язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.02.2019 й. 155-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 22 февралдаги

155-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика

мақсадли китоб жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Жамғарма Васийлик кенгаши қарорларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, мустақил балансга, ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит банк ҳисоб рақамига эга бўлади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ


4. Жамғарманинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг кутубхона жамғармалари учун умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтларининг кредит ва грантлари (кейинги ўринларда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар деб аталади), дарсликлар ва чет тиллари бўйича машқ дафтарларининг ижара тўловларини (кейинги ўринларда ижара тўловлари деб аталади) жамлаш, ушбу маблағлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг айрим тоифадаги, яъни биринчи синф ўқувчиларини, "Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчиларини, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг ўқувчиларини, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалардаги ўқувчиларни ҳамда ўқитувчиларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул таъминлаш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларининг кутубхона жамғармалари учун умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштириш;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларини ижара асосида таъминлаш учун умумий ўрта таълим муассасаларининг кутубхона жамғармаларига умумтаълим фанларидан дарсликлар ва чет тиллари бўйича машқ дафтарларини харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштириш;

айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари учун бепул ва ижара асосида умумтаълим фанларидан дарсликларни умумий ўрта таълим муассасаларининг кутубхона жамғармаларига харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштириш;

харид қилишнинг тасдиқланган истиқбол квоталаридаги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этувчи нашриётлар ва босмахоналарга дарсликларни чакана савдо тармоғи орқали сотилишини қўллаб-қувватлаш учун қисқа муддатли мақсадли ссудалар ажратиш орқали ёрдам кўрсатиш;

Жамғарма маблағларини ўз вақтида тушишини таъминлаш ва таҳлил қилиб бориш.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


5. Жамғарма ўзига юкланган асосий вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

дарсликларни ижарага бериш масалалари бўйича Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, улардан ижара тўловлари тушумлари бўйича аниқ маълумотларни олиш;

нашриёт, босмахона ва китоб савдо ташкилотларига ажратилган ссудалардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида улардан тегишли маълумотларни олиш.

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6. Жамғарма:

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун дарсликлар ҳамда ўқув-методик мажмуаларни харид қилиш ва етказиб бериш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан талаб этиладиган маблағлар бўйича сўровни шакллантиришга;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритиш, шунингдек, улар бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни шакллантиришга;

умумтаълим фанларидан дарсликлар ҳамда ўқув-методик мажмуаларни нашр этиш ва етказиб беришни ўз вақтида молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига маблағлар ажратишга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар йили Жамғарма фаолиятининг аудиторлик текширувини ўтказишга;

Жамғарманинг Васийлик кенгаши қарорларини ўз вақтида ижро этишга мажбур.

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


7. Жамғарманинг Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда Васийлик кенгаши деб аталади) Жамғарманинг юқори бошқарув органи ҳисобланади.

Васийлик кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Васийлик кенгашининг аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.


8. Васийлик кенгашининг йиғилишлари, заруратга қараб, аммо йилига камида икки маротаба ўтказилади. Васийлик кенгаши йиғилишларида халқаро молия институтлари вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга.


9. Васийлик кенгашининг қарорларини қабул қилиш, унинг раиси ташаббуси билан мазкур Кенгаш аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли орқали қабул қилиниши мумкин. Васийлик кенгаши қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.


10. Васийлик кенгаши:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ўз тасарруфидаги, шунингдек тасарруфида таълим муассасалари бўлган бошқа вазирликлар ва идоралар таклифлари асосида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун кейинги ўқув йилига тақдим этилган умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этиш ва харид қилишнинг истиқбол квоталарини тасдиқлайди;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар вакилларини жалб қилади;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг манбалари ва фойдаланиш йўналишлари бўйича прогноз параметрларини, шунингдек Жамғармага йил давомида келиб тушган маблағларнинг миқдорини ва ижроси бўйича йиллик ҳисоботни тасдиқлайди;

Жамғарма даромадларини тўлиқ шакллантириш ҳамда маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан Жамғарма фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан ижарага бериш учун харид қилинадиган дарсликлар ва чет тиллари бўйича машқ дафтарлари ижара тўловлари миқдорларини синфлар кесимида ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда йиллик ижара тўлови миқдорини белгилайди;

хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этишда Жамғармага кўмаклашади;

Жамғарма ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) фаолиятини маблағ билан таъминлаш учун харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


11. Васийлик кенгаши Дирекциянинг ижрочи директори таклифига асосан Жамғарма даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган асосий параметрларига ўзгартириш киритиши мумкин.


12. Дирекция Жамғарманинг ижро органи ҳисобланади.

Дирекция:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ҳар йили келгуси ўқув йилига умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари кутубхона жамғармаси учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этиш ва харид қилишнинг истиқбол квоталарини ишлаб чиқади;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогноз параметрларини, шунингдек уларнинг ижроси юзасидан ҳисоботни тайёрлайди ва Васийлик кенгашига тақдим этади;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг айрим тоифадаги ўқувчилари ҳамда ўқитувчиларини бюджет маблағлари ҳисобидан бепул таъминлаш учун умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштиради;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларини ижара асосида таъминлаш учун умумтаълим фанларидан дарсликлар ва чет тиллари бўйича машқ дафтарларини харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштиради;

айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари учун бепул ва ижара асосида дарсликларни харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштиради;

дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этиш жараёнига тайёрлаш ва экспертиза қилиш ишларини молиялаштиради;

Жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари кутубхона жамғармаларини умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан таъминлаш бўйича халқ таълими органлари ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этиш фаолияти билан мунтазам шуғулланадиган нашриёт ва босмахоналарининг молиявий аҳволини ўрганган ҳолда уларнинг айланма маблағларини вақтинчалик тўлдириш учун қисқа муддатли мақсадли ссудалар ажратади;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг харид қилиниши ва етказиб берилиши ҳамда экспертиза қилиниши ишлари учун молиялаштирилган Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, даромадларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тушиши юзасидан назорат ўрнатади;

нашриёт ва босмахоналарга ажратилган ссудалардан самарали фойдаланиш ва қайтарилишини таъминлаш бўйича мониторинг олиб боради;

Дирекцияни сақлаш бўйича харажатлар сметасини тузади ва тасдиқлаш учун Васийлик кенгашига тақдим этади;

Васийлик кенгаши раиси билан келишган ҳолда жамғарманинг бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиради.


13. Дирекцияни сақлаш харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


14. Дирекция ходимларини моддий рағбатлантириш (мукофотлар, қўшимча ва устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек, қўшимча моддий рағбатлантириш) тартиби Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.


15. Дирекцияни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган (Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири тавсиясига кўра) ва озод этиладиган ижрочи директор бошқаради.


16. Ижрочи директор:

Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва Жамғармага юклатилган вазифалар бажарилиши, шу жумладан, ижара маблағларининг йиғилиши ва маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради;

Жамғарма маблағлари тушумларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди ҳамда Васийлик кенгашига кўриб чиқиш учун киритади;

Жамғармага юкланган асосий вазифаларга мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкиллаштиради, ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида Дирекциянинг штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Дирекциянинг штатдаги ходимларининг чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритади;

Дирекция ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, шунингдек ходимларни рағбатлантириш бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда уларнинг лавозим мажбуриятлари ва ваколатларини тақсимлайди;

пул маблағлари ва моддий бойликларнинг бухгалтерия ҳисоби юритилишини, статистика ва бухгалтерия ҳисоботлари тузилишини ҳамда белгиланган тартибда тақдим этилишини ташкил қилади;

Жамғарма номидан шартномаларни, шу жумладан, Жамғарманинг бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш тўғрисидаги шартномаларни имзолайди;

Жамғарманинг лавозим йўриқномалари ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;

Жамғарма ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради;

ушбу Низом ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади.


17. Ижрочи директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



5-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ КЕЛГУСИ ЙИЛ

УЧУН ДАРОМАД ВА ХАРАЖАТЛАРИНИ

ТАЙЁРЛАШ, КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ


18. Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари истиқбол режаларини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади.


19. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги умумтаълим фанларидан зарур дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан таъминланганлиги бўйича умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари кутубхона жамғармаларини ҳар йили 15 июнгача инвентаризациядан ўтказади ва натижаларини таҳлил қилади.

Ушбу инвентаризация натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги кейинги календарь йили учун умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга бўлган эҳтиёжнинг прогноз кўрсаткичларини шакллантиради ва ҳар йили 20 июнга қадар Дирекцияга қуйидаги кўрсаткичлар кесимида тақдим этишлари лозим:

умумтаълим фанлари бўйича таълим тили, номи, синфлар ва босқичлар кесимида;

чакана савдо тармоғи орқали, кутубхона жамғармаси ҳисобидан бепул ва ижара асосида таъминланиш кесимида.


20. Дирекция ҳар йили 1 июлга қадар кейинги календарь йил учун Жамғарма даромадлари ва харажатларининг истиқбол параметрларини ишлаб чиқади, Васийлик кенгаши билан келишади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига кўриб чиқиш учун тақдим этади.

Якуний эҳтиёж Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан аниқланади ва кейинги ўқув йили учун умумтаълим фанлари бўйича таълим тили, номи, синфлар ва босқичлар кесимида дарсликлар ҳамда ўқув-методик мажмуаларни нашр этиш ва харид қилиш истиқбол квоталари шакллантирилгандан сўнг Жамғармага тақдим этилади.


21. Жамғарма даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрлари кейинги йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан сўнг бир ой муддатда Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ, ЖАМЛАШ ВА

УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


22. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларидан тушадиган ижарага берилган дарсликлар бўйича ижара тўловлари;

грантлар, кредитлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари - юридик ва жисмоний шахслар, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг ҳомийлик хайриялари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштирилишидан олинадиган даромадлар;

кейинчалик фойдаланишга яроқсиз бўлган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни утилизация қилишдан тушган тушумлар;

нашриётлар ва босмахоналарга дарсликларни чакана савдо тармоғи орқали сотилишини қўллаб қувватлаш учун қисқа муддатли мақсадли ссудалар ажратиш эвазига тушган фоиз даромадлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


23. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан харажатлар сметасида назарда тутилмаган маблағлар (шу жумладан, нашриётлар, ва босмахоналар, шунингдек дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни етказиб беришни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки белгиланган муддатларда бажарилмаганлиги учун жарима ва пеняларни қўллашдан олинган маблағлар) ни сарфлаш тақиқланади ва мазкур маблағлар Жамғармага қайтарилиши лозим.


24. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида очилган Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари бўйича тегишли шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.


25. Жамғарма маблағларидан фақат қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

ўрнатилган тартибда шакллантирилган ва тасдиқланган истиқбол квоталарига асосан умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма айланма маблағлари ҳисобидан нашр ва қайта нашр этиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштиришга;

дарсликларни чоп этиш бўйича тасдиқланган квоталарга эга бўлган нашриётлар ва босмахоналарга дарсликларни чакана савдо тармоғи орқали сотилишини қўллаб қувватлаш, уларнинг айланма маблағларини тўлдиришга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган фоизда мақсадли ссудалар ажратишга;

дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этиш жараёнига тайёрлаш ва экспертиза қилиш ишларини молиялаштиришга;

Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган смета харажатларига мувофиқ дарсликларни яратиш, чоп эттириш, етказиш ҳамда дарсликлар билан таъминлаш тизимини узлуксиз фаолият кўрсатиши билан боғлиқ харажатларни қоплашга;

Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ Дирекцияни сақлаш харажатларини қоплашга фойдаланилади.


26. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қуйидаги йўналишлар бўйича умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари кутубхона жамғармалари учун дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш, харид қилиш ва етказиб бериш харажатларини қоплашга маблағлар ажратади:

биринчи синф ўқувчилари учун;

"Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчилари, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг ўқувчилари учун;

ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалардаги ўқувчилар учун;

ижара асосида бериш учун;

ўқитувчилар учун.


27. Жамғарма маблағлари ҳисобидан таълим муассасаларига етказилган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан ўқувчилар ва ўқитувчиларни таъминлаш вазифаси умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига юклатилади.


28. Дарсликлар ва ўқув мажмуаларини харид қилиш бўйича тасдиқланган квоталарга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни харид қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни умумий ўрта таълим муассасаларигача етказиб бериш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни харид қилиш ва етказиб бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан тузилган шартномалар бўйича харажатларни Жамғарма томонидан молиялаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


29. Ўрта махсус таълим муассасалари ва нодавлат умумтаълим мактабларининг ўқувчиларини қонун ҳужжатларига мувофиқ умумтаълим фанларидан дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқарув органлари билан тузилган шартномаларга асосан амалга оширилади.


30. Харид қилишнинг тасдиқланган истиқбол квоталаридаги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этувчи нашриётлар ва босмахоналарга чакана савдо тармоғи орқали сотиладиган дарсликларни нашр этишга уларнинг айланма маблағлари етишмай қолган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг таклифига кўра жамғарма маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда ссудалар ажратилиши мумкин.



7-БОБ. ДАРСЛИКЛАР ВА ЎҚУВ-МЕТОДИК

МАЖМУАЛАР БЎЙИЧА ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ

ҲАМДА ЖАМҒАРМАГА ИЖАРА ТЎЛОВЛАРИ

ТУШУМЛАРИНИНГ НАЗОРАТИ


31. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар ҳаракати, уларнинг ижара тўловлари ва бошқа тушумлар бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ва ўрта махсус таълим муассасалари томонидан олиб борилади. Бунда Жамғармага тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги бўйича жавобгарлик ушбу ташкилотлар раҳбари ва бош бухгалтери зиммасига юклатилади.


32. Молия вазирлиги ҳудудий ғазначилик бўлинмалари Дирекциянинг ҳудудий вакиллари талабномаларига асосан умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ёки туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларининг мос ғазна ҳисобварақларидан кўчирмалар тақдим этади.


33. Дирекциянинг ҳудудий вакиллари:

ҳудуддаги умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари бўйича ижара тизимининг юритилиши бўйича ишларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

ижара тўловлари тушумлари бўйича мониторинг олиб боради, ҳисоботларни йиғади ҳамда халқ таълими ҳудудий органлари билан ҳамкорликда умумий ўрта ва ўрта махсус таълими муассасаларининг умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга буюртмаларини умумлаштиради;

ижара тизими масалалари бўйича туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари, ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда ғазначилик бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, улардан ҳудудлар ва умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари кесимида ижара тўловлари тушумлари бўйича аниқ ҳисоботларни мунтазам олиб туради;

ўз фаолияти юзасидан Дирекцияга доимий равишда ҳисобот бериб боради.


34. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва ўрта махсус таълим муассасалари, Дирекциянинг ҳудудий вакиллари ҳар ярим йилда бир маротаба тегишли ҳудудлар бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар ҳаракати ҳамда сақланиши тўғрисида умумлаштирилган ҳисоботларни, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Дирекцияга тақдим этади.


35. Ижара тўловларининг тўлиқ ва тўғри ҳисобланиши ҳамда ундирилиши бўйича жавобгарлик умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари раҳбарлари зиммасига юклатилади.


36. Ижара тўловлари тижорат банклари орқали нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда (банк пластик карточкалари орқали ва пул ўтказиш йўли билан) тўланади. Бунда тўловнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларига тақдим этилади.


37. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқарув органлари ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари раҳбарлари дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг ўз вақтида ва талаб даражасида етказилиши бўйича назорат олиб борадилар.


38. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари томонидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сақланиши ва фойдаланилишини ҳамда ижара тўловлари бўйича дастлабки ҳисоб-китоб ҳужжатларининг юритилишини назорат қилиш ва ижара тўловлари ундирилишини таъминлаш тегишли ҳудудий халқ таълими ва молия органлари, ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда Дирекциянинг ҳудудий вакиллари томонидан амалга оширилади.


39. Ижара тизими учун нашр этилган дарсликлардан фойдаланиш муддатидан қатъий назар, бепул фойдаланишга йўл қўйилмайди.



8-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА

МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ, ҲИСОБ ВА

ҲИСОБОТ ҲАМДА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


40. Жамғарма маблағларининг келиб тушиши ва ундан фойдаланилишининг бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек, ҳисоботларни тузиш Дирекция томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


41. Жамғарманинг мол-мулки асосий фондлар, асбоб-ускуналар, айланма маблағлар ва маблағ билан таъминлашнинг барча манбалари ҳисобига сотиб олинган бошқа моддий бойликлардан иборатдир.


42. Жамғарма мол-мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.


43. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳомийлик хайриялари сифатида ўтказилган маблағлар ҳисобидан сотиб олинган мулклар Жамғарманинг шахсий мулки ҳисобланади.


44. Жамғарма ўзига тегишли мол-мулкка оид мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


45. Жамғармада ўтказилган аудиторлик хулосалари ва ҳисоботлари Дирекция томонидан Васийлик кенгаши муҳокамасига киритилади.


46. Жамғарма маблағларидан асосли ва мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


47. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


48. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан

ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг

даромад ва харажатларини тайёрлаш,

кўриб чиқиш ва тасдиқлаш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари




1-босқич

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Умумтаълим фанларидан зарур дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан таъминланганлиги бўйича умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари кутубхона жамғармаларини инвентаризациядан ўтказади

келгуси йил учун жорий йилнинг

15 июнигача


  

  

2-босқич

Халқ таълими вазирлиги

Инвентаризация натижаларини таҳлил қилган ҳолда кейинги календарь йили учун умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга бўлган эҳтиёжнинг прогноз кўрсаткичларини чакана савдо тармоғи орқали, кутубхона жамғармаси ҳисобидан бепул ва ижара асосида таъминланиш кесимида Дирекцияга тақдим этади.

ҳар йили

20 июнга қадар

3-босқич

Дирекция

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг истиқбол параметрларини ишлаб чиқади, Васийлик кенгаши билан келишади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига кўриб чиқиш учун тақдим этади.

ҳар йили 1 июлга қадар

кейинги календарь йил учун

  

4-босқич

Васийлик кенгаши

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрлари кейинги йил учун тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат

бюджети параметрлари тасдиқлангандан сўнг бир ой муддатда


  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 февраль