язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Транспорт/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.02.2019 й. 136-сон "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.02.2019 й.

N 136



ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ МАЖБУРИЙ

ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИНИНГ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ

АЙРИМ   ҚАРОРЛАРИГА   ЎЗГАРТИРИШ   ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш учун мўлжалланган ишлаб чиқариш-техник база жойлаштириладиган хона ва майдонларга доир ягона талабларни белгилаш, шунингдек, амалга ошириладиган ишлар ва хизматларнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                            А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 15 февралдаги

136-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 1-сон, 12-модда) билан тасдиқланган Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомда:


а) 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолаш учун мўлжалланган ишлаб чиқариш-техник база жойлаштириладиган хона ва майдонларга доир талаблар ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ белгиланади.

Техник диагностика воситаларининг сони ва тавсифларига, меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир талаблар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади";


б) қуйидаги мазмундаги 1-илова қўшилсин:


"Транспорт воситаларини мажбурий

техник кўрикдан ўтказиш тартиби

тўғрисидаги Низомга

1-ИЛОВА


Транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолаш

учун мўлжалланган ишлаб чиқариш-техник база

жойлаштириладиган хона ва майдонларга доир

ТАЛАБЛАР


1-боб. Умумий қоидалар


1. Ушбу Талаблар ДЙҲХХ диагностика станциялари, вазирликлар ва идоралар, бошқа ташкилотлар ҳамда жисмоний шахсларга тегишли техник хизмат кўрсатиш станциялари, тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар томонидан транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолаш учун мўлжалланган ишлаб чиқариш-техник база (лабораториялар) (кейинги ўринларда ишлаб чиқариш-техник база деб аталади) жойлаштириладиган хона ва майдонларнинг параметрларига доир техник нормаларни белгилайди.


2. Ишлаб чиқариш-техник база белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган, транспорт воситаларининг техник ҳолатини техника жиҳатидан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун тегишли технологик, синов жиҳозлари ва ўлчаш воситалари билан таъминланган бўлиши зарур.


2-боб. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ҳудудига доир талаблар


3. Ишлаб чиқариш-техник база ҳудудининг ўлчамлари қуйидаги мажбурий элементларнинг жойлаштирилиши имкониятини назарда тутган бўлиши керак:

ишлаб чиқариш хоналари;

техник ҳолати баҳоланиши кутилаётган ва тугалланган транспорт воситалари учун майдон;

хона ва майдонларга кириш ва ўтиш йўллари.


4. Ишлаб чиқариш-техник база ҳудудида транспорт воситалари ҳаракатини ташкил этиш учун қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:

сунъий ёритиш чироқлари, шу жумладан куннинг қоронғи вақтида ҳамда кириш йўли ва ҳудуди;

қатнов қисми текис ва қаттиқ қопламали (асфальтбетонли ёки цементбетонли) бўлган кириш йўли, майдон;

периметри бўйича ўрнатилган тўсиқ.


5. Ишлаб чиқариш-техник база ҳудуди ёки у жойлашган ташкилотга кириш жойи олдида ишлаб чиқариш-техник базанинг иш режими ва техник ҳолати, баҳолашдан ўтказиладиган транспорт воситаларининг ҳаракатланиш схемаси кўрсатилган ахборотли стенд ўрнатилган бўлиши керак.

Ишлаб чиқариш-техник база биносида кенглиги 2,0 метрдан ва баландлиги 0,7 метрдан кам бўлмаган ўлчамдаги, давлат тилида "Texnik ko`rik" ёзуви бўлган пешлавҳа ўрнатилган бўлиши керак. Ёзув бошқа тилларда такрорланиши ҳам мумкин.


6. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш хонасига кириш йўллари бўйлаб транспорт воситаларининг ҳаракатини ташкил этиш қуйидаги талаблар асосида бажарилади:

транспорт воситаларининг бир томонлама ҳаракатини ташкил этиш;

транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун имконият яратиш;

ишлаб чиқариш-техник база ҳудудида транспорт воситаларининг рухсат этилган ҳаракат йўналишларини тегишли йўл чизиқлари билан белгилаш.


7. Ишлаб чиқариш-техник база ҳудуди ичимлик ва ишлаб чиқариш сув қувурлари билан жиҳозланган бўлиши керак.


8. Ишлаб чиқариш-техник база ҳудуди майдонининг юзаси текис, сув қувурлари ва сув оқиб кетадиган ариқ мавжуд бўлиши керак.


9. Ишлаб чиқариш-техник базага кириш ҳамда унинг ҳудуди бўйлаб транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, барча мавжуд иншоотлар, йўл белгилари ва чизиқлари кўрсатилган ҳолдаги схемаси ҳудудида ишлаб чиқариш-техник база жойлашган ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Йўлнинг кенглиги енгил автомобиллар учун - 3 метрдан, юк автомобилари ва автобуслар учун - 4,5 метрдан кам бўлмаслиги керак.


10. Техник ҳолати баҳоланиши кутилаётган ва тугалланган транспорт воситаларини жойлаштириш учун майдонларнинг ўлчамларини аниқлашда баҳоланадиган транспорт воситаларининг габарит ўлчамлари ва техник кўрик линиясининг бир соатдан кам бўлмаган вақтдаги ишлаб чиқариш қувватига тенг бўлган транспорт воситаларининг айнан бир вақтда майдонда бўлиши эътиборга олиниши керак.


11. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш хонасига кириш олдидаги майдоннинг кенглиги ишлаб чиқариш хонаси кенглиги билан тенг бўлиши, узунлиги эса - 20 метрдан кам бўлмаслиги керак.


12. Сиқилган ва суюлтирилган табиий газ ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларини баҳолашга мўлжалланган хоналарнинг ертўлада, аҳоли яшаш уйларига ва бошқа корхоналар биноларига туташган ҳолда жойлаштирилишига рухсат этилмайди.


3-боб. Ишлаб чиқариш-техник базанинг хоналарига доир талаблар


13. Ишлаб чиқариш-техник база таркибига қуйидагилар киритилиши керак:

ишлаб чиқариш хонаси;

транспорт воситалари эгаларини қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун хона;

транспорт воситасининг техник ҳолатини баҳолаш натижаларини расмийлаштириш учун хона;

санитария-гигиена хоналари.


14. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидагиларни инобатга олган ҳолда режалаштирилади:

транспорт воситасининг техник ҳолатини баҳолашдан ўтказиш дастури;

қўлланиладиган ўлчаш воситалари ва синов жиҳозлари;

транспорт воситасининг техник ҳолатини баҳолаш ва натижаларини расмийлаштиришнинг технологик жараёни;

ёнғинга қарши хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари.


15. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш хонаси ўлчамлари мазкур Талабларнинг иловасига мувофиқ техник кўрик линияларининг технологик постлари сони ва баҳоланадиган транспорт воситаларининг габарит ўлчамларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


16. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш хонаси режаси ишлаб чиқариш бино ва иншоотларини технологик лойиҳалаштириш қоидалари ва нормалари талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Ишлаб чиқариш корпуси хонасининг бўртиб чиққан қурилиш конструкцияларигача баландлиги енгил автомобиллар учун - 4,0 метрдан, юк автомобиллари ва автобуслар учун - 7,0 метрдан кам бўлмаслиги керак.

Хоналарнинг поли текис, нефть маҳсулотлари таъсирига чидамли бўлиши керак.


17. Хонада барча технологик жараёнларни меҳнатнинг санитария-гигиена шароитларга тўлиқ мувофиқ ҳолда хавфсиз ва рационал бажарилиши таъминланиши керак.


18. Ишлаб чиқариш хоналаридаги шовқин ва вибрация даражаси санитария-гигиена нормаларида белгиланган, рухсат этилган кўрсаткичлардан ошмаслиги керак.


19. Хона ва иш жойларининг табиий ва сунъий ёритилиши ишларнинг хавсиз бажарилиши, одамлар учун хавфсиз бўлиши ва уларнинг ҳаракатланишини таъминлаш учун етарли ва қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

иш жойларида хонанинг поли сатҳида - камида 200 лк;

ишчи хоналарда (кабинетларда) полдан 0,8 метр баландликдаги сатҳда - камида 200 лк;

кўрикдан ўтказиш хандағида транспорт воситаларининг таг қисми сатҳида - камида 150 лк.

Авария (фавқулодда) ҳолатлар учун ёритилиши иш юзасининг умумий ёритилиши учун белгиланган нормаларнинг 5 фоиздан кам бўлмаслиги, лекин камида 2 лк бўлиши керак.


20. Транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолашдан ўтказиш учун мўлжалланган хоналардаги ҳаво ҳарорати ўтказиладиган синов методларига доир норматив ҳужжатлар нормаларига мувофиқ бўлиши керак. Ишлаб чиқариш-техник базаси биноларидаги ҳаво ҳарорати йилнинг совуқ даврида - 15°С дан 25°С гача, иссиқ даврида - 22°С дан 30°С гача оралиқда бўлиши керак.


21. Транспорт воситаларининг корхона ҳудудида ҳаракатланиш тезлиги очиқ йўлларда - 10 км/с дан, хона ичида - 5 км/с дан ортиқ бўлмаслиги керак.


22. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш хонасига кириш жойи пешлавҳа билан белгиланади ва сутканинг қоронғи пайтида ёритилади. Ишлаб чиқариш хонасига кириш (чиқиш) йўли ишлаб чиқариш хонасидан бошқариладиган ёруғлик (масалан, светофор) сигнализацияси билан жиҳозланади.

Кириш дарвозаси устида 3.13 "Чекланган баландлик", 3.14 "Чекланган кенглик" ва 3.24 "Юқори тезлик чекланган (5 км/с)" йўл белгилари жойлаштирилади.


23. Ишлаб чиқариш-техник база хонасининг мижозлар учун қулай бўлган жойида қуйидаги маълумотлар акс эттирилган ахборот стенди ёки бошқа махсус қурилма ўрнатилади:

ишлаб чиқариш-техник базанинг тегишлилиги (кимнинг тасарруфидалиги), жойлашган жойи, иш тартиби ва режими, алоқа телефонлари;

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Call-маркази телефони ва ҳудудий ЙҲХБнинг ишонч телефони рақамлари, таклиф ва эътирозлар китоби сақланадиган жой ва уни юритиш (сақлаш) учун масъул бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолаш учун текширишдан ўтиш тартиби, текшириладиган (баҳоланадиган) параметрлар ва нормативлар, мажбурий техник кўрикдан ўтказишнинг даврийлиги ва техник ҳолатни баҳолаш натижалари тўғрисидаги ҳужжатни бериш тартиби;

транспорт воситасининг техник ҳолатини баҳолашдан ўтказиш учун қонунчиликка мувофиқ тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатлар, мажбурий техник кўрикдан ўтиш учун тўлов миқдори, зарур жараёнларни амалга ошириш муддати ва бошқа маълумотлар.


24. Ишлаб чиқариш хонаси электр таъминоти (ёритиш) учун электр тармоқлари, шунингдек, қувват бериш кабеллари (диагностика жиҳозларининг электр энергияси таъминоти учун) ва тақсимлагич электрошитлар билан электр хавфсизлиги талабларини белгиловчи норматив ҳужжат талабларига мувофиқ жиҳозланади.


25. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш хонасининг иккитадан кам бўлмаган эвакуацион чиқиш жойлари мавжуд бўлиши назарда тутилади. Эвакуацион чиқиш жойларининг эшиклари хонадан ташқари томонга очиладиган, ўтиш йўлагининг кенглиги 1 метрдан кам бўлмаслиги керак.


26. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ёнғиндан ҳимояси, ёнғиннинг олдини олиш тизими ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда портлаш хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-техник тадбирлар қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.


27. Транспорт воситалари эгаларини (кейинги ўринларда транспорт эгалари деб аталади) қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш хонаси (биноси) ҳамда транспорт воситасининг техник ҳолатини баҳолаш натижалари ҳақидаги ҳужжатни расмийлаштириш учун хона ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш хонасида ёки унга бевосита яқин жойда бўлиши керак. Ушбу хоналарга кириш тегишли кўрсатгичлар билан белгилаб қўйилади.


28. Транспорт эгаларини қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун хоналарнинг ўлчамларини аниқлашда уларда ишлаб чиқариш-техник базанинг ходими томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш учун иш жойларининг ҳамда транспорт эгаларининг кутиб туриши учун жойлар назарда тутилиши керак. Транспорт эгаларининг кутиб туриши учун жойлар сони ҳар бир техник кўрик линиясига бештадан кам бўлмаслиги керак.


29. Ишлаб чиқариш-техник база ишлаб чиқариш хонасининг санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги ваколатли санитария-эпидемиология назорат органининг тегишли хулосаси билан тасдиқланади.


4-боб. Ишлаб чиқариш-техник базанинг ишлаб чиқариш

хонасини технологик режалаштиришга доир талаблар


30. Ишлаб чиқариш-техник базанинг диагностика жиҳозлари технологик лойиҳалашга доир талаблар ва нормаларга амал қилган ҳолда ўрнатилиши керак.


31. Транспорт воситасининг техник ҳолатини баҳолаш двигатель ишлаб турган пайтда бажариладиган постлар (ишлаб чиқарилган газлардаги тутун ва заҳарли газ миқдорини, шовқин даражасини, тормозланиш самарадорлиги кўрсаткичларини текшириш ва бошқалар) транспорт воситасидан газларни чиқариш қувури (қувурлари)дан чиқаётган ишлаб чиқарилган газларни ташқарига олиб чиқиш тизими билан жиҳозланади.


32. Транспорт воситаларининг ишлаб чиқариш-техник база ишлаб чиқариш хонасига кириши (чиқиши) учун ҳар бир техник кўрик линиясида:

универсал линиялар учун - кенглиги 3,0 метрдан ва баландлиги 4,3 метрдан кам бўлмаган;

М1 ва N1 тоифасидаги транспорт воситаларини текшириш бўйича линиялар учун - кенглиги 2,5 метрдан ва баландлиги 2,3 метрдан кам бўлмаган ўлчамли кириш (чиқиш) дарвозалари қурилади.


33. Техник кўрик линияларида транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолаш кўрикдан ўтказиш хандағидан фойдаланган ҳолда бажарилади. Бунда:

ишлаб чиқариш хонасидаги кўрикдан ўтказиш хандаклари сони техник кўрикдан ўтказиш линиялари сонига мувофиқ бўлиши;

кўрикдан ўтказиш хандағининг узунлиги мазкур линияда текширилиши режалаштирилаётган транспорт воситасининг максимал узунлигини ва ундан чиқиб кетиш учун захира йўлнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши;

кўрикдан ўтказиш хандағининг кенглиги 0,9 метрдан кам бўлмаслиги керак. Максимал кенглиги мазкур линияда текширилиши режалаштирилаётган минимал колеяли транспорт воситасининг хандақдан ўтиши имкониятини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши;

кўрикдан ўтказиш хандақлари тутунни тортиб олиш вентиляцияси билан жиҳозланиши керак.


5-боб. Якунловчи хулосалар


34. Транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолашнинг технологик жараёни техник кўрик линиясининг режалаштириладиган ечимларини, текшириладиган транспорт воситаларининг тоифасини, бажариладиган ишларнинг мураккаблигини, қўлланадиган жиҳозлар, ўлчов воситалари ва анжомларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.


35. Транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолаш бўйича ишларни бажаришда техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига амал қилишнинг мажбурийлиги назарда тутилади.


36. Технологик постларда диагностика параметрлари, техника хавфсизлиги қоидалари ва ишларнинг хавфсиз усуллари бўйича амалда бўлган тавсиялар кўрсатилган технологик карталар жойлаштирилади.


37. Ишлаб чиқариш-техник базада техник ҳолати баҳоланадиган тоифага мансуб транспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича амалдаги норматив ҳужжатлар, техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, қўлланмалар (йўриқномалар), автомобиль маълумотномалари ва бошқа зарур маълумотномалар мавжуд бўлиши керак.


38. Ишлаб чиқариш-техник базада биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган тиббиёт дори воситалари ва анжомлари тегишли норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ жамланган тиббиёт қутичаси бўлиши керак.





Транспорт воситаларининг техник

ҳолатини баҳолаш учун мўлжалланган ишлаб

чиқариш-техник база жойлаштириладиган

хона ва майдонларга доир талабларга

ИЛОВА



Транспорт воситаларининг техник ҳолатини баҳолаш

учун техник кўрик линияларининг ўлчамлари

Т/р

Техник ҳолати баҳоланадиган транспорт

воситаларининг тоифалари

Технологик постлар сони


1


2


3


Техник кўрик линиясининг

узунлиги, метрдан кам эмас


1.

M1, M2, N1, O1


12

18

24

2.

M1, M2, M3, N1, N2, N3, O1


18

30

42

3.

M1, M2, M3, N1, N2, N3, O1, O2


21

36

51

4.

M1, M2, M3, N1, N2, N3, O1, O2, O3


24

42

60

5.

M1, M2, M3, N1, N2, N3, O1, O2, O3, О4


27

45

66

".


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 22 декабрдаги 1010-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 12-сон, 298-модда) 2-банди учинчи хатбошидаги "2019 йил 1 январдан" сўзлари "2021 йил 1 январдан" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 16 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 18 февраль, 7-сон, 122-модда