язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.02.2019 й. 146-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 19 февралдаги

146-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими

вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолияти ва ҳисоботини ташкил этиш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарлари функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг таълимга доир конституцион ҳуқуқларига риоя этилишини таъминловчи, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавоб берадиган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб аталади) бўйсунадива ҳисобот беради.


4. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


6. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (кейинги ўринларда ҳудудий бўлинмалар деб аталади), Вазирлик тузилмасига кирадиган ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланадилар, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб варақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоби рақамларига эга бўладилар.


7. Вазирликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, қисқартмаси - ХТВ;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - The Ministry of Public Education of the Republic of Uzbekistan, сокращенное - MPEDU.

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Министерство народного образования Республики Узбекистан, қисқартмаси - МНО ёки Минобразования;


8. Вазирликнинг манзили (почта манзили): Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Шайхонтоҳур кўчаси, 3-уй.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ТИЗИМИ


9. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирликнинг марказий аппарати;

А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Республика таълим маркази, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази, "Баркамол авлод" республика болалар бадиий ижодиёт маркази, "Баркамол авлод" республика болалар техник ижодиёт маркази, "Баркамол авлод" республика болалар экология ва ўлкашунослик маркази, Республика ўқувчи-ёшлар маркази, Республика болалар кутубхонаси, Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази, Халқ таълимини ривожлантириш фонди, Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб фонди, Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказлари;

қув таълим-таъминот" давлат унитар корхонаси, "Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси;

А.П. Хлебушкина номидаги 22-сон "Меҳрибонлик" уйи, Республика "Меҳрибонлик" уйлари соғломлаштириш оромгоҳи, Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти;

""Бошланғич таълим" журнали таҳририяти" давлат корхонаси, ""Тил ва адабиёт таълими", "Преподавание языка и литературы", "Lаnguаge аnd literаture teаching" журналлари таҳририяти" давлат корхонаси, ""Маърифат" ва "Учитель Узбекистана" газеталари таҳририяти" давлат корхонаси, ""Халқ таълими" журнали таҳририяти" давлат корхонаси, ""Тонг юлдузи" газетаси таҳририяти", ""Класс" газетаси таҳририяти", ""Ғунча" журнали таҳририяти", ""Гулхан" журнали таҳририяти";

Аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Профилли меҳнат таълимига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Табиий фанлар ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Мирзо Улуғбек номидаги математика, астрономия, физика ва информатика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими вилоят бошқармалари, Тошкент шаҳри халқ таълими Бош бошқармаси, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари;

вилоят қарамоғидаги ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари, ахборот-ресурс марказлари, давлат умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари.



3-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


§ 1. Вазирликнинг вазифалари ва функциялари


10. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши даражасини янада юксалтиришга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

мактабдан ташқари таълимга бўлган умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мувофиқ умумтаълим муассасалари фаолиятини методик бошқаришни амалга ошириш;

ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, умумтаълим муассасалари ходимлари, шунингдек, халқ таълими тизими ходимларининг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, уларнинг самарали меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш;

ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шаклларини, замонавий педагогик ва ахборот технологияларини, касбий йўналтиришнинг самарали услубларини, ўқувчиларнинг ўқув, психологик ва жисмоний юкламалари оптималлашувини инобатга олган ҳолда ўқитиш ва тарбиялашни жорий қилиш;

умумтаълим муассасаларида чет тилини ўқитишнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб берадиган, янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда янгиланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлоди яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилиш;

нодавлат таълим хизматлари секторини янада ривожлантириш, халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шароитлар яратиш;

педагогик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларни жорий этиш;

"Меҳрибонлик" уйлари фаолиятини такомиллаштириш, ота-оналар қаровисиз қолган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитациясини ва ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш;

жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволаниш ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларга ижтимоий кафолатларни таъминловчи чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг таълим ва тарбия (шу жумладан, инклюзив) олишларига кўмаклашувчи мос муҳитни яратиш, имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) фаолиятини такомиллаштириш;

ўқувчиларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига мустақиллик ғояларини янада чуқур сингдириш, миллий менталитетга ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари томонидан давлат таълим стандартлари ва талабларининг бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш;

умумтаълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касб-ҳунар таълимини таъминлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш;

халқ таълими тизимидаги муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг бино ва иншоотларидан фойдаланиш бўйича ишлар мониторингини олиб бориш ва ушбу ишларни мувофиқлаштириш;


11. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши даражасини янада юксалтириш борасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тизимлари фаолиятини ташкил этиш ва яхшилаш масалаларида давлат бошқарувини амалга оширади;

ягона давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шу жумладан, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тизимларининг янада ривожланишини назарда тутадиган давлат дастурлари ва бошқа дастурлар, шунингдек, уларни амалга ошириш механизмлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун таклифлар киритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Вазирлик тизимига кирадиган халқ таълими муассасалари ва ташкилотларни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаштиради, давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида давлат таълим стандартлари ва давлат талабларининг сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида идоравий мансуб бўлинмалар, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради;

умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари ва мактабдан ташқари таълимга бўлган талаблар, халқ таълими тизими мутахассисларига қўйиладиган малака талабларининг бажарилиши юзасидан идоравий назоратни ташкил этади;

умумий ўрта, мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмалар фаолияти юзасидан методик раҳбарликни амалга оширади;

илмий-техник ривожланишдан, жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг ёш ва психофизиологик хусусиятларини, шунингдек, уларнинг ўзлаштириш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда давлат таълим стандартларини, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган талабларни, ўқув дастурларини, дарсликларни узлуксиз равишда такомиллаштиради;

умумтаълим муассасалари томонидан бюджет қонунчилиги бузилишлари профилактикаси ва унинг олдини олишга қаратилган, шу жумладан, ахборот технологиялари ва эътироф этилган молиявий назоратнинг халқаро стандартларини жорий этиш орқали молиявий назоратни амалга оширади;

ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида мустақиллик ғояларига садоқат, миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдири учун дахлдорлик, фидойилик туйғуларини шакллантиради, уларни турли мафкуравий хатарлардан ҳимоя қилиш ишларини амалга оширади;

умумий ўрта, мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятининг таълим ва ижтимоий жиҳатдан самарадорлиги таҳлилини ўтказади, уни мақбуллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Вазирлик тизими фаолиятига дахлдор журнал ва газеталар, бланкалар, ўқув-методик мажмуалар, бюллетенлар ҳамда ўқув қўлланмаларини нашр этади, шунингдек, Вазирликнинг веб-сайти ишини ташкил қилади;

халқ таълими тизимида халқаро алоқаларни кенгайтиради ва унинг самарадорлигини оширишга кўмаклашади халқ таълими масалалари бўйича хорижий ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ва ҳамкорликни йўлга қўяди;


2) умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ умумтаълим муассасалари фаолиятини методик бошқариш соҳасида:

умумий ўрта таълимни молиялаштиришга Ўзбекистон Республикаси бюджети параметрларида кўзда тутилган маблағларни ҳисобга олган ҳолда умумий ўрта таълим Давлат таълим стандартларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

барча умумтаълим фанлари бўйича бошланғич, базавий ўрта ва умумий ўрта таълим битирувчиларининг тайёргарлик даражасига бўлган талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

барча умумтаълим фанлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ўрта таълим тизимида фойдаланиладиган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва ўқув-методик мажмуаларга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ўрта таълим тизимида фойдаланиладиган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва ўқув-методик мажмуалар тайёрлаш, нашр этиш ва қайта нашр қилиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ўқув жараёнида фойдаланишга рухсат этилган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва ўқув-методик мажмуалар рўйхатини тасдиқлайди;

ўрта таълим тизимида фойдаланиладиган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва ўқув-методик мажмуаларни тайёрлаш, нашр этиш ва қайта нашр этиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ўқувчиларнинг ўқишдаги ютуқлари давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигининг тизимли мониторингини амалга оширади;

таълим сифатининг умумий ҳолатига асосан умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлашда кўмаклашади;

ўқувчиларнинг таълимда эришган ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва тадқиқотларда умумтаълим муассасаларининг иштироки бўйича халқаро тажрибани ўрганади ва татбиқ этади;

ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастурларда ва тадқиқотларда умумтаълим муассасалари ўқувчилари иштирокини таъминлашда кўмаклашади.


3) ўқитувчи касби мавқеи ва обрўсини ошириш, умумтаълим муассасалари ходимлари, шунингдек, халқ таълими тизими ходимларининг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, уларнинг самарали фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш соҳасида:

халқ таълими тизими ўқитувчилари, умумтаълим муассасалари раҳбарлари, шунингдек, ходимлари иш ҳақи даражасини ошириш бўйича таклифлар киритади;

педагогик кадрларга ва уларнинг оилаларига имтиёзли шартларда кредитлар берилишига кўмаклашади;

ўзининг намунали белгиланган тартибда кўрсатган халқ таълими тизими ходимларига давлат мукофотларини таъсис этиш бўйича таклифлар киритади;

педагог касбининг мавқеи ва обрўсини кўтариш мақсадида оммавий ахборот воситаларида тарғиботни ташкил қилади;

ўқитувчиларнинг ўз касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган турли хил ишларга жалб қилинишлари, назорат органлари томонидан асосланмаган текширувлар ўтказилиши, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотлар вакилларининг умумтаълим муассасалари ҳудудига Вазирлик билан келишувсиз киришининг олдини олиш бўйича чоралар кўради.


4) ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шаклларини, замонавий педагогик ва ахборот технологияларини, касб-ҳунарга йўналтиришнинг самарали шакл ва услубларини киритиш ҳамда ўқувчиларнинг ўқув, психологик, ва жисмоний юкламаларининг мақбуллашувини инобатга олган ҳолда ўқитиш ва тарбиялашни киритиш соҳасида:

умумий ўрта, мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмаларда ахборот-таҳлил ишлари ўтказилишини таъминлайди;

миллий истиқлол, бой маданий-тарихий мерос, миллий урф-одат ва умуминсоний қадриятлар ғоялари асосида маънавий етук авлодни тарбиялашнинг самарали ташкилий, педагогик шакл ва методларини ишлаб чиқади ва татбиқ этади;

ўқув-таълим жараёнига таълимнинг замонавий илғор шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш орқали ўқувчиларнинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлайди;

ўқувчилар билан мактабдан ташқари ишлаш, уларнинг бўш вақтини янги педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш, турли хил тадбирлар, кўриклар, танловлар ва мусобақаларни ташкил қилишнинг самарали шакллари ва методлари ёрдамида ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширади;

ўқувчиларнинг психологик ва жисмоний хусусиятларини эътиборга олган ҳолда, шу жумладан, ўқув фанларини бирлаштириш ва уйғунлашуви орқали ўқув дастурларининг мақбуллашувини амалга оширади.


5) умумтаълим муассасаларида чет тилларини ўргатишнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасида:

ўқувчиларга чет тилини ўргатиш тизимини такомиллаштиради;

болаларнинг психологик-педагогик хусусиятларини эътиборга олган ҳолда 1-11-синф ўқувчиларига чет тилини ўргатиш ва ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўқувчиларнинг билими, кўникма ва маҳоратларига ҳамда 1-11-синфларда чет тили бўйича ўқув режалари ва дастурларига қўйилган талабларни аниқлаштиришни эътиборга олган ҳолда давлат таълим стандартини такомиллаштиради;

1-11-синф ўқувчилари учун чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни, шу жумладан, электрон кўринишда ишлаб чиқади ва яратади;

ташкилотчилик қобилиятига эга мустақил фикрловчи шахсни тарбиялаш бўйича ишларни такомиллаштиради;

таълимнинг кейинги босқичларини ёки меҳнат фаолиятини танлашда ўқувчиларга кўмаклашади.


6) янгиланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган, мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб берадиган, янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда янги авлод ўқув ва ўқув-методик адабиётларини тайёрлаш ва нашр қилинишини ташкил қилиш соҳасида:

илғор халқаро тажриба асосида янги авлод ўқув ва ўқув-методик адабиётлар бўйича концепцияни ривожлантиради;

янги авлод ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратишда энг сўнгги илмий ва техник ютуқларни эътиборга олган ҳолда концентризм педагогик тамойили асосида ўқув материалларини тузади;

янги авлод ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш жараёнида янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали ижодий ва мустақил вазифаларни ишлаб чиқади;

янги авлод ўқув ва ўқув-методик адабиётлар мазмунинг ҳаёт, амалиёт ва ишлаб чиқариш билан боғлиқлигини, ўқув материаллари характери фундаменталлигини ва ўқувчиларда ўқиш маданиятининг шаклланишини таъминлайди.


7) таълим хизматлари нодавлат секторини ривожлантириш, халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шароитларни яратиш соҳасида:

маҳаллий ва хорижий инвесторларни давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

нодавлат таълим муассасаларига таълим хизматларини ривожлантиришда ёрдам беради;


8) педагогик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш соҳасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармаларида ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси раҳбарларини, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда Вазирликка идоравий бошқа мансуб ташкилотлар ва муассасалар бошлиқларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишмасдан лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

умумтаълим муассасалари раҳбарлари лавозимларига кузатув кенгашлари муҳокамаси учун номзодларни тавсия қилади ва белгиланган тартибда уларни эгаллаган лавозимидан озод этиш бўйича таклифлар киритади;

халқ таълими тизими бошқарув кадрлари малакасини оширишга назарда тутилган маблағлар доирасида умумтаълим муассасалари раҳбарларининг босқичма-босқич ўтишларини таъминлайди;

педагогик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди;

умумтаълим муассасалари директорларини, уларда менеджерлик кўникмалари мавжудлиги талабларига мувофиқ, сертификатлаштиришни, шу жумладан, директорлар ўринбосарларининг жавобгарлигини оширишни таъминлайди;


9) "Меҳрибонлик" уйлари фаолиятини такомиллаштириш, ота-оналар қаровисиз қолган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитациясини ва ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш соҳасида:

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш, камол топтириш ва уларни қўллаб-қувватлашни ташкил этишни, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлайди;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг психологик жиҳатдан тўлиқ тикланиши, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашиши, сифатли таълим ва тарбия олиши, шунингдек, уларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашувчи ва уй шароитларига максимал даражада яқинлаштирилган шарт-шароитларни таъминлайди;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мулкий ва номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, қариндошларини аниқлашни ва улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилишини таъминлайди;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар орасида ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий билим, кўникмаларни шакллантириш юзасидан таълим ва тарбиявий ишларни ташкил этишни амалга оширади;

ижтимоий ривожланиши коррекция ва (ёки) реабилитацияга, ривожланишининг тиббий-ижтимоий ва психологик-педагогик муаммоларига ташхис қўйишга ва уларни ривожлантириш ва реабилитация қилиш бўйича индивидуал дастурлар тузилишига муҳтож етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар гуруҳларини аниқлайди.


10) ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминловчи чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, уларнинг таълим-тарбия (шу жумладан инклюзив) олишлари учун мослашув муҳитини яратиш, имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар (мактаб-интернатлар) фаолиятини такомиллаштириш соҳасида:

жисмоний ёки психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларнинг билиш қобилиятларини эътиборга олган ҳолда умумий ўрта таълим ва тарбия олишлари учун ёрдам кўрсатиш мақсадида ўқув-тарбия, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари фаолиятини ташкил этишни, бунинг учун зарур шароитларни яратишни, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга интеграциялашувига кўмаклашишни, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим беришда ёрдам кўрсатишни амалга оширади;

давлат таълим стандартларига мувофиқ мактаб, мактаб-интернат ёки уйда таълим олаётган, жисмоний ва психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари таъминланишини амалга оширади;

ҳудудлардаги психологик-тиббий-педагогик комиссиялар фаолиятини, мактаб, мактаб-интернат ёки уйда таълим олаётган болаларга халқ таълими муассасаларида соғлиғини тиклаш ва касбга ўргатиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини мувофиқлаштиради;

жисмоний ёки психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ўқувчиларни оптимал ривожлантириш мақсадида шахсга мўлжалланган, ижтимоий йўналтирилган таълим жараёнида табақалаштирилган ва индивидуал таълим беришни ташкил этишни таъминлайди.


11) ўқувчиларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига мустақиллик ғояларини янада чуқур сингдириш, миллий менталитет учун ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш соҳасида:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда ўқувчи ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича таълим муассасалари фаолиятини ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

ўқувчи ёшларда ҳуқуқий, эстетик, экологик тарбияни ривожлантириш бўйича турли тадбирлар ташкил этадиган ташкил қилишни таъминлаш;

иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш ва ўқитиш бўйича психологик-педагогик ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш;

фуқаролик жамиятни қуриш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида ёш педагог ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини оширишни, ёшларни жисмоний соғлом, мустақил фикрлайдиган, Ватанга садоқатли ва қатъий ҳаёт позициясига эга инсон этиб тарбиялашни таъминлаш;

ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини тарғиб қилиш мақсадида китобхонлик маданиятини шакллантиради, ўқувчиларни ёт ғоялар ва зарарли одатларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни ташкил қилишни таъминлаш;

ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, болалар ва ўсмирларни "Баркамол авлод" болалар марказларидаги турли тўгаракларга, шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига қамраб олишга йўналтирилган тизимли фаолият бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

ўқувчилар давоматини назорат қилишни таъминлайди, ушбу йўналишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа жамоат ташкилотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

ўқувчиларнинг илмий ва бадиий адабиётларни ўқишга бўлган қизиқишини ошириш орқали уларда турли мафкуравий таҳдидларга, хусусан, диний экстремизм, терроризм ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитет шакллантирилишини таъминлаш.


12) умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари томонидан давлат таълим стандартлари ва талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш соҳасида:

ўқувчиларнинг билими ва таълим сифатига таъсир қиладиган омилларни аниқлаш бўйича тизимли мониторингни амалга ошириш;

ўқувчиларга таълим бериш сифатини оширишга йўналтирилган, давлат стандартлари талаблари, давлат талаблари бажарилишини ўрганиш бўйича интеллектуал кўрик-танловлар ва мусобақалар ташкил қилинишини таъминлаш;

таълим сифати мониторинги олиб борилишини назорат қилиш ва амалга ошириш бўйича норматив ҳужжатлар ва методик тавсияларни ишлаб чиқади;

таълим сифатининг умумий ҳолати асосида халқ таълими муассасалари рейтингини аниқлаш;


13) умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчиларига касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ халқ таълими муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўқувчиларга касб-ҳунарга йўналтиришда методик раҳбарлик қилиш соҳасида:

ўқувчиларнинг онгли равишда касб танлашлари учун уларни касбга йўналтириш, танланган касб бўйича меҳнат кўникмаларини ўргатишни амалга ошириш;

ўқувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлашни шакллантиришни, уларни касбга йўналтириш, таълим олиш ва касб эгаллашнинг келгуси йўлларини онгли равишда танлашини таъминлаш;

педагог ходимларни узлуксиз равишда ўзини ўзи касбий-педагогик ривожлантиришга (бутун ҳаёти давомида таълим олишга) йўналтириш;

шахсга йўналтирилган, тизимли фаолият юритиш ва компетентли ёндашув талаблари асосида республика таълимини модернизациялашнинг асосий йўналишларини ҳисобга олган ҳолда педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш шаклларини, касбий таълим дастурлари мазмунини такомиллаштириш;

ижобий тажрибани, касб қийинчиликларини ҳамда педагог ва методистларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, педагогларнинг касбни билиши шаклланганлигига, таълим олувчиларнинг предметли ва асосий компетенцияларига ташхис қўйиш ва мониторинг олиб бориш асосида методистлар ва педагогларга, барча даражалардаги экспериментал ва инновацион майдончаларга манзилли илмий-методик ёрдам кўрсатиш;

таълим маконини ахборотлаштириш, технологияларни жорий этиш ва оптималлаштириш орқали педагог ходимлар учун ривожланиб борувчи ўқув-методик муҳит яратилишини таъминлаш;

ўқитувчиларнинг ишдан ажралмаган ҳолда узлуксиз малака оширишларини таъминлаш;

таълим соҳасининг асосий ва фанлар бўйича мақсадларини ҳисобга олиб, натижага эришишни кўзлаган ҳолда аниқ ўқув жараёни мақсадлари лойиҳалаштирилишини таъминлаш;

таълим стандартлари талабларига мувофиқ ва дастур материаллари ўзлаштирилишини ташкил этиш бўйича вазифалар комплексини ҳал этишга йўналтирилган ўқув жараёнини мувофиқлаштириш;

ўқув жараёнини лойиҳалаштириш ва уни амалиётга татбиқ этиш учун ахборот муҳити салоҳиятини жорий қилиш;

психологик қулайлик ва қўллаб-қувватлаш муҳити яратилишини, шахсий натижаларга эришилганидан сўнг олинадиган ижобий ҳис-туйғуларни компетенциялар кўринишида рағбатлантиришни таъминлаш;


14) таълим муассасаларида бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш соҳасида:

халқ таълими муассасалари бино ва иншоотлардан тегишли тарзда, шу жумладан, куз-қиш даврида, фойдаланиш бўйича ишлар мувофиқлаштирилиши ва мониторинг олиб борилишини таъминлаш;

электр энергияси, табиий газ, кўмир ва кўмир брикетлари, сувдан фойдаланишнинг белгиланган тартибига риоя қилиш бўйича тизимли таҳлил қилишни, шунингдек, энергияни тежовчи воситалар ва технологияларни жорий этиш йўли билан улардан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлар киритиш орқали ҳисоблаш асбоблари ва уларнинг техник созлиги мониторингини таъминлаш;

харажатлар сметасини тузиш ва ижроси, маошларнинг ҳисобланиши ва тўланиши, товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш, идоравий мансуб муассасаларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисоби юритилиши, шунингдек, ўз фаолияти профили бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) айирбошлашдан келиб тушадиган даромадлар мониторинги мувофиқлаштириш;

ноқонуний сарф-харажатлар ва бюджет маблағларининг талон-тарож қилиниши ҳолатлари профилактикаси, олдини олиш ва аниқлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш;

иссиқ ва совуқ сув, табиий газ, иссиқлик ва электр энергиясини истеъмол қилишнинг, кўмир ва кўмир брикетларидан оқилона фойдаланишнинг, бино ва иншоотларнинг сақланишига доир белгиланган қоидаларга риоя қилмаган раҳбарлар ва ходимларни мукофотларнинг бир қисмидан ёки тўлиқ маҳрум қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

инвестиция дастурларини амалга ошириш доирасида халқ таълими муассасалари бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда қуриш бўйича ҳудудий бўлинмалар томонидан тақдим этилган манзилли рўйхатларни ўрганиш ва таҳлил қилиш, шу жумладан, мукаммал ва жорий таъмирлашни таъминлаш;

халқ таълими муассасалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ва мониторингини олиб бориш;

халқ таълими муассасаларининг иссиқлик таъминоти тизими, буғ қозонларини алмаштириш ва улардан фойдаланиш ишларининг ҳисоби юритилишини ва мониторинги олиб борилишини таъминлаш;

кўмир ва кўмир брикетлари билан таъминлашнинг манзилли рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни халқ таълими объектларига етказиб бериш мониторингининг манзилли рўйхатларини шакллантириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш;

халқ таълими муассасаларини жиҳозлаш (қайта жиҳозлаш) дастурларини ишлаб чиқиш учун уларнинг моддий-техник базасини ўрганиш ва таҳлил қилишни амалга ошириш;

"Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси" ДУК фаолиятини мувофиқлаштириш;

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



§ 2. Вазирлик марказий аппаратининг

вазифалари ва функциялари


12. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан биргаликда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаш;

умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари ва мактабдан ташқари таълим талабларини тасдиқлаш;

халқ таълими тизимини стратегик ривожланишини аниқлаш;

замонавий педагогик технологияларни таълимда татбиқ этиш;

ўқув-методик комплексларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш;

ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашни, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилишни ташкил этиш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни мувофиқлаштириш;

истиқболли мактаб моделлари ва давлат-хусусий шерикчилигини ташкил этиш;

Вазирлик тизимида ички аудит ва молиявий назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ҳудудий бўлинмаларда ва идоравий мансуб ташкилотларда кадрлар билан таъминлашни мувофиқлаштириш;

ўсмирлар билан ишлашда кўмаклашиш;

идоравий мансуб ташкилотларни ривожлантиришга кўмаклашиш, уларни ривожлантириш концепциялари ва истиқболларини белгилаш.

педагогик кадрларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш;

педагогик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш;

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш ва халқ таълими тизимида қурилиш объектлари сифати мониторингини юритиш;

умумтаълим муассасалари қурилиш, реконструкция, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва молиялаштириш.


13. Вазирликнинг марказий аппарати унга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Вазирлик ва унинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлайди;

халқ таълими тизимини ривожлантиришнинг устувор ва долзарб йўналишлар бўйича ишларни ташкил қилади;

ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари бажарилиши устидан мунтазам назоратни таъминлайди;

вазир ва унинг ўринбосарларининг буйруқлари ва фармойишлари амалга оширилишини ўз ваколатлари доирасида ташкил этади;

Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини ва уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолияти мониторинги олиб борилишини ташкил этади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш мақсадида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилишига кўмаклашади;

Вазирликнинг фаолияти, шу жумладан, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий таъминланишини ташкил этади;

бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тенденциялари тўғрисида ахборотни тўплайди, умумлаштиради ва таҳлил қилади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълими масалалари, шунингдек, уни ривожлантириш бўйича тадбиркорлик субъектларига ахборот, методик, ташкилий ва маслаҳат ёрдами беради;

Вазирлик ваколатига тегишли оператив, ташкилий, кадрлар, молия, ишлаб чиқариш-хўжалик масалалари ва бошқа масалалар ечими билан шуғулланади;

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини назорат қилади ва таҳлил этади;

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари билан биргаликда ўзига юкланган вазифалар самарали бажарилишини таъминлайди;

умумтаълим, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган муассасалар фаолиятини ташкил қилади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кенгайтириш ва такомиллаштиришни юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим сифати мониторингини олиб боради;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим беришнинг муқобил шаклларини ривожлантиради;

имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатланиш ташкил этилишини мувофиқлаштиради;

республика бюджетидан молиялаштириладиган идоравий мансуб ташкилотларда молия, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этади;

Вазирлик тизимидаги ташкилотларда жорий молиявий сарф-харажатларни режалаштиришни амалга оширади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг бинолари ва иншоотларидан жорий фойдаланиш бўйича ишлар мониторингини олиб боради ва мувофиқлаштиради;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этади;

хорижий инвестициялар жалб этилишини ва халқаро ҳамкорликни ташкил этади;

умумтаълим муассасаларини хавфсизлик таъминлашнинг замонавий техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича чоралар кўради;

халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича энг муҳим воқеалар, янгиликлар ва амалга оширилаётган амалий чоралар ҳақида оммавий ахборот воситаларида ўз вақтида ёритади;

муайян технологиялар ва методларни кейинчалик қўллаш учун ва умуман олганда халқ таълими тизимини такомиллаштириш мақсадида ривожланган мамлакатлар тажрибаси доимий мониторингини ташкил қилади.



§ 3. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими

вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг

вазифалари ва функциялари


14. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (кейинги ўринларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар деб аталади) билан ҳамкорлик қилиш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида қонун ҳужжатларига, норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқув-методик фаолиятни мувофиқлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларни реабилитация қилиш ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;

нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим беришнинг муқобил шаклларини ривожлантириш;

халқ таълими муассасаларида ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида ички аудит ва молиявий назоратни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

ҳудудларда давлат-хусусий шерикчилигини кенгайтириш бўйича амалий чоралар қабул қилиш;

умумтаълим муассасаларида замонавий хавфсизликни таъминлаш воситалари ва инновацион технологияларни жорий қилиш бўйича тадбирларни ташкил этади;

умумтаълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва улар инфратузилмасини ривожлантириш масалалари борасида ҳокимиятлар рейтингини тузишда кўмаклашиш;

ўқитувчиларнинг касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган турли хил ишларга жалб қилинишини қатъиян йўл қўйилмаслигини таъминлаш.


15. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва уларнинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари ва фармойишлари, Вазирликнинг буйруқлари бажарилиши устидан мунтазам назорат қилинишини таъминлайди;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида қайта ишланишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолиятига раҳбарлик қилади, мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг методик ишларини мувофиқлаштиради;

давлат умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахсларни қўллаб-қувватлашни амалга оширади ҳамда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим беришнинг муқобил шаклларини ривожлантиради;

вилоят даражасидаги бюджетдан молиялаштириладиган идоравий мансуб ташкилотлар харажатларини молиялаштиришни, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этади;

умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатланишни таъминлаш бўйича туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

умумий ўрта таълим муассасаларида давлат таълим стандартларини, мактабдан ташқари таълим муассасаларида давлат талабларини бажариш мониторинги бўйича туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини моддий-техник таъминлашни ташкил этади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини моддий-техник таъминлашни ташкил этади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини моддий-техник таъминлашни ташкил этади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этади;

ваколатига тегишли тезкор, ташкилий, кадрлар, молия, ишлаб чиқариш-хўжалик масалалари ва бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.

умумтаълим муассасалари объектларида қурилиш ишлари сифати мониторингини амалга оширади.



§ 4. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг

вазифалари ва функциялари


16. Қуйидагилар туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш соҳасида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқув-методик фаолиятни мувофиқлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларни реабилитация қилиш ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим беришнинг муқобил шаклларини ривожлантириш;

туман (шаҳар) даражасидаги бюджетдан молиялаштириладиган давлат умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари харажатларини молиялаштиришни, уларда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини ташкил этиш;

ўқитувчиларнинг касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган турли хил ишларга жалб қилинишини йўл қўйилмаслигини таъминлаш.


17. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ва уларнинг раҳбариятини ташкилий ва ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлайди;

идоравий мансуб ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари ва фармойишлари, Вазирликнинг буйруқлари бажарилишини мунтазам назорат қилади;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида қайта ишланишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятига раҳбарлик қилади, мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлашни ташкил этади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахсларни қўллаб-қувватлашни амалга оширади ҳамда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим беришнинг муқобил шаклларини ривожлантиради;

туман (шаҳар) даражасидаги бюджетдан молиялаштириладиган умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари харажатларининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини ташкил этади;

умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этади;

мактабдан ташқари таълим муассасаларида давлат таълим стандартлари ва давлат талабларини бажариш мониторингини амалга оширади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини моддий-техник таъминлашни ташкил этади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш ишлари мониторингини олиб боради ва мувофиқлаштиради;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этади;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ваколатига тегишли бўлган оператив, ташкилий, кадрлар, молия, ишлаб чиқариш-хўжалик масалалари ва бошқа масалалар бўйича қарор қабул қилади.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ҲАМДА ЖАВОБГАРЛИГИ


§ 1. Вазирликнинг ҳуқуқлари

ва жавобгарлиги


18. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

умумий ўрта таълимни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети доирасида кўзда тутилган маблағларни ҳисобга олган ҳолда умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларини тасдиқлаш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишувсиз Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси раҳбарларини, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари бошлиқларини, шунингдек, Вазирликнинг бошқа идоравий ташкилотлари ва муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

муваффақиятли фаолият юритаётган умумтаълим муассасалари базасида тармоқли мактаблар ташкил этиш, шу жумладан, ушбу тармоққа юклама коэффициенти паст бўлган бошқа мактабларни қўшиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

умумтаълим муассасаси раҳбари лавозимига сайлаш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгашларига таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда умумтаълим муассасаси кузатув кенгаши тўғрисида намунавий таркибни ва низомни тасдиқлаш;

Умумтаълим муассасаларида ички назорат, коррупцион ҳуқуқбузарликлар ва бошқа қонунга зид ҳаракатлар, шунингдек, Вазирлик тизими ходимлари томонидан касбий ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш ва профилактикасини амалга ошириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан умумтаълим муассасалари фаолиятига асоссиз аралашуви, педагог кадрлар шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, меҳнатга мажбурлаш, ўқув-тарбиявий жараёнга тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шакллари, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонунчиликда белгиланган чоралар кўриш;

бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Вазирлик марказий аппаратининг тасдиқлаган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими вилоятлар бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тузилмалари ва низомлари, бошқа идоравий мансуб ташкилотлар, шунингдек, уларнинг бошқарув ходимларининг чекланган сонини тасдиқлаш;

Халқ таълими соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига Вазирликнинг, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари бошқарув ходимларининг қўшимча штат бирликларини жорий қилиш;

педагог кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилаш;

умумтаълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-методик комплексларини нашр қилиш ва етказиш тартибини белгилаш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, уларнинг халқ таълими соҳасидаги экспертларини Халқ таълими соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига консультантлар сифатида жалб қилиш;

малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислар, чет элда фаолият олиб бораётган ватандошларни ишга қабул қилиш;

халқ таълими тизимини молиялаштиришга зарур сарф-харажатлар бўйича таклифларни шакллантириш, шунингдек, зарурат бўлганда, хорижий кредитлар, грантлар ва бошқа маблағларни жалб қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

Вазирлик, унинг идоравий мансуб ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, умумтаълим муассасаларининг кўчмас мулки ва бошқа турдаги мулкларини самарали бошқарувни ташкил этиш;

идоравий мансуб ташкилотлар тузиш, шунингдек, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасалар тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул олиш;

Вазирликнинг ва унга идоравий мансуб тузилмаларнинг давлат мулкини бир бўлинмадан бошқасига белгиланган тартибда бериш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқишда иштирок этиш, Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

Вазирлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, зарур ҳолларда давлат бошқаруви бошқа органлари билан биргаликда қарорлар ва бошқа ҳужжатларни биргаликда қабул қилиш;

Вазирлик ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимларини улар томонидан тегишли соҳада улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари параметрлари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

Вазирлик фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш;

ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича методик материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳайъат мажлисларида ҳудудий бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

халқ таълими тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг давлат муассасалари ва умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар томонидан ижро этилишининг назоратини амалга ошириш;

халқ таълими тизимини ривожлантириш билан боғлиқ долзарб ва истиқболли муаммоларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва методик материаллар тўғрисида хулосалар тайёрлаш;

ноширлик фаолияти билан шуғулланиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда:

тегишли фанни ўргатиш бўйича билим ва кўникмалар даражасини - малакани аниқлашнинг асосий мезони қилиб белгилаган ҳолда, умумтаълим муассасалари педагогик кадрларининг аттестациясини ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиш;

илғор чет эл тажрибасини эътиборга олган ҳолда педагогик маҳорат ва билим даражасини доимий ошириш орқали халқ таълими тизими ходимлари таълим даражасига бўлган малакавий категориялар ва талабларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Вазирлик:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълими соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;

Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган буйруқлар амалга оширилишининг сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

халқ таълими соҳасини ривожлантириш, шунингдек, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълими соҳасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва улардаги муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.



§ 2. Вазирлик марказий аппаратининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


20. Вазирликнинг марказий аппарати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таҳлил қилиш ва қайта ишлаш учун зарур бўлган халқ таълими масалалари бўйича материаллар ва маълумотларни Вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларидан ва идоравий мансуб ташкилотларидан сўраш ва олиш;

Вазирликда кўриб чиқиладиган халқ таълими масалаларини ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун, зарурат бўлганда, Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакилларини белгиланган тартибда жалб қилиш, шу мақсадда эксперт ва ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан ўзлари томонидан киритилган халқ таълими бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлашни талаб қилиш, зарурат бўлганда, уларни қайта ишлаш учун қайтариш;

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида белгиланган тартибда йиғилишлар ўтказиш;

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларига жадал ҳал қилиниши талаб этиладиган ва Вазирликка юкланган вазифалар ҳамда функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар юзасидан белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, шунингдек, Вазирликнинг буйруқлари Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари томонидан бажарилиши юзасидан уларнинг фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш.

Вазирликнинг марказий аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


21. Вазирликнинг марказий аппарати:

ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан биргаликда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича Вазирлик марказий аппарати бўлинмаларининг ишини ташкил этиш;

Вазирлик томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг тайёрланиши сифати ва экспертизадан ўтказилиши;

халқ таълимини ривожлантириш, шунингдек, халқ таълими соҳасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва улардаги муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича турли дастурларнинг ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан амалга оширилишини ташкил этиш учун жавоб беради.



§ 3. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими

вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва

Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармасининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


22. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳудудий бўлинмаларидан ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

халқ таълими соҳасининг энг муҳим муаммоларини ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш бўйича ҳудудий даражада идоралараро комиссиялар ва кенгашлар тузиш;

халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кўриб чиқиши учун таклифлар киритиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


23. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Вазирликнинг ҳудудий органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш;

Вазирликка киритилаётган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифлар, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг амалга оширилиши сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

туманларда (шаҳарларда) аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш асосида халқ таълими соҳасини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ривожлантиришга доир таклифларни тайёрлаш;

халқ таълими соҳасини ривожлантириш бўйича турли дастурларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида самарали амалга оширилиши, муаммоли масалалар ҳал этилиши учун жавоб беради.



§ 4. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


24. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари туман (шаҳар) бўлинмаларидан ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга раҳбарлик қилиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифларни кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармасига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш.

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


25. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари:

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармасига киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифлар, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

халқ таълими соҳасида долзарб муаммоларни, аҳолини ташвишга солаётган масалаларни, шунингдек, туманда (шаҳарда) халқ таълимини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни аниқлаш, халқ таълими масалаларига оид қисми бўйича туманни (шаҳарни) ривожлантириш дастурига киритиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

халқ таълими соҳасини ривожлантириш бўйича турли дастурларнинг туман (шаҳар)ларда самарали амалга оширилиши, муаммоли масалалар ҳал этилиши учун жавоб беради.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


26. Қуйидагилар Вазирнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

Вазирликнинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг таркибий бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, шунингдек, Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларини бажариш;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Вазирликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Вазирлик фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

Вазирлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Вазирлик ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб бориш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори, шунингдек, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ҳудудий бўлинмалар, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни қабул қилишнинг амалий тизимини яратиш;

Вазирлик ходимларини тизимли қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

Вазирлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Вазирликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Вазирликка ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

фаолият соҳасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини, уларнинг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон "Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти деб аталади), Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти деб аталади) ва талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси аппаратида ишлаб чиқилиши, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг Намунавий регламентига мувофиқ Вазирликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни пухта ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий экспертизадан ва бошқа экспертизадан ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда уларни келишиш (виза қўйиш);

Вазирлик раҳбарлари ва ходимлари хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўз ўринбосарлари ва ҳудудий бўлинмалар, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Вазирлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

Вазирлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолишининг мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Вазирлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Вазирлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек идоравий мансуб ташкилотлари ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилишда, шу жумладан, "ягона дарча" принципини жорий этиш орқали давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини ҳамда улардан эркин фойдаланишни ошириш ҳамда "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Вазирлик ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан келиб тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

марказий аппаратнинг тасдиқланган тузилмасига бошқарув ходимларининг тасдиқланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, ҳудудий бошқармалар ва бошқа идоравий мансуб ташкилотлар тузилмаси ва низомларини тасдиқлаш, унда уларнинг бошқарув ходимларининг чекланган сонини назарда тутиш;

Вазирлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;

Вазирлик марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бўлинмалар, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишувсиз қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

умумтаълим муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш бўйича кузатув кенгашларига тавсиялар тақдим этиш;

Вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари, идоравий мансуб ташкилотлари мансабдор шахслари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш.


27. Қуйидагилар вазир ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

Вазир вақтинча бўлмаганда тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

Вазирлик фаолиятининг мутасаддилик қилинадиган йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва комплекс тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳар чораклик режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Вазирликнинг мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларида ижро интизоми бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" ПҚ-2881-сон қарори ва 2018 йил 5 октябрдаги "Давлат органлари ва ташкилотлари ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3962-сонли қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 12-сон қарорига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Вазирлик ҳайъати, вазирнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича вазирга таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мутасаддилик қилинадиган бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Вазир томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Вазирнинг топшириғига биноан иштирок этиш;

Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни пухта молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизалардан ўтказиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Вазирлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

халқ таълими соҳасига тегишли масалалар бўйича Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар кўриш, халқ таълими соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Вазирга киритиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни Вазирга киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

Вазирлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни оширишга доир таклифларни Вазирга киритиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


28. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

тегишли таркибий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда таркибий бўлинмаларнинг ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифларни Вазирнинг мутасаддилик қиладиган ўринбосарларига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Вазирлик таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг котибиятлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Вазирлик ҳайъатининг қарорлари, вазир ва унинг ўринбосарларининг буйруқлари ҳамда топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига оид масалалар юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Вазирлик раҳбариятига киритиш;

таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда Вазир ўринбосарларига таклифлар тақдим этиш, профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Вазирликнинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик Вазирлик раҳбарияти томонидан кўриб чиқиш, имзолаш (виза қўйиш) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Вазирлик раҳбариятининг топшириғи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамаси аппаратида ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни пухта молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий экспертизадан ва бошқа экспертизадан ўтказиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

таркибий бўлинмалар ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

Вазирлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, таркибий бўлинмалар ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

давлат хизматларининг самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни оширишга доир таклифларни Вазирлик раҳбариятига киритиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


29. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари ва Вазирлик буйруқлари билан ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

ҳудудий бўлинмалар фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Вазирлик таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг котибиятлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Вазирлик ҳайъати қарорлари, вазир ва унинг ўринбосарларининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

халқ таълими соҳасига кирадиган масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилиш;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, ҳудудий бўлинмаларнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Вазирлик ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Вазирлик ҳудудий бўлинмаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳудудий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

Вазир номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, ҳудудий бўлинмаларга ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

ҳудудий бўлинмалар ходимларини, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича мунтазам чора-тадбирлар кўриш;

ҳудудий бўлинмалар ходимлари томонидан Вазирлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишини таъминлаш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали ҳудудий бўлинмалар тизимида "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда ҳудудий бўлинмалар томонидан ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифларни вазирнинг мутасаддилик қиладиган ўринбосарларига киритиш;

ҳудудий бўлинмалар ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

ҳудудий бўлинмалар фаолиятига оид масалалар бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Вазирлик раҳбариятига киритиш;

Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлинмалари ва ҳудудий бўлинмалари таркибига кирадиган ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

ҳудудий бўлинмалар ходимлари лавозим маошига мукофотлар, устамалар тўлаш, уларга моддий ёрдам бериш, уларни мукофотлаш, рағбатлантириш ва уларга интизомий чора қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларни давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифларни Вазирликка киритиш;

давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш.


30. Қуйидагилар туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

туман (шаҳар) бўлинмасига раҳбарлик қилиш;

фаолиятнинг айрим йўналишлари бўйича ходимлар ўртасида функционал вазифаларни тақсимлаш ва уларнинг жавобгарлиги даражасини белгилаш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Вазирлик таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг котибиятлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Вазирлик ҳайъати қарорлари, вазир ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси раҳбарларининг буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

халқ таълими соҳасига кирадиган масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилиш;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси раҳбарларига, уларнинг ўринбосарларига таклифлар киритиш, уларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимида кадрлар захирасини шакллантириш;

Вазирлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ходимлари лавозим маошига мукофотлар, устамалар тўлаш, уларга моддий ёрдам бериш, уларни мукофотлаш, рағбатлантириш ва уларга интизомий чора қўллаш, уларни давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисида таклифлар киритиш;

давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш.



6-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


31. Вазир:

Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган Вазирликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 26-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


32. Вазир ўринбосарлари:

Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган масалаларга доир жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 27-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


33. Марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари;

тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши;

ушбу Низомнинг 21-бандида назарда тутилган Вазирлик марказий аппаратининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


34. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси раҳбарлари:

ҳудудий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармасининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


35. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари раҳбарлари:

туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 25-бандида назарда тутилган туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.



7-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. Вазирлик раҳбарияти


36. Вазирликка Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазир бошчилик қилади.

Вазир ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси ҳисобланади.


37. Вазирнинг беш нафар ўринбосари, жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


38. Вазирнинг биринчи ўринбосари ва бошқа ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


39. Вазир бўлмаган даврда унинг ваколатлари вазифалар тақсимотига биноан унинг ўринбосарлари томонидан бажарилади.


40. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири ва ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини лавозимига тайинлаш ва озод этиш бевосита Вазир томонидан жойлардаги давлат ҳокимияти органлари розилигисиз амалга оширилади.


41. Вазир Вазирликнинг ташкилий тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади.


42 Вазир Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, ҳудудий бўлинмалар ва бошқа идоравий мансуб ташкилотларнинг низоми ва тузилмасини, шунингдек, уларнинг раҳбар ходимлари чекланган сонини ўрнатилган тартибда тасдиқлайди.



§ 2. Вазирлик марказий аппарати таркибий

бўлинмаларининг Вазирликнинг ҳудудий

бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари

билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби


43. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарлари томонидан таъминланади.

Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилиб:

1) топшириқларни ҳудудий бўлинмаларга ва идоравий мансуб ташкилотларга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

2) Вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларига ва идоравий мансуб ташкилотларига таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

3) Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолияти амалиётини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

4) Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистик ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил этади;

5) Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар кўради;

6) Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан тушган таклифларни кўриб чиқади;

7) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда Вазирликнинг ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари иштирокини ташкил этади, халқ таълими соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.


44. Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади, жумладан:

Вазирлик раҳбарияти топшириқлари ижроси ҳақида ахборот беради;

халқ таълими соҳасида қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида марказий аппаратга ахборот тақдим этади;

уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида аниқланган ишдаги камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида маълумот беради;

ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда Вазирликнинг марказий аппаратига тақдим этади;

халқ таълими муаммоларини ҳал қилишга қаратилган таклифларни Вазирликнинг марказий аппаратига тақдим этади;

комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро ҳамкорлик натижалари тўғрисида ахборот беради;

ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолиятини текшириш натижалари тўғрисида хабар беради.


45. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий бўлинмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар вазирнинг топшириғига асосан унинг тегишли ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Агар кўрсатиб ўтилган кўриб чиқишдан кейин келишмовчиликлар тартибга солинмаса, улар бўйича қарор бевосита вазир томонидан қабул қилинади.



§ 3. Вазирликнинг бошқа давлат ва хўжалик

бошқаруви органлари, маҳаллий давлат

ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар

билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби


46. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


47. Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколати доирасида бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро яқин ҳамкорлик қилади.


48. Вазирлик фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари, Ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан мутасаддилик қилинади.



§ 4. Вазирлик ҳайъати


49. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), Вазир ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек, Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи Вазирлик таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби вазирнинг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


50. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун халқ таълими тизими ходимлари ва раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрган ҳолда ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам равишда эшитилишини ташкил этиш;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасидаги ҳудудий ва тармоқ дастурлари амалга оширилишининг натижадорлигини тизимли кўриб чиқиш;

жойларда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимнинг долзарб масалалари муҳокама қилинишини таъминлаган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган сайёр мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Вазирликнинг марказий аппарати ва унинг тизимига кирадиган лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш масалаларини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақли.


51. Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.


52. Ҳайъат, агар унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


53. Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади.


54. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Вазир юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Шунингдек, ҳайъат аъзолари ҳам Вазирлар Маҳкамасига ўз фикрини маълум қилиши мумкин.


55. Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган унинг регламенти билан белгиланади.



8-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИ ВА УНИНГ ХОДИМЛАРИ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ВА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


56. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиши лозим.


57. Вазирликнинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳолар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари томонидан тасдиқланадиган Вазирликнинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


58. Вазирликнинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Вазирликнинг фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

Вазирлик унинг раҳбарлари ва ходимлари самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тизими тартиби ва методикасини ишлаб чиқади.



9-БОБ. ВАЗИРЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


59. Вазирликнинг Марказий аппарати ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмаларини моддий-техник таъминлаш ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


60. Вазирлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.

Вазирлик ходимларига ойлик устамалар ва моддий рағбатлантиришлар тарзидаги лавозим маошларига қўшимча тўловлар Вазирлик ҳайъати ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган Низомга мувофиқ тўланади.



10-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲИСОБОТ БЕРИШИ


61. Вазир Вазирликнинг фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам равишда ҳисобот беради.


62. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, парламент ва депутат сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши мониторингини олиб боради, шунингдек жойларда ишларнинг реал ҳолатини мунтазам ўрганади, халқ таълими тизимидаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилади ҳамда шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан комплекс таклифлар ишлаб чиқади. Бунда юкланган вазифаларни ҳал этишда унинг Вазирлик фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.


63. Фаолият мониторинги ва баҳолаш натижа якунлари бўйича Вазирликнинг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш чоралари кўрилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик чоралари кўрилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


64. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 февраль