язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Март, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Транспорт/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.03.2019 й. ПҚ-4230-сон "Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.03.2019 й.

N ПҚ-4230



ЮК ВА ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ ТИЗИМИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташувчилар учун рақобат муҳитини ҳамда қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва "Ўзстандарт" агентлигининг 2019 йил 1 июлдан бошлаб:

а) халқаро ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш тартибини;

б) қуйидагиларни:

олиб кириладиган ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган "Евро-5" ва "Евро-6" экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситалари, шунингдек, автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва яримтиркамаларни;

транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлашни;

в) чек бериш ёки йўловчининг юрганлигини электрон қайд этиш имконияти мавжуд бўлиши шарти билан йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши ҳақидаги талабларни;

г) қуйидагиларнинг:

автомобиль транспортида юк ташиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорларнинг;

корхона штатида белгиланган тартибда аттестациядан ўтган автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва ташиш хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган мутахассиснинг алоҳида бирлиги мавжуд бўлиши шарти билан юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши тўғрисидаги талабларни;

д) автомобиль транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги талабларни бекор қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ижара шартномаларини тасдиқлаш учун амалдаги давлат божи миқдори икки маротаба камайтирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар, шу жумладан, қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи "UzTrans" ягона интерактив ахборот тизими (кейинги ўринларда - ахборот тизими) яратилишини таъминласин:

лицензиатларнинг шахсий кабинети фаолият юритиши;

автомобилда халқаро ташишга хорижий ва/ёки кўп томонлама рухсатномаларни миллий ташувчилар ўртасида автоматик равишда чораклар бўйича тақсимлаш;

йўловчилар ва юкларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро, халқаро ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар, автомобилда халқаро ташишга хорижий ва/ёки кўп томонлама рухсатномалар, шунингдек, ЮХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда Юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги конвенцияга (Женева шаҳри, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ ЮХЙТ(CARNET TIR) дафтарчасидан фойдаланишга рухсатномалар олишга талабгорларнинг аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш босқичини кўрсатган ҳолда қайта ишлаш;

лицензиатлар ва жисмоний шахслар ўртасида тузиладиган автотранспорт воситаларининг ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобини юритиш.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ўн кун муддатда ахборот тизими жорий этилгунига қадар мамлакатлар бўйича халқаро автомобилда ташишга хорижий ва/ёки кўп томонлама рухсатномалар мавжудлиги тўғрисида доимий янгиланадиган ахборотнинг вазирлик веб-сайтида эълон қилинишини таъминласин.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019 йил 1 июлдан бошлаб:

йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар ва радиоалоқа воситалари алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин;

йўналишсиз такси рангини қонун ҳужжатларида талаб қилинган рангга мувофиқ ҳолга келтириш учун уларни бўямасдан ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади;

йўналишсиз таксилар сифатида фойдаланиладиган ҳамда ягона ички ва ташқи белгилар билан жиҳозланган енгил автомобиллар йўналишли транспорт воситалари учун махсус ҳаракат йўналишида ҳаракатланиши ҳамда "Тўхташ тақиқланади" белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташи мумкин;

халқаро автомобилда ташишга хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун аризалар улар олинган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида кўриб чиқилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

а) енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларга эга юридик шахсларни:

ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси мавжуд бўлмаганда, унинг расмийлаштирилишини таъминлаган ҳолда, уларнинг мавжудлиги;

автотранспорт воситаларидан лицензия карточкаларисиз фойдаланилаётган давлат рақами белгилари қайтарилиши чораларини кўрган ҳолда йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган автотранспорт воситаларига махсус сериялардан берилган давлат рақами белгиларининг амалдаги лицензия карточкаларига мувофиқлиги юзасидан хатлов ўтказсин;

б) автомобиль транспортида юк ва йўловчиларни ташиш хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар киритсин;

в) ҳимояланган телекоммуникация каналлари ёрдамида "Транспорт воситалари ҳисоби", "Техник кўрик" ва "UzТrans" ахборот тизимларининг самарали идоралараро интеграциясини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.


6. 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг оғирлик ва габарит параметрларини аниқлаш учун автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ва кўчма шохобчаларни ташкил этиш тартиби жорий этилсин.

Транспорт вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар автомобиль йўлларида давлат-хусусий шериклик объектлари рўйхатини, регламентни ва инвесторларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида танлаб олиш механизмини назарда тутувчи оғирлик ва габарит назорати бўйича махсус пунктларни ташкил этиш юзасидан фаолиятни амалга ошириш тартибини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Қуйидагилар:

Йўловчи ва юк ташишни янада ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" 1-иловага мувофиқ;

Транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан хорижий давлатлар билан музокаралар ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги бир ой муддатда:

Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда якка тартибдаги тадбиркорларга рухсат бериш тартиботларини соддалаштириш ва минималлаштириш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат буюртмачилари, шу жумладан, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг автомобиль транспортида юк ташиш хизматлари кўрсатишни махсус электрон савдо майдончасида электрон савдо якунлари бўйича харид қилиш ва хизмат кўрсатишини назарда тутувчи тартибни жорий этиш ҳақидаги таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа идоралар билан биргаликда хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши, чиқиши, транзит ўтиши (алоҳида юклар ва ҳарбий контингентлардан ташқари) ва ҳудудда бўлиши тартибини, шу жумладан, республикага кираётган хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг бўлиши муддатларини оптималлаштиришни назарда тутган ҳолда янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий ташувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган икки пункт оралиғида юк ва йўловчилар ташиш амалга оширилганлиги, шунингдек, рухсат этилган оғирлик ва габарит параметрлари оширилганлиги учун таъсир чораларини қўллаш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 20 февралда Женева шаҳрида имзоланган электрон юк хатига тегишли Юкларни халқаро йўлларда ташиш (ЮХЙТ) шартномаси тўғрисидаги конвенциянинг Қўшимча баённомасига қўшилиши тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда миллий транспорт-экспедиторлик ташкилотлари томонидан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ билан транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш юзасидан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, мазкур шартномаларни тузган ташкилотлар рўйхатини ошкора эълон қилиш тартибини ўрнатсин.


9. 2022 йил 1 январгача авиация ёқилғиси, локомотивлар, темир йўл вагонлари ва бутловчилар (ТИФ ТН коди 8601-8607), барча типдаги юк контейнерлари (ТИФ ТН коди 8609), учиш аппаратлари (ТИФ ТН коди 8802) ҳамда ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8701 20, 8704 23 (самосваллардан ташқари), 8716 31, 8716 39) божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно). Бунда республикага олиб кириладиган авиация ёқилғиси ўрнатилган тартибда қўшилган қиймат солиғига тортилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Н.С. Отажонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



*) 2-илова берилмайди.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 6 мартдаги

ПҚ-4230-сон қарорига

1-ИЛОВА



Йўловчи ва юк ташишни янада ривожлантириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Тадбирлар


Амалга ошириш

шакли ва механизми


Ижро

муддатлари


Масъул ижрочилар

I. ТРАНСПОРТ СОҲАСИНИ БОШҚАРИШ

ЖАРАЁНЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Транспорт соҳасида миллий қонунчиликни хатловдан ўтказиш ва уни халқаро нормалар билан уйғунлаштириш.


Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш


2019 йил 

1 декабргача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

Адлия вазирлиги (Истамов), Ўзстандарт (Саттаров),

Бош прокуратура (Саидкаримов)


2.

Ташиш жараёнларини бошқариш бўйича дастурий таъминот ишлаши ва транспорт воситаларининг йўллардаги ҳаракатланиш тезлигини масофадан кузатиш, автотранспорт воситаларининг техник ҳолати ва сафар олди техник кўрикдан ўтганлиги ҳамда ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигини назорат қилиш имкониятини берувчи электрон тизимининг ягона минимал стандартларини тасдиқлаш.


Идоравий ҳужжат

2019 йил 

1 апрелгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Содиқов),

ИИВ (Бобожонов),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов)


3.

Йўловчилар ва юк ташишларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш тартиби тўғрисида Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил 

1 июнгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

Молия вазирлиги (Хайдаров),

Адлия вазирлиги (Давлетов)


4.

Автомобиль транспортида йўловчилар ва юк ташиш хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш.


Қонун лойиҳаси

2019 йил

1 августгача

ИИБ (Бобожонов),

Транспорт вазирлиги (Махкамов)


5.

Жамоатчилик кузатуви механизмларидан фойдаланган ҳолда автомобиль транспортида йўловчилар ва юк ташиш фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 сентябргача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

ИИВ (Бобожонов)


6.

Етакчи хорижий компанияларни жалб этган ҳолда, Тошкент шаҳрида йўловчи транспорти фаолиятини тубдан такомиллаштириш Концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2019 йил 

1 июлгача

Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев), "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ (Валиев)


7.

"Тошшаҳартрансхизмат" АЖнинг автобус паркларидаги ҳиссасини ишончли бошқарувга ўтказиш ёки хусусий мулкка сотиш чора-тадбирларини кўриш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 июлгача


Давлат активларини

бошқариш агентлиги (Жўраев),

Транспорт вазирлиги (Дехканов),

Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев)


8.

Темир йўл ва ҳаво ташишлари соҳасида:

юк ҳужжатларини расмийлаштиришни амалга ошириш, ташиш учун ҳисоб-китоблар қилиш;

ҳаво кемалари, вагонлар ва контейнерларнинг тўлганлиги даражаси ҳамда поездлар ҳаракатини онлайн тарзда мониторинг қилиш;

вагонлар ва контейнерлар ҳаракатларини, шу жумладан мобил телефонлар учун иловалардан фойдаланган ҳолда, масофадан кузатиш имкониятини яратувчи электрон тизимни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 июлгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ (Хосилов), "Ўзбекистон ҳаво йўллари" АЖ (Хакимов)


9.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги 994-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомга лицензиялашни соддалаштириш ва назорат тизимини такомиллаштиришни ҳисобга олиб, шу жумладан "тижорат асосида амалга ошириладиган ташишлар" тушунчасини изоҳлашни назарда тутган ҳолда, ўзгартиришлар киритиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил 

1 июнгача

Транспорт вазирлиги (Махкамов),

ИИВ (Бобожонов),

Адлия вазирлиги (Давлетов)


10.

Ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситаларининг нарх сиёсатини, техник конфигурацияси ва турларини миллий автотранспорт компанияларининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олиб, қайта кўриб чиқиш.


Идоравий ҳужжат

2019 йил 

1 апрелгача

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ғуломов), Ўзавтосаноат (Умурзоқов), Монополиядан чиқариш қўмитаси (Шарипов), Молия вазирлиги (Хайдаров)


11.

Миллий экспорт қилувчиларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш, шу жумладан экспорт қилинадиган миллий товарлар ташишни субсидиялаш тартибини жорий этиш йўли билан.


Таҳлилий маълумот шаклида хулоса

2019 йил

1 апрелгача

Молия вазирлиги (Хайдаров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков)


12.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро юк ташишларига ихтисослаштирилган транспорт-логистика қўшма корхоналарини ташкил этиш учун етакчи хорижий транспорт компанияларни жалб этиш чораларини кўриш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 октябргача

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков),

Транспорт вазирлиги (Махкамов)


13.

Миллий, шу жумладан миллий ташувчиларнинг хориждан орқага қайтишида юклар юкланиши бўйича ихтисослаштирилган ва ягона электрон логистик порталнинг оператори ҳисобланган миллий экспедиторлик компаниясини ташкил этиш юзасидан таклифларни киритиш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 июнгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),  Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков)


14.

Қора денгиз ҳавзаси, Каспий ва Ўрта ер денгизлари, Форс кўрфазининг йирик денгиз портларида ҳамда трансконтиненталь денгиз туташмаларида жойлашган портларда ваколатхоналар, фронт-офислар ва стивидор компанияларни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 июнгача

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков),

Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов), Савдо саноат палатаси (Икрамов)


15.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси ва Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги бизнес ва бошқарув Республика олий мактабида "Логистика ва етказиб бериш тизимини бошқариш" йўналиши бўйича юқори малакали мутахассислар ва бошқарув кадрларини тайёрлаш жараёни ташкил қилиш, бунда етакчи хорижий мутахассислар ҳамда логистика ва етказиб бериш тизимини бошқариш соҳасида таълим муассасаларини жалб қилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил

1 апрелгача

Давлат бошқаруви Академияси (Касимов Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги бизнес ва бошқарув Республика олий мактаби (Абдураупов)


16.

"Транспорт логистикаси" йўналиши бўйича юқори малакали мутахассислар ва бошқарув кадрларини тайёрлашни ташкил этиш самарадорлигини ошириш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

1 апрелгача


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов),

Транспорт вазирлиги (Махкамов)


17.

Миллий олий таълим муассасаларида авиация соҳасида мутахассислар тайёрлашни тиклаш бўйича таклифлар киритиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил 

1 апрелгача


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов),  Транспорт вазирлиги (Махкамов)


18.

Илғор хорижий ишланмаларни жорий этган ҳолда, ҳудудий режалаштириш учун транспорт макро ва микро моделлаштиришни ишлаб чиқиш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 сентябргача


Транспорт вазирлиги (Махкамов)


19.

Тақсимлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этган ҳолда автомобилда халқаро ташишлар учун хорижий ва/ёки кўп томонлама рухсатномаларни тақсимлаш шартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Идоравий ҳужжат

2019 йил 

1 июлгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

Бош прокуратура (Мавлонов)


20.

Амалга оширилаётган халқаро автомобилда юк ташиш турини белгилаш мезонлари ва тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Идоравий ҳужжат

2019 йил 

1 июлгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

ДБҚ (Азимов)


21.

"Ўзбекистон - Тожикистон - Хитой" йўналиши бўйича тажриба-синов автокарвонини ташкил этиш.


Ташкилий тадбирлар


2019 йил 

1 сентябргача


Транспорт вазирлиги (Махкамов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков),  Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов)


II. ЙЎНАЛИШЛИ ТАКСИЛАРДА ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШ

ЖАРАЁНЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

22.

Йўналишли таксилар учун мўлжалланган автотранспорт воситаларининг махсус серияли давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

2019 йил 

1 июнгача


ИИВ (Бобожонов)


III. ЙЎЛ, ЙЎЛ ЁҚАСИ ВА БОШҚА ИНФРАТУЗИЛМАЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

23.

Жанубий-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё, МДҲ ва Европа пунктлари ўртасида трансферт оқимига хизмат кўрсатиш марказини босқичма-босқич ташкил этишга қаратилган Марказий Осиё хаби Концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш.


Концепция лойиҳаси

2019 йил 

1 сентябргача


Транспорт вазирлиги (Махкамов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков),  Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов)


24.

Халқаро стандартларга етказиш мақсадида аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳамда аэродромларни самолётлар оқими кўпайиши эҳтимолига тайёрлаш (зарур таъмирлаш ишларини амалга ошириш, учиш-қўниш йўлаги ва перронлар тураргоҳлари сонини кўпайтириш).


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

2019 йил 

1 июнгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК (Хакимов)


25.

Аэропортларнинг ноавиация даромадларини ошириш учун чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш, аэропортлар ҳудудида хизматларни тақдим этиш учун хусусий секторга рухсат бериш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

2019 йил 

1 июнгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК (Хакимов)


26.

Йўловчиларга зарур қулайликлар ва хавфсизлигини таъминлаш учун ишлаб турган темир йўл вокзалларини халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида (симсиз интернетдан эркин фойдаланиш, чипта кассаларига электрон навбатлар, йўловчиларни хабардор қилишнинг марказлашган тизими, хавфсизлик чораларини кўриш, имконияти чекланган йўловчилар ёки оғир багаж билан саёҳат қилаётганларга қулайлик яратиш) модернизация қилиш ва жиҳозлаш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 декабргача

"Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ (Хасилов)


27.

Ишлаб турган автовокзаллар, автостанциялар ва тўхташ бекатларига эгалик қилиш шартларини қайта кўриб чиқиш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 апрелгача


Транспорт вазирлиги (Махкамов),

Молия вазирлиги (Хайдаров),

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


28.

Автовокзаллар, автостанциялар, тўхташ бекатларини қуриш, реконструкция қилиш ва бошқаришга, томонларнинг мажбуриятлари ва объектлар жойлашуви стандартларини аниқ белгилаб, тадбиркорлик субъектларини давлат-хусусий шериклик асосида жалб этиш.


Ташкилий тадбирлар

Доимий

асосда

Транспорт вазирлиги (Махкамов),

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Бекенов),

Молия вазирлиги (Хайдаров),

Адлия вазирлиги (Давлетов)


29.

Ахборотларни махсус сайтда жойлаштириш, аҳоли ва йўловчилар учун йўналишлар, ҳаракат жадваллари, хизматлар ва бошқа зарурий маълумотлар ҳақида ахборот базаларидан эркин фойдаланишни назарда тутувчи, жамоат транспорти фаолияти ҳақида хабардор қилиш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўли билан йўловчиларни ахборот билан таъминлаш даражасини ошириш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 сентябргача

Транспорт вазирлиги (Махкамов),

"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ (Валиев)


30.

Авиация ёқилғисини импорт қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш, шу жумладан аэропортлар ҳудудида ҳаво кемаларига узлуксиз хизмат кўрсатиш учун тадбиркорлик субъектлари ва хорижий компанияларни жалб қилишни ташкил этиш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил 

1 апрелгача

Энергетика вазирлиги (Султонов)

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК (Хакимов), "Ўзбекнефтгаз"  АЖ (Сиддиков)


31.

Оғир юк ташувчи ва йирик габаритли транспорт воситаларининг "Қамчиқ" довони орқали ўтишини, шу жумладан ташишларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари учун Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари бўйлаб муқобил айланма йўллардан фойдаланиш бўйича шарт-шароитлар яратиш йўли билан камайтириш юзасидан чораларни кўриш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил

давомида

Транспорт вазирлиги (Махкамов),

ТИВ (Камилов)


32.

Темир йўл ташувлари соҳасида фаолиятни амалга оширишга, шу жумладан асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган меҳмонхона ва бошқа мол-мулкини тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида бериш ёки сотиш бўйича таклифларни киритиш йўли билан, тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш чораларини кўриш.


Ташкилий тадбирлар

2019 йил

1 июлгача

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ (Хасилов)


33.

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда, оғир вазнли ва/ёки йирик габаритли юкларни ташиш учун махсус рухсатнома олиш тартибини соддалаштириш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

1 августгача


Транспорт вазирлиги (Абдувалиев)


34.

Йўл ёқаси инфратузилмаси объектларини (кемпинг, парковка, мотел, умумий овқатланиш шохобчаси, санитар пункти ва бошқаларни) хориж тажрибасидан келиб чиқиб, давлат-хусусий шериклик асосида республиканинг транзит йўлаклари бўйлаб жойлаштириш ва қуриш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил 

1 июнгача

Транспорт вазирлиги (Абдувалиев),

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Бекенов),

Қурилиш вазирлиги (Тухтаев)


IV. ТРАНЗИТ САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

35.

Хорижий ташувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида йўловчилар ва юклар ташишни амалга оширгани, шунингдек, катта габаритлар бўйича чекланган параметрларидан ошганлиги учун жавобгарлик чораларини белгилаш.


Қонун лойиҳаси

2019 йил 

1 августгача

Транспорт вазирлиги (Махкамов), ИИВ (Бобожонов),

ДСҚ (Мусаев),

ДБҚ (Азимов)


36.

Хорижий ташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш муддатларига нисбатан мос чораларни кўриш тартибини жорий этиш, республика ҳудудида узоқ муддат бўлиш учун рухсатномани фақатгина асосланган сабаблар мавжудлигида тақдим этиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил 

1 апрелгача


Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов), ИИВ (Бобожонов), ДБҚ (Азимов)


37.

Ўзбекистон Республикасининг ТРАСЕКА Ҳукуматлараро Комиссиясининг Доимий Котибиятини ҳамкорликда молиялаштириш тўғрисида 2005 йил 21 апрелдаги Битимга қўшилиши йўли билан ТРАСЕКА доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритиш.


Таҳлилий маълумот кўринишида хулоса

2019 йил 

1 апрелгача


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов), Молия вазирлиги (Хайдаров)


V. ТАШУВЧИЛАР ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ЭГАЛАРИНИНГ

ФУҚАРОЛИК ЖАВОБГАРЛИКЛАРИНИ МАЖБУРИЙ СУҒУРТАЛАШ

МЕХАНИЗМЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

38.

Ташувчилар ва транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарликларини мажбурий суғурталаш механизмларини, шу жумладан суғурта қопламаси миқдорини ошириш, суғурта компанияларини республика ҳудудига (божхона) кириш жойларида жойлаштириш тартибини белгилаш масалаларини назарда тутган ҳолда такомиллаштириш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

1 апрелгача

Молия вазирлиги (Хайдаров)


39.

Хорижий транспорт воситаларини қўшалоқ суғурталаниши ҳолатларига йўл қўймаган ҳолда, автосуғуртанинг ягона намуналари қўлланишини таъминлаш.


Ташкилий тадбирлар

Доимий

асосда

Молия вазирлиги (Хайдаров),

Транспорт вазирлиги (Махкамов)


VI. ТРАНСПОРТ СОҲАСИДА ТАРИФЛАР, ЙИҒИМЛАР ВА ТЎЛОВЛАРНИ

БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

40.

Давлатлар ва маҳсулотлар кесимида рақобатбардош нархларни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, экспорт маҳсулотларини ташиш тарифларини оптималлаштириш.


Идоравий ҳужжатлар

2019 йил 

1 июнгача


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков),

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ (Хосилов), "Ўзбекистон ҳаво йўллари" АЖ (Хакимов),

Транспорт вазирлиги (Махкамов)


41.

Хорижий давлатларнинг катта ҳажмли юк ташувчи автотранспорт воситалари учун йўл йиғимлари километрли ёки вақтбай ҳисоблаш тизимини жорий этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш, Ўзбекистон Республикасида халқаро тажрибани, асосан давлат-хусусий шериклик асосида қўллаш юзасидан таклифларни киритиш.


Таҳлилий маълумот кўринишида хулоса

2019 йил 

1 апрелгача

Транспорт вазирлиги (Махкамов),

Молия вазирлиги (Хайдаров),

ДБҚ (Азимов),

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Бекенов)


    

     

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 март


"Халқ сўзи", 2019 йил 8 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 март, 10-сон, 176-модда