язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Стандарт 2020 йил 1 январдан кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Март, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат бюджети/ Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (6-сонли БҲС) "Ижара" (АВ томонидан 04.03.2019 й. 3142-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 12.12.2018 й. 150-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 4 мартда 3142-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2018 йил 12 декабрдаги

150-сон буйруғига

ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БЮДЖЕТ ҲИСОБИНИНГ СТАНДАРТИ


(6-сонли БҲС)


ИЖАРА


Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (6-сонли БҲС) "Ижара" (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари бошқа жамғармаларнинг ижара ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


актив - давлат мулки объекти бўлиб, давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари балансидаги мол-мулк, шунингдек юридик шахсларнинг оммавий мулкни бошқарувчи ёхуд ваколатли давлат органи томонидан тасарруф этиш ҳуқуқисиз уларга берилган мол-мулк (давлат мулки объектларини инвестиция мажбуриятлари ва бошқа мажбуриятлар билан сотиш ҳоллари бундан мустасно);


балансда сақловчи - ижарага берилаётган активни балансида ҳисобга олган бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари бошқа жамғармалар;


дастлабки тўғридан-тўғри харажатлар - ижара шартномасини тузиш ва тайёрлаш билан бевосита боғлиқ бўлган қўшимча харажатлар;


ижарага берувчи - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги давлат мулкини ижарага бериш марказлари;


ижара муддати - ижарага олинган актив бўйича тузилган ижара шартномаси бекор қилинмайдиган давр, бу даврлар мобайнида ёки ундан кейин ижарачи ижара шартномаси муддатини келишув асосида узайтириши мумкин;


ижарачи - активларни ижарага олиш бўйича ижара шартномасини тузган юридик ёки жисмоний шахс;


ижара муддатини бошланиши - ижарачи томонидан ижарага олинган активдан ижара шартномасида кўрсатилган фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқининг бошланиш санаси. Бу ижарани дастлабки ҳисобга олиш санаси ҳисобланади;


ижара шартномасининг бошланиши - ижара шартномаси тузилган ёки унинг асосий шартлари бўйича мажбуриятлар қабул қилинган санадан аввалроқ бўлган давр;


ижара шартномасида кўзда тутилган фоиз ставкаси - ижара муддатининг бошланишида ижара объектининг жорий қиймати билан минимал ижара тўловлари ва кафолатланмаган қолдиқ қиймати суммаси йиғиндисининг дисконтланган қиймати тенг бўлишини таъминлайдиган фоиз ставкаси;


кафолатланган тугатиш қиймати:

ижарачи учун - ижарачи ёки у билан боғлиқ бўлган тараф томонидан кафолатланган тугатиш қиймати қисми (ҳар қандай ҳолатда ҳам тўланиши белгиланган максимал қийматга тенг бўлган кафолатланган сумма);

балансда сақловчи учун - молиявий жиҳатдан кафолатлар бўйича тўлаш қобилиятига эга бўлган балансда сақловчига боғлиқ бўлмаган учинчи шахс ёки ижарачи томонидан кафолатланган тугатиш қиймати қисми;


кафолатланмаган тугатиш қиймати - ижара берилаётган актив қийматининг бир қисми бўлиб (ижара шартномасининг бошланишида аниқланган), унинг олинишини балансда сақловчи кафолатламайди ёки у балансда сақловчи билан боғлиқ тараф томонидангина кафолатланади;


фойдали хизмат муддати - ижара шартномаси муддати билан чекланмаган, ижара фаолияти бошланишидан кейинги муддатда балансда сақловчи томонидан активдан фойда олиши кутилаётган давр;


шартли ижара тўлови - бу ижара суммасини қатъий белгиланмаган қисми бўлиб, ижара миқдори билан белгиланмаслиги ва келажакдаги муддат ўзгаришларига асосланувчи тўлов (масалан, сотишдан олинадиган фоиз, фойдаланишнинг қиймати, нархлар индекси, келажакдаги бозор баҳосининг ўзгариши);


минимал ижара тўловлари - шартли ижара тўловидан ташқари, ижара муддати давомида ижарачидан талаб қилиниши мумкин бўлган тўловлар бўлиб, балансда сақловчи томонидан тўланган хизматлар учун тўловларни балансда сақловчига қуйидагилар билан бирга қайтарилиши лозим бўлган суммалардир:

а) ижарачи учун - ижарачи ёки у билан боғлиқ бўлган томоннинг ҳар қандай кафолатланган суммалари;

б) балансда сақловчи учун - балансда сақловчига учун кафолатланган барча тугатиш қиймати, ижарачи, ижарачи билан боғлиқ бўлган томон ёки кафолатлар учун молиявий жиҳатдан жавоб бера оладиган мустақил учинчи шахслар томонидан кафолатланадиган суммалар.


2. Стандарт мақсадларига кўра ижара қуйидагиларга ажратилади:

а) молиявий ижара;

б) оператив ижара.


3. Молиявий ижара - мол-мулкни (молиявий ижара объектини) эгалик қилиш ва фойдаланишга ўн икки ойдан ортиқ муддатга шартнома бўйича топширишда вужудга келадиган ижара муносабатларидир.

Молиявий ижара шартномаси қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши керак:

молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, молиявий ижара объекти ижарачининг мулкига ўтса;

молиявий ижара шартномасининг муддати молиявий ижара объекти хизмат муддатининг 80 фоизидан ортиқ бўлса ёки молиявий ижара объектининг молиявий ижара шартномаси тугаганидан кейинги қолдиқ қиймати унинг бошланғич қийматининг 20 фоизидан кам бўлса;

молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, ижарага олувчи молиявий ижара объектини шу ҳуқуқни амалга ошириш санасидаги бозор қийматидан паст нарх бўйича сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса;

молиявий ижара шартномасининг амал қилиш даврида ижара тўловларининг жорий дисконтланган қиймати молиявий ижара объектининг молиявий ижарага топшириш пайтидаги жорий қийматининг 90 фоизидан ошиб кетса. Жорий дисконтланган қиймат бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


4. Оператив ижара - молиявий ижара шартномаси ҳисобланмайдиган мулкий ижара шартномасига биноан активни вақтинчалик эгалик қилишга ва фойдаланишга ёки фойдаланишга бериш.


5. Ҳисоблаш методи асосида молиявий ҳисоботларни тузувчи ва тақдим қилувчи балансда сақловчилар барча ижара турлари ҳисобини юритишда мазкур Стандартдан фойдаланади. Стандартда қуйидагилар қўлланилмайди:

табиий ресурслар, фойдали қазилмалар, жумладан нефт, табиий газ ва шу каби қайта тикланмайдиган ресурсларни қидирув ва фойдаланиш бўйича ижара шартномалари;

кинофильм, видеоёзув, пьеса, қўлёзма, патент ва авторлик ҳуқуқлари каби объектлар бўйича лицензия келишувлар ҳисобини юритиш.


6. Ижара муддати ва ижара шартномасининг бошланиш муддати ўртасидаги даврда ижара бўйича тўлов суммаларини ўзгариш тартиби ижара бўйича шартномада кўрсатилади. Бунда:

қурилиш қийматининг ўзгариши ёки ижарага берилган мулкни сотиб олиниши;

харажат ёки қиймат кўрсаткичларининг ҳар қандай ўзгаришлари, хусусан ижарани молиялаштириш бўйича балансда сақловчининг харажатлари ёки умумий нарх даражаси кўрсатилади.


7. Ижара шартномасида келишилган шартлар бажарилган ҳолларда, ижарачи активга тасарруф этиш ҳуқуқини бериш имкониятини ўз ичига оладиган шартномалар тузилади. Кўчмас мулк объектларига нисбатан тузилган шартномалар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарори билан тасдиқланган Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда тузилади.


8. Агар ижарага бериш натижасида балансда сақловчининг ишлаб чиқариш ёки молиявий кўрсаткичлари ёмонлашса ёки бюджетдан молиялаштиришнинг назарда тутилган лимитларидан ортиқ бўлса, актив ижарага берилиши мумкин эмас. Кўрсатиб ўтилган ҳолатлар юқори турувчи ташкилот ёки муассис (мавжуд бўлганда) билан келишган ҳолда балансда сақловчи томонидан ҳужжатлар билан асослантирилиши керак.



2-БОБ. ИЖАРАНИНГ ТАСНИФЛАНИШИ


9. Ижара шартномасининг бошланиш санаси ҳолатида ижара молиявий ёки оператив ижара сифатида таснифланади.


10. Стандартда қабул қилинган ижаранинг таснифланиши ижарага берилаётган активдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хатар ва фойданинг ижарачи ва балансда сақловчи ўртасида тақсимланишига асосланади.

Хатарлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

технологияларнинг эскирганлиги ёки фойдаланиш қувватининг йўқолганлиги;

иқтисодий ҳолатларнинг ўзгариши натижасида юзага келадиган актив қиймати ўзгаришлари.


11. Ижара шартномаси доирасида активга эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган барча хатар ва фойдаларнинг ижарачида бўлиши молиявий ижара сифатида таснифланади.

Ижара доирасида активга эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган барча хатар ва фойдаларни ижарачида бўлмаслиги оператив ижара сифатида таснифланади.


12. Ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарачи ўртасидаги ижара шартномаси аниқлаштирилган шартлар асосида тузилиши лозим.


13. Ижаранинг молиявий ёки оператив ижара деб таснифланиши шартнома шаклига эмас, балки унинг мазмунига боғлиқ бўлади.


14. Молиявий ижарада ижарага берилаётган активнинг қуйидаги ҳолатлари алоҳида ёки биргаликда қўлланилиши мумкин:

ижарачи ижарага берувчи ва балансда сақловчи билан шартномани муддатидан олдин бекор қилганда, балансда сақловчининг ушбу ижарага тегишли барча харажатларини қоплайди;

шартномада кўрсатилган ижара тўлови миқдори бозор қийматидан паст бўлган қийматда ижарачи ижара шартномасини яна бир муддатга узайтиради.


15. Бошқа турдаги активлар каби, бино ва ер ижараси молиявий ёки оператив ижара деб таснифланади. Ернинг фойдали хизмат муддати аниқ бўлмайди.Агар эгалик ҳуқуқи ижара муддатининг охирида ижарачига берилмаса, ижарачида хатар ва фойда бўлмайди ҳамда бу ижара оператив ижара сифатида таснифланади.

Бундай оператив ижара учун амалга оширилган тўлов ижара шартномаси учун аванс тўлови сифатида акс эттирилади ва ҳисобга олинади.


16. Бино ва ер участкаларининг ижара ҳисобини алоҳида юритиш ва таснифлаш зарур бўлган ҳолларда минимал ижара тўловларини (ҳар қандай бир марталик аванс тўловлари билан бирга) шартноманинг бошланиш санасидаги бино ва ер участкаларининг ижарага эгалик ҳуқуқи ўртасида "бино" ва "ер участкалари" элементлари бўйича ҳақиқий қийматига кўра пропорционал тақсимланади.

Бу икки элемент ўртасида ижара тўлови ишончли тақсимланмайдиган ҳолатларда ижара оператив ижара сифатида таснифланади.


17. Ижарага берилган ер участкаси ва биноси Стандартнинг 19-бандига мувофиқ "ер участкалари" ижара элементи учун дастлабки тан олинган суммаси сезиларли даражада бўлмаса, ер участкалари ва бинолар ижарани таснифлаш мақсадида бир объект сифатида кўрилиши ва Стандартнинг 14-15-бандларига мувофиқ молиявий ва оператив ижараси сифатида таснифланиши мумкин.

Бундай ҳолларда бинонинг фойдали хизмат муддати ижарага берилган активнинг фойдали хизмат муддати ҳисобланади.



3-БОБ. МОЛИЯВИЙ ИЖАРА

ВА УНИНГ ҲИСОБИ


18. Стандарт активларни ижарага бериш натижасида юзага келадиган фойда ёки зарарларни бюджет ҳисобида акс эттирилишини белгилайди.


19. Молиявий ижарада барча хатар ва фойдалар ижарачида бўлади. Ижарачининг дебитор қарздорликлари сифатида тўланаётган пул маблағларини унинг асосий қарзини қоплаш сифатида, кўрсатилган хизматлар учун компенсация ва рағбатлантиришни молиявий даромад сифатида ҳисобга олинади.


20. Ижара муддатининг бошланишида ижарачи молиявий ижара доирасида олинган активларни молиявий ҳолатлар тўғрисидаги ҳисоботда активлар сифатида ва бу активлар билан боғлиқ бўлган мажбуриятларни мажбуриятлар сифатида қабул қилади.


21. Балансда сақловчи молиявий ижара шартномаси шартлари асосида актив реализацияси бўйича фойда ёки зарарни ҳисобга олади.


22. Балансда сақловчи ижара муддатида олган ижара тўловларини даромад сифатида ҳисобга олади.

Балансда сақловчи даромад сифатида ҳисобга олган ижара тўловларини ижарага берилган мулкдан келиб тушадиган дебитор қарздорлиги маблағлари сифатида ҳисобга олади.


23. Ижара билан боғлиқ бўлган ўзига хос дастлабки тўғридан-тўғри харажатлар тез-тез вужудга келади, жумладан ижара шартномасини тузиш ва музокаралар олиб бориш харажатлари.

Молиявий ижара билан боғлиқ бўлган балансда сақловчи томонидан амалга оширилган харажатлар актив қийматига қўшилади.


24. Минимал ижара тўловлари молиявий харажатлар ҳамда қопланмаган ёки тўланмаган мажбуриятларга ажратилади.

Ижара муддати давомида харажатлар ҳар бир муддат учун тақсимланганда мажбуриятларнинг қолган қисми бўйича даврий фоиз ставкаси сақланади.

Шартли ижара тўлови тўланган ҳар бир давр учун харажат сифатида ҳисобланади.


25. Ижарачининг молиявий ижарага берилаётган активни яхшилаш (ободонлаштириш, қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ва бошқалар) харажатлари молиявий ижарага олинган актив қийматини кўпайтирувчи капитал қуйилмалар сифатида акс эттирилади.

Агар молиявий ижарага берилаётган актив, балансда сақловчининг рухсати билан яхшиланган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки шартнома бекор қилингач, молиявий ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатларининг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Балансда сақловчининг рухсатисиз амалга оширилган молиявий ижарага берилган активни яхшилашга сарфланган маблағлар (қўйилмалар) ва уларни молиявий ижарага берилган активга зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш имконияти бўлмаса, молиявий ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, молиявий ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагач ёки шартнома бекор қилингач, улар балансда сақловчига текинга ўтади. Агарда уларни молиявий ижарага берилган активга зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлса ва агар балансда сақловчи уларнинг қийматини тўлашга рози бўлмаса, бундай ҳолларда ижарачи уларни ажратиб олиши мумкин.


26. Молиявий ижарада ҳар бир ҳисобот даври учун молиявий ижарага берилган актив бўйича амортизация ажратмаси каби харажатлар юзага келади ва ижарачи томонидан амалга оширилади.


27. Молиявий ижарага берилган активни ҳар йили қайта баҳолаш қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарачи томонидан амалга оширилади.


28. Ижара шартномаси тугатилганда ижарачи томонидан молиявий ижарага берилган активни қайтариш муносабати билан балансдан чиқариш, ижара шартномасига мувофиқ молиявий ижара тўхтатилган санадаги молиявий ижарага берилган активнинг қопланмаган қиймати суммаси бўйича амалга оширилади.


29. Балансда сақловчининг ташаббуси билан ижара шартномаси тугатилганда молиявий ижара объектини кирим қилиш ижара шартномасига мувофиқ молиявий ижарани тугатиш кунидаги қарздорлик (дебитор қарздорлик) суммаси бўйича амалга оширилади.


30. Балансда сақловчи томонидан амалга оширилган ва молиявий ижара шартномасига мувофиқ ижарачи томонидан қопланадиган молиявий ижарага берилган активни етказиб бериш ва белгиланган мақсадда фойдаланиш учун уни яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ бўлган харажатлар молиявий ижарага берилган активнинг қийматига қўшилади. Ижара шартномасига мувофиқ юқоридаги харажатлар ижарачи томонидан қопланмаганда, улар юзага келган пайтдаги тегишли ҳисобот даври харажатлари сифатида ҳисобга олинади.



