язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Март, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирлар Маҳкамаси ва республика комиссиялари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.02.2019 й. 179-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 28 февралдаги

179-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар

масалалари котибияти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти (кейинги ўринларда Котибият деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Котибият фаолияти Вазирлар Маҳкамасини (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб аталади), унинг Раёсатини, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аппаратини инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолият масалалари бўйича ахборот-таҳлилий жиҳатдан, шунингдек, Бош вазир ўринбосари фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлашга йўналтирилган.


3. Котибият ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


4. Котибият Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосарига (кейинги ўринларда Бош вазир ўринбосари деб аталади) бўйсунади ва ўз фаолиятини унинг раҳбарлигида амалга оширади. Айни вақтда Котибият фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.


5. Котибият ўз фаолиятини инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



2-БОБ. КОТИБИЯТ ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ, ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Котибият фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

"Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган асосий принципни ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепциясини, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари бажарилишини мониторинг қилиб бориш;

жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини доимий ўрганиш, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

Ҳукумат аъзолари, барча даражалардаги вазирликлар ва идоралар раҳбарлари зиммасига юкланган вазифалар ҳамда функцияларнинг самарали ва натижали бажарилиши учун уларнинг шахсий роли ҳамда масъулиятини ошириш ҳисобга олинган ҳолда, жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини доимий ўрганиш, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш бўйича Котибият функцияларининг сифатли ҳамда тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш;

кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиш мақсадида тегишли йил учун қабул қилинган давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши тўғрисида таҳлилий материаллар ҳамда ҳисоботлар тайёрлаш;

Ҳукумат, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг асосий халқаро рейтинглар ҳамда индексларда Ўзбекистон Республикасининг позицияларини яхшилаш бўйича иш самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

инвестиция ва ташқи иқтисодий соҳаларда давлат сиёсатини самарали ва сифатли амалга оширишда, шу жумладан инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларида вазирликлар ва идораларнинг мустақиллигини идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш орқали кучайтириш;

жойларда "халқ билан мулоқот" ва шахсий учрашувлар амалиётини такомиллаштириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, шу жумладан аҳолининг бандлиги ва реал даромадлари оширилишини таъминлашни кафолатловчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

идоравий мансуб ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришиш, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигига асосланган янги баҳолаш тизими жорий этилишини таъминлаш;

иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишлари бўйича масалалар тайёрланишини ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида кўриб чиқилишини таъминлаш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўли билан, шу жумладан илғор тажрибани ўрганиш асосида, зарурат бўлганда, ушбу мақсадлар учун хорижий консультантларни жалб этган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари билан ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлаш;

Котибиятда, шунингдек, вазирликлар ва идораларда ижро интизоми даражасини ошириш, уларнинг фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари, фармойишлари, баённомалари ва топшириқлари, Ҳукумат қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, "йўл хариталари"нинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини юзага келадиган муаммолар сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, ишни ташкил қилишнинг замонавий услубларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш;

Котибиятда, шунингдек, унга бириктирилган вазирликлар, идоралар ҳамда хўжалик бирлашмаларида кадрларни танлаш тизимини такомиллаштириш, ходимлар малакасини ошириш ва кадрларнинг амалий захирасини тайёрлашнинг самарали шакл ва усулларини жорий этиш.


7. Қуйидагилар Котибиятнинг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5643-сон Фармонида назарда тутилган йўналишларда инвестициялар, ташқи иқтисодий фаолият ва ташқи савдо соҳаларидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш;

барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришиш, давлат ривожланиш дастурларини, инвестиция дастурларини амалга оширишнинг сифат ва самарадорлик мезонларига, шунингдек, экспорт прогнозларига асосланган баҳолаш тизими жорий этиш;

Бош вазир томонидан Ҳукуматнинг муайян соҳалар ва йўналишларда ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ҳудудларда мавзуга оид сайёр (очиқ) мажлисларини ўтказиш учун тегишли материалларни доимий асосда тайёрлаш ва киритиш;

ягона давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва юритиш, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича иқтисодиёт тармоқлари ҳамда мамлакат ҳудудларига инвестиция киритиш ҳажмлари кенгайтирилишини рағбатлантириш, республикада инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш;

хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестиция фаолиятини кенгайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларининг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида" 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонига мувофиқ 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция сиёсати стратегияси, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга доир тадбирларни мувофиқлаштириш;

давлат ривожланиш дастурлари, инвестиция дастурлари ва ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантиришда, шунингдек, юқорида қайд этилган дастурларга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ишларини мувофиқлаштириш;

хорижий инвестицияларни, кредитлар ва молиявий-техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилиш учун инвестиция таклифларининг ягона базаси юритилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодиёт ва молия институтлари, хорижий банклар, жамғармалар, агентликлар, компаниялар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари билан ўзаро манфаатли асосда инвестициявий ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш ҳамда диверсификациялашга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий инвесторлар билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ишларининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда ошириш борасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари ва халқаро ташкилотлардаги доимий вакиллари фаолиятини мувофиқлаштириш;

инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар фаолиятини, инвестор томонидан ўзининг инвестиция мажбуриятларини тўлиқ бажарилишини таҳлил қилиш, хорижий инвестициялар иштирокида инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган омилларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш орқали мамлакат иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

халқаро ва хорижий ҳукумат молия институтларининг жалб қилинадиган кредит ресурслари ва техник кўмаклашиш воситаларидан (грантларидан), Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан марказлашган инвестициялардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижда мамлакатнинг иқтисодий ва инвестиция салоҳияти тўғрисида хорижий инвесторларни кенг хабардор қилиш учун халқаро конференциялар, семинарлар, инвестиция форумлари ўтказилишини ташкил этиш;

энг аввало, хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш борасида лойиҳа институтлари ҳамда республика ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Инвестиция порталининг самарали фаолиятини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ишларини мувофиқлаштириш, портал контентини мунтазам янгилаб бориш, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳолати, инвесторлар мурожаатларини кўриб чиқиш якунлари ва бошқалар ҳақида марказлаштирилган маълумотлар базасини юритиш;

ҳар бир ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва инвестицияларга бўлган эҳтиёжи, олдиндан ҳисоб-китоб қилинган аниқ лойиҳалар ҳамда салоҳиятли инвесторлар учун қизиқиш уйғотадиган бошқа ахборот акс эттирилган Ўзбекистон Республикасининг интерфаол инвестиция харитасини жорий қилиш ҳамда унинг фаолиятини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тегишли таркибий бўлинмалари билан биргаликда инвестиция ва ташқи иқтисодий ҳамкорлик, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги халқаро шартномалар лойиҳаларининг эксперт жиҳатидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

ташқи иқтисодий фаолият алоқалари соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар ва республика ташкилотлари фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш, республикани ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, хорижий давлатлар, халқаро иқтисодиёт институтлари ҳамда хорижий компаниялар билан ташқи иқтисодий ҳамкорликни ташкил этиш ҳамда унинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

биринчи навбатда, ташқи савдо айланмасининг мутаносиблигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, товарлар ва хизматлар импорт ҳажмлари ва тузилмасини оптималлаштириш, божхона-тариф ва нотариф сиёсатни тартибга солишга доир таклифлар тайёрланишини ташкил этиш борасида ягона ташқи иқтисодий сиёсат юритилишини мувофиқлаштириш;

тизимлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилиши ва юритилишини ташкил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга ташрифлари якунлари бўйича ташқи савдо ҳамкорлиги юзасидан эришилган келишувлар бажарилишининг мониторингини амалга ошириш, шунингдек, хорижий давлатлар, халқаро тузилмалар ва хорижий компаниялар билан ташқи иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга доир ишлаб чиқилган таклифларни таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш;

божхона тўловлари тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш, божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, идоралараро ахборот алмашиш, хорижий давлатлар божхона органлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш борасида божхона органларининг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сон Фармони қоидаларига мувофиқ импорт қилинадиган маҳсулот ҳажмлари ва турлари ҳар томонлама таҳлил этилишини ташкил қилиш, шу асосда импортни янада қисқартириш, импорт божхона божларини оптималлаштириш, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

импорт қилинадиган маҳсулот ҳажмлари ва турларининг таҳлили натижаларини ҳисобга олиб, ички тармоқ кооперациясини ривожлантириш, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, маҳаллийлаштириладиган янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш юзасидан буюртмаларни жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзига хос товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензиялар берилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари асосида буюмлар ва маҳсулотлар экспорти бўйича тадбирларни мувофиқлаштириш;

тегишли вазирликлар ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари билан биргаликда халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатлари ҳамда ташқи иқтисодий хавфсизлигига риоя этилишини таъминлаш юзасидан хулосаларни эксперт жиҳатидан ишлаб чиқиш ҳамда тайёрлашда белгиланган тартибда иштирок этиш;

хорижий давлатлар ҳукуматлари, фирмалар, компаниялар ва нодавлат ташкилотлар, халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўтказиладиган музокараларда иштирок этиш;


б) давлат ривожланиш дастурлари шакллантирилишини мувофиқлаштириш ва амалга оширилишини мониторинг қилиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг давлат ривожланиш дастурлари, қисқа ва ўрта муддатли тармоқ ҳамда ҳудудий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш тадбирларини мувофиқлаштириш;

инвестициялардан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Котибиятлари томонидан ишлаб чиқилган тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқиш;

молиялаштиришнинг турли манбалари, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани иқтисодий юксалтириш ҳамда мувозанатли ривожлантириш суръатларининг инвестиция ресурсларига бўлган эҳтиёжлар билан боғлиқлигини таъминлашга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан инвестиция, моддий ва қиймат баланслари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, уларнинг ижроси юзасидан мониторинг юритиш;

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари билан биргаликда йирик ва стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш схемаларини кўриб чиқиш;

инвестиция лойиҳалари ва бошқа ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аниқ инвестиция лойиҳалари бўйича ҳужжатларини кўриб чиқиш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг самарали ҳамда энг мақбул схемаларини танлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларига киритилган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, инвестиция дастурлари доирасида маблағлар жалб этилиши ҳамда ўзлаштирилиши бўйича белгиланган прогноз параметрлар бажарилиши учун тизимли ва қатъий назоратни ташкил қилиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолатини комплекс таҳлил қилиш ҳамда мониторинг давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш;

давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурларига киритилган инвестиция лойиҳалари бўйича маълумотлар базаси яратилиши, юритилиши ҳамда мунтазам янгиланишини таъминлаш;

давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларига, шунингдек, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши, инвестиция дастурларини амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Ҳукумат қарорларининг бажарилишини, жумладан, жойларга борган ҳолда ўрганиш, Вазирлар Маҳкамасига раҳбариятига ахборот бериш учун тегишли таҳлилий материаллар ҳамда таклифлар тайёрлаш;

инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ва якуний техник-иқтисодий асослари ҳамда ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилиши ва мослаштирилиши бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш, шунингдек, лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиши, иқтисодиётнинг асосий тармоқлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва техник қўллаб-қувватланишини таъминлаш;


в) хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги элчихоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг инновациялар, инвестициялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш, шунингдек, туризм масалалари бўйича ўринбосарлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

хорижий инвестицияларни жалб этиш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва преференциялар бериш соҳасида вазирликлар, идоралар, республика ташкилотларнинг фаолияти мувофиқлаштирилиши ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш;

мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, хорижий давлатлар, халқаро иқтисодиёт ва молия институтлари, хорижий компаниялар ва банклар билан инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5643-сон Фармонига мувофиқ хорижий, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш жараёнини ташкил этиш, уларнинг иқтисодиётга кенг киритилиши учун шарт-шароитларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш учун инвестиция таклифларининг ягона базасини шакллантириш ва янгилаш жараёнини мувофиқлаштиришни таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида яратилган инвестиция муҳити, шу жумладан инвестиция киритиш жараёнининг асосий тартиб-таомил масалалари, шунингдек, амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция таклифлари тўғрисидаги ахборотни салоҳиятли инвесторлар ва кредиторларга етказиш;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва бошқа хорижий инвесторлар билан ҳамкорликнинг қисқа ҳамда ўрта муддатли дастурларининг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини мувофиқлаштириш, уларнинг вазирликлар ва идоралар томонидан ўз вақтида ва самарали бажарилиши назорат қилинишини таъминлаш;

халқаро молия ва иқтисодиёт институтлари, бошқа инвесторлар билан ҳамкорликнинг устувор ва истиқболли йўналишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

техникавий кўмаклашиш грантлари ва маблағларини республикага жалб этиш тадбирларини мувофиқлаштириш;

тизимлаштирилган маълумотлар банки шакллантирилиши ва юритилишини ташкил этиш, инвестиция, грант маблағлари жалб этилган лойиҳалар, халқаро молия ва иқтисодиёт институтлари билан ҳамкорлик дастурларига киритилган техникавий кўмаклашиш лойиҳалари амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;

хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалаларида дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари ва халқаро ташкилотлардаги доимий вакиллар ишларини мувофиқлаштириш;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг инновациялар, инвестициялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш, шунингдек, туризм масалалари бўйича ўринбосарлари ишларини мувофиқлаштириш;

инвестиция фаолиятини амалга ошириш, хорижий инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ўзлаштириш борасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилишини таъминлаш;


г) давлат активларини бошқариш, монополияга қарши сиёсатни ва кўнчилик соҳасини ривожлантириш соҳасида:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини бошқариш бўйича бозор механизмларини ишлаб чиқиш;

давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилишини таъминлаш, ушбу корхоналар фаолиятининг самарадорлиги учун уларни бошқариш органлари масъулиятини ошириш;

хорижий ва халқаро институтлар ҳамда компаниялар билан давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштиришга тайёрлаш, шу жумладан уларнинг жозибадорлигини ҳамда бошқариш сифатини оширишни назарда тутувчи самарали механизмларни жорий қилиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш;

давлат иштирокидаги корхоналар устав капиталидаги давлат улушини босқичма-босқич камайтириш, самарали ва очиқ-ошкора хусусийлаштиришни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон Фармони талабларига мувофиқ давлат иштирокидаги иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

бозорнинг барча иштирокчиларига товарлардан (ишлар, хизматлардан) тенг фойдаланиш имкониятини бериш, рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш ҳисобидан уларнинг барчасига хўжалик фаолиятини юритиши учун тенг шароитлар ҳамда эркинлик берилишини, рақобатбардошлигини таъминлаш;

ишлаб чиқарилаётган товарлар (ишлар, хизматлар) сифатини ошириш учун шароитлар яратиш, нархларнинг асоссиз ўсишини чеклаш ва бунинг ҳисобига ички талабни қаноатлантиришнинг юқори даражасини таъминлаш;

товар ва молия бозорларида фаолият юритаётган хўжалик субъектларининг устав капиталида (жамғармаларида) давлат иштирокини камайтиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

капитал бозорини ривожлантиришнинг яхлит стратегиясини шакллантириш ва ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

капиталлар бозорининг самарали инфратузилмаси шакллантирилишига кўмаклашиш;

қимматли қоғозлар иккиламчи бозорини жадал ривожлантириш ва кўламини кенгайтириш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш;

корпоратив бошқарув ва капитал бозорини тартибга солиш соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 3 майдаги ПҚ-3693-сон қарорига мувофиқ чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш технологияларини янада жорий қилиш, тайёр чарм-пойабзал, чарм-галантерея, мўйна, қоракўл маҳсулотлари ҳамда жун буюмлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилишини мувофиқлаштириш;


д) эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 21 декабрдаги ПФ-5600-сон Фармонига мувофиқ эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашлари ва дирекцияларининг, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш масалаларида фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда самарадорлигини таҳлил қилиш, эркин иқтисодий зоналарнинг маъмурий кенгашларига ташқи бозорларда талаб қилинган ва импортнинг ўрнини босувчи юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш;

саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳасида янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шу жумладан маҳаллий хомашё ва материаллар негизида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида жойлаштирилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши мониторинги олиб борилиши ва таҳлил қилинишини ташкил этиш;

инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилишда, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантиришни ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини янада ривожлантириш, республика ҳудудларининг мавжуд ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий хомашё ва материалларни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш асосида уларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган лойиҳаларни жойлаштириш бўйича таклифлар ва дастурларни шакллантириш;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларни амалга оширувчи инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кўпайтириш мақсадида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга доир таклифларни белгиланган тартибда киритиш;


е) иқтисодиётнинг реал сектори маҳсулотларини экспорт қилиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сон қарорига мувофиқ биринчи навбатда, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар улушини янада кўпайтириш, ташқи бозорларда рақобатбардош янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, уларни жаҳон бозорларига чиқариш ҳисобидан экспорт салоҳиятини кенгайтириш, товарлар (ишлар ва хизматлар) экспорти ҳажмлари ва тузилмасини оптималлаштириш бўйича иқтисодиёт реал сектори тармоқларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

ички ва ташқи бозорларни ривожлантириш тенденцияларини чуқур таҳлил қилиш ишларини мувофиқлаштириш, шу асосда иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, авваламбор, экспорт номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмларини ошириш, ташқи савдо бозорларини диверсификациялаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

товарлар (ишлар, хизматлар) экспортининг ҳар йиллик прогнозларини шакллантириш ишларини мувофиқлаштириш ва давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари томонидан экспортнинг белгиланган прогноз параметрлари сўзсиз бажарилишини тизимли назорат қилиш;

маҳаллий товарларни (ишлар, хизматларни) ташқи бозорларга чиқариш учун қулай шароитлар билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасининг хўжалик субъектларига экспорт фаолиятини амалга ошириш ҳамда хорижий шериклар билан узоқ муддатли барқарор савдо алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш;

маркетинг тадқиқотларни ташкил қилиш, экспортнинг асосий номенклатураси, экспорт қилувчи ташкилотларда маркетинг хизматлари ташкил этилиши ҳамда фаолият кўрсатишига услубий ва амалий кўмаклашиш бўйича маркетинг ва таҳлилий шарҳлар тайёрлаш;

иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича таклифлар, лойиҳалар ва дастурларнинг ҳар томонлама таҳлил этилиши ҳамда экспертизадан ўтказилишини таъминлаш, қайд этилган лойиҳалар ва дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш, бажарилишини мониторинг қилиш, шунингдек, тасдиқланган параметрларга сўзсиз эришиш юзасидан таклифлар ва тадбирлар ишлаб чиқиш;


ж) ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сон қарорига мувофиқ биринчи навбатда, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар улушини янада кўпайтириш, ташқи бозорларда рақобатбардош янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, уларни жаҳон бозорларига чиқариш ҳисобидан ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, товарлар (ишлар ва хизматлар) экспорти ҳажмлари ва тузилмасини оптималлаштириш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий бўйсунувдаги корхоналарнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, ташқи бозорлардаги узоқ муддатли тенденцияларнинг таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудлар экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни, зарур транспорт-логистика инфратузилмасини ташкил этиш ҳамда экспорт қилувчи корхоналарни амалий қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил қилиш;

ҳудудий даражада товарлар (ишлар, хизматлар) экспортининг ҳар йилги прогнозларини шакллантириш ишларини мувофиқлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотлар томонидан экспортнинг белгиланган прогноз параметрлари сўзсиз бажарилишини тизимли назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5643-сон Фармонига мувофиқ ҳудудий даражадаги ташкилотлар ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитлар билан таъминлаш, уларга экспорт фаолиятини амалга ошириш ҳамда хорижий шериклар билан узоқ муддатли барқарор савдо алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

ҳудудларда экспортбоп маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштиришни ташкил қилишда мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудий бўсунувдаги ташкилотлар ва бошқа турдош тармоқлар, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларининг тармоқлараро саноат кооперациясини йўлга қўйишга кўмаклашиш;

ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича таклифлар, лойиҳалар ва истиқболли режаларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда комплекс экспертизадан ўтказиш, устувор лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш, шунингдек, иқтисодиёт ва экспортни ривожлантиришнинг тасдиқланган параметрларига сўзсиз эришишни таъминлаш бўйича таклифлар ҳамда тадбирлар ишлаб чиқиш;

ҳудудий бўсунувдаги ташкилотлар томонидан экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва юклаб жўнатиш бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилишининг назоратини ташкил этиш, уларга молиявий ва бошқа ресурсларни жалб қилиш масалалари, шунингдек, экспорт фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалаларини ҳал этишда кўмаклашиш;


з) мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни мувофиқлаштириш соҳасида:

жаҳон ва минтақавий мева-сабзавот маҳсулотлари бозорларининг конъюнктураси чуқур ўрганилишини, шу асосда республика ҳудудларида янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ҳамда экспорт қилишни жадал ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотлари, шу жумладан органик маҳсулотлар, картошка, полиз экинлари, узумни экспорт қилиш бўйича ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган туманларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, ихтисослаштирилган янги фермер ҳамда деҳқон хўжаликларини ташкил қилиш ва мавжудларини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг ерларида тегишли экинларни жойлаштириш ҳамда етиштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 17 октябрдаги ПҚ-3978-сон қарорига мувофиқ янги узилган ва қайта ишланган маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқаришни таъминлаш, янги савдо бозорларини топиш ҳамда ўзлаштириш, республикада халқаро мева-сабзавот ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тузиладиган шартномалар доирасида уларни етказиб бериш ҳажмлари ва географиясини мониторинг қилиш;

экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан экспорт маҳсулотларини етиштириш ва юклаб жўнатиш бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилишининг мониторингини таъминлаш, уларнинг фаолиятида юзага келадиган, шу жумладан зарур молиявий ресурсларни жалб қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш;

мамлакатда янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни ташкил этиш учун замонавий транспорт-логистика инфратузилмасини ташкил этишга доир таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш, шу жумладан ихтисослаштирилган янги инфратузилма объектларини ташкил қилиш, сабзавот омборлари ва совутиш қурилмаларини барпо этиш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш, замонавий идиш-қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш;


и) "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

"йўл хариталари"га киритиш учун бириктирилган ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, тегишли тармоқларда ва республика ҳудудларидаги муаммоли масалалар бўйича таклифлар тайёрлашни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга ташрифи ва республика ҳудудларига сафарлари натижалари бўйича Котибият ваколатига кирадиган масалалар юзасидан тасдиқланган "йўл хариталари" бажарилишининг тизимли назоратини мувофиқлаштириш;

"йўл хариталари"нинг амалга оширилиши тўғрисида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларининг ҳисоботлари, материалларни тайёрлаш ҳолати ҳақида батафсил ахборот тақдим этилишини таъминлаш ҳамда муҳокама қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси мажлисига киритиш;

муайян ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўриш учун оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда, шу жумладан жойларга борган ҳолда жамоатчилик фикрини ўрганишни таъминлаш;


к) экспорт фаолиятини молиявий ва суғурта жиҳатидан қўллаб-қувватлаш соҳасида:

экспорт қилувчи корхоналарнинг молиявий ресурслардан фойдаланишини таъминлаш ишларини ташкил этиш, нохомашё экспорт ҳажмлари, миллий экспортчилар ва уларнинг маҳсулотларини харид қилувчи мамлакатлар сонини кўпайтиришга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сон қарорига мувофиқ республикада ва хорижда халқаро стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш тизимларини жорий қилиш, хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотни рўйхатга олиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун экспорт қилувчи корхоналарга мақсадли молиявий кўмаклашиш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш;

маҳаллий экспортни молиявий қўллаб-қувватлаш ва суғурталаш механизмларини муваффақиятли жорий қилган хорижий давлатлар тажрибаси инобатга олинган ҳолда, экспортдан олдин ва экспортни молиялаштириш, экспорт кредитлари ва таваккалчиликларини суғурталаш механизмлари, жумладан, халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда жорий этилишини таъминлаш;


л) Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (кейинги ўринларда ЖСТ деб аталади) қўшилиши соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5643-сон Фармонида белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши учун зарур материаллар ва ҳужжатлар пакетини тайёрлаш, шунингдек, миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари талабларига мувофиқ мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга қўшилиши бўйича музокара жараёнида Ўзбекистон Республикаси вакилларининг иштирок этишини мувофиқлаштириш, унинг котибияти билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ташқи савдо соҳасида икки томонлама ҳамда кўп томонлама битимлар (шартномалар) тузиш;

Ўзбекистон Республикасининг ЖСТдаги маслаҳатчиси-вакили ва ЖСТ тузилмалари билан ишлаш бўйича биринчи котиб, Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги (Швейцария Конфедерацияси) БМТ Бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий вакили фаолиятини мувофиқлаштириш.


8. Котибият ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

аниқ соҳалар ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганиш мақсадида Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг раҳбарлари иштирокида минтақаларда Ҳукуматнинг мавзули сайёр (очиқ) мажлисларини тизимли асосда ўтказиш учун тегишли таҳлилий материалларни тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Бош вазирнинг маслаҳатчилари ҳузурида кўриб чиқиш учун тегишли режали масалаларни тайёрлайди ва киритади;

яқин, ўртача муддатли ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган инвестиция ва ташқи иқтисодий сиёсатни ривожлантиришнинг энг муҳим ва устувор йўналишлари бўйича давлат дастурлари ва "йўл хариталари" тайёрланишини ва Бош вазир, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари ҳузурида ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Котибиятга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга юкланган вазифалар ва функциялар самарали ва натижали ижро этилиши учун уларнинг раҳбарлари шахсий роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўради;

аниқ ҳолатлар бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш учун оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда, шу жумладан, жойнинг ўзига бориб жамоатчилик фикрини ўрганишни таъминлайди;

тегишли тармоқлар ва мутасаддилик қилинадиган масалалар бўйича туркумлаштирилган электрон маълумотлар базалари ташкил этилиши ва юритилишини, уларнинг мунтазам равишда тўлдирилиши ва янгиланишини таъминлайди;

йил чораклари якунлари бўйича тежалган ёки ўзлаштирилмаган капитал қўйилмалар лимитларини биринчи навбатда республика ва минтақавий инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштиришга мақсадли йўналтирган ҳолда қайта тақсимлаш бўйича таклифлар тайёрланишини мувофиқлаштиради;

эркин иқтисодий зоналарнинг маъмурий кенгашлари, дирекциялари ёки бошқа органлар ва ташкилотларнинг инвесторлар томонидан ўз зиммасига қабул қилинган мажбуриятлар бажарилмаганлиги тўғрисидаги асосланган тақдимномалари бўйича эркин иқтисодий зоналарни тўхтатиб қўйиш ёки эркин иқтисодий зоналар иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш, маъмурий кенгашларнинг эркин иқтисодий зоналар ҳудудида хўжалик юритувчи субъектларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорларини бекор қилиш бўйича таклифларни тайёрлайди;

Котибиятнинг юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича ахборотни умумлаштиради ва таҳлилий қайта ишлайди, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Бош вазирнинг ўринбосари учун, шунингдек, уларни Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиш учун тегишли маълумотнома, таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди;

ташкилотлар ва ҳудудларда ишларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолатини, Котибият юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилишини, шу жумладан, жойларга чиқиб ўрганади, ўрганиш якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятига ахборот бериш учун тегишли таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқлари ижросини назорат қилади;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини амалга оширади ва уларни ишлаб чиқади, улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материалларнинг сифатли тайёрланишини таъминлайди;

республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисларини тайёрлаш билан боғлиқ материалларни тайёрлашда ва қарорларни расмийлаштиришда иштирок этади ва кўрсатиб ўтилган материаллар ҳақида Бош вазирнинг ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчисига ахборот беради, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли протокол қарорлари ижроси назорат қилинишини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг айрим функциялари ва вазифаларини бириктирилган соҳада вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга юкланган давлат сиёсати самарали ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун уларга бериш бўйича Бош вазир ўринбосарига таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари томонидан ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ва уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

материаллар, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари комплекс ва сифатли ишлаб чиқилиши ва тайёрланишини, шунингдек, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари билан келишилишини таъминлайди;

Котибият ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини ташкил этади;

юкланган вазифаларга мувофиқ Котибиятга бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва ҳудудлар фаолиятини мувофиқлаштиради;

Котибият ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро шартномалар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади;

Котибиятга бириктирилган хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг номенклатурасига кирадиган раҳбарлар лавозимларига номзодлар бўйича таклифларни кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан маъқулланиши учун тайёрлашда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Бош вазирнинг ўринбосарлари бошчилик қиладиган тегишли Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар ишлари самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, кўриб чиқиш ва чора-тадбирлар кўриш учун ушбу мурожаатларни давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини шахсан қабул қилади;

Котибият ўзига юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.



3-БОБ. КОТИБИЯТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Котибият ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви ҳудудий органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари раҳбарлари иштирокида минтақаларда Ҳукуматнинг мавзули сайёр (очиқ) мажлисларини тизимли асосда тайёрлаш ва ўтказишда иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

марказий иқтисодиёт органлари, илмий-тадқиқот марказлари ва институтларнинг ходимларини, маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда ахборот-таҳлилий тадқиқотларни амалга ошириш учун эксперт гуруҳлари ташкил этиш;

бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг коллегиал органлари мажлисларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарининг топшириғига биноан эса - давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг Котибият юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлисларида ва йиғилишларида қатнашиш;

зарурат бўлганда, Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

зарурат бўлганда, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти, Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилган ҳолда тушаётган ҳужжатларни пухта ишлаб чиқиш учун қайтариб юбориш.

Котибиятнинг зарур материалларни, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқларида бажаришнинг бошқа муддатлари белгиланмаган бўлса, уларда белгиланган муддатларда бажарилиши керак.


10. Котибият:

тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқаруви бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, парламент ва депутатлик сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари ижроси мониторинги олиб борилиши;

ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг зарур тарзда ва самарали бажарилиши;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига киритиладиган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг асосланганлиги, ушбу топшириқлар амалга оширилиши самарадорлиги ва қабул қилинган қарорлар, шунингдек, ишнинг тегишли участкасида эришилган натижалар;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Котибият ваколатига тааллуқли масалалар бўйича бошқа қонун ҳужжатлари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;

Котибиятдаги ишларнинг ҳолати, бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар фаолиятининг зарур даражада мувофиқлаштирилиши ва мониторинг олиб борилиши, Котибият ваколатига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар томонлама кўриб чиқилиши;

олий даражадаги хорижий ташрифлар, шунингдек, республика ҳудудларига сафарлар якунлари бўйича Котибият ваколатига кирадиган масалалар бўйича тасдиқланадиган "йўл хариталари"нинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолатини ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш, инвестиция (давлат) дастурларини ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш, уларни амалга оширишни ташкил этиш ва минтақаларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ўз вақтида ҳал этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламентига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари улардаги масалалар барча манфаатдор тузилмалар билан боғлиқликда давлат манфаатларини, иқтисодий самарадорликни таъминлаш нуқтаи назаридан пухта экспертизадан ўтказилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 3 апрелдаги ПФ-5395-сон Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. КОТИБИЯТНИНГ ТУЗИЛМАСИ


11. Котибиятнинг тузилмасига:

Котибият мудири;

Котибият мудирининг икки нафар ўринбосари;

ривожлантиришнинг давлат дастурларини шакллантириш ва амалга оширилиши мониторингини олиб бориш масалалари бўйича бош мутахассис;

халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши мониторинги ва лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари фаолияти масалалари бўйича бош мутахассис;

тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари ва халқаро ташкилотлардаги доимий вакиллар фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича бош мутахассис;

монополияга қарши сиёсат, рақобатни ривожлантириш ва давлат активларини бошқариш масалалари бўйича бош мутахассис;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис;

хорижий мамлакатларга олий ва юқори даражалардаги ташрифларни тайёрлаш, ташрифлар якунлари бўйича амалий тадбирлар режалари ("йўл хариталари")ни ишлаб чиқиш ва амалга оширилиши мониторинги масалалари бўйича бош мутахассис (инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан);

импортни оптималлаштириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича таклифларни шакллантириш масалалари бўйича бош мутахассис;

божхона-тариф ва нотариф жиҳатидан тартибга солиш, божхона органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича бош мутахассис;

маркетинг фаолиятини ташкил этиш, ташқи конъюнктура таҳлили, молиявий қўллаб-қувватлаш ва экспорт фаолиятини суғурта қилиш масалалари бўйича бош мутахассис (Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими);

иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларида саноат маҳсулотлари экспортини ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис;

мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, инфратузилмани ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис;

халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда халқаро ташишлар тизими самарадорлигини ошириш масалалари бўйича бош мутахассис;

амалий чора-тадбирлар режаларини ("йўл хариталари"ни) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мониторинги (экспорт ва импорт контрактлар юзасидан), халқаро шартномалар ижроси таҳлили, ташқи савдо фаолиятини ривожлантириш ва ЖСТ билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича бош мутахассис киради.

Котибият тузилмасига икки нафар инспектор ва Бош вазир ўринбосарининг бир нафар ёрдамчиси киради;

Котибият тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


12. Котибият ишларига Котибият мудири раҳбарлик қилади.


13. Котибият мудири, мудирнинг ўринбосарлари, мутахассислар ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг ёрдамчиси белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



5-БОБ. КОТИБИЯТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Котибият ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аппарати тўғрисидаги низомга, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарлари, маслаҳатчиларининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Котибиятнинг иш режалари, Котибият мудири, унинг ўринбосарлари ва мутахассисларининг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Котибиятнинг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати тасдиқлайдиган Вазирлар Маҳкамаси иш режаси асосида шакллантирилади.

Котибиятнинг иш режаси, Котибият мудирининг шахсий иш режаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишилади ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.

Котибият мудири ўринбосарларининг ва бош мутахассисларнинг шахсий иш режалари Котибият мудири томонидан тасдиқланади.

Котибиятга бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари амалга оширилиши тизимли мониторингини олиб бориш бўйича Котибиятнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига мувофиқ комплекс ўрганиш йўли билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари топшириқларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида ҳисоботларини эшитган ҳолда таъминланади.


15. Котибият мудири:

Котибиятга бевосита раҳбарлик қилади, Котибият мудирининг ўринбосарлари ва бош мутахассислар ишларини ташкил қилади ҳамда Котибиятга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилган Котибият юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатдан пухта ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳаларида, республика ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларнинг ҳолати ва натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторинг ташкил этилишини ҳамда маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек, муаммоли масалаларни ҳал этиш, республика тармоқлари ва ҳудудларини ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва бажарилишини таъминлайди;

тасдиқланган тузилмага ва штатлар жадвалига мувофиқ Котибиятда лавозимга тавсия этилаётган номзодлар, Котибият мудирининг ўринбосари ва бош мутахассисларнинг касбий даражаси ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва жазолаш чоралари бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига кўриб чиқиш учун киритади;

Котибият мудирининг ўринбосарлари ва бош мутахассислар ўртасида вазифаларнинг тақсимланишини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш, шунингдек, Котибиятнинг ярим йиллик учун иш режаси лойиҳасини келишиш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига киритади, Котибият мудирининг ўринбосарлари ва бош мутахассисларнинг иш режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тушган, Ҳукумат қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, бошқа ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан Котибият юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Котибият кадрлар захирасини шакллантириш ва янгилашни, кадрлар захирасига киритилган шахслар билан тизимли иш олиб борилиши ташкил этилишини таъминлайди;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Котибият ваколатига кирувчи масалалар бўйича уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

кадрлар танлаш тизимини такомиллаштириш, Котибият ходимлари малакасини оширишнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш, кадрларнинг амалий захирасини тайёрлаш ва моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини кўради;

Вазирлар Маҳкамаси аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага мувофиқ иш юритилишини таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди.


16. Котибият мудири вақтинчалик бўлмаганда унинг вазифасини Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятининг ихтиёрига кўра Котибият мудирининг ўринбосарларидан бири бажаради.


17. Котибият мудирининг ўринбосари:

тегишли мутахассисларга бевосита раҳбарлик қилади ва уларга бириктирилган масалалар бўйича Котибиятга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши ва ижро интизомининг ҳолати учун шахсан жавоб беради;

уларга бириктирилган масалалар бўйича материаллар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил этади, топшириқлар бажарилиши назорат қилинишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилган Котибият юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатдан пухта ишлаб чиқилишини ташкил қилади. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

маълумотнома материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Котибият мудирига, шунингдек, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига, Бош вазирнинг ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчисига ахборот беради;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳаларида, республика ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларнинг ҳолати ва натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторинг ташкил этилишини ҳамда маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек, муаммоли масалаларни ҳал этиш, республика тармоқлари ва ҳудудларини ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва бажарилишини таъминлайди;

Котибият мудири билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тушган, республика Ҳукумати қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, бошқа ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборади;

инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятни, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, тегишли соҳалардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этади ва Котибият мудирига тақдим этади;

Котибиятнинг юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси ўтказадиган кенгашларда белгиланган тартибда иштирок этади;

Котибият мудирининг топшириғига кўра чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

Котибият мудирига тегишли мутахассислар ўртасида вазифаларини тақсимлаш бўйича таклифларни киритади;

Котибият мудирига лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, Котибият мутахассислари малакасини ошириш, рағбатлантириш ва уларни жазолаш тўғрисида таклифлар киритади.


18. Котибиятнинг бош мутахассиси:

ўз функционал вазифаларига мувофиқ таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар юзасидан зарур таҳлилий материалларни ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисида Котибият мудирига ва унинг ўринбосарларига, шунингдек, белгиланган тартибда - Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосарига ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича режа-жадвални ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳамда унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича маълумотларнинг туркумланган базасини шакллантиришни ва юритишни, унинг мунтазам равишда тўлдириб ва янгилаб борилишини ташкил қилади;

бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари марказий аппаратлари (иқтисодий, молиявий ва юридик хизматлар)нинг таркибий бўлинмалари ишларининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганиб боради, уларнинг коллегиал органлари мажлисларида қатнашади, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

тармоқни ривожлантиришнинг истиқболли вазифалари самарали ҳал этилиши бўйича Котибиятга бириктирилган вазирликлар ва идораларнинг мувофиқлаштирилган ишини таъминлайди;

идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб боришнинг аниқ тизимини жорий қилиш йўли билан бириктирилган соҳада давлат сиёсати самарали ва сифатли амалга оширилишида Котибиятга бириктирилган вазирликлар ва идораларнинг мустақиллигини кучайтиришда иштирок этади;

аниқ кўрсаткичларга ва мақсадли индикаторларга эришишга, яқин, ўртача муддатли ва узоқ муддатли истиқболга иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигини таъминлашга асосланган идоравий мансуб ташкилотлар ва улар раҳбарларининг фаолиятини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этади;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек, ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини уларни зарур даражада тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига бириктирилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


19. Бош вазир ўринбосарининг ёрдамчиси:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилиши назорат ва таҳлил қилинишини таъминлайди, улар бажарилишининг бориши ва натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ахборот беради;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг жорий иш режалари шакллантирилишида иштирок этади ва уларнинг ижросини ташкил қилади;

Вазирлар Маҳкамасининг бошқа таркибий бўлинмалари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари кўриб чиқиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари маърузалари ва нутқлари учун ахборот-маълумотнома ва бошқа материалларни тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ёки унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўтказадиган йиғилишлар ва мажлисларни, шу жумладан, Ҳукумат комиссиялари мажлисларини тайёрлаш ва ўтказишни ташкил этади, топшириқларни умумлаштиради, уларнинг белгиланган муддатларда ижро этилишини назорат қилади, Котибият мудирини ва Бош вазир ўринбосарини топшириқлар бажарилишининг бориши тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари номига тушадиган хат-хабарларни таҳлил қилади, тегишли материаллар тўғрисида ахборот беради ва хат-хабарларга топшириқларни белгиланган тартибда ижрочиларга юборади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари қабул қилинишини ташкил этишни таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тегишли таркибий бўлинмалари билан биргаликда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари томонидан қабул қилинишини ташкил этади, Бош вазирининг ўринбосари топшириғи бўйича фуқароларни шахсан қабул қилади.


20. Инспектор Котибиятда иш юритилишини таъминлайди, ҳужжатларнинг Котибиятда ўтишини назорат қилади, ҳужжатлар йиғмажилдларининг тайёрланишини ва архивда сақлашга ўз вақтида берилишини таъминлайди, инспекторга юкланган бошқа функцияларни бажаради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 март