляция комиссиясига мурожаат қилишлари мумкин.


41. Ижодий синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар синов ўтказилган йилнинг 20 августига қадар ихтисослаштирилган мактаб директори буйруғи асосида ўқувчилар сафига қабул қилинади.



6-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ

ҚИЛИШ УЧУН ИЖОДИЙ СИНОВ ЎТКАЗИШ


42. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга ўқишга қабул қилиш мазкур Низомнинг 18-банди "б" кичик бандида белгиланган тартибда ижодий синов асосида амалга оширилади.


43. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга ўқишга қабул қилиш учун ижодий синов қуйидаги тартибда баҳоланади:

ижодий синовлар - 60 баллик мезон асосида;

умумтаълим фанлари бўйича ўқиш имкониятларини аниқлаш мақсадида 1-синф ўқувчилари учун психолог-ўқитувчи томонидан савол-жавоб (4 та вазифа - 10 баллик мезон асосида), 5-синф ўқувчилари учун математика, она тили ва адабиёт фанларидан тузилган тест (40 баллик мезон асосида) ҳамда психолог суҳбатидан ва тиббиёт ходимлари кўригидан ўтказилади.


44. Ўтказилган ижодий синовнинг барча босқичида қўйилган баллар умумлаштирилиб, ўқувчининг муайян касб бўйича маҳорати ва лаёқати, бошланғич тайёргарлиги даражасига умумий баҳо (балл) чиқарилади. Ижодий синов умумий максимал 100 баллик тизим асосида баҳоланади.


45. Ижодий синовлар бўйича юқори натижа кўрсатган ўқувчилар баллар кетма-кетлиги бўйича белгиланган квотага мувофиқ ўқишга қабул қилинади.


46. Нуфузли халқаро (I, II, III ўринлар) ва республика (I ўрин) миқёсидаги танловлар ғолиблари белгиланган квота доирасида имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади.


47. Ўқувчиларнинг ижодий синовлардаги кўрсаткичлари тенг бўлиб қолган ҳолатларда қуйидагилар биринчи навбатда ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлади:

ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган, чин етим, ногиронлиги бўлган болалар;

вилоят ёки шаҳар миқёсидаги танловлар ғолиби бўлган ўқувчилар.


48. Ижодий синовларнинг якуний натижалари ижодий синовлар якунлангандан сўнг 3 кун мобайнида комиссия томонидан эълон қилинади.


49. Ижодий синовлардан ўтмаган ўқувчиларнинг (5-синфга қабул қилинган ўқувчилар бўйича) ҳужжатлари, ўқувчининг ота-онасини (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилган ҳолда, фарзанди таълим оладиган умумтаълим мактаби маъмуриятига ҳудудий халқ таълими бўлимлари орқали қайтарилади.


50. Ижодий синовлар натижаларидан норози бўлган ўқувчилар синов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида таълим муассасасида белгиланган тартибда ташкил этиладиган апелляция комиссиясига мурожаат қилишлари мумкин.


51. Ижодий синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар синов ўтказилган йилнинг 20 августига қадар ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори буйруғи асосида ўқувчилар сафига қабул қилинади.



7-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРНИ БОШҚАРИШ


52. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директорларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


53. Директор:

ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

ўқувчиларнинг сифатли ўқитилиши ва тарбияланиши, ўқув режалари ва дастурларининг бажарилиши, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг ўқув-методик ва молиявий-хўжалик фаолияти учун жавоб беради;

ходимлар ва ўқитувчиларни ишга қабул қилади ва ишдан озод қилади;

белгиланган штатлар жадвалига асосан ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида педагог ходимларнинг тарификация бўйича рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишилган ҳолда тасдиқлайди.

Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


54. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда директор ҳузурида ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этиш ва такомиллаштиришга кўмаклашадиган коллегиал орган ҳисобланадиган педагогик кенгаш ташкил этилади.

Педагогик кенгашнинг вазифалари ва функциялари ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар уставида белгиланади.


55. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг директори ва директор ўринбосарлари малака талабларида, меҳнат шартномаси (контракт)да ва ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар уставида назарда тутилган ўз функционал вазифаларини бажариши юзасидан масъулдирлар.


56. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларни бошқариш бўйича вазифалари ҳисобланади:

ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш, уларнинг ташкилий-кадрлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда давлат таълим талабларига мувофиқ, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг намунавий ўқув режалари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Молия вазирлиги билан биргаликда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш, ўқитишнинг замонавий шакл ва намуналари, энг янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ўқувчиларга глобал ахборот-ҳуқуқий ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўқувчиларини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун сифатли тайёрлашдаги роли ва масъулиятини ошириш, шунингдек, бевосита иштирокини таъминлаш;

ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга ўқишга қабул қилиш комиссиялари фаолиятини ташкил этиш;

якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар битирувчиларига давлат намунасидаги дипломлар бериш.


57. Қуйидагилар Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларни бошқариш бўйича вазифалари ҳисобланади:

ўқитувчилар малакасини психологик-педагогик жиҳатдан оширишни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш;

тасвирий ва амалий санъат йўналишлари ҳамда умумтаълим фанлари бўйича илғор педагогик ва ахборот технологияларини таълим дастурларига ҳамда ўқув жараёнига жорий этиш бўйича илмий-методик ёрдам кўрсатиш;

тасвирий ва амалий санъат йўналишлари ҳамда умумтаълим фанлари бўйича ўқув, ўқув-методик адабиётлар ва кўргазмали қўлланмалар ишлаб чиқиш, нашр эттириш ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг ўқув-методик таъминланишини ташкил этишда ҳамкорлик қилиш.



8-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАР ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНЛАШ


58. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар фаолиятини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг уставидаги вазифаларига мувофиқ бўлган фаолиятнинг бошқа турларидан олинган даромадлар;

бўш турган бино ва иншоотларни ижарага беришдан тушган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

хорижий давлатларнинг кредитлари ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


59. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар маблағлардан қонун ҳужжатларига ҳамда ўзининг уставига мувофиқ фойдаланади.


60. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг мол-мулки асосий фондлар, айланма маблағлар, молиявий ресурслар, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг мустақил балансида акс этган бошқа моддий қийматликлардан иборат.


61. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг ўқув, лаборатория хоналари ва бошқа объектларини жиҳозлаш давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ, касб-ҳунар таълими жараёнини моддий-техник таъминлашнинг намунавий нормативларида белгиланади.


62. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар белгиланган тартибда ўз ишлари натижаларининг бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ва бухгалтерия ҳисоботларини юритади.



9-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРДА БОЛАЛАР ТАЪМИНОТИ

УЧУН ОТА-ОНАЛАР ТЎЛОВИНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ


63. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ота-оналар тўлови базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ундирилади.

64. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги ўқувчи таъминоти учун тўловнинг бир кунлик қиймати бир ойлик тўлов миқдорини шу ой мобайнидаги иш кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади.


65. Ўқувчининг ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли ўқувчи ихтисослаштирилган мактаб-интернатга кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган даври ҳамда ўқув йили давомидаги таътиллар (кузги, қишки, баҳорги) даври учун тўланган тўловлар кейинги ой учун тўловни амалга оширишда ҳисобга олинади. Бунда ўқувчининг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги ой учун тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади. Агар ўқувчининг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, жорий ой учун тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.

Ўқувчининг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги сабабли ўқувчининг ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга келмаганлиги тегишли даволаш-профилактика муассасаси ёки участка шифокори томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.

Ўқувчининг уйда қолган бошқа барча ҳолатларда ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўқувчи таъминоти учун тўловлар умумий асосларда тўланади.


66. Ота-онанинг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) олдиндан берган ёзма аризасига асосан, ўқувчининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлиши тўлов тўлиқ бўлмаган ой учун, яъни ўқувчи амалда бўлган кунлар учун тўланади.

Ўқувчининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлиши вақтинча ёки бутунлай тўхтатилиши тўғрисида ота-онанинг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) ёзма аризаси бўлмаган ҳолатларда тўлов тўлиқ ой учун ҳисобланади ва умумий асосларда ундирилади.

Ўқувчининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатда тўлов тўланган даврдан ортиқ муддатда бўлишига ушбу ой учун тўловнинг қолган қисми тўлангандан сўнг йўл қўйилади.


67. Ёзги таътиллар даврида ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқувчилар таъминоти учун тўлов ундирилмайди.


68. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги ўқувчилар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади. Бунда биринчи навбатда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (ёки улардан бири) I ёхуд II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахси бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек, ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.

69. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисидаги маълумотномага ва тегишли ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.


70. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати у тасдиқлангандан кейин ўқув йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


71. Мазкур Низомни қўллаш билан боғлиқ равишда юзага келадиган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


72. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


73. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 январь














































Время: 0.2036
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск