язык интерфейса

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2019 й. 150-сон "Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2019 й. 150-сон "Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.02.2019 й.

N 150



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ОНЛАЙН

НАЗОРАТ-КАССА МАШИНАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ

БЎЙИЧА ТАЖРИБА ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ-3300-сон ҳамда "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарорларига мувофиқ, шунингдек, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатишни таъминловчи назорат-касса машиналарини қўллашни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва идоравий ахборот тизимларини жадал интеграциялашувининг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 18 апрелдаги ПҚ-3673-сон қарорида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини (кейинги ўринларда тажриба лойиҳаси деб аталади) ишга тушириш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин;


2. Тажриба лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги ""Янги технологиялар" илмий-ахборот маркази" ДУК сотилган маҳсулотлар (ишлар ва хизматлар) бўйича реализация вақти ва жойини кўрсатган ҳолда маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатишни таъминловчи замонавий назорат-касса машиналарини қўллаш орқали савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тушумларни автоматлаштирилган назорат қилиш тизимининг фискал маълумотлар оператори (кейинги ўринларда фискал маълумотлар оператори деб аталади) этиб белгилансин.


3. Қуйидагилар:

Онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом 1-иловага мувофиқ;

Ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида узатишни таъминловчи онлайн назорат-касса машиналарида фойдаланиладиган фискал модулга қўйиладиган техник талаблар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва фискал маълумотлар оператори 2019 йил 1 мартга қадар қуйидагиларни таъминласинлар:

миллий криптографик алгоритмлар базаси асосида ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг криптографик усулларидан фойдаланган ҳолда фискал маълумотларни қайта ишлаш ва узатиш операцияларини амалга оширадиган ихтисослаштирилган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;

тадбиркорлик субъектлари учун сарф-харажатларини максимал даражада камайтирган ҳолда фискал модулни техник жиҳатдан мос келадиган назорат-касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминаллари билан интеграциялаш;

назорат-касса машиналарининг онлайн режимида узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида зарур сервер ва телекоммуникация ускуналарини ҳамда дастурий таъминотни белгиланган тартибда харид қилиш;

аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда олинган дастлабки маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасига онлайн режимида узатиш ва қабул қилиш ҳамда уларнинг тўлиқ ҳажмда сақланишини ташкил қилиш;

сотилган маҳсулотлар ҳамда кўрсатилган ишлар ва хизматлар тўғрисидаги маълумотларни вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар бўйича таҳлил қилиш, шунингдек, солиқлар тўлашдан бўйин товлаш эҳтимоли бўлган ҳолатларни автоматик равишда аниқлаш.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

тажриба лойиҳасини амалга оширишни, шунингдек, лойиҳани услубий қўллаб-қувватлашни ва тажриба лойиҳасининг барча иштирокчилари ўртасида ҳамкорликни ташкил қилишни;

онлайн назорат-касса машиналари тизимини татбиқ этиш ва ишлатиш тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида кенг тушунтириш ва консультация ишлари ўтказилишини таъминласин.


6. Белгилансинки, тадбиркорлик субъектларининг тажриба лойиҳасининг амалга оширилишида ихтиёрий иштироки уларни назорат-касса машиналари қўллашнинг қонунчиликда белгиланган тартибига риоя этишдан озод қилмайди.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тажриба лойиҳаси натижаси бўйича ахборотни, шунингдек, онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш тартибига босқичма-босқич ўтиш бўйича аниқ таклифларни 2019 йил 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Кўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 февраль