ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.01.2019 й. 9-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 январдаги

9-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги

ихтисослаштирилган санъат мактаблари

ҳамда мактаб-интернатлар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларнинг (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар деб аталади) мақоми, мақсади ва вазифаларини, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ҳамда таълим муассасасини бошқариш тартибини белгилайди.


2. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўқувчиларни мутахассислик фанларига касбий йўналтиришни ҳамда уларни келгусида олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттиришлари ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун мақсадли тайёрлашни назарда тутадиган, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари, ўқув режалари ва таълим дастурлари талабларига мувофиқ равишда ўқув-тарбия жараёнини амалга оширадиган давлат таълим муассасалари ҳисобланади.

3. Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобрақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади.


4. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек, ўз уставига амал қилади.


5. Ўзбекистон Бадиий академияси ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга умумий раҳбарлик қилади, ўқув-методик жараённи мувофиқлаштиради ва уларга ахборот-ресурс таъминотида амалий ёрдам кўрсатади, ташкилий, мутахассис кадрлар билан таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради ҳамда фаолиятини назорат қилади.



2-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Ўқувчиларни мутахассислик фанлари бўйича чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


7. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг вазифалари ҳисобланади:

тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва мусиқа, шунингдек, мусиқа ижрочилиги соҳаларидаги мутахассисликлар бўйича ўқувчиларга чуқурлаштирилган таълим беришни таъминлаш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;

ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига киришлари учун етарли шароит яратиш ҳамда танлаган касби ва ихтисослигига мувофиқ меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун юқори даражада сифатли билимлар олишини ва касбий тайёргарлигини таъминлайдиган давлат таълим талаблари доирасида ихтисослаштирилган ўқув дастурларини амалга ошириш;

ўқувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар, шу жумладан ўқувчиларнинг ўз устида мустақил ишлаши ва қўшимча билим олиши учун имкониятлар яратиш;

ҳар томонлама камол топган шахсни тарбиялаш, унда эстетик қадриятларни ва ватанпарварликни шакллантириш;

болалар санъатини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, истеъдодли ва иқтидорли болаларни санъатга жалб этиш, уларнинг индивидуал хусусиятларини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш;

истеъдодли ва иқтидорли болаларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш, ўқитиш, тарбиялаш, санъат ва мусиқа соҳасида қобилиятини шакллантиришга ва тўлиқ даражада амалга оширишга кўмаклашувчи муҳит яратиш;

ўқувчиларни касб-ҳунарга барвақт йўналтириш ва касбий йўналишларни ўзлаштиришни онгли равишда танлаш учун асос яратиш;

иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни танлаш ҳамда танлаган йўналишлари бўйича чуқур фундаментал билим олишларига имконият яратиш;

ўқувчиларга танлаган мутахассислиги бўйича интеллектуал ва ижодий фаолиятини шакллантиришда ёрдам бериш;

мутахассислик бўйича дастлабки кўникмаларни эгаллаб боришларида кўмаклашиш, олий таълим муассасаларига кириш учун ихтисосликлар бўйича фундаментал тайёргарликни амалга ошириш.



3-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРДА ЎҚУВ-ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ўқув жараёни ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, амалиётларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, ўқув-тарбиявий ишларни ҳамда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишнинг бошқа масалалари давлат таълим талабларини ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ўқитишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

9. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўқув жараёнининг давомийлиги ва муддатлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув режалари, таълим дастурлари, календарь ўқув жадваллари билан тартибга солинади.


10. Ўзбекистон Бадиий академияси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда мутахассислик фанларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ихтисослик намунавий ўқув режаларини тузишда умумий ўрта таълим фанларининг намунавий ўқув режаларига ўзгартириш киритиши мумкин.


11. Мактаб-интернатларда таълим жараёни умумтаълим дастурининг қуйидаги икки босқичига мувофиқ олиб борилади:

бошланғич таълим (1-4-синфлар);

умумий ўрта таълим (5-11-синфлар).

Ихтисослаштирилган мактабларда умумий ўрта таълим 8-11-синфлардан иборат бўлади.


12. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда бошланғич таълим ўқувчиларининг ўқиш, ёзиш, ҳисоблашга оид дастлабки билим кўникмаларини, назарий фикрлаш элементларини, нутқ асосларини шакллантиради, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзини таъминлашга асос яратади.


13. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда биринчи синфларга руҳан ва жисмонан ўқишга тайёр, тиббий-педагогик комиссия кўригидан ўтган, тасвирий ва мусиқа санъати бўйича қобилияти бор 7 ёшли болалар танлов асосида қабул қилинади. Болаларни қабул қилиш ўқув йили бошлангунга қадар амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.


14. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда тасвирий ва амалий санъат, дизайн ҳамда мусиқа ижрочилиги мутахассисликлари бўйича таълим берилади.


15. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлардаги таълим ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида олиб борилади.


16. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда синфлардаги ўқувчилар сони академик таълим талабларидан келиб чиққан ҳолда 25-30 нафар этиб шакллантирилади.

Мутахассислик фанларида ихтисослаштирилган фанлар бўйича ўқувчиларга кичик гуруҳларда ҳамда якка (индивидуал) тартибда машғулотлар олиб борилади.

Мутахассислик йўналишлари бўйича гуруҳлар ва якка таълимнинг шаклланиши мутахассислик фанлари ўқув режалари изоҳида белгиланади.


17. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўқувчиларини бошқа умумтаълим муассасаларига ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


18. Бошқа умумтаълим мактабларидан ўқувчиларни ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга ўтказиш бўш ўринга танлов асосида амалга оширилади.


19. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар битирувчиларига мутахассислик бўйича ўрта махсус маълумот тўғрисида давлат намунасидаги касб малакаси кўрсатилган диплом берилади.

Ўрта махсус маълумот тўғрисида давлат намунасидаги диплом ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг битирувчиларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.


20. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ўқувчиларига тиббий хизмат кўрсатиш махсус бириктирилган тиббий ходим томонидан амалга оширилади ва тиббий ходим маъмурият билан тенг равишда ўқувчилар соғлиғи учун масъулдир.


21. Тегишли олий маълумотга, касбий тайёргарликка ва ахлоқий сифатларга эга бўлган шахслар ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга ўқитувчилар танлов асосида қабул қилинади.

Олий маълумотли бакалавр даражасидаги мутахассисларга, шунингдек, истисно тариқасида, ўрта махсус маълумотли мутахассисларга (олий маълумотга эга бўлган мутахассислар билан таъминлангунга қадар) концертмейстерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.


22. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг директорларини аттестациядан ўтказиш белгиланган тартибда амалга оширилади.


23. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг:

умумтаълим фанлари бўйича ўқитувчилари - Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий институтларида бепул асосда режа асосида;

мутахассислик фанлари бўйича педагог ходимлар - Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Бадиий таълим йўналишларида педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш марказида, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида режа асосида бепул малака оширадилар.


4-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРГА ЎҚУВЧИЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


24. Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан белгиланган қабул квоталарига кўра ўқувчилар:

ихтисослаштирилган мактабларнинг тайёрлов йўналишларига - 8-синфдан, болалар мусиқа ва санъат мактабларини тамомлаганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган ўқувчилар ҳамда (ўқувчи ва уларни ота-оналарининг ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб) умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ижодий синовлар орқали - 10-синфдан;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга - тегишли равишда 1 ва 5-синфлардан ижодий синовлар орқали ўқишга қабул қилинади.


25. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ҳар бир янги ўқув йили учун ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш ва тегишли касб ва ихтисослик бўйича ижодий синовлар ўтказиш ҳамда ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади.

Комиссия таркиби 7 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилади, унинг таркибига ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори, тегишли бўлим мудири, таълим муассасасининг мутахассис ўқитувчилари киритилади.

Комиссия таркиби бўйсунувига кўра тегишли вазирлик ёки идоралар билан келишилган ҳолда таълим муассасасининг директори томонидан тасдиқланади.

Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директори комиссия раиси ҳисобланади.


26. Комиссиянинг иш фаолиятини режалаштириш, мувофиқлаштириш ва ҳисоботларни юритиш бўйича масъул котибни ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг директори Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишилган ҳолда тасдиқлайди.


27. Комиссия ҳар бир касб бўйича бошланғич тайёргарликка эга бўлган ўқувчиларнинг касбий маҳорати ва лаёқатини аниқлашда ижодий синов учун тегишли бўлимлар томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тасдиқланган танлов шартларига асосланади. Ушбу шартларни амалда қандай бажаришига қараб ўқувчига ижодий синов баллари қўйилади.


28. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг раҳбариятлари танловни ошкора ва сифатли ўтказиш мақсадида ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 1 ой олдин танлов йўналишлари ва шартлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида (республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида) эълон беради.


29. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга кириш учун ҳужжатлар ҳар йили 1-30 июнь кунлари қабул қилинади.


30. Танловда иштирок этиш учун ўқувчилардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернат директори номига ариза;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

7-синф якуни бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳақида табель;

болалар мусиқа ва санъат мактабларини тамомлаганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда 9-синфни тамомлаганлиги ҳақида шаҳодатнома;

086-У ва 0-63 шакллар бўйича тиббий маълумотномалар;

3х4 ҳажмдаги 6 та фотосурат;

таълим йўналиши бўйича ўқувчининг истеъдод ва иқтидорини кўрсатувчи ишларидан (агар улар мавжуд бўлса) намуналар (диплом, фахрий ёрлиқ, фотосурат ҳамда бошқа ижодий ишлар намуналари).


31. Ихтисослаштирилган мактабларга танловлар йилнинг 5-20 июль кунлари, мактаб-интернатларга эса 1-10 июнь кунлари ўтказилади.


32. Комиссия томонидан тасдиқланган жадвал асосида ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга қабул қилиш бўйича мурожаат қилувчилар учун маслаҳат марказлари ташкил этилади.


33. Ижодий синов шартлари ва талаблари ихтисослаштирилган мактабларнинг етакчи мутахассислари томонидан ҳар бир йўналиш хусусиятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тасдиқланади.


34. Ижодий синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар синов ўтказилган йилнинг 20 августига қадар ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директори буйруғи асосида ўқувчилар сафига қабул қилинади.



5-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРНИ БОШҚАРИШ


35. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директорларининг ўринбосарлари, Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишилган ҳолда, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директорлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


36. Директор:

ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

ўқувчиларнинг сифатли ўқитилиши ва тарбияланиши, ўқув режалари ва таълим дастурларининг бажарилиши, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг ўқув-методик ва молиявий-хўжалик фаолияти учун жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва уларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида таълим муассасасининг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ўқув, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия ишларини такомиллаштириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, таълим муассасаси фаолиятининг бошқа масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Бадиий академиясига киритади;

белгиланган штатлар жадвалига асосан ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида педагог ходимларнинг тарификация бўйича рўйхатларини Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишилган ҳолда тасдиқлайди;

ходимлар ва ўқитувчиларни ишга қабул қилади ва ишдан озод этади.

Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


37. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этиш ва такомиллаштиришга кўмаклашадиган коллегиал орган ҳисобланадиган педагогик кенгаш ташкил этилади.

Педагогик кенгашнинг вазифалари ва функциялари ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар уставида белгиланади.

Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда методик ва васийлик кенгашлари ҳам тузилиши мумкин.



6-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР

ВА МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


38. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг уставидаги вазифаларига мувофиқ бўлган фаолиятнинг бошқа турларидан олинган даромадлар;

бўш турган бино ва иншоотларни ижарага беришдан тушган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

хорижий давлатлар халқаро молия ташкилотларининг кредитлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


39. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар маблағлардан қонун ҳужжатларига ҳамда ўз уставига мувофиқ фойдаланади.


40. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг мол-мулки асосий фондлар, айланма маблағлар, молиявий ресурслар, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг мустақил балансида акс этган бошқа моддий қийматликлардан иборат бўлади.


41. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг ўқув, лаборатория хоналари ва бошқа объектларини жиҳозлаш давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ, касб-ҳунар таълими жараёнини моддий-техник жиҳатдан таъминлашнинг намунавий нормативларида белгиланади.


42. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ва бухгалтерия ҳисоботларини юритади.



7-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРДА ЎҚУВЧИЛАР

ТАЪМИНОТИ УЧУН ОТА-ОНАЛАР ТЎЛОВИНИ

УНДИРИШ ТАРТИБИ


43. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ота-оналар тўлови ётоқхонада яшайдиган ўқувчилардан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ундирилади.

44. Ёзги таътиллар даврида ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқувчилар таъминоти учун тўлов ундирилмайди.


45. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқувчи таъминоти учун тўловнинг бир кунлик қиймати бир ойлик тўлов миқдорини шу ой мобайнидаги иш кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади.


46. Ўқувчининг ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли ўқувчининг мактаб-интернатга кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган даври ҳамда ўқув йили давомидаги таътиллар (кузги, қишки, баҳорги) даври учун тўланган тўловлар кейинги ой учун тўловни амалга оширишда ҳисобга олинади. Бунда ўқувчининг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги ой учун тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади. Агар ўқувчининг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, жорий ой учун тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.

Ўқувчининг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли ўқувчининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатга келмаганлиги тегишли даволаш-профилактика муассасаси ёки участка шифокори томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.

Ўқувчининг уйда қолган бошқа барча ҳолатларда ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқувчи таъминоти учун тўловлар умумий асосларда тўланади.


47. Ота-онанинг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) олдиндан берган ёзма аризасига асосан, ўқувчининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлиши вақтинчалик ёки бутунлай тўхтатилган тақдирда, тўлов тўлиқ бўлмаган ой учун, яъни ўқувчи амалда мактаб-интернатда бўлган кунлар учун тўланади.

Ўқувчининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлиши вақтинча ёки бутунлай тўхтатилиши тўғрисида ота-онанинг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) ёзма аризаси бўлмаган ҳолатларда тўлов тўлиқ ой учун ҳисобланади ва умумий асосларда ундирилади.

Ўқувчининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатда тўлов тўланган даврдан ортиқ муддатда бўлишига ушбу ой учун тўловнинг қолган қисми тўлангандан сўнг йўл қўйилади.


48. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги ўқувчилар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оила фарзандлари, чин етим ёки боқувчисини йўқотган ўқувчилар тўловдан озод қилинади. Бунда, биринчи навбатда, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (ёки улардан бири) I ёхуд II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахси бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек, жами ўртача ойлик даромади энг паст бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.

49. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисидаги маълумотномага ва тегишли ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги ота-оналар кенгашининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.


50. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандларининг тасдиқланган рўйхати ўқув йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


51. Мазкур Низомни қўллаш билан боғлиқ юзага келадиган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


52. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


53. Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 январь















































Время: 0.0410
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск