язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Туризм/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.03.2019 й. ПҚ-4229-сон "Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.03.2019 й.

N ПҚ-4229



ТРАНСПОРТ ВА ТУРИЗМ ОБЪЕКТЛАРИДА

ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ

САМАРАЛИ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШГА ОИД

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Ўтган давр мобайнида республиканинг туризм салоҳиятини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди, туристлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг ташриф учун хавфсиз мамлакат сифатидаги обрўсини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўрилди.

Хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича яратилган тизим туризм жойларида ҳамда туристлар томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш учун фаол фойдаланилаётган темир йўл ва ҳаво-транспорт инфратузилмаси объектларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларини ўзида бирлаштирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5611-сон ҳамда 2019 йил 1 февралдаги "Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5647-сон фармонларига мувофиқ, шунингдек, транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини самарали таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида жорий этилаётган Хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини (кейинги ўринларда - Концепция) Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида татбиқ этиш ва босқичма-босқич амалга ошириш;

ички ишлар органларининг белгиланган штатлар сони доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ички ишлар бошқармаларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаларини (кейинги ўринларда - бошқармалар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Бошқармалар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

бевосита туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари хизматини самарали ташкил қилиш;

ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш борасидаги фаолиятига ахборот-техник жиҳатдан кўмаклашиш, улар ўртасидаги ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлик устидан қатъий назорат ўрнатиш;

туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида криминоген вазиятни тизимли таҳлил қилиш, туристларга нисбатан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда - Департамент) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Департаментнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

метрополитен, темир йўл, ҳаво-транспорт ва туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида (кейинги ўринларда - транспорт ва туризм объектлари) жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;

транспорт ва туризм объектлари ҳудудларида криминоген вазиятни тизимли таҳлил қилиш, йўловчи ва туристларга нисбатан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш;

йўловчиларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиладиган товар-моддий бойликларнинг бутлиги ва қўриқланишини самарали таъминлаш;

транспорт ва туризм объектларида террористик таҳдидларни, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиактив, заҳарли, кучли таъсир қилувчи ва заҳарловчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни ташкил қилиш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда транспорт ва туризм объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг марказлашган мувофиқлаштирилган бошқарувини амалга ошириш.

3. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг Хавфсиз туризм бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига (кейинги ўринларда - хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари) шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни, шу жумладан автотранспортда ҳаракатланиш вақтида кузатиб бориш ҳамда моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга;

транспорт объектларида, биринчи навбатда туризм йўналишдаги поездларда хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича функциялар транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари томонидан амалга оширилади;

транспорт объектларида содир этилган жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабар ва аризаларни ҳисобга олиш ва қайд этиш марказлашган тартибда транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмаларининг навбатчилик қисмлари томонидан амалга оширилади;

транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудларда содир этилган жиноятлар билан боғлиқ баҳсли материалларни кўриб чиқишга доир қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг соҳавий ва минтақавий назоратни таъминлаш юзасидан бириктирилган ўринбосари томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

туризм йўналишидаги темир йўл транспортида ҳаракатланиш давомида содир этилган, тегишлилиги бўйича ички ишлар органларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш уларда жамоат тартибини самарали таъминлаш учун кузатувчи профилактика инспекторлари лавозимларини босқичма-босқич жорий этиш орқали бевосита поездларнинг ўзида амалга оширилади;

темир йўл вокзаллари ва аэропортлар атрофида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилишининг олдини олиш ва чек қўйиш ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.


4. Белгилансинки:

хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари жойларда Концепциянинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ишчи орган сифатида фаолият олиб боради;

хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ўз хизмат фаолиятида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланадиган алоҳида фарқловчи белгилар, автотранспорт воситаларида ягона светографик схемалар ҳамда эмблемадан фойдаланишлари мумкин;

бошқарма бошлиқлари бир вақтнинг ўзида тегишлича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари ҳисобланади;

бошқармаларга Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ички ишлар органларининг турдош бўлинмалари учун қонунчиликда белгиланган кадрларни танлаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;

Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари тегишли вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмаларининг Концепцияни амалга ошириш бўйича фаолияти устидан тизимли назоратни таъминлайдилар ҳамда уларнинг яқин ва самарали ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича шахсан жавобгар ҳисобланадилар;

ички ишлар органлари республикада хавфсиз туризмни таъминлаш аҳволини тизимли мониторинг қилади ҳамда туристлар оқими ва юзага келаётган тезкор вазият таҳлили асосида мазкур йўналишдаги иш самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига вақти-вақти билан таклифлар киритиб боради;

транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари фаолиятини кундалик тартибга солиш масалалари бўйича тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларига, хизмат ва тезкор фаолиятни ташкил этиш масалалари бўйича бевосита Бош бошқармага бўйсунади.


5. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилсин ҳамда уни шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига туристик (меҳмонхона) йиғимидан келиб тушадиган тушумларнинг 10 фоизи;

хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари томонидан тегишлилигига кўра уларга тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича ундирилган жарима маблағлари;

мазкур қарорга мувофиқ хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун келиб тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига Жамғарма маблағлари ҳисобидан:

хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини жорий қилиш ҳамда туризм намойиши ва инфратузилмаси объектларининг сони ҳамда ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳага фуқароларни шартнома асосида жалб қилиш;

хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари учун, қонунчиликда белгиланган бошқа қўшимча ҳақлардан қатъи назар, лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда рағбатлантирувчи устамалар жорий этиш ҳуқуқи берилсин.

Белгилансинки, Жамғарма маблағлари фақат қуйидагилар учун сарфланади:

хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларининг ходимларини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг касбий тайёргарлигини ошириш, улар томонидан илғор хорижий тажрибани, шу жумладан хорижий мамлакатларга чиқиш орқали ўрганиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш;

хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг қўшимча жорий этилган ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган штат бирликларини ҳамда шартнома асосида жалб қилинган фуқароларни молиялаштириш;

хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасида кўргазма ва ярмаркаларни ўтказиш, лойиҳа, дастур ва бошқа тадбирларни амалга ошириш.


8. 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида хавфсиз туризмни таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси" 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига "Йўл харитаси"да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва самарали амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


9. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига:

шартнома асосида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ маблағлари ҳисобидан туристик йўналишлар бўйича темир йўл поездларида профилактика инспекторларининг қўшимча штат бирликларини жорий этиш;

транспорт объектларида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва ўз вақтида чек қўйиш ҳамда фавқулодда ҳолатларда ҳаракатланиш мақсадида идоравий вертолёт техникаси имкониятларидан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилсин.


10. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари туризм объектлари ва инфратузилмаси ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини моддий-техник мустаҳкамлаш мақсадида уч ой муддатда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 3 тадан енгил автомобиль, 5 тадан скутер ва 5 тадан мотоциклларни бир марталик харид қилиш ва ажратиш чораларини кўрсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда:

икки ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, Бош бошқарма тузилмасида транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг марказлашган мувофиқлаштирилган бошқарувини амалга ошириш имконини берувчи ситуацион-таҳлилий марказни тузиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

транспорт объектларида, шу жумладан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Uzbekistan airports" АЖ маблағлари ҳисобидан интеллектуал видеокузатув тизимини жорий этишни ҳамда уни "Хавфсиз шаҳар" аппарат-дастурий комплексига босқичма-босқич интеграция қилишни таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида полиция тузилмалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан, шу жумладан ишчи сафарларни ташкил этган ҳолда учрашув ва музокараларни назарда тутувчи илғор хорижий тажрибани ўрганиш дастурини тасдиқласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

бир ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

янгидан ташкил этилаётган бўлинмаларнинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш мақсадида икки ой муддатда, фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда уларни жойлаштириш, жиҳозлаш, малакали мутахассислар билан тўлдириш ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирларини кўрсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, Жамғарма, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.


15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 6 мартдаги

ПҚ-4229-сон қарорига

5-ИЛОВА



2019 йилда Ўзбекистон Республикасида хавфсиз туризмни

таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"


Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш

шакли


Бажариш

муддати


Масъул ижрочилар


1.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ички ишлар бошқармалари тузилмаларида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаларини ташкил этиш бўйича қуйидагиларни назарда тутадиган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш:

ушбу бошқармаларни жойларда Хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича масъул этиб белгилаш;

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасининг хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси таркибида "Чорвоқ" эркин туристик зонаси ҳудуди табиий шароитларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ҳудудда хизмат олиб борувчи тегишли бўлинмани шакллантириш;

бошқармалар фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда тўлақонли фаолиятини таъминлаш мақсадида, уларни жойлаштириш, жиҳозлаш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш;

шахсий таркибни танлов асосида, хорижий тилларни биладиган малакали мутахассислар билан тўлдириш.


Ички ишлар вазири буйруғи

2019 йил

март

ИИВ

(Р.Хатамов, Ш.Мавлянов)

2.

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни, шу жумладан автотранспортда ҳаракатланиш вақтида кузатиб бориш ҳамда моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий тартибини белгилаш.


Тегишли норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2019 йил

март


ИИВ

(Ш.Мавлянов),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов)


3.

Жойларда Хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси талабларининг лозим даражада бажарилишини ташкил этиш бўйича қуйидагиларга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш:


1. Хизмат кўрсатиш ҳудудларида хавфсиз туризмни таъминлаш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳларини ташкил этиш ҳамда уларнинг таркибига Концепцияни амалга ошириш бўйича комиссия таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар вакилларини, шунингдек, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини киритиш;


2. Тегишли ҳудудларнинг ҳокимлари томонидан:

идоралараро гуруҳлар фаолиятини амалга ошириш тартиби ва асосий йўналишларини, шунингдек, уларнинг вазифалари, функциялари, ваколатлари ҳамда жавобгарлигини белгиловчи идоралараро гуруҳлар фаолияти тўғрисидаги низомларни;

идоралараро гуруҳларнинг хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи ярим йиллик чора-тадбирлар режаларини;

идоралараро гуруҳлар фаолияти устидан шахсий назорат ҳамда улар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда эшитиш механизмларини тасдиқлаш.


Вилоят ҳокимлари қарорлари

2019 йил

март

Тошкент шаҳар, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар


4.

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан бажарилган ишларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида уларнинг ташкилий-штат тузилмасини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда қайта кўриб чиқиш:

уларнинг тузилмасида хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасида янги тармоқ хизматлари ва гуруҳларини шакллантириш;

туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш учун фуқароларни шартнома асосида жалб этиш тартибини белгилаш;

мобиль патруллик гуруҳлари таркибини олий маълумотли ходимлар билан тўлдириш заруратини инобатга олган ҳолда, мазкур гуруҳларнинг сафдорлик лавозимларини босқичма-босқич офицерлик лавозимларига ўзгартириш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг белгиланган штат бирликлари доирасида Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси тузилмасини мустаҳкамлаш.


Ички ишлар вазири буйруғи

2019 йил

май

ИИВ

(Р.Хатамов, Ш.Мавлянов)


5.

Ички ишлар органларининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан хизмат фаолиятида алоҳида фарқловчи белгилар, транспорт воситаларининг ягона светографик схемалари ва эмблема намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилаш.


Ички ишлар вазири буйруғи

2019 йил

апрель

ИИВ

(Ш.Мавлянов, Р.Эргашев)


6.

Туристлар хавфсизлигини террористик таҳдидлардан ҳимоя қилишни тизимли таъминлаш мақсадида, ички ишлар органларининг ўз штат бирликлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги портлаш хавфи бўлган предметларни зарарсизлантириш бўйича ҳудудий бўлинмалар тузилмасида туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида хизмат кўрсатиш бўйича махсус отрядларни ташкил этиш (4-5 ходим).


