ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 11.03.2019 й. ЎРҚ-528-сон "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.02.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.02.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.03.2019 й.

N ЎРҚ-528



ФУҚАРОЛАРНИНГ РЕПРОДУКТИВ

САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 15 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини

сақлаш тўғрисидаги қонунчилик

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Фуқароларнинг репродуктив

саломатлиги


Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги инсоннинг жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан соғломлиги ҳолати бўлиб, бу ҳолат унинг бола туғилишига қодирлигини белгилайдиган репродуктив тизими, ушбу тизимнинг функциялари, ҳаётий жараёнлари билан боғлиқ бўлади.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш:

фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олишни;

ҳомиладорликни сақлаб юришни ва боланинг асоратларсиз ҳамда нуқсонларсиз туғилишини таъминлайдиган, ҳомиладорлик, туғиш ва туғишдан кейинги даврдаги тадбирлар, муолажалар ҳамда хизматларни;

репродуктив тизим касалликларининг олдини олишни ва уларни даволашни;

жинсий йўл билан ўтадиган касалликларнинг олдини олишни ва уларни даволашни;

эҳтимолдаги асоратларнинг ва репродуктив тизим функциялари бузилиши оқибатларининг олдини олишга кўмаклашган ҳолда ҳомиладорликни хавфсиз равишда сунъий тўхтатишни;

контрацепция усуллари ва улардан фойдаланиш тўғрисида ахборот олишни назарда тутади.



4-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари


Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

репродуктив муаммоларни ҳал қилишда инсонпарварлик;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги;

фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашмаслик, шахсий ва оилавий сирнинг сақланиши;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги тиббий хизматлардан фойдаланишни ва уларнинг сифатини таъминлаш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича хизматларнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажмини таъминлаш.



5-модда. Фуқароларнинг репродуктив

саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

фуқароларда соғлом фарзандлар туғилишига нисбатан онгли ва масъулиятли муносабатни тарбиялаш;

эркаклар ва аёлларнинг ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга оширишида уларнинг имкониятлари тенглигини таъминлайдиган шароитларни яратиш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш учун илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, замонавий услублар ва технологияларни жорий этиш;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида фуқароларнинг тиббий билимларини ва тиббий маданиятини юксалтириш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

фуқаролар ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши учун уларга тиббий-ижтимоий, шунингдек психологик ёрдам кўрсатиш.



6-модда. Фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини

амалга оширишдаги давлат кафолатлари


Давлат фуқароларга:

репродуктив саломатликнинг сақланишини ва уларнинг репродуктив ҳуқуқлари амалга оширилишини;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга доир хизматлардан фойдаланилиши ва бу хизматларнинг изчиллиги таъминланишини;

соғлом оилани шакллантириш тўғрисидаги қарорнинг камситишларсиз, таҳдидларсиз ва зўравонликсиз қабул қилинишини;

уларнинг шахсий ҳаётига аралашмасликни, шахсий ва оилавий сирнинг сақланишини;

бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг бепуллигини;

фуқароларнинг мустақил қарор қабул қилишга бўлган репродуктив ҳуқуқи амалга оширилишини кафолатлайди.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга доир хизматлар репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилади.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини

сақлаш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматларнинг ҳажмини белгилайди.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг фуқароларнинг репродуктив

саломатлигини сақлаш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматларнинг ҳажмини белгилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва ҳимоя қилиш тизимини ривожлантиришга ҳамда репродуктив саломатликни сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга доир чора-тадбирларни белгилайди;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида фуқароларнинг тиббий билимларини ва тиббий маданиятини юксалтириш юзасидан тушунтириш ишларини олиб боради;

ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартибини, кафолатланган хизматлар, уларни қўллашга доир кўрсатмалар, монеликлар ва чекловларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

ёрдамчи репродуктив технологиялар усулларини қўлловчи тиббиёт ташкилотларининг фаолиятини тартибга солади ва назорат қилади;

ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби ва шартларини, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун тиббий кўрсатмалар рўйхатини белгилайди;

жарроҳлик контрацепциясини амалга ошириш тартиби ва шартларини белгилайди.



9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш

соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлайди;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

тегишли давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

тегишли ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган, шу жумладан фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати устидан назоратни таъминлайди.



10-модда. Фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқлари


Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хавфсиз ва самарали репродуктив технологиялардан фойдаланган ҳолда ўз фарзандларининг туғилиши хусусида мустақил равишда қарорлар қабул қилиш;

ўзининг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олиш;

туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ва контрацепциядан фойдаланиш;

тиббий-профилактика хизматларидан фойдаланиш ва соғлиққа хавф солувчи воситалардан, шу жумладан илмий тажрибалар қўлланилишидан ҳимояланиш;

ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш чоғида тиббий-ижтимоий, шунингдек психологик ёрдам ва ахборот олиш;

ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш.

Юридик ва жисмоний шахслар фуқароларнинг ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши билан боғлиқ ахборотни сир сақлаши шарт.



11-модда. Аёлларнинг репродуктив

саломатлигини сақлаш


Аёлларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ўзининг репродуктив саломатлиги, бепуштликни даволаш услублари ва контрацепция тўғрисида ишончли ҳамда тўлиқ ахборот олиш;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги хизматлардан фойдаланишни таъминлаш;

репродуктив саломатлик масалалари юзасидан махфийликка риоя этилган ҳолда тиббий маслаҳатлар ва хизматлар олиш.

Аёл бепуштликдан даволаниш, репродуктив саломатлигини ҳомиладор бўлгунига қадар, ҳомиладорлик даврида, туғиш ва туғишдан кейинги даврда даволашнинг замонавий услубларидан фойдаланган ҳолда сақлаш ҳамда давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик давридаги тиббий аралашув эр ва хотиннинг ёзма розилиги билан, эр бўлмаган тақдирда аёлнинг ўз розилиги ёки ота-онасининг розилиги ёхуд у вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан амалга оширилади.

Тиббий аралашувни рад этиш факти эҳтимолдаги оқибатлар кўрсатилган ҳолда тиббий ҳужжатларда қайд этилади ва ҳомиладор аёл томонидан, бунинг имкони бўлмаган тақдирда унинг эри ёки қариндошлари томонидан ёзма тарзда, тиббий аралашувни рад этиш ҳақида ёзма жавоб олишнинг имкони бўлмаган тақдирда эса, шифокорлар консилиумининг хулосаси билан тасдиқланади.

Аёл ҳомиладорликка, уни сунъий равишда тўхтатишга ва контрацепцияга мажбур қилиниши мумкин эмас.



12-модда. Эркакларнинг репродуктив

саломатлигини сақлаш


Эркакларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ўзининг репродуктив саломатлиги, бепуштликни даволаш услублари ва контрацепция тўғрисида ишончли ҳамда тўлиқ ахборот олиш;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги хизматлардан фойдаланишни таъминлаш;

янги тиббий, шу жумладан ёрдамчи репродуктив технологиялардан, шунингдек кам инвазивли (кам жароҳатлайдиган) аралашувлардан фойдаланган ҳолда бепуштликни даволаш;

репродуктив саломатлик масалалари юзасидан махфийликка риоя этилган ҳолда тиббий маслаҳатлар ва хизматлар олиш.



13-модда. Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив

саломатлигини сақлаш


Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш:

тиббий-профилактика тадбирларини, шу жумладан репродуктив аъзолар патологиясини, шунингдек ирсий касалликларни аниқлашга қаратилган тиббий-профилактика тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни;

жинсий тарбия ва уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тадбирлар ўтказишни;

уларни репродуктив саломатлик масалалари бўйича ўқитиш ва ахборот беришни ўз ичига олади.

Репродуктив саломатлик муаммолари бўйича тиббий аралашув вояга етмаган шахсни, шунингдек унинг қонуний вакилини хабардор этган ҳолда уларнинг ихтиёрий розилиги билан амалга оширилади. Вояга етмаган шахснинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш учун тиббий аралашув тавсия этилган тақдирда ҳамда қонуний вакилдан ва вояга етмаган шахсдан розилик олишнинг имкони бўлмаганда, тиббий аралашув шифокорлар консилиумининг хулосаси мавжуд бўлганда амалга оширилади.

Вояга етмаган шахсларни репродуктив саломатликни сақлаш масалалари бўйича тарбиялаш, ўқитиш ҳамда уларга ахборот бериш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тегишинча оилада, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида амалга оширилади.

Репродуктив саломатлик, шу жумладан жинсий тарбия масалалари бўйича ўқитиш таълимни ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари билан биргаликда вояга етмаган шахсларнинг ёши, психологик ва жисмоний ўзига хосликлари ҳисобга олинган ҳолда, уларнинг оилалари билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилган, махсус тасдиқланган дастурларга кўра амалга оширилади. Ўқитишга тегишли тиббий тайёргарликка эга бўлган мутахассислар жалб этилади.

Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги хизматлар давлат томонидан кафолатланган ва бепул асосда амалга оширилади.

Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида ахборот бериш аноним ва махфий тарзда амалга оширилади.



14-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги

тўғрисидаги ахборот


Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисидаги ахборот:

репродуктив саломатликнинг ҳолати ҳақидаги;

репродуктив саломатликни сақлаш бўйича хизматлар олиш шартлари ва усуллари тўғрисидаги;

замонавий контрацепция усуллари, уларнинг афзалликлари ва камчиликлари ҳақидаги;

ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллашдаги ҳар қандай психологик ва физиологик оқибатлар, эҳтимолдаги асоратлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисидаги ахборот ишончли ва тўлиқ бўлиши керак.



15-модда. Ёрдамчи репродуктив

технологиялардан фойдаланиш


Ёрдамчи репродуктив технологиялар уруғлантиришнинг айрим ёки барча босқичлари аёлнинг организмидан ташқарида амалга ошириладиган ҳомиладорликка эришишга қаратилган тиббий технологиялар, даволаш усуллари ва муолажаларидан иборатдир.

Ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.



16-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини

сақлаш бўйича профилактика чора-тадбирлари


Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича профилактика чора-тадбирлари қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

фуқароларнинг репродуктив саломатлиги бузилиши хавфини, шу жумладан атроф-муҳит ва ишлаб чиқариш омилларини аниқлаш;

репродуктив саломатлик соҳасидаги бузилишларни аниқлаш ва даволаш мақсадида фуқароларнинг мажбурий профилактика тиббий кўрикларини (дастлабки ва даврий) ўтказиш;

репродуктив ёшдаги фуқароларни ва ҳомиладор аёлларни репродуктив саломатликнинг бузилиши хавфи ҳамда унинг реабилитацияси ҳақида хабардор қилиш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича таълим дастурларини ва илмий дастурларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш;

фуқароларни соғлом турмуш тарзини юритишга ва профилактика тадбирларида иштирок этишга рағбатлантириш тизимини яратиш, биринчи навбатда, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга кўмаклашувчи ҳаёт тарзини ва услубини оммалаштириш орқали яратиш;

ижтимоий аҳамиятга эга касалликларнинг, репродуктив тизим аъзолари касалликларининг ривожланишига доир хавф гуруҳларини ажратган ҳолда аҳолини, шу жумладан болалар ва ўсмирларни диспансеризациядан ўтказиш ҳамда якка тартибдаги профилактика дастурларини ишлаб чиқиш;

фуқароларга тиббий-генетик ёрдамни такомиллаштириш, ҳомиладаги нуқсонларга эрта ташхис қўйиш учун янги перинатал технологияларни жорий этиш.



17-модда. Контрацепциядан фойдаланиш


Фуқаролар контрацепция усулларини танлаш, улардан фойдаланиш, шунингдек уларни рад этиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларга соғлиғининг ҳолати, ёши ва индивидуал хусусиятлари ҳисобга олинган ҳамда эҳтимолдаги ҳар қандай номақбул оқибатлар ҳақида огоҳлантирган ҳолда контрацепция усулларини якка тартибда танлаш бўйича тиббий ёрдам кўрсатилади.

Фуқаролар контрацепциянинг жарроҳлик усулидан ихтиёрий равишда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Контрацепциянинг жарроҳлик усули фақат олдиндан албатта хабардор этилган ҳолда ҳамда вояга етган муомалага лаёқатли фуқаронинг ёки эр-хотиннинг ёхуд фуқаро муомалага лаёқатсиз бўлса васийларнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.



18-модда. Ҳомиладорликни сунъий

равишда тўхтатиш


Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш:

ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида аёлнинг хоҳишига кўра;

ҳомиладорнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганида ҳомиладорлик муддатидан қатъи назар амалга оширилади.

Тиббиёт муассасалари тиббий кўрсатмаларга кўра ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тўғрисида ёки ҳомиладорликни тўхтатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган аёлни унинг соғлиғи учун ҳар қандай эҳтимол тутилган салбий оқибатлар ҳақида хабардор этиши шарт.



19-модда. Ёрдамчи репродуктив технологияларни

қўллашда шифокорлик сирини ва ахборотнинг

махфийлигини сақлаш


Ёрдамчи репродуктив технологиялар қўлланилиши тўғрисидаги, шунингдек ёрдамчи репродуктив технологиялар дастурлари иштирокчиларининг шахси ҳақидаги маълумотлар шифокорлик сирини ташкил этади ва улар тўғрисидаги ахборот махфий бўлиши керак.

Шифокорлик сирини ташкил этувчи маълумотлар ўқиш чоғида, касбий, хизмат вазифаларини ва бошқа вазифаларни бажариш чоғида ўзига маълум бўлиб қолган шахслар томонидан ушбу маълумотларни фуқаронинг ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган ҳоллар мустасно.

Шифокорлик сирини ташкил этувчи маълумотларни фуқаронинг ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз тақдим этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

ўзининг ҳолатига кўра ўз хоҳиш-иродасини билдиришга қодир бўлмаган фуқарони текширувдан ўтказиш ва даволаш мақсадида;

юқумли касалликлар тарқалиши хавфи бўлганда;

тергов ёки суд муҳокамаси ўтказилиши муносабати билан суриштирув, тергов ва прокуратура органларининг, шунингдек суднинг сўровларига биноан.



20-модда. Низоларни ҳал этиш


Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


21-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини

сақлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


22-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга

етказилишини, моҳияти ва аҳамияти

тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



23-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



24-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 март


"Халқ сўзи", 2019 йил 12 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 18 март, 11-сон, 195-модда














































Время: 0.1831
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск