ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.03.2019 й. 236-сон "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.03.2019 й.

N 236




"МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ ФИДОКОРИ" КЎКРАК

НИШОНИНИ  ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4038-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони таъсис этилсин.


2. Қуйидагилар:

"Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

"Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;

"Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишонига тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг буюртмасига биноан, "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тайёрланишини белгиланган тартибда таъминласин.


4. "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишонини ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатларнинг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 20 мартдаги

236-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Маданият ва санъат фидокори"

кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ


1. Ушбу Низом "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони (кейинги ўринларда кўкрак нишони деб аталади) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.


3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.


4. Туман (шаҳар) маданият бўлимлари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигига, вилоятлар маданият бошқармаларига ва Тошкент шаҳар маданият  бош бошқармасига ҳар йили 1 октябрга қадар тақдим этадилар.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси номзодлар бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда  ҳар йили 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) тақдим этадилар.


6. Вазирлик тизимидаги республика ташкилотлари ва муассасалари, Ўзбекистон Бадиий академияси, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда бошқа вазирликлар ва идоралар маданият ва санъат соҳаси вакилларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 ноябрга қадар вазирликка тақдим этадилар.


7. Кўкрак нишонига тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида номзодларнинг ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили  1 декабрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.


8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 10 декабрга қадар чиқарилади.


9. Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали равишда топширилади.


10. Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

11. Кўкрак нишони, истисно тариқасида, жаҳон миқёсидаги нуфузли  кўрик-танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаган, ўзбек миллий маданияти ва санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларга, соҳа мутахассисларига ҳамда маданият ва санъат намояндаларига, шунингдек, ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрий ходимларнинг юбилей ва таваллуд кунлари муносабати билан вазирлик буйруғига асосан алоҳида муддатларда ҳам топширилиши мумкин.


12. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


13. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.


14. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.






Низомга

ИЛОВА



"Маданият ва санъат фидокори"

кўкрак нишони билан тақдирлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар


Тадбирлар


Бажариш муддати

1-босқич

Туман (шаҳар) маданият бўлимлари


Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигига, вилоятлар маданият бошқармаларига ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига тақдим этади


ҳар йили  1 октябрга қадар













2-босқич

1. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари  ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси


2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги республика ташкилотлари  ва муассасалари


3. Ўзбекистон Бадиий академияси, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда бошқа ташкилотлар


1. Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади


2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этади


ҳар йили

1 ноябрга қадар













3-босқич

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири раислигида "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишонига тақдим этилган номзодларни кўриб  чиқиш бўйича ишчи гуруҳ


Номзодлар бўйича ҳужжатларни ўрганиб чиқади  ва энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса  қабул қилади


ҳар йили

1 декабрга қадар













4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги


1. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғини чиқаради


2. Кўкрак нишони билан тақдирлайди


ҳар йили

10 декабрга қадар


ҳар йили

Янги йил байрами арафасида



       





Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 20 мартдаги

236-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Маданият ва санъат фидокори"

кўкрