ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш / Ижтимоий соҳа /

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 09.01.2019 й. ПФ-5618-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 9 январдаги

ПФ-5618-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда. Хусусан:

биринчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишлари тизимли ва узвий ташкил этилмаяпти. Жамиятда, оилада, маҳаллада, таълим муассасаларида ва ташкилотларда ҳуқуқий ахборотларни етказишнинг таъсирчан механизми мавжуд эмас. Шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ғоялари аҳоли, айниқса, давлат хизматчилари онгига етарли даражада сингдирилмаяпти;

иккинчидан, узлуксиз таълим тизимида таълим жараёнлари ҳуқуқий тарбия билан уйғун олиб борилмаяпти, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда ўзбек халқининг тарихи, дини, урф-одатлари, миллий қадриятларига таянилмаяпти;

учинчидан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир тадбирларни ташкил этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик тизими яратилмаган, ижтимоий шериклик принципи асосида ишлар ташкил этилмаган;

тўртинчидан, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришнинг аниқ мақсадли чора-тадбирлари белгиланмаган;

бешинчидан, жамиятда манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этишда ва амалга оширишда давлат органлари ва бошқа соҳавий хизматларнинг фаол иштироки таъминланмаяпти, бу борада юқори натижадорлик ва самарадорлик кўзга ташланмаяпти;

олтинчидан, ҳуқуқий тадбирлар ҳамон анъанавий усулларда, оддий учрашувларни ўтказиш йўли билан амалга оширилмоқда, бу борада тарғиботнинг инновацион усулларидан, шу жумладан, веб-технологиялардан фойдаланилмаяпти, ҳуқуқий йўналишдаги веб-сайтлар етарли эмас;

еттинчидан, ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган лойиҳаларни рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмас, бу борада тадбирлар номигагина ташкил этилмоқда, ҳуқуқий билимларни юксалтириш бўйича ҳуқуқий адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш, илмий изланишларни олиб бориш ишлари самарасиз амалга оширилмоқда.

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар "Юксак ҳуқуқий маданият - мамлакат тараққиёти кафолати" деган ғоя остида Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини (кейинги ўринларда - Концепция) қабул қилиш ва амалга оширишни тақозо этмоқда.



II. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


1. Аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратиш Концепциянинг асосий мақсадидир.


2. Қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида "Жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш - демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!" деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини тарғиб қилиш;

ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш;

аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш;

давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга доир тадбирларни ташкил этишда ижтимоий шериклик принципларидан кенг ва унумли фойдаланишни тизимли асосда йўлга қўйиш;

оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш;

юридик таълимни такомиллаштириш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини чуқур тадқиқ этиш.



III. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


1-БОБ. ШАХС, ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТНИНГ

ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИДА АҲОЛИНИНГ

ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШ


1. Оилада ҳуқуқий тарбияни шакллантириш

ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш


1. Болалар учун махсус ҳуқуқий портал яратиш. Унда:

Конституцияни ўргатишга доир илк тушунчалар;

кундалик ҳаётда қўллашга мўлжалланган бошланғич ҳуқуқий билимлар;

ҳуқуқни тарғиб қилувчи турли хил ўйинлар, машғулотлар ва дастурлар бўйича услубий қўлланмалар ва бошқа зарур маълумотларни бериш.


2. Оилада болаларга ҳуқуқий тарбия ва одоб-ахлоқнинг бошланғич қоидаларини ўргатиш бўйича ота-оналар учун услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва тарқатиш.


3. Оила даврасида ҳуқуқий саводхонликни оширишга мўлжалланган, ҳар бир элементар ҳуқуқий билимларни ўргатишга қаратилган ва кундалик ҳаётдаги муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма тайёрлаш ва бепул тарқатиш.


4. Болалар учун ҳуқуқий мавзуларда ва одоб-ахлоқнинг оддий ва кундалик қоидаларини билишни, ватанпарварлик, қонунларни ҳурмат қилиш, ўзбек халқининг тарихи ва миллий қадриятларини ўргатишни тарғиб қилувчи турли мультипликацион фильмларни яратиш.


5. Болалар учун ҳуқуқий ахборотни етказишга ҳамда кундалик турмушда қўлланиладиган нормалар ва одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатишга қаратилган аудиоэртаклар, кинофильмлар ва киножурналлар ишлаб чиқиш.


6. Оилавий нотинчлик ҳамда болалар назоратсизлиги ва қаровсизлигининг олдини олиш, болалар орасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг салбий оқибатлари тўғрисида телекўрсатувлар, ток-шоулар тайёрлаш.


7. Кундалик турмушда кўп учрайдиган масалаларнинг ҳуқуқий ечимлари ва янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳиятини уйма-уй юриб тарғиб қилиш, шунингдек, ҳуқуқий маълумотларни етказишга қаратилган флаер, буклет ва бошқа тарқатма материалларни оилаларга бепул тарқатиш.


8. Ёшлар ва ота-оналар ўртасида никоҳ ёши, алимент тўлаш шартлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва унинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида мунтазам равишда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказиш.



2. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда

маҳалла институтининг ролини кучайтириш


1. Маҳаллаларда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган ва мурожаатларда кўтарилаётган муаммоли масалаларни таҳлил қилиш ва таҳлил натижасига кўра манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қонун ҳужжатлари мазмун ва моҳиятини етказиш бўйича чоралар кўриш.


2. Маҳаллаларда аҳоли орасидаги турли муаммоли масалалар, хусусан, миграция, моддий ёрдам, ер олиш, уй-жой олиш, коммунал масалалар, имтиёзлар, алимент, ишга жойлашиш, таълим олиш ва бошқалар бўйича ҳуқуқий ахборотни буклет, флаер, лифлет ва плакатлар шаклида аҳолига етказиш.


3. Маҳаллаларда "Ҳуқуқий ахборот куни" лойиҳасини ташкил этиш, бунда аниқ бир кунда режалаштирилган йўналиш бўйича малакали мутахассислар (адвокатлар, нотариуслар, юридик хизматлар ходимлари ва бошқалар) томонидан аҳолига ҳуқуқий тушунтиришлар берилишини таъминлаб бориш.


4. Жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролик низоларини кескин камайтириш ҳамда аҳолида, айниқса, тарбияси оғир бўлган фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини уйғотиш мақсадида судлар томонидан маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотларни тизимли равишда ташкил қилиш ва сайёр суд мажлислари ўтказиш кўламини кенгайтириш.


5. "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда аҳоли орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар кўлами ва сифатини ошириш.


6. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ва "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари аъзоларининг янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражасини ошириш мақсадида тегишли тадбирларни амалга ошириш.


3. Таълим муассасаларида ҳуқуқий саводхонликни ошириш


1. "Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш" ва "Инсон ҳуқуқларини ўрганиш" махсус ўқув курсларини барча таълим турлари бўйича тизимли ўргатиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ва ўргатилишини ташкил қилиш.

Махсус ўқув курслари якуни бўйича ўқувчи ва талабалар орасида синовлар ташкил қилиш.


2. Болалар ва ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга қаратилган Конституцияни ва инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича кўргазмали қўлланмаларни тайёрлаш ва чоп этиш.


3. Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларга болалар ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир машғулотларни жорий этиш. Бунда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг ҳуқуқ асослари ва бола ҳуқуқлари бўйича бепул малакасини ошириш ҳамда машғулотларни ўтказиш учун турли инновацион лойиҳаларни яратиш чораларини кўриш.

4. Мактабгача таълим ташкилотларида болаларга одоб-ахлоқ қоидалари ва ҳуқуқнинг илк тушунчаларини ўргатиш бўйича намунавий қўлланма яратиш.

5. Янги авлод ҳуқуқий дарсликлари ва ўқув қўлланмалари тизимини яратиш. Бунда умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчилари учун ҳуқуқий билимларни содда ва кўргазмали ўргатишга қаратилган ўқув қўлланмаларини, шунингдек, таълим муассасалари учун ҳуқуқ фанлари бўйича ўқув дарсликлари ва қўлланмаларини тайёрлаш чораларини кўриш.


6. Ёшларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини ўргатишга қаратилган "Street law" (Кўча ҳуқуқи - оддий ҳуқуқ) лойиҳасини кенг жорий қилиш бўйича қуйидаги ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш:

ҳуқуқшуносликка ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари талабалари, юридик коллежлар ўқувчилари, нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат кўнгиллилар (волонтер) гуруҳини шакллантириш;

"Street law" лойиҳаси амалга оширилишини методик таъминлаш чораларини ишлаб чиқиш;

кўнгиллилар гуруҳлари учун интерактив машғулотлар олиб бориш методикаси бўйича тренинглар ўтказиш;

кўнгиллилар томонидан мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун машғулотлар ўтказиш.

7. Таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари орасида ҳуқуқ фанидан республика миқёсида қуйидаги танловларни ташкил қилиш ва ўтказиш:

умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчилари ўртасида "Ҳуқуқ - бу тўғриликдир" мавзусидаги расмлар танловини ташкил қилиш;

умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Менинг ҳуқуқ ва мажбуриятларим" республика кўрик-танловини ташкил этиш ҳамда танлов ғолибларини рағбатлантириш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида "Сиз қонунни биласизми?" кўрик-танловини ташкил қилиш ҳамда танлов ғолибларини рағбатлантириш;

олий таълим муассасаларида "Ҳуқуқ билимдонлари" кўрик танловини ташкил қилиш ва танлов ғолибларини рағбатлантириш.


8. Ёшларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган иншолар танловини ўтказиш.


9. Ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, айниқса, уларнинг онгида коррупциянинг жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллат эканлигини тарғиб қилишга қаратилган ўқув материаллари тайёрланишини ташкил қилиш.


10. Болалар ва ёшларга уларнинг ҳуқуқлари ва одоб-ахлоқ нормалари ҳақида маълумот берувчи кўргазмали тарғибот бўйича қуйидаги ишларни амалга ошириш:

флаерлар, буклетлар, комикслар, тақдимот слайдлари, видеороликлар ишлаб чиқиш ва ҳар бир таълим муассасасига етказиш (ҳар чоракда);

кўргазмали ҳуқуқий тарғибот материалларини болалар ва ёшлар эътиборига етказиш.


11. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ёшларни ўз ҳуқуқий саводхонлигини юксак даражада шакллантириш ва оширишдек эзгу мақсадлар атрофида бирлаштирувчи "Ҳуқуқ билимдонлари" ёшлар ҳуқуқий клубларини ташкил этиш, кейинчалик уларнинг ижтимоий тармоқларда ҳам фаолият кўрсатишини таъминлаш.


12. Умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида ҳуқуқ фанидан олимпиадалар ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш.


13. Тарбияси оғир вояга етмаганларга кучайтирилган ҳуқуқий таълим бериш ва тарбиялашга оид махсус дастурларни қўллаш.


14. Ёшларда соғлом турмуш тарзига бўлган интилишни шакллантиришга, ижтимоий жиҳатдан хавфли касалликларга, гиёҳвандликка, чекишга ва бошқа зарарли одатларга қарши курашишга доир профилактик чора-тадбирларни амалга оширишга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли уюштиришга, оммавий ёшлар спортини ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш.


15. Болалар ва ёшларда давлат рамзларини эъзозлаш, унинг қадр-қимматини англаш, шунингдек, шахсий эҳтиёжлар ва жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини тарғиб қилишга доир аниқ режалар асосида "очиқ дарслар" ва ўқув машғулотлари ўтказилишини таъминлаш.


16. Диний экстремизм, терроризм, "оммавий маданият" ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга қаратилган махсус видеороликлар тайёрлаш.


17. Ёшлар томонидан содир этилаётган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, ноқонуний автопойгалар ўтказиш ва бошқа нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида "Энг тартибли ёш ҳайдовчи" лойиҳасини ташкил этиш.



4. Давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг

ҳуқуқий маданиятини юксалтириш


1. Давлат органлари ва ташкилотларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш.


2. Давлат органлари ва ташкилотларда жамоатчилик асосида доимий фаолият кўрсатувчи ҳуқуқий тарғибот гуруҳларини ташкил қилиш ва улар томонидан соҳага доир қонун ҳужжатлари нормаларининг ходимлар ўртасида тизимли равишда тарғибот қилинишини таъминлаш.


3. Давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни ишга қабул қилишда мазкур талабларга мувофиқлиги юзасидан ўқитиш ва баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш.


4. Давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган бепул ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқиш.


5. Ҳар бир давлат органлари ва муассасаларида "Ҳуқуқий маданият ойлиги", "Одоб-ахлоқ ойлиги" ҳамда "Коррупцияга қарши курашиш ойлиги" тадбирларини ташкил қилиш.


6. Давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари фаолиятида масъулиятсизликнинг ва идоравий ҳуқуқий нигилизмнинг намоён бўлишига имкон яратадиган омилларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини такомиллаштириш орқали бартараф этиш.


7. Кадрларга оид қарорларнинг, бўш лавозимларга кадрларни тайинлаш учун танловларни режали асосда ўтказишнинг шаффофлигини таъминлаш.


8. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган ютуқлари учун топшириладиган "Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси" кўкрак нишонини таъсис этиш.


9. Давлат органлари ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида фаолият йўналишидан келиб чиқиб қонун ҳужжатлари мазмунини тушунтиришга қаратилган "Ҳуқуқий саводхонлик" рукнларини ташкил этиш.



5. Аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий

маданиятини юксалтириш


1. Ёшидан келиб чиқиб аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг даражаси бўйича минимал талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, улар асосида фуқароларнинг ҳуқуқий билим даражасини аниқлаш ва таҳлил қилиб бориш.


2. Адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш (pro bono) тизимини ривожлантириш.


3. Қонун ҳужжатларини аҳолига тезкор равишда етказиш, шунингдек, соҳага доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш тизимини такомиллаштириш.


4. Ахборот-ресурс марказлари ҳамда ахборот-кутубхона фондларини юридик адабиётлар билан бойитиб бориш.


5. Давлат органлари ҳузуридаги ахборот-таҳлил мультимедиа марказларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолиятини кучайтириш. Бунда долзарб ва аҳолини қизиқтирадиган ҳуқуқий масалаларни аниқлаштириш (уй-жой ва ер олиш масалалари, таълим муассасаларига жойлаштириш, алимент, моддий ёрдам, миграция, коммунал хизмат масалалари) ҳамда таҳлиллар асосида ва қонунчиликдаги соҳага оид янгиликлар бўйича зарур ахборот-таҳлилий ва кўргазмали медиа материалларни тайёрлаш ва эфирга узатиш.


6. Аҳолининг кундалик эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларни қизиқтирган ҳуқуқий мавзулар бўйича "Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот" лойиҳасини амалга ошириш.


7. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда муносиб ҳисса қўшган ҳуқуқ тарғиботчиларининг бу борадаги фидойилигини рағбатлантириб бориш мақсадида "Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси" ва "Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда энг яхши инновацион лойиҳа" танловларини ўтказиб бориш.


8. Халқимизда давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган видеороликлар тайёрлаш.


9. Халқимизнинг ҳуқуқий ёдгорликлари ва ҳуқуқ йўналишидаги олимлари ва арбоблари фаолиятини чуқур ўрганиш ва уларни кенг оммага тарғиб қилиш.


10. Аҳолига уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда давлат органлари ва ташкилотларнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятларини тушунтиришга, шунингдек, аҳолини қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга қаратилган ижтимоий-ҳуқуқий видеороликларни тайёрлаш ҳамда телевидение ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш.


11. Адвокатлик ёки ҳуқуқшунос фаолиятига бағишланган бадиий фильм ва сериаллар тайёрлаш.


12. Аҳолини қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга қаратилган қисқа метражли фильмлар ҳамда театр спектаклларини яратиш ва тизимли равишда телевидение орқали бериб бориш.


13. Коррупцияга қарши курашиш мавзуси доирасида камида 5 та ижтимоий видеоролик тайёрлаш, шунингдек, коррупция, ҳалоллик, тўғрилик, қонунга ҳурмат, адолат тантанаси мавзуларида тарғибот материаллари, дидактик материаллар, мультипликацион фильмлар тайёрлаш.


14. Аҳолида коррупцияга муросасизлик кайфиятини шакллантириш мақсадида ижтимоий шериклик асосида коррупцияга қарши тарғибот материаллари (журналистик материаллар, блогпостлар, карикатуралар, буклет, флаер, баннерлар, юмористик асарлар) мегатанловини ўтказиш.


15. Меҳнат мигрантларига турли ижтимоий-ҳуқуқий масалалар, хусусан, миграция, ишга жойлашиш, таълим олиш, бошқа давлатларнинг қонун ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий ахборотлар олишда тизимли ёрдам кўрсатишни ўз ичига олувчи махсус ахборот сайтини ишлаб чиқиш.


16. Ташқи меҳнат мигрантларини миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг мазмуни тўғрисида мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва ваколатхоналари кўмагида ижтимоий рекламалар, Интернет веб-саҳифалари, ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалардан фойдаланган ҳолда хабардор қилиб боришнинг аниқ механизмини ишлаб чиқиш.


17. Ногиронлиги бўлган шахслар (кўзи ожиз ва кар-соқовлар учун) ва кекса ёшдаги шахслар учун фойдаланишга қулай бўлган, уларнинг ижтимоий ҳимоясига оид ҳуқуқларига доир тўпламларни тайёрлаш ва хайрия акцияларини ўтказган ҳолда тарқатиш.

18. Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг келгусида ижтимоий ҳаётга мослашуви учун кўмак бериш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида масофадан туриб таълим олиш тизимини йўлга қўйиш.


19. Жазони ижро этиш муассасаларида ҳуқуқий билимларни ўргатиш, ҳуқуқий маърифат ва судланганларни ҳуқуқий тарбиялаш мақсадида "Ҳуқуқ ва мен", "Жиноят оламидан қайтиш" номли маърифий-ҳуқуқий машғулотларни мунтазам ўтказиш тизимини жорий этиш.


20. Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида:

аниқ чора-тадбирлар асосида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг, Темурбеклар мактаблари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларини тизимли равишда ошириб бориш, дунёқараши ва фикрлаш доираларини кенгайтириш;

ҳарбий қисмларда ҳар ойнинг жума куни "Ҳуқуқий саводхонлик соати"ни ташкил қилиш, унда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини ҳарбий хизматчиларга етказиш.



2-БОБ. ЖАМИЯТДА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ

ЮКСАЛТИРИШДА ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТНИНГ

ИННОВАЦИОН УСУЛЛАРИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ


1. Қуйидаги масалаларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳуқуқий интернет порталини яратиш:

қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси;

барча миллий ҳуқуқий сайтлар;

юридик луғат ва ҳуқуқий электрон кутубхона;

мақсадли аудиториялар (давлат хизматчилари, педагоглар ва бошқалар) учун мажбурий курслар (mandatory courses).


2. Турли ҳаётий ҳолатлар бўйича ҳуқуқий ечим таклиф этиладиган ва давлат хизматлари кўрсатиш электрон тизими билан боғланадиган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизимини ("Ўзбекистон ҳуқуқий форуми" сайтини) яратиш ва ишга тушириш.


3. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқий билим даражасини синаш мақсадида Интернет тизимида турли босқичларга эга бўлган "Ҳуқуқий тест" лойиҳасини яратиш.


4. Интернетдаги ижтимоий тармоқларда (Facebook, Telegram, Twitter, Youtube, Mytube.uz ва ҳ.к.) давлат органлари ва ташкилотларнинг каналларини ташкил қилиш ва ушбу каналларда веб-технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда соҳа фаолияти йўналишларидан келиб чиқиб ҳуқуқий тарғибот материалларини жойлаб бориш.

Ижтимоий тармоқлардаги каналларда эълон қилиш учун материалларни тайёрлаш, жойлаштириш ва қайта алоқани таъминлаш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш.


5. Интернет тизимида ўзбек, рус ва инглиз тилларида "Ҳуқуқий ахборот" телеграм каналини ташкил қилиш ва унда қонун ҳужжатлари мазмунини қисқача таҳлилий ёритиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга доир ҳуқуқий материалларни бериб бориш.


6. Мамлакатимиз аҳолиси кўп фойдаланадиган ижтимоий тармоқларда сўровлар ўтказиш орқали ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онг даражасини таҳлил қилиш ва унинг натижасида ҳуқуқий ахборотни манзилли етказиш ишларини ташкил этиш.



3-БОБ. АҲОЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ

ЮКСАЛТИРИШДА ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ РОЛИНИ КУЧАЙТИРИШ


1. Ҳуқуқий мавзуларни тизимли ва таҳлилий ёритиб бориш ҳамда аҳолини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга доир телекўрсатувлар кўламини кенгайтириш.


2. Оммавий ахборот воситаларининг (матбуот, телевидение, радио) ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолиятини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаб бериш бўйича таклифлар тайёрлаш.


3. Ҳуқуқий даврий нашрларни интернет тармоғига интеграция қилиш ва уларнинг электрон нусхалари жойлаб борилишини таъминлашни йўлга қўйиш.


4. Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида "Ҳуқуқий ахборот" радио лойиҳасини ташкил этиш ва амалга ошириш.


5. Ҳуқуқий соҳани ёритувчи журналистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини доимий ошириб бориш тизимини яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.


6. Қабул қилинган қонун ҳужжатларига мустақил экспертлар, мутахассислар ва аҳолининг фикри ҳамда муносабатини акс эттирувчи таҳлилий ток-шоу, баҳс-мунозара йўналишидаги кўрсатув ва эшиттиришларни эфирга узатиш.


7. Аҳоли ўртасидаги долзарб ижтимоий-ҳуқуқий муаммолардан келиб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқий маърифатини оширишга хизмат қиладиган, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ҳамда ҳуқуқий мавзудаги лойиҳаларни тайёрлаш ва тарқатиш.


8. Оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини кучайтириш, уларнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан алоқасини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни ташкил этиш.


9. Давлат органлари ахборот хизматларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатишдаги роли ва ўрнини кучайтириш, шу жумладан, давлат органи нуфузига таъсир кўрсатадиган салбий хабарлар бўйича зудлик билан муносабат билдириб бориш механизмини яратиш.



4-БОБ. ЮРИДИК ТАЪЛИМНИ, ШУНИНГДЕК,

ЮРИДИК КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ


1. Ўқув жараёнини назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан чамбарчас боғлиқлигини таъминлаш, талабаларда таҳлилий фикрлашни, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва улардан фойдаланиш маҳоратини шакллантиришга қаратилган ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари ҳамда технологиялари асосида ташкил этиш.


2. Юридик олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот институтлари, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан алоқаларини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


3. Замонавий хорижий тажриба асосида юридик соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг янги инновацион шакл ва институтларини жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


4. Илғор хорижий тажриба асосида миллий юридик таълим ва юридик фан соҳасини ривожлантириш ишига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фахрий доктор даражасини бериш тартибини жорий этиш.


5. Ўқув жараёнига клиник юридик таълимни татбиқ этиш юзасидан етакчи хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибасидан кенг ва унумли фойдаланиш.

Тармоқлараро таълимни кучайтириш ва бу борада Тошкент давлат юридик университети магистратура босқичида "Ҳуқуқ ва Тиббиёт", "Ҳуқуқ ва Қурилиш" каби мутахассисликлар очилишини таъминлаш.


6. Ҳуқуқий мавзулар бўйича таълим берувчи педагог-ўқитувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.



5-БОБ. ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШНИНГ

ИЛМИЙ АСОСЛАРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ


1. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолашнинг кўрсаткичларини ишлаб чиқиш.


2. Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб боришни аниқ кўрсаткичлар асосида ўрганиб бориш ва баҳолаш.


3. Ҳуқуқий фанларни ривожлантиришнинг илмий асосланган режаларини ишлаб чиқиш ва унинг устувор йўналишларини аниқлаш.


4. Ҳуқуқий тарбиянинг илмий асосланган услубиётини ишлаб чиқиш.


5. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича магистрлик ва докторлик диссертациялари тайёрлаш кўламини кенгайтириш, бунда оиладаги можаро ва зўравонликлар ҳамда уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий оқибатларини комплекс тадқиқ қилишга алоҳида эътибор қаратиш.


6. Давлат илмий-техник дастурлари доирасида илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмалар танловида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий, педагогик-психологик жиҳатларини тадқиқ этишга оид мавзуларни мунтазам эълон қилиб бориш.


7. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳолати ҳамда бу соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини ўрганиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, фуқаролар билан ҳамкорликда социологик, махсус, илмий тадқиқотлар ҳамда бошқа турдаги тадқиқотлар ва сўровлар ўтказиш.



IV. КОНЦЕПЦИЯНИНГ ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепцияни амалга ошириш натижасида қуйидагилар кутилмоқда:

фуқаро, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини юксалтириш, шахсий эҳтиёжлар ҳамда жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатнинг сақланишини таъминлаш;

бола ва ёшлар онгига илк ҳуқуқий тушунчаларни ва одоб-ахлоқ қоидаларини тизимли сингдириб бориш, ҳуқуқий таълим-тарбияни узвий ва тизимли олиб боришга эришиш;

ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини яратиш ва жорий этиш, ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш;

мансабдор шахслар ва фуқароларда қонунга ва ҳуқуққа бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлигини таъминлаш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 14 январь, 1-2-сон, 7-модда












































Время: 0.2140
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск