язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.02.2019 й. ПҚ-4171-сон "Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.02.2019 й.

N ПҚ-4171



"РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ТАШҚИ ИШЛАР

ВАЗИРЛИГИНИНГ МОСКВА ДАВЛАТ ХАЛҚАРО

МУНОСАБАТЛАР ИНСТИТУТИ (УНИВЕРСИТЕТИ)"

ФЕДЕРАЛ ДАВЛАТ АВТОНОМ ОЛИЙ ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИНГ ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ

ФИЛИАЛИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Жаҳон сиёсати ва иқтисодиёти, халқаро муносабатлар ва дипломатия, халқаро ҳуқуқ ва ташқи савдо соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек Россия Федерацияси Президенти В.В. Путиннинг 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва "Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (кейинги ўринларда - бош муассаса) "Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалини (кейинги ўринларда - Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

халқаро майдонда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифода этадиган ва фаол илгари сурадиган, муҳим сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа вазифаларни ҳал қила оладиган, талаб кучли бўлган юқори малакали мутахассисларни олий таълим дастурлари бўйича тайёрлаш;

мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва илм-фаннинг узвийлиги ва узлуксизлиги тамойили, шунингдек унинг жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига уйғун интеграциясини таъминлаш асосида ривожлантириш;

халқаро сиёсий, дипломатик, ҳуқуқий, иқтисодий ва савдо муносабатлари соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги таълим дастурлари ва шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, замонавий юқори самарали педагогик услуб ва таълим технологияларини фаол жорий этиш;

таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (кейинги ўринларда - ЖИДУ) билан ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатларини қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва уни минтақавий таълим хаби сифатида танитиш.


3. Белгилансинки:

Филиал Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ бош муассасанинг алоҳида таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

Филиалда ўқув жараёни бакалавриат дастурлари бўйича тўрт йиллик ва магистратура дастурлари бўйича икки йиллик таълимни кўзда тутган бўлиб, асосан кундузги шаклда амалга оширилади;

Филиалда таълим Россия Федерацияси федерал таълим стандартларига мувофиқ бош муассаса томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва таълим дастурлари асосида рус ва инглиз тилларида олиб борилади;

барча даражадаги таълим дастурлари рус ва инглиз тилларидан ташқари қўшимча чет тилини ўқитишни кўзда тутади;

абитуриентларни қабул қилиш ва Филиал битирувчиларининг аттестацияси бош муассаса томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган бош муассасанинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.


4. Бош муассаса ва ЖИДУнинг 1-иловага мувофиқ таркибда Филиал Академик маслаҳат кенгашини тузиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин ҳамда унинг зиммасига ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот соҳалари, шунингдек Филиал ривожланишининг устувор йўналишлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси юклансин.


5. Бош муассаса:

ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш;

Филиал профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари малакасини, шу жумладан масофавий ўқитишни ташкил этиш орқали мунтазам ошириш ва қайта тайёрлаш;

Филиалнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек кутубхона фондини шакллантириш ва ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар, шу жумладан мультимедиа кўринишидаги замонавий адабиётлар билан бойитишда кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бош муассасанинг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Филиалда 2-иловага мувофиқ бакалавриат ва магистратуранинг истиқболли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


7. Белгилаб қуйилсинки:

қабул квотаси манфаатдор вазирлик ва идораларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда Филиал томонидан мустақил белгиланади;

Филиалда таълим тўлов-контракт, шу жумладан вазирлик, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг мақсадли буюртмалари асосида ташкил этилади;

кадрларни мақсадли буюртмалар асосида тайёрлаш, шу жумладан битирувчиларни келгусида иш билан таъминлаш шартлари абитуриент ҳамда вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги келишувларга мувофиқ белгиланади.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси, 47-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларни туташ ҳудуди билан бирга ЖИДУ балансига ўтказсин.

Филиал ва унинг бўлинмалари Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси, 47-уй манзилига беғараз фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.


9. Қуйидагилар:

Филиалнинг Васийлик кенгаши таркиби 3-иловага мувофиқ;

Филиални ташкил этиш бўйича Ташкилий комиссиянинг таркиби 4-иловага мувофиқ маъқуллансин.


10. Ташкилий комиссия (И.Т. Неъматов):

а) Филиал фаолиятини ташкил этиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар ишини мувофиқлаштиришни;

б) 2019 йил 1 августга қадар:

Филиалга ажратилаётган бино ва иншоотларни реконструкция қилишни;

Филиалга ажратилаётган бино ва иншоотларни замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва оргтехника, таълимнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарь, мебель ва бошқа моддий-техник воситалари билан жиҳозлашни;

Филиални танлов асосида ишга қабул қилинадиган юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдиришни таъминласин.


11. Белгилансинки:

Филиалнинг Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ҳамда шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, манфаатдор миллий ва халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган техник кўмак маблағлари (грантлар), шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

Филиалга ажратилаётган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, уларни замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва оргтехника, таълимнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарь, мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозланишини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида кўзда тутилган марказлаштирилган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

ўқув ва тадқиқот бўлинмаларини жойлаштириш, шунингдек Филиал талабалари ва ўқитувчилари яшаши учун ажратиладиган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш бўйича бош буюртмачи "Тошкентқурилишинвест" инжиниринг компанияси ҳисобланади.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

а) бош муассаса ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва Филиални белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;

юқори малакали профессор-ўқитувчилар, шу жумладан хорижий мутахассисларни таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил қилишга доимий асосда жалб этишни таъминласин;

б) Филиал буюртманомаларига асосан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва Филиалнинг маъмурият ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштириш;

в) ҳар йили Филиал битирувчи курсларининг иқтидорли талабаларига Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари, шунингдек халқаро ташкилотларда ўқув амалиётини ўташларига ҳар томонлама кўмаклашишни таъминласин.


13. 2022 йил 1 январга қадар Филиални жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун олиб келинадиган ускуналар, компьютер техникаси ва оргтехника, таълимнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКнинг ижобий хулосаси олинган тақдирда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Филиал буюртманомаларига кўра, Филиалнинг хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурият ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божини ундирмасдан кўп марталик визаларни бериш ва унинг муддатини узайтириш, шунингдек уларни вақтинчалик турар жойи бўйича вақтинчалик прописка қилиш ва муддатини узайтиришни белгиланган тартибда таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Филиал буюртманомаларига кўра, Филиал фаолиятини ташкил қилишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар бериш (узайтириш), шунингдек хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар беришни (узайтиришни) таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Ҳ. Комилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 11 февралдаги

ПҚ-4171-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг

Москва давлат халқаро муносабатлар институти

(университети)" Федерал давлат автоном олий

таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги

филиали Академик маслаҳат кенгашининг

ТАРКИБИ

Россия томонидан:


1. А.В. Мальгин

-

сиёсий фанлар номзоди, доцент, "Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг умумий масалалар бўйича проректори

2. Г.П. Толстопятенко

-

юридик фанлари доктори, "Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Халқаро ҳуқуқ факультети декани

3. Е.А. Козловская

-

иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент, "Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Одинцово филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари

4. Д.А. Крячков

-

филология фанлари номзоди, доцент, "Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси 1-сонли инглиз тили кафедраси мудири

5. Лавозимига кўра

-

"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали директорининг ўринбосари

Ўзбекистон томонидан:

     

1. М.Т. Бакоев

-

физика-математика фанлари номзоди, доцент, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ўқув ишлари бўйича проректори

2. М.Х. Рахманкулов

-

юридик фанлари доктори, профессор, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори

3. С.С. Саидкасимов

-

фалсафа фанлари доктори, профессор, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори

4. Ш.М. Абдуллаев

-

тарих фанлари доктори, профессор, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари

5. Лавозимига кўра

-

"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали директори

Изоҳ. Академик маслаҳат кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 11 февралдаги

ПҚ -4171-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг

Москва давлат халқаро муносабатлар институти

(университети)" Федерал давлат автоном олий таълим

муассасаси Тошкент шаҳридаги филиалида кадрлар

тайёрлашнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва

магистратура мутахассисликлари


I. Бакалавриат йўналишлари бўйича:


1. Бизнес-информатика.



II. Магистратура мутахассисликлари бўйича:


1. Ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тизимли таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш.


2. Халқаро хусусий, фуқаролик ҳуқуқи ва арбитраж.


3. Халқаро савдо ва молия ҳуқуқи.


4. Халқаро ташкилотлар учун синхрон таржимонлар тайёрлаш ва маданиятлараро коммуникация.



Изоҳ. "Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Тошкент шаҳридаги филиалининг Академик маслаҳат кенгаши тавсиясига кўра ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 11 февралдаги

ПҚ-4171-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг

Москва давлат халқаро муносабатлар институти

(университети)" Федерал давлат автоном олий

таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги

филиали Васийлик кенгашининг

ТАРКИБИ

1. А.Х. Комилов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири, Васийлик кенгаши раиси

2. А.А. Абдувахитов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

3. А.В. Торкунов

-

"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси ректори, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари (келишув асосида)

4. Ж.А. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири

5. Э.М. Ганиев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари

6. В.Л. Тюрденев

-

Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (келишув асосида)

7. Б.З. Асадов

-

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси

8. И.У. Маджидов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

9. Ш.М. Садиков

-

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

10. Ж.А. Артикходжаев

-

Тошкент шаҳар ҳокими

11. А.Ш. Бекмуродов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси директори в.б.

12. Лавозимига кўра

-

"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали директори, Васийлик кенгаши котиби


Изоҳ. Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 11 февралдаги

ПҚ-4171-сон қарорига

4-ИЛОВА



"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг

Москва давлат халқаро муносабатлар институти

(университети)" Федерал давлат автоном олий

таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги

филиалини ташкил этиш бўйича

Ташкилий комиссия

ТАРКИБИ

1. И.Т. Неъматов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Ташкилий комиссия раиси

2. И.У. Маджидов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

3. А.Я. Хайдаров

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари

4. О.К. Абдурахмонов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари

5. А.В. Мальгин

-

"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг умумий масалалар бўйича проректори

6. С.Н. Кривощапов

-

"Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Одинцово филиали комплекси бошқарувчиси


7. Д.А. Ҳидоятов

-

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари

8. М.Т. Бақоев

-

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ўқув ишлари бўйича проректори

   

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 18 февраль, 7-сон, 114-модда