язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.02.2019 й. 140-сон "Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.02.2019 й.

N 140



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ

ТАРЖИМОНЛАР БЮРОСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек, расмий тадбирларни таржима билан таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари матнларини ва бошқа ҳужжатларни таржима қилиш сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида Таржимонлар бюроси (кейинги ўринларда Таржимонлар бюроси деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, Таржимонлар бюроси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқарадиган давлат муассасаси ҳисобланади.


2. Қуйидагилар Таржимонлар бюросининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва олий мансабдор шахслари иштирокидаги расмий тадбирларни синхрон ва изчил таржима билан таъминлаш;

расмий тадбирлар доирасида тайёрланган материалларнинг ёзма таржимасини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан тузиладиган халқаро шартномалар лойиҳаларининг давлат ва хорижий тиллардаги матнларининг аутентлигини таъминлашга кўмаклашиш;

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан юқори малакали таржимонлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг, шунингдек, шартнома асосида давлат органлари халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича бўлинмалари ходимларининг хорижий тилларни билиш бўйича кўникмалари ривожлантирилишини таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга шартнома асосида оғзаки ва ёзма таржима бўйича хизматлар кўрсатиш.


3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг Устави 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Таржимонлар бюросига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

таржимонлик хизматлари кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномалар асосида оғзаки ва ёзма таржима бўйича пулли хизматлар кўрсатиш;

зарур ҳолатларда, мутахассисларни, шу жумладан юридик ёки бошқа тор ихтисослик бўйича махсус малакалар талаб қиладиган халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатлар матнларини таржима қилиш учун, соҳа бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларини Таржимонлар бюросига, меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, шартнома асосида жалб этиш.


5. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, тўлов-шартнома асосида таржимонлик хизматлари кўрсатишдан тушадиган киримлар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан ташқари маблағлар, давлат ва халқаро грантлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Таржимонлар бюроси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


6. Таржимонлар бюроси Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 54-уй манзилидаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети биносига, текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Таржимонлар бюроси ходимлари иш ҳақини тўлаш ва унинг фаолияти моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан маблағ ажратсин ва келгуси йилларда маблағлар ажратишни назарда тутсин.


8. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети:

талаб энг катта бўлган хорижий тиллар бўйича мутахассис таржимонларни тайёрлаш бўйича ўқув дастурларини, шунингдек, Таржимонлар бюроси ходимларини касбий ривожлантириш бўйича қисқа муддатли курсларнинг дастурини ишлаб чиқсин;

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан биргаликда Таржимонлар бюросини тўлдириш учун мутахассис-таржимонларни юқори малакали гид-таржимонлар, шу жумладан, юриспруденция, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги терминология бўйича билимга эга мутахассислар орасидан танлов асосида ажратиб олиш тартибини ишлаб чиқсин ва ташкил этсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х. Камилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 18 февралдаги

140-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг

ТУЗИЛМАСИ

      

Директор

Ғарбий Европа мамлакатлари

тиллари бўлими

13

Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё

мамлакатлари тиллари бўлими

7

Шарқий Осиё мамлакатлари

тиллари бўлими

7

 

Бош юрисконсульт

Бош бухгалтер

  

Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони - 30 нафар.

Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сони - 13 нафар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 февраль