язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.02.2019 й. 154-сон "Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейлар битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.02.2019 й.

N 154




УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИ ВА АКАДЕМИК

ЛИЦЕЙЛАР БИТИРУВЧИЛАРИНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарорини ижро этиш юзасидан, шунингдек, умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчилари учун олтин ва кумуш медаллар таъсис этилсин.


2. Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга;

кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.


3. Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчилари учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг буюртмасига мувофиқ ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медаллар белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларни тайёрлаш учун зарур бўлган маблағларни назарда тутсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                         А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 22 февралдаги

154-сон қарорига

2-ИЛОВА



Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик

лицейларнинг иқтидорли битирувчилари учун

бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг

ТАВСИФИ


Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг диаметри 35 миллиметрли доира шаклида бўлиб, металл қотишмасидан тайёрланган, доира бўртма шаклда. Олтин медаль олтинсимон рангли, кумуш медаль кумушсимон рангли бўлади.

Олтин ва кумуш медалларнинг ўрта қисмида доиранинг марказида, кўтарилаётган қуёш нурлари фонида бўртма китоб тасвирланган, унинг умумий баландлиги 20 миллиметр, эни 28 миллиметр, пастки чап томондан ўнг томонга қараб устки қисмига қадар ниҳол тасвирланган. Юқоридаги белгилар диаметри 30 миллиметр бўлган доира шаклидаги бўртма гардиш билан ўралган. Медалнинг чап пастки қисмидан бошлаб айлана бўйлаб бош ҳарфлар билан "O'QISНDAGI MUVAFFAQIYATLARI VA NAMUNALI XULQI UCНUN" деган ёзув жойлашган. Ҳарфларнинг ўлчами 2 миллиметр.

Медалларнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг логотипи тасвирланган. Медалнинг орқа томони чап пастки қисмидан бошлаб айлана бўйлаб бош ҳарфлар билан "O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI XALQ TA'LIMI VAZIRLIGI" деган ёзув жойлашган. Ҳарфларнинг ўлчами 2 миллиметр.

Тасвирлар ва ёзувлар қабариқ.

Медаллар илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган. Қадағичнинг бўйи - 15 миллиметр, эни - 25 миллиметр. Қадағичда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган.

Қадағичнинг орқа томонига медалларни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 февраль