ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Мулк ҳуқуқи. Бошқа ашёвий ҳуқуқлар / Давлат мулки /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.01.2019 й. ПФ-5630-сон "Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

14.01.2019 й.

N ПФ-5630



ДАВЛАТ АКТИВЛАРИНИ БОШҚАРИШ,

МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ ТИЗИМИНИ ВА КАПИТАЛ

БОЗОРИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда иқтисодий ўсишни таъминлаш, рақобатбардошликни ошириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш, инвестицияларни, авваламбор иқтисодиётнинг базавий ва таркибий асосини ташкил этувчи соҳаларга жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунда, иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, фонд бозорини ривожлантириш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш, жамият ва давлат фаолиятининг барча соҳаларини жадал ва барқарор ривожлантириш учун асос ҳисобланади.

Шу билан бирга, бир давлат органи доирасида давлат активларини бошқариш, монополияга қарши ҳамда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш функцияларининг жамланиши тизимли муаммоларнинг тўпланишига олиб келди, шу жумладан:

биринчидан, устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналарнинг (кейинги ўринларда - давлат иштирокидаги корхоналар) кундалик хўжалик фаолиятига давлат органлари аралашувининг юқори даражадалиги, бозор тенденцияларига мослашувчанлик ва сезувчанликнинг йўқлиги, давлат иштирокидаги корхоналарнинг солиқ ва божхона, шу жумладан, якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган имтиёзларга ҳаддан ташқари боғлиқлиги;

иккинчидан, стратегик режалаштириш, хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва бошқариш тизимининг йўқлиги, шу жумладан, ишлаб чиқаришнинг паст техник даражаси, кўплаб ихтисосликка кирмайдиган активлар мавжудлиги, молиявий ресурсларнинг ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлмаган мақсадларга йўналтирилиши сабабли давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестициявий жозибадорлиги пастлиги;

учинчидан, давлат активларини ҳисобга олишнинг тартибли тизими йўқлиги, хусусийлаштириш жараёнларини бошқариш самарадорлигининг пастлиги, фаолият кўрсатмаётган корхоналар ва бўш ётган объектларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш учун институционал салоҳиятнинг сустлиги;

тўртинчидан, монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича ўз вақтида ва самарали текширувлар ўтказиш учун ваколатли органда ҳуқуқлар ва институционал потенциалнинг етарли эмаслиги;

бешинчидан, монополияга қарши курашишни тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг халқаро стандартлар ва бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тизимининг йўқлиги ҳамда товар ва молия бозорларини таҳлил қилиш усулларининг эскирганлиги;

олтинчидан, хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олишга доир корпоратив стандартларни (монополияга қарши комплаенс) жорий этиш бўйича тизимли ишларнинг, монополияга қарши курашишни тартибга солиш, рақобат ҳуқуқи ва сиёсати, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кадрларни тайёрлашнинг барқарор тизими йўқлиги;

еттинчидан, мамлакат капитал бозорининг ҳозирги ҳолати иқтисодиётнинг реал секторига узоқ муддатли ва тўғридан-тўғри, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича мавжуд имконият ва салоҳиятдан фойдаланишга имкон бермаяпти, кўзланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва республикани жадаллик билан инновацион ривожлантиришга тўсиқ бўлмоқда.

Институционал ва таркибий ислоҳотларни жадаллик билан амалга ошириш, давлат активларини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш, капитал бозорининг ишончли ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат рақобат қўмитаси), Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ва Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази (кейинги ўринларда - Давлат активларини бошқариш маркази) негизида:

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигини (кейинги ўринларда - Давлат активларини бошқариш агентлиги) ташкил этиш ва унга тугатилаётган Давлат рақобат қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш марказининг штат бирлиги, шунингдек, давлатнинг, шу жумладан, хориждаги активларини бошқариш, хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш (хусусан, давлат улушларини сотиш), давлат мулкларини ижарага бериш, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этиш, давлат иштирокидаги иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни таъминлаш, мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш ва риэлторларни сертификатлаш бўйича вазифа, функция ва ваколатларини ўтказиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси юритувига Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика марказини бериш;

в) тугатилаётган Давлат рақобат қўмитасининг қуйидаги:

бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларни хатловдан ўтказиш ва аниқлаш ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш функциясини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига;

фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклашга қаратилган инвестиция лойиҳалари ("Йўл хариталари")ни ишлаб чиқиш бўйича идоралараро комиссияларнинг ишчи органи сифатидаги функциясини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:


а) давлат активларини бошқариш, давлат иштирокидаги иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш соҳасида:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини бошқаришнинг бозор механизмларини ишлаб чиқиш;

давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ушбу корхоналар фаолиятининг самарадорлиги учун уларнинг бошқарув органлари масъулиятини ошириш;

давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштиришдан олдин тайёрлашнинг, шу жумладан, уларнинг жозибадорлигини ва уларни бошқаришнинг самарадорлигини оширишни кўзда тутувчи самарали механизмларини жорий этиш бўйича хорижий, халқаро институтлар ва компаниялар билан самарали ишлашни ташкил этиш;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушларини босқичма-босқич қисқартириш, самарали ва шаффоф хусусийлаштиришни таъминлаш;

давлат иштирокидаги иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда қатнашиш;


б) рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашишни тартибга солиш соҳасида:

бозорнинг барча иштирокчиларига товарлар (ишлар, хизматлар) учун тенг имкониятларни тақдим қилиш, рухсат бериш тартиб-тамойилларини соддалаштириш ва давлат хизматлари кўрсатиш ҳисобига уларга тенг шарт-шароитлар ва хўжалик фаолияти эркинлиги берилишини таъминлаш;

ишлаб чиқариладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг сифатини ошириш, нархларнинг асоссиз ошиб кетишини чеклаш ва шу йўл билан ички талабни юқори даражада қондиришни таъминлаш учун шароит яратиш;

товар ва молия бозорларида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар устав капиталидаги (фондидаги) давлат иштирокини камайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;


в) капитал бозорини ривожлантириш соҳасида:

капитал бозорини ривожлантиришнинг яхлит стратегиясини шакллантириш ва ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

капитал бозорининг самарали инфратузилмаси шаклланишида кўмаклашиш;

иккиламчи қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш ва унинг кўламини кенгайтириш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш;

корпоратив бошқарув ва капитал бозорини тартибга солиш соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш.


3. Қуйидагилар белгилансин:


а) Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий вазифалари этиб:

давлат активларини самарали бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш;

ўзига берилган давлат иштирокидаги корхоналар устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари (улушлари) бўйича акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқларини амалга ошириш;

илғор хорижий тажриба асосида давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув шакл ва усулларини жорий қилиш, уларни бошқаришда кузатув кенгаши ва акциядорларнинг ролини тубдан ошириш;

давлат иштирокидаги корхоналарни, шу жумладан, халқаро молия институтлари тавсиялари асосида босқичма-босқич ички ва ташқи бозорларда рақобатлаша оладиган, самарали корхоналарга айлантиришга кўмаклашиш;

давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бошқарув тузилмасини оптималлаштириш, юқори даромадлилик ва капитализацияни ошириш, соҳасига кирмайдиган ва фойдаланилмаётган активларини чиқариб ташлашга қаратилган ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни мувофиқлаштириш;

давлат манфаатларини таъминлаган ҳолда, шу жумладан, давлат акция пакетларини (улушларини) ишончли бошқарувга бериш орқали инвестиция фаолиятини амалга ошириш;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг облигация ва акцияларини чиқариш ва реализация қилиш, шу жумладан, маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида IPO/SPO бўйича эмиссияларни жойлаштириш ҳисобига шу жумладан, хорижий тўғридан-тўғри, шунингдек, портфель инвестицияларни жалб қилиш;

давлат активларини реализация қилиш (хусусийлаштириш) ва ижарага беришнинг очиқ ва шаффоф механизмини таъминлаш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторинг қилиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик бўйича таклифларни тайёрлашда иштирок этиш;

таҳлил асосида давлат иштирокидаги фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни аниқлаш, уларни молиявий соғломлаштириш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат сиёсатини олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда давлат иштирокидаги корхоналарда самарали дивиденд сиёсатини амалга ошириш;

баҳолаш фаолиятининг давлат томонидан тартибга солинишини таъминлаш, мол-мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш, шунингдек, риэлторларни сертификатлаштириш.

4. Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси негизида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилсин.

Белгилансинки, тугатилаётган Давлат рақобат қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармаси ва Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасидаги маблағлар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари ўртасида тенг тақсимланади.


5. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

давлат мулки ижарасидан тушадиган маблағлар, ижара тўловини тўлаш кечиктирилганлиги учун пеня ва шартнома мажбуриятлари бузилганлик учун жарималар суммаси;

корхоналарни, хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги акциялар (улушлар)ни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ижара ва мулк ҳуқуқини ҳамда давлат мулки ҳисобланадиган бошқа мулкларни (кейинги ўринларда - давлат активлари) сотишдан тушган маблағлар;

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан илгари берилган қарзлар бўйича қарздорлар томонидан асосий сумма ва улар бўйича ҳисобланган фоизлар тарзида қайтарилган тушумлар;

тузилган ва бекор қилинган давлат активлари олди-сотди шартномалари (битимлари), берилган қарзлар бўйича тушган пенялар ва жарималар;

хўжалик жамиятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилгандаги давлат улуши бўйича тушумлар;

аукционлар, танловлар (тендерлар) ёки оммавий оферталарнинг олди-сотди баённомаси ёки шартномасини имзолашдан бош тортган ёки уни рад этган ғолиблардан ушлаб қолинган закалат суммалари;

давлат активларини сотишда ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан шартнома мажбуриятлари бузилганлиги учун неустойка суммалари;

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан илгари ўтказилган маблағлар қайтарилгандаги тушумлар;

Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

Халқаро институтлар ва ташкилотларнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг грант маблағлари ҳамда ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Жамғарма маблағларини тақсимлаш қуйидаги нисбатларда амалга оширилиши белгилансин:

а) давлат мулки ижарасидан тушадиган маблағлар давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари бундан мустасно:

40 фоиз - давлат мулкини баланс сақловчисига;

25 фоиз - тегишли маҳаллий бюджет даромадига;

20 фоиз - Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказига;

б) давлат активларини сотишдан тушадиган маблағларнинг (ушбу банднинг "в" - "г" кичик бандлари бундан мустасно):

92 фоизи - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;

5 фоизи - Жамғармага;

3 фоизи - Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига;

в) ҳудуди 10 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектлари (бундан ушбу банднинг "в-1" кичик банди мустасно), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари асосида сотиладиган давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушадиган маблағлар:

90 фоизи - тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ҳамда объект жойлашган туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига тенг улушларда;

10 фоизи - Жамғармага;

в-1) маҳалладаги майдони 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан сотишдан тушадиган маблағлар тегишли маҳаллаларнинг Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига;

в-2) хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган давлат активларини (бундан ушбу банднинг "в" кичик банди мустасно) сотишдан тушган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ҳудудий жамғармасига;

г) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ижара ёки мулк ҳуқуқини сотишдан тушган маблағларни тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган тартибда амалга оширилади;

д) Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатларида Жамғарманинг умумий маблағлари ҳисобидан ёки аниқ давлат активини сотишдан тушган маблағларни бошқа мақсадларга тўлиқ ёки қисман йўналтириш кўзда тутилган тақдирда, мазкур банднинг "б" - "в-2" кичик бандлари маблағларнинг қолган қисмига нисбатан татбиқ этилади.

7. Белгилансинки, Фонд маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

хўжалик жамиятларини хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга жалб қилинадиган, шу жумладан, хорижий мутахассислар ва консалтинг ташкилотларига;

Давлат активларини бошқариш агентлигининг маъмурий ва бошқарув функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни, шу жумладан, давлат мулки электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш бўйича харажатларини қоплашга;

Давлат активларини бошқариш агентлиги ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, шу жумладан, улар томонидан

уй-жой сотиб олишлари учун имтиёзли молиялаштириш, шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги икки ой муддатда юридик шахслар ҳисоби ва реестрини юритиш тизимини такомиллаштириш, бунда, аввало, давлат корхоналари, устав капиталида (фондида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқни ташкил этувчи юридик шахслар, шунингдек, устав капиталида (фондида) 50 фоиз ва ундан ортиқ улуш 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар ҳисоби тўғрисидаги маълумотлар ҳисоби юритилишини таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўрсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан биргаликда икки ҳафта муддатда қуйидагилар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини киритсин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги;

б) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар иқтисодиёт тармоқларини давлат томонидан тартибга солишни янада такомиллаштириш, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш ва молиявий фаолиятини чеклайдиган қонунчилик нормаларини бекор қилиш бўйича таклифларни киритсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар давлат, шу жумладан, унитар корхоналарни хатловдан ўтказсин, бунда ушбу корхоналарнинг фаолият мақсадларидан келиб чиқиб, уларни давлат муассасалари ёки хўжалик жамиятларига айлантириш ва кейинчалик уларнинг устав капитали (фонди)даги акциялар пакетлари (улушларини) Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказишни таъминлаш;

г) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектларни тиклаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга кўмаклашиш функцияларини амалга ошириш бўйича таклифлар киритсин.


10. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги:

a) мазкур Фармонга мувофиқ тугатилаётган ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда уларнинг мол-мулкини қабул қилиш ва топширишни таъминласин;

б) 2019 йил 1 мартга қадар тегишли соҳалардаги комплекс камчиликларни, шунингдек, мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ва уларга эришишнинг қадамба-қадам механизмларини кўрсатган ҳолда 2019 йил учун мос равишда Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;

в) икки ой муддатда "Электрон ҳукумат" тизимига тақдим этилиши ва киритилиши лозим бўлган маълумотлар таркиби бўйича таклифларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига киритсин, шунингдек, Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимининг белгиланган протокол бўйича платформа форматида мажбурий қўлланилишини таъминласин;

г) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар:

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштиришни таъминласин.


11. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузурида қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Марказини ташкил этиш тўғрисида" 1996 йил 26 мартдаги ПФ-1414-сон Фармони;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 18 апрелдаги ПФ-5016-сон Фармони.


12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 15 январь


"Халқ сўзи", 2019 йил 15 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 21 январь, 3-сон, 39-модда












































Время: 0.1617
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск