ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.02.2019 й. 154-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 22 февралдаги

154-сон қарорига

1-ИЛОВА



Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик

лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини

олтин ва кумуш медаллар билан

тақдирлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини (кейинги ўринларда битирувчилар деб аталади) олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Битирувчилар олтин ва кумуш медаллар билан белгиланган тартибда давлат аккредитациясидан ўтган давлат ва нодавлат умумтаълим муассасалари, академик лицейлар (кейинги ўринларда таълим муассасаси деб аталади) томонидан иловага мувофиқ схема бўйича тақдирланади.

Битирувчиларга бўйсунувидан қатъи назар, умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома бериладиган таълим муассасаларида олтин ва кумуш медаллар бериш жараёни - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, шунингдек, бўйсунувидан қатъи назар, битирувчиларига ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган таълим муассасаларида олтин ва кумуш медаллар бериш жараёни - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.


2-БОБ. БИТИРУВЧИЛАРНИ ОЛТИН ВА

КУМУШ МЕДАЛЛАР БИЛАН ТАҚДИРЛАШ


3. Олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.


4. Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.


5. Намунали хулқ-атворга эга ҳамда жамоат ишларида фаол битирувчилар рўйхати таълим муассасаси директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва амалиётчи психологи томонидан тегишли ўқув йилининг якунида таълим муассасасининг Педагогик кенгашига киритилади.

Битирувчиларнинг намунали хулқ-атвори уларнинг мактабнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига доим риоя этиши, мактаб формасига риоя этиши, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлиши билан асосланади.

Битирувчиларнинг жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиши уларнинг таълим муассасаси манфаати, унинг шаъни ва нуфузи тўғрисида қайғурганлиги, таълим муассасаси ривожи учун жонкуярлик қилганлиги, турли йўналишдаги ташкилий тадбир ва кўрик-танловларда фаол иштирок этиши билан асосланади.


6. Таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳар йили 10 июнга қадар:

битирувчиларнинг баҳоларини, ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни (синф журнали, баҳолар табели) ўрганади;

олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлашга муносиб бўлган битирувчилар рўйхатини шакллантиради;

олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланадиган битирувчилар рўйхатини таълим муассасасининг Педагогик кенгашига (кейинги ўринларда Педагогик кенгаш деб аталади) тақдим этади.


7. Педагогик кенгаш ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида белгиланган талаблар асосида ҳар йили 14 июнга қадар битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади.


8. Битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, битирувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида таълим муассасаси директори томонидан ҳар йили 15 июнга қадар тантанали равишда топширилади.


9. Педагогик кенгашнинг битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисидаги қарори нусхаси ҳар йили 17 июнга қадар таълим муассасаси жойлашган ҳудуд бўйича тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдим этилади.

Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳар йили 20 июнга қадар тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ҳамда ҳар йили 25 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этади.

Битирувчиларига ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган бошқа вазирликлар ва идоралар тизимидаги таълим муассасалари олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили 25 июнга қадар белгиланган тартибда идоравий мансублиги бўйича тегишли вазирликлар ва идораларга тақдим этади.

10. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, тизимида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳар йили 30 июнга қадар ўзининг расмий веб-сайтида олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган битирувчилар ҳақидаги маълумотларни жойлаштиради.


3-БОБ. БУЮРТМАНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ҲАМДА

ОЛТИН ВА КУМУШ МЕДАЛЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ


11. Таълим муассасалари ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида белгиланган талаблар асосида тегишли ўқув йилининг 15 ноябрига қадар олтин ва кумуш медалларга буюртмани туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига тақдим этади.

12. Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари тегишли ўқув йилининг 25 ноябрига қадар буюртмаларни умумлаштириб, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига тақдим этади.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари олтин ва кумуш медалларга буюртмани умумлаштириб, тегишли ўқув йилининг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этади.

Битирувчиларига ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган бошқа вазирликлар ва идоралар тизимидаги таълим муассасалари белгиланган тартибда олтин ва кумуш медалларга буюртмани ҳар ўқув йилининг 1 декабрига қадар белгиланган тартибда идоравий мансублиги бўйича тегишли вазирликлар ва идораларга юборади. Вазирлик ва идоралар буюртмаларни умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади.

14. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги буюртмаларни умумлаштириб, тегишли ўқув йилининг 15 декабрига қадар Марказий банк ҳузуридаги "Давлат белгиси" давлат унитар корхонасига буюртма беради.

15. Марказий банк ҳузуридаги "Давлат белгиси" давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буюртмаси асосида олтин ва кумуш медалларни тегишли ўқув йилининг 1 майига қадар тайёрлайди.

16. Олтин ва кумуш медаллар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг "Таъминот ва логистика хизмати" давлат унитар корхонаси томонидан тегишли ўқув йилининг 1 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига етказилади.

Олтин ва кумуш медаллар Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан тегишли ўқув йилининг 5 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари орқали тегишли ўқув йилининг 8 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида таълим муассасаларига етказилади.

Тизимида битирувчиларига ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар олтин ва кумуш медалларни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан қабул қилиб, топшириш-қабул қилиш далолатномалари асосида тегишли ўқув йилининг 5 июнига қадар таълим муассасаларига етказади.

17. Таълим муассасасида олтин ва кумуш медаллар таълим муассасаси директорининг пўлат сандиғида (сейфда) сақланади. Медаллар ўқувчиларга топширилгунга қадар сақлаш учун жавобгарлик таълим муассасаси директорига юкланади.


18. Олтин ва кумуш медаллар турли сабабларга кўра ортиб қолган тақдирда тегишли ўқув йилининг 15 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида таълим муассасаси директори томонидан туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўринбосарига, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўринбосари томонидан тегишли ўқув йилининг 18 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларининг масъул ходимига топширилади.

19. Ортиб қолган олтин ва кумуш медаллар Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан тегишли ўқув йилининг 30 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қайтарилади.

Ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар тизимидаги таълим муассасаларида ортиб қолган олтин ва кумуш медалларни 30 июнга қадар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади.

20. Ортиб қолган олтин ва кумуш медаллар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида захира сифатида сақланади.


4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Олтин ва кумуш медаллар давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.


22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик

лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин

ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Ижрочилар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари

1. Битирувчиларнинг баҳоларини, ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни (синф журнали, баҳолар табели) ўрганиш


2. Олтин ва кумуш медаль билан тақдирлашга муносиб бўлган битирувчилар рўйхатини шакллантириш


3. Олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланадиган битирувчилар рўйхатини Педагогик кенгашга тақдим этиш

Ҳар йили

10 июнга қадар

2-босқич

Педагогик кенгаш

Битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилиш

Ҳар йили

14 июнга қадар

3-босқич

Таълим муассасаси директори, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, битирувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари

Битирувчиларга олтин ва кумуш медалларни тантанали равишда топшириш

Ҳар йили

15 июнга қадар

4-босқич

Таълим муассасаси директори

Педагогик кенгашнинг битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисидаги қарори нусхасини туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига тақдим этиш

Ҳар йили

17 июнга қадар

5-босқич

Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш

Ҳар йили

20 июнга қадар

6-босқич

1. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари

2. Тасарруфида таълим муассасалари бўлган бошқа вазирликлар ва идоралар

1. Олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этиш

2. Олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда идоравий мансублиги бўйича тегишли вазирликлар ва идораларига тақдим этиш

Ҳар йили

25 июнга қадар

7-босқич

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар

Расмий веб-сайтда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган битирувчилар рўйхатини жойлаштириш

Ҳар йили

30 июнга қадар

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 февраль

















































Время: 0.0068
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск