язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Март, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирлар Маҳкамаси ва республика комиссиялари/ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг функционал вазифалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.02.2019 й. 177-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 27 февралдаги

177-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш

масалалари бўйича маслаҳатчисининг

функционал вазифалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5644-сон Фармони  ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4136-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг (кейинги ўринларда Бош вазир маслаҳатчиси деб аталади) функционал вазифаларини белгилайди.


2. Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.


3. Бош вазир маслаҳатчиси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб аталади) қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


4. Бош вазир маслаҳатчисининг фаолияти қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш, ердан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги ва сув хўжалиги қурилиши, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, озиқ-овқат саноатини, савдо ва пулли хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ҳамда тайёрланишини таъминлашга йўналтирилган.


5. Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг аъзоси ҳисобланади.

Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.


6. Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


7. Бош вазир маслаҳатчиси Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибиятига (кейинги ўринларда Котибият деб аталади) бевосита раҳбарлик қилади ва Котибият мудири мутахассисларининг ишини ташкил қилади.


8. Бош вазир маслаҳатчиси Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар фаолиятини ушбу Низомга мувофиқ ўзига юкланган вазифалар ва мажбуриятлар доирасида умумий мувофиқлаштиради.


9. Бош вазир маслаҳатчиси меҳнатига белгиланган тартибда тасдиқланадиган штат жадвалига мувофиқ ҳақ тўланади.



2-БОБ. БОШ ВАЗИР МАСЛАҲАТЧИСИ

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИОНАЛ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Қуйидагилар Бош вазир маслаҳатчиси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишини ташкил қилиш, шунингдек, жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини ўрганиш, аграр ҳамда озиқ-овқат соҳаларидаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида стратегик ва устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;

хусусан, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга доир оптимал қарорлар ишлаб чиқиш, аграр соҳада инновацион технологияларни, қишлоқ хўжалиги экинларининг интенсив ҳамда юқори ҳосилдор навларини етиштиришнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш механизмларини такомиллаштириш орқали аграр ва озиқ-овқат соҳаларининг рақобатбардошлигини ошириш юзасидан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига давлат буюртмаси тизимини такомиллаштириш ва мамлакат аҳолисига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб беришни ташкил этиш йўли билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларига юкланган вазифа ҳамда функциялар самарали ва натижали бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш;

бириктирилган соҳада давлат сиёсатини самарали ва сифатли амалга оширишда, шу жумладан идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш орқали молиявий ресурсларни бошқариш масалаларида Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг мустақиллигини кучайтириш;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган аграр ва озиқ-овқат соҳасига тааллуқли масалалар бўйича тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобот бериши учун ҳар чоракда таҳлилий материаллар тайёрлаш;

Ҳукуматнинг, Котибиятга бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг асосий халқаро рейтинглар ҳамда индексларда Ўзбекистон Республикасининг позицияларини яхшилаш бўйича иш самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

жойларда "халқ билан мулоқот" ва шахсий учрашувлар амалиётини такомиллаштириш, Котибиятга бириктирилган тармоқларда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, шу жумладан аҳолининг бандлиги ва реал даромадлари оширилишини таъминлашни кафолатловчи комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш ҳамда амалга оширилишини мониторинг қилиш;

Бош вазир маслаҳатчиси ваколатига киритилган йўналишлар ва масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланишини таъминлаш;

аграр ва озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш концепцияси, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича "йўл хариталари", йирик лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, бириктирилган соҳалар ҳамда тармоқларда муҳим устувор йўналишлар бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил қилиш ҳамда Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда уларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳимоя қилиш;

Котибиятга бириктирилган соҳалар ва тармоқларда иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилишини доимий ва тизимли асосда ҳар томонлама, танқидий таҳлил қилишни, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этишни ҳамда комплекс вазифалар амалга оширилишини таъминлаш;

Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришиш, яқин, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда тармоқларни стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигини таъминлашга асосланган мутлақо янги баҳолаш тизимини жорий этиш;

Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг фаолиятини юзага келадиган муаммолар сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, ишни ташкил қилишнинг замонавий услубларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш чора-тадбирларини ташкил этиш;

аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишлари бўйича масалалар тайёрланиши ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида кўриб чиқилишини таъминлаш;

Котибиятга бириктирилган тармоқларни янада ривожлантириш вазифаларини, концепциялар, комплекс чора-тадбирлар, йирик инвестиция лойиҳалари, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича "йўл хариталари"ни амалга ошириш масалаларини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари билан ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида, Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва барча даражалардаги ташкилотларда ижро интизоми даражасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, шунингдек, "йўл хариталари"нинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

Котибият кадрлар захираси шакллантирилишини ва уни тизимли асосда янгилаб боришни таъминлаш.


11. Қуйидагилар Бош вазир маслаҳатчисининг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, ердан фойдаланиш ва сув хўжалиги қурилиши соҳасида:

қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, ердан фойдаланиш ва сув хўжалиги қурилиши соҳасидаги ислоҳотларнинг, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 17 апрелдаги ПФ-5418-сон, "Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 11 майдаги ПФ-5041-сон ва "Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сон Фармонларига мувофиқ амалга оширилишини комплекс ўрганишни ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига қишлоқ хўжалиги, ўрмонзорлар, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги ҳамда сув хўжалиги қурилиши соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланишини таъминлаш;

қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, ердан фойдаланиш, сув хўжалиги қурилишини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 27 декабрдаги ПҚ-4087-сон қарорига мувофиқ кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, сувни тежайдиган самарали технологиялар, биринчи навбатда, томчилатиб суғориш технологияларини уларнинг фаолиятига жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш;

фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, қишлоқда ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектларини шакллантириш, агрокластерлар ташкил қилиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантириш ва доривор ўсимликлар етиштириш ҳолатини таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 17 апрелдаги ПҚ-3671-сон қарорига мувофиқ аграр соҳада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шартнома муносабатларига асосланган ижара муносабатлари ва хўжалик юритиш тизимини кенг ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган қулай иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

ерларни қўриқлаш ва улардан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш ишларини мувофиқлаштириш;

ўрмон хўжалигини ривожлантириш, ўрмон фонди ва қўриқланадиган табиий ҳудудларни самарали бошқариш, дарахтзорлар ташкил қилиш, такрор экиш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, ўрмонлардан оқилона ҳамда эҳтиёткорлик билан фойдаланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг ҳар йили тасдиқланадиган инвестиция дастурига мувофиқ қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, ердан фойдаланиш ҳамда сув хўжалиги қурилиши соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, хусусан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб этилишини таҳлил қилиш;

қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, ердан фойдаланиш ҳамда сув хўжалиги қурилиши соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш масалалари бўйича таклифлар ҳамда ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш ва уларнинг комплекс экспертизадан ўтказилишини таъминлаш;

қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, ердан фойдаланиш ҳамда сув хўжалиги қурилиши соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ишларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 17 апрелдаги ПҚ-3672-сон қарорига мувофиқ сув хўжалиги ва сув хўжалиги қурилишида иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил қилиш;


б) озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ жойларда савдо ва пулли хизматларни ташкил этиш соҳасида:

озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш соҳасида стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилишини комплекс ўрганишни ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш тармоқларида бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш, озиқ-овқат саноати корхоналарида замонавий технологияларни жорий қилиш, шунингдек, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, соҳага Ўзбекистон Республикасининг ҳар йили тасдиқланадиган инвестиция дастурига мувофиқ хорижий инвестициялар ҳамда технологияларни жалб этиш учун шароитлар яратишга доир таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш ҳамда уларни комплекс экспертизадан ўтказишни таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва диверсификациялаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологияларни кенг жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш;

озиқ-овқат соҳаси корхоналарида Тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши мониторингини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5656-сон Фармонига мувофиқ узумчиликни янада ривожлантириш, токзорларни кенгайтириш ва ҳудудларнинг тупроққлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда уларни жойлаштиришни оптималлаштириш, узумчиликнинг илмий базасини мустаҳкамлаш, янги, истиқболли, серҳосил навларини жорий этиш, шунингдек, узумни қайта ишлаш ҳажмларини кенгайтириш ва тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

халқаро стандартларга жавоб берадиган озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, импорт ўрнини босадиган товарлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

озиқ-овқат соҳасида энергия сарфини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда маҳсулот таннархини пасайтириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш мониторингини ташкил этиш;

озиқ-овқат донини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш баланси пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланишини таъминлаш ҳамда унинг бажарилишини назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сон Фармонига мувофиқ ички истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш масалалари мониторинги ва таҳлилини ташкил этиш, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишни ривожлантиришнинг сифатли ўзгаришлари ва тенденцияларини баҳолаш;

озиқ-овқат товарлари юзасидан бозорлар фаолиятини, ярмарка ва кўргазма фаолиятини мувофиқлаштириш, қишлоқ аҳолисини талаб этилган ва сифатли озиқ-овқат товарлари ва пулли хизматлар билан таъминлаш мақсадида маркетинг тадқиқотлари ўтказилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва "Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 20 октябрдаги ПҚ-3344-сон қарорига мувофиқ республика аҳолисини қиш-баҳор даврида узлуксиз таъминлаш учун озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларини ғамлашни ташкил этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

чакана ва улгуржи савдони ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, пулли хизматлар кўрсатишни кенгайтириш, савдони ташкил этиш ва хизматлар кўрсатишнинг янги шакллари ва усулларини фаол жорий этиш, хусусий ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, савдо соҳасида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва қишлоқ жойларда хизматлар кўрсатиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

озиқ-овқат саноати, савдо учун кадрлар тайёрлашни ташкил этиш тизимини ўрганиш ва таҳлил қилиш, ушбу соҳаларни юқори малакали кадрлар билан таъминлашни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;


в) "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

бириктирилган ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда "йўл хариталари"га киритиш учун хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан, шунингдек, тегишли тармоқларда ва республика ҳудудларидаги муаммоли масалалар бўйича таклифлар тайёрланишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга ташрифлари ва республика ҳудудларига сафарлари натижаларига кўра, Котибият ваколатига кирувчи масалалар бўйича тасдиқланган "йўл хариталари" бажарилишининг тизимли назоратини мувофиқлаштириш;

Бош вазир маслаҳатчиси ваколатига кирадиган масалалар бўйича "йўл хариталари"нинг амалга оширилиши тўғрисида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларининг ҳисоботлари, батафсил ахборотлари, материаллари тақдим этилишини таъминлаш ҳамда муҳокама қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси мажлисига киритиш;

муайян ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўриш учун оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда, шу жумладан жойларга борган ҳолда жамоатчилик фикрини ўрганиш.


12. Бош вазир маслаҳатчиси ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ҳукуматнинг муайян соҳалар ва йўналишларда ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ҳудудларда мавзуга оид сайёр (очиқ) мажлисларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишда иштирок этади;

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузурида кўриб чиқиш учун тегишли режалаштирилган масалалар тайёрланиши ва киритилишини таъминлайди;

Аграр ва озиқ-овқат соҳасини ривожлантиришнинг ўта муҳим  ва устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган концепциялар, давлат дастурлари ҳамда "йўл хариталари" лойиҳаларининг тайёрланиши ва Бош вазир, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларининг аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришишга асосланган фаолиятини тизимли баҳолайди;

Котибиятга бириктирган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларига юкланган вазифа ҳамда функциялар самарали ва натижали бажарилиши учун уларнинг шахсий роли ва масъулиятини ошириш чораларини кўради;

Бош вазир маслаҳатчиси ва Котибият юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

Котибиятга бириктирилган соҳаларда маъмурий ва иқтисодий ислоҳотларнинг ҳолати ҳамда натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторинг ташкил этилишини ва маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек, муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва бажарилишини, уларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифалари амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига биноан Котибиятга бириктирилган соҳаларда иқтисодий ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва дастурлари бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

аграр ва озиқ-овқат соҳалар тармоқларини ривожлантириш ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини ошириш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бириктирилган соҳада давлат сиёсатини самарали ва сифатли амалга ошириши учун Вазирлар Маҳкамасининг айрим функция ва вазифаларини уларга бериш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига таклифлар киритади;

Бош вазир маслаҳатчиси юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида қатнашади;

Вазирлар Маҳкамасига келган ва Ҳукуматнинг қарори талаб қилинмайдиган ҳужжатларни давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун юборади;

Ҳукумат аъзолари ҳисобланган ва Котибиятга бириктирилган вазирлар ҳамда давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодлар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири билан келишган ҳолда, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаши учун белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари номенклатурасига кирадиган ва бириктирилган хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари лавозимларига номзодлар бўйича таклифларни кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири маъқуллаши учун белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири билан келишган ҳолда, Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар лавозимларига номзодларни тасдиқлаш (тайинлаш) бўйича белгиланган тартибга мувофиқ кадрларни танлайди ҳамда уларнинг захирасини шакллантиради;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш масалаларида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан ҳамкорлик қилади;

Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан биргаликда Котибият мутахассислари лавозимларига кадрларни танлайди;

Котибият мутахассисларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритади;

Котибиятда кадрлар захирасини шакллантириш ишларини тизимли асосда ташкил этади;

Котибият мудирининг ва бошқа мутахассисларининг вазифалари тақсимланишини тасдиқлайди;

Вазирлар Маҳкамаси аппаратида амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ ишлар юритилишини таъминлайди, чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Бош вазир маслаҳатчисининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади.

Бош вазир маслаҳатчиси вақтинчалик бўлмаганда, унинг вазифаларини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири билан келишилган ҳолда, Котибият мудири бажаради.



3-БОБ. БОШ ВАЗИР МАСЛАҲАТЧИСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Бош вазир маслаҳатчиси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

бириктирилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг коллегиал органлари, хўжалик бошқаруви органларининг мажлисларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига кўра - давлат бошқа органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг Котибият юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакилларини Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш;

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талаблари бузилган ҳолда келадиган ҳужжатларни қайтариш.

Бош вазир маслаҳатчисининг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари  ва топшириқлари унинг томонидан белгиланган муддатларда бажарилиши шарт.

Бош вазир маслаҳатчисининг ўзи юритадиган масалалар бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига бериладиган топшириқлари белгиланган тартибда бажарилиши мажбурийдир.


14. Бош вазир маслаҳатчиси:

ушбу Низомнинг 11 ва 12-бандларида кўрсатилган вазифалар ва функцияларнинг зарур даражада ва сифатли бажарилиши;

унинг ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланиши;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Котибият ваколатига тааллуқли масалалар бўйича бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирлар Маҳкамасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларининг, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бош вазир маслаҳатчиси олдига бевосита қўйилган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;

раҳбарлик қилинаётган Котибиятдаги ишларнинг ҳолати, давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, бошқа ташкилотлар фаолиятининг зарур даражада мувофиқлаштирилиши ва назорат қилиниши, Котибият ваколатига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар томонлама кўриб чиқилиши;

юқори даражадаги хорижий ташрифлар, шунингдек, республика ҳудудларига сафарлар якунлари бўйича Котибият ваколатига кирадиган масалалар бўйича тасдиқланадиган "йўл хариталари"нинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;

бириктирилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишининг мониторинги олиб борилиши;

жойлардаги реал аҳволни доимий ўрганиш, иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқилиши;

Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари томонидан товарлар ҳамда хизматлар экспорти прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари лойиҳаларининг давлат манфаатларини таъминлаш, иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан ва улардаги масалаларнинг барча манфаатдор тузилмалар билан боғлиқ ҳолда пухта экспертизадан ўтказилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 3 апрелдаги ПФ-5395-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.



4-БОБ. БОШ ВАЗИР МАСЛАҲАТЧИСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Бош вазир маслаҳатчисининг ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамаси Регламентига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари ҳамда Котибият иш режаси асосида ташкил этилади.

Котибиятнинг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланади.


16. Бош вазир маслаҳатчисининг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида амалга оширилишининг тизимли мониторингини таъминлаш бўйича фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ комплекс ўрганишларни амалга ошириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда унинг Раёсати мажлисларида ҳисоботларни эшитиш йўли билан ташкил этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 28 февраль