язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.02.2019 й. ПҚ-4199-сон "Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.02.2019 й.

N ПҚ-4199



ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш халқ таълими соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатнинг келгусидаги жадал тараққиёти ёш истеъдодларни аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратиш бўйича ишлар сифатини ошириш заруратини тақозо этмоқда.

Иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ:


1. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Президент мактабларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш;

табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш, ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларни ўқитиш ва улар билимини баҳолашнинг замонавий услубларини, шунингдек таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва кейинчалик ижобий тажрибани республика халқ таълими тизимига татбиқ этиш;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш малакасини ошириш;

ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш;

ўқувчиларда ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат туйғусини, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатни, ҳаётга қатъий ишонч ва қарашларни шакллантириш;

ўқув дастурларининг узлуксизлигини таъминлаш масалаларида худди шу йўналишдаги миллий ва хорижий умумий ўрта ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларнинг илғор хорижий олий ўқув юртларида ва уларнинг республикамиздаги филиалларида ўқишини давом эттириш.


3. Белгилансинки:

Президент мактабларига қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади;

Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил - 12 нафардан ўқувчи тақсимланади;

биринчи ўқув йилида Президент мактабларининг ҳар бирига 5-10-синфларга 144 нафардан ўқувчи ўқишга қабул қилинади;

Президент мактабларида таълим жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади;

Президент мактабларида "STEAM - таълим" (Science - табиий фанлар, Тechnology - технологиялар, Engineering - техник ижодкорлик, Аrt - санъат, Мathematics - математика) дастури жорий этилади;

Президент мактабининг 9-11-синфларида ўқитиш ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини инобатга олган ҳолда, айрим фанлар ва уларни ўрганиш даражасини танлаб олиш орқали ўқув жараёнини индивидуаллаштиришни кўзда тутади;

асосий ўқув дастури билан биргаликда Президент мактабларида ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда синфдан ташқари амалий машғулотлар ўтказиш назарда тутилади;

Президент мактаблари битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат) билан бир қаторда, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига кириш имконини тақдим этувчи халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) берилади;

Президент мактаблари бевосита Вазирликка бўйсунади.


4. Вазирлик Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 майга қадар қуйидаги тартибларни белгилаб берувчи Президент мактаби ҳақидаги низомни тасдиқлаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин:

Президент мактабларида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш;

кириш имтиҳонларини ўтказиш ҳамда ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳияти ва креатив фикрлашини баҳолаган ҳолда уларни қабул қилиш;

Президент мактаблари ходимларини, шу жумладан юқори малакали хорижий мутахассисларни танлаб олиш, ёллаш ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш;

Президент мактаблари фаолиятини молиялаштириш ва намунавий штат жадвалини тасдиқлаш.


5. Қуйидагилар:

2019-2021 йилларда Президент мактабларини қуриш жадвали 1-иловага мувофиқ;

Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида Президент мактаблари фаолиятини ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Президент мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Президент мактабларига қуйидаги масалаларда кўмаклашиш Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

моддий-техник базани мустаҳкамлаш, таълим сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш ва амалга ошириш;

Президент мактаблари фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш учун чет эл инвесторлари маблағларини, техник ёрдам (грантлар) ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб қилиш;

Президент мактаблари маблағларини самарали бошқариш ва улардан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни таъминлаш;

Президент мактаблари фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш, шу жумладан таълим жараёнига ўқитишнинг илғор шакллари ва услубларини, педагогик, компьютер ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Комиссияга:

а) Президент мактабларини замонавий ускуналар, мебель, компьютер техникаси билан жиҳозлаш, шунингдек уларни ўқув адабиётлари, методик қўлланмалар ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича намунавий лойиҳалар ва меъёрларни тасдиқлаш;

б) истисно тариқасида, танлов (тендер) савдоларини ташкиллаштирмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан:

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - лойиҳа ташкилотларини;

Президент мактабларини қуриш учун - пудрат ташкилотларини;

Президент мактабларини замонавий ускуналар, мебель, компьютер техникаси билан жиҳозлаш, шунингдек уларни ўқув адабиётлари, методик қўлланмалар ва бошқа воситалар билан таъминлаш учун - ишлаб чиқарувчилар (етказиб берувчилар)ни;

Президент мактабларида ўқув-методик раҳбарликни таъминлаш, ўқув жараёнини ташкил этиш ва юритиш, шунингдек ўқувчиларни қабул қилиш ва чет эллик юқори малакали мутахассисларни ёллаш учун - таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилотларни белгилаш ҳуқуқи берилсин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Вазирликка Президент мактаблари қуриш учун ер участкаларини ажратиш бўйича таклифлар киритсин.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларидаги Президент мактаблари 2019 йил 20 августга қадар, республиканинг бошқа ҳудудларида эса тегишлича 2020 ва 2021 йил 20 августга қадар қуриб битказилиши ва ишга туширилишини таъминласин.


8. Қуйидагилар:

Вазирлик ҳузуридаги "Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси" ДУК - Президент мактабларини қуриш ва уларни замонавий ускуналар, мебель, компьютер техникаси билан жиҳозлаш, ўқув адабиётлари, методик қўлланмалар ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича буюртмачи этиб;

Вазирлик ҳузуридаги "Инновация, технология ва стратегия маркази" давлат унитар корхонаси - Президент мактаблари фаолиятининг методик ва ахборот-таҳлилий таъминоти учун масъул ташкилот этиб белгилансин.


9. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Президент мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб келинадиган ускуналар, компьютер техникаси, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар 2022 йил 1 январгача божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.


10. Белгилаб қўйилсинки:

Президент мактабларини қуриш ва замонавий асбоб-ускуналар, мебель, компьютер техникаси билан жиҳозлаш, ўқув адабиётлари, методик қўлланмалар ва бошқа воситалар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, хорижий инвестициялар, юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари, Комиссия томонидан жалб этиладиган қўшимча маблағлар, Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида Президент мактабларини қуриш бўйича намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш "Prime Tower Group" МЧЖ (Тошкент шаҳри) томонидан Вазирлик ҳузуридаги "Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси" ДУК билан ҳамкорликда амалга оширилади.


11. Лойиҳа ва пудрат ташкилотларига, истисно тариқасида, Президент мактаблари қуришни лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга рухсат берилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Президент мактабларини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Вазирликнинг буюртманомаларига асосан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган Президент мактабларининг чет эллик ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


14. Белгилаб қўйилсинки, Президент мактабларининг жорий фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, бунда жумладан қуйидаги харажатлар ҳам қопланади:

Президент мактабларининг, шу жумладан шартнома асосида хизмат кўрсатувчи ходимларига иш ҳақи, устамалар, қўшимча ҳақлар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар;

таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилотларнинг Президент мактабларида ўқув-методик раҳбарликни таъминлаш, таълим жараёнини юритиш ҳамда ўқувчиларни қабул қилиш ва юқори малакали хорижий мутахассисларни ёллаш бўйича хизматлари учун тўловлар;

ўқувчиларни бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Президент мактаблари фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ бошқа тадбирларни молиялаштириш харажатлари.


15. Вазирлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 20 февралдаги

ПҚ-4199-сон қарорига

1-ИЛОВА



2019-2021 йилларда Президент

мактабларини қуриш

ЖАДВАЛИ

   

Т/р

Ҳудуд номи

Жами

Шу жумладан:

2019 йилда

2020 йилда

2021 йилда


Жами:

14

3

5

6

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

1

1

-

-

2.

Андижон вилояти

1

-

-

1

3.

Бухоро вилояти

1

-

1

-

4.

Жиззах вилояти

1

-

1

-

5.

Қашқадарё вилояти

1

-

1

-

6.

Навоий вилояти

1

-

-

1

7.

Наманган вилояти

1

-

-

1

8.

Самарқанд вилояти

1

-

1

-

9.

Сурхондарё вилояти

1

-

-

1

10.

Сирдарё вилояти

1

-

-

1

11.

Тошкент вилояти

1

-

-

1

12.

Фарғона вилояти

1

-

1

-

13.

Хоразм вилояти

1

1

-

-

14.

Тошкент шаҳри

1

1

-

-





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 20 февралдаги

ПҚ-4199-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида Президент мактаблари

фаолиятини ташкил этишга оид қўшимча

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирларнинг номи

Амалга ошириш шакли

Амалга ошириш муддатлари

Масъул ижрочилар

I. ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ

1.

Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида Президент мактабларини (кейинги ўринларда - Президент мактаблари) қуриш ва замонавий ускуналар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, уларни ўқув адабиёти, методик қўлланма ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича пудратчи ташкилотларни аниқлаш.

Президент мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича комиссия қарори

2019 йил

1 апрелгача

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Қурилиш вазирлиги (А.Тўхтаев), манфаатдор вазирликлар ва идоралар

2.

Президент мактабларини қуриш ва замонавий ускуналар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, уларни ўқув адабиёти, методик қўлланма ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

лойиҳаларни амалга ошириш давомида

Молия вазирлиги (А.Ҳайдаров), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов),

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.Умурзоқов)

3.

Президент мактаблари уставларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишни таъминлаш.

Устав

2019 йил

1 сентябргача

Халқ таълими вазирлиги

(Ш.Шерматов)

II. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ

4.

Халқаро стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда Президент мактабларининг ўқув режа ва дастурларини тасдиқлаш.

Идоравий ҳужжат

2019 йил

15 августгача

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбоев)

5.

Президент мактабларининг ўқув-тарбия жараёнига "STEAM-таълими" дастурини (Science - табиий фанлар, Тechnology - технология, Engineering - техник ижодкорлик, Аrt - санъат, Мathematics - математика) жорий қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

март-август

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов),

Молия вазирлиги (А.Ҳайдаров)

6.

Президент мактаблари битирувчиларга томонидан халқаро даражадаги тегишли дастур дипломларини (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) тақдим этиш механизмларини жорий қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар комплекси

2019 йил давомида

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов),

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбоев), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов)

7.

Президент мактабларини жиҳозлаш учун керакли ўқув-методик адабиётлар ва илмий нашрлар рўйхатини аниқлаш ва уларни харид қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

1 июлгача

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К.Алламжонов), Молия вазирлиги (А.Ҳайдаров)

8.

Президент мактабларида ўқув жараёнини ташкил этиш учун хорижий юқори малакали мутахассисларни танлаб олиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

15 июнгача

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш.Кудбиев), Молия вазирлиги (А.Ҳайдаров)

III. ЎҚУВЧИЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

9.

Президент мактабларига ўқувчиларни саралаш бошланиши ва тартиби, ўқувчилар учун яратилаётган имкониятлар ва бошқа афзалликлар ҳақида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

апрель-май

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов),  МТРК (А.Ходжаев), ЎзА (А.Кўчимов)

10.

Номзодлар ҳужжатларини, шу жумладан электрон шаклда қабул қилишни ташкил этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

июнь-июль

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Адлия вазирлиги(Р.Давлетов),

ЛБМА (Д.Ли)

11.

Кириш имтиҳонларини ўтказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

10 августгача

Халқ таълими вазирлиги

(Ш.Шерматов)

12.

Президент мактабларига ўқувчиларни қабул қилиш.

Буйруқ

2019 йил

20 августгача

Халқ таълими вазирлиги

(Ш.Шерматов)

IV. МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

13.

Президент мактабларини замонавий ускуналар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, уларни ўқув адабиёти, методик қўлланма ва бошқа воситалар билан таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

15 августгача

Халқ таълими вазирлиги

(Ш.Шерматов),

Молия вазирлиги

(А.Ҳайдаров)

14.

Президент мактабларини ишга тушириш ва ўқув жараёнини бошлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

20 августгача

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов),

Қурилиш вазирлиги (А.Тўхтаев),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (К.Сариев), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Ортиқходжаев)

Изоҳлар:


1. Ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш предмети ва соҳасидан келиб чиқиб, чора-тадбирларни амалга ошириш шакли ўзгариши, ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар эса бирлаштирилиши мумкин;


2. Икки ёки ундан ортиқ бандлар бирлаштирилганда, қўшилаётган бандлар учун ўрнатилган энг кеч муддат ижро муддати этиб белгиланади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 20 февралдаги

ПҚ-4199-сон қарорига

3-ИЛОВА



Президент мактаблари фаолиятини

ташкил этиш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Комиссия раиси

А.А. Абдувахитов

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Комиссия раиси ўринбосари

А.А. Абдухакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Комиссия раиси ўринбосари

Ж.А. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири

Э.М. Ғаниев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари

Ш.Х. Шерматов

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари

А.Х. Тўхтаев

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири

А.Х. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

У.У. Шарифходжаев


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудири

Р.О. Каримжонов

-

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги "Инновация, технология ва стратегия маркази" ДУК директори, Комиссия котиби

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 февраль


"Халқ сўзи", 2019 йил 21 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 февраль, 8-сон, 136-модда