ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Аёлларга, ёшларга ва айрим тоифадаги ходимларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.03.2019 й. ПҚ-4235-сон "Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.03.2019 й.

N ПҚ-4235



ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ

МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИНИ

ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ ВА ТАДБИРКОРЛИК

ФАОЛИЯТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА

ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг вазифалари қайта кўриб чиқилди, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди, шунингдек, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди.

Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Жумладан, узоқ муддат бола парваришлаш билан банд бўлган аёлларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича қайта тайёрлаш борасидаги ишлар етарлича ташкил этилмаган.

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 майдан:

аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади;

тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади;

бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;

икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;

аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;

эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.


2. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари кўмагида нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган "Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари"ни (кейинги ўринларда марказлар деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


3. Қуйидагиларни марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилаш тавсия этилсин:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш;

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш;

аёлларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам бериш, шу жумладан, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини танлаш ва қўллаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш;

зарур ҳолларда, фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш;

тадбиркор аёлларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, ишончли ҳамкорларни топиш, минитехнологиялар ва ускуналар сотиб олишда кўмаклашиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишига кўмаклашиш;

норасмий фаолият юритаётган ҳунарманд аёлларга рўйхатдан ўтиш, "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиш.


4. Белгилаб қўйилсинки:

марказлар бизнес-инкубатор шаклида хотин-қизларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолиятини, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил этилади;

марказларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва асосий вазифалари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган харажатлар Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига тижорат банкларига кредит ажратиш учун берилган ресурслардан ҳисобланган фоиздан келиб тушган маблағлар (банк маржасидан ташқари) ҳамда халқаро ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар туман (шаҳар) ҳокими ва туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилади;

махсус ўқитиш дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизлар орасидан тегишли туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими тавсиясига кўра тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилдан кам бўлмаган муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 2019 йил 31 декабргача йиллик 8 фоизли ставкада, 2020 йил 1 январдан - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасида, 2021 йил 1 январдан эса тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда ҳамда ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни кредитлаш тартиби асосида кредитлар ажратилади;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан АТ Халқ банки, "Микрокредитбанк" АТБ ҳамда "Агробанк" АТБга ҳар йили ажратиладиган 100 миллиард сўм миқдоридаги ресурс маблағлари кредит маблағларининг манбаи бўлиб ҳисобланади. Мазкур ресурс маблағларининг камида 50 фоизи қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бир ой муддатда кредит олиш учун тавсия бериш жараёнини адолатли ва шаффофлигини таъминловчи тартибни тасдиқласин.

Тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш механизми қўлланилади.

7. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан биргаликда икки ой муддатда:

а) қуйидагиларни назарда тутувчи "Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

гендер тенглик тушунчаси ва турлари;

ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари;

давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллаш, кредит олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлашга оид нормалар;

гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек бундай бузилишга олиб келадиган қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик;

б) қуйидагиларни назарда тутувчи "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

маиший, иш жойидаги ва таълим муассасаларидаги тазйиқ ва зўравонликлар турлари;

ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари;

тазйиқ ва зўравонликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик;

судгача ва суд жараёнида тазйиқ ва камситишларга дучор бўлган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган процессуал кафолатлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Хотин-қизлар қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Марказий банк, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2-иловага мувофиқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика комиссияси томонидан тавсия этилган минимал гендер кўрсаткичлар ва бошқа маълумотларнинг "Gender.stat.uz" веб-сайтига жойлаштирилишини ва маълумотларни доимий равишда янгиланиб борилишини таъминласин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда марказларни барча шароитларга эга бўлган хизмат хоналари билан таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларини хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқлари камситилиши ҳолатлари мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиб, тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.И. Баситханова зиммасига ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзоқов зиммасига Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар ва лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия ташкилотлари, биринчи навбатда, аёлларни қўллаб-қувватлашга ихтисослаштирилган ташкилотларнинг техник кўмак воситалари ва кредитларини жалб қилиш бўйича доимий ва тизимли равишда зарур ташкилий-амалий чоралар кўриш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К. Нарбаева ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 7 мартдаги

ПҚ-4235-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Gender.stat.uz" веб-сайтига жойлаштирилиши

лозим бўлган минимал гендер кўрсаткичлар

ва бошқа маълумотлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Кўрсаткичлар номланиши


Маълумотларни шакллантириш

учун масъул орган


1.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида ҳақ тўланмайдиган уй ишларини бажаришда сарфланган ўртача соатлар сони

(имконият бўлганида, уй ишларида ва болаларни парвариш учун сарфланган вақт алоҳида кўрсатилсин)


Давлат статистика қўмитаси

2.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида биргаликда ҳақ тўланадиган ва ҳақ тўланмайдиган уй ишлари учун сарфланган ўртача соатлар сони (юкламанинг умумий ҳажми)


Давлат статистика қўмитаси

3.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида 15-24 ёш, 15 ёш ҳамда ундан катта ёшдагиларнинг (15 +) ишчи кучида иштироки коэффициенти


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

4.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида банд бўлганлар умумий сонида ўзини-ўзи банд қилганларнинг улуши


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


5.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида ишчилар таркибидан банд бўлганлар улуши, оилавий бизнесига даромад олиб келаётганлар


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


6.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида иш берувчилар таркибидан банд бўлганлар улуши


Давлат статистика қўмитаси

7.

Аёллар эгалик қилаётган фирмалар фоизи


Адлия вазирлиги

8.

Хотин-қизлар ва эркакларнинг секторлар кесимида бандлик фоизи (секторлар деб, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш каби соҳалар тушунилади)


Давлат статистика қўмитаси

9.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида қишлоқ хўжалигида банд бўлмаганлар сонига нисбатан норасмий секторда банд бўлганлар фоиз ҳисобида


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


10.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида 15-24 ёшлилар ўртасида ёшлар ишсизлиги коэффициенти


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


11.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида кредитларни олиш имкониятига эга бўлган аҳоли сони


Давлат статистика қўмитаси

12.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида ер мулкига эга бўлган катта ёшли аҳоли сони


Давергеодезкадастр қўмитаси

13.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида ҳақ тўлашдаги фарқ


Давлат статистика қўмитаси

14.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида банд бўлганлар сонидан тўлиқ банд бўлмаганлар улуши


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


15.

25-49 ёшлилар 3 ёшгача бўлган фарзанди билан ва фарзандсиз уй хўжалигида яшаётган кишилар орасидаги бандлик коэффициенти


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


16.

Тарбияси сусткашлик билан олиб борилаётган 3 ёшга тўлмаган болалар сони


Давлат статистика қўмитаси

17.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида интернетдан фойдаланаётган шахслар улуши


Давлат статистика қўмитаси

18.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида мобил/уяли алоқа воситаларидан фойдаланаётганлар улуши


Давлат статистика қўмитаси

19.

Оммавий ахборот воситаларидан (радио, телевидение, интернет) фойдаланаётган уй хўжаликлари улуши, уй хўжаликлари бошлиғи Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида


Давлат статистика қўмитаси

20.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида ёшлар саводхонлиги даражаси (15-24 ёшлилар орасида)


Давлат статистика қўмитаси

21.

Ўғил болалар ва қизлар кесимида бошланғич таълим билан қамраб олинганларнинг аниқлаштирилган коэффициенти


Давлат статистика қўмитаси

22.

Ўғил болалар ва қизлар кесимида ўрта таълим билан қамраб олиш умумий коэффициенти


Давлат статистика қўмитаси

23.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида мактабдан кейинги таълим билан қамраб олиш умумий коэффициенти


Давлат статистика қўмитаси

24.

Бошланғич, ўрта, мактабдан кейинги таълим билан қамраб олиш даражаси бўйича гендер тенглиги индекси


Давлат статистика қўмитаси

25.

Фан, муҳандислик, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳалари битирувчилари орасида аёллар улуши


Давлат статистика қўмитаси

26.

Мактабдан кейинги таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибида аёлларнинг улуши


Давлат статистика қўмитаси

27.

Ўғил болалар ва қиз болалар кесимида бошланғич таълимнинг 1-синфига қабул қилинганларнинг аниқлаштирилган коэффициенти


Давлат статистика қўмитаси

28.

Ўғил болалар ва қиз болалар кесимида бошланғич таълимни тугатганлик коэффициенти


Давлат статистика қўмитаси

29.

Ўғил болалар ва қиз болалар кесимида ўрта таълимнинг биринчи босқич битирувчиларнинг умумий коэффициенти


Давлат статистика қўмитаси

30.

Ўғил болалар ва қиз болалар кесимида бошланғич таълимдан таълимнинг ўрта бўғинига ўтиш коэффициенти (умумий дастурлар)


Давлат статистика қўмитаси

31.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида 25 ёш ва ундан катталар таълим олганлиги даражаси


Давлат статистика қўмитаси

32.

15-49 ёшли турмушга чиққан аёллар ҳамда иттифоқда яшаётган аёллар орасида контрацептик воситаларидан кенг фойдаланилганлик кўрсаткичи (%)


Давлат статистика қўмитаси

33.

Ўғил болалар ва қиз болалар кесимида 5 ёшга тўлмаган болалар ўлими (ҳолатлар сони)


Давлат статистика қўмитаси

34.

Оналар ўлими коэффициенти


Давлат статистика қўмитаси

35.

Перенатал парваришлаш/хизмат кўрсатиш доираси (%)


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

36.

Малакали тиббиёт ходимлари томонидан парвариш қилинган туғилишлар сони


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

37.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида 15 ёшлилар ва ундан катталар ўртасида тамаки маҳсулотларни истеъмол қилиш тарқалганлиги (%)


Давлат статистика қўмитаси

38.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида ортиқча вазн (семизликдан) азият чекаётган катта ёшлилар улуши


Давлат статистика қўмитаси

39.

15-49 ёшлилар орасида ОИВ/ОИТС ташхиси билан касалланган аёллар улуши (сони)


ОИТС маркази

40.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида ретровирусларга қарши даволанаётганлар сони


ОИТС маркази

41.

Хотин-қизлар ва эркаклар кесимида 60-64 ёшлилар ўртача умр кўриши эҳтимоли юқори бўлганлар (%)


Давлат статистика қўмитаси

42.

Ёши катталарнинг вафот этиши (сабаблар ва ёш бўйича тоифалари кесимида)


Давлат статистика қўмитаси

43.

Вазир (вазирга тенглаштирилган) лавозимларда фаолият кўрсатаётган аёллар улуши


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси


44.

Миллий Парламентда аёллар эгаллаган лавозимлар (депутатлик ўринлари) улуши


Марказий сайлов комиссияси

45.

Бошқарув лавозимларида фаолият кўрсатаётган аёллар улуши


Давлат статистика қўмитаси

46.

Ички ишлар ходимлари сонидан аёллар улуши


Ички ишлар вазирлиги

47.

Судьялар орасида аёллар улуши


Олий суд

48.

Жинсий шериги бўлган, шунингдек сўнгги 12 ойи давомида амалдаги ёки олдинги жинсий шериклари томонидан жинсий ва/ёки жисмоний зўрланишга дучор бўлган (15-49 ёшдагилар) аёллар улуши


Ички ишлар вазирлиги

49.

Яқин шерик ҳисобланмаган шахслар томонидан жинсий зўрланишга дучор бўлган аёллар, 15 ёшли ва ундан катталар (15-49 ёшдаги аёллар) улуши


Ички ишлар вазирлиги

50.

Аёлларнинг жинсий органларида майиб (мажруҳ) қилувчи операциялар тарқалгани / кесишлар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

51.

20-24 ёшда турмуш қурган аёллар сонидан 18 ёшга тўлмасдан қонуний ёки ноқонуний турмуш қурган аёллар улуши


Давлат статистика қўмитаси

52.

Ўсмир қизлар орасида эрта туғруқлар фоизи


Давлат статистика қўмитаси

53.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари давомида нафақа олган фуқаролар сони


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


54.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалар манбалари тўғрисида маълумотлар


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги


          

Изоҳ: "Gender.stat.uz" веб-сайтига жойлаштирилиши лозим бўлган кўрсаткичлар Давлат статистика қўмитасига тақдим қилинади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 март


"Халқ сўзи", 2019 йил 12 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 март, 10-сон, 180-модда












































Время: 0.1445
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск