Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Халқаро ҳамкорлик бўлими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.03.2019 й. 200-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 8 мартдаги

200-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг

Халқаро ҳамкорлик бўлими тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5644-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4136-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Халқаро ҳамкорлик бўлимининг (кейинги ўринларда Бўлим деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва масъулиятини, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб аталади) аппаратининг Вазирлар Маҳкамаси, унинг Раёсати ва аппарати фаолиятини хорижий давлат ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича таъминлайдиган таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


3. Бўлим ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


4. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади, бир вақтнинг ўзида унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.


5. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



2-БОБ. БЎЛИМ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ, ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Бўлим фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

"Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган асосий принципни ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепцияси вазифалари, ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш;

кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиш мақсадида тегишли йил учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисоботлар тайёрлаш;

жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини доимий ўрганиш, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

Ҳукумат аъзолари, барча даражалардаги вазирликлар ва идоралар раҳбарлари зиммасига юкланган вазифалар ҳамда функцияларнинг самарали ва натижали бажарилиши учун уларнинг шахсий роли ҳамда масъулиятини ошириш;

бириктирилган соҳада давлат сиёсатининг самарали ва сифатли амалга оширилиши, шу жумладан молиявий ресурсларни бошқариш масалаларида вазирликлар ва идораларнинг мустақиллигини идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш орқали кучайтириш;

идоравий мансуб ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришиш, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигига асосланган янги баҳолаш тизими жорий этилишини таъминлаш;

ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини юзага келадиган муаммолар сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, ишни ташкил қилишнинг замонавий услубларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш;

илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида, зарур бўлганда, ушбу мақсадларга хорижий консультантларни жалб этган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш;

Вазирлар Маҳкамаси аппаратида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ижро интизоми даражасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқларининг бажарилиши юзасидан назорат тизимини такомиллаштириш;


7. Қуйидагилар Бўлимнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлик масалаларини мувофиқлаштириш;

ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг баённома қарорлари бажарилишининг мониторингини олиб бориш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан киритиладиган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг эксперт жиҳатидан пухта ишлаб чиқилишини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда тайёрлашда иштирок этиш;

тизимлаштирилган маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг нормалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг хорижий давлатларга, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари давомида эришилган келишувлар, шунингдек, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги келишувларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиб бориш.


8. Бўлим ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлик масалаларини мувофиқлаштириш соҳасида:

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ишларини мувофиқлаштиришда иштирок этади ҳамда уларга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий давлатлар билан муносабатларни қисқа ва ўрта муддатли ривожлантириш концепцияларини ишлаб чиқади ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикасида халқаро тадбирларни ташкил этиш ва республика делегацияларининг хорижда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш масалаларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан таклифлар киритади;

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида ўтказиладиган йиғилишларда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, турли даражадаги ташрифлар ҳамда республикада ва хорижда халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишга доир таклифлар киритади;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг олий ва юқори даражадаги ташрифларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш ишларини мувофиқлаштиришда иштирок этади;

республика делегацияларининг хорижий давлатларга ташрифларини ташкил қилиш ва халқаро тадбирларда иштирок этиши, шунингдек, хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари дастурларини тасдиқлаш бўйича ҳукумат қарорларининг тайёрланиши ва қабул қилинишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифларига ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлашда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатларга олий ва юқори даражадаги ташрифлар, шунингдек, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари давомида эришилган келишувларнинг бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ишларини мувофиқлаштиради;

олий ва юқори даражадаги ташрифлар натижалари бўйича ҳисоботларни тўплайди, умумлаштиради, тайёрлайди ҳамда маълумотлар банкини юритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобот бериши учун Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳар чораклик таҳлилий ҳисоботлар тайёрлайди;

халқаро ташкилотлар доирасида турли даражадаги мажлисларга ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш, халқаро тадбирлар кун тартиби масалалари юзасидан республиканинг позициясини белгилаш ишларини мувофиқлаштиради;

Бўлим ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси даражасида тасдиқланадиган "йўл хариталари" тайёрланишини ҳамда уларнинг ижроси тизимли назорат қилинишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда хорижий давлатларнинг дипломатик миссиялари ва халқаро ташкилотлар, хорижий ҳукуматлар, тижорат ҳамда банк тузилмалари ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ташқи ишлар вазири лавозимига номзодларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиши ва маъқулланишини ташкил этади;


б) ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг баённома қарорлари бажарилишининг мониторингини олиб бориш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) мажлисларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш ишларини мувофиқлаштиради;

ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) мажлисларининг кун тартибини ва Ўзбекистон Республикаси делегациясининг таркибларини келишишда иштирок этади;

ҳукуматлараро комиссияларнинг (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) мажлислари якунлари бўйича эришилган келишувлар ҳамда қабул қилинган баённома қарорлар Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, идоралари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан бажарилишини назорат ҳамда мониторинг қилади;

ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг топшириғига асосан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари раҳбарлик қиладиган ҳукуматлараро комиссияларнинг (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) Бўлим юритадиган масалалар бўйича мажлисларида иштирок этади;


в) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини эксперт жиҳатидан пухта ишлаб чиқиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсадлари ҳамда вазифаларига, шунингдек, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган халқаро мажбуриятларга мувофиқлиги юзасидан уларни эксперт жиҳатидан пухта ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўтказадиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ҳамда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда иштирок этади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг бевосита Бўлимнинг асосий вазифалари ва функциялари билан боғлиқ бўлган мурожаатларини кўриб чиқади, уларда қўйилган масалаларни ҳал этишга оид таклифлар тайёрлайди, ушбу мурожаатларни давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларга кўриб чиқиш ва чоралар кўриш учун юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилади;


г) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати, Бош вазири, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари давомида имзоланадиган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади;

хорижий давлатлар ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар вакиллари билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тайёрлаш ҳамда тузиш масалалари бўйича музокараларда қатнашади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг норма ижодкорлиги фаолиятини таҳлил қилишни ташкил этади;

амалга оширилган мониторинг ва таҳлил натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ўринбосарига эксперт жиҳатидан пухта ишлаб чиқиш масалалари юзасидан материаллар тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш юзасидан ижро интизомига риоя этилишини ўрганишни ташкил қилади, шу асосда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси кўриб чиқишига киритиш учун ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлайди;


д) тизимлаштирилган маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг нормалари, олий ва юқори даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувлар, шунингдек, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги келишувларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиб бориш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари давомида имзоланган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини амалга ошириш масалалари бўйича ахборотни тўплаш, умумлаштириш ҳамда таҳлил жиҳатидан қайта ишлашда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари давомида имзоланадиган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тизимлаштирилган маълумотлар банки шакллантирилиши, юритилиши ҳамда мунтазам янгиланишининг мониторингини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий давлатлар билан шартнома-ҳуқуқий базани хатловдан ўтказиш бўйича доимий ишларни амалга оширади.

Бўлим унга белгиланган тартибда юкланган бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



3-БОБ. БЎЛИМНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Бўлим ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан мавжуд муаммоли масалалар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ҳақида зарур бўлган материаллар ва маълумотларни, шунингдек, халқаро шартномаларни имзолаш, уларга қўшилиш, ратификация қилиш ҳамда тасдиқлаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган қонун лойиҳаларининг кўриб чиқилиши ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, Ташқи ишлар вазирлигидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати топшириқларининг бажарилиши ҳақидаги ахборотни, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасида ўтказиладиган йиғилишлар ва музокараларга зарур ахборот-таҳлилий материалларни, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан бажариладиган ҳамкорлик режаларининг ("йўл хариталари") амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотни сўраш ва мунтазам олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида тегишли материаллар ҳамда ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш ва тайёрлаш мақсадида йиғилишлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқварувчиси топшириғига биноан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг мажлисларида ҳамда йиғилишларида қатнашиш;

Бўлим ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро конференциялар, конгресслар, симпозиумлар, семинарлар ва йиғилишлар, халқаро лойиҳаларда иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқалар ташкилотлар билан Бўлим ваколатига кирадиган масалалар юзасидан белгиланган тартибда ёзишмалар олиб бориш;

зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни пухта ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

зарурат бўлганда, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламентлари, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда келган ҳужжатларни қайтариш;

Бўлимга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларини стажировкага жалб қилиш;

Бўлимнинг зарур материалларни, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқларида бажаришнинг бошқа муддатлари белгиланмаган бўлса, Бўлим белгиланган муддатларда бажарилиши зарур.


10. Бўлим:

ўзига юкланган вазифаларнинг тегишли равишда ҳамда самарали бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Бўлим ваколатига тааллуқли масалалар бўйича бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирлар Маҳкамасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари кўриб чиқиши учун киритиладиган ҳамда қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг эксперт жиҳатидан пухта ишлаб чиқилишини, шунингдек, халқаро шартномалар лойиҳаларининг экспертизадан сифатли ўтказилишини, уларнинг имзолангандан сўнг амалга оширилишининг мониторингини таъминлаш ҳамда Бўлим ваколатига кирадиган масалалар бўйича хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 3 апрелдаги ПФ-5395-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми таъминланиши учун жавоб беради;

Бўлим мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқлари сифатли ҳамда ўз вақтида бажарилиши учун шахсан жавоб беради.



4-БОБ. БЎЛИМНИНГ ТУЗИЛМАСИ


11. Бўлим тузилмасига Бўлим мудири, шунингдек:

Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Осиё-Тинч океани минтақаси, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис;

Европа ва Америка мамлакатлари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тузилмалари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис киради.

Бўлим тузилмасига битта инспектор ҳам киради.

Бўлим тузилмаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


12. Бўлим ишларига Бўлим мудири раҳбарлик қилади.


13. Бўлим мудири, мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Бўлим мутахассисларида кўп йиллик хизматлари учун устамалар ва лавозим маошларига қўшимча тўловлар, аввалги иш жойида берилган мартаба даражалари ва дипломатик даража сақлаб қолинади. Бўлимдаги иш вақтига мартаба даражалари ва дипломатик даража, шунингдек, кўп йиллик хизматлари учун устамалар олиш учун зарур иш стажи қўшилади.

Бўлим ходимларига кўп йиллик хизматлари учун устамалар ва лавозим маошларига қўшимча тўловларни тўлашга йўналтириладиган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.



5-БОБ. БЎЛИМ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Бўлим ишлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати тўғрисидаги Низомга, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида иш юритиш бўйича Йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Бўлимнинг иш режалари, Бўлим мудири ва Бўлим мутахассисларининг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Бўлимнинг иш режаси ва Бўлим мудирининг шахсий иш режаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан тасдиқланади.

Бўлим мутахассисларининг шахсий иш режалари Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишилади ва Бўлим мудири томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотларда амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб бориш бўйича Бўлимнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига мувофиқ комплекс ўрганишлар асосида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг топшириқларига биноан Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида ҳисоботларни эшитиш орқали ташкил этилади.


15. Бўлим мудири:

Бўлимга бевосита раҳбарлик қилади, мутахассисларнинг ишларини ташкил қилади, Бўлимга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши, ижро интизоми учун шахсан жавоб беради;

Бўлим юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда тайёрлашда иштирок этади;

халқаро шартномалар лойиҳалари ва халқаро шартномаларни имзолаш, уларга қўшилиш, ратификация қилиш ҳамда тасдиқлаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифларни ишлаб чиқиш ва тайёрлашда иштирок этишни ташкил қилади;

тизимлаштирилган маълумотлар банки шакллантирилиши ва юритилишини, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва хорижий давлатларга олий ва юқори даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувлар, шунингдек, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги келишувлар амалга оширилишининг мониторингини ташкил қилади;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ишлаб чиқилишини ташкил қилади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари, кенгашлар ва бошқа коллегиал органлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан Бўлим юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамасига келган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарори талаб қилинмайдиган ҳужжатларни давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборади;

Бўлим кадрларининг захирасини шакллантиради, тасдиқланган тузилма ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимга тавсия этилаётган номзодлар бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири кўриб чиқиш учун киритади, Бўлим мутахассисларининг касбий даражаси ва иш малакасини ошириш, шунингдек, уларни рағбатлантириш ва жазолаш чораларини кўради;

Бўлим ишларининг режаси ишлаб чиқилишини ва унинг ижросининг назоратини ташкил қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида Бўлим юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича йиғилишлар ўтказади;

Бўлим мутахассислари ўртасида мажбуриятлар тақсимотини Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига тасдиқлаш учун киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ ишлар юритилишини таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.


16. Бўлим мудири вақтинчалик бўлмаганда, унинг вазифасини Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишган ҳолда мутахассислардан бири бажаради.


17. Бўлим бош мутахассиси ўзига бириктирилган масалалар бўйича:

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди, Бўлим мудирининг топшириқларини бажаради, материалларнинг ўз вақтида тайёрланиши, сифатли ишлаб чиқилиши ва топшириқларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари томонидан тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро шартномалар лойиҳаларини ўрганади, уларнинг эксперт жиҳатидан пухта ишлаб чиқади, тегишли таҳлилий ва маълумотнома материаллар, эксперт хулосаларини тайёрлайди;

тегишли масалалар юзасидан тизимлаштирилган маълумотлар базалари яратилиши ва юритилишини, уларнинг мунтазам тўлдириши ва янгиланишини ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бўйича хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро битимлар, келишувлар, "йўл хариталари"нинг амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий шериклар қабул қилган мажбуриятлар бажарилишининг мониторингини юритади;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича материаллар ва ҳужжатлар тайёрлайди;

материаллар юзасидан Бўлим мудирига, шунингдек, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувичисига ахборот беради;

бириктирилган масалалар юзасидан тегишли маълумотнома ва таҳлилий материаллар тайёрлашда иштирок этади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари, кенгашлар ва бошқа коллегиал органлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш мақсадида уларни муҳокама қилиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар иштирокида Бўлим мудири билан келишган ҳолда йиғилишлар ўтказади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


18. Инспектор Бўлимда иш юритилишини таъминлайди, ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади, ишларнинг тайёрланишини ва архивда сақлаш учун ўз вақтида берилишини таъминлайди, ўзига юкланган бошқа функцияларни бажаради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 март









































Время: 0.2394
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск