язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.02.2019 й. 81-сон "Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида цемент заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.02.2019 й.

N 81



ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИНИНГ

ЗАФАРОБОД ТУМАНИДА ЦЕМЕНТ

ЗАВОДИ ҚУРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ички ва ташқи бозорларда барқарор талаби бўлган замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришни таъминлаш ҳамда Жиззах вилоятида янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018-2019 йилларда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3874-сон қарорига мувофиқ "Нuaxin Cement" Co LTD (XXP) компанияси (кейинги ўринларда инвестор деб аталади) томонидан умумий қиймати 150,0 млн АҚШ долларилик бир йилда 1,2 млн тонна портландцемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган цемент заводи (кейинги ўринларда инвестиция лойиҳаси деб аталади) қурилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида "Нuaxin Cement" Co LTD (XXP) компанияси томонидан масъулияти чекланган жамият шаклида "Нuaxin Cement Jizzakh" хорижий корхона ташкил этилган.


2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

бир ой муддатда инвестор билан инвестиция шартномаси белгиланган тартибда тузилишини таъминласин, унда инвесторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, инвестициялар ҳажмини, ташкил этиладиган иш ўринларининг режалаштириладиган сонини, инвесторга бериладиган имтиёзлар ва преференцияларпи ҳамда иловага* мувофиқ дастлабки техник-иқтисодий параметрларни ҳисобга олган ҳолда бошқа инвестиция мажбуриятларини ва ижтимоий мажбуриятларни назарда тутсин;

инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар инвестор томонидан бажарилиши юзасидан назоратни таъминласин.


3. Жиззах вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида цемент заводи қурилиши учун Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани ҳудудида 81 га қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер участкаси ажратилишини таъминласин.


4. "Нuaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХКга инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишларини 2019 йил 1 июлгача муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларини бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқиш билан амалга оширишга истисно тариқасида рухсат берилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АЖ қурилаётган цемент заводи ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникацияларига уланишида "Нuaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХКга зарур ёрдам берсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси истисно тариқасида "Нuaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХКга норуда фойдали қазилмалар мавжуд бўлган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига, шу жумладан, Фориш конида глина қазиш ва Жиззах вилоятида жойлашган Шарқий Учқўрғон конида оҳактош қазиш учун тўғридан-тўғри музокаралар асосида лицензиялар берилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши сифати устидан зарур давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инвестиция лойиҳаси давлат экология экспертизасидан ўтказилишини ва уни амалга оширишда табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан зарур назоратни белгиланган тартибда таъминласин.


9. "Нuaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХК инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

а) ишлаб чиқариш бошлангандан кейин 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини тўлашдан;

б) 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда:

"Нuaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХК ва унинг субпудрат ташкилотлари томонидан, шу жумладан, "ва1сгинча олиб кириш" божхона режимида белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, хомашё ва материаллар, машина ва механизмлар, махсус транспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи узеллар, приборлар ва инструментлар, техник ва лойиҳа ҳужжатлари божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно);

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

кўрсатиладиган хизматлар, четдан олиб келинадиган товарлар, материаллар, асбоб-ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, технологик жиҳозлар, транспорт воситалари приборлари, эҳтиёт қисмлар, инструментлар, ёқилғи-мойлаш материаллари Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларида лицензияланиши ва сертификатланишида йиғимлар, давлат божлари ва тўловлар тўлашдан;

республикада тегишли аккредитация қилинган синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда импорт қилинадиган материаллар, асбоб-ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, технологик жиҳозлар, приборлар, эҳтиёт қисмлар, инструментлар - мажбурий сертификатлаш тартиботидан озод қилинсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Нuaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХКнинг буюртманомалари бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан, зарурат бўлганда эса - Ислом Каримов номидаги Тошкент шаҳар халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Нuaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХКнинг буюртманомалари бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик кириш визалари давлат божи ундирилмасдан берилишини ва узайтирилишини, шунингдек, улар вақтинча яшаш жойи бўйича вақтинча прописка қилинишини ва вақтинча прописка узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Нuaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХКнинг буюртманомалари бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассислар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида мавжуд бўлмаган) Ўзбекистон Республикасига жалб этилишига рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, ушбу хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев ва Жиззах вилоятининг ҳокими Э.А. Салиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                           А. Арипов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 2 февраль