4-БОБ. ОПЕРАТИВ ИЖАРА ҲИСОБИ


31. Оператив ижарада, активга эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган барча хатарлар ижарачида бўлмайди. Оператив ижара шартномаси бўйича олинган активлар ижарачининг балансида ҳисобга олинмайди.


32. Оператив ижара объекти ижарачи томонидан балансдан ташқари ҳисобларда - оператив ижара шартномасида кўрсатилган қийматда, балансда сақловчида - асосий воситалар таркибида баланс ҳисобларида ҳисобга олинади.


33. Балансда сақловчининг оператив ижара объектларини сақлаб туриш билан боғлиқ харажатлари ушбу харажатлар юзага келган ҳисобот даврининг жорий харажатлари сифатида тан олинади.


34. Ижарачининг оператив ижарага олинган активни яхшилаш (ободонлаштириш, қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар ўрнатиш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ва бошқалар) харажатлари оператив ижарага олинган актив қийматини кўпайтирувчи капитал қуйилмалар сифатида акс эттирилади.

Оператив ижарага олинган актив ижарага берувчи ва балансда сақловчининг рухсати билан яхшиланганда, оператив ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки оператив ижара шартномаси бекор қилингач, оператив ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатларнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ижарага берувчи ва балансда сақловчининг рухсатисиз амалга оширилган оператив ижарага олинган активни яхшилашга сарфланган харажатлар (қўйилмалар) ва уларни оператив ижарага олинган активга зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш имкони бўлмаса, оператив ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагач ёки шартнома бекор қилингач, оператив ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, улар балансда сақловчига текинга ўтади. Оператив ижара объектига зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлса ва балансда сақловчи уларнинг қийматини қоплашга рози бўлмаса, бундай ҳолларда ижарачи уларни ажратиб олиши мумкин.


35. Тўловлар бошқа асосда амалга оширилганда, оператив ижарада тегишли ижара тўловларининг харажатлар сифатида тан олиниши тўғри чизиқ усулида ҳисобга олинади, ижарачи томонидан фойда олишнинг қулайроқ вақтинчалик жадвалини таъминлайдиган бошқа тизимли асос ҳолати юзага келиши бундан мустасно.


36. Балансда сақловчи йил чорагида камида бир марта ўзи унинг юритишида бўлган активни хатловдан ўтказишга ва фойдаланилмаётган актив аниқланган тақдирда 10 кун мобайнида ижарага берувчига актив жойлашган жойни, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифларини кўрсатган ҳолда унинг ҳақидаги маълумотларни тақдим этишга мажбур.


37. Балансда сақловчи ижара муддати давомида молиявий даромадни доимий равишда тақсимлаши лозим. Ижара тўловлари ижара муддати мобайнида хизматларга кетган харажатларни чегирган ҳолда, дебитор қарзнинг асосий қисмини камайтириш учун қабул қилинади.


38. Дастлабки тўғридан-тўғри харажатлар ижара муддатининг бошланиши даврида харажат сифатида ҳисобга олинади.


39. Оператив ижара бўйича олинувчи даромад ижара муддати давомида тўғри чизиқли усулда ҳисобга олинади, агар бошқа усул ижарага берилган актив бўйича фойда даромадларини ҳисобга олиш усулини фойдали тасвирласа, ўша усулдан фойдаланилади.



5-БОБ. ҚАЙТА ИЖАРАГА ОЛИНГАН

АКТИВНИНГ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


40. Молиявий ижара орқали реализация қилинган активни қайта ижарага олишни ҳисоблаш тартиби ижара таснифига боғлиқ ҳисобланади. Агар активни қайта ижарага олиш молиявий ижарага олиб келса, реализация қилинган сумманинг баланс қийматидан ортиқ бўлган миқдори ижарачи учун даромад сифатида ҳисобга олинмайди. Бу ҳолатлар кейинги даврларга ўтказилади ва ижара муддати давомида ҳисобга олинади.


41. Қайта ижарага олиш молиявий ижара бўлса, ижарачини молиявий маблағлар билан таъминлашнинг бир усули ҳисобланиб, бунда актив таъминот сифатида ҳисобга олинади.


42. Агар активни қайта ижарага олиш операциялари оператив ижарага олиб келса, бундан келиб чиқадиган фойда ёки зарар ҳисобга олинади. Активни сотиш нархи ҳақиқий қийматдан паст бўлса, бу ҳолат дарҳол фойда ёки зарар сифатида ҳисобга олинади,бундан зарар келгусидаги ижара тўловларининг бозор нархидан паст қийматда қопланган ҳолат мустасно.

Агар активни қайта ижарага олиш оператив ижарага олиб келса, реализация қилинган сумманинг баланс қийматидан ортиқ бўлган миқдори актив фойдаланиш даври учун кейинги даврларга ўтказилиши ва ҳисобдан чиқарилиши керак.


43. Оператив ижарада қайта ижарага олинган активнинг қиймати унинг баланс қийматидан паст бўлса, бу фарқ зарар сифатида ҳисобга олинади.

Ижарачи мол-мулкни соз ҳолатда сақлайди, ўз ҳисобидан жорий таъмирлаш ва мулкни сақлаш бўйича харажатларни қоплайди.



6-БОБ. АХБОРОТНИ ОЧИБ БЕРИШ


44. Балансда сақловчи оператив ижара бўйича қуйидаги ахборотларни очиб бериши керак:

а) муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқисиз бўлган оператив ижара бўйича келгусидаги минимал ижара тўловларини умумий ҳамда ҳар бири учун алоҳида қуйидаги даврлар учун:

бир йилгача бўлган муддатда;

бир йилдан сўнг, лекин, беш йилдан кам бўлмаган муддат;

беш йилдан кейинги муддат;

б) молиявий фаолият ҳисоботида, даромад сифатида ҳисобга олинган шартли ижара тўлов суммаси;

в) балансда сақловчи томонидан тузилган ижара шартномаларининг умумий тавсифлари.


45. Ижарачилар молиявий ижара бўйича қуйидаги ахборотларни очиб бериши керак:

ҳисобот давридаги ҳар бир активнинг тури бўйича соф баланс қиймати;

ҳисобот давридаги харажат сифатида тан олинган шартли ижара тўлови;

муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ижара шартномалари бўйича баланс кунида қабул қилинадиган ижаранинг келгусидаги минимал ижара тўловлари умумий суммаси;

молиявий ҳисоботни тузиш санасига ижарадан олиниши кутилаётган келгуси ижара тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотлар;

молиявий ижара муддати учун қопланмаган мажбурият қолдиғига даврий фоиз ставкасини олиш учун балансда сақловчининг даромади (молиявий ижара бўйича фоизлар)ни тақсимлашда фойдаланиладиган усул;

ижарачи томонидан тузилган, шартли ижара тўлови бўйича кредиторлик қарздорлигининг аниқланиш асоси маълумотларни ўз ичига олувчи, бироқ бу билан чегараланмаган ижара шартномалари умумий мазмуни.


46. Ижарачи оператив ижара бўйича қуйидаги ахборотларни очиб бериши керак:

а) оператив ижара шартномаси бўйича келажакдаги минимал ижара тўлови суммасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқисиз қуйидаги даврларни:

бир йилгача бўлган муддат;

бир йилдан сўнг, лекин, беш йилдан кеч бўлмаган муддат;

беш йилдан кейинги муддат;

б) муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ижара шартномалари бўйича келгусидаги минимал ижара тўловларнинг умумий суммасини;

в) ижарачи томонидан тузилган, қуйидаги маълумотларни ўз ичига олувчи, бироқ бу билан чегараланмаган ижара шартномалари умумий мазмунини:

шартли ижара тўлови бўйича кредитор қарздорликни аниқланиши учун асос;

шартномани янгилаш имкониятининг шартлари ҳамда мавжудлиги ёки ўзгарувчан нархлар тўғрисидаги харидлар ва эслатмалар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 5 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 март, 10-сон, 184-модда