Тегишли норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2019 йил

апрель

ИИВ

(Д.Назармухамедов, Р.Хатамов)


7.

Ички ишлар органлари хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларининг моддий-техник базасини, шу жумладан қуйидагилар билан жиҳозлашни назарда тутган ҳолда, босқичма-босқич мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш:

бўлинмаларнинг хавфсиз туризмни таъминлаш вазифаларини бевосита жойларда бажарадиган ходимларини электрон тарзда таржима қилувчи дастурий таъминотлар ва ахборот тизимларининг маълумотлар базасидан фойдаланиш имконини берадиган шахсий планшет компьютерлари;

туристлар гавжум бўладиган жойларда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни ўтказиш жараёнида вазиятни кузатиш имконини берувчи махсус воситалар билан жиҳозланган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автобуслар;

туризм объектлари, ўтиш қийин бўлган тоғли ҳудудлар ва сув ҳавзалари объектлари ҳудудида патруллик қилиш, шунингдек, туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш учун мўлжалланган транспорт воситалари;

туристлар иштирокидаги оммавий тадбирларни ўтказиш жараёнида вужудга келаётган вазиятни кузатиб туриш ҳамда туристик зоналарнинг ўтиш қийин бўлган тоғли ҳудудларидаги вазиятни визуал ўрганиш учун видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2019 йил

август

ИИВ

(Ш.Мавлянов, Р.Эргашев),

Молия вазирлиги

(А.Хайдаров)


8.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 23 ноябрдаги 939-сон қарорига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш:

Концепцияни амалга ошириш бўйича Комиссия раиси этиб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосарини белгилаш ҳамда унга мазкур йўналишдаги чора-тадбирларнинг сифати ва ўз вақтида ташкил этилиши юзасидан шахсий масъулият юклаш;

вилоятлардаги хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари учун белгиланган жамлаш тартиби, талаблар, имтиёз ва преференцияларни Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида янгидан ташкил этиладиган шу каби бўлинмаларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармасига ҳам татбиқ этиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2019 йил

апрель

ИИВ

(Ш.Мавлянов),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов)


9.

Қуйидагиларни инобатга олган ҳолда ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари, шунингдек, туристик фаолият субъектлари ишчиларининг туристлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича касбий тайёргарлиги ва малакасини ошириш тизимини яратиш:

олий таълим муассасалари ва идоравий ўқув марказлари билан келишувлар асосида тизимли равишда ўқув курсларини ташкил этиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишни Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти филиалларида (аудиторияларида) кундалик хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда таъминлаш;

туристик компаниялар, меҳмонхоналар ва туристик фаолиятнинг бошқа субъектлари ишчилари учун туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;

ўқиш жараёнини назорат қилиш ва натижаларини баҳолашнинг таъсирчан тизимини йўлга қўйиш.


Ташкилий чора-тадбирлар режаси

Режани тасдиқлаш

2019 йил

март


Режани бажариш

2020 йил

1 январга қадар

ИИВ

(Р.Хатамов, Ш.Мавлянов),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов),

Олий таълим вазирлиги

(О.Абдурахмонов)


10.

Йўловчи поездларида бевосита кузатиш фаолиятида 5 йилдан ортиқ хизмат ўтаётган ички ишлар органлари ходимларини ротация қилиш чораларини кўриш, бунда аввало вокзаллар ва туристик йўналишлардаги поездлар таркибида билимга эга, биринчи навбатда хорижий тилларни биладиган шахсий таркибни шакллантиришга эътибор қаратиш.


Ички ишлар вазири буйруғи

2019 йил

апрель


ИИВ

(Р.Хатамов, Ш.Мавлянов)


11.

Жойлаштирилган манзилларда яшовчи шахсларни вақтинча рўйхатдан ўтказиш бўйича "E-MEНMONXONA" ("E-MEНMON") автоматлаштирилган ахборот тизимини ташкил этиш ва фаолият юритиш тартибини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда такомиллаштириш:

амалдаги тизимни батафсил ўрганиш, муаммо ва камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш;

туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи барча давлат ва нодавлат объектлар (ташкилотлар) тўғрисидаги маълумотлар базаларини яратиш ва уларни ҳисобга олиш тизимига киритиш;

маълумотларнинг тўлиқ ва ўз вақтида киритилиши ҳамда уларнинг ишончлилигини назорат қилишнинг таъсирчан тизимини ишлаб чиқиш;

ушбу тизимнинг бевосита ваколатли давлат органи тегишли бўлинмалари томонидан юритилиши;

тизимни янада такомиллаштириш бўйича таклифларни амалга ошириш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

апрель

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов),

ЛБМА

(Д.Ли)

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

(А.Олматов),

ИИВ

(Ш.Мавлянов)


12.

Қуйидагиларни назарда тутувчи ҳар томонлама ташкилий чораларни кўриш:



Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

(Б.Олматов),

ИИВ

(Ш.Мавлянов), Транспорт вазирлиги (И.Махкамов),

ДХХ,

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов),

Молия вазирлиги

(А.Хайдаров),

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Uzbekistan airports" АЖ



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасининг транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг марказлашган ҳамда мувофиқлаштирилган бошқарувини амалга ошириш имконини берувчи ситуацион-таҳлил марказини ташкил этиш;

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

апрель



транспорт ва туризм объектларида "Хавфсиз шаҳар" аппарат-дастурий комплексига интеграция қилиш мумкин бўлган интеллектуал видеокузатув ҳамда "ташвиш тугмалари" тизимининг босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш;

Ташкилий чора-тадбирлар режаси

Режани тасдиқлаш

2019 йил

апрель


ноқонуний равишда туристик хизматлар кўрсатишнинг олдини олиш бўйича манзилли профилактик тадбирларни амалга ошириш.



Режани амалга ошириш

2020 йил

1 январга қадар


13.

Ўзбекистонда хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларни, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ҳар томонлама ёритиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш:

юқори профессионал даражада, шу жумладан хорижий тилларда босма ва видеоматериаллар тайёрлаш;

Қўшма чора-тадбирлар режаси

Режани тасдиқлаш

2019 йил

март


МТРК

(А.Ходжаев),

АОКА

(К.Алламжонов),

ИИВ

(Ш.Мавлянов),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов),

Транспорт вазирлиги (И.Махкамов),

ТИВ

(И.Неъматов)


самолёт бортларида, аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудларида, туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида, шу жумладан хориждаги дипломатик ваколатхоналар орқали видеолавҳалар намойиш этилишини ҳамда босма материаллар тарқатилишини таъминлаш;

Ўзбекистонда хавфсизликни таъминлаш самарадорлиги тўғрисида туристларда ижобий фикрни шакллантиришга йўналтирилган эслатмалар ва маълумот флайерларини тарқатишда туристик фирмалар имкониятларидан фойдаланиш.



Режани бажариш

2019 йил давомида

14.

Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини инобатга олган ҳолда, Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасининг ўз штат бирликлари ҳисобидан янги қурилган "Хива" темир йўл станциясида хавфсизликни таъминлаш бўлинмасини шакллантириш.


Ички ишлар вазири буйруғи

2019 йил

март

ИИВ

(Р.Хатамов, Ш.Мавлянов),

Транспорт вазирлиги (И.Махкамов)


15.

Хорижий туристлар республикада хавфсиз ва қулай саёҳат қилишлари учун қуйидагиларни назарда тутган ҳолда қўшимча шароитлар яратиш чораларини кўриш:

туристик компаниялар томонидан ички ишлар органлари билан биргаликда SOS ташвиш сигналини юбориш ва жойлашувни аниқлаш учун мўлжалланган GPS-қурилмалар билан жиҳозланган махсус билакузуклардан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш механизмини яратиш;

уюшмаган туристлар учун автотураргоҳлар ва санитария-гигиена тармоғи билан жиҳозланган ҳамда палаткалар ўрнатиш жойларига эга бўлган мавсумий оромгоҳ (кемпинг)ларни ташкил этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар режаси

Режани тасдиқлаш

2019 йил

март

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

(Б.Олматов),

ИИВ

(Ш.Мавлянов),

Тошкент шаҳар, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари



Режани бажариш

2019 йил давомида

Изоҳ:


1. Ҳуқуқий муносабатлар предмети ва тартибга солиш соҳасидан келиб чиққан ҳолда, чора-тадбирларни амалга ошириш шакли ўзгариши, ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар эса бирлаштирилиши мумкин.


2. Икки ва ундан ортиқ бандлар бирлаштирилганда, мазкур бандлар учун кўрсатиб ўтилган энг охирги муддат белгиланади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 6 мартдаги

ПҚ-4229-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 апрелдаги "Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2883-сон қарорида:


а) 5-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тошкент вилояти темирйўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси, Тошкент шаҳар аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси, шунингдек, метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасига бўйсунади;

транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармалари (бўлимлари) Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва вилоят ички ишлар бошқармаларининг таркибий бўлинмалари ҳисобланади ҳамда тегишлича уларнинг бошлиқларига - фаолиятни тартибга солиш бўйича кундалик масалалар юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасига - хизмат ва тезкор фаолиятини амалга ошириш масалалари юзасидан бўйсунади";


б) 1-иловада:


6-банднинг олтинчи хатбошидаги ва 7-банд "д" кичик бандининг биринчи хатбошидаги "қурол-яроғ, бошқа" сўзлари чиқариб ташлансин;


7-банднинг "а" кичик бандидан олтинчи ва еттинчи хатбошилар чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги "Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3413-сон қарорига 1-иловада:


9-банднинг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ва олий таълим муассасаларига, шунингдек Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига хизматга, истисно тариқасида, Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар орасидан ҳам номзодларни танлаш ва қабул қилишга рухсат берилади";


11-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"11. Дастлабки танловлардан муваффақиятли ўтган номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини расмийлаштириш ички ишлар органларининг кадрлар бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Номзоднинг тегишли ҳужжатларини йиғиш жараёнида унга бир пайтнинг ўзида хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ҳарбий-тиббий комиссиясига йўлланма берилади";


19-банднинг иккинчи хатбошисида "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультетида" сўзларидан кейин "ёки Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида" сўзлари билан тўлдирилсин;


75-банднинг биринчи хатбошидаги "киритилади" сўзи "киритилиши мумкин" сўзлари билан алмаштирилсин;


159-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ушбу Низомнинг 144-банди "а" кичик бандига мувофиқ хизматдан бўшатилган ходимлар уларнинг ички ишлар органларидаги календарь ҳисобдаги амалий иш стажи ўн йилдан ортиқ бўлганда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий ички ишлар органлари ва соҳавий хизматлари, таълим муассасалари бошлиқларининг асослантирилган тақдимномаларига асосан, шунингдек хизматдан бўшашига ўқишга кириши сабаб бўлган ҳолларда хизматга қайта қабул қилиниши мумкин".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4060-сон қарорида:


1-банднинг тўртинчи хатбошидаги "ички ишлар органларининг" сўзлари чиқариб ташлансин;


2-банднинг биринчи хатбошидаги "Ички ишлар вазирлиги" сўзлари "Миллий гвардия" сўзлари билан алмаштирилсин;


3-банднинг иккинчи хатбоши, 4-банд, 6-банднинг иккинчи ва бешинчи ҳамда 8-банднинг олтинчи хатбошиларидаги "ички ишлар органлари" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4075-сон қарори 3-бандининг учинчи хатбошидаги "туман (шаҳар) ички ишлар органларининг бошлиқлари томонидан" сўзлари "Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 март, 10-сон, 175-модда