Внимание!

NB! Мазкур Низомга ЎзР ВМ 11.03.2024 й. 124-сон Карорига мувофик 2024 йил 1 июлдан бошлаб ўз кучини йўкотади.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Уй-жой қонунчилиги / Давлат (муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал) уй-жой фонди /

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 26.02.2019 й. 170-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 26 февралдаги

170-сон қарорига

1-ИЛОВА



Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож

бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой

фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва

тақдим этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига мувофиқ, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ҳамда тақдим этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


турар жой - фуқароларнинг доимий яшашига мўлжалланган, белгиланган санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, белгиланган тартибда махсус уйлар (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек, болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар) сифатида фойдаланишга мўлжалланган жойлар;

давлат уй-жой фонди - муниципал, идоравий ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондларидан иборат уй-жой фонди;


муниципал уй-жой фонди - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджетга тушган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича бошқа тушумлар ҳисобидан барпо этилган уй-жой фонди;


идоравий уй-жой фонди - давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг тўла хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида бўлган уй-жой фонди;


аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан барпо этилган, шунингдек, хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фондидан олиб уларнинг балансига берилган, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган тоифалари учун хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара шартлари асосида фойдаланиш учун берилган уй-жой фонди;


хизмат турар жойлари - хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларида жойлашган, ўз меҳнат муносабатлари хусусиятига кўра иш жойига бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган фуқаролар кўчиб киришига мўлжалланган турар жойлар.


3. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, турар жой майдонини олиш учун навбатни белгилаш, шунингдек, уни тақсимлаш ва давлат уй-жой фонди уйларида ижара шартномаси шартлари асосида фуқароларга тақдим этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоравий уй-жой фонди бўлган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда Ташкилотлар деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Мазкур банднинг биринчи хатбошисидаги тадбирларни амалга ошириш учун маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳамда ташкилотларда соғлиқни сақлаш органи, давлат кадастр хизмати, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилувчи орган ва мурожаат қилган фуқаронинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг вакилларидан иборат таркибда турар жой масалалари бўйича комиссия тузилади. Комиссиянинг таркиби ва иш тартиби маҳаллий давлат ҳокимият органлари ва ташкилотлар томонидан тасдиқланади.

Уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жойлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мақсадли коммунал уй-жой фондидаги уйлардан ёки вақтинча фойдаланилмаётган, давлат мулки бўлган ётоқхоналардаги, уй-жойлардаги ҳамда кўп квартирали уйлардаги бўш турган квартиралардан берилади.


4. Аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган фуқароларга хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара шартлари асосида фойдаланиш учун берилади.


5. Уй-жой фондини бошқариш уй-жой фондини, муҳандислик ускуналарини, шу уйларга туташ, ободонлаштириш элементлари бўлган ер участкаларини лозим даражада сақлашни, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашни ҳамда фуқароларнинг яшаши учун зарур шароитларни яратишга қаратилган бошқа фаолиятни ўз ичига олади.

Давлат уй-жой фондини бошқариш уй-жой фондининг мулкдори билан бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот ўртасида тузиладиган шартномага биноан амалга оширилиши мумкин.


6. Давлат уй-жой фонди мулкдори ёки унинг ваколатли органи фуқаролар томонидан турар жойлардан ва уй атрофидаги ерлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилади, белгиланган тартибда олинган ордер асосида ижарага олувчилар билан мулкдор номидан турар жойни ижарага олиш шартномаларини тузади ва шартнома мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилади.


7. Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш ушбу Низомнинг 1 ва 1а-иловаларидаги схемаларга мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ТУРАР ЖОЙ МАЙДОНИНИНГ НОРМАСИ


8. Муниципал, идоравий ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар жойлар фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ берилади.

Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир киши ҳисобига ўн олти квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун эса - йигирма уч квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади.

Эр-хотиндан ташқари турли жинсга мансуб шахсларни бир хонага ёки бир хонали квартирага жойлаштирилишига йўл қўймаслик мақсадида муниципал, идоравий ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча турар жой берилиши мумкин.


9. Ушбу Низомнинг 12-банди "в" кичик бандида назарда тутилган айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган фуқароларга, шунингдек, бажараётган иш шароитлари ва хусусиятига кўра қўшимча майдон зарур бўлган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхат бўйича, шунингдек бажараётган иш шароитлари ва хусусиятига кўра қўшимча майдон зарур бўлган фуқароларга бундай майдон миқдори кўпайтирилиши мумкин.



3-БОБ. УЙ-ЖОЙ ШАРОИТЛАРИНИ

ЯХШИЛАШГА МУҲТОЖ БЎЛГАН

ФУҚАРОЛАРНИ ҲИСОБГА ҚЎЙИШ

ВА ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ


10. Қуйидагилар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб ҳисобланади:

а) турар жой майдонига эга бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз уй-жойлар (бараклар, вақтинчалик уйлар, авария ҳолатидаги уйлар, ертўлалар)да яшовчи фуқаролар;

б) ҳар бир оила аъзоси ўн олти квадрат метрдан, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун - йигирма уч квадрат метрдан кам бўлган турар жой билан таъминланганлар;

в) ётоқхоналарда, ишлаб чиқариш ва хизмат хоналарида яшовчилар, бундан мавсумий ва вақтинчалик ходимлар шунингдек, ўқишлари сабабли ётоқхоналарга кўчиб ўтган фуқаролар мустасно;

г) қариндошлик алоқалари бўлмаган икки ва ундан кўп оила бўлиб бир квартирада яшовчилар;

д) алоҳида квартирада яшашга муҳтож бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган айрим сурункали касалликларнинг оғир шаклларига чалинганлар;

е) уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида уч йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар.


11. Тегишли аҳоли пунктида доимий яшашидан қатъий назар қуйидагилар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар сифатида ҳисобга олинади:

а) дала шароитларида камида йигирма йил ишлаган ва шу туфайли доимий яшаш жойига эга бўлмаган геология-қидирув ташкилотлари ва топография-геодезия хизматлари ходимлари;

б) мазкур банднинг "а" кичик бандида белгиланган муддатда, аммо бошқа аҳоли пунктларида яшайдиган, агар улар яшаш жойи бўйича иш жойи жойлашган аҳоли пунктида амалда бўлган уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар ҳисобига қўйиш шартларига жавоб берган тақдирда, шу аҳоли пунктида жойлашган ташкилотларда узлуксиз ишлаган ходимлар.


12. Қуйидагилар аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар ҳисобланади:

а) 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналминал жангчилар;

б) шартнома бўйича ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган ёки истеъфога чиққан ҳарбий хизматчилар;

в) қуйидаги оғир турдаги сурункали касалликларга чалинган фуқаролар:

дисфория, шахсиятининг ўзгариши ва ақли заифлик билан кечадиган эпилепсия;

тез-тез такрорланиши оқибатида мувозанатдан чиқарувчи аффектив ва васваса синдроми билан кечадиган сурункали психозлар;

сурункали шизофрения;

ақлий нуқсон (деменция) билан кечадиган бош миянинг органик касалликлари;

руҳий ўзгаришлар билан кечадиган бош мия қон-томир касалликлари;

руҳиятнинг ўзгариши оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигига чалинган шахслар;

ахлатли ва сийдикли оқмалар, шунингдек ахлат ва сийдикни тута олмаслик;

кўп миқдорда суюқлик ажратувчи хавфли ўсмалар;

кўп миқдорда суюқлик ажралиши билан кечадиган тери тошмалари;

оёқ гангренаси;

ўпка ва бошқа аъзолар силининг сил микробактерияларини ажратаётганлиги такрорий лаборатор текширув натижасида тасдиқланган фаол (юқумли) турлари;

мохов касаллиги;

г) кўп болали оилалар;

д) чин етим болаларни васийликка олган оилалар;

е) уч нафар ва ундан зиёд меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган оилалар;

ж) ишламайдиган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

з) кексайиб қолган ёлғиз пенсионерлар - ёлғиз яшайдиган кексалар, вояга етмаган болалар ёхуд қамоқда ва жазони ўташ муассасаларида, узоқ муддат даволанишда бўлган шахслар билан бирга яшайдиган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган пенсия ёшидаги шахслар (60 ёшга етган эркаклар, 55 ёшга етган аёллар);

и) болаликдан ногиронлиги бўлган шахс бўлиб қолган 18 ёшгача ёки болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахси бўлиб қолган болалари бўлган оилалар.

13. Турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни яшаб турган жойлари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳисобга олиш ва турар жойларни тақсимлаш бўлимлари томонидан, бундай бўлимлар бўлмаганда, ушбу вазифа юклатилган масъул мансабдор шахслар томонидан, иш жойи бўйича эса, ташкилотлар касаба уюшмаси билан келишилиб тайинланган мансабдор шахслар томонидан ҳисобга олинади.


14. Ташкилотларда ишлаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш уларнинг иш жойида ёки истагига кўра яшаш жойида фуқаро томонидан тегишли туман (шаҳар) ҳокими номига (идоравий уй-жой фондида мазкур ташкилотнинг раҳбари номига) ариза бериш йўли билан амалга оширилади.

Келиб тушган ариза фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига олиш тўғрисидаги аризаларини рўйхатга олиш китобига қайд қилинади.


15. Фуқароларни ҳисобга қўйиш учун уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаро ёки нотариал тасдиқланган ишончномага эга бўлган унинг вакили томонидан ариза топширилади.


16. Фуқароларни уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига қўйиш ҳақидаги аризаси ва зарур бўлган ҳужжатлар жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки ташкилотларнинг тегишли комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Комиссия ариза берувчининг турар жой шароитларини кўриб чиққандан кейин тегишли далолатнома тузади ҳамда ҳисобга қўйиш ёки рад этиш ҳақида таклиф киритади.


17. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни яшаш жойида ҳисобга қўйиш ёки рад этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, иш жойида эса - ташкилот маъмуриятининг қарори (буйруғи) билан амалга оширилади.


18. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризалар улар келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида кўриб чиқилади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритилган фуқаро бу ҳақда уни ҳисобга қўйган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки ташкилотларнинг тегишли комиссияси томонидан икки иш куни мобайнида ёзма равишда хабардор этилади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритиш рад этилган фуқаролар худди шу тартибда, рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда хабардор этиладилар.

Фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлиги тўғрисидаги нотўғри маълумотларни тақдим этганлиги, бошқа фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари бузилганлиги ва уй-жойни тақдим этиш бўйича масалани ҳал этишда мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари аниқланганлиги уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритишни рад этишга асос бўлади.

Фуқаролар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритиш рад этилганлигидан норози бўлган тақдирда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки ташкилотларнинг юқори турувчи органларига, шунингдек, судга шикоят қилиши мумкин.


19. Ҳисобга киритилган шахслар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга қўйиш китобига қайд қилинади.

Уй-жой шароитларини яхшилаш китоби қатъий ҳисобдаги ҳужжат сифатида сақланади. Бунда тузатишлар, ўчириб ёзишлар ёки тўғрилашларга йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг ушбу китобга киритилган ҳар бир аризаси бўйича алоҳида иш юритилиб, унда зарур ҳужжатлар сақланади.


20. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритилган фуқароларнинг рўйхатига бир йилда камида бир маротаба аниқлик киритилиши лозим.


21. Ҳисобда турган фуқаро вафот этган ёки бошқа жойга доимий яшаш учун чиқиб кетган ҳолларда, унинг ўрнига, агар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар сифатида тан олиш учун асослар йўқолмаган бўлса, тўғридан-тўғри оила аъзоларидан бири қабул қилади. Бунда оила аъзоси ўзининг иш жойи бўйича уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахс сифатида фақат агар у ушбу ташкилотда ишлаган тақдирдагина киритилади.

Ҳисобда турган фуқаро ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги туфайли вафот этган тақдирда эса, унинг оила аъзоси ушбу идорада ишлаш ёки ишламаслигидан қатъий назар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритилади.


22. Ташкилотларнинг уй жойларни яхшилашга муҳтожлар бўлган фуқароларни ҳисобига қўйиш китобида навбатда турган фуқаролар, қуйидаги ҳолларда янги иш жойи бўйича ҳисобга киритилади:

а) юқори турувчи ташкилотнинг қарори билан мазкур шахс бошқа ишга ўтказилганда;

б) ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш).


23. Фуқаролар қуйидаги ҳолларда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобидан чиқарилади:

а) ўз маблағлари ҳисобидан турар жойда яшаш шароитини яхшиловчи ўзгартиришлар қилиш, уй-жойни реконструкция қилиш, кенгайтириш ишларини амалга ошириш йўли билан уй-жой шароитларининг яхшиланиши ва шу муносабат билан ҳисобда туриш учун асосларнинг йўқолиши;

б) бошқа аҳоли пунктига доимий яшаш учун кўчиб кетиши;

в) ўзи ишлаётган ташкилот билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши;

г) фуқаро томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтожлиги тўғрисида нотўғри маълумотларнинг тақдим этилиши.


24. Фуқароларни уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобидан чиқариш ҳисобга қўйиш тўғрисидаги қарорни қабул қилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки ташкилотлар томонидан амалга оширилади ва бу ҳақда фуқаро ёзма равишда хабардор қилинади.


25. Давлат уй-жой фондидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида, турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

Фуқароларнинг турар жойи вақтинча бўлмаганида қуйидаги ҳолларда олти ойдан ортиқ муддатга сақланиб туради:

а) ҳарбий хизматга чақирилганда - чақирув бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;

б) контракт бўйича ҳарбий хизматга кирилганда - контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;

в) иш шароитлари ва хусусияти бўйича (кема экипажи, геология, қидирув хизматлари, экспедицияларининг ходимлари ва бошқалар), чет элда хизмат сафарида бўлиш ёки таълим олиши муносабати билан (талабалар, катта илмий ходим-изланувчилар ва бошқалар) доимий яшаш жойидан вақтинча жўнаб кетилганда - ушбу ишни бажариш, хизмат сафарида бўлиш ёки таълим олишнинг бутун даври мобайнида;

г) болалар тарбиялаш учун болалар муассасасига, қариндошларга ёки ҳомийларга, васийларга топширилганда - улар ушбу муассасада, қариндошлар ёки ҳомийлар, васийлар қарамоғида бўладиган бутун давр мобайнида, агар болалар чиқиб кетган турар жойда оиланинг бошқа аъзолари яшаш учун қолган бўлса. Агар болалар чиқиб кетган турар жойда уларнинг оила аъзолари яшаш учун қолмаган бўлса, ушбу хона болаларнинг муассасада бўлиш муддати тугагунча ёки қариндошлар ёхуд ҳомийлар, васийлар қарамоғидан қайтиб келган болалар вояга етгунча, шунингдек, тегишли ҳолларда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ўқиш тугагунча ёхуд мамлакат Қуролли Кучларидаги ҳарбий хизмат муддати тамом бўлгунча, ушбу турар жой ижара шартномаси асосида бошқа фуқароларга бериб турилиши мумкин;

д) ҳомий, васий вазифасини бажариш муносабати билан жўнаб кетилганда - ушбу вазифаларни бажаришнинг бутун даври мобайнида;

е) даволаниш учун даволаш-профилактика муассасаларига жўнаб кетилганда - даволанишда бўлган бутун давр мобайнида;

ж) қамоққа олинганда ёки ушбу турар жойда яшаш имкониятини истисно этувчи озодликдан маҳрум этиш ёки бошқа жазо чорасига маҳкум этилганда - қамоқда бўлишнинг ёки жазони ўташнинг бутун даври мобайнида, агар турар жойда оиланинг бошқа аъзолари яшаш учун қолган бўлса. Агар кўрсатилган фуқаролар чиқиб кетган турар жойда уларнинг оила аъзолари яшаш учун қолмаган бўлса, бундай фуқаролар қамоқдан озод бўлгунча ёки жазони ўтаб келгунча бўлган муддатга ушбу хона ижара шартномаси асосида бошқа шахсларга бериб турилиши мумкин.

Вақтинча бўлмаганида шахснинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи ушбу банднинг иккинчи хатбоши "а" - "ж" кичик бандларида кўрсатилган муддатлар тугаган кундан бошлаб олти ой мобайнида сақлаб қолади.

Агар ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар узрли сабабларга кўра турар жойда олти ойдан ортиқ муддат бўлмаса, бу муддат шахсларнинг аризасига биноан ижарага берувчи томонидан, низоли ҳолларда эса, суд томонидан узайтириб берилиши мумкин.



4-БОБ. ФУҚАРОЛАРГА УЙ-ЖОЙНИ

ТАҚДИМ ЭТИШ НАВБАТИ


26. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобида турган фуқароларга уй-жойларни ҳисобга қўйиш вақти ва ушбу аҳоли пунктида фойдаланишга топширилаётган ва бўшаётган уй-жойларнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда, рўйхатда белгиланган навбат тартибида тақдим этилади.

Уй-жойни тақдим этиш навбатини белгилашда фуқароларнинг ҳисобга қўйилиш вақти асосий мезон ҳисобланса, фуқароларнинг тенг шароитларида эса - уларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражаси ва ушбу идорадаги иш стажи ҳисобланади.

Турар жой яшаш учун яроқли ҳолатга келтирилганидан сўнг икки иш куни мобайнида аҳоли пунктида фойдаланишга топширилаётган ва бўшаётган уй-жойларнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда рўйхатда белгиланган навбат тартибида давлат уй-жой фондидаги турар жойни тақдим этиш тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларнинг қарори (буйруқ) қабул қилинади.


27. Фуқароларга уй-жойни тақдим этиш навбати қуйидагилар учун қўлланилади:

а) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан яшаш жойи бўйича ҳисобга қўйилган фуқаролар;

б) иш жойи бўйича ҳисобга киритилган фуқаролар.


28. Навбатдан ташқари уй-жой қуйидагилар учун берилади:

а) уй-жойи табиий офат оқибатида яшаш учун яроқсиз ҳолга келган фуқаролар;

б) давлат болалар муассасаларидан, қариндошларидан, васийлардан қайтган фуқаролар, агар қонун бўйича илгари эгаллаб турган уй-жой учун ҳуқуқи сақланиб қолинган бўлса, бироқ ушбу уй-жойга кўчиб кириш имкони бўлмаса. Ушбу ҳолларда болалар жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уй-жойлар билан таъминланадилар;

в) ноқонуний жавобгарликка тортилган ва кейинчалик реабилитация этилган фуқаролар, агар улар аввал эгаллаб турган уй-жойини қайтариб олиш имконига эга бўлмаса. Реабилитация қилинган фуқаролар суд ҳукми ижро этилгунга қадар яшаган ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уй-жой билан таъминланади;

г) бошқа аҳоли пунктларидан ўтказилган ёки таклиф қилинган раҳбарлар ва мутахассислар, шунингдек лавозимга сайланган шахслар, агар бу бошқа жойга кўчиб ўтиш билан боғлиқ бўлса.



5-БОБ. УЙ-ЖОЙЛАРНИ ТАҚСИМЛАШ

ВА ТАҚДИМ ЭТИШ


29. Фойдаланишга топширилган, яшаш учун яроқли бўлган ва ижарага олувчиларнинг чиқиб кетиши муносабати билан бўшаган давлат уй-жой фондидаги турар жойларнинг ҳисоби тегишлилиги бўйича турар жойларни балансда сақловчи ташкилот томонидан юритилади.

Бунда бўш турган муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги уй-жойлар рўйхати ҳар чоракда республика, вилоят, туман ва шаҳар даврий нашрларида ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари веб-сайтларида жойлаштирилади. Мазкур маълумотлар маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан ҳудудийлиги бўйича тегишли туман (шаҳар)да жойлашган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тақдим этилади.


30. Уй-жой фондига эга бўлган ташкилотлар уларнинг касаба уюшмаси билан биргаликда уй-жойларни тақсимлайди.


31. Фуқароларга яшаш учун тақдим этиладиган уй-жой белгиланган санитария, ёнғинга қарши ва техник талабларга жавоб бериши зарур.

Фуқароларни бўшаган уй-жой сифатида авария ҳолатидаги ва нураган уйлар, ертўлалар, барак ва яшаш учун мос бўлмаган бошқа биноларга, шунингдек бузиш, капитал таъмирлаш ёки нотурар уйлар тоифасига киритилиши лозим бўлган турар жойларга жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.


32. Турар жойларни тақдим этишда эр ва хотиндан ташқари битта хонага ёки бир хонали квартирага турли жинсдаги шахсларни жойлаштириш тақиқланади.

Ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар, юрак-қон томир ва бошқа оғир касалликлар билан хасталанган фуқароларга турар жой уларнинг истагига кўра кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидан ёки лифт билан жиҳозланган уйлардаги квартира берилади.

Тақдим этиладиган уй-жойнинг ўлчамини белгилашда, оилада ҳомиладор аёлнинг борлиги эътиборга олиниши лозим.


33. Агар икки ва ундан ортиқ ижарага олувчилар яшаётган квартирада бошқа яшаш хонасидан ажратилмаган ва унга қўшни бўлган хона бўшаган тақдирда, ушбу хона қўшни хонанинг ижарага олувчисига берилиши лозим.

Агар квартирада алоҳида ажратилган хона бўшаган тақдирда, у белгиланган норма бўйича яшаш майдони билан таъминланмаган ижарага олувчига тақдим этилади. Агар квартирада белгиланган норма бўйича яшаш майдони билан таъминланмаган бир нечта ижарага олувчи мавжуд бўлса, оиласи уй-жой шароитини яхшилашга кўпроқ муҳтож бўлган фуқаро ушбу бўшаган хонани олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлади. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар бўлмаган тақдирда, бўшаган алоҳида хона умумий тартибда тақдим этилади.



6-БОБ. ТУРАР ЖОЙГА ЖОЙЛАШИШ

УЧУН ОРДЕР БЕРИШ ТАРТИБИ


34. Давлат уй-жой фондига қарашли турар жойни тақдим этиш тўғрисидаги қарор (буйруқ)га асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан фуқарога мазкур Низомнинг 2-иловасида белгиланган намунадаги ордер берилади ва у тақдим этилган турар жойга кириш учун ягона асос ҳисобланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг давлат уй-жой фондидан турар жой ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч иши куни мобайнида турар жой ордери фуқарога тақдим этилади.

Идоравий уй-жой фондига қарашли турар жойни тақдим этиш тўғрисидаги буйруқ қабул қилинганидан сўнг икки иши куни мобайнида унинг нусхаси уни қабул қилган ташкилот томонидан тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига юборилади. Бунда ордер буйруқ нусхаси келиб тушган вақтдан эътиборан уч иш кунида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан турар жой ажратилиши назарда тутилган фуқарога тақдим этилиши лозим.


35. Хизмат турар жойларига берилган ордерга "хизмат турар жойи", аниқ мақсадли коммунал турар жойларига берилган ордерга "аниқ мақсадли коммунал турар жойи" деган қайд киритилади.

Ордер қатъий ҳисобдаги ҳужжат ҳисобланади.

Ордер фақат алоҳида бўш турган турар жой учунгина берилиши мумкин.


36. Ордерга турар жой тақдим этилган фуқаро ва унинг оила аъзоларининг фамилияси, исми ва шарифи ёзилади, уларнинг туғилган йили ва қариндошлик алоқаси кўрсатилади. Ушбу маълумотлар барча оила аъзоларининг ордерга киритилиши лозим бўлган паспортлари, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари тақдим этилган тақдирдагина ёзилади.


37. Турар жой учун ордернинг берилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қуйидаги ҳолларда тўхталиши мумкин:

а) фуқаролар олдин эгаллаган турар жойни ижара шартномасида кўзда тутилган шартларни бажармаганлиги учун топширса;

б) турар жой тақдим этилаётган оила аъзоларининг ҳақиқий таркиби тақдим этилган маълумотларга тўғри келмаса;

в) ушбу фуқарога турар жойни тақдим этиш тўғрисидаги масаланинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, бироқ аввал ташкилот ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органига маълум бўлмаган бошқа ҳолатлар аниқланган тақдирда.


38. Фуқаро ва унинг оила аъзолари ордер берилган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида турар жойга кўчиб кириши лозим.


39. Ордер расмийлаштирилгандан сўнг ўн кун муддат ичида ордерни олган шахс билан ушбу турар жойнинг балансда сақловчи ташкилот ёки унинг ваколатли органи ўртасида мазкур уй-жойнинг ижара шартномаси тузилади.


40. Турар жой учун берилган ордер фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлиги тўғрисидаги нотўғри маълумотларни тақдим этган, ордерда кўрсатилган турар жойга бўлган бошқа фуқаро ёки ташкилотларнинг ҳуқуқлари бузилган, турар жойни тақдим этиш бўйича масалани ҳал этишда мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари амалга оширилган тақдирда, шунингдек, турар жойларни тақдим этишнинг тартиб ва шартлари бузилган бошқа ҳолатларда суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ордерни ҳақиқий эмас деб топилиши тўғрисидаги талаб ордернинг берилган кунидан бошлаб уч йил давомида қўйилиши мумкин. Бундай талаб агар ордер уни олган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари натижасида олинган бўлса, ордер берилган кундан бошлаб 3 йилдан сўнг ҳам қўйилиши мумкин.


41. Ордер қуйидагиларга берилмайди:

а) ижарага олувчини ўзаро келишув бўйича алмаштирган оила аъзоларига;

б) битта квартирада яшаётган алоҳида ижарага олувчиларнинг битта оилага бирлашган тақдирда;

в) ижарага олувчи янги доимий яшаш жойига кўчиб кетган тақдирда ушбу ижарага олувчининг оила аъзоларига.



7-БОБ. ТУРАР ЖОЙЛАРНИ АЛМАШТИРИШ


42. Бир ёки бир неча хонадан иборат турар жой турар жойни алмаштириш предмети ҳисобланади.


43. Турар жойларни алмаштириш унинг иштирокчилари сони чекланмаган ҳолда амалга оширилади.

Турар жойларни алмаштириш ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўзаро ўтказиш тарзида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар қарорига (буйруқ) биноан амалга оширилади.

Турар жойларни алмаштириш айнан бир уйдаги ёки турли уйлардаги турар жойларда, шу жумладан турли аҳоли пунктларида жойлашган турар жойларда яшаётган фуқаролар ўртасида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Идоравий уй-жой фондидаги турар жойларни фақат балансда сақловчи ташкилотнинг розилиги билан алмаштиришга йўл қўйилади. Алмаштиришга розилик берилмаганлиги юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди уйларидаги турар жойнинг ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойни фақат шу уй-жой фондининг турар жойида яшовчи ижарага олувчи билан алмаштириши мумкин.


44. Бир аҳоли пункти чегараси доирасидаги давлат уй-жой фондидаги турар жойларини алмаштириш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан расмийлаштирилади.

Агар турар жойлар турли аҳоли пунктларида бўлса, алмаштириш алмаштирилаётган турар жойлардан бири жойлашган ҳудуддаги (алмаштириш иштирокчиларининг хоҳишига кўра) маҳаллий давлат ҳокимияти органларида расмийлаштирилади.


45. Турар жойларни алмаштириш истагида бўлган фуқаролар тегишли туман (шаҳар) ҳокими (идоравий уй-жой фондида мазкур ташкилотнинг раҳбари) номига белгиланган шаклда ариза топширадилар. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

турар жойга бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат ёки турар жой ордери;

идоравий уй-жой фондининг уйидаги турар жойни алмаштиришда - шу фонд эгасининг турар жойни алмаштиришга розилигини тасдиқловчи ҳужжат;

оиланинг барча вояга етган, шу жумладан вақтинча бўлмаган аъзоларининг, давлат уй-жой фонди уйларида эса, ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқароларнинг ёзма розилиги;

ҳомийлик ёки васийликка олинган шахснинг фойдаланишидаги турар жой алмаштирилаётганида ҳомийлик ва васийлик органининг розилиги.

Ариза барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб қабул қилинган деб ҳисобланади.


46. Турар жойларни алмаштириш тўғрисидаги шартнома турар жойларни алмаштириш расмийлаштирилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бериладиган алмаштирув ҳужжатлари (ордерлари) олинган пайтдан бошлаб кучга киради.

Агар фуқаролар бир оилага бирлашиш мақсадида алмаштириш натижасида бир квартирада хоналарни олсалар, уларга битта ордер берилади.

Ордерлар турар жойларни алмаштиришда иштирок этаётган шахслар томонидан ёхуд ишончнома бўйича бошқа шахслар томонидан бир вақтда олиниши лозим, мажбурий алмаштирилаётган ҳоллар бундан мустасно.

Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни муниципал ёки идоравий уй-жой фондидаги турар жойларга алмаштириш алмаштирув ҳужжати (ордери) ва турар жойларни алмаштириш шартномаси билан расмийлаштирилади.

Алмаштириш шартномасида алмаштирилаётган турар жойнинг тавсифи (манзили, умумий ва яшаш майдони, хоналар сони, инвентаризация қиймати), турар жойга мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари кўрсатилади.

Давлат уй-жой фондидаги турар жойни алмаштириш тўғрисидаги шартнома алмаштириш расмийлаштирилаётган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.

Турар жойларни алмаштириш тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш ва алмаштирув ордерини (ордерларини) бериш бир вақтда амалга оширилади.

Турар жойларнинг алмаштирилишини расмийлаштириш ҳужжатлар берилган кундан бошлаб ўн кун муддат ичида амалга оширилади.


47. Турар жойлар алмаштирилишини расмийлаштириш рад этилиши устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.



8-БОБ. ТУРАР ЖОЙНИ ҚАЙТА РЕЖАЛАШТИРИШ,

БУЗИБ ҚАЙТАДАН ҚУРИШ ВА МУКАММАЛ

ТАЪМИРЛАШ


48. Турар жойни ва ёрдамчи хоналарни бузиб қайтадан қуриш ҳамда қайта режалаштириш квартирани янада обод қилиш мақсадида амалга оширилиши мумкин ва бу ишга ижарага олувчи, унинг оила аъзолари, давлат уй-жой фондини балансда сақловчи ташкилот ва тегишли маҳаллий давлат ҳокимият органларининг розилиги билан йўл қўйилади.


49. Ижарага олувчи эгаллаб турган турар жойни мукаммал таъмирлаш зарур бўлган тақдирда, ижарага берувчи ижарага олувчини таъмирлаш даврида ижарага берувчи томонидан бериладиган бошқа турар жойга кўчишини талаб қилишга ҳақлидир. Бунда турар жойни ижарага олиш шартномаси бекор қилинмайди, лекин ижарага олувчи унга таъмирлаш даврига берилган турар жой учунгина сақлаш, тузатиш ва фойдаланиш учун ҳақини тўлайди.

Таъмирлаш тугаллангандан кейин ижарага берувчи ижарага олувчига у илгари эгаллаб келган турар жойни беришни рад этган тақдирда ижарага олувчи ушбу масала бўйича судга мурожаат қилишга ҳақлидир.



9-БОБ. ХИЗМАТ ЮЗАСИДАН

БЕРИЛАДИГАН ТУРАР ЖОЙЛАР


50. Давлат уй-жой фондидаги хизмат юзасидан бериладиган турар жойлар мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ ўз меҳнат мажбуриятларининг турига кўра иш жойида ёки хизмат биносида яшаш зарур бўлган фуқароларга ижара ҳақини тўлаш мажбурияти юклатилмаган ҳолда берилади.


51. Хизмат уй-жойлари ташкилот маъмуриятининг қарорига асосан мазкур идора томонидан ёхуд иш берувчининг илтимосномаси билан жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тақдим этилади. Илтимосномага меҳнат шартномасининг ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ нусхаси ва ушбу уй-жойнинг ҳуқуқий тегишлилиги тўғрисидаги маълумотномалар илова қилинади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори асосида ижара шартномаси бўйича тақдим этилган хизмат уй-жойига киритиш учун ягона асос бўлган ордер берилади.


52. Ходимга иш шароитлари муносабати билан меҳнат шартномаси бўйича хизмат юзасидан бериладиган турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи меҳнат шартномаси бекор қилиниши билан бир вақтда бекор бўлади. Бунда, хизмат турар жойидан фойдаланувчи ходимнинг иш берувчиси меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида балансда сақловчига хабарнома тақдим қилади. Шунга асосан, мазкур уй-жой ходим томонидан узоғи билан бир ой ичида бўшатиб қўйилиши лозим. Балансда сақловчи томонидан уй-жойни бўшатиб қўйиш ҳақида қисқартирилган муддат кўрсатилиши мумкин, лекин етти кундан кам бўлмаслиги лозим. Мазкур қоида давлат уй-жой фондларининг барча шаклларига нисбатан татбиқ этилади.


53. Ходим ўзи эгаллаб турган турар жойни бўшатишни рад этган тақдирда, ўзи билан бирга яшовчи барча шахслар билан биргаликда бошқа турар жой берилмасдан суд тартибида кўчириб юборилади, мазкур Низомнинг 55-банди биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.


54. Бошқа турар жой берилган ҳолда, хизмат турар жойларидан қуйидагилар кўчириладилар:

а) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

б) 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналминал жангчилар;

в) ҳарбий хизматни ўтаётганида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари;

г) ногиронлиги бўлган фарзандлари бўлган оилалар;

д) тарбиячи-ота-оналар, оилавий болалар уйи тугатилган тақдирда;

е) хизмат турар жойи берган ташкилотларда камида ўн йил ишлаган (хизмат қилган) шахслар;

ж) эгаллаб турган лавозими муносабати билан турар жой берилган бўлиб, лавозимидан бўшаган, лекин турар жойни берган идора билан меҳнат муносабатларини узмаган шахслар;

з) ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгариши ёхуд корхона, муассаса, ташкилот тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган шахслар;

и) ўзи ишлаган корхона, муассаса, ташкилотдан пенсияга чиққан ходимлар;

к) хизмат турар жойи берилган шахс вафот этганда унинг оила аъзолари;

л) вояга етмаган фарзандлари билан бирга яшаётган ёлғиз шахслар.

Кўрсатиб ўтилган фуқароларга мазкур Низомнинг 32-бандида белгиланган талабларга жавоб берадиган ҳамда ушбу аҳоли пункти чегараси доирасида бўлган турар жой берилади.


55. Хизмат уй-жойларининг хизмат тоифасидан чиқарилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

а) агар хизмат уй-жойига бўлган зарурат йўқолган бўлса;

б) хизмат уй-жойи белгиланган тартибда яшаш учун яроқсиз деб топилган бўлса;

в) хизмат уй-жойи бириктирилган ташкилот тугатилган бўлса ва ушбу ташкилотнинг ҳуқуқий вориси бўлмаса.


56. Мазкур Низомда белгиланган тартибдан келиб чиқиб ташкилотлар томонидан турар жойларни тақсимлаш ҳамда тақдим этиш тартиби белгиланиши мумкин.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


57. Мазкур низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Муниципал ва аниқ мақсадли коммунал

уй-жой фондидаги турар жойларни

тақсимлаш ва тақдим этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган талабгор - жисмоний шахс

1. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига олиш тўғрисидаги ариза ва унга илова этиладиган ҳужжатларни тайёрлаш.


2. Яшаш жойидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза ва унга илова этилган ҳужжатларни тақдим этиш.

талабгорнинг хоҳишига кўра


2-босқич

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари


1. Келиб тушган аризани фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига олиш тўғрисидаги аризаларини рўйхатга олиш китобига қайд этиш.


2. Ариза ва унга илова этилган ҳужжатларни уй-жой масалалари бўйича комиссияга тақдим этиш.

ҳужжатлар қабул қилинган кунда

3-босқич

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой масалалари бўйича комиссияси

1. Талабгор томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова этилган ҳужжатларни ўрганиш.


2. Талабгорнинг турар жой шароитларини кўриб чиққандан кейин тегишли далолатнома тузиш ҳамда ҳисобга қўйиш ёки рад этиш ҳақида таклиф киритиш.


10 кун мобайнида





4-босқич

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.


5 кун мобайнида

5-босқич

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй жой масалалари бўйича комиссияси

1. Талабгорлар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритилганлиги тўғрисида ёки ҳисобга киритиш рад этилган тақдирда рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда хабардор этиш.


2. Ҳисобга киритилган шахслар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга қўйиш китобига қайд этиш.

2 иш кун мобайнида

6-босқич

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

Аҳоли пунктида фойдаланишга топширилаётган ва бўшаётган уй-жойларнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда рўйхатда белгиланган навбат тартибида муниципал ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар жойни тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

турар жой яшаш учун яроқли ҳолатга келтирилганидан сўнг 2 иш куни мобайнида

1. Муниципал ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар жойни тақдим этиш тўғрисидаги қарорга асосан белгиланган намунадаги ордер расмийлаштириш.


2. Ордерни муниципал ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой ажратилиши назарда тутилган фуқарога тақдим этиш.

3 иш куни мобайнида

7-босқич

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролар

1. Муниципал ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар жой учун ордерни олган шахс билан ушбу турар жойнинг балансда сақловчи ташкилот ёки унинг ваколатли органи ўртасида уй-жойнинг ижара шартномасини тузиш.


2. Белгиланган намунадаги шаклда икки томонлама топшириш далолатномаси тузиш, турар жойни фуқарога топшириш.

ордер берилган кундан бошлаб 10 иш кун мобайнида

8-босқич

Фуқаро ва унинг оила аъзолари

Фуқаро ва унинг оила аъзолари томонидан турар жойга кўчиб кириш.

ордер берилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида





Низомга

1а-ИЛОВА



Идоравий уй-жой фондидаги турар

жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган талабгор - жисмоний шахс

1. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига олиш тўғрисидаги ариза ва унга илова этиладиган ҳужжатларни тайёрлаш.


2. Иш жойида ташкилот маъмуриятига ариза ва унга илова этилган ҳужжатларни тақдим этиш.

талабгорнинг хоҳишига кўра

2-босқич

Ташкилотлар


1. Келиб тушган аризани фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига олиш тўғрисидаги аризаларини рўйхатга олиш китобига қайд этиш.


2. Ариза ва унга илова этилган ҳужжатларни уй-жой масалалари бўйича комиссияга тақдим этиш.


ҳужжатлар қабул қилинган кунда

3-босқич

Ташкилотларнинг уй-жой масалалари бўйича комиссияси

1. Талабгор томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова этилган ҳужжатларни ўрганиш.


2. Талабгорнинг турар жой шароитларини кўриб чиққандан кейин тегишли далолатнома тузиш ҳамда ҳисобга қўйиш ёки рад этиш ҳақида таклиф киритиш.

10 кун мобайнида

4-босқич


Ташкилотлар

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисида буйруқ қабул қилиш.

5 кун мобайнида

5-босқич


Ташкилотларнинг уй-жой масалалари бўйича комиссияси

1. Талабгорлар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритилганлиги тўғрисида ёки ҳисобга киритиш рад этилган тақдирда рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда хабардор этиш.


2. Ҳисобга киритилган шахслар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга қўйиш китобига қайд этиш.

2 иш кун мобайнида

6-босқич

Ташкилотлар

Аҳоли пунктида фойдаланишга топширилаётган ва бўшаётган уй-жойларнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда рўйхатда белгиланган навбат тартибида идоравий уй-жой фондидаги турар жойни тақдим этиш тўғрисида буйруқ қабул қилиш.

турар жой яшаш учун яроқли ҳолатга келтирилганидан сўнг 2 иш куни мобайнида

Идоравий уй-жой фондидаги турар жойни тақдим этиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига юбориш.

 

буйруқ қабул қилингандан сўнг 2 иш куни мобайнида

7-босқич

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари


1. Ташкилотларнинг идоравий уй-жой фондидаги турар жойни тақдим этиш тўғрисидаги буйруғига асосан белгиланган намунадаги ордер расмийлаштириш.


2. Ордерни идоравий уй-жой фондидан турар жой ажратилиши назарда тутилган фуқарога тақдим этиш.

3 иш куни мобайнида

8-босқич

Ташкилотлар ва фуқаролар

1. Идоравий уй-жой фондидаги турар жой учун ордерни олган шахс билан уй-жойнинг ижара шартномасини тузиш.


2. Белгиланган намунадаги шаклда икки томонлама топшириш далолатномаси тузиш, турар жойни фуқарога топшириш.

ордер берилган кундан бошлаб 10 иш кун мобайнида


9-босқич

Фуқаро ва унинг оила аъзолари

Фуқаро ва унинг оила аъзолари томонидан турар жойга кўчиб кириш.

ордер берилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида





Низомга

2-ИЛОВА

Orderning oldi tomoni

к

е

с

и

ш


ч

и

з

и

ғ

и

Orderning oldi tomoni



































hokimiyati










hokimiyati




























20____ y. "____"_____________




20____ y. "____"____________



























Turar joy uchun

order (hokimiyat nusxasi) N ХХХХХХ Seriya_______

Turar joy uchun

order (fuqaro nusxasi) N ХХХХХХ Seriya________


















































 

(familiyasi, ismi, otasining ismi)

(familiyasi, ismi, otasining ismi)





































ga












ga


























___ kishidan iborat oilasi uchun umumiy maydoni __ kv.metr

____ kishidan iborat oilasi uchun umumiy maydoni ____ kv.metr

























bo'lgan _________ xonali turar joyni egallash huquqi berildi.

bo'lgan _________ xonali turar joyni egallash huquqi berildi.

 

























Uy manzili:










Uy manzili:











(shohko'cha, muyulish va h.k.)


(shohko'cha, muyulish va h.k.)


























uy _______ korpus ________ xonadon __________

uy _______ korpus ________ xonadon __________

























Turar joy egasi:









Turar joy egasi:











(tuman hokimiyati, korxona, muassasa, tashkilot)



(tuman hokimiyati, korxona, muassasa, tashkilot)






































 





































Order berish uchun asos:







Order berish uchun asos:









(turar joy berish to'g'risidagi hujjat)



(turar joy berish to'g'risidagi hujjat)





































20____y. "____"______________ dagi N _________

20____y. "____"_____________ dagi N ____________

 









































































 

Tuman hokimining o'rinbosari




Tuman hokimining o'rinbosari






(imzo)



(imzo)
































































M.O'.










M.O'.















_________________ ma'sul hodim





________________ ma'sul hodim




















































(imzo)






(imzo)




















































20____y. "____" ____________




 

20____y. "____" ____________





























Izoh: Ushbu order berilgan turar joyga ko'chib kirish uchun yagona asos hisoblanadi. Bu turar joyga ko'chib kirish boshlanganligi e'lon qilingandan boshlab 30 kun mobaynida ko'chib kirish kerak.

Izoh: Ushbu order berilgan turar joyga ko'chib kirish uchun yagona asos hisoblanadi. Bu turar joyga ko'chib kirish boshlanganligi e'lon qilingandan boshlab 30 kun mobaynida ko'chib kirish kerak.

Orderning orqa tomoni

Oila tarkibi

Orderning orqa tomoni

Oila tarkibi

Tar-

tib

N


Familiyasi, ismi,

otasining ismi


Qarin-

doshlik

aloqalari


Tugil-

gan yili



Tar-

tib

N


Familiyasi, ismi,

otasining ismi


Qarin-

doshlik

aloqalari


Tugil-

gan yili


1






1




2






2




3






3




4






4




5






5




6





к

6




7





е

с

7




8





и

ш

8




9





ч

9




10





и

з

10








и







masul hodim

ғ



masul hodim





и














(imzo)


(imzo)










20____y. "_____" __________________


20____y. "_____" __________________

   





Низомга

3-ИЛОВА



Хизмат турар жойлари олиш ҳуқуқига

эга бўлган шахслар

ТОИФАЛАРИ

Т/р

Тоифаларнинг номланиши

1.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг муассасалари (ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, ёлғиз кексалар учун интернат-уйлар)нинг буғ қозон қурилмалари операторлари

2.

Насос станциялари, йирик гидроузеллар ва тўғонларга хизмат кўрсатувчи навбатчи техниклар, машинистлар, электр техниклар

3.

Коммунал хизмат кўрсатишнинг сув оқизиш-канализация ва газ хўжалиги авария-диспетчерлик хизматлари усталари, чилангарлари

4.

Йўл оралиқлари усталари, тузатувчилари

5.

Газ таъминоти корхоналари ходимлари

6.

Сув хўжалигининг фойдаланиш участкалари бошлиқлари, гидроиншоотларнинг тартибга солувчилари ва гидропостларнинг кузатувчилари, участка гидротехниклари ва гидроўлчовчилари

7.

Кабелли (радиореле) кучайтириш пунктларига хизмат кўрсатувчи навбатчи техниклар, радио ва телевизион станцияларга, шунингдек, қишлоқ жойлардаги махсус объектларга хизмат кўрсатувчи электр механиклар

8.

Электр тармоқлари ва ёрдамчи станцияларнинг навбатчи муҳандислари, кабелли тақсимлаш тармоқларининг навбатчи муҳандислари ва техниклари

9.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қишлоқ жойлардаги даволаш-профилактика муассасаларининг участка врач-терапевтлари, педиатрлари;

Ногиронлиги бўлган шахслар ва қариялар уйларининг ҳамда ақлан заиф болалар учун ногиронлиги бўлган болалар уйларининг директорлари, врач, (фельдшер)лари, катта тиббиёт ҳамширалари, шунингдек, ушбу болалар уйларининг тарбиячилари, санаторийлар ва дам олиш уйларининг бош врачлари, врач (фельдшер)лари, хўжалик ишлари билан шуғулланувчи ҳамширалари

10.

Оилавий болалар уйининг тарбиялаш учун уларга берилган болалар билан бирга яшовчи ота-она тарбиячилари

11.

Ўрмон, қўриқхона, заказник (дахлсиз ўрмон қўриқхонаси), овчилик хўжаликларининг директорлари, ўрмон хўжалиги ходимлари, ўрмон кесувчилари, ёлланган овчилари

12.

Бошқа жойлардан вақтинчалик таклиф этилган олий тоифали тренерлар ва спорт усталари

13.

Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари

14.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг казарма - уй-жой фондига ҳамда коммунал иншоотларга хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ ишчи ва хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг офицерлар таркибидаги шахслар ва белгиланган муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчилари

15.

Ички ишлар органларининг ходимлари

16.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва туман, шаҳар ҳамда ҳарбий судларнинг судьялари

17.

Прокуратура органларининг ходимлари

18.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси, Олий Мажлис палаталари девонларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари аппаратларининг бошқа ҳудудлардан ишга таклиф этилган масъул ходимлари

19.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, Тошкент шаҳрида турар жойга эга бўлмаган Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ўринбосари

20.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг ўринбосари

21.

Қишлоқ жойлардаги алоқа бўлимларининг бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари

22.


Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар ва (ёки) тиббиёт ходимлари

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 26 февраль

















































Время: 0.2287
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск