язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Март, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда сақланаётган шахсларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 02.03.2019 й. 3141-сон билан рўйхатга олинган 20.01.2019 й. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 63-сон, Ички ишлар вазирлигининг 86-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 2 мартда 3141-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш ва

Ички ишлар вазирлигининг

2019 йил 20 январдаги

63 ва 86-сон қарорига

ИЛОВА



Ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш

ҳибсхоналари ҳамда маъмурий қамоққа олинган

шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган

махсус қабулхоналарда сақланаётган шахсларга давлат

соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам

кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида"ги ва "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда (бундан буён матнда махсус муассаса деб юритилади) сақланаётган шахсларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Махсус муассасада сақланаётган шахсларга стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган ҳолларда уларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатилади.

Махсус муассасада сақланаётган ҳомиладор аёлларга туғиш учун, шунингдек тиббий кузатувга муҳтож бўлган шахсларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт.


2. Махсус муассасада сақланаётган шахснинг давлат соғлиқни сақлаш муассасасига бориш, келиш ҳамда у ерда бўлиш вақтида унинг қўриқланиши, хулқ-атвори назорат қилиниши ва хавфсизлиги таъминланиши ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. МАХСУС МУАССАСАДА САҚЛАНАЁТГАН

ШАХСНИ ДАВЛАТ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ

МУАССАСАСИГА ЮБОРИШ


3. Махсус муассасада сақланаётган шахс махсус муассаса тиббиёт ходимларига камераларни ҳар кунги кўздан кечириш вақтида, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда эса, махсус муассасанинг исталган ходимига тиббий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин. Бунда махсус муассаса тиббиёт ходими томонидан махсус муассасада сақланаётган тиббий ёрдамга муҳтож шахсга (бундан буён матнда шахс деб юритилади) зарур тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт.


4. Шахсни махсус муассаса тиббиёт ходими томонидан тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида шахсга шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур деб ҳисобланганда, махсус муассаса тиббиёт ходими шу вақтнинг ўзида тез тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаши лозим. Бунда муассаса тиббиёт ходими телефон ёки бошқа алоқа воситалари орқали тез тиббий ёрдам бригадасини чақиради.


5. Махсус муассаса тиббиёт ходими шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида кузатилган касаллик аломатлари ҳақидаги маълумотларни муассаса тиббиёт ходими томонидан юритиладиган Тиббий ёрдам кўрсатиш китобига киритади.


6. Тез тиббий ёрдам бригадаси тегишли махсус муассасага етиб келганидан кейин шахс тез тиббий ёрдам бригадаси мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади ва унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.

Шахсга тиббий ёрдам кўрсатишда қўшимча тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилиши мумкин.


7. Тез тиббий ёрдам бригадаси мутахассиси томонидан шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижасида, шахсга стационар шароитда шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур деб топилганда, шахс тез тиббий ёрдам бригадаси мутахассисининг дастлабки ташхисига мувофиқ тегишли давлат соғлиқни сақлаш муассасасига олиб борилиши керак.


8. Шахсни давлат соғлиқни сақлаш муассасасига олиб бориш тез тиббий ёрдам бригадасининг ихтисослаштирилган транспорт воситасида ички ишлар органлари ходимлари ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаси мутахассислари назорати остида амалга оширилади.



3-БОБ. МАХСУС МУАССАСАДАН ОЛИБ

КЕЛИНГАН ШАХСЛАРГА ДАВЛАТ СОҒЛИҚНИ

САҚЛАШ МУАССАСАСИДА ТИББИЙ

ЁРДАМ КЎРСАТИШ


9. Давлат соғлиқни сақлаш муассасасига олиб келинган шахс мазкур муассасанинг қабул бўлими навбатчи шифокори томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.


10. Шахс навбатчи шифокор кўрсатмасига асосан тор соҳа мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан, шунингдек диагностика ва даволаш стандартлари асосида инструментал ва лаборатор текширувлардан ҳам ўтказилиши мумкин.


11. Навбатчи шифокор ёки тор соҳа мутахассислари (бундан буён матнда шифокор деб юритилади) шахсни тиббий кўрикдан ҳамда диагностика ва даволаш стандартлари асосида инструментал ва лаборатор текширувлардан ўтказиш натижалари асосида шахсга стационар ёки амбулатор шароитда тиббий ёрдам кўрсатилиши лозимлиги ёхуд тиббий ёрдам кўрсатилишига зарурат йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилади.


12. Шифокор шахсга стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилиши лозимлиги тўғрисида қарор қабул қилганда, у шахсни давлат соғлиқни сақлаш муассасасининг махсус хонасига (бундан буён матнда махсус хона деб юритилади) жойлаштириш чораларини кўради.


13. Махсус хона қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

махсус хона бинонинг қайси қаватида жойлашганлигидан қатъи назар деразалари хонанинг ички томонидан темир панжаралар билан қопланган бўлиши;

махсус хонага кириш эшиги темир қоплама билан қопланган ёки эшикка қўшимча равишда темир панжара ўрнатилган бўлиши;

махсус хонадаги каравот, стол-стуллар ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган жиҳозлар (совутгич) полга маҳкамлаб қотирилган бўлиши;

махсус хона кўзга зиён етказмайдиган ҳолда ўқиш ёки ёзиш учун етарли табиий ва сунъий ёруғликка эга бўлиши лозим.


14. Махсус хона қуйидаги жиҳозлар, буюм ва ашёлар билан жиҳозланган бўлиши керак:

бир қаватли каравот;

стол ва стул (ўриндиқ);

озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган жиҳозлар;

кийим-бош учун илгич;

ахлат қутиси;

сунъий шамоллатиш тизими (вентиляция);

иситиш тизими.

Махсус хонага болали аёллар жойлаштирилган ҳолларда ушбу хонага қўшимча равишда қуйидаги жиҳозлар ўрнатилади:

болалар учун пластмассали ваннача;

қўшимча иситиш ускуналари.

Махсус хонада мазкур бандда кўрсатилмаган жиҳозлар, буюм ва ашёлар жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.


15. Шахсни тиббий кўрикдан, шунингдек диагностика ва даволаш стандартлари асосида инструментал ва лаборатор текширувлардан ўтказиш ҳамда давлат соғлиқни сақлаш муассасасининг махсус хонасида тиббий ёрдам кўрсатиш ички ишлар органлари ходимлари назорати остида амалга оширилиши шарт.


16. Шахс стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилиши учун давлат соғлиқни сақлаш муассасасига жойлаштирилганда, махсус муассасанинг масъул ходими шу куннинг ўзида бу ҳақда шахснинг қариндошларини хабардор қилиши лозим. Бунда махсус муассасанинг масъул ходими томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида"ги ва "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ шахсга ҳимоячиси, қонуний вакили, қариндошлари ҳамда бошқа шахслар билан учрашувлар берилиши таъминланиши лозим.


17. Шифокор шахсга амбулатор шароитда тиббий ёрдам кўрсатилиши лозимлиги ёки тиббий ёрдам кўрсатилишига зарурат йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилганда, шунингдек шахсга давлат соғлиқни сақлаш муассасасида стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатиш якунланган ҳолларда шахс шифокорнинг рухсати билан ички ишлар органлари ходимларининг назорати остида ички ишлар органларининг махсус транспорт воситасида тегишли махсус муассасага қайтиб олиб борилади.


18. Шифокор шахсга амбулатор шароитда тиббий ёрдам кўрсатилиши лозимлиги тўғрисида қарор қабул қилган ҳолларда шахсга у сақланаётган махсус муассасанинг амбулатор тиббий хизмат камераларида ёки махсус жиҳозланган тиббиёт хоналарида амбулатор шароитда тиббий ёрдам кўрсатилади.


19. Шахснинг илтимосига кўра, махсус муассасанинг масъул ходими шахснинг ҳимоячиси, қонуний вакили, қариндошларини шахс давлат соғлиқни сақлаш муассасасидан махсус муассасага қайтариб олиб келинганлиги ва унинг аҳволи ҳақида хабардор қилиб туриши лозим.



4 -БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


20. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 4 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 март, 10-сон, 181-модда