язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Март, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.03.2019 й. ПҚ-4234-сон "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.03.2019 й.

N ПҚ-4234



"ЎЗБЕККЎМИР" АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИ

БОШҚАРИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]



"Ўзбеккўмир" АЖ фаолияти самарадорлигининг таҳлили кўрсатдики, сўнгги бир неча йилларда кон юзасини очиш ишларини бажаришда қолоқликка йўл қўйилгани, кўмир қазиб олиш самарадорлиги даражаси замонавий талабларга мувофиқ эмаслиги республикада кўмир маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг ўсиб бораётган ҳажмлари қондирилмаётганлигига сабаб бўлмоқда.

"Ўзбеккўмир" АЖ бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилишини ҳамда кўмир саноатини келгусида барқарор ва мувозанатли ривожлантиришга йўналтирилган долзарб вазифаларни амалга оширишга қаратилган ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш, шунингдек, 2019-2023 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда ташкил этиладиган "ПрогрессГорТех" МЧЖ (Россия Федерацияси) шўъба хўжалик жамияти (кейинги ўринларда - ишончли бошқарувчи) "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг "Ўзбеккўмир" АЖ устав капиталидаги 45 фоиз акциялари пакетининг ишончли бошқарувчиси сифатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тузиладиган ишончли бошқарув шартномаси асосида жалб этилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва ишончли бошқарувчи ўртасидаги ишончли бошқарув шартномасини ишлаб чиқиш ва тузишда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга амалий ёрдам кўрсатсин.


2. Белгилансинки, ишончли бошқарувчи хизматлари учун тўловлар ишончли бошқарув шартномасида белгиланади ва:

тасдиқланган маъмурий ва бошқа харажатларни қоплайдиган миқдорда ҳар ойлик тўловлар;

амалга оширилган харажатларга нисбатан минимал рентабеллик нормасини қўллаш тарзида амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ишончли бошқарувчига инвестиция активларини ишончли бошқарувчиси лицензияси берилишини таъминласин.


4. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг:

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг маблағлари ҳисобига "Ўзбеккўмир" АЖ молиявий ва ишлаб чиқариш аудитини ўтказиш учун энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида халқаро аудиторлик ташкилотини жалб этиш;

"Ўзбеккўмир" АЖнинг "Ангрен" разрезида технологик аудитни ўтказиш учун "ПрогрессГорТех" МЧЖни (Россия Федерацияси) жалб этиш;

б) "Ўзбекистон темир йўллари" ва "Ўзбеккўмир" АЖларнинг "Ангрен" разрезида истиқболда фойдаланиш имконияти бўлмаганлиги муносабати билан ротор мажмуасини демонтаж қилиш, кўчириш ва кейинчалик консервация қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


5. Ишончли бошқарув доирасида "Ўзбеккўмир" АЖ фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси" 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


6. "Ўзбеккўмир" АЖга, истисно тариқасида, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг "Ўзбеккўмир" АЖ устав капиталидаги акциялари ишончли бошқарувга топширилишига қадар, "ПрогрессГорТех" МЧЖ (Россия Федерацияси) билан келишган ҳолда, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК экспертизасидан ўтказилган, чекланган нархи белгиланган техник топшириқларга асосан 2-иловага* мувофиқ кон-транспорт ва ёрдамчи техника, технологик ускуналарни тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.


7. "Ўзбеккўмир" АЖ бошқарув органларига "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ҳамда ишончли бошқарувчи билан биргаликда аудитор хулосаси олингандан сўнг икки ҳафта муддатда ишончли бошқарувчи томонидан тақдим этилган "Ўзбеккўмир" АЖни "Ангрен" кўмир разрези кесимида ривожлантириш стратегиясини (кейинги ўринларда - Стратегия) тасдиқлаш ҳамда "Ўзбеккўмир" АЖнинг 2019 йилга мўлжалланган ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти режасини ушбу Стратегияга мувофиқлаштириш тавсия этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Ўзбеккўмир" АЖ билан биргаликда Стратегия тасдиқлангандан сўнг бир ой муддатда Стратегияда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Қуйидаги таклифлар маъқуллансин:

б) "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг ўз маблағлари ҳисобига "Чинниобод" шаҳарчасида ер участкалари олиниши муносабати билан бузиладиган уйлар, бинолар, иншоотлар, экин майдонларининг бозор қиймати ва мулкдорларга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлаш тўғрисидаги;

в) "Ўзбекистон темир йўллари" ва "Ўзбеккўмир" АЖларнинг "Ўзбеккўмир" АЖ учун мазкур қарорнинг 2-иловасида* назарда тутилган кон-транспорт ва ёрдамчи техника, технологик ускуналарни жамиятнинг ўз маблағлари ва жалб қилинган молиялаштириш манбалари ҳисобидан харид қилиш тўғрисидаги.


10. Ишончли бошқарув ва Стратегияни амалга ошириш доирасида, истисно тариқасида 2024 йил 1 январга қадар:

а) "Ўзбеккўмир" АЖ ва ишончли бошқарувчи томонидан жалб этиладиган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлмаган лойиҳа ва пудрат ташкилотлари - юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан;

б) ишончли бошқарувчи, "Ўзбеккўмир" АЖ ҳамда улар томонидан жалб этиладиган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлмаган лойиҳа ва пудрат ташкилотлари:

кўрсатиладиган хизматлар, олиб кириладиган товарлар, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, материаллар ва технологик жиҳозларни Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларида лицензиялаш ва сертификатлаш билан боғлиқ тўловлар, йиғимлар ва давлат божларини тўлашдан;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга мувофиқ четдан олиб кириладиган лойиҳа ва техник ҳужжатлар, металл прокати, қурилиш ва ёрдамчи материаллар, асбоблар ва уларнинг қисмлари, бутловчи буюм ва қисмлар, кимёвий реактивлар ва лаборатория мебеллари учун божхона божларини тўлашдан;

в) "Ўзбеккўмир" АЖ:

мазкур қарорнинг 2-иловасига* мувофиқ олиб кириладиган кон-транспорт ва ёрдамчи техника, технологик ускуналар ҳамда Стратегияда қўшимча равишда белгиланадиган ускуна, техника, лаборатория ускуна ва жиҳозлари, уларнинг эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (хизматлар) бўйича қўшимча қиймат солиғини тўлашдан;

г) жисмоний шахслар - хорижий мутахассислар - жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинсин.


11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ кўмирнинг нархлари:

операцион сарфлар, капитал харажатлар ва 10 фоиздан кам бўлмаган рентабеллик даражаси асосида шакллантирилади;

ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари қайта кўриб чиқилиши билан уйғун равишда қайта кўриб чиқилади.


12. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги 2019 йил 1 июнга қадар республикада тоғ-кон иши, шу жумладан кўмир саноати соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва лойиҳа институтларининг филиалларини очиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага* мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К. Саидова зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 март, 10-сон, 179-модда