язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Медиаторларни тайёрлаш Дастури (АВ томонидан 31.01.2019 й. 3134-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 31.01.2019 й. 54-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 31 январда 3134-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2019 йил 31 январдаги

54-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Медиаторларни тайёрлаш

ДАСТУРИ


Муқаддима

1-боб. Умумий қоидалар

2-боб. Махсус ўқув курсларини ташкил этиш

3-боб. Якуний қоида

Илова. Медиаторларни тайёрлаш бўйича махсус ўқув

курсини тугатганлиги тўғрисидаги намунавий сертификат



Мазкур Дастур Ўзбекистон Республикаси "Медиация тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабатлари, якка меҳнат низолари ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш учун медиаторларни тайёрлаш, уларда музокаралар олиб бориш технологияси, стресс ҳолати ва келишмовчиликларни бошқариш, медиация тартиб-таомили ҳақида таянч билимлар бериш, низоларни ҳал қилиш бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришдир.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) томонидан ташкил этилади.


2. Махсус ўқув курсларида таълим олиш кундузги шаклда шартнома асосида бир ойдан кам бўлмаган муддат давомида амалга оширилади.


3. Махсус ўқув курслари ўқиш учун фуқаролар ариза билан Марказга мурожаат қиладилар.


4. Махсус ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга ушбу Дастурнинг иловасида белгиланган шаклга мувофиқ сертификат берилади.



2-БОБ. МАХСУС ЎҚУВ КУРСЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Махсус ўқув курсларидаги ўқув жараёни, қоида тариқасида, 15 нафар тингловчи шаклланган академик гуруҳларда ташкил этилади.


6. Медиаторларни тайёрлаш дастури "Медиация. Таянч курси" ва "Медиацияни қўллаш хусусиятлари" ўқув дастурларидан иборат бўлади.


7. "Медиация. Таянч курси" ўқув дастури қуйидаги модуллар асосида ташкил этилади.

Т/р

Ўқув модуллари


1.

Ўзбекистон Республикасида сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар. Қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаш масалалари.


2.

Медиация ишини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари. Медиаторлар фаолиятининг асосий йўналишлари ва усуллари.


3.

Халқаро-ҳуқуқий стандартлар ва инсон ҳуқуқлари.


4.

Медиатор касб этикаси ва психология.


"Медиация. Медиацияни қўллаш хусусиятлари" ўқув дастури қуйидаги модуллар асосида ташкил этилади.

Т/р

Ўқув модуллари


1.

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда медиация.


2.

Якка меҳнат ҳуқуқий муносабатларда медиация.


3.

Оилавий ҳуқуқий муносабатларда медиация.


8. Тингловчилар "Медиация. Таянч курси" ўқув дастурини тўлиқ ҳамда танлов асосида "Медиация. Медиацияни қўллаш хусусиятлари" ўқув дастури бўйича учта модулдан камида биттасини ўзлаштиришлари шарт.

Бунда медиаторларни тайёрлаш махсус ўқув курсини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатда тингловчиларнинг "Медиация. Медиацияни қўллаш хусусиятлари" ўқув дастури бўйича ўзлаштирган модули ҳамда ихтисослиги акс этиши лозим.


9. Ўқув жараёнида ўқув машғулотлари маъруза, семинар ва амалий машғулот шаклида ташкил этилади.

Амалий машғулотлар тингловчиларда муаммоли вазиятларда қонун ҳужжатлари билан ишлаш малакасини ривожлантиришга йўналтирилади.

Ўқув жараёнида клиник таълим, низоли жараёнларнинг имитацияси, сайёр машғулотлар ҳамда мустақил таълим қўлланилиши мумкин.


10. Ўқув жараёнида дарс машғулотларини ташкил этишнинг амалиётга йўналтирилган замонавий шакллари - муаммоли вазиятларни ҳал этиш (кейс-стади), жамоада ишлаш ("ақлий ҳужум" интерфаол услубини қўллаган ҳолда ва ҳ.к.), ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш, ҳуқуқни қўллаш ҳужжатлари лойиҳаларини тузиш кўникмаларини ривожлантириш машқлари ва бошқалар қўлланилади.


11. Тингловчилар ўқиш даврида электрон шаклдаги ўқув-методик материаллар билан таъминланади.


12. Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда махсус ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилиши мумкин.


13. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда махсус ўқув курсидан четлаштирилади:

ўз хоҳишига кўра;

вафоти муносабати билан;

дарс машғулотларини сабабсиз 10 академик соатдан ортиқ қолдирганда;

ўқув режасидаги модулларни ўзлаштирмаганда;

Марказ ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузганда.

Тингловчилар дарс машғулотларини сабабсиз қолдирганлиги, ўқув дастуридаги модулларни ўзлаштирмаганлиги ёки Марказнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги сабабли тингловчилар сафидан чиқарилган тақдирда, мазкур тингловчи учун амалга оширилган тўлов миқдори қайтарилмайди.


14. Якуний имтиҳон тингловчининг билим ва кўникмаларини икки хил йўл билан баҳолашни ўз ичига олади:

назарий билимлар - оғзаки ёки ёзма шаклда имтиҳон олиш йўли билан;

амалий кўникмалар - низоли масалаларни медиация жараёнлари имитацияси натижалари бўйича.


15. Махсус ўқув курслари тингловчиларини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун Марказда тегишли соҳаларнинг илғор мутахассислари орасидан тасдиқланадиган уч нафардан иборат таркибдаги комиссия шакллантирилади.

Тингловчилар билими ва ўзлаштириш даражаси 100 баллик тизимда баҳоланади.

Тингловчи белгиланган максимал баллнинг 56 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаганда махсус ўқув курсларини ўзлаштирган ҳисобланади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


16. Мазкур Дастур талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.






Дастурга

ИЛОВА



Медиаторларни тайёрлаш бўйича махсус ўқув

курсини тугатганлиги тўғрисидаги намунавий

СЕРТИФИКАТ

(тавсифи)


Сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босиб чиқарилади.

Сертификатда лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI ADLIYA VAZIRLIGI. Mediatorlarni tayyorlash maxsus o`quv kursini tugatganligi to`grisidagi SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи - МT ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ ГЕРБИНИНГ ТАСВИРИ


O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI ADLIYA VAZIRLIGI


Mediatorlarni tayyorlash maxsus o`quv

kursini tugatganligi to`grisidagi


SERTIFIKAT

MT N 000000

          

(Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

YURISTLAR MALAKASINI OSНIRISН MARKAZIDA


soatga mo`ljallangan

       

(o`quv kursning nomi)

         

        

(ixtisosligi)

muvaffaqiyatli tamomladi.

Muhr o`rni


Direktor


    

   



(imzo) (F.I.O.)


Sana



    

   


Qayd raqami N


  


    

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 4 февраль, 5-сон, 93-модда