ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Малака ошириш /

Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.02.2019 й. 149-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 20 февралдаги

149-сон қарорига

2-ИЛОВА



Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва

уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат ҳамда нодавлат мусиқага ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернатлар), ўрта махсус ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг педагог ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг "Ўзбек миллий мақом маркази", ансамбллар, оркестрлар раҳбар ва ходимларини (кейинги ўринларда мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари деб аталади) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди.


2. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари бўйича лавозимлар ва мутахассисликлар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан шакллантирилади.


3. Давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) билан тузилган шартнома асосида мазкур Низомга иловадаги схема бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтадилар.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


буюртма - давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини тизимли таҳлил қилиш асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари ҳисобидан молиялаштириладиган малака ошириш курсларидан ўтишнинг даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ойлар ва ўқиш йўналишлари бўйича шакллантирилган тингловчилар контингенти;


буюртманома - буюртмачи томонидан мусиқа соҳаси педагогва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсига қабул қилиш учун Марказга тақдим этиладиган ва мазкур Низомда белгиланган тартибда расмийлаштирилган педагог ва мутахассислар рўйхати;


буюртмачи - тасарруфида мусиқа соҳасидаги ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари;


контингент - давлат тасарруфидаги мусиқага ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернатлар), ўрта махсус ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг мусиқа соҳаси, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари педагог ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг "Ўзбек миллий мақом маркази", ансамбллар, оркестрларнинг раҳбар ва ходимларининг фаолиятини тизимли таҳлил қилиш асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек, нодавлат таълим муассасаси ҳисобидан молиялаштириладиган малака ошириш курсларидан ўтишнинг белгиланган даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ойлар ва ўқиш йўналишлари бўйича шакллантирилган тингловчилар рўйхати;


малака талаблари - қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари битирувчисининг умумий билим ва касб тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар;


педагог ходим - мусиқага ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернатлар), ўрта махсус ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим-тарбия фаолиятини амалга оширувчи ўқитувчи;


тингловчи - Марказ директори буйруғи билан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсига қабул қилинган мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари;


тьютор (педагог ўқитувчи-консультант) - масофавий малака ошириш таълим жараёнида тегишли ўқув модули бўйича тингловчилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва йўналтирувчи, методик ёрдам кўрсатувчи, ўқиш ва билиш назоратини амалга оширувчи субъект;


якуний назорат - тингловчиларни якуний тест синовлари ва битирув малакавий (курсни тугатиш) ишига қўйилган баҳолар йиғиндиси.



2-БОБ. МУСИҚА СОҲАСИ ПЕДАГОГ ВА

МУТАХАССИСЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА

УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Ўқув жараёнини малака талабларига мувофиқ юқори илмий-услубий даражада таъминлаш, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, шунингдек, ўқитишнинг интерактив усуллари бўйича касбий ва педагогик маҳоратни доимий равишда ривожлантиришга кўмаклашиш учун зарур бўлган касбий билимлар ва кўникмаларни мунтазам равишда янгилаб бориш, мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларининг (кейинги ўринларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари деб аталади) мақсади ҳисобланади.


6. Қуйидагилар Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг вазифалари ҳисобланади:

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари касбий маҳорати даражасининг лавозим малака тавсифларига мувофиқлигини таъминлаш;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қонунчилик нормалари, назария, илмий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва соҳадаги инновациялар, шунингдек, таълим амалиётини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқлари билан таништириб бориш;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари салоҳиятидан ҳамда мавжуд моддий-техника базасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этган ҳолда мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятининг сифати ва самарадорлигини оширишни таъминлаш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан кенг фойдаланган ҳолда, мусиқа соҳаси педагогларига замонавий иш услубларини ўзлаштиришга, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни ўз фаолиятига фаол татбиқ этишига кўмаклашиш;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг касбий билими, кўникмаси ва маҳоратини узлуксиз янгилаб бориш, замонавий талабларга мувофиқ таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарликни ошириш;

мустақил фикрлаш кўникмаларини сингдириш, педагогик нуфузнива компетентликни ривожлантириш;

мусиқа соҳаси мутахассисларини замонавий мусиқий репертуардаги ўзгаришлар, композиторлик ва бастакорлик ижодиётидаги янгиликлардан хабардор қилиш ва меҳнат фаолиятига сингдириш;

раҳбар ходимларнинг мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини бошқариш малакаларини шакллантириш, мусиқа соҳасидаги янгиликларни таҳлил қилиш ва жорий этишга ўргатиш, хорижий тажрибаларни ўзи раҳбарлик қилаётган муассасага татбиқ этиш, инновацияларни жорий этишга ўргатиш;

ўқув-тарбиявий ва маънавий-ахлоқий ишларни амалга оширишда илғор таълим-тарбия технологияларидан ва жаҳон тажрибасидан фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мазмунини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-методик ишларни олиб бориш кўникмаларини шакллантириш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тўғридан-тўғри шаклларини амалиётга жорий этиш;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва хорижий тилларни ўзлаштириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;

Ўзбекистон давлат консерваторияси кафедраларининг мусиқага ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактаблари (мактаб-интернатлари), ўрта махсус ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг "Ўзбек миллий мақом санъати маркази", ансамбллар, оркестрлар билан ўзаро интеграциясини таъминлаш;

педагогларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.



3-БОБ. МУСИҚА СОҲАСИДАГИ ПЕДАГОГ ВА

МУТАХАССИСЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА

УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИДА

ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИНГ МАЗМУНИ ВА СИФАТИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


7. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида таълим жараёнининг мазмуни ва сифатига қўйиладиган малака талаблари "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ белгиланади ҳамда уларда таълим жараёнини ташкил этишни, унинг мазмунини, методик таъминлашни, сифат ва самарадорлигини оширишни такомиллаштиришга доир талаблар акс эттирилади.


8. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида таълим дастури мазмунига қўйиладиган талаблар йўналишлар бўйича зарур ҳамда етарли билим ва кўникмаларни ўзлаштириш ҳисобга олинган ҳолда, педагог ва мутахассисларнинг малака тавсифларига қатъий мувофиқлик тамойиллари асосида белгиланади.


9. Таълим дастури илм-фан, педагогик ва инновацион технологияларнинг сўнгги ютуқларига мувофиқ ташкил этилиши ҳамда таълим турлари ўртасида узлуксизлик ва узвийликни таъминлаш талабларига мос бўлиши керак.

Таълим дастурида таълим олувчилар томонидан билимларни мустақил излаш ва уларни ўзлаштириш назарда тутилиши лозим.

Марказнинг ўқув режаси ва дастурларини тузиш, экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш ва уларни таълим жараёнига жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. МУСИҚА СОҲАСИ ПЕДАГОГ ВА

МУТАХАССИСЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА

УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИ

10. Мусиқа соҳасининг педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги;

Ўзбекистон давлат консерваторияси (кейинги ўринларда Консерватория деб аталади);

Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Мусиқа соҳаси педагог ва уларнинг мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади);

буюртмачи.


11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади):

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига умумий раҳбарлик қилади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

буюртма асосида ташкил этиладиган малака ошириш курсларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириш учун Молия вазирлигига таклиф киритади;

кейинги календарь йили учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган малака ошириш курсларини, ойлар, малака ошириш шакллари ва ўқиш йўналишлари бўйича буюртмани шакллантиради ва тасдиқлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини такомиллаштириш механизмлари ва услубларини белгилайди, тегишли ўқув-методик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари билимларини баҳолаш мезонларини тасдиқлайди;

Марказнинг ахборот-ресурс маркази ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари битирувчиларининг тайёргарлиги ва компетенциясига қўйиладиган малака талабларини тасдиқлайди;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини такомиллаштиришга доир мақсад ва вазифаларни белгилайди;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини тасдиқлайди;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни такомиллаштириш механизми ва усулларини, таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш жараёни самарадорлигини аниқлайдиган динамик кўрсаткичларни ҳамда тингловчиларнинг прогноз контингентини белгилайди;

Марказнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига илмий салоҳиятли, маҳоратли, илмий мактаб яратган, дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи бўлган, доимий равишда касбий маҳоратини ва малакасини ошириб бораётган педагог ходимларни жалб этади.


12. Консерватория:

педагогларнинг касбий билими ва малакасини ошириш ишларига илмий-методик жиҳатдан раҳбарлик қилади;

таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини ҳисобга олиб, ижодий тафаккурни ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг интерактив усулларидан фойдаланган ҳолда педагогларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича намунавий ўқув режасини, дастурини, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқади;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқади;

таълимнинг илғор шакл ва усуллари, замонавий таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига жорий этиш асосида, педагог ва бошқа мутахассис ходимларнинг касбий билими, кўникмаси ва малакаларини ошириш чораларини кўради;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги хорижий тажрибаларни, шунингдек, энг яхши таълим муассасаларининг ютуқларини оммалаштириш асосида илмий асосланган инновацияларни жорий этади;

Марказ билан биргаликда намунавий ўқув режаси ва дастурлари асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг барча шакллари бўйича ишчи ўқув режаси ва дастурларини, илғор ўқитиш услублари ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда йўналишлар бўйича тарқатма материаллар ишлаб чиқади;

Марказ томонидан ўқув режаси ва дастурларининг бажарилишини назорат қилади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг амалий ва кўчма машғулотларининг касбий йўналишга оид ихтисослашган таълим муассасалари базасида ўтказилишини ташкил этади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёнига олий таълим муассасасида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларни, шунингдек, шартнома асосида мамлакатнинг бошқа олий таълим муассасаларининг юқори малакали педагог ходимларини ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этишни таъминлайди;

илғор педагогик технологияларнинг шакл ва усулларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига жорий этишга кўмаклашади;

замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ишчи ўқув режаси ва дастурларини такомиллаштиради;

тегишли йўналишлар бўйича етакчи хорижий илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиб, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида онлайн режимда малака ошириш тизимини ташкил этишни таъминлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси машғулотларининг сифатини доимий назорат қилади;

педагогика соҳасида эришилган илмий-тадқиқот натижаларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига ўз вақтида жорий этишни таъминлайди;

Марказ профессор-ўқитувчиларининг илмий изланишлари учун зарурий шарт-шароитлар яратади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнининг зарур даражада ташкил этилиши ва ўтказилиши учун жавоб беради;

Марказда ташкил этиладиган конференция, форум ва илмий-амалий анжуманларнинг ўтказилишига кўмаклашади;

Марказ фаолияти юзасидан ахборотни ҳар 6 ой якунлари бўйича Консерватория кенгашида муҳокама қилади ва Марказ фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсияларни Вазирликка тақдим этади.


13. Марказ:

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари учун қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илғор шакл ва усулларини жорий этади;

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини такомиллаштириш юзасидан илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-услубий ишларни олиб бориш кўникмаларини ривожлантиради;

масофадан ўқитиш усуллари асосида мусиқа соҳаси педагогва мутахассислари учун ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-услубий ресурсларини ишлаб чиқади, курслардаги ўқув машғулотларини онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этишни янада такомиллаштиради;

тегишли йўналишлар бўйича фанларнинг умумкасбий ва махсус блоклари бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этади ҳамда улар бўйича замонавий услубий, ахборот-маълумотнома базасини яратади;

буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорликда мусиқа соҳаси педагогва мутахассислари қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини узлуксиз такомиллаштириб боради;

ўқув-тарбия жараёнининг амалиёт базалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлайди, мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини кўчма машғулотлар орқали замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган таълим муассасаларида ташкил этади;

инновацион илмий ютуқларни, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни, масофадан ўқитишни, мустақил таълим олишни кенгайтиришни назарда тутувчи техника ва технологияларни таълим тизимига жорий этади.


14. Буюртмачи:

мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари фаолиятининг тизимли таҳлилини амалга оширади ва электрон маълумотлар базасига киритиб боради;

малака ошириш даврийлигига амал қилган ҳолда мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини кейинги календарь йил учун ҳар йилнинг 15 ноябрига қадар уларнинг эгаллаб турган лавозимига кўра курслардан ўтиши бўйича белгиланган даврийликни инобатга олган ҳолда малака ошириш курсларига юбориладиган тингловчилар контингентини шакллантиради ва Вазирликка тақдим этади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режаси, дастури, ўқув-услубий ва бошқа ҳужжатларини тайёрлашда, ўқув курсларининг давомийлиги, даврийлиги ҳамда ташкил этиш шакллари бўйича Вазирликка таклифлар киритади;

меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда янги мутахассисликка талаб ортиши муносабати билан айрим мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг қайта ихтисослашуви юзасидан Вазирликка таклифлар киритади.



5-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШНИНГ ТУРЛАРИ ВА ШАКЛЛАРИ


15. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малакасини ошириш тўғридан-тўғри (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) ва билвосита (таълим дастурларисиз ўқитиш) шаклларда ташкил этилади.


16. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малакасини оширишнинг қуйидаги тўғридан-тўғри малака ошириш шакллари қўлланилади:

Марказда ўқитиш;

"устоз-шогирд" усули бўйича ўқитиш;

мустақил ўқиб билим орттириш;

масофавий таълим;

стажировка ўташ орқали тажриба орттириш.


17. Марказда ўқитиш якка тартибдаги топшириқлар ёки аниқ йўналтирилган дастурлар асосида, таълимнинг тегишли тури ўқув жараёнининг мониторинги натижаларини ва ходимлар тайёрлаш сифатини ҳисобга олиб, малака талабларига, шунингдек, таълимни бошқариш бўйича Вазирлик талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган фанлар бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштиришдир.

Малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитиш 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 50 ёки 75% - яшаш жойи бўйича мустақил равишда билим орттириш, 50 ёки 25% - бевосита таълим муассасасида) масофадан малака ошириш шаклида ташкил этилиши мумкин. Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва педагогларнинг малакасини ошириш бўйича махсус виртуал курслар мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.


18. "Устоз-шогирд" усули бўйича ўқитиш - танлов асосида саралаб олинган, мамлакатда (минтақада), илмий ва педагогик жамоатчилик ўртасида ўзининг юқори натижалари, касбий фаолиятининг юқори кўрсаткичлари, рақобатбардош ходимлар тайёрлаш бўйича ўз мактаби билан машҳур бўлган юқори малакали педагог-устозлар раҳбарлигида тегишли таълим муассасаларида фанлар бўйича мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малакасини мақсадли ошириш ҳисобланади.


19. Мустақил ўқиб билим орттириш - мусиқа соҳаси педагогва мутахассислари томонидан касб маҳоратини оширишга, касбий лаёқат ва илмий дунёқарашни кенгайтиришга йўналтирилган бўлиб, уларнинг ўз лавозими ва мутахассислиги бўйича янги билим, кўникма ва малакаларни узлуксиз равишда мустақил ўзлаштиришини назарда тутади.

Мустақил равишда билим олиш мусиқа соҳаси педагогва мутахассислари узлуксиз таълимининг (малака оширишининг) ажралмас таркибий қисмидир, у ахборот технологияларининг эгаллаб олинишини рағбатлантиради. Мустақил таълим белгиланган тартибда, малака оширишнинг тегишли таълим дастурлари бўйича амалга оширилган бўлса, билимларнинг якуний назорати натижалари асосида педагог ва мутахассисларга Марказ томонидан малака оширганлик ҳақида белгиланган намунадаги ҳужжат (сертификат) берилади.

Малака оширишнинг ушбу шакли таълим дастурини таълим олувчи томонидан тузилган ва Марказ томонидан тасдиқланган якка тартибдаги режа асосида мустақил ўқиш воситасида ўзлаштиришни назарда тутади.

Мустақил ўқиб билим орттириш шаклида малака ошириш барқарор юқори профессионал рейтингга эга бўлган, замонавий ахборот технологиялари билан ишлашнинг амалий кўникмаларини эгаллаган, ўзини ўзи камол топтириш жараёнига танқидий ва ижодий ёндаша оладиган тингловчилар учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тавсия этилади.


20. Масофавий таълим - онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва оффлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклида амалга оширилади.


21. Стажировка ўташ орқали тажриба орттириш - таълим муассасаларида педагогларни таълим ва уни бошқариш соҳасидаги фан ва техника тараққиётининг энг янги ютуқлари, замонавий техника ва технологиялар билан таништиришни, раҳбарлик салоҳиятини оширишни назарда тутади.

Стажировка хизмат сафарига юбориш тарзида ҳам амалга оширилади.

Стажировка тамом бўлгандан кейин ходимларга стажировка муддати кўрсатилган ҳолда уларнинг стажировкадан ўтганлиги тўғрисида тажриба орттирилган муассаса раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган маълумотнома берилади.


22. Қисқа муддатли курслар малака ошириш таълим дастурлари асосида ташкил этилган инновацион менежмент, педагогик ёки ахборот технологияларини ўзлаштириш курсларида ўқиш бўлиб, мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малакасини оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари тарзида амалга оширилади. Ушбу курслар мажбурий бўлмаган ҳолда педагог ва мутахассисларнинг касбий ўсишига кўмаклашади.

Мазкур курсларнинг таълим дастурлари малака ошириш таълим дастурларининг муайян қисмини (фан блоклари ёки модулларини) қамраб олган ва Марказ томонидан ушбу курслар ўтказилган бўлса, курсларни тамомлагандан кейин берилган сертификатларда кўрсатилган ўқиш соатлари ҳажми навбатдаги малака ошириш бўйича зарур соатларнинг жами ҳажмига киради (ҳисобга олинади).


23. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари малакасини оширишнинг билвосита шакллари қуйидагилардан иборат:

очиқ ўқув машғулотлари;

илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарларда, конференцияларда ҳамда маҳорат дарсларида маърузалар билан қатнашиш.


24. Очиқ ўқув машғулотлари - замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ўқитишнинг интерактив усуллари қўлланилган ҳолда академик гуруҳларда жадвал бўйича ўтказиладиган олдиндан эълон қилинган муаммо ёки инновация мавзуси бўйича машғулотдир.

Очиқ ўқув машғулотларига тегишли соҳадаги тажрибали педагоглар, олимлар ва мутахассислар таклиф этилади.

Ушбу машғулотларнинг сифати Консерватория ва Марказнинг қўшма йиғилишида муҳокама қилинади.


25. Илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарлар, конференциялар, август ўқишларида маърузалар билан қатнашиш - таълим ва тарбиянинг долзарб муаммолари, шунингдек, ўқув жараёнининг юқори сифатини таъминлашга йўналтирилган педагогика фани ва амалиёти, мусиқа соҳаси инновациялари, ўқитиш методологияси ва технологиясининг муҳим масалалари бўйича илмий ва илмий-методик маъруза (ахборот)лар билан чиқишлар орқали таъминланади.


26. Малака оширишнинг билвосита шакллари мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини навбатдаги малака ошириш курсигача бўлган даврда ўз устида мустақил ишлаши натижаларини баҳолаш ва унинг касбий малака даражасини аниқлашга хизмат қилади, шунингдек, педагогва мутахассисларни малака тоифаларига аттестациядан ўтказиш жараёнида ҳисобга олинади.


27. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малакасини ошириш қуйидаги турларда амалга оширилади:

асосий ишдан ажралган ҳолда;

асосий ишдан қисман ажралган ҳолда (уйғунлаштирилган услуб);

асосий ишдан ажралмаган ҳолда (масофавий таълим).


28. Асосий ишдан ажралган ҳолда ва асосий ишдан қисман ажралган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) малака ошириш Консерватория ва Марказ базасида ўтказилади.


29. Асосий ишдан қисман ажралган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) малака ошириш курси умумий давомийлигининг 50 ёки 25 фоизи - Марказда аудитория машғулотларига ажратилади. Курснинг қолган қисми мусиқага ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактаблари (мактаб-интернатлар), ўрта махсус ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг "Ўзбек миллий мақом санъати маркази", ансамбллар, оркестрлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажарган ҳолда амалий машғулотлар ўтказилишини назарда тутади. Амалий машғулотларни асосий иш жойида ўтказишга йўл қўйилади. Амалий машғулотлар ҳар бир ўзлаштирилган модули бўйича тест синовлари, реферат топшириш, амалиёт бўйича ҳисобот ва шу каби шакллардаги назорат турларини назарда тутади.


30. Асосий ишдан ажралмаган ҳолдаги малака ошириш тури ўқитишнинг масофавий таълим шаклида амалга оширилади.


31. Қуйидагилар қайта тайёрлашнинг асосий турлари ҳисобланади:

педагогик қайта тайёрлаш;

касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув).


32. Педагогик қайта тайёрлаш - олий маълумотли нопедагог мутахассисларнинг базавий касбий маълумотини таълимнинг тегишли тури малака талаблари билан белгиланадиган ўқув-тарбия жараёнининг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли бўлган педагогик тайёргарлик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида мутахассисларни қайта тайёрлашдир.


33. Касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув) - олий педагогик маълумотли мутахассислар томонидан таълимнинг тегишли тури малака талаблари билан белгиланадиган ўқитишнинг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада ўқув фани ёки курс бўйича касбий фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли ҳажмда янги касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштиришни назарда тутади.

Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини касбий қайта тайёрлаш, ўқув режаларига янги ўқув модуллари ёки курслар жорий этилиши, ходимларнинг буюртмачилари ёки меҳнат бозорининг талаблари билан белгиланадиган айрим ходимларнинг қайта ихтисослашуви ёки янги мутахассисликка эга бўлиши муносабати билан Марказ ташаббусига кўра шартнома асосида ташкил этилади.


34. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш асосий ишдан ажралган ва ажралмаган ҳолда амалга оширилади.


35. Таълим дастурларининг мазмуни ва ўқитишнинг давомийлиги малака талабларида кўрсатилган тартибда белгиланади. Қайта тайёрлашдан муваффақиятли ўтган мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларига белгиланган намунадаги диплом берилади.


36. Қайта тайёрлашга иккинчи олий таълимни олиш сифатида қаралмайди. Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган ҳужжат (диплом) фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ёки муайян фанлар бўйича ўқув машғулотлари олиб бориш ҳуқуқини беради.


37. Марказ қайта тайёрлаш курслари фаолиятини буюртмачиларнинг буюртманомалари, малака талаблари, шунингдек, таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи талаблари асосида ишлаб чиқилган дастурлар бўйича амалга оширади.


38. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади: маъруза; амалий ва якка тартибдаги машғулот; интерактив семинарлар; тренинг; кўчма машғулот; тажриба алмашиш; мустақил ўқиш; лаборатория иши; битирув малакавий ишини (курсни тугатиш ишини) ҳимоя қилиш.

Айрим ўқув машғулотлари Консерваториянинг ўқув ва моддий-техник базасида ташкил этилади.



6-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШНИНГ ДАВОМИЙЛИГИ, ДАВРИЙЛИГИ

ВА ЎҚУВ ЮКЛАМАСИНИНГ ҲАЖМИ


39. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малакасини оширишнинг давомийлиги уни ташкил этиш шаклларига ҳамда педагогнинг касбий малака даражасини ва индивидуал касбий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда буюртмачи томонидан белгиланадиган талабларга боғлиқ ҳолда аниқланади.

Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари 5 йилда камида бир марта, раҳбар ходимлар эса - 3 йилда камида бир марта малака оширишлари шарт.


40. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малакасини ошириш дастурларини ўзлаштириш муддати ўқув режасига киритилган фанлар сони ҳамда уларнинг юкламалари ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади ва у 4 ҳафтадан (144 соатдан) кам бўлмаслиги шарт (қисқа муддатли малака ошириш курслари бундан мустасно). Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотларининг ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.


41. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш дастурларини ўзлаштириш муддати ўқув режасига киритилган фанлар сони ҳамда уларнинг юкламалари ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади ва у 16 ҳафтадан (576 соатдан) кам бўлмаслиги шарт. Аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг ҳафталик юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.

Марказда олий маълумотга эга бўлмаган мутахассислар учун ўқиш муддати 6 ойдан (720 соатдан) кам бўлмаган мақом санъати бўйича қайта тайёрлаш курслари ташкил этилиши мумкин.


42. Аудитория машғулотларининг барча турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.



7-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШ КУРСЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


43. Малака ошириш курслари Вазирлик томонидан тасдиқланган буюртманома асосида ҳамда буюртмачилар билан тузилган шартномалар асосида Марказда ташкил этилади.


44. Марказга тақдим этиладиган буюртманомада ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, педагогик стажи, иш жойи, лавозими, охирги марта малака оширган вақти ва сертификат рақами, малака ошириш йўналиши ва малака оширишга келадиган вақти (ойи) кўрсатилади.


45. Малака ошириш курсларидан ўтиш жадвали ҳар йили 15 декабрга қадар Вазирлик томонидан тасдиқланади ҳамда буюртмачиларга етказилади.


46. Буюртмачилар малака ошириш курсларидан ўтиш жадвалига асосан тегишли мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг Марказга ўз вақтида ўқишга етиб боришларини таъминлайдилар.


47. Жорий йилда буюртмага киритилмаган мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари Марказ билан тузилган шартнома асосида малака ошириш курсларидан ўтишлари мумкин.


48. Шартнома асосидаги мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари буюртмачи талаби ва меҳнат бозорининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Марказда ташкил этилади.

Марказ буюртмачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш учун Вазирликка буюртманома билан мурожаат қилади.


49. Шартнома асосида қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

қайта тайёрлаш курсларида ўқиши режалаштирилаётган тингловчилар (фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, педагогик стажи) ҳақида маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш жадвали;

қайта тайёрлаш курслари учун услубий таъминотнинг (ўқув-мавзу режаси, дастурлар, мажмуалар) мавжудлиги ҳақида маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш учун етарли бўлган илмий-педагогик салоҳиятнинг (маърузачи ва амалий дарсларни олиб борувчи профессор-ўқитувчиларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, илмий даражаси ва илмий унвони, асосий иш жойи) мавжудлиги ҳақида маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш учун зарур бўлган моддий-техник базанинг (аудитория фонди, компьютер хоналари, фан хоналари, кутубхона ва ҳ.к.) мавжудлиги ҳақида маълумот.


50. Марказда қайта тайёрлаш курслари буюртмачи томонидан таклиф этиладиган йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.


51. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш Марказ директори буйруғи билан расмийлаштирилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ курслар бошланиши санасидан бошлаб 3 кун мобайнида расмийлаштирилади.


52. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари бошлангандан кейин 3 кун мобайнида машғулотларга келмаган тингловчилар, келмасликнинг сабабларидан қатъи назар, курсларга қўйилмайди.


53. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари малака ошириш курсларига узрли сабабларга кўра ўз вақтида келмаган бўлса, уларга ўқишнинг тегишли йўналиши бўйича навбатдаги малака ошириш курсларида ўқишга рухсат берилади.


54. Марказ қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига тингловчиларнинг ўз вақтида келмаганлиги ҳақида тегишли буюртмачига хабар беради.


55. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув жараёни тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган намунавий ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган ишчи ўқув режаси ва дастурлари асосида амалга оширилади ҳамда машғулотлар жадвали бўйича тартибга солинади.

Намунавий ўқув режаси ва дастурлари фан, техника, технологиялар ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асосида ҳар йили такомиллаштирилади.


56. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёнига жалб этилган тингловчилар академик гуруҳларга бўлинади. Бунда, академик гуруҳлар камида 25 кишини ташкил этади. Академик гуруҳларни шакллантиришда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсининг йўналиши, ўқув режаси ва дастурлари, педагогларнинг базавий маълумоти ва эгаллаб турган лавозимлари, шунингдек, буюртмачининг талаблари ҳисобга олинади.

Малака ошириш курсларида тингловчилар контингенти етарли бўлмаган йўналишларда, истисно тариқасида, Марказ директори буйруғи билан малака ошириш масофавий таълим шаклида амалга оширилиши мумкин.


57. Тингловчиларнинг ўзлаштиришини баҳолаш тизими Вазирлик томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


58. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун Консерваториянинг етакчи педагог ходимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларининг етакчи мутахассислари, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича илмий кенгаш аъзолари, шунингдек, хорижий мутахассислар жалб этиладилар.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ўтказиш учун жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


59. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил қилиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим жараёни самарадорлигини таъминлаш ҳамда тингловчиларнинг яшаши учун шароит яратиш (Марказда тингловчилар турар жойи мавжуд бўлса) Марказ директори зиммасига юкланади.



8-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШНИНГ МАСОФАВИЙ

ШАКЛИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


60. Малака оширишнинг масофавий шакли (кейинги ўринларда масофавий таълим шакли деб аталади) Вазирлик билан келишган ҳолда, тегишли ўқув режаси ва ўқув дастурлари асосида, махсус виртуал курслар фаолият кўрсатадиган, ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида ахборотларни узатиш ва қабул қилиш учун зарур база билан жиҳозланган ҳамда тегишли моддий-техник, ўқув-методик базага ва ходимлар салоҳиятига эга бўлган Марказ томонидан ташкил этилади.


61. Масофавий таълим шаклидаги малака ошириш курсининг давомийлиги Марказда ўқишнинг тегишли курси академик соатларида белгиланади, бунда календарь муддатлар академик муддатлардан ортиқ бўлиши мумкин.


62. Масофавий таълим шакли бўйича курсларга юқори малакали, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини зарур даражада қўллаш кўникмаларига эга бўлган педагоглар қабул қилинади.


63. Масофавий таълим шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва йўналтириш, Консерватория профессор-ўқитувчилари таркибидан Консерватория ректори билан келишилган ҳолда, Марказ директорининг буйруғи билан бириктириладиган тьютор (педагог ўқитувчи-консультант) томонидан амалга оширилади.

Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, тингловчиларга зарур методик ёрдам бериш, якка тартибдаги машғулотни бажариш юзасидан назоратни амалга ошириш ва тингловчилар билимларини баҳолаш тьюторнинг вазифаларига киради. Тьютор якка тартибдаги топшириқнинг тингловчи томонидан бажарилиши холисона баҳоланиши учун жавоб беради.

Тьютор билан алоқа электрон почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, тьютор билан алоқа контакт-сессиялар (бевосита юзма-юз мулоқот) тарзида (курснинг ўқув режасида белгиланган муддатларда) ҳам амалга оширилиши мумкин.



9-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШ КУРСЛАРИ ТИНГЛОВЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


64. Буюртманомага киритилган малака ошириш курслари тингловчилари учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади, уларнинг ўқув юкламаси эса бошқа ходимлар ўртасида тақсимланади.

Бунда, малака ошириш курсларига юборилган мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари малака ошириш даврида ўтолмай қолган якка тартибда ўтиладиган дарс машғулотларини улар курсни ўзлаштириб қайтганларидан сўнг интенсив (жадаллаштирилган) тарзда ўтказиб берадилар.

Ишдан ажралган ҳолда Марказга малака оширишга бошқа ҳудудлардан юборилган тингловчилар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқишга бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари уларни юборган томон ҳисобидан қопланади.


65. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тингловчилари Марказдаги ўқув аудиториялари, репититорийлари, ахборот-ресурс марказлари, соғломлаштириш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.


66. Тингловчи қуйидаги ҳолатларда тингловчилар сафидан четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқув интизомини ва Марказнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

ўқув машғулотларини узрли сабабларсиз 18 академик соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

таълим дастурларини ўзлаштирмаганлиги учун;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги сабабли;

вафот этганлиги сабабли.


67. Тингловчи малака ошириш курсидан четлатилганда, унга Марказ томонидан сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек, бу ҳақда уни малака оширишга юборган буюртмачига хабар берилади.

Малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган буюртма асосида келган тингловчи, кейинги ўқув йили учун буюртмачи томонидан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда, таътил берилиши асосида буюртманомага киритилади.


68. Қайта тайёрлаш курси таълим дастурларини ўзлаштириш юзасидан якуний назоратдан қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга камида 1 ойдан сўнг якуний курсни тугатиш ишини қайта якуний назоратдан ўтказиш (қайта ҳимоя қилиш) имконияти берилади.



10-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШ КУРСЛАРИ ТИНГЛОВЧИЛАРИНИНГ

БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ (КУРСНИ ТУГАТИШ)

ИШИ ҲИМОЯСИ


69. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари ўқишни тугатгандан кейин, якуний аттестация комиссиялари томонидан ўтказиладиган битирув малакавий (курсни тугатиш) ишини (кейинги ўринларда битирув малакавий иши деб аталади) ҳимоя қилишдан ўтишлари керак.

Якуний аттестация комиссиялари Марказ директорининг буйруғи асосида Консерватория ректори билан келишилган ҳолда ташкил этилади.


70. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларига якуний тест синовлари ижобий натижалари асосида битирув малакавий ишини ҳимоя қилишига рухсат берилади.


71. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим дастурлари талабларини муваффақиятли бажарган тингловчиларга тегишли равишда давлат намунасидаги қуйидаги ҳужжатлар берилади:

малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат - камида 4 ҳафта (144 соат) ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган тингловчилар учун;

қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом - камида 16 ҳафта (576 соат) ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган тингловчилар учун.

Якуний назорат натижасида ўқитиш дастурини ўзлаштириш юзасидан қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга ўқув курсини тамомлаганлик тўғрисидаги маълумотнома берилади.

Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом ва малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


72. Мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг малака тоифаларини олиши (ўзгартириши) ва эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлигини аттестациядан ўтказишда улар қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжат (диплом, сертификат)нинг мавжудлиги талаб этилади.


73. Шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари учун харажатлар сметаси Марказ томонидан тузилади ва белгиланган тартибда Вазирлик томонидан тасдиқланади.

Харажатлар сметасида курснинг ўқув режаси ва дастурида назарда тутилган барча дарс машғулотлари учун тўланадиган соатбай ҳақ, Марказнинг моддий-техник таъминоти, курсни ташкил этиш ва ўтказишга жалб этилган (раҳбар, педагог ва техник) ходимларга тўланадиган иш ҳақи, уларни рағбатлантириш, шунингдек, тўланадиган солиқлар учун маблағлар назарда тутилади.

Шартнома асосида ташкил этиладиган курсларда ўқиш учун тингловчи томонидан тўланадиган маблағ мазкур курсларни ўтказиш учун сарфланадиган харажатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда (харажатлар сметасидаги жами харажатларни тингловчилар сонига бўлиш орқали) ҳисоблаб чиқилади.

Қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун Марказ билан буюртмачи ўртасида белгиланган тартибда тўлов контракти (шартнома) расмийлаштирилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


74. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш

СХЕМАСИ

     

Босқичлар

Ижрочилар

Амалга ошириш механизми

Бажариш муддати

  



1-босқич

Буюртмачи

1. Кейинги календарь йили учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юбориладиган тингловчилар рўйхатини шакллантириш.


2. Тингловчилар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этиш.


3. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш учун Марказ билан шартнома тузиш.

ҳар йили

15 ноябрга қадар

  



2-босқич

Марказ

1. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш жадвалини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқлатиш.


2. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш жадвалини буюртмачиларга етказиш.

ҳар йили

15 декабрга қадар

  



3-босқич

Марказ

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш:

қайта тайёрлаш курслари камида 16 ҳафта (576 соат);

малака ошириш курслари камида 4 ҳафта (144 соат);

олий маълумотга эга бўлмаган мутахассислар учун мақом санъати бўйича қайта тайёрлаш курслари камида 6 ой (720 соат).

режа асосида

  




4-босқич

Марказ

Курсларни тамомлаган тингловчиларга:

қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом;

малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат бериш.

курслар якуни бўйича

  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 февраль



















































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск