ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муносабатлари соҳасида бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.12.2018 й. 1066-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 декабрдаги

1066-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) аҳоли бандлиги, меҳнат миграцияси ва меҳнат муносабатлари соҳасида ягона сиёсат олиб борувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


2. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.


4. Вазирлик, унинг ташкилий тузилмасига кирадиган ҳудудий ва идора бўйсунувидаги бўлинмалар юридик шахслар ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга, ўзининг мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан хорижий ҳисобварақларига эга.


5. Вазирликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, қисқартирилгани - Меҳнат вазирлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Ministry of Employment and Labour Relations of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилгани - Ministry of Labour;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Министерство занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан, қисқартирилгани - Министерство труда или Минтруда.


6. Вазирликнинг жойлашган жойи (почта манзили): 100031, Тошкент шаҳри, Миробод кўчаси, 15.



2-БОБ. ВАЗИРЛИК ТИЗИМИ


7. Қуйидагилар Вазирлик тизимига киради:

Вазирликнинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, унга бўйсунадиган фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича ҳудудий филиаллар, хорижга кетаётган фуқароларни жўнаб кетишдан олдин мослаштириш марказлари ва Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари;

Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази;

Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курслари;

Тошкент шаҳрида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази;

Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ҳудудий марказлари;

Малакани баҳолаш марказлари;

"Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази" МЧЖ;

Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси;

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси;

Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи "Ишга марҳамат" мономарказлари;

Чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш марказлари;

Олдиндан кўниктириш ва касбга тайёрлаш марказлари.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари Вазирликка ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига бўйсунади ва ҳисоб беради.

8. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини бажаришда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



3-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ, ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

ВАЗИРЛИГИНИНГ, ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲАР БАНДЛИК

БОШ БОШҚАРМАЛАРИНИНГ, ТУМАН (ШАҲАР) АҲОЛИ

БАНДЛИГИГА КЎМАКЛАШИШ МАРКАЗЛАРИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


1-§. Вазирликнинг вазифалари ва функциялари


9. Қуйидагилар Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакат меҳнат бозорининг амалдаги ҳолатини пухта таҳлил қилиш асосида ҳудудлар бўйича аҳоли бандлигини таъминлашга доир ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда самарали мувофиқлаштириш, янги иш ўринлари ташкил этиш учун давлат буюртмасини ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштириш учун квоталар белгилаш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган мақсадли комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш, аҳолини жамоат ишларида иштирок этишга жалб қилиш, биринчи навбатда, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, йўл ва уй-жой-коммунал инфратузилма объектларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шаҳар ва туманларни обод қилиш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этиш орқали жалб қилиш;

ишга муҳтож шахсларни, айниқса банд бўлмаган ёшларни иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш;

бошқа вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштириш чораларини кўриш;

меҳнат бозорини тартибга солиш, бандлик, меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, касб ва меҳнат стандартлари, гендер бўйича тенгликка риоя этишни таъминлаш, банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида бозор шарт-шароитларига мос келадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек улар юзасидан назоратни амалга ошириш;

ишга жойлаштириш жараёнига илғор ахборот технологияларини фаол жалб қилиш, шу жумладан "Ягона меҳнат миллий тизими" дастурий комплексини ва вакансиялар Миллий базасини яратиш ҳамда мунтазам ривожлантириш;

бандликка кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида замонавий инфратузилма ва рақобат муҳитини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчиликнинг аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлигининг самарали механизмларини шакллантириш;

меҳнат ва бандлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишнинг назорат қилинишини таъминлаш, меҳнат шароитлари экспертизасини амалга ошириш, меҳнат муносабатларини, меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштиришга доир аниқ чора-тадбирлар кўриш;

меҳнатни нормалаштириш ва унга ҳақ тўлаш, меҳнат стандартларини жорий этиш ва меҳнат муносабатларини такомиллаштириш;

меҳнат, бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш;

меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари юзасидан аҳоли ва иш берувчилар ўртасида кенг ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш;

кам таъминланган оилаларга ўз вақтида нафақа тўлаш ва моддий ёрдам бериш юзасидан мониторинг олиб бориш, уларни иш билан таъминлашда кўмаклашиш ва меҳнатга яроқли оила аъзоларининг хусусий тадбиркорлик фаолиятини кучайтириш орқали оилаларни кам таъминланганликдан чиқариш бўйича якка тартибдаги дастурлар ишлаб чиқиш;

ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда услубий таъминлаш;

техникум, коллеж ёки олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган ҳамда касб эгаллаш истагидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг Вазирлик тизимидаги "Ишга марҳамат" мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва масканларида касб-ҳунарга ўқитиш чораларини кўриш, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан шакллантирилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар рўйхати асосида уларнинг йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида ҳар йили амалиёт ўташини ташкил этиш;

Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг бандлиги бўйича доимий мониторинг олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришда, уларни ватанига қайтаришда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек хорижий иш кучини жалб қилишга рухсатномалар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун хорижий фуқароларга тасдиқномалар бериш.


10. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


1) аҳоли бандлигини таъминлашга доир мақсадли комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, янги иш ўринлари ташкил этиш учун давлат буюртмасини ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштириш учун квоталар белгилаш масалалари бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда жамиятда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг мақсадлари ва устуворликларидан келиб чиқиб, замонавий бозор механизмлари ва воситалари асосида аҳоли бандлигини ва меҳнат бозори барқарор ривожланишини таъминлашга доир стратегияни ишлаб чиқишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий-тадқиқот институтлари ишларини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда республика ва ҳудудларни демографик ва иқтисодий ривожлантириш прогнозларидан келиб чиқиб, меҳнат ресурслари балансларининг асослантирилган прогноз параметрларини, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашга доир самарали комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

ишсизлар ва ишга жойлашишга муҳтож аҳоли ҳисобга олинишини ташкил этади;

манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланаётган, томорқа ва деҳқон хўжаликларида меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома расмийлаштирмай чорвачилик, ўсимликшунослик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни ҳисобга олиш ва тартибга солиш чораларини кўради фуқаролар ҳисобга олинишини ташкил этади;

республика ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар меҳнат ресурслари сони ва таркибини таҳлил қилади, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

илмий-тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда ёшлар ва банд бўлмаган аҳоли қайси касбни маъқул кўришини ва меҳнат йўналишини аниқлаш учун социологик тадқиқотлар ўтказади;

меҳнат бозорида тенг шартлар асосида рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун квоталар (иш ўринларининг энг кам сонини) белгилаш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда уларни ишга жойлаштириш учун иш берувчилар томонидан белгиланган миқдорда иш ўринлари ажратилишини назорат қилади;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб шахсларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни захираланган (квоталанган) энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга бир марталик субсидиялар тақдим этади. Бунда ишга қабул қилинган мазкур тоифадаги шахсларнинг бандлигини энг кам сон (квота) ошган санадан бошлаб камида 12 ой давомида сақлаш шарти назарда тутилади;

ташкилотларда энг кам иш ўринларини ажратиш ва уларга иш излашда муайян қийинчиликларга дуч келаётган ва тенг шартлар асосида меҳнат бозорида рақобатлаша олмайдиган айрим тоифадаги шахсларни қабул қилиш масалаларини ўрганади ва таҳлил қилади, бундай шахсларни ишга жойлаштириш юзасидан ташкилотлар учун квоталар белгилашга доир таклифлар ишлаб чиқади;

аҳоли бандлиги даражасини ва таркибини энг тўлиқ ва холис баҳолаш, меҳнат бозоридаги таркибий мавжуд номутаносибликларни ва уларнинг келиб чиққан сабабларни аниқлаш, ишга жойлаштирилиши зарур шахсларни аниқлаш мақсадида меҳнат бозори ривожини таҳлил қилади ва шу асосда тармоқлар ва ҳудудлар бўйича янги иш ўринлари ташкил этиш учун йиллик буюртмаларни шакллантиради;

иш кучи ва меҳнат миграция жараёнларини таҳлил қилади, ташқи меҳнат миграцияси сабаблари ва омилларини аниқлайди;

бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар тўпланишини ва таҳлил қилинишини ташкил этади, белгиланган тартибда тақдим этилаётган вакансиялар ҳисобини юритади ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда бўш иш ўринлари ҳақидаги ахборотни етказади;

иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини ишга жойлаштириш жараёнлари ва меҳнат бозори ҳолати устидан мунтазам мониторинг ўтказади ҳамда уларни таҳлил қилади ва шу асосда аҳоли бандлигини ошириш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

ишсизлик ва норасмий бандлик даражасини ва таркибини таҳлил қилади, шу жумладан аҳоли бандлигини текшириш ва аҳоли ўртасида сўровлар ўтказиш орқали таҳлил қилади;

аҳоли, шу жумладан ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ишдан бўшатилган шахслар ва бошқа тоифадаги шахслар бандлиги ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ахборотни шакллантиришни ва комплекс таҳлил қилишни ташкил этади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда аҳолини иш билан таъминлаш, бандликнинг самарали шаклларини ривожлантириш ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг тизимли мувофиқлаштириб борилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда иш ўринлари ташкил этиш бўйича, давлат буюртмаларини, иқтисодиётни тузилмавий ислоҳ ва диверсификация қилиш бўйича дастурлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс дастурлари билан узвий боғлаган ҳолда, қисқа муддатли (бир йил), ўрта муддатли (икки, уч йил) ва узоқ муддатли (уч йилдан ортиқ) даврлар учун шакллантиради;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш, меҳнат органлари томонидан аҳолига ва иш берувчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва улардан қулай фойдаланишни таъминлаш орқали ишсизларни, ёшларни, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ҳамда аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича дастурлар ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги билан биргаликда, меҳнат ресурслари балансининг прогноз параметрлари асосида, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича олий ва касб-ҳунар таълими йўналишлари учун мутахассислар тайёрлаш юзасидан давлат буюртмаларини шакллантиради;

меҳнат бозорида вазият танг бўлган минтақаларда иш ўринлари ташкил этиш бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради ҳамда манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда уларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва таркибий қайта ўзгартириш давомида, шунингдек ташкилотлар қайта ташкил этилганда, банкрот бўлиши ва тугатилиши натижасида ишдан бўшатиладиган ходимларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли минтақавий дастурлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

бандлик ва иш ўринларини ташкил этиш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига методик ва амалий ёрдам кўрсатади;

манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари билан биргаликда ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларни, шу жумладан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;


2) меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш, аҳолини жамоат ишларида иштирок этишга жалб қилиш, биринчи навбатда, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, йўл ва уй-жой-коммунал инфратузилма объектларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шаҳар ва туманларни обод қилиш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этиш орқали жалб қилиш масалалари бўйича:

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш излаб мурожаат қилган фуқароларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлайди;

кейинчалик банклар томонидан республика туманлари ва шаҳарларида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик ва мини-лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар ажратиш мақсадида тижорат банкларида кредит линиялари очиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини тақдим этади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантирувчи ҳудудий жамғармалар, тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фаолиятни янги иш ўринларини ташкил этишга ва аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган ижтимоий йўналтирилган корхоналар ташкил этади;

вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари фаолиятини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсизларни ва уларнинг оила аъзоларини моддий қўллаб-қувватлашни таъминлашни белгиланган тартибда ташкил этади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда жамоат ишларининг ҳажмлари ва турларини аниқлайди ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги жамоат ишларида, йўл ва уй-жой-коммунал инфратузилма объектларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳарлар ва туманларни обод қилишда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида вақтинча банд бўлмаган фуқароларнинг иштирокини ташкиллаштиради;

ишламайдиган фуқароларнинг жамоат ишларида иштирок этишини молиялаштиришни белгиланган тартибда таъминлайди;

касаначиликни, оилавий тадбиркорликни, ҳунармандчилик фаолиятини ва аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминлашининг бошқа шаклларини рағбатлантириш ва ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

касаначиликдан фойдаланишни кенгайтириш, шу жумладан йирик корхоналар ва фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш асосида кенгайтириш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга кўмаклашади;

ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари яратишда ва уларни ишга жойлаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотларига ва бошқа ташкилотларга кўмаклашади;

ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланиш, касаначилик турларини ва ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашнинг бошқа шаклларини ривожлантириш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашади;

Вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида, Ғазначиликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармаларида очиладиган ғазначилик шахсий ҳисобрақамларидаги, жамоат ишлари молиялаштириладиган маблағлар жамланишини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари, тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида банд бўлмаган шахсларни жамоат ишларига жалб қилувчи корхоналар ташкил этади, уларни кейинчалик доимий иш ўринларига ишга жойлашишга рағбатлантиради;

ўзини ўзи банд қилган шахсларга рағбатлантирувчи имтиёзлар бериш чораларини кўради;

3) ишга муҳтож шахсларни, айниқса банд бўлмаган ёшларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ва ишсизларни иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари бўйича:

малакани баҳолаш Миллий тизими фаолиятини ташкил этади;

касб малакалари ва билимлари бўйича Кенгаш ташкил этади;

малакаси тасдиқланган шахслар Миллий реестрини юритади;

касб стандартлари реестрини юритади;

ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказлари реестрини юритади;

малакани баҳолаш марказлари реестрини юритади;

меҳнатга лаёқатли аҳоли, айниқса банд бўлмаган ёшлар касбий билим, малака ва кўникмалар олиши учун шарт-шароит яратади;

касбий стандартлар ва малака талабларини экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказади;

касбга ўқитиш марказларида ишсиз фуқароларни ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитади ҳамда малакани баҳолаш марказларида уларнинг малакасини баҳолайди;

Тошкент шаҳрида ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш марказини, ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларини, малакани баҳолаш марказларини аккредитациядан ўтказади;

ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказлари, малакани баҳолаш марказларидаги ўқитиш сифатини ва баҳолаш холислигини назорат қилади;

меҳнат органлари тизимида ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларини ташкил этади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

ишсизларни "Уста-шогирд" усулида касбга якка тартибда қайта тайёрлашни ташкил этади;

меҳнат бозорида тенг шартлар асосида рақобатлаша олмайдиган ишсиз фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа тоифаларини касбга ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини ташкил этишда иштирок этади;

ишсизларни ва меҳнат бозорида тенг шароитлар асосида рақобатлаша олмайдиган шахсларни касбга ўқитишни ташкил этиш масалаларида давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини шакллантиришда кўмаклашади;

таянч касб-ҳунар коллежлари (касбга қисқа муддатли ўқитиш бўйича махсус дастурлар орқали) ва нодавлат таълим муассасалари негизида ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолининг касбга ўқитилишини ва малакаси оширилишини ташкил этади;

меҳнат бозорига энди қадам қўйган, ўз бизнесини ташкил этишни хоҳлаётган ёшларни рағбатланириш ва уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш, ишга муҳтож банд бўлмаган аҳоли манфаатларини кўзлаб касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш самарали тизимини яратиш, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ушбу мақсадларга ажратиладиган маблағларни мутаносиб тарзда ошириш;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз шахсларни, айниқса кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизларни касбга ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда меҳнат бозорида талаб бўлган эга касблар ва мутахассисликлар бўйича ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қисқа муддатли курслари ўқув дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб ходимларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни касбга ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш учун сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун иш берувчиларга бир марталик субсидиялар беради;


4) умумтаълим мактаблари, олий ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштириш чораларини кўриш масалалари бўйича:

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини кейинчалик ишга жойлаштириш учун муайян иш берувчиларга бириктириб қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар комплексини амалга оширишда иштирок этади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда битирувчиларнинг бандлиги таъминланиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради, уларни ишга жойлаштиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлайди ва шу асосда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари бандлигини ўрганади ва ўрганиш натижалари асосида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида ишчи кадрлар ва мутахассисларни касбга тайёрлаш йўналишларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

бўлажак меҳнат фаолияти йўналишларини танлаш ҳамда меҳнат бозори ва бандликни ривожлантириш истиқболларига мутаносиб касбий режаларни шакллантириш масалалари бўйича ёшлар ўртасида ахборот ишларини ва касбга йўналтириш ишларини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларида талабалар эгаллашни хоҳлаган касбларнинг асосий хусусиятларини ва касбга доир стандартларини тавсифловчи мультимедиавий воситалар билан жиҳозланган хоналар ташкил этган ҳолда катта синф ўқувчилари учун касбга ўқитиш курсларини ўтказишни назарда тутувчи касбга йўналтириш дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;


5) меҳнат бозорини тартибга солиш, бандлик, меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, касб ва меҳнат стандартлари, гендер тенгликка риоя этишни таъминлаш, банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида бозор шарт-шароитларига мос келадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тезликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек улар юзасидан назоратни амалга ошириш масалалари бўйича:

бандликнинг янги шаклларини жорий этишга ва анъанавий шаклларини кенгайтиришга қаратилган аҳоли бандлигини кенгайтиришнинг услубий ва норматив-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқади;

ташқи меҳнат миграциясини комплекс таҳлил қилиш, шу асосда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришда кўмаклашиш;

меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат дастурлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таклифлар ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ижтимоий сиёсатни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва таклифлар лойиҳаларини тайёрлашда ўз ваколатлари доирасида иштирок этади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини амалга ошириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

меҳнат ва бандлик масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани комплекс ва тизимли таҳлил қилиш асосида аҳоли бандлиги ошишини таъминлаш учун мавжуд тўсиқ ва ғовларни аниқлайди ҳамда уларни енгиб ўтиш чораларини ишлаб чиқади;

мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам бериш, шу жумладан айбдор мансабдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш бўйича манфаатдор вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда чоралар кўриш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнат шарт-шароитларини баҳолаш учун норматив база яратиш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари юзасидан техник тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилишини, қайта кўрилишини, келишилишини ва тасдиқланишини ташкил этади;

ижтимоий шериклик доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳамда меҳнат ва бандлик масалалари бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда бажарилиши юзасидан жамоат назоратини такомиллаштиришга иш берувчиларни жалб этишга кўмаклашади;

ўз ваколатлари доирасида юридик ва жисмоний шахсларга меҳнат ва меҳнат муҳофазаси қонунчилигини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;


6) ишга жойлаштириш жараёнига илғор ахборот технологияларини фаол жалб қилиш, шу жумладан миллий меҳнат тизимини ва вакансиялар Миллий базасини юритишни назарда тутувчи дастурий мажмуани яратиш ҳамда мунтазам ривожлантириш масалалари бўйича:

меҳнат ва бандлик соҳасида ягона техник сиёсат олиб бориш, тармоқнинг ахборот тизимларини яратишда ягона усуллар ва воситаларни қўллаш соҳасида ахборот тизимини шакллантириш ва ривожлантиришни таъминлайди;

вакансиялар Миллий базасини шакллантиради ва мунтазам янгилаб боради ҳамда аҳолининг интерактив режимда ундан фойдаланишини таъминлайди;

меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш масалалари бўйича ахборот-маълумотнома тизимлари ва интерактив хизматларнинг янада ривожланишини таъминлайди;


7) бандликка кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида замонавий инфратузилма ва рақобат муҳитини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчиликнинг аҳолини иш билан таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлигининг самарали механизмларини шакллантириш масалалари бўйича:

ишга жойлаштириш ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида аҳолига хизмат кўрсатишда нодавлат секторини ривожлантиришга ва унинг ролини кучайтиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари негизида ишга жойлаштириш соҳасида "бир дарча" принципи бўйича комплекс хизматлар кўрсатувчи замонавий офислар ташкил этилишини таъминлайди;

касбий малакани тасдиқлаш бўйича фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш излаётган шахсларни, шу жумладан уларга услубий ёрдам кўрсатиш орқали ишга жойлаштиришга ва уларнинг касбий рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашувчи нодавлат ташкилотларига пулли хизматлар кўрсатади;

ишга жойлаштириш ва бандликка кўмаклашиш бўйича хизматлар соҳасига ахборот-коммуникация хизматлари кенг жорий этилишини, фуқароларга ишга жойлашиш жараёнларини енгиллаштирувчи ҳамма учун очиқ маълумотлар базалари ташкил этилишини таъминлайди;


8) меҳнат ва бандликни муҳофаза қилиш, меҳнат шароитларини экспертизадан ўтказиш, меҳнат муносабатларини, меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни таъминлаш масалалари бўйича:

ходимлар вакиллик органлари аъзолари учун қўшимча меҳнат кафолатлари тақдим этишга, иш берувчи томонидан бирор-бир тарзда таъқиб қилишдан ҳимоя қилишга, интизомий жазолар беришга, вакиллик органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқариш ишларидан озод этилмаган ходимлар билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини тугатишга, шунингдек маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигисиз ўз сайлов ваколатлари тугагандан кейин икки йил ичида вакиллик органлари таркибига сайланган ходимлар билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат муносабатларини тугатишга риоя этилишини давлат томонидан назорат қилади;

хўжалик фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан ва турларидан қатъи назар ташкилотлар томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинишини, шу жумладан ноқулай ва ўзига хос меҳнат шароитларида ишлаганлик учун ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар тўғри ва ўз вақтида берилишини давлат томонидан назорат қилади;

ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бирор-бир шаклда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш эҳтимолларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари нормалари амалга оширилишини назорат қилади;

айниқса фаол қишлоқ хўжалиги ишлари вақтида ходимлар ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя этиш бўйича давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат органлари фаолиятининг тизимли мониторингини олиб боради;

мониторинг якунлари бўйича фуқаролик жамияти институтларини жалб қилган ҳолда оммавий эшитувларни, шу жумладан ҳудудларда ўтказади, эшитувларда мажбурий меҳнатдан фойдаланилган ҳар бир ҳолат бундай ҳолларга йўл қўймаслик мақсадида танқидий ўрганиб чиқилади;

корхоналар, муассасалар, ишлар ва касблар, лавозимлар ҳамда имтиёзли шартлар асосида пенсия, қўшимча таътил, қисқартирилган иш куни олиш ҳуқуқини берувчи кўрсаткичлар рўйхатларидаги ўзгаришлар тўғрисида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари таклифлари бўйича хулосалар беради;

корхоналар, муассасалар, ишлар ва касблар, лавозимлар ҳамда имтиёзли шартлар асосида пенсия, қўшимча таътил, қисқартирилган иш куни олиш ҳуқуқини берувчи кўрсаткичларнинг амалдаги рўйхатларига ўзгаришлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

белгиланган мезонларга мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини баҳолаш натижалари бўйича ташкилотларни касбга оид хавф синфига киритади;

ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланиши, шунингдек барча транспорт турларидан, транспорт коммуникацияларидан, умумий алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиши учун шарт-шароит яратишга доир қисмига риоя этилишини давлат томонидан назорат қилади;

меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнат муносабатлари субъектлари ҳуқуқлари доимий мониторинги ва ҳимоясини амалга оширади;

меҳнат тўғрисидаги битимлар ва локал ҳужжатларни, иш берувчиларнинг меҳнат муносабатлари масалаларига доир буйруқларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини тизимли таҳлил қилади;

деҳқон ва фермер хўжаликларида банд бўлган фуқароларнинг, шунингдек тадбиркорларнинг белгиланган меҳнат кафолатлари рўёбга чиқишини ташкил этади;

жамоа шартномалар ва битимларда назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан давлат назоратини олиб боради;

фуқароларнинг муносиб меҳнат шарт-шароитларига доир ҳуқуқларини таъминлаш ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлигини кучайтириш бўйича таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

иш жойларининг меҳнат шарт-шароитларига мослигини аттестациядан ўз вақтида ва сифатли ўтказиш юзасидан давлат назоратини амалга оширади, иш жойларининг меҳнат шарт-шароитларига мослигини аттестациядан ўтказишда услубий ёрдам беради;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш ва уларга риоя қилиш масалалари бўйича ходимлар ва иш берувчиларга, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига консультатив ва методологик ёрдам беради, ишлаб чиқариш жараёнида жароҳат олиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан амалий ишлар олиб боради;

давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича ҳамкорлик қилади ва уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ равишда унинг соғлиғига етказилган зарарни махсус текширишни ўтказишни ёки ўзининг вакилларини бундай текширишларда қатнашишини ҳамда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олишни белгиланган тартибда амалга оширади;

меҳнат шароитлари, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш материалларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини ва тегишли хулоса берилишини таъминлайди;

Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозори профессионал қатнашчиларининг Ягона реестрини юритади ва уларга тегишли тартибда уларнинг Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозори профессионал қатнашчиларининг Ягона реестрига киритилганлиги тўғрисида гувоҳнома беришни амалга оширади;

иш ўринларини меҳнат шароитларининг ва асбоб-ускуналарининг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассиснинг малака сертификатини қонунчиликда белгиланган тартибда беради ва уларнинг реестрини юритади;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолияти юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг ўтказади;

ташкилотларда меҳнат муҳофазаси ҳолати бўйича мониторинг юритади;

ишлаб чиқаришда жароҳатланиш сабабларини таҳлил қилади ва давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар киритади;

иш берувчилар томонидан Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучидан фойдаланишни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилади;


9) меҳнат стандартларини жорий этиш ва меҳнат муносабатларини такомиллаштириш масалалари бўйича:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни нормалаш ва ишчи касбларининг ҳамда мутахассислар ва хизматчилар лавозимларининг тариф-малака тавсифномаларини ишлаб чиқиш, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишчиларнинг асосий касблари бўйича ишчиларга малака разрядлари бериш масалаларига доир ишларни мувофиқлаштиради;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда энг муҳим ижтимоий-меҳнат нормалари ва нормативларининг рўйхатини аниқлайди ва уларнинг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар иштирокида меҳнат ва бандлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади, меҳнат соҳасида ходимларнинг ижтимоий ҳимояланганлигини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ходимларнинг меҳнат соҳасида ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

белгиланган тартибда асосий хизматчилар лавозимлари ва ишчи касбларининг классификаторини, тармоқлараро характерга эга бўлган алоҳида лавозимлар ва касблар бўйича касбий-малакавий таснифларни ишлаб чиқади;

Хизматчилар лавозимлари ва ишчи касбларининг тасдиқланган Классификаторида кўрсатилган ишчи касблари ва хизматчилар лавозимлари номларининг илгари норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларда ишлатилган касблар ва лавозимларга айнанлигини ва мутаносиблигини белгилайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига ва бошқа ташкилотларга меҳнатни нормалаш, замонавий меҳнат стандартларини жорий этиш, меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил этиш, ишлар, касблар ва лавозимларнинг тариф-малака маълумотномаларида акс эттирилмаган лавозимлар ва ишларни тариф сеткасининг тегишли разрядларига киритиш масалаларида амалий ва услубий ёрдам беради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари ва секторлари учун ходимлар сонининг ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг минимал нормативларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқарув органлари учун лавозимлар киритиш ва бошқарув ходимлари, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар сонининг нормативларини белгилаш шартларини ишлаб чиқишда қатнашади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда аҳоли даромадларини давлат томонидан тартибга солиш механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашда иштирок этади;

меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини ва меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш усулларини такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини, ягона тариф сеткасини такомиллаштириш, иш ҳақини туман бўйича тартибга солиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

меҳнат шартномаларини, шу жумладан электрон шаклда (масофавий) тузиладиган меҳнат шартномаларини тузишнинг янги шаклларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

иш вақтини ярим йиллик, чораклар ва ойларга бўлиб чиққан ҳолда календар йилга мўлжалланган Иш вақти нормаси ҳисоб-китобларини ҳар йили ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

иш вақтини ҳисобга олиш масалаларида ташкилотларга услубий ёрдам беради;


10) меҳнат, бандлик ва меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш масалалари бўйича:

халқаро ҳамкорлик, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан меҳнат ва бандлик соҳасида самарали ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш соҳасида таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнат ва бандлик масалалари юзасидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларда белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади ва Ўзбекистон Республикасининг манфаатлари бўйича иш кўради;

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларининг, меҳнат ва бандлик масалалари бўйича тузилган бошқа халқаро шартномалар бажарилиши мониторинги олиб борилишини ташкил этади, белгиланган тартибда тегишли ҳисобот ва маърузалар тайёрлайди ва тақдим этади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда меҳнат ҳуқуқларига риоя этиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар миссияси ишини ташкил этади;

аҳолини иш билан таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилишга кўмаклашиш мақсадларига йўналтириладиган хорижий донорлар ва кредит ташкилотларининг маблағлари белгиланган тартибда жалб қилинишини ва улардан фойдаланишни ташкил этади;

бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро шартномалар тузиш тўғрисида таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, иш берувчилар ва ходимлар вакиллик органлари ўртасидаги миллий уч томонлама ижтимоий мулоқотда, шунингдек уч томонлама маслаҳатлашувларда халқаро меҳнат стандартларини қўллашга кўмаклашиш мақсадида иштирок этади;

чет давлатларнинг тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ҳамкорлик қилади;


11) меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича аҳоли ва иш берувчилар ўртасида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш масалалари бўйича:

фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини яратиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш зарурлиги тўғрисида жисмоний ва юридик шахслар ўртасида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;

меҳнат, бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасидаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини изоҳловчи материаллар тайёрлайди ва аҳоли ўртасида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқлари орқали тарқатади;


12) кам таъминланган оилаларга ўз вақтида нафақалар тўланиши ва моддий ёрдам берилиши юзасидан мониторинг ўтказиш, иш билан таъминлашда ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда кўмаклашиш орқали кам таъминланган оилаларни муҳтожликдан халос қилиш бўйича якка тартибдаги дастурларни ишлаб чиқиш масалалари бўйича:

кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар тўланиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради;

кам таъминланган оилаларни муҳтожликдан халос қилиш, уларни оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб қилиш, шунингдек ўзини ўзи банд қилишнинг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича якка тартибдаги дастурларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари, тижорат банклари, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилувчи ва унга ёрдам кўрсатувчи бошқа давлат органлари, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқади ва амалга оширади;


13) ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда услубий таъминлаш масалалари бўйича:

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятини ва улар бажараётган ишлари ҳолатини ўрганади;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолатларни бартараф этиш, шунингдек айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортиш чораларини кўради;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ходимларини лавозимга тайинлашда ва лавозимидан озод этишда иштирок этади;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларига меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича кўрсатмалар беради;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ходимларининг малакасини оширилишини ташкиллаштиради;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди, аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беради;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ходимлари ҳисобини юритади;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартибини, маълумотлар базасига киритиш учун маълумотлар тақдим этиш шакллари ва муддатларини белгилайди;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш масаласини меҳнат органлари билан келишиш тартибини белгилайди;

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлайди;


14) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришда, уларни ватанига қайтаришда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномалар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун хорижий фуқароларга тасдиқномалар бериш масалалари бўйича;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш жараёнларини тартибга солиш масалалари бўйича чет давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилади;

меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини тартибга солиш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича чет давлатларнинг ваколати органлари билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш орқали уларнинг меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашади;

хорижда ишга жойлашишни хоҳловчи жисмоний шахслар маълумотларининг ягона базасини юритади;

хусусий бандлик агентликлари ва хорижий иш берувчилар реестрлари юритилишини ташкил этади;

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этади;

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида тазйиққа учраган, мажбурий меҳнатга мажбур қилинган ва таҳқирланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилади, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикасига қайтаришга кўмаклашади;

хорижда ишга жойлаштириш учун кўрсатилган номзодлар билан дастлабки мослаштириш тадбирларини ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича юридик шахслар фаолиятини лицензиялаш жараёнини ташкил этади, лицензия талаблари ва шарт-шароитларига риоя этилишини назорат қилади;

белгиланган тартибда хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномалар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун хорижий фуқароларга тасдиқномалар беради, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ташкилотларда ишловчи хорижий фуқаролар ҳисобини юритади;

малакали мутахассисларни жалб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил этади, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланишга доир ҳуқуқларини амалга оширишда уларга кўмаклашади;


15) фаолиятнинг бошқа соҳаларида:

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш юзасидан зарур хатти-ҳаракатларни амалга оширади;

бандлик ва ишга жойлаштириш муаммоларини ҳал қилиш бўйича фуқароларнинг ва иш берувчиларнинг фикрлари, таклифлари ва қонуний талабларини ўрганади ҳамда таҳлил қилади ва шу асосда уларни ҳал қилишга қаратилган амалий чора-тадбирлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда меҳнат органларининг юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлашини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ва таклифлар ишлаб чиқади;

ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш ва уларга ёрдам кўрсатишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашади, жабр кўрган фуқаролар ҳуқуқларини изоҳлайди;

ҳудудий бандликка кўмаклашиш жамғармалари фаолиятини, шу жумладан пул маблағларини сарфлаш самарадорлиги ва натижадорлигини назорат қилади;

кадрларнинг қайта тайёрланишини ва малакаси оширилишини ташкил этади, Вазирлик ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларини аттестациядан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, бошқа вазирликлар, идоралар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ўрганишда ва уни янада ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади.

11. Вазирлик тўғридан-тўғри, шунингдек ҳудудий бўлинмалар ва унинг бўйсунувидаги бошқа ташкилотлар орқали ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



2-§. Вазирлик марказий аппаратининг

вазифалари ва функциялари


12. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппаратининг вазифалари ҳисобланади:

1) ҳудудий бўлинмалар ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар билан биргаликда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаш;

2) мамлакат меҳнат бозорининг амалдаги ҳолатини пухта таҳлил қилиш асосида аҳолини иш билан таъминлашга доир ҳудудий ва тармоқ дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш;

3) ишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

4) меҳнат бозорини тартибга солиш, бандлик, меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, касб ва меҳнат стандартлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек улар юзасидан назоратни амалга ошириш;

5) илғор ахборот технологияларини ишга жойлаштириш жараёнларига жорий этиш;

6) меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш ва бандлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш, меҳнат шароитлари экспертизасини амалга ошириш, меҳнат муносабатларини, меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

7) меҳнатга ҳақ тўлашни нормалаш, меҳнат стандартларини жорий этиш ва меҳнат муносабатларини такомиллаштириш;

8) меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш;

9) меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича аҳоли ва иш берувчилар ўртасида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;

10) ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда услубий таъминлаш;

11) ҳудудий бўлинмалар ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда кадрлар билан таъминлашни мувофиқлаштириш;

12) ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш бўйича хизматларга бўлган давлат буюртмасини молиялаштириш, кейинчалик тегишли равишда хусусий бандлик агентликларига, ишсизларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказларига ҳамда малакани баҳолаш марказларига ҳақ тўлаш;

13) коворкинг-марказларни ташкил этиш ва сақлаб туриш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун маблағлар ажратиш;

14) ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш бўйича хизматларга бўлган давлат буюртмасини бажариш бўйича Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар фаолияти назорат ва таҳлил қилинишини таъминлаш;

15) идора бўйсунувидаги ташкилотлар ривожланишига кўмаклашиш, уларни ривожлантириш концепциялари ва истиқболларини белгилаш.


13. Вазирликнинг марказий аппарати ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

1) Вазирлик ва унинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ҳамда ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

2) ҳудудий бўлинмалар ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари бажарилиши юзасидан мунтазам назоратни таъминлайди;

3) бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ҳамда ўринбосарларининг буйруқлари ва фармойишлари бажарилишини ўз ваколатлари доирасида ташкил этади;

4) Вазирлик томонидан Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида қайта ишланишини ташкил этади, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизасини ўтказади;

5) ҳудудий бўлинмалар ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар фаолияти мониторингини ташкил этади;

6) меҳнат бозорини ривожлантириш мақсадида илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга кўмаклашади;

7) Вазирлик фаолиятини, шу жумладан норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни ташкил этади;

8) меҳнат бозори ривожланиши, аҳолини иш билан таъминлаш даражаси ва тузилмасини, янги иш ўринлари ташкил этилиши, меҳнат миграцияси тўғрисида Вазирлик раҳбарияти учун ахборот тўплайди, умумлаштиради ва таҳлил қилади;

9) аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси, меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари ва марказий аппарат ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича тадбиркорлик субъектларини ахборот, услубий, ташкилий ва консультатив қўллаб-қувватлайди;

10) оператив, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш-хўжалик ва Вазирлик ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳал этилиши билан шуғулланади;

11) Вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятини назорат қилади ва таҳлил қилади;

12) Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар билан биргаликда ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлайди;

13) аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар билан ҳамкорлик қилади;

14) Вазирлик тизими ташкилотларида молиявий назоратни ташкил этади ва амалга оширади;

15) ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолашга доир хизматларга бўлган давлат буюртмасини бажариш бўйича Вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятини назорат ва таҳлил қилади;

16) коворкинг-марказларни ташкил этиш ва сақлаб туриш бўйича тадбирларни молиялаштиришга маблағларни ажратади;

17) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишларни ташкил этади;

18) хорижий инвестициялар жалб этилишини ташкил қилади ва халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

19) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.



3-§. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлигининг, вилоятлар ва Тошкент

шаҳар бандлик бош бошқармаларининг

вазифалари ҳамда функциялари


14. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

2) тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳарлар) ҳокимлари, ҳудудий прокуратура, ички ишлар органлари ва давлат солиқ хизмати раҳбарлари томонидан раҳбарлик қилинадиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари (кейинги ўринларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари деб аталади) билан ҳамкорликни амалга ошириш;

3) аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасидаги ва улар ваколатига кирадиган бошқа масалаларга доир қонун ҳужжатларига, норматив ҳужжатларга риоя этиш юзасидан мониторинг ва назорат олиб бориш;

4) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

5) ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш хизматлари учун давлат буюртмасини шакллантириш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда таҳлил қилиш;

6) коворкинг-марказлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш молиялаштирилишини ташкил қилиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

7) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда молия назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш.


15. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

1) Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди ҳамда унга раҳбарлик қилади;

2) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларининг ҳамда Вазирлик буйруқларининг туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан бажарилишини тизимли назорат қилади;

3) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишини ташкил этади;

4) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилади, уларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

5) аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш юзасидан фаолият олиб борувчи юридик шахслар билан ҳамкорлик қилади;

6) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда молиявий назоратни ташкил этади ва амалга оширади;

7) аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий дастурлари бажарилиши мониторингини олиб бориш, банд бўлмаган аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради;

8) ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малакани баҳолаш хизматларига бўлган давлат буюртмасини шакллантириш, молиялаштириш ва амалга ошириш, кейинчалик тегишли равишда хусусий бандлик агентликлари, ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказлари ҳамда малакани баҳолаш марказларига ҳақ тўлаш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради;

9) коворкинг-марказларни ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари таклифларини умумлаштиради, шунингдек уларни сақлаб туришнинг молиялаштирилишини ташкил этади;

10) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини ташкил этади;

11) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар бинолари ва иншоотларидан жорий фойдаланиш бўйича ишлар мониторингини ўтказади ва мувофиқлаштиради;

12) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишларни ташкил этади;

13) оператив, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш ва ўз ваколатига кирадиган бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади;

14) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.



4-§. Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш

марказларининг вазифалари ва функциялари


16. Қуйидагилар туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

2) аҳоли, меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасидаги ва ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларга доир ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

3) ишсизларни ишга жойлаштириш органларига мурожаат қилганларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш, жамоат ишларида, биринчи навбатда, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, йўл ва уй-жой-коммунал инфратузилма объектларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шаҳар ва туманларни обод қилиш доирасидаги жамоат ишларида, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида аҳолини иштирок этишга жалб қилиш;

4) қонун ҳужжатларига, норматив ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ва назорат олиб бориш;

5) ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш хизматларига бўлган давлат буюртмасини молиялаштириш;

6) коворкинг-марказларни ташкил этиш ва сақлаб туришни молиялаштириш бўйича таклифларни шакллантириш;

7) аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш;


17. Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

1) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди ҳамда уларга раҳбарлик қилади;

2) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари ҳамда Вазирлик буйруқлари бажарилишини назорат қилади;

3) туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишини ташкил этади;

4) меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлайди;

5) мос иш танлашда фуқароларга, зарур ходимларни танлашда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бошқа иш берувчиларга кўмаклашади;

6) меҳнат органларига мурожаат қилган фуқаролар ва иш берувчиларни иш олиш ва ишчи кучи билан таъминлаш имкониятлари, ходимларга қўйиладиган талаблар тўғрисида ва бандликни таъминлаш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан маслаҳат беради;

7) ишламайдиган фуқароларни касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида ўқув муассасалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан шартномалар тузади;

8) ишсизларнинг рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди ва уларга ёрдам беради, шу жумладан нафақалар тайинлайди ва тўлайди;

9) меҳнат бозорининг ҳолатини ва уни ривожлантириш истиқболларини баҳолайди, унинг мониторингини ташкил этади ва ўтказади ҳамда тегишли ахборот тарқатилишини таъминлайди;

10) иш излаб мурожаат қилган фуқаролар, шунингдек тегишли ҳудуддаги бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) ҳисобини юритади;

11) аҳолини иш билан таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

12) иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларига киритилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган ахборот, шунингдек давлат статистика органларининг маълумотлар асосида мазкур дастурлар бажарилиши мониторингини олиб боради;

13) меҳнат органларига мурожаат қилган фуқароларни ўз касбий тайёргарлиги ва малака даражасига кўра ишга жойлаштириш учун корхоналарга, муассасаларга ва ташкилотларга, агар уларда бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) бўлса, юборади;

14) ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қабул қилиш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга энг кам иш ўринлари сонини белгилаш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кўриб чиқиши учун киритади,шунингдек мазкур фуқароларни ишга жойлаштириш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга юборади;

15) фуқаролар билан уларни олдиндан (зарур бўлса) касбга тайёрлаган, қайта тайёрлаган ва уларнинг малакасини оширган ҳолда, йўлкира ҳақини, суткалик харажатларини тўлаб, ишга жойлаштириш тўғрисида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар номидан улар келишуви бўйича шартномалар тузади,шунингдек янги яшаш ва иш жойига жўнаб кетса, тегишли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар маблағлари ҳисобига нафақалар беради;

16) ишсизларни ўз хоҳишига кўра ҳақ тўланадиган жамоат ишларига белгиланган тартибда юборади;

17) Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;

18) фуқароларга ишсизлик нафақасини белгиланган тартибда тайинлайди;

19) меҳнат, иш билан таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига, меҳнат муносабатларини, моддий рағбатлантириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш механизмларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларга риоя этилишини назорат қилади;

20) аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолият олиб борувчи юридик шахслар билан ҳамкорлик қилади;

21) ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш бўйича хизматларга бўлган давлат буюртмасини молиялаштиради, кейинчалик тегишли равишда хусусий бандлик агентликларига, ишсизларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказларига ҳамда малакани баҳолаш марказларига ҳақ тўлайди;

22) коворкинг-марказларни ташкил этиш ва сақлаб туришни молиялаштириш юзасидан таклифларни шакллантиради;

23) иш билан таъминлаш давлат дастурлари бажарилиши юзасидан мониторинг олиб боради;

24) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишларни ташкил этади;

25) оператив, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш хўжалик туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади;

26) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БЎЛИНМАЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТИ


18. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек бошқа ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига белгиланган тартибда киритиш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда ахборот сўраш ва олиш;

давлат статистика органларидан Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларга доир зарур статистик ахборотни бепул олиш;

ташкилотларда меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, меҳнат хавфсизлиги стандартларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларнинг қоидалари ва талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар, шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишларни бажарувчи (хизматлар кўрсатувчи) шахслар соғлиғига меҳнат вазифаларини бажариши вақтида етказилган зарарларнинг бошқа омилларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус текшириш ёки текширишда иштирок этиш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жазолар бериш;

меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдирадиган ташкилотлар фаолиятини ёки корхоналар маблағларидан фойдаланишни ўз ваколатлари доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиш;

Вазирлик ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар давлат мулкини бир бўлинмадан бошқа бўлинмага бепул фойдаланиш ҳуқуқлари асосида ўз ташкилий тузилмаси доирасида белгиланган тартибда ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этиш ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш юзасидан назоратни таъминлаш ишларини ташкил этиш;

Вазирлик ва унинг идора бўйсунувидаги тузилмалари давлат мол-мулкини беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида бир бўлинмадан бошқа бўлинмага, ўз ташкилий тузилмаси доирасида балансдан балансга белгиланган тартибда ўтказиш, штат жадвалларини мувофиқлаштириш, идора бўйсунувидаги ташкилотлар молия-хўжалик фаолияти баланслари ва ҳисоботларини кўриб чиқиш;

идора бўйсунувидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш;

идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан марказлашган капитал маблағлардан самарали фойдаланиш юзасидан назоратни таъминлаш, Вазирлик тизимидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган бинолар, иншоотлар ва хоналарни реализация қилиш ёки бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш хусусида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига белгиланган тартибда таклифлар киритиш, шунингдек туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларини жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобига бинолар, иншоотлар ва хоналар харид қилиш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича қарорлар қабул қилиш;

идора бўйсунувидаги хўжалик ташкилотлари тузилмасини, штатлар сонини, шу жумладан бошқарув ходимларини, меҳнатга ҳақ тўлаш фондини, харажатлар сметасини, автотранспорт воситалари лимитини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хорижий ваколатхоналарини очиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идоравий ташкилотлар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича улар томонидан параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби, ҳажми ва шартларини белгилаш;

идора бўйсунувидаги ташкилотларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш, шу жумладан: "Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази" идора бўйсунувидаги давлат муассасасида илмий ишлар бажариш, Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича тадқиқотлар ва сўровлар ўтказиш; "Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази" МЧЖда бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасига оид лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш; Тошкент шаҳрида ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш марказида, банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи "Ишга марҳамат" мономарказида ҳамда Касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқитиш, малака ошириш ва қайта ўқитиш; Касбий компетепнцияларни баҳолаш марказларида малакани баҳолаш; Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларида меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва Вазирликнинг идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан учинчи шахсларга пулли хизматлар кўрсатганлик учун тарифлар ва уларнинг ҳажмларини белгилаш тартибини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгилаш;

янги иш ўринлари ташкил этган иш берувчиларга, шунингдек аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб шахсларни, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, имкониятлари чекланган шахсларни, ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштирувчиларга ижтимоий рағбатлантириш, иш берувчиларни Вазирликнинг фахрий нишонлари, ёрлиқлари ва гувоҳномалари билан тақдирлаш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида энг яхши иш берувчилар тўғрисида материаллар жойлаштирилишини ташкил этиш чораларини кўриш;

иш берувчилар ўртасида ижтимоий жавобгарликни оширишга ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини ишга жойлаштириш бўйича самарали фаолиятни кенгайтиришга рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган танловларни белгиланган тартибда ўтказиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва иш берувчилар фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасида белгиланган тартибда даврий нашрлар таъсис этиш;

меҳнат, бандлик, ишга жойлаштириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ижтимоий реклама маҳсулотларини буюртириш, шунингдек уларни давлат оммавий ахборот воситаларида, стендларда, баннерларда ва аҳоли кенг танишиши мумкин бўлган бошқа усулларда бепул жойлаштириш;

биноларга хизмат кўрсатиш, инвентарь ва хўжалик асбобларини, автотранспортни, алоқа воситаларини, ҳисоблаш, компьютер ва офис техникасини таъминлаб туриш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот харид қилиш, шу жумладан аутсорсинг шартлари асосида харид қилиш бўйича ишларни бажариш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилишга илмий ташкилотларни, олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида белгиланган тартибда кўрсатмалар киритиш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда белгиланган тартибда расмий веб-сайтлар яратиш;

Ҳукумат топшириғига биноан халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан меҳнат, бандлик ва меҳнат миграцияси масалалари бўйича шартномалар тузиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат солиқ хизмати органларининг ёзма мурожаатлари асосида махсус ваколатли органлар билан дастлабки келишувсиз ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ташкилотларнинг бандлик, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишини режадан ташқари қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;

давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига фаолияти янги иш ўринлари ташкил этишга ва аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган корхоналарни ташкил этиш;

коррупция ва бошқа суиистеъмолликларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва ишчанлик хусусиятларини, унинг фаолияти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, шунингдек малакага ва Инспекция фаолиятининг турли йўналишларида ишлаш тажрибасига эга кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ходимлар ротациясини амалга ошириш;

кам фойдаланилаётган ёки реконструкция ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қилувчи мавжуд бинолар, хоналарни ижарага бериш;

давлат мулкининг бўш турган объектларини, шу жумладан меҳнат органларининг фаолият кўрсатмайдиган биноларини "ноль" харид қиймати бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда идора бўйсунувидаги ташкилотлар бошқарув ходимлари мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига жорий этиш;

юридик шахсларни таъсис этиш ва уларнинг иштирокчиси бўлиш;

меҳнат органлари рейтингини тузиш мақсадида улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мезонларини тасдиқлаш;

ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан услубий материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бажариш бўйича Вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш;

Вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида кенгашлар ўтказиш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган ҳамда тезкор ҳал этишни талаб қиладиган масалалар юзасидан Вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалаларга бағишланган конференция, форум, семинар ва тренинглар ўтказиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобига ўтказиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, чет давлатлар ҳукуматлари, давлат органлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш учун меҳнат органлари ходимларини хорижга юбориш, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалалар юзасидан лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва миллий экспертларни жалб қилиш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Вазирлик давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши шарт бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилишга ҳақли.

Вазирлик зарур ҳолларда бошқа давлат бошқаруви органлари билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда чоп этишга ҳақли.


20. Вазирликка юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


21. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири (кейинги ўринларда Вазир деб аталади) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


22. Вазир ўринбосарлари:

Вазирлик назоратидаги таркибий бўлинмаларда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


23. Марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун;

ўз функционал мажбуриятлари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


24. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар)даги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари:

бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.



6-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


25. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Вазир раҳбарлик қилади.

26. Вазир ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси ҳисобланади.


27. Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


28. Вазир бўлмаган даврда унинг ваколатлари вазирнинг биринчи ўринбосари, у бўлмаганда эса - Вазирнинг буйруғига биноан бошқа ўринбосар томонидан амалга оширилади.


29. Вазир:

Вазирлик фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади ва Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Вазирлик фаолиятининг алоҳида йўналишлари ва участкаларига раҳбарлик қилиш ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар фаолияти учун вазир ўринбосарлари ва Вазирлик тизимининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

ўз ваколати доирасида Вазирлик тизими ходимлари томонидан ижро этилиши шарт бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида марказий аппарат харажатлар сметасини ва штат жадвалини тасдиқлайди, Вазирликнинг республика бюджетида турган идоравий мансуб ташкилотларининг харажатлар ва даромадлар сметаларини рўйхатдан ўтказади;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, шунингдек Вазирликнинг идоравий мансуб ташкилотлари марказий аппарати тузилмасига, зарур бўлса, ходимларнинг умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади;

марказий аппарат бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари тўғрисидаги низомларни, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги намунавий низомларни, Вазирлик тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар уставларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

ходимлар, шу жумладан бошқарув ходимлари, хўжалик ҳисобида бўлган идора бўйсунувидаги ташкилотлар ходимлари сонини мустақил белгилайди, идора бўйсунувидаги хўжалик ташкилотлари тузилмасини, штатлар сонини, шу жумладан бошқарув ходимларини, меҳнатга ҳақ тўлаш фондини, харажатлар сметасини, автотранспорт воситалари лимитини тасдиқлайди, шунингдек уларнинг мол-мулкини тасарруф этади;

Вазирлик тизимида белгиланган тартибда молиявий ишларни ташкил этади, идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларни, шунингдек мазкур соҳадаги илмий тадқиқотларни молиявий жиҳатдан таъминлайди;

Вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хориждаги ваколатхоналарида атташе лавозимига тайинлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдимномалар киритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


30. Қуйидагилар:

марказий аппарат ходимлари, Вазирлик тизимига кирувчи идоравий мансуб ташкилотлар ва ҳудудий органлар раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан, Вазир билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари Вазир томонидан тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорлари Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари томонидан, тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ҳамда Вазир билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Жамоат ишлари жамғармаси ижро этувчи директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомил якунлангунига қадар Вазир мазкур таркибий бўлинмаларнинг самарали ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида вақтинча раҳбар вазифаларини бажарувчини тайинлайди.

Вазир Вазирликнинг марказий аппарати тузилмасига жамоатчилик асосларида вазир маслаҳатчиси лавозимини киритиш ва ушбу лавозимга юқори малакали мутахассисни, шу жумладан хориж фуқаросини тайинлаш ҳуқуқига эга.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига ишга қабул қилишга кўрсатилган номзодлар мажбурий тартибда бир ҳафталик кириш-мослаштириш курсларидан, меҳнат органлари ходимлари эса мунтазам равишда Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларида ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтадилар.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири "Микрокредитбанк" АТБ Кузатув кенгашининг раиси, Касбий малака ва билим кенгаши раиси, шунингдек Вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилиш жамғармаси Кузатув кенгаши раиси ҳисобланади.


31. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари тўғрисидаги низомлар тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишилган ҳолда Вазирнинг буйруқлари билан тасдиқланади.

Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги низомлар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари билан келишилган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари буйруқлари билан тасдиқланади.


32. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш масалалари бўйича Вазирликнинг ваколатли органи ҳисобланади, Агентлик республика фуқароларини мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлаштириш борасидаги ўз фаолиятини халқаро ҳуқуқий нормалар ва қоидаларга асосланиб, республика миллий манфаатларини ва Ўзбекистон Республикасидаги юридик шахс мақомига эга хорижий фуқаролар манфаатларини инобатга олган ҳолда амалга оширади.

Агентлик давлат унитар корхонаси шаклида юридик шахс ҳисобланади.

Вазирлик Агентликнинг таъсисчиси ҳисобланади.

Агентликка Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган Агентлик бошлиғи раҳбарлик қилади. Агентлик бошлиғи Вазир томонидан лавозимидан озод этилади.

Агентлик бошлиғининг Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади. Агентлик бошлиғининг ўринбосарлари Вазир томонидан лавозимидан озод этилади.

Агентликнинг хорижда ваколатхоналари бўлади. Ваколатхона раҳбари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Агентлик бошлиғи томонидан тайинланади.

Агентликнинг хориждаги ваколатхонаси раҳбарининг бир ойлик маоши миқдори тегишли мамлакатдаги Ўзбекистон Республикаси Элчиси бир ойлик маошининг 85 фоизи миқдорида белгиланади, ваколатхонанинг бошқа ходимлари меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдори элчихона ходимлари меҳнатига тўланадиган тегишли ҳақ миқдорининг 85 фоизи миқдорида белгиланади.


33. Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази (кейинги ўринларда Илмий марказ деб аталади) давлат муассасаси шаклидаги ташкилот ҳисобланади.

Илмий марказга Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Илмий марказ директори раҳбарлик қилади.

Илмий марказ директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


34. Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курслари (кейинги ўринларда Республика курслари деб аталади) давлат муассасаси шаклидаги ташкилот ҳисобланади.

Республика курсларига Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Республика курслари директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Тошкент шаҳар Сергели тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Республика курсларининг ўқув-амалий базаси ҳисобланади.

Республика курсларида, шу жумладан Тошкент шаҳридаги Сергели тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказидаги ўқув-амалий базада меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Малака ошириш ўқув курсларини молиялаштириш йўналишлари ва ҳажмлари, шунингдек малака оширишга жалб қилинган меҳнат органлари ходимлари сони Вазирлик томонидан белгиланади, бунда бир ўқув гуруҳидаги тингловчилар сони 20 кишидан ошиши мумкин эмас.


35. Тошкент шаҳрида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига (кейинги ўринларда Касбга ўқитиш маркази деб аталади) Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Касбга ўқитиш маркази директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Касбга ўқитиш маркази давлат муассасаси шаклидаги ташкилот ҳисобланади.


36. Малакани баҳолаш марказига (кейинги ўринларда МБМ деб аталади) Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

МБМ масъулияти чекланган жамият шаклидаги ташкилот ҳисобланади. Вазирлик МБМ таъсисчиси ҳисобланади.

МБМ директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


37. Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази" МЧЖ (кейинги ўринларда - Лойиҳаларни бошқариш маркази). Лойиҳаларни бошқариш марказига Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Лойиҳаларни бошқариш маркази директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Лойиҳаларни бошқариш маркази масъулияти чекланган жамият шаклидаги ташкилот ҳисобланади (таъсисчиси - Вазирлик).

38. Тошкент ва Фарғона шаҳарларида жойлашган ногиронлиги бўлган шахслар учун республика ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган коллежлар деб аталади) давлат муассасалари ҳисобланади.

Ихтисослаштирилган коллежларга Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Ихтисослаштирилган коллеж директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


39. Касб-ҳунар коллежлари давлат муассасалари ҳисобланади.

Касб-ҳунар коллежларига Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган коллеж директори раҳбарлик қилади.

Касб-ҳунар коллеж директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


40. Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи "Ишга марҳамат" мономаркази (кейинги ўринларда - "Ишга марҳамат" мономаркази) давлат муассасаси ҳисобланади.

Вазирлик "Ишга марҳамат" мономарказининг таъсисчиси ҳисобланади.

"Ишга марҳамат" мономарказига Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Мономарказ директори раҳбарлик қилади.

"Ишга марҳамат" мономаркази директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

"Ишга марҳамат" мономаркази фаолияти Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, хўжалик фаолияти натижасида тушган маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

41. Ўзбекистон-Малайзия касб-ҳунар таълими маркази (кейинги ўринларда Ўзбекистон-Малайзия маркази деб аталади) масъулияти чекланган жамият шаклидаги ташкилот ҳисобланади. Вазирлик ва хорижий ҳамкор Ўзбекистон-Малайзия марказининг таъсисчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон-Малайзия марказига хорижий ҳамкор билан келишилган ҳолда Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Ўзбекистон-Малайзия маркази директорининг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


42. Олий юридик маълумотга эга Давлат меҳнат Инспекциясининг Давлат меҳнат инспекторлари давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларига тенглаштирилади, уларга адлия органлари ходимларига бериладиган мансаб даражалари татбиқ этилади.


43. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосарлари, шунингдек, Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат ҳайъат тузилади.

Ҳайъатнинг сони ва шахсий таркиби Вазир тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

бандлик ва меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда Вазирлик фаолиятининг қонунчиликда белгиланган асосий йўналишларини танқидий кўриб чиқиш;

қонунчилик ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида ва Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича Вазирлик ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарларининг шахсий масъулиятини оширишга доир аниқ чоралар кўрган ҳолда, қуйи ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб боришни ташкил қилиш;

аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий ва тармоқ дастурлари, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишга оид Давлат дастурини, жумладан меҳнат бозорини тартибга солиш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир тадбирларнинг бажарилиши самарадорлигини ҳар чоракда ва тизимли равишда кўриб чиқиш;

ижро интизоми даражасини ошириш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналаридан тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари бажарилиши юзасидан самарали назоратни таъминлаш, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги энг зарур муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

Ҳайъатнинг кенгайтирилган кўчма мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, бандлик, меҳнат бозори, меҳнат муносабатлари ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларнинг жойларда муҳокама этилишини таъминлаш, шунингдек юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жойлаштириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларини кўриб чиқиш.

Ҳайъат шунингдек Вазирлик ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақли.

Ҳайъат мажлисларига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат, агар унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Вазир пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.



7-БОБ. ВАЗИРЛИК ТИЗИМИ

ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНЛАШ ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


44. Вазирлик тизими ходимларини моддий рағбатлантириш ва меҳнатига ҳақ тўлаш бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Вазир бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ўз фаолиятида самарадорликнинг энг юқори кўрсаткичларини таъминлаётган меҳнат органлари ходимларига уларнинг лавозим маошининг икки баравари миқдорида шахсий устамалар белгилашга ҳақли. Шахсий устамалар миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлашга оид Ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентлари билан бир қаторда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан шахсий устамалар, шунингдек бюджетдан молиялаштириладиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат хизматчилари лавозим маошларига 40 фоизлик қўшимча (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) лавозим маоши ҳисоб-китобига киритилади.

Вазир Меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига ҳудудий ва идора бўйсунувидаги ташкилотларга, шу жумладан Вазирлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари жамғармаларга иш ҳақига устамаларни молиялаштириш учун маблағлар ажратишга ҳақли.


45. Вазирлик тизимига кирадиган меҳнат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий рағбатлантирилади.

Ўз функционал мажбуриятларини самарали бажараётган, Вазирлик олдига қўйилган вазифаларга эришишга салмоқли ҳисса қўшган Вазирликнинг юксак профессионал, ташаббускор ходимларига уй-жой ва автотранспорт воситаларини харид қилиш учун кредитларни расмийлаштиришда дастлабки бадални тўлаш учун Меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарзлар тақдим этилиши мумкин.

Фоизсиз қарзлар Вазирлик ва ходим ўртасидаги қарз битими тузиш ва қарзни узиш жадвалини тасдиқлаш орқали Вазирлик ҳайъати қарори асосида берилади. Уй-жой харид қилиш учун кредитлар бўйича дастлабки бадални тўлашга қарз 10 йилгача, автотранспорт воситаларини харид қилиш учун кредитлар бўйича дастлабки бадални тўлашга қарз 5 йилгача берилади.

Тақдим этиладиган қарз суммаси кредит бўйича харид қилинадиган уй-жой ёки автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизидан ошмаслиги керак. Қарз учинчи шахснинг кафиллиги асосида тақдим этилади, кафиллик шартномасини нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди. Тасдиқланган жадвалга мувофиқ қарз тўланмаса, тўлов суммаси белгиланган тартибда қарз битими шартларига мувофиқ ундириб олинади.

Меҳнат органларида ходимнинг меҳнат фаолиятини рағбатлантириш тугатилса, тўланмаган қарз қолдиғи бир ой муддатда Вазирликка тўлиқ қайтарилиши керак.


46. туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ишга жойлаштириш бўйича инспекторларининг (ишлаб чиқариш ходимининг) штатлари сони Вазирлик ҳайъати томонидан ишга жойлаштириш бўйича 1 нафар инспекторга 15,2 минг нафар меҳнат ресурсини ҳисоблаб чиққан ҳолда белгиланади. Инспекторлар туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тегишли секторларининг ходимлари ҳисобланади.


47. Меҳнат бозори ва меҳнат миграциясини таҳлил қилиш йиғма ахборот-таҳлил департаменти бошлиғининг ҳамда Вазирлик марказий аппарати Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разряди вазир ўринбосари разрядидан 5 фоизга камайтирилган миқдорда белгиланади.


48. Вазирлик ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар, рағбатлантирувчи тўловлардан иборат бўлади.


49. Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий меҳнат органларининг барча ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат бошқаруви органларида кўп йиллик меҳнати учун қуйидаги ҳажмларда (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига белгиланган коэффициентларда) ҳар ойда мукофот пули тўланади: 3 йилдан 5 йилгача - 0,2; 5 йилдан 10 йилгача - 0,4; 10 йилдан 15 йилгача - 0,6; 15 йилдан юқори - 0,8.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 31 декабрь













































Время: 0.0078
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск