ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Умумий қоидалар /

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини яратиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.12.2018 й. 1066-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 декабрдаги

1066-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза

қилиш хизматини яратиш ва фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш тартибини белгилайди, улар фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган талабларни белгилайди, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


меҳнатни муҳофаза қилиш - меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизими;


меҳнат шароитлари - меҳнатни амалга ошириш чоғидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндиси;


касбга оид (касбий) хавф-хатар - зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири натижасида ходимнинг соғлиғи шикастланиши ёки меҳнат қобилияти йўқотилиши ёки вафот этиши эҳтимоли;


ишлаб чиқариш фаолияти - маҳсулот ишлаб чиқариш, хом ашёни қайта ишлаш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш чоғида амалга ошириладиган ҳаракатлар йиғиндиси;


меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари;


меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (кейинги ўринларда Хизмат деб аталади) - Хизмат раҳбари (бошлиғи) раҳбарлик қиладиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар штатидан ташкил топган ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмаси ёхуд ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш ва ушбу талаблар бажарилишини назорат қилиш мақсадида мажбурий тартибда тузиладиган ёки жорий этиладиган лавозим;


меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис - Хизмат ходими ёхуд ташкилотда Хизмат функцияларини амалга оширувчи шахс;


меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ - меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, ходимнинг функционал (лавозим) вазифаларига кирадиган ишни ёки иш берувчи томонидан топширилган бошқа ишни бажаришнинг хавфсиз услуб ва усуллари билан таништириш жараёни;


меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш - ходимларнинг меҳнат фаолияти жараёнида улар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича таълим дастурлари мазмунини ўзлаштиришга қаратилган таълим фаолиятини ташкил этиш жараёни;


меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари - шартнома асосида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар.


3. Иш берувчи ташкилотда Хизматни ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил этиши шарт.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Хизматни ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил этмаслик меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳисобланади.


4. Хизмат ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ нормативлар бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати, меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, меҳнатни муҳофаза қилиш шуъбаси шаклида тузилиши ёхуд битта меҳнатни муҳофаза қилиш муҳандиси штатидан иборат бўлиши мумкин.

Хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартириш ёки ташкилотининг бошқа таркибий бўлинмаларига қайта тақсимлаш мумкин эмас.

Хизмат бевосита ташкилот раҳбарига бўйсунади.


5. Ташкилотларда идоравий (тузилмавий, аъзолик, назорат остидаги) бўлинмалар сонини, фаолият хусусиятларини, касбга оид хавф-хатар даражасини ва ходимлар сонини ҳисобга олган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари (бошқармалар, бўлимлар, шўъбалар) ташкил этилади, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади ёхуд хизмат функцияларини бажариш махсус тайёргарликка эга ходимга юклатилади.

Бунда ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши ёки Хизмат функциялари махсус тайёргарликка эга бўлган ходимга юклатилиши меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда ушбу органлар ходимларининг тасдиқланган сонини, улар тузилмасига кирадиган ташкилотлар фаолиятининг хусусиятларини, касбга оид хавф-хатарни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


6. Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошираётган, ходимлар сони эллик кишидан кам бўлган ва касбга оид хавф-хатарнинг 1 - 4 (ичига олиб) даражаларига кирадиган ташкилотларда иш берувчининг қарорига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ташкил этилади ёки тегишли тайёргарликка эга бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.


7. Юридик шахсни ташкил этмаган холда ва қонунчиликка мувофиқ ходимларни ёллаб ўз фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек фермер хўжаликларида (қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш мавжуд бўлмаган шартларда) иш берувчининг қарорига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимлари жорий этилади ёки Хизматнинг функцияларини бажариш махсус тайёргарликка эга бўлган ходимга юклатилади.


8. Хизмат функцияларини амалга ошириш учун мазкур Низомнинг 6 ва 7-бандларида белгиланган ҳолларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари жалб қилиниши мумкин.


9. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда Хизматдан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Ташкилотларда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил қилиш ва фаолиятини амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


10. Хизмат ташкилотининг бошқа бўлинмалари, касаба уюшмалари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, юқори турувчи ташкилотнинг Хизмати (агар у мавжуд бўлса), меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органлари ва жамоатчилик назорати органлари билан ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланадиган йиллик режалар асосида ўз фаолиятини амалга оширади.

Янги тузилаётган ташкилотларда хизматлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни дастлабки тарзда ташкил этади ва меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси тизимини жорий этади.

Бўлимлар, цехлар, бюро, хизматлар ва бошқа мустақил бўлинмалар ташкилотдаги таркибий тузилмалар деб ҳисобланади.


11. Хизмат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.



2-БОБ. ХИЗМАТ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Қуйидагилар Хизматнинг асосий вазифалари ҳисобланди:

ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини таъминлаш бўйича ишларни ташкил этиш;

меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, жамоа шартнома ва битимлар, ташкилотнинг бошқа локал норматив ҳужжатларига ходимлар риоя этишини назорат қилиш;

ишлаб чиқаришда жароҳат олишнинг, касб касаллигига чалинишнинг ва ишлаб чиқариш омиллари билан изоҳланадиган касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишларини, шунингдек, меҳнат шароитларини яхшилаш ишларини ташкил этиш;

ташкилот раҳбари ва ходимларини меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича хабардор қилиш ва маслаҳат бериш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илғор тажриба ва илмий ишланмаларни жорий этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тарғиб қилиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ташкилот ходимларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тадбирларини амалга ошириш.


13. Хизмат ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини таъминлаш ишларини ташкил этиш соҳасида:

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар, касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари иштирокида тегишли бўлинмаларнинг вакиллари билан ҳамкорликда бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, машиналар ва механизмлар, мосламалар, ходимларни жамоавий ва якка тартибда ҳимоя қилиш воситаларини, санитария-техник қурилмалар ҳолатини, вентиляция тизимлари меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ ишлашини синайди, текширади;

ташкилотларда соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратишга доир ишлар шакллари ва усулларини такомиллаштиришни таъминлайди;

ташкилотнинг таркибий бўлинмалари билан биргаликда ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади, шунингдек, мазкур тадбирлар жорий этилишини ташкил этади;

тегишли муассасалар томонидан ишлаб чиқилган меҳнат хавфсизлиги стандартлари лойиҳаларини, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларини кўриб чиқади ва келишади;

2) меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, жамоа шартнома ва битимлар, ташкилотнинг бошқа локал норматив ҳужжатларига ходимлар риоя этишини назорат қилиш соҳасида:

қурилиши битказилган ёки реконструкция қилинган ишлаб чиқаришга мўлжалланган объектларни фойдаланишга топшириш учун қабул қилиш бўйича комиссияларнинг ишида, шунингдек, таъмирдан чиққан қурилмалар, агрегатлар, дастгоҳлар ва бошқа ускуналарни қабул қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилганини текшириш бўйича комиссиялар ишларида иштирок этади;

иш жойлари меҳнат шартлари бўйича аттестациядан ўз вақтида ўтказилишини назорат қилади;

ходимларни якка тартибда ҳимоя қилиш воситалари тўғри қўлланилишини текширади;

асбоб-ускуналар, машиналар ва механизмлар тегишли хизматлар томонидан ўз вақтида лозим даражада текширилишини ва техник кўрикдан ўтказилишини назорат қилади;

ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўз вақтида ўқитилиши, уларнинг билимлари текширилишини ва барча турдаги йўриқномалардан ўтказилишига риоя этилишини назорат қилади;

ташкилотнинг таркибий бўлинмаларида меҳнатни муҳофаза қилишга доир тадбирларни бажариш учун ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини сақлаш, бериш, тозалаш, кимёвий тозалаш, қуритиш, ёғсизлантириш ва таъмирлашни ташкил этишни назорат қилади;

жамоа шартномасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш" бўлимидаги тадбирлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича келишувлар, бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқарган сабабларни (Н-1 шакли ҳужжатидан) бартараф этилишини, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органлари кўрсатмалари, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга доир бошқа тадбирлар бажарилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилади;

қонун ҳужжатларда белгиланган муддатларга мувофиқ ҳужжатларни (Н-1 шаклидаги ҳужжатлар ва ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодисаларни текширишга доир бошқа ҳужжатларни, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш материалларини ва ҳоказоларни) сақлаш ташкил этилишини назорат қилади;

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички аудит ўтказади;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ташкилотдаги касб касалликлар текширилишини ва ҳисобга олинишини назорат қилиш;

ўз меҳнат мажбуриятларини бажараётганда олган жароҳати учун ходимга зарар ўз вақтида қопланишини назорат қилади;

ташкилотлар ва уларнинг таркибий бўлинмаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш бўйича ва бошқа назорат функцияларини амалга оширади;

3) ишлаб чиқаришда жароҳат олишнинг, касб касаллигига ва ишлаб чиқаришда орттириладиган касалликларга чалинишнинг олдини олиш ва меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш бўйича профилактик ишларни ўтказиш ва такомиллаштириш соҳасида:

ишлаб чиқаришда жароҳат олиш, касб касаллигига ва ишлаб чиқаришда орттириладиган бошқа касалликларга чалиниш ҳолатини таҳлил қилади ва сабабларини аниқлайди;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари параметрлари ўлчанишини ташкил этиш ва ўтказишда, асбоб-ускуналар, мосламаларнинг жароҳат етказиш хавфини баҳолашда бўлинмаларга кўмаклашади;

иш жойларидаги меҳнат шароитлари ҳолати, касб касалликларига чалиниш сабаблари ва муддатлари, шунингдек, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ходимларни иш берувчи номидан хабардор қилади;

бўлинмалар раҳбарлари ва ташкилотнинг бошқа хизматлари билан биргаликда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш, меҳнат шароитларини яхшилаш тадбирларини ишлаб чиқади ҳамда уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлайди, шунингдек, режалаштирилган тадбирларни бажариш бўйича ташкилий ёрдам кўрсатади;

бўлинмалар ва тегишли хизматлар раҳбарлари билан биргаликда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак бўлган касблар ва ишлар турларининг рўйхатини тузади;

ташкилотнинг ички аудитини ўтказиш тартибини ишлаб чиқади;

таркибий бўлинмаларнинг санитария-техник ҳолатини паспортлаштиришдан ўтказиш, меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш, меҳнатни муҳофаза қилиш комплекс режаларини ва санитария-соғломлаштириш тадбирларини ишлаб чиқиш ва бажариш ишларини ташкил этади, шунингдек, иш берувчи ва касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари ўртасида меҳнатни муҳофаза қилишга доир битимлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати мониторингини олиб боради ва у бўйича белгиланган шакллар ва тегишли муддатларда ҳисобот тузади;

ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллигига чалиниши натижасида ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарни тўланиши учун ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этади;

ташкилотдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текширишда иштирок этади;

4) ташкилот раҳбари ва ходимларини меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича хабардор қилиш ва маслаҳат бериш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илғор тажриба ва илмий ишланмаларни жорий этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тарғиб қилиш соҳасида:

хавфли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилишнинг мукаммалроқ усуллари, қурилмалари ва воситаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлайди ва ташкилот раҳбариятига тақдим этади;

меҳнат хавфсизлиги стандартлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илмий-амалий ишланмаларни жорий этишга доир ишларда иштирок этади;

ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларини, меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимини ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишда ташкилот бўлинмалари раҳбарларига услубий ёрдам кўрсатади;

5) меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ташкилот ходимларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тадбирларини амалга ошириш соҳасида:

ташкилот ходимларини меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқади;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш учун юбориладиган лавозимлар рўйхатларини шакллантиради;

барча ишга янги қабул қилинаётган, хизмат сафарига келган ходимларни ва ўқиш ёки амалиёт учун келган талабаларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича кириш йўриқномаларидан ўтказади;

аттестация ўтказувчи комиссиянинг ҳамда муҳандис-техник ходимларнинг билимини, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларини, хавфсизлик техникаси йўриқномаларини билишини текширувчи комиссиянинг ишида иштирок этади;

меҳнатни муҳофаза қилиш ишларига раҳбарлик қилади, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари тарғиб қилинишини ва кенг ёритилишини ташкил этади;

ташкилот таркибий бўлинмаларининг қоидалар, нормалар, плакатлар ва меҳнатни муҳофаза қилишга доир бошқа қўлланмалар билан таъминланишини ташкил этади, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ахборот стендларини жиҳозлашда услубий ёрдам кўрсатади;

ташкилотлар ходимларини меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалга киритилаётган янги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида хабардор қилади.


14. Хизмат ташкилотнинг ўзига хос фаолиятига ва ташкилот раҳбарияти топшириқларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.


15. Хизмат функциялари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.


16. Хизматга ушбу Низомда назарда тутилмаган функцияларни юклаш тақиқланади.



3-БОБ. ХИЗМАТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Хизмат ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ташкилотнинг ишлаб чиқариш, хизмат ва маиший биноларини монеликсиз бориб кўриш, ўз ваколати доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига доир ҳужжатларни ўрганиш;

ташкилотнинг барча таркибий бўлинмаларида меҳнат шароитларини ва меҳнатни муҳофаза қилинишини текшириш ҳамда бўлинмалар раҳбарларига, ташкилотнинг бошқа мансабдор шахсларига текширувларда аниқланган меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисида бажариш мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

бўлинмалар раҳбарларидан бундай турдаги ишни бажаришга рухсати бўлмаган, дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтмаган, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома берилмаган, ўз ишида тақдим этилган шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланмайдиган, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузадиган шахсларни ишдан четлатишни талаб қилиш;

ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган ёки аварияга олиб келиши мумкин бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилган ҳолларда машиналар, асбоб-ускуналар ва мосламалардан фойдаланишни тақиқлаш (тўхтатиб туриш), цехларда, участкаларда, иш жойларида ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиш, иш берувчини бу ҳақда огоҳлантириш. Бунда машиналардан, асбоб-ускуналардан қайтадан фойдаланишга ва ишлаб чиқаришни қайтадан бошлашга фақат ташкилотнинг раҳбари ёки бош муҳандиси Хизматнинг хулосаси асосида рухсат бериши мумкин;

ташкилот раҳбарияти билан келишган ҳолда бошқа таркибий бўлинмаларнинг тегишли мутахассисларини ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини текширишга жалб қилиш;

ташкилот таркибий бўлинмаларининг раҳбарларидан меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига доир зарур маълумот, ахборот ва материалларни сўраш ва олиш,меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларини бузган, хавфсиз меҳнат усулларини қўллашга доир йўриқномаларга риоя қилмаган шахслардан ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш бўйича фаол иш олиб борган айрим ходимларни рағбатлантириш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормалари, хавфсиз меҳнат усулларига доир йўриқномалар бузилишида айбдор бўлган шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш тўғрисида ташкилот раҳбариятига таклифлар киритиш;

ташкилотнинг таркибий бўлинмаларидан маълумотномалар, маълумотлар, ҳисоботлар ва ўз фаолиятини амалга ошириш ҳамда назорат функцияларини бажариш учун зарур бўлган бошқа ахборотлар тақдим этилишини талаб қилиш;

меҳнатни муҳофаза қилишни техник тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бузилиши юзасидан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиш.

Хизмат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Хизмат ходимлари:

ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни зарур тарзда ва самарали бажариши;

ташкилотда ва унинг тузилмасига кирадиган бўлинмаларда меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида раҳбариятга дарҳол хабар бериши;

ташкилотда Хизмат фаолиятига доир ҳужжатлар ва бошқа маълумотларни меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши;

белгиланган тартибда ва муддатларда малака ошириши ва аттестациядан ўтиши шарт.

Хизмат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



4-БОБ. ТАШКИЛОТ РАҲБАРИНИНГ ВА ХИЗМАТ

ХОДИМЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Иш берувчи (ташкилот раҳбари):

мазкур Низомда белгиланган ҳолларда ва тартибда Хизматни ташкил этиши;

Хизмат ходимлари ўз ваколатлари ва функцияларини бажариши учун зарур бўлган шароитларни яратиб бериши;

Хизмат ходимларининг иш жойларини алоҳида хонада ташкил этиши, иш хусусиятларини ҳисобга олиб, замонавий идора техникаси, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини тезкор назорат қилувчи зарур асбоблар, техник алоқа воситалари билан таъминлаши ва ташриф буюрувчиларни қабул қилиш учун жиҳозлаши;

Хизмат функцияларини амалга ошириш учун (ўқитиш, йўл-йўриқ бериш, семинарлар, маърузалар, кўргазмалар ўтказиш) меҳнатни муҳофаза қилишга оид зарур норматив-ҳуқуқий адабиётлар ва маълумотномалар билан жиҳозланган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хонасини ташкил этиши;

Хизмат ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари юзасидан мунтазам малака оширишини ва билимларини текширишни ташкил этиши;

қонун ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига мувофиқ ходимлар қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтишини таъминлаши, ўқиш даврида уларнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга жамоа келишуви, жамоа шартномаси ва бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланадиган миқдорда зарур маблағларни ажратиши мажбурдир.

Хизмат ходимлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида чиқимдор бўлмайдилар.


20. Хизматнинг бошлиғи:

Хизматга раҳбарлик қилади, хизматнинг ишини режалаштиради ва ташкил этади;

Хизмат ходимларининг лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқади;

Хизматга юкланган вазифалар ва функцияларининг самарали ҳамда сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир, ҳисобот тақдим этилиши учун жавоб беради;

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича таркибий бўлинмаларининг ишларни мувофиқлаштиради;

Хизмат ваколатига кирадиган масалалар юзасидан тақдим этилган ҳужжатлар, хатлар, таклифлар, аризаларни ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлайди;

Хизматга кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ўрнак кўрсатган ходимларни рағбатлантириш ёки ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида иш берувчига таклифлар тақдим этади;

меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларига меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича маълумот, ахборот, материаллар тақдим этилишини таъминлайди.



5-БОБ. ХИЗМАТ РАҲБАРИГА ВА МУТАХАССИСЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


21. Хизмат тузилмаси ва Хизмат ходимларининг сони ташкилотда ишлаётган ходимларнинг сони, меҳнат шароитлари хусусияти, касбга оид хавф-хатар синфи ва бошқа омилларга қараб ташкилот раҳбари томонидан мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ белгиланиши лозим.


22. Хизмат бошлиғи лавозимига олий муҳандислик-техник маълумотга, ихтисослиги бўйича камида уч йиллик иш стажига ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис малака сертификатига эга бўлган шахслар тайинланади.

Республика даражасидаги ташкилотларнинг Хизмат бошлиғи (меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича муҳандислар), меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот беради.


23. Хизмат бошлиғи лавозимига (кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари) олий муҳандислик-техник маълумотга, ихтисослиги бўйича камида уч йиллик иш стажига ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис малакаси сертификатига эга шахс тайинланади.

Хизмат бошлиғи, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари, ҳудудий даражадаги ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича муҳандиси ҳудудий бандлик органлари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, ҳудудий бандлик бошқармасига ҳисобот беради.


24. Хизмат мутахассислари ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимига (лавозим жорий этилганда) иш стажидан қатъи назар олий муҳандислик-техник маълумотга эга шахслар тайинланади.

Ҳудудий даражадаги Хизматнинг мутахассислари ҳудудий бандлик органлари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


25. Хизмат ходими лавозимига қабул қилишда номзод билан суҳбат ўтказилади.

Номзод билан суҳбат ташкилотнинг бевосита раҳбари томонидан имзоланган тақдимнома бўлса, ўн иш куни мобайнида ўтказилади.


26. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида суҳбат ушбу соҳага жавобгар вазир ўринбосари, давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари - меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори, меҳнат шароитлари бўйича бош давлат эксперти томонидан ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари, давлат меҳнат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари - меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори томонидан ўтказилади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаларида суҳбат бошқарма бошлиғи, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, давлат меҳнат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари - меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори томонидан ўтказилади.


27. Суҳбат якунлари бўйича масъул орган уч иш куни мобайнида номзод суҳбатдан ўтгани ёки ўта олмагани ҳақида ташкилотни хабардор қилади.


28. Ушбу Низомнинг 22 - 24-бандларида кўрсатилган шахслар лавозимга тайинланса, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика меҳнат органлари малакасини ошириш курсларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрланиши ёки малакаси оширилиши керак.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотларнинг Хизмати ходимлари уч йилда камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика меҳнат органлари малакасини ошириш курсларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширади.


29. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларнинг Хизмати ходими сифатидаги иш стажи бошқа органларга ёки ташкилотларга ишга ўтганида профессионаллик тоифаси учун устамалар ва узоқ муддат узлуксиз хизмати учун қўшимча ҳақлар ёзиш ва тўлаш учун иш стажига ёзилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


30. Хизмат ходимлари ўз вазифалари ва функцияларини бажармаганлиги ёки зарур тарзда бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


31. Хизмат мутахассислари барчанинг манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоат бирлашмаларини ташкил этиши мумкин.


32. Ушбу Низом талабларига риоя этилиши устидан назорат қилиш меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.


33. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий органлари ўз ваколати доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан ушбу Низом ва хизматларнинг фаолиятини тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этишга қаратилган чоралар кўради.






Низомга

1-ИЛОВА



Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза

қилиш хизматлари сони

НОРМАТИВЛАРИ

Т/р

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати номлари


Белгиланган штат бирлиги


1.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати


9 ва ундан ортиқ киши*

2.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси


6 - 8

3.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими


4 ёки 5

4.

Меҳнатни муҳофаза қилиш шуъбаси


3

5.

Меҳнатни муҳофаза қилиш муҳандиси


1

       

*) Ходимлар сонининг ҳар бир қўшимча 50 та штат бирлиги учун 1 нафар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис қўшимча киритилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Ташкилот меҳнатни муҳофаза қилиш

хизматининг тавсия этилган

ТУЗИЛМАСИ

Т/р

Ташкилот

ходимларининг

рўйхатдаги ўртача

сони


касбий таваккалчилик даражалари бўйича*


1-даража


2-даражадан

10-даражагача


10-даражадан

15-даражагача


15-даражадан

20-даражагача

(шу жумладан,

20-даража)


1.

Ходимлар сони

50 кишидан кам


Ташкилот раҳбарларидан бирига юкланади

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади


2.

Ходимлар сони

51 кишидан 100 кишигача


Ташкилот раҳбарларидан бирига юкланади

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади


Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими ташкил этилади


3.

Ходимлар сони

101 кишидан 500 кишигача


Ташкилот раҳбарларидан бирига юкланади

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади


Меҳнатни муҳофаза қилиш шуъбаси тузилади


Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси ташкил этилади


4.

Ходимлар сони

501 киши ва ундан ортиқ


Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади


Меҳнатни муҳофаза қилиш шуъбаси тузилади


Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси ташкил этилади


Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимлари ва шуъбаларидан иборат Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади.


      

*) Касбий хавф даражалари Вазирлар Маҳкамасининг "Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида" 2009 йил 24 июндаги қарорига мувофиқ белгиланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 31 декабрь
















































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск