язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш / Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг Устави (ЎзР ВМ 18.02.2019 й. 140-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 18 февралдаги

140-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг (кейинги ўринларда Таржимонлар бюроси деб аталади) асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Таржимонлар бюроси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Таржимонлар бюроси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таркибий бўлинмалари ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда амалга оширади.


4. Таржимонлар бюросининг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюроси, қисқартирилгани - Таржимонлар бюроси;

б) рус тилида:

тўлиқ - Бюро переводчиков при Министерстве иностранных дел Республики Узбекистан, қисқартирилгани - Бюро переводчиков;

в) инглиз тилида:

тўлиқ - Bureau of Interpreters under the Ministry of Foreign Affairs of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилгани - Bureau of Interpreters.


5. Таржимонлар бюроси давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисобрақамларига, миллий, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобрақамларига эга бўлади.



2-БОБ. ТАРЖИМОНЛАР БЮРОСИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Таржимонлар бюросининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва олий мансабдор шахслари иштирокидаги расмий тадбирларни синхрон ва изчил таржима билан таъминлаш;

расмий тадбирлар доирасида тайёрланган материалларнинг ёзма таржимасини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланадиган халқаро шартномалар лойиҳаларининг давлат ва хорижий тиллардаги матнларининг аутентлигини таъминлашга кўмаклашиш;

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва соҳа бўйича бошқа олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан юқори малакали таржимонлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг, шунингдек, шартнома асосида давлат органларининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича бўлинмалари ходимларининг хорижий тилларни билиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришни таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга шартнома асосида оғзаки ва ёзма таржимонлик хизматлари кўрсатиш.


7. Таржимонлар бюроси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон РеспубликасинингБош вазири, хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва олий мансабдор шахслари иштирокидаги расмий тадбирларни синхрон ва изчил таржима билан таъминлаш соҳасида:

расмий тадбирларни хорижий тилларни, таржима қилиш техникаси ва назариясини эркин биладиган, юриспруденция, иқтисодиёт, тарих, дин, маданият ва бошқа соҳалардаги терминология бўйича билимга эга, шунингдек, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва амалга оширилаётган ташқи сиёсатдан хабардор бўлган юқори малакали таржимонлар билан таъминлайди;

олий ва юқори даражадаги ташрифлар давомида синхрон ва изчил оғзаки ва ёзма таржимани таъминлаш бўйича доимий тайёрликни таъминлайди;

режалаштирилаётган олий ва юқори даражадаги халқаро тадбирлар мавзусига таржимонларни олдиндан тайёрлаш орқали талаб катта бўлган хорижий тилларга сифатли таржимани таъминлайди;

Таржимонлар бюросининг техник жиҳозланганлигини замонавий талабларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан тизимли таҳлил қилиб боради ҳамда синхрон таржимани амалга ошириш учун зарур компьютер ва дастурий таъминот, мультимедия ва аудиоускуналар ҳамда бошқа техник воситалар даражасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига кўриб чиқиш учун таклифлар киритади;


б) расмий тадбирлар доирасида тайёрланган материалларнинг ёзма таржимасини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан тузиладиган халқаро шартномалар лойиҳаларининг давлат ва хорижий тиллардаги матнларининг аутентлигини таъминлашга кўмаклашиш соҳасида:

мамлакат Раҳбариятининг, вазирликлар ва идораларнинг чет эл аудиториясига йўлланадиган мурожаатнома ва нутқларининг сифатли таржимасини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига асосан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларининг ёзма таржимасини амалга оширади, шунингдек, улар матнларининг аутентлигини белгилашда кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига асосан, кўп томонлама халқаро шартномалар матнларининг давлат тилига ёзма таржимасини амалга оширади;


в) Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва соҳа бўйича бошқа олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан юқори малакали таржимонлар тайёрлаш соҳасида:

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва соҳа бўйича бошқа олий таълим муассасалари битирувчилари ва ўқитувчилари орасидан таржимонларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил этади;

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва соҳа бўйича бошқа олий таълим муассасаларининг битирувчилари ва ўқитувчиларини, уларнинг кўникмаларини ошириш мақсадида, халқаро тадбирларнинг таржима жараёнига жалб қилади;

хорижий тиллар бўйича мутахассислар тайёрлашни амалга оширадиган олий таълим муассасаларига, бошқа манфаатдор муассасаларга оғзаки ва ёзма таржима қилишнинг замонавий шакллари ва усулларини амалиётга жорий этиш масаласида услубий ёрдам кўрсатади;

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази билан ҳамкорлик қилади;

хорижий тилларни ўқитишнинг интерфаол воситаларини ишлаб чиқади ва жорий этади;


г) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг, шунингдек, шартнома асосида давлат органларининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича бўлинмалари ходимларининг хорижий тилларни билиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришни таъминлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Таржимонлар бюроси ходимларининг, айниқса Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги муассасаларида ишлаш учун юборилаётган ходимларнинг чет тилларни билиш кўникмаларини ошириш бўйича тизимли асосдаги тадбирлар ва ўқув курсларини ташкил қилади;

хорижий стажировкага юбориш, оғзаки ва ёзма таржима қилиш назарияси ҳамда техникаси бўйича хорижлик экспертлар иштирокидаги мастер-класслар, амалий тилшунослик соҳасидаги илғор таълим муассасалари билан биргаликда малака ошириш ўқув курслари ва тренингларни ўз ичига олган Таржимонлар бюроси ходимларини касбий ривожлантириш бўйича доимий дастурни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Таржимонлар бюроси ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишни яхшилаш, уларнинг самарали иши ва доимий асосда малакасини ошириш борасида қулай шароитлар яратиш бўйича чоралар ишлаб чиқади ва амалга оширади;


д) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга шартнома асосида оғзаки ва ёзма таржимонлик хизматлари кўрсатиш соҳасида:

таржимонлик хизматлари кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномаларга асосан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга оғзаки ва ёзма таржима бўйича кенг кўламли пулли таржимонлик хизматлари кўрсатади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга босма ва медиа материалларни, музокара жараёнларини, шунингдек, уларнинг фаолият соҳалари бўйича ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини давлат тилига ва хорижий тилларга таржима қилиш бўйича хизматлар кўрсатади.



3-БОБ. ТАРЖИМОНЛАР БЮРОСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Таржимонлар бюроси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таржимонлик хизматлари кўрсатиш бўйича юридик ва жисмоний шахслар билан ўз ваколатлари доирасида шартномалар тузиш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Таржимонлар бюроси ходимларининг малакасини ошириш бўйича тренинглар ва мастер-класслар ташкил қилиш учун белгиланган тартибда етакчи маҳаллий ва хорижий олимлар ва мутахассисларни таклиф қилиш;

касбий малакасини ривожлантириш, янги тажриба ва билим олиш мақсадида Таржимонлар бюроси ходимлари учун хорижий стажировкалар ташкиллаштириш;

давлат органлари, олий таълим ва илмий муассасалар, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг илмий ходимлари ҳамда мутахассисларини шартнома асосида Таржимонлар бюроси фаолиятига жалб қилиш;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ходимларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича пулли асосда турли хизматлар кўрсатиш.

Таржимонлар бюроси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Таржимонлар бюроси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ТАРЖИМОНЛАР БЮРОСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Таржимонлар бюросини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқаради.

Таржимонлар бюросининг директори ўз мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, қўшимча тўловлар ва моддий рағбатлантириш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг бош бошқарма бошлиғига тенглаштирилади.


11. Таржимонлар бюросининг директори:

Таржимонлар бюроси фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек, Таржимонлар бюросига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Таржимонлар бюроси ходимларини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклифлар киритади;

доимий ва сифатли таржимонлик хизматлари кўрсатиш учун юқори малакали тилшунослар ва таржимонларни самарали жалб қилиш мақсадида кадрлар сиёсатини белгиланган тартибда амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига Таржимонлар бюроси фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шу жумладан, талаб катта бўлган тиллар рўйхатига ва штат жадвалига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар киритади;

Таржимонлар бюросининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таркибий бўлинмалари билан самарали ҳамкорлигини таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, бошқа ташкилотларда, шу жумладан хорижий давлатларда, шунингдек, халқаро ташкилотларда Таржимонлар бюроси номидан иш кўради;

Таржимонлар бюросининг штатлар жадвалини ва унинг таъминоти бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирига киритади;

Таржимонлар бюроси ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг функционал вазифаларини ва Таржимонлар бюросининг бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

Таржимонлар бюроси ходимларининг малакасини ва касбий даражасини ошириш учун зарур шароитлар яратади, белгиланган тартибда уларни моддий рағбатлантириш чораларини кўради;

Таржимонлар бюроси номидан фаолиятни, шу жумладан хўжалик фаолиятини юритади, шартномалар тузади, Таржимонлар бюроси ходимлари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ҳамда кўрсатмалар беради;

Таржимонлар бюроси директори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлади.


12. Таржимонлар бюроси ходимлари Таржимонлар бюроси директорининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Бўлим бошлиғи, бош юрисконсульт ва бош бухгалтер ўз мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таркибий бўлинмасининг бўлим бошлиғига, таржимон - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратининг етакчи мутахассисига, уларга нисбатан меҳнатга ҳақ тўлашнинг, қўшимча тўловлар ва моддий рағбатлантиришнинг тегишли шартларини қўллаган ҳолда, тенглаштирилади.


13. Таржимонлар бюроси ходимлари қуйидагиларга мажбур:

махфийлик тартиботи ва хизмат доирасида фойдаланиладиган ҳужжатларни, шунингдек, уларга Таржимонлар бюросидаги фаолияти давомида маълум бўлган конфиденциал характердаги ахборот ва маълумотларни ошкор этмаслик талабларига риоя қилиш;

ўзларининг иш юритувидаги ҳужжатларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, уларнинг тўлиқ ҳажмда сифатли сақланишини таъминлаш ҳамда хавфсизлик, шу жумладан ёнғинга қарши тартиботга риоя қилиш, Таржимонлар бюросининг мулкидан лозим даражада фойдаланиш ва сақлашни таъминлаш.


14. Таржимонлар бюроси таржимани таъминлайдиган бўлимлардан иборат бўлади.



5-БОБ. ТАРЖИМОНЛАР БЮРОСИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНЛАШ


15. Таржимонлар бюроси фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, пулли асосда таржимонлик хизматлари кўрсатишдан тушадиган киримлар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан ташқари маблағлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


16. Таржимонлар бюроси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Таржимонлар бюроси ходимларига нисбатан давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган мукофотлаш, моддий ёрдам ва устамалар шароитлари татбиқ этилади.


17. Таржимонлар бюроси ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзига тегишли бўлган бутун мол-мулки билан жавоб беради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


18. Таржимонлар бюросини қайта ташкил қилиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 февраль