язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Интеллектуал мулк/ Патент вакилларини аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш Қоидалари (АВ томонидан 24.12.2003 й. 1294-сон билан рўйхатга олинган Давлат патент идораси директорининг 11.11.2003 й. 66-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2003 йил 24 декабрда 1294-сон

билан рўйхатга олинган

Давлат патент идораси

директорининг

2003 йил 11 ноябрдаги

66-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Патент вакилларини аттестациядан

ва рўйхатдан ўтказиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур, Ўзбекистон Республикаси патент вакилларини аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш Қоидалари (бундан буён матнда Қоидалар деб келтирилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 июндаги 298-сонли "Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги Низомни ва Патент вакиллари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори билан тасдиқланган Патент вакиллари тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, патент вакилларини Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигида аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш тартибларини белгилайди.


ҚИСҚАРТМАЛАР РЎЙХАТИ

Агентлик - Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги;


Низом - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 июндаги 298-сонли "Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги Низомни ва Патент вакиллари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган Патент вакиллари ҳақидаги Низом;


Апелляция комиссияси - Агентликнинг Апелляция комиссияси;


Малака комиссияси - Агентликнинг Малака комиссияси;


номзод - патент вакили сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига даъвогар шахс;


реестр - Ўзбекистон Республикаси патент вакиллари Давлат реестри.



§ 1. Малака ва апелляция комиссияларининг

фаолиятини ташкил этиш


1. Патент вакилларини аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш Агентлик томонидан амалга оширилади.

Патент вакилларини аттестациядан ўтказиш тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ва патент вакили сифатида рўйхатдан ўтишга даъвогар номзодларнинг профессионал фаолиятни бажаришга тайёрлик даражасини аниқлаш учун улар аризада кўрсатган ихтисосликни инобатга олган ҳолда малака имтиҳони ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


2. Патент вакилларини аттестациядан ўтказиш учун Агентлик томонидан малака ва апелляция комиссиялари тузилади, уларнинг фаолияти мазкур Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

3. Малака комиссияси:

а) малака имтиҳони ўтказиш тартибларини белгилайди;

б) имтиҳон топшириқларини тасдиқлайди;

в) имтиҳон олувчиларни тайинлайди ва имтиҳонни ташкил этади;

г) номзоднинг малака имтиҳонига қўйилиши тўғрисида қарор қабул қилади;

д) номзоднинг аттестациядан ўтишига рухсат берилиши ёхуд аттестациядан ўтиши рад этилиши ҳақида қарор қабул қилади.


4. Малака комиссияси Агентлик Бош директори буйруғи билан Агентликнинг энг малакали ва тажрибали ходимлари, шунингдек, интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритувчи мустақил олимлар ва мутахассислар иштирокида шакллантирилади.

5. Малака комиссияси ишини Агентлик Бош директори буйруғи билан тайинланган малака комиссияси раиси бошқаради.

6. Малака комиссияси раиси бўлмаганда, унинг вазифалари вақтинчалик малака комиссияси раиси ўринбосари зиммасига юклатилади.


7. Малака комиссияси мажлисида баённома юритилади ва малака комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади.


8. Малака комиссияси қарорлари мажлисда қатнашаётган барча аъзоларнинг кўпчилиги овози билан қабул қилинади. Овозлар нисбати тенг бўлганда раиснинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.


9. Малака комиссияси қарорлари ёзма равишда тузилади ва малака комиссияси раиси ҳамда аъзолари томонидан имзоланади.


10. Малака комиссияси қарорига қўшилмаган комиссия аъзоси ўз нуқтаи назарини баён қилишга ҳақлидир.


11. Малака комиссияси қарорлари юзасидан апелляция комиссиясига шикоят киритилиши мумкин.


12. Апелляция комиссияси патент вакиллигига номзодларнинг малака комиссияси қарори юзасидан шикоятларини, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг патент вакилларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ёки Патент вакиллари тўғрисидаги Низом талабларини бузадиган хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоятларини кўриб чиқади.


13. Апелляция комиссияси ҳам малакавий комиссия шакллантирилган тартибда шакллантирилади.

14. Апелляция комиссияси қарорлари йиғилишда қатнашаётган барча аъзоларнинг кўпчилиги овози билан қабул қилинади. Овозлар нисбати тенг бўлганда раиснинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.


15. Апелляция комиссияси қарорлари ёзма равишда тузилади ва апелляция комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.


16. Апелляция комиссияси қарорига қўшилмаган комиссия аъзоси ўз нуқтаи назарини баён қилишга ҳақлидир.


17. Апелляция комиссияси қарорлари юзасидан шикоятлар суд тартибида кўриб чиқилади.



§ 2. Ҳужжатларни қабул қилиш


18. Номзод мазкур Қоидаларга 1-иловада келтирилган шаклдаги ўзини патент вакили сифатида аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги аризани малака комиссиясига топширади.


19. Ариза давлат тилида ёки рус тилида тақдим этилади.


20. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси;

б) номзоднинг интеллектуал мулк объектини муҳофаза қилиш соҳасида ёки интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни муҳофаза қилиш соҳасида адвокат сифатида етарлича иш стажига эга эканини тасдиқловчи ҳужжатлар (меҳнат дафтарчаси ёки индивидуал меҳнат шартномасининг нусхаси ёхуд ишга қабул қилингани ва бўшатилгани ҳақида буйруқлардан кўчирмалар);

в) аттестациядан ўтказиш учун белгиланган тўлов тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат;

г) номзоднинг истагига кўра унинг малакасини тавсифловчи бошқа ҳужжатлар.


21. Номзод Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаганда ёхуд Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходими бўлганда, шунингдек, мазкур Қоидалар 20-бандининг "а" - "в" кичик бандларида белгиланган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда аттестациядан ўтказиш рад этилиши мумкин. Бошқа асослар бўйича рад этилишига йўл қўйилмайди.

22. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган санадан бошлаб, ўн кун мобайнида номзодга аттестациядан ўтишга рухсат берилгани ёки аттестациядан ўтказиш рад этилгани ҳақида ёзма равишда билдиришнома йўлланади.



§ 3. Аттестациядан ўтказиш


23. Малака имтиҳони номзодни аттестациядан ўтказишга рухсат берилгани ҳақидаги билдиришнома йўлланган санадан эътиборан икки ойдан ошмаган муддатда ўтказилади.


24. Номзодга малака имтиҳони ўтиш жойи, санаси ва вақти ҳақида имтиҳон ўтадиган санадан ўн календарь кунидан кам бўлмаган муддат аввал хабар берилади.


25. Номзодлар имтиҳон топширишда паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этади.


26. Номзод имтиҳон давомида интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни ҳимоя ва муҳофаза қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун Агентлик томонидан тасдиқланган дастурга мос равишда зарур назарий ва амалий кўникмаларга эга эканини кўрсатиши лозим. Имтиҳон топшириқлари номзод аризасида келгусидаги фаолияти учун кўрсатилган ихтисосликни инобатга олган ҳолда тузилади.

27. Малака комиссияси имтиҳон олувчилар қўйган баҳолар асосида малака имтиҳони натижасининг қониқарли ёки қониқарсизлиги тўғрисида ҳамда патент вакиллигига номзодни аттестатциядан ўтказиш ёхуд аттестациядан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


28. Малака комиссияси қарори икки нусхада тузилади, бир нусхаси аттестациядан ўтказишга оид ҳужжатлар йиғма жилдига тикилади, иккинчиси - номзодга топширилади.


29. Номзод малака комиссиясининг аттестациядан ўтказишнинг, шу жумладан, имтиҳонга қўйишнинг рад этилгани ҳақидаги қарори юзасидан қарор қабул қилинган санадан бошлаб уч ой муддатда апелляция комиссиясига шикоят қилиши мумкин.

Апелляция комиссияси шикоят бўйича у олинган санадан бошлаб бир ой муддатда қарор қабул қилади.



§ 4. Патент вакилини рўйхатдан ўтказиш


30. Патент вакилини рўйхатдан ўтказиш ва уни реестрга киритиш қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилади:

а) аттестациядан ўтгани тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир йил мобайнида берилиши мумкин бўлган, мазкур Қоидаларга 2-иловада келтирилган шаклдаги патент вакили сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳақида ариза;

б) аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги қарор нусхаси;

в) рўйхатдан ўтказилганлик учун, рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганлиги ва патент вакили гувоҳномаси берилганлиги учун белгиланган тўлов тўлангани тўғрисидаги тўлов ҳужжати нусхаси.


31. Рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза берилган санадан бошлаб, бир ой мобайнида патент вакили Агентлик томонидан реестрда рўйхатдан ўтказилади, мазкур Қоидаларнинг 3-иловасида келтирилган шаклда патент вакилига гувоҳнома берилади ва рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги маълумотлар Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади.

Агентлик аттестациядан ўтмаган шахс томонидан рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза берилган, рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тўлов тўланмаган, шунингдек, Низомнинг 3-5-бандларига мувофиқ патент вакилини рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар пайдо бўлган ҳолларда рўйхатдан ўтказишни рад этади.

32. Реестрдаги қайд қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

а) рўйхат рақами, ушбу рақам гувоҳномага ҳам қўйилади;

б) патент вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми;

в) патент вакилининг доимий турар жойи;

г) малака комиссияси қарори рақами ва санаси;

д) патент вакили томонидан кўрсатилган фаолият ихтисослиги;

е) патент вакилининг ёлланиш бўйича иши тўғрисида маълумотлар;

ж) ёзишма учун манзил (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида), шунингдек,

телефон ва факс рақамлари ҳамда электрон почта манзили (aгaр мавжуд бўлсa);

з) патент вакили рўйхатдан ўтказилган сана;

и) гувоҳнома берилган ёки жўнатилгани тўғрисида маълумотлар. Реестрга бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.


33. Патент вакили сифатида рўйхатдан ўтмаган ёхуд реестрдан ўчирилган шахснинг ўз фаолиятида "патент вакили" мақомидан фойдаланиши мумкин эмас.


34. Гувоҳнома патент вакилиги шахсан топширилади ёки буюртма почта йўлланмаси тарзида жўнатилади.



§ 5. Патент вакиллари тўғрисида

маълумотларни эълон қилиш


35. Патент вакилининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумотлар у реестрда рўйхатдан ўтказилган тақдирдагина эълон қилиниши мумкин.


36. Агентликнинг расмий ахборотномасида қуйидаги маълумотлар эълон қилинади:

а) фамилияси, исми, отасининг исми;

б) рўйхат рақами;

в) иш жойи, лавозими;

г) ёзишма учун манзил;

д) патент вакили томонидан кўрсатилган фаолият ихтисослиги;

е) ёзишма тили;

ж) патент вакилининг ёлланиш бўйича иши тўғрисида маълумотлар.


37. Агентлик расмий ахборотномада, шунингдек, патент вакилларини рўйхатдан ўтказишга доир ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан, патент вакиллари фаолиятида аниқланган камчиликларни тузатишга қаратилган чора-тадбирлар, патент вакили реестрдан ўчирилгани ҳақидаги ва бошқа маълумотларни эълон қилади.

38. Реестр маълумотлари билан ҳар қандай шахс танишиши мумкин.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Интеллектуал мулк агентлиги

Бош директорига

_______________________________

АРИЗА


"____" _____________ 20__ й.


Мени патент вакили сифатида аттестациядан ўтказишингизни сўрайман.

Ўзим ҳақимда қуйидагиларни маълум қиламан:

1. Фамилия, исм, отам исми

2. Фуқаролиги

3. Туғилган сана

4. Доимий турар жойи

5. Маълумоти (қайси олий таълим муассасини қачон тамомлаган)

6. Интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги ёки профессионал ҳуқуқий вакиллик борасидаги амалиёт тажрибаси

Иш даври

Ишнинг мазмуни (корхона, ташкилот,

муассаса ва у жойлашган манзил

кўрсатилади)

Иш тажрибаси мавжудлигини

тасдиқловчи ҳужжатлар

бошланиши

якуни




(заруратга кўра давоми алоҳида варақда келтирилади)

7. Чет тилларни билиши

8. Патент вакили сифатида келгуси фаолият ихтисослиги

9. Ҳозирги пайтдаги иш жойи ва лавозими

10. Ёзишма учун манзил (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида)


Телефон рақами (шаҳар коди кўрсатилади)

факс

E-mail

11. Паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат ҳақида маълумотлар


Аризага илова қиламан:


1. Олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси ____ в.

2. Меҳнат дафтарчасидан кўчирма ___ в.

3. Аттестациядан ўтказиш учун ____________сўм миқдорда тўлов тўланганини тасдиқловчи ҳужжат.

4. Малакани тавсифловчи бошқа ҳужжатлар ___ в.


__________(имзо)






Қоидаларга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Интеллектуал мулк агентлиги

Бош директорига

_______________________________


АРИЗА


"____" _____________ 20__ й


Мени патент вакили сифатида рўйхатдан ўтказишингизни сўрайман.

Ўзим ҳақимда қуйидагиларни маълум қиламан:

1. Фамилия, исм, ота исми

2. Фуқаролиги

3. Доимий турар жойи

4. Ёзишма учун манзил (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан почта индекси)


телефон (шаҳар коди кўрсатилади)

факс

E-mail

5. Ёзишма юритилиши мумкин бўлган чет тиллар:

6. Айни вақтдаги иш жойи ва лавозими

Аризага илова қиламан:


1. Рўйхатдан ўтказиш, маълумотларни эълон қилиш, гувоҳномани бериш учун ____________ сўм миқдорда тўлов тўланганини тасдиқловчи ҳужжат.

2. Аттестация ҳақидаги қарор нусхаси


(имзо) ________________






Қоидаларга

3-ИЛОВА


O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI



Gerb



INTELLEKTUAL MULK AGENTLIGI



GUVOHNOMA


     

Ushbu bilan

ning

malaka berish komissiyasining qaroriga asosan

ixtisosligi bo'yicha



PATENT VAKILI


sifatida ro'yxatdan o'tkazilganligi tasdiqlanadi.


Patent vakillari davlat reyestriga 20___ yil "___" _____________


________________ son bilan tegishli yozuv kiritilgan.



Agentlik Bosh direktori


Muhr

o'rni



Malaka berish

komissiyasi raisi



Toshkent shahri



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)