язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Фуқаролик. Мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари/ Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепцияси (ЎзР Президентининг 05.02.2019 й. ПФ-5655-сон Фармонига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 5 февралдаги

ПФ-5655-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, асосий вазифалари, босқичларини белгилайди.


2. Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва у келгуси 10-30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда, расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.


3. Аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш:

республика даражасида;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида;

туманлар ва шаҳарлар даражасида амалга оширилади.



2-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ

МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умуман ва ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққослана оладиган ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғишдир.


5. Қуйидагилар аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳоли таркибидаги глобал ўзгаришларни баҳолаш, демографик сиёсатни, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар аҳволини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун ахборотлар базасини кенгайтириш;

аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурлар тайёрлаш ва индикатив режалаштириш;

миллий барқарор ривожланиш мақсадларини шакллантириш ва унинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказиш;

аҳолини рўйхатга олиш даврлари оралиғида аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини юритиш, аҳоли сонининг ҳисоби ва прогнозларини амалга ошириш учун статистик базани яратиш;

ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш.



3-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ

ЎТКАЗИШ БОСҚИЧЛАРИ


6. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича халқаро тавсиялар ва хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари уч босқични ўз ичига олиб, уларнинг доирасида тадбирлар ҳам босқичма-босқич, ҳам бир вақтнинг ўзида ўтказилиши мумкин:

Биринчи босқичда (3 йилга яқин даврда) қуйидагилар амалга оширилади:

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

аҳолини рўйхатга олиш дастурини, рўйхатга олиш варақалари бланкларини, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш услубиятини ишлаб чиқиш;

синов асосида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ва унинг асосида услубий ҳужжатларни такомиллаштириш;

хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режаларини тузиш;

замонавий хариталаш технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, унинг ўтказилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш;

ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш;

рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни чоп этиш;

моддий-техника таъминоти воситаларини тайёрлаш ва (ёки) харид қилиш, шунингдек, уларни рўйхатга олиш участкаларига етказиш;

рўйхатга олиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш;

рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимларни ўқитиш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишлар.

Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган даврда) бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.

Учинчи босқичда (2 йилдан 3 йилгача бўлган даврда) қуйидагилар амалга оширилади:

аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материалларни маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олиш;

аҳолини рўйхатга олиш материалларини автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрлаш;

бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаш, назорат қилиш ва таҳрирлаш;

аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижаларни олиш;

аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилиш ва тарқатиш.



4-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ

ИШТИРОКЧИЛАРИ


7. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, рўйхатга олиш ишларининг ўтказилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, рўйхатга олиш натижаларини таҳлил қилиш Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилиб, улар норматив-ҳуқуқий ва услубий ҳужжатлар асосида аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда тайёрлов тадбирларини ташкил этиш ва аҳолини рўйхатга олиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.


8. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат статистика қўмитаси деб юритилади) Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.


9. Давлат статистика қўмитаси:

а) муҳим илмий ва олий таълим муассасалари иштирокида аҳолини рўйхатга олиш бўйича илмий-услубий ва қўлланма материаллар тайёрлайди;

б) ҳар бир аҳоли пунктида аҳолини рўйхатга олишни мувофиқлаштирувчи рўйхатга олиш участкалари мудирларининг, давлат статистика органлари ходимлари орасидан супервайзерларнинг (назоратчи инструкторларнинг) тайинланишини таъминлайди;

в) туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда рўйхатга олувчи ходимларни ўқитишни, шунингдек, рўйхатга олиш варақаларини синов кўринишида тўлдириш бўйича амалий машғулотларни ташкил этади, кейинчалик хатоликларни таҳлил қилади ва юзага келган қийинчиликларни тушунтиради (ўқитиш ўрганилган материал тўғри ўзлаштирганлигини ва ўрганувчиларнинг ишга тайёрлик даражасини назорат қилиш билан якунланади);

г) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

моддий-техник воситаларни сотиб олиш, рўйхатга олиш натижаларини қайта ишлаш тузилмаларини машина ўқийдиган рўйхатга олиш варақаларини автоматик тарзда қайта ишлаш учун сервер ускуналари, сканерлар ва бошқа офис техникалари билан таъминлаш учун тендерлар ташкил этилишини ва ўтказилишини;

аҳолини рўйхатга олиш варақаларини киритиш ва қайта ишлаш бўйича автоматлаштирилган тизим яратилишини;

автоматлаштирилган тизимнинг шахслар ҳақида ахборот (СТИР, паспорт тизими ва ҳоказолар) олиш учун давлат органлари ахборот ресурслари билан интеграциясини;

аҳолини рўйхатга олиш натижаларини олиш бўйича дастурий воситалар тайёрланишини таъминлайди;

д) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ҳақида аҳолини (шу жумладан SMS-хабарнома орқали) хабардор қилиш ишларини мувофиқлаштиради (аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, шиорлар чиқариш ва бошқа шу каби тадбирларни амалга ошириш).


10. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси олдиндан ва Давлат статистика қўмитасининг талабномалари бўйича босқичма-босқич равишда белгиланган тартибда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари, маъмурий туманлар хариталари) тайёрланишини таъминлайди.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг махсус қатламларини рўйхатга олинишини таъминлайди.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатларини қайта ишлангандан сўнг доимий сақлаб туради.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик бинолар ажратилишини;

аҳолини рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ажратилишини;

зарур транспорт ва алоқа воситалари тақдим этилишини;

давлат кадастри ва давлат статистика органлари билан биргаликда доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхати тузилишини таъминлайди.


14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг хавфсизлигини ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини;

аҳолини рўйхатга олиш даврида аҳолини рўйхатга олишни ўтказувчи органларнинг бинолари ва юклари қўриқланишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказувчи органлар билан биргаликда зарур маълумотларни беришдан бош тортган ёки рўйхатга олувчиларнинг аҳолини рўйхатга олиш учун корхона ва ташкилотлар ҳудудига киришига тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан маъмурий таъсир чораларини кўради.


15. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича алоҳида ишлар товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш учун белгиланган тартибда ўтказилган савдолар асосида танлаб олинган жалб этилган пудрат ташкилотлари томонидан бажарилади, уларга қуйидагилар киради:

аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш;

картографик материалларни чоп этиш;

рўйхатга олиш ҳужжатларини чоп этиш;

моддий-техник таъминлаш;

рўйхатга олиш материалларини ташиш;

технологик-лойиҳа ишларини ўтказиш ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;

рўйхатга олиш варақалари маълумотларини киритиш ва автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш.


16. Зарур ҳолларда, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасидаги айрим ишлар ва тадбирларни бажаришга кўмаклашиш учун бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар қўшимча равишда жалб этилиши мумкин.



5-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ИШЛАРИГА

ЖАЛБ ЭТИЛАДИГАН ХОДИМЛАР ТОИФАЛАРИ


17. Республика миқёсида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимлари иштирок этади, ҳудудларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, материалларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш, дастлабки якунларни сарҳисоб қилиш ва натижаларни эълон қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар статистика бўлимлари ходимлари жалб этилади.

Алоҳида даврларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолини рўйхатга олишни молиявий ва моддий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун қўшимча равишда шартнома асосида штатда бўлмаган юқори малакали мутахассислар вақтинчалик жалб этилади.


18. Туман ва шаҳар миқёсида рўйхатга олиш, инструкторлик, ҳисоб ва стационар участкаларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун тўлов-шартнома асосида ходимлар жалб этилиши мумкин.


19. Регистраторлар шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги уйларнинг тайёргарлик босқичида аввал тузилган рўйхатларини ва картографик материалларни аниқлаш (аниқ ҳудуддаги уйларнинг ҳақиқатда мавжудлигини текшириш) учун тўлов-шартнома асосида жалб этилади.

Регистраторларни давлат статистикаси органлари ва уй-жой фондидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимлари орасидан танлаб олиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан давлат статистикасининг ҳудудий органлари билан биргаликда ташкил этилади.


20. Давлат статистикаси органлари ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори курс талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари орасидан рўйхатга олиш участкалари мудирлари, инструкторлар ва рўйхатга олувчиларни танлаб олиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан давлат статистикасининг ҳудудий органлари билан биргаликда шартнома асосида ташкил этилади, зарур ҳолларда, бошқа тоифадаги шахслар ҳам, улар аҳоли рўйхатини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва/ёки уни ўтказишда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, бу жараёнга жалб қилиниши мумкин.

Вақтинчалик жалб этиладиган ходимларга исмлари ёзилган нишонлар (гувоҳномалар) берилади.

Бунда ходимнинг яшаш жойи текширилаётган аҳоли пунктига қатнаш учун қулай бўлиши керак.



6-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ

ЖАРАЁНЛАРИНИ АВТОМАТЛАШТИРИШ


21. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг алоҳида босқичларини, унинг материалларини қайта ишлаш ва натижаларини эълон қилишнинг тўлиқ даврини автоматлаштириш мақсадида, зарур бўлганда, ташқи пудратчини жалб этган ҳолда, миллий ва хорижий тажрибани инобатга олиб, энг янги технологик ечимлар базасида комплекс автоматлаштирилган ахборот тизими яратилади.


22. Рўйхатга олиш варақаларидаги аҳоли тўғрисидаги шахсий маълумотлар фойдаланилиши чекланган махфий ахборот ҳисобланади, тарқатишга йўл қўйилмайди ва фақат статистик мақсадларда қайта ишланади.


23. Автоматлаштирилган ахборот тизими:

рўйхатга олиш варақаларидаги маълумотларни киритиш, тўплаш ва сақлашни;

маълумотларни қайта ишлаш, алмашиш жараёнларини ва ушбу жараённи услубий қўллаб-қувватлашни мониторинг қилишни;

манзиллар, маълумотномалар ва таснифлагичлар реестрида мавжуд бўлган маълумотларни актуал ҳолатда сақлашни;

регистраторлар учун картографик материалларни шакллантиришни;

аҳолини рўйхатга олиш бўйича ташкилий режа тузишни автоматлаштиришни;

аҳолини рўйхатга олишнинг шахсий маълумотларини автоматик қайта ишлашни;

шахсий маълумотларни рухсатсиз кириш, ўғирлаш, бузиш ёки йўқотишлардан ҳимоя қилишни;

маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш шарти билан қўшимча сўровларни шакллантириш учун шахсий бўлмаган маълумотлар базасига айрим тадқиқотчиларнинг белгиланган тартибда киришини;

аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидан фойдаланишни бошқаришни таъминлайди.



7-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ

ХАРАЖАТЛАРИНИ МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНЛАШ


24. Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.


25. Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва бошқа масъул идоралар ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.


26. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.



8-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА

ОЛИШ ЯКУНЛАРИ


27. Аҳолини рўйхатга олиш якунлари босқичма-босқич шакллантирилади, шу жумладан:

шаҳар ва қишлоқда рўйхатга олинган аҳоли (шу жумладан эркаклар ва аёллар) сони бўйича дастлабки натижалар рўйхатга олувчи ходимлар томонидан тайёрланган йиғма рўйхатлар натижалари асосида шаҳар ва қишлоқ аҳолисига ажратилган ҳолда тузилади;

якуний натижалар Аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилиш дастурига асосан мавзули навбат бўйича бирламчи маълумотлар базасидан махсус график бўйича шакллантирилади;

қўшимча натижалар эълон қилинган маълумотлар миқдоридан ортиқ ҳажмдаги фойдаланувчиларнинг сўровлари бўйича (сўровлар келиб тушишига кўра) маълумотлар базаси асосида шакллантирилади.


28. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари расмий босма мавзули нашрлар кўринишида, шунингдек, электрон манбаларда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида), фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун оммабоп нашрларда (рисолалар, пресс-релизлар, атласлар, тақдимот материалларида) эълон қилинади.


29. Қайта ишланган қоғоз кўринишидаги аҳолини рўйхатга олиш варақалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда марказлашган тарзда сақланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 февраль, 6-сон, 99-модда