ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги комиссия ва органлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 19.02.2019 й. ПҚ-4197-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 19 февралдаги

ПҚ-4197-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги

Халқ қабулхоналари тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналарининг (бундан буён - Халқ қабулхонаси) асосий вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Халқ қабулхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари (бундан буён - Бўлинмалар) тузилмаси таркибига киради, юридик шахс ҳисобланмайди, ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлмайди, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда ўз номидан бошқа шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиш ҳуқуқига эга эмас.

Халқ қабулхонаси ўз номи ёзилган думалоқ муҳр, штамп ва бланкаларга эга бўлади.


3. Халқ қабулхонаси Бўлинмалар ҳамда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари олдида ҳисобдор бўлади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни татбиқ этилмайдиган, шу жумладан кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларни Халқ қабулхонаси кўриб чиқмайди.



2-БОБ. ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ, ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


5. Халқ қабулхонасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, шунингдек мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизими амал қилишини таъминлаш;

фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ҳукуматга, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларига (бундан буён - давлат органлари) мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;

Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис, ўз вақтида кўриб чиқилиши, шунингдек уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда аниқланган муаммоларнинг ҳал этилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;

уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда аниқланган муаммолар ҳамда Халқ қабулхонасига келиб тушган, тегишлилиги бўйича давлат органларига юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш;

жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали ўтказиш;

уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда аниқланган муаммолар ва мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (бундан буён - секторлар), давлат органларининг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш;

туман (шаҳар) миқёсида "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхатини кўриб чиқиш ва келишиб бериш;

ўзи бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳларнинг ҳудудларни маҳаллалар ва хонадонлар (оилалар) кесимида таҳлил қилиш, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиришда бевосита иштирок этиш;

қисқа муддатли манзилли тадбирлар режалари ("йўл хариталари") ижросини назорат қилиш;

секторлар фаолиятини ҳамда маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашда, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;

ҳар чоракда секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ахборот киритиш, ушбу ахборот юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботини эшитишда иштирок этиш;

давлат органларининг ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштириш;

давлат хизматлари кўрсатиш фаолиятини мувофиқлаштириш;

маҳаллалар ҳудудлари ҳолатини "намунали", "яхши" ва "қониқарсиз" тоифаларга ажратишда иштирок этиш;

ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш, сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотларни жалб қилган ҳолда ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал қилишда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини кўриш;

ҳудудий давлат органлари, шунингдек фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш.

Халқ қабулхонаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни, шунингдек юклатилган вазифалардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан белгиланадиган функцияларни амалга оширади.


6. Зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун Халқ қабулхонаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этиш;

секторлар, давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш;

секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш;

давлат органларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ўз фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш учун давлат органлари мутахассисларини жалб қилиш;

давлат органларидан ўз фаолияти учун зарур бўлган ахборотлар ҳамда ҳужжатларни сўраш ва олиш;

давлат органлари томонидан улар фаолияти, кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўриш;

мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузган, шунингдек мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорлар ижросини таъминламаган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш;

зарурат туғилганда муаммоларни ҳал қилиш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорларнинг ижросини жойларга чиқиб ўрганиш.

Халқ қабулхонаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7. Халқ қабулхонаси қуйидагиларга мажбурдир:

уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда бевосита иштирок этиш;

секторлар фаолияти, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш натижалари, тегишли ҳудуддаги аҳоли кайфияти тўғрисида ҳар чоракда камида бир марта тегишлича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ахборот киритиш;

уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш натижалари, мурожаатларда кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш асосида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда уларни мунтазам равишда тегишлича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига киритиб бориш;

ўз фаолиятида қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан тасдиқланадиган локал ҳужжатлар талаблари ва қоидаларига қатъий амал қилиш;

мавжуд ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш, ўз дастурий-аппарат воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этиш;

белгиланган тартибда секторлар ва давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Халқ қабулхонасининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


8. Халқ қабулхонаси ходимлари ўз зиммасига юкланган вазифалар самарали бажарилиши учун жавобгар бўлади.



3-БОБ. ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ИШ ТАРТИБИ


9. Халқ қабулхонасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган мудир бошчилик қилади.

Халқ қабулхонаси мудири қабулхона фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади.


10. Халқ қабулхонасининг бошқа ходимлари Бўлинмалар билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


11. Халқ қабулхонасининг ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ходимлари ҳисобланади, уларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ходимларига белгиланган иш ҳақи тўлаш ҳамда моддий рағбатлантириш тартиби ва шартлари қўлланилади.

Халқ қабулхоналари бошқарув ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисидаги низомнинг 26-бандида назарда тутилган қоидалар татбиқ этилади.


12. Халқ қабулхоналари фаолиятини баҳолаш тартиби ва мезонлари, Халқ қабулхоналари ходимларининг лавозим йўриқномаси, Халқ қабулхонаси ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва бошқа локал ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан тасдиқланади.


13. Халқ қабулхонасида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ беш кунлик иш ҳафтаси белгиланади.


14. Халқ қабулхонасида соат 9.00 дан 18.00 гача иш ҳамда соат 13.00 дан 14.00 гача тушлик вақти белгиланади. Зарур ҳолларда, мурожаатчилар тушлик вақтида ҳам қабул қилиниши мумкин.


15. Халқ қабулхонаси аҳоли учун қулай шарт-шароитларга, шу жумладан кириш йўллари, асосий кириш жойи, пандуслар, кутиш ва фуқароларни қабул қилиш заллари, иш кабинетлари, "Она ва бола", соғлиқни сақлаш органлари билан келишилган ҳолда жалб қилинадиган малакали шифокор, психолог ва ҳамшира навбатчилиги ташкил қилинган тиббиёт хоналари, шунингдек санитария-гигиена хоналарига эга бўлиши лозим.


16. Мурожаатчилар билан ишлаш хонаси, қоида тариқасида, Халқ қабулхонасига алоҳида кириш қисмига эга бўлган бинонинг (иншоотнинг) биринчи қаватига жойлаштирилади.


17. Халқ қабулхонаси биносининг (иншоотининг) кириш томонига қуйидаги маълумотлар акс эттирилган пешлавҳа жойлаштирилади:

Халқ қабулхонасининг иш тартиби ва хизмат кўрсатувчи телефон рақами;

секторлар ҳудуди, фаолияти ва раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар;

секторлар ва давлат органлари раҳбарлари томонидан сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш жадваллари;

уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш бўйича тасдиқланган режа-жадваллар;

ижтимоий аҳамиятга эга бўлган давлат дастурлари ва лойиҳалар, уларнинг бажарилиши ҳолати ҳақидаги маълумотлар;

аҳоли эътиборига етказилиши зарур бўлган бошқа маълумотлар.


18. Халқ қабулхонаси мурожаатчилар учун ахборот стендлари билан жиҳозланади, улар маълумотлар билан танишиш учун қулай бўлган жойга ўрнатилади ва эркин танишиш мумкин бўлган шаклдаги маълумотларга эга бўлади.

Халқ қабулхонаси видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланиши мумкин.



4-БОБ. ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ ТОМОНИДАН

МУРОЖААТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


19. Халқ қабулхонасида мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда шахсан ёки почта алоқа воситаси орқали қабул қилинади.


20. Мурожаатчи шахсан мурожаат қилган тақдирда Халқ қабулхонасида навбат бўйича тартиб рақамини олади ва кутиш учун ажратилган жойда Халқ қабулхонаси ходимининг чақиришини кутади.


21. Мурожаатчи чақирилгандан кейин Халқ қабулхонаси ходими мурожаатда кўрсатилган тегишли маълумотлар унинг шахси ва ваколатини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган маълумотлар билан мослигини текширади.

Халқ қабулхонаси ходими текшириш якунлари бўйича мурожаатни "Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси" ахборот тизимига (бундан буён - Виртуал қабулхона) киритади, у орқали мурожаатга ўзига хос рўйхат рақами беради.

Мурожаат рўйхатдан ўтказилгандан кейин Халқ қабулхонаси ходими муаллифга унинг сўровига кўра мурожаат қабул қилингани тўғрисида мурожаат нусхасига ўзига хос рўйхат рақамини ёзиб, тегишли қайдни қўяди.


22. Ёзма ва почта алоқаси орқали олинган мурожаатлар Халқ қабулхонаси ходими томонидан электрон шаклга ўтказилади (сканерланади) ва Виртуал қабулхонага киритилиб, уларга ўзига хос рўйхат рақамлари берилади.


23. Мурожаатда кўтарилган масала тегишли ҳудуд миқёсида ҳал этилиши мумкин бўлган ҳолларда, мурожаат Виртуал қабулхонага киритилиши билан бир вақтнинг ўзида шу минтақада фаолият юритаётган давлат органига юборилади. Бунда ушбу мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан назорат Халқ қабулхонаси томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ВА МУВОФИҚЛАШТИРИШ


24. Халқ қабулхонаси фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш тегишлича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси ҳамда Бўлинмалар томонидан амалга оширилади, улар:

Халқ қабулхоналари фаолиятини ҳар йили белгиланган тартибда баҳолайди, йил якунларига кўра фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган Халқ қабулхоналари ходимларини бир марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш масаласини кўриб чиқади;

Халқ қабулхонасини керакли норматив-услубий ва ахборот-таҳлил материаллари билан таъминлайди;

Халқ қабулхонаси мудири ва ходимларини танлаш, жой-жойига қўйиш, лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ишларини ташкил этади;

Халқ қабулхонаси фаолияти тўғрисида ахборот-таҳлил материалларини тайёрлайди;

Халқ қабулхоналари ходимлари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этади;

Халқ қабулхонаси фаолияти самарадорлигини ўрганади, таҳлил қилади ҳамда умумлаштиради, ишнинг сифатли шакл ва услубларини жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Халқ қабулхонасининг давлат органлари, жамоат, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

Халқ қабулхонаси ишларини такомиллаштириш, фуқаролар билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Халқ қабулхонаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тушган шикоятларни кўриб чиқади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Халқ қабулхонаси фаолиятининг ташкилий, молиявий ва моддий-техника жиҳатидан таъминланиши тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.


26. Халқ қабулхонаси ходимлари мансаб вазифаларини амалга ошириш жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган мурожаатчиларга оид маълумотлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши шарт.


27. Халқ қабулхонаси ходимлари давлат сирини ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни, конфиденциал маълумотларни ташкил этадиган ҳужжатларни ва (ёки) ахборотларни ошкор қилиш, улардан шахсий мақсадларда фойдаланиш ёхуд учинчи шахсларга, шу жумладан ваколатли органларга тақдим этишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


28. Халқ қабулхонасига келиб тушган ёзма мурожаатларни сақлаш Халқ қабулхонаси томонидан белгиланган тартибда таъминланади.


29. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан мазкур Низом талабларини бузиш, шунингдек туҳмат ва ҳақорат мазмунидаги мурожаатларни тақдим этиш белгиланган тартибда жавобгарликка олиб келади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 февраль, 8-сон, 134-модда










































Время: 0.0040
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск