ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Илмий-тадқиқот фаолияти /

Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 22.02.2019 й. 3138-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 25.01.2019 й. 68-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 22 февралда 3138-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2019 йил 25 январдаги

68-сон буйруғига

ИЛОВА



Патологик-анатомик тадқиқотлар

ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


патологоанатом - патологик-анатомик тадқиқотларни ўтказувчи мутахассис;


биопсия - одам ҳаётлигида ундаги касалликка ташхис қўйиш мақсадида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш;


аутопсия - даволаш-профилактика муассасаларида вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш.


2. Патологик-анатомик тадқиқотлар фақат патологоанатом томонидан ўтказилади.


3. Патологик-анатомик тадқиқотлар биопсия ва аутопсия усулларида амалга оширилади.



2-БОБ. БИОПСИЯ УСУЛИДА ПАТОЛОГИК-АНАТОМИК

ТАДҚИҚОТЛАР ЎТКАЗИШ


4. Даволаш-профилактика муассасасида амбулатор ва стационар шароитда даволанаётган беморларга тўғри ташхис қўйиш ва уларни самарали даволаш мақсадида тегишлилиги бўйича Республика патологик-анатомия маркази, патологик-анатомия бўлимлари ҳамда ҳудудий патологик-анатомия бюроларида (бундан буён матнда патологик-анатомия хизмати деб юритилади) биопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказилади.


5. Даволаш-профилактика муассасаларида амбулатор ва стационар шароитда даволанаётган беморлардан олинган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқима тегишли патологик-анатомия хизматига касалликни ҳужайравий даражада аниқлаш учун йўлланма асосида тақдим қилинганда уни патологик-анатомия хизматининг масъул ходими қабул қилиб олади.


6. Масъул ходим қабул қилиб олинган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқима ҳақидаги маълумотларни тақдим қилинган йўлланманинг тегишли қисмига ёзиб қўяди. Ушбу маълумотлар лаборант томонидан юритиладиган дафтарга ҳам қайд қилинади.


7. Патологоанатом патологик-анатомик тадқиқот ўтказиш учун тақдим этилган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқимадан микропрепарат тайёрлаш учун кесма олади.


8. Патологоанатом олинган кесмани микропрепарат тайёрлаш учун йўлланма асосида лабораторияга топширади.


9. Лабораториянинг масъул ходими топширилган кесмадан 10 кундан кўп бўлмаган муддатда микропрепарат тайёрлайди. Агар топширилган кесмадан микропрепарат тайёрлаш 10 кундан кўп бўлган муддатни талаб қилса, у ҳолда микропрепаратни тайёрлаётган масъул ходим патологоанатомни бу ҳақда хабардор қилиши зарур.


10. Лабораториянинг масъул ходими тайёрланган микропрепаратни шу куннинг ўзида патологоанатомга топшириши лозим.


11. Патологоанатом тайёрланган микропрепаратни микроскоп ёрдамида таҳлил қилади ва гистологик ташхис қўяди.


12. Патологоанатом томонидан қўйилган ташхис ва унга тегишли бошқа маълумотлар ҳақида йўлланманинг тегишли қисмига ёзув киритилади.


13. Йўлланмада кўрсатилган ташхис ва бошқа маълумотлар лаборант томонидан юритиладиган дафтарга қайд этилади ва йўлланма тегишли даволаш-профилактика муассасасига юборилади.



3-БОБ. АУТОПСИЯ УСУЛИДА ПАТОЛОГИК-АНАТОМИК

ТАДҚИҚОТЛАР ЎТКАЗИШ


14. Даволаш-профилактика муассасасида касаллик оқибатида вафот этган шахснинг мурдасида аутопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тегишлилиги бўйича патологик-анатомия хизматларида амалга оширилади.


15. Патологик-анатомия хизмати масъул ходими мурдани қабул қилиб олишда унинг касаллик тарихида қайд этилган ташхисга асосан мурдани қабул қилиб олади. Бунда масъул ходим томонидан мурданинг ташқи кўриниши кўрикдан ўтказилади.


16. Патологоанатом патологик-анатомик тадқиқотини бошлашдан олдин мурдани ташқи ҳолатини кўрикдан ўтказади. Кўрикдан ўтказиш жараёнида жароҳат ва синиш белгилари мавжудлиги аниқланмаса патологоанатом тадқиқотни давом эттиради.


17. Кўрикдан ўтказиш жараёнида жароҳат ва синиш белгилари мавжудлиги аниқланган ҳолларда патологоанатом мурдада патологик-анатомик тадқиқотини ўтказишни рад этади ва бу ҳақда патологик-анатомия хизмати раҳбарини хабардор қилади.


18. Патологоанатом мурданинг тегишли тана қисмини ёради ва мурданинг ички аъзоларини бирма-бир кўрикдан ўтказади.


19. Мурданинг ички аъзоларини кўрикдан ўтказишда гистологик тадқиқот учун ҳар бир ички органдан 1 сантиметрдан катта бўлмаган ҳажмдаги намуналар кесиб олинади. Агар даволаш-профилактика муассасасида вафот этган шахснинг касаллик тарихида у юқумли касалликлар оқибатида вафот этганлиги кўрсатилган бўлса, шунингдек тадқиқотни ўтказаётган патологоанатом мурдада юқумли вирус ва микроблар мавжудлигига шубҳа қилган ҳолларда вирусологик ва бактериологик текширув учун намуналар олинади.


20. Кесиб олинган намуналар шу вақтнинг ўзида тегишлилиги бўйича гистологик, вирусологик ёки бактериологик лабораторияга текшириш учун топширилади.


21. Топширилган намуналар тегишли лаборатория томонидан 7 кундан кўп бўлмаган муддатда лаборатор текширувдан ўтказилади. Агар топширилган намуналар лаборатор текшируви 7 кундан кўп бўлган муддатни талаб қилса, у ҳолда лаборатор текширувни амалга ошираётган масъул ходим патологоанатомни бу ҳақда ёзма равишда хабардори қилиши зарур.


22. Лаборатория ўтказилган лаборатор текширув якунланган вақтдан бошлаб 1 кун ичида текширув натижалари бўйича тегишли патологоанатомга ёзма равишда хулоса тақдим этиши лозим.


23. Патологоанатом томонидан шу вақтнинг ўзида Патологик-анатомик тадқиқоти баённомаси расмийлаштирилади.


24. Патологоанатом баённомада мурданинг ҳар бир орган ва тўқималарида кузатилган морфологик ўзгаришлар ҳамда лаборатория текшируви учун олинган намуналар билан боғлиқ маълумотларни, шунингдек мурданинг касаллик тарихидаги маълумотларни аниқ кўрсатиши шарт. Бунда патологоанатом мурдага оид бошқа маълумотларни ҳам баённомага қўшимча сифатида киритиши мумкин.


25. Лаборатор текширув натижалари олингандан кейин патологоанатом томонидан таҳлил қилинади ҳамда ўтказилган патологик-анатомик тадқиқоти бўйича якуний ташхис Патологик-анатомик тадқиқоти баённомасида расмийлаштирилади.


26. Баённома патологик-анатомик тадқиқотни ўтказган патологоанатом, мутахассислар ҳамда тегишли бўлим мудири томонидан имзоланади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


27. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 февраль, 8-сон, 144-модда













































Время: 0.0176
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск