ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Атом энергетикаси /

2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 07.02.2019 й. ПҚ-4165-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 7 февралдаги

ПҚ-4165-сон қарорига

1-ИЛОВА



2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида

атом энергетикасини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


Жаҳон ҳамжамияти глобал энергетика эҳтиёжларини қаноатлантириш муаммосини ҳал этишни қайта тикланадиган энергия манбаларини (қуёш, шамол ва сув) ривожлантириш баробарида айни пайтда энергетика ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 11 фоизидан ошган атом энергетикасини ривожлантириш билан боғламоқда. Дунёнинг 5 давлати: Франция, Словакия, Украина, Венгрия ва Бельгияда атом энергияси электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг 40 фоиздан ортиғини таъминламоқда.

Атом энергияси экологик тоза энергия ҳисобланади. Атом электр станцияларида (кейинги ўринларда - АЭС) электр ва иссиқлик энергияси олишда кўмир, мазут, газда ишловчи анъанавий кўринишдаги иссиқлик электр станцияларидан фарқли ўлароқ азот оксиди, олтингугурт, углерод, кул каби атроф муҳитни ифлослантирувчи моддалар ҳосил бўлмайди.

Атом энергетикасини ривожлантиришнинг фойдасига хизмат қилувчи асосий иқтисодий омиллардан бири АЭСнинг, узайтириш имкони билан, 60 йилдан кам бўлмаган муддатни ташкил қилувчи бутун ишлаш даврида ишлаб чиқариладиган электр энергияси нархининг барқарорлигини кафолатлаш имконияти ҳисобланади.

Дунёнинг 31 давлатида атом энергиясидан фойдаланилмоқда ва уларда умумий қуввати қарийб 400 ГВт бўлган 450 дан ортиқ энергия блоклари фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги вақтда 60 та янги энергия блоклари бунёд этилмоқда ва улардан 39 таси Осиё минтақасига тўғри келади.

Республика иқтисодиётининг электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида (2030 йилга бориб 117 миллиард кВт/соат) 2018 йил 7 сентябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик тўғрисида битим тузилди.

Мазкур Битимда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар бирининг белгиланган қуввати 1,2 ГВт бўлган иккита энергия блокидан иборат, замонавий ва хавфсиз III+ авлод референт АЭС қуриш, шунингдек миллий ядро инфратузилмаси, хавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш, атом энергетикаси учун кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, ядро ёқилғисини етказиб бериш, ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисидан фойдаланиш масаласи юзасидан ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.



1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш Концепцияси атом энергетикаси соҳасида миллий сиёсатнинг асосий принциплари, атом энергетикасини ривожлантиришнинг мақсадлари ва устувор йўналишлари ҳамда уларни амалга ошириш бўйича тадбирлар, атом энергетикасини ривожлантиришнинг асосий хавф-хатарларини, молиялаштиришнинг прогноз манбалари, асосий тадбирларни амалга ошириш мониторинги ва назорат қилиш механизмини белгилайди.


2. 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш Концепциясининг тузилмавий схемаси ушбу Концепцияга иловада келтирилган.



2-БОБ. АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ СОҲАСИДАГИ

МИЛЛИЙ СИЁСАТНИНГ АСОСИЙ

ПРИНЦИПЛАРИ


3. Қуйидагилар атом энергетикаси соҳасидаги миллий сиёсатнинг асосий принциплари ҳисобланади:

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш;

одамлар ва атроф муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг потенциал зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш;

Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (кейинги ўринларда -МАГАТЭ) хавфсизлик талабларига риоя этиш;

ядро қуролини тарқатмаслик режимини таъминлаш.



3-БОБ. АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДЛАРИ ВА УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИ


4. Қуйидагилар 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

инфратузилмаси ривожланган миллий ядро энергетикасини ташкил қилиш, умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган АЭСни қуриш ва ундан хавфсиз фойдаланишни бошлаш орқали 2030 йилда мамлакатни ишончли, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан самарали ва экологик тоза электр энергияси манбаи билан таъминлаш;

атом илм-фани, технологиялари, ноэнергетик ядро технологиялар, малакали миллий кадрларни тайёрлаш орқали атом энергиясидан хавфсиз фойдаланиш инфратузилмасини таъминлаш.


5. Асосий мақсадларга эришиш учун қуйидаги асосий устувор йўналишларни амалга оширишни таъминлаш зарур:

миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг глобал ядро хавфсизлиги тартиботида иштирок этиши, АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот фаолиятини таъминлаш, атом энергетикасини тартибга солувчи асосларни яратиш, ядро энергетика дастурининг жамоатчилик учун шаффоф ва очиқлигини таъминлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш;

биринчи АЭСни қуриш, шу жумладан майдонни танлаш ва АЭСни лицензиялаш, АЭСни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш;

атом энергиясидан фойдаланишда атроф муҳит муҳофазасини ва аҳолини радиациявий ҳимоя қилишни таъминлаш;

хавфсиз ва иқтисодий самарали ядро ёқилғи циклини ташкил этиш, шу жумладан атом энергетикасини ядро ёқилғиси билан узоқ муддатга таъминлаш, ишлатиб бўлинган ёқилғидан хавфсиз фойдаланиш учун шароитлар яратиш, уни қайта ишлаш ва чиқиндиларни утилизация қилишни ташкил этиш.

атом энергетикасини узоқ муддатли ривожлантиришни таъминлаш, шу жумладан АЭСни қуриш ва ундан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш учун атом илм-фани ва технологияларини ривожлантириш, маҳаллий ташкилотлар томонидан лойиҳавий, конструкторлик, экологик ва бошқа билимлар ҳамда тажрибани ўрганиш, бўлажак АЭСларнинг референт технологияларини танлаш учун ядро технологияларининг ривожланиш йўналишларини ўрганиш.



4-БОБ. АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ХАВФЛАРИНИ

БАҲОЛАШ


6. Атом энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги мақсадларга эришиш қуйидаги асосий хавфларни бартараф этиш ёки камайтиришга боғлиқ:


а) макроиқтисодий хавфлар:

жаҳонда, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг ядро-энергетика дастурини молиялаштиришда иштирок этаётган мамлакатларда иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви;

Ўзбекистон Республикаси экспорт қиладиган асосий товарларга жаҳондаги нархларининг кескин ва узоқ муддатли пасайиши эҳтимоли билан боғлиқ ҳолда миллий иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви;

атом энергетикасини ривожлантириш лойиҳаларини, шу жумладан, миллий ядро инфратузилмасини ривожлантиришни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришнинг зарур ҳажмлари етарлича баҳоланмаганлиги.


б) ижтимоий хавфлар:

атом энергетикасининг ижтимоий мақбуллиги борасида аҳоли билан ишлаш етарлича ташкил қилинмаганлиги сабабли ижтимоий таранглик юзага келиши оқибатида ядро-энергетика дастурини тугатиш ёки тўхтатиб туриш;

АЭС учун танланган майдонни алмаштириш зарурати юзага келган ҳолатда кўзда тутилмаган харажатлар;


в) операция хавфлари:

қидирув ишлари давомида янги, аввал кутилмаган ман этувчи ёки хавфли, шу жумладан, экологик ва сувни муҳофаза қилиш билан боғлиқ омилларнинг аниқланиши сабабли танланган майдонни ўзгартириш зарурати туфайли кўзда тутилмаган харажатлар;

қонунчиликнинг бартараф этиб бўлмайдиган чекловлари;

АЭСнинг референт объект сифатидаги оптимал қийматини таъминлайдиган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлашнинг кечиктирилиши сабабли АЭСни қуриш қийматининг ошиши;

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот ва тартибга солувчи орган етарли даражада ривожланмаганлиги ва кадрлар салоҳиятининг пастлиги сабабли лицензиялаш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларининг кечикиши;

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилотнинг талаб этилган малакага эга эксплуатация ходимлари билан етарлича таъминланмаслиги сабабли АЭСни ишга туширишнинг кечикиши;

АЭС учун ускуналар етказиб бериш борасидаги жиддий қийинчиликлар;


г) сиёсий хавфлар:

пудратчилар, етказиб берувчилар, молия институтларига нисбатан халқаро санкциялар қўлланилиши.


7. Ядро-энергетика дастурини ривожлантириш хавфларини аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек хавфларни бартараф этиш ва улар таъсирининг олдини олиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш лойиҳа иштирокчиларининг муваффақиятли ишлаши учун муҳим омилдир.



5-БОБ. МОЛИЯЛАШТИРИШНИНГ

ПРОГНОЗ МАНБАЛАРИ


8. Қуввати 2,4 ГВт бўлган биринчи АЭС қурилишини Ўзбекистон Республикасининг ўз маблағлари ва Россия Федерациясининг давлат кредити ҳисобидан молиялаштириш.


9. АЭС ташқи инфратузилмаси объектларини қуришни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигининг Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси) маблағлари, инвесторлар маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқламаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш.


10. Миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, қисман Россия Федерациясининг давлат кредити маблағларидан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштириш.


11. Инсон ресурсларини ривожлантириш лойиҳаларини, шу жумладан, кадрлар тайёрлаш, малакали ходимларни танлаш ва сақлаб қолиш стратегиясини амалга оширишни Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, хорижий ташкилотлар грантлари ва Россия Федерацияси томонидан бепул ёки ядро инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари доирасида тақдим этиладиган ўқитиш хизматлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш.


12. Илмий ва технологик салоҳиятни ривожлантириш лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, хорижий ташкилотлар грантлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш.



6-БОБ. АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР


§ 1. Миллий ядро инфратузилмасини

ривожлантириш


13. Миллий ядро-энергетика дастурини муваффақиятли амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасида ядро инфратузилмасини қуйидаги асосий йўналишларда ривожлантириш назарда тутилади:


а) атом энергетикасини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асосларини шакллантириш:

Ўзбекистон Республикасининг "Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунини қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро конвенцияларга қўшилиши ёки уларнинг қоидаларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига имплементация қилиш;

референт АЭСдан четга чиқишлар билан боғлиқ чиқимларни камайтириш мақсадида ядро технологияларини етказиб берувчи мамлакатларнинг қонунчилиги айрим қоидаларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилиш имкониятларини ўрганиш;

халқаро шартномаларга мувофиқ атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида нормалар ва қоидалар қабул қилиш;

АЭСни лойиҳалаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган стандартлар, идоравий нормалар, регламентлар, йўриқномалар, низомлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш (имплементация қилиш, мослаштириш, ишлаб чиқиш);


б) Ўзбекистон Республикасининг ядро хавфсизлиги глобал режимида иштирокини таъминлаш:

АЭСдан фойдаланишда Ўзбекистон Республикасининг ядро-энергетика дастури манфаатларига дахл қилиши мумкин бўлган қўшни давлатлар билан мулоқотни ташкил этиш;

манфаатдор мамлакатлар, нуфузли хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш йўли билан хавфсизлик манфаатларида маслаҳатлашувларни таъминлаш;

хавфсизлик масалаларида маслаҳатлар олиш, эксплуатация қилишнинг халқаро тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, шунингдек олинган сабоқларни ҳисобга олиш учун МАГАТЭ билан ҳамкорликни амалга ошириш;

МАГАТЭ нормаларига риоя қилинишини таъминлаш ва МАГАТЭ хавфсизлиги нормалари негизида хавфсизлик масалалари, хавфсизлик масаласи бўйича олинадиган хизматлар сифатини халқаро кўриб чиқилишида иштирок этиш;

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилотнинг Бутунжаҳон атом электростанциялари операторлари ассоциациясига (WANO) кириши юзасидан чоралар кўриш;

АЭС қурилиши ва уни эксплуатация қилиш тажрибасини Ўзбекистон Республикасида қўллаш учун тўлиқ даражада ўрганиш зарур бўлган халқаро тармоқ ҳамжамиятларида иштирок этиш;


в) АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот фаолиятини таъминлаш:

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилотни ташкил этиш ва ривожлантириш;

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ядро хавфсизлиги, майдонларни ва барча пудратчиларни танлаш, лойиҳа ечимлари, қурилиш сифати, кейинчалик фойдаланиш, жавобгарликни молиявий таъминлаш ҳамда АЭСни қуриш ва эксплуатация қилишнинг бошқа муҳим жиҳатлари, шу жумладан, зарар учун жавобгарлигини белгилаш;

майдонга талаблар белгиланганидан бошлаб, АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилотнинг АЭС қурилиши жараёнидаги иштироки;


г) Атом энергетикасини тартибга солиш асосларини яратиш:

хавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш миллий органини узоқ муддатли ривожлантириш ва унга атом энергетикаси хавфсизлигини тартибга солиш соҳасида махсус ваколатлар бериш;

атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича ядро технологияларини етказиб берувчи давлатнинг тартибга солувчи талаблари, МАГАТЭ нормалари, халқаро ва хорижий тартибга солувчи ташкилотлар тажрибасига асосланган норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш;

атом энергетикаси хавфсизлигини тартибга солиш соҳасида қонунчилик талаблари ва МАГАТЭ нормаларига риоя этиш;

хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларнинг ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун етарли молиявий ресурслардан узоқ муддат фойдаланишини таъминлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш ва хавфсизлик экспертизаси соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш жараёнини такомиллаштириш;

радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назорати тизимини такомиллаштириш;

хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда ривожлантириш;

хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи миллий органларнинг атом энергетикаси хавфсизлигини тартибга солишга масъул бўлган халқаро ва хорижий ташкилотлар билан кенг ҳамкорлигини таъминлаш;

шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларни эксперт қўллаб-қувватлаш бўйича миллий секторни ривожлантириш;


д) ядро-энергетика дастурининг жамоатчилик учун очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш:

Россия Федерациясининг кўмагида Тошкент шаҳрида ва АЭС қуриладиган майдон жойлашадиган ҳудудда атом соҳасида ахборот марказларини очиш;

оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатларини ошириш;

Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини оммавийлаштириш соҳасида тизимли ишларни ташкил этиш ва мамлакат аҳолисини замонавий ядро-энергетика технологиялари, шунингдек уларнинг хавфсизлиги ва экологик софлиги тўғрисида хабардор қилиш;

атом энергетикасини ривожлантириш борасидаги қарорлар лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш;

ядро-энергетика технологиялари соҳасида халқаро конференциялар ва кўргазмалар ташкил қилиш ҳамда ўтказиш, шунингдек, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш;

атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида хорижий шериклар томонидан ўтказиладиган халқаро конференциялар, кўргазмалар, семинарларда иштирок этиш, ушбу майдонлардан аҳолига технологиялар хавфсизлиги тўғрисида маълумот етказиш учун ахборот манбаи сифатида фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги қошидаги АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот (кейинги ўринларда - "Ўзатом") ва хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органда уларнинг ўз оммавий ахборот воситаларини ташкил қилиш;

атом соҳасидаги халқаро ва хорижий ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган ҳамда атом энергетикаси соҳасида ошкораликка кўмаклашадиган халқаро маданий ва маърифий лойиҳаларда иштирок этиш;


е) малакали кадрлар билан таъминлаш:

ядро ва радиациявий хавфсизлик билан боғлиқ соҳаларда талаб этиладиган билимлар ва тажриба ҳамда зарур ходимлар сонини умумий аниқлаш;

ядро-энергетика дастурида иштирок этадиган барча ташкилотлар эҳтиёжларини қаноатлантириш учун етарли бўлган мутахассисларни жалб қилиш, ўқитиш ва сақлаш стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларини контракт туридан қатъи назар, хавфсизликни таъминлаш мажбуриятларига мувофиқ конструкциялар, тизимлар ва элементлар сифатини текшириш қобилиятига, ўз даражасида лицензиялаш жараёнини бошқаришга тайёрлашни ташкил этиш;

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилотда АЭСни радиация хавфсизлиги бўйича фойдаланишга тайёрлаш билан боғлиқ эҳтиёжлар, шу жумладан ўқитиш ва билимларни текшириш учун эксперт ресурслар мавжуд бўлишини таъминлаш;

АЭС ва ядро инфратузилмаси учун ходимларни тайёрлаш, шу жумладан мутахассисларнинг хорижий давлатларда стажировкадан ўтиш дастурларини ишлаб чиқиш;

ўзбек талабаларини хорижий олий таълим муассасаларида ўқитиш, шунингдек ўзбекистонлик мутахассисларни атом энергетикаси ва турдош соҳаларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун хорижий давлатларга юбориш;

"ММФИ" миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Самарқанд давлат университети ва бошқа таълим муассасаларида атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлаш учун тегишли ўқув йўналишларини очиш;

республика атом соҳасини давлат томонидан тартибга солувчи орган ходимларини тайёрлаш.



§ 2. Биринчи АЭСни қуришнинг

асосий босқичлари


14. Қуйидагилар биринчи АЭСни қуришнинг асосий босқичлари ҳисобланади:

АЭСни жойлаштириш учун майдон танлаш ва лицензиялаш (2019-2020 йиллар).

АЭС ва унинг ташқи инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш (2020-2022 йиллар).

АЭСни қуриш ҳамда ишга тушириш (2022-2030 йиллар).



§ 3. Атроф муҳит муҳофазаси ва радиация

ҳимоясини таъминлаш


15. Миллий ядро-энергетика дастурининг ривожлантирилиши муносабати билан атроф муҳит муҳофазаси ва радиация ҳимояси соҳасидаги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



§ 4. Хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарали

бўлган ядро ёқилғиси циклини ташкил қилиш


16. Хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарали бўлган ядро ёқилғиси циклини ташкил қилиш қуйидаги босқичлардан иборат:

уран рудасини қазиб олиш ва қайта ишлаш;

ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш учун мамлакатнинг уран қазиб олиш салоҳиятидан фойдаланиш;

янги ядро ёқилғисини харид қилиш;

ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси билан ишлаш;

ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисини қайта ишлаш учун олиб чиқиш ёки қимматбаҳо энергетик материал сифатида узоқ вақт сақлашни ташкил этиш;

ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси чиқиндиларини узоқ вақт сақлаш;

ядро ёқилғиси цикли чиқиндиларини бутунлай кўмиш.



§ 5. Атом энергетикасини узоқ муддатли

ривожлантиришни таъминлаш


17. Атом энергетикасини узоқ муддатли ривожлантиришни таъминлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

атом илм-фани ва ядро технологияларини ривожлантириш;

АЭСдан фойдаланиш миллий секторини ривожлантириш, шу жумладан, хорижий ва миллий инвестицияларни жалб қилиш, илмий-техник ҳамкорлик ва эксперт хизматлари кўрсатиш соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш;

келажакдаги АЭСлар референт технологиясини танлаш учун ядро технологияларининг дунё миқёсидаги ривожланиш жараёнларини ўрганиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун ноэнергетик ядро технологияларини ривожлантириш.



7-БОБ. ЧОРА-ТАДБИРЛАР АМАЛГА

ОШИРИЛИШИНИ МОНИТОРИНГ ВА

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


18. Концепцияда назарда тутилган тадбирлар амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш уч даражали назорат тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш орқали таъминланади.

1-даража - "Ўзатом" агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар ҳафтада тезкор ҳисобот бериши;

2-даража - Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ҳар ойда ҳисобот бериши;

3-даража - Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президентига ядро-энергетика дастурини ривожлантиришнинг стратегик ва долзарб йўналишлари бўйича ҳар чоракда ҳисобот бериши.






Концепцияга

ИЛОВА



2019-2029 йилларда Ўзбекистон атом энергетикасини

ривожлантириш концепциясининг тузилмавий

СХЕМАСИ

АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ СОҲАСИДА МИЛЛИЙ СИЁСАТНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

1. Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш.


2. Ионлаштирувчи нурланишнинг потенциал зарарли таъсиридан одамларни ҳимоя қилиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш.


3. Халқаро атом энергияси агентлигининг хавфсизлик талабларига риоя қилиш.


4. Ядро қуролини тарқатмаслик режимини таъминлаш.


АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИ

1. Ривожланган инфратузилмага эга бўлган миллий ядро энергетикасини яратиш йўли орқали 2030 йилда мамлакатни ишончли, хавфсиз, иқтисодий самарали ва экологик тоза электр энергияси манбаи билан таъминлаш ҳамда умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган АЭСни барпо этиш ва ундан хавфсиз фойдаланишни бошлаш.


2. Малакали миллий кадрлар тайёрлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасида атом фани, технологиялари, ядро ноэнергетик технологиялар барқарор ривожланишини, кадрлар салоҳиятини ва атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигининг тегишли миллий инфратузилмасини таъминлаш.

АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

1. Миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш.


2. Биринчи АЭСни барпо этиш.


3. Атом энергиясидан фойдаланишда атроф муҳит муҳофазасини ва одамларни радиациявий ҳимоя қилишни таъминлаш.


4. Хавфсиз ва иқтисодий самарали ядро ёқилғиси циклини ташкил этиш.


5. Атом энергетикасини узоқ муддатли ривожлантиришни таъминлаш.

АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ ХАВФ-ХАТАРИНИ БАҲОЛАШ

Макроиқтисодий:

жаҳон иқтисодий вазияти-нинг ёмонлашиши;

миллий иқтисодий вазият-нинг ёмонлашиши;

атом энергетикасини ривож-лантириш лойиҳаларини молиялаштиришнинг зарур ҳажмини етарлича баҳоламаслик.

Ижтимоий:

ядро-энергетика дастурининг тўхтатилиши ёки тўхтатиб қўйилиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий кескинлик;

ижтимоий кескинлик оқибатида АЭС учун танланган майдонлар алмаштирилган тақдирда олдиндан ҳисобга олинмаган харажатлар.

Операцион:

изланишлар давомида тақиқловчи ёки хавфли омиллар аниқланиши оқибатида олдиндан назарда тутилмаган харажатлар;

қонунчиликнинг енгиб бўлмайдиган чекловлари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш кечиктирилиши муносабати билан АЭС қурилиши қийматининг кўпайиши;

талаб этиладиган малакага эга бўлган ходимлар билан етарлича таъминланмаслик муносабати билан АЭСни лицензиялаш, лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш жараёнларининг кечикиши;

АЭС учун ускуналар етказиб беришдаги жиддий қийинчиликлар.

Сиёсий:

пудратчилар, етказиб берувчилар, молиявий институтларга нисбатан халқаро санкциялар қўлланилиши

АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ТАДБИРЛАР

1. Миллий ядро инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари:

атом энергетикасини ривожлантиришнинг қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикасининг глобал ядро хавфсизлиги режимидаги иштирокини таъминлаш;

АЭСдан фойдаланадиган ташкилот фаолиятини таъминлаш;

атом энергетикасининг тартибга солувчи асосини яратиш;

ядро-энергетика дастурининг шаффофлигини ва жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш;

малакали кадрлар билан таъминлаш.


2. АЭС қурилишининг асосий босқичлари:

майдонни танлаш ва АЭСни жойлаштиришни лицензиялаш;

АЭСни ва унинг ташқи инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш;

АЭСни ва унинг ташқи инфратузилма объектларини қуриш ва фойдаланишга топшириш.


3. Атроф муҳитни муҳофаза қилишни ва радиациявий ҳимояни таъминлаш:

атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги тадбирлар;

радиациявий ҳимоя соҳасидаги тадбирлар.


4. Хавфсиз ва иқтисодий самарали ядро ёқилғиси циклини таъминлаш:

уран рудасини қазиб олиш ва қайта ишлаш;

ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш учун уран қазиб олишнинг миллий салоҳиятидан фойдаланиш;

янги ядро ёқилғисини харид қилиш;

ишлатилган ядро ёқилғиси билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;

ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисини қайта ишлаш учун олиб чиқиш ёки уни узоқ муддат сақлашни ташкил этиш;

ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисини қайта ишлаш чиқиндиларини узоқ муддат сақлаш;

ядро-ёқилғи циклининг чиқиндиларини узил-кесил кўмиб ташлаш.


5. Атом энергетикасини узоқ муддат ривожлантиришни таъминлаш:

атом фанини ва ядро технологияларини ривожлантириш;

АЭСни ишлатишни қўллаб-қувватлашнинг миллий секторини ривожлантириш;

истиқболдаги АЭСларнинг референт технологияларини танлаш учун ядро технологияларининг жаҳон ривожланиши тенденцияларини ўрганиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун ноэнергетик ядро технологияларини ривожлантириш.

МОЛИЯЛАШТИРИШНИНГ ПРОГНОЗ ҚИЛИНАЁТГАН МАНБАЛАРИ

1. Россия Федерациясининг давлат кредити.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари.


3. Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари.

4. Инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар.


5. Чет эл ташкилотларининг грантлари.


6. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.


ТАДБИРЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ МОНИТОРИНГИ ВА НАЗОРАТИ

1-ДАРАЖА. "Ўзатом" агентлигининг Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳар ҳафтада тезкор ҳисобот бериши.

2-ДАРАЖА. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг Концепция амалга оширилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири олдида ҳар ойда ҳисобот бериши.

3-ДАРАЖА. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг атом энергетикасини тинчлик мақсадларида ривожлантиришнинг стратегик ва долзарб йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида ҳар чоракда ҳисобот бериши.

2030 ЙИЛДА ЭРИШИЛАДИГАН МАҚСАДЛАР

1. Ҳар бири 1,2 ГВт қувватга эга иккита энергоблокни фойдаланишга топшириш.


2. Республика энергетика тизимига ҳар йили 18,9 млрд. кВт. соат электр энергияси етказиб бериш.


3. Бевосита атом энергетикаси билан боғлиқ бўлган 2700 та янги иш ўринлари, шу жумладан, АЭСда 1900 та иш ўринлари ташкил этиш.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 8 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 февраль, 6-сон, 107-модда
























































Время: 0.1365
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск