ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Илмий-тадқиқот фаолияти /

Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.02.2019 й. 94-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 6 февралдаги

94-сон қарорига

ИЛОВА



Ноёб илмий объектларни аниқлаш,

уларни сақлаш ва мониторингини

олиб бориш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартибини белгилайди.


2. Илмий фаолиятни самарали йўлга қўйиш учун алоҳида аҳамиятга эга, мамлакатда ягона бўлган, илмий изланишларда фойдаланилаётган, тегишли соҳада мукаммал изланишлар олиб бориш имконини берадиган ҳамда мазкур Низомда белгиланган тартибда ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган илмий асбоб-ускуналар, нодир тўпламлар ва бошқа камёб объектлар ноёб илмий объект саналадилар.

3. Объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш (рўйхатдан чиқариш) ҳамда уларни молиялаштириш бўйича таклифларни ўз тасарруфида олий таълим ва илмий муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этадилар.


4. Ноёб илмий объектларни аниқлаш, тасдиқлаш ва уларни сақлаш мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ОБЪЕКТЛАРНИ НОЁБ ИЛМИЙ

ОБЪЕКТЛАР РЎЙХАТИГА КИРИТИШ УЧУН

ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ, КЎРИБ

ЧИҚИШ ВА НОЁБ ИЛМИЙ ОБЪЕКТЛАР

РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ


5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси, вазирликлар ва идоралар ҳамда муассасаларнинг объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш бўйича таклифларини ўрганиб чиқади, умумлаштиради, ноёб илмий объектлар рўйхатига киритади (рўйхатдан чиқаради), рўйхатни тасдиқлайди, ноёб илмий объектларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ҳамда доимий мониторингини олиб боради.


6. Ноёб илмий объект деб ҳисоблашда объектлар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

объектнинг республикада ягона (ноёб) бўлиши;

объектнинг илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиши ва илмий тадқиқотларда фойдаланилаётган бўлиши;

тегишли соҳада ушбу объектсиз фундаментал ёки амалий тадқиқот олиб боришнинг имконсизлиги;

объектнинг моддий жиҳатдан юқори қийматга эга бўлиши.


7. Вазирликлар ва идоралар ўз тасарруфидаги олий таълим ва илмий муассасалардан ноёб илмий объектлар рўйхатини шакллантириш учун таклифларни ҳар йили 25 мартга қадар қабул қилади, бунда, тавсия қилинаётган ҳар бир илмий объектнинг фан ва техника тараққиёти ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти ривожланиши учун аҳамиятлилиги даражаси вазирликлар ва идораларнинг тегишли ҳайъат мажлисларида муҳокама қилинади ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига киритиш учун объектлар рўйхати шакллантирилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йили 10 мартга қадар Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз расмий веб-сайтида ноёб илмий объектлар бўйича ушбу вазирликка таклифлар киритиш тўғрисида эълон беради.


9. Вазирликлар ва идоралар ҳар йили 1 апрелга қадар объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш учун таклифларни қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига киритади:

объектни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш тўғрисида расмий хат;

объектнинг ноёб эканлигини кўрсатувчи асоснома;

объектнинг тўлиқ тавсифномаси;

объектга хизмат кўрсатувчи штат бирликлари тўғрисида маълумот;

объектдан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган илмий тадқиқот ишларининг тавсифи;

объектни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳайъат мажлисининг қарори;

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги маълумотлар.


10. Вазирликлар ва идораларнинг объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлари ҳар йили 20 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг фан йўналишлари бўйича илмий-техникавий кенгашлари томонидан кўриб чиқилади ва ноёб илмий объектлар рўйхати шакллантирилади.


11. Ноёб илмий объектлар рўйхати ҳар йили 30 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда унинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилинади.



3-БОБ. НОЁБ ИЛМИЙ ОБЪЕКТЛАРНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


12. Ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган объектлари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан келгуси молия йили учун сўралган маблағлар акс эттирилган бюджет сўрови шакллантирилиб, ҳар йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади. Бюджет сўрови ноёб илмий объектни сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш харажатларидан келиб чиқиб шакллантирилиши лозим.

Ноёб илмий объектлар бўйича келгуси молия йили учун бюджет сўрови билан биргаликда, мазкур объектнинг ўтган йилдаги фаолиятининг молиялаштирилиши тўғрисида ва жорий йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар илова қилинади. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу ҳисоботларни келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини кўпайтириш, камайтириш ёки тўхтатиш, объектларни концервациялаш мақсадида ўрганиб чиқади.


13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги вазирликлар ва идоралар томонидан келгуси молия йили учун тақдим этилган бюджет сўровини белгиланган тартибда кўриб чиқади. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги вазирликлар ва идоралардан бюджет сўровига доир ҳисоб-китобларни талаб қилишга ҳақли.


14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ноёб илмий объектларни сақлаш бўйича тақдим этилган бюджет буюртмаларини жамлаш йўли билан жамланма бюджет буюртмасини шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.


15. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган жамланма бюджет буюртмаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бюджет қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқилади ҳамда келгуси йил учун шакллантириладиган бюджетнома лойиҳасига белгиланган тартибда киритилади.


16. Ноёб илмий объектларни молиялаштириш "Фан" соҳаси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Тасарруфида ноёб илмий объектлари бўлган муассасаларни сақлаш бўйича харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


17. Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассаса томонидан ноёб илмий объектлар учун ажратилган бюджет маблағларининг сарфланиши тўғрисидаги йиллик молиявий ҳисобот 3 нусхада тайёрланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ва юқори турувчи ташкилотга тақдим этилади.



4-БОБ. НОЁБ ИЛМИЙ ОБЪЕКТНИ САҚЛАШ,

УНГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА УНДАН

ФОЙДАЛАНИШ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ


18. Ўз бўйсунувида ноёб илмий объект бўлган ташкилот раҳбари уни ишчи ҳолатда сақлаш, унга зарур хизматларни кўрсатиш, ундан унумли фойдаланиш, ажратилган молиявий маблагнинг самарали ва мақсадли сарфланиши, шунингдек ноёб илмий объект бўйича илмий ва молиявий ҳисоботларнинг Инновацион ривожланиш вазирлигига топширилиши учун жавобгардир.

19. Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассасалар раҳбарлари объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ва юқори турувчи ташкилотга 3-иловага мувофиқ тайёрланган йиллик ҳисоботни электрон ва қоғоз кўринишида ноёб илмий объектнинг йиллик фаолияти тўғрисидаги муассаса Илмий-техник кенгашининг асосланган хулосаси билан биргаликда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 30 январига қадар тақдим этади.


20. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳисоботларнинг ўз вақтида қабул қилинишини ташкил этади ва расмийлаштиради, фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашларнинг эксперт гуруҳларида ҳисоботларни таҳлил қилиб, уларнинг натижалари юзасидан эксперт хулосалари тайёрлайди. Ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида сақланади.



5-БОБ. НОЁБ ИЛМИЙ ОБЪЕКТЛАР

ФАОЛИЯТИНИНГ МОНИТОРИНГИ


21. Ноёб илмий объектлар фаолиятининг мониторинги таркибида ноёб илмий объект мавжуд муассасанинг юқори турувчи ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.


22. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мониторингни амалга оширишда ноёб илмий объектни иш ҳолатида сақланаётганлигини, унга зарур техник ва бошқа хизматларнинг кўрсатилаётганлигини ҳамда ундан унумли фойдаланилаётганлигини, ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланаётганлигини, ноёб илмий объект бўйича илмий ва молиявий ҳисоботларнинг ўз вақтида топширилаётганлигини ўрганиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мониторинг натижасида жиддий камчиликлар ёки молиявий қонунбузарликларни аниқлаган тақдирда ноёб илмий объектларни молиялаштириш миқдорини камайтириши ёки молиялаштиришни муддатидан олдин тўхтатиши мумкин.

Молиялаштириш миқдорининг камайтирилиши ёки тўхтатилиши Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳайъати қарорига асосан амалга оширилади. Ҳайъат қарорининг нусхалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, тегишли вазирликлар ва идораларга ҳамда тасарруфида илмий объект бўлган муассасага юборилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ноёб илмий объектларни аниқлаш,

тасдиқлаш ва уларни сақлаш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар

Маъсуллар

Амалга ошириладиган тадбирлар

Амалга ошириш

муддати

I босқич

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз расмий веб-сайтида ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар киритиш тўғрисида эълон беради.

ҳар йили

10 мартга қадар

II босқич

Манфаатдор вазирликлар

ва идоралар

1. Олий таълим ва илмий муассасалардан ноёб илмий объектлар рўйхатини шакллантириш учун таклифларни қабул қилади.


2. Рўйхатга киритишга таклиф этилган ҳар бир илмий объектнинг фан ва техника тараққиёти ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти ривожланиши учун аҳамиятлилиги даражисини ўз ҳайъат мажлисида муҳокама қилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига киритиш учун объектлар рўйхатини шакллантиради.

ҳар йили

25 мартга қадар

Манфаатдор вазирликлар

ва идоралар

Ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш учун таклифларни тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этади.

ҳар йили

1 апрелга қадар

III босқич

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

1. Вазирликлар ва идоралар томонидан тақдим этилган ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг фан йўналишлари бўйича илмий-техник кенгашлари томонидан кўриб чиқилади ва ноёб илмий объектлар рўйхатига шакллантирилади.


2. Ноёб илмий объектлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати томонидан тасдиқланади ва вазирликнинг расмий веб-сайтига эълон қилинади.

ҳар йили

20 апрелга қадар

ҳар йили

30 апрелга қадар

IV босқич

Ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган объектлари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар

Келгуси молия йили учун сўралган маблағлар акс эттирилган бюджет сўровини шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этади.

ҳар йили

1 июнга қадар

V босқич

1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

1. Ноёб илмий объектларни сақлаш бўйича тақдим этилган бюджет буюртмаларни жамлаш йўли билан жамланма бюджет буюртманомасини шакллантиради, тасдиқлайди ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.


2. Ноёб илмий объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланиши юзасидан йиллик ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади.

ҳар йили

1 июлга қадар

2 .Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассасалар

ҳисобот йилидан

кейинги йилнинг

30 январига қадар





Низомга

2-ИЛОВА



Ноёб илмий объект фаолиятининг натижадорлиги

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Кўрсаткичлар номи

Сони

1.

Ноёб илмий объектдан фойдаланувчилар сони


2.

Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган ташкилот ва муассасалар томонидан объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий тадқиқот ишлари қиймати


3.

Бошқа ташкилот ва муассаса томонидан объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий-тадқиқот ишлари қиймати


4.

Объектдан фойдаланилган ҳолда чиқарилган илмий мақолалар сони, шу жумладан:


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси рўйхатидаги журналларда


"Scopus" ва "Web of science" маълумотлар базасига киритилган импакт факторли журналларда


бошқа хорижий илмий нашрларда


5.

Объектдан фойдаланилган ҳолда бажарилган илмий ишларга олинган патент ва бошқа интеллектуал мулк объектлари сони*


6.

Объектдан фойдаланилган ҳолда бажарилган илмий ишларга патент ва бошқа интеллектуал мулк объектларини олиш учун берилган талабномалар сони*


7.

Объектдан фойдаланилган ҳолда олинган илмий янгиликлар бўйича амалга оширилган фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DСs) ишлари ҳимоялари сони


*) Табиий ва техника фанлари йўналишлари фаолиятидаги ноёб илмий объектлар учун.






Низомга

3-ИЛОВА



Йиллик ҳисоботнинг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ


1. Титул варағи (унда вазирлик ёки идора, муассаса, ноёб илмий объектнинг номи ёзилади, масъул раҳбар ва илмий муассаса раҳбарининг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр қўйилади).


2. Ноёб илмий объектга (кейинги ўринларда объект деб аталади) бевосита хизмат кўрсатувчи ходимлар рўйхати (уларнинг лавозимлари кўрсатилган ва имзолари бўлиши керак).


3. Реферат (объект тўғрисида тўлиқ маълумот, унинг илмий-техник фаолиятдаги аҳамияти, объектдан фойдаланиш соҳалари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари).


4. Мундарижа.


5. Кириш.


6. Асосий қисм:


6.1. Объектнинг асосий конструктив, технологик ва техник-фойдаланиш кўрсаткичлари;


6.2. Фойдаланиш соҳаси, унинг илмий аҳамияти;


6.3. Объект бўйича бажарилган ишлар мазмуни;


6.4. Объектдан бевосита фойдаланган ҳолда олинган энг асосий илмий натижалар тўғрисида қисқача маълумот (давлат илмий дастурлари доирасидаги лойиҳаларни бажаришда фойдаланилган бўлса  лойиҳанинг шифри, мавзуси ва илмий раҳбари кўрсатилади);

6.5. Объектдан бошқа илмий ва олий таълим муассасаларининг фойдаланганлиги ва фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида маълумот;


6.6. Объект фаолиятининг натижадорлиги кўрсаткичлари (бир календарь йил давомида);


6.7. Ажратилган молиявий маблағларнинг ишлатилганлиги тўғрисида тўлиқ маълумот.


7. Хулоса.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 февраль





















































Время: 0.0116
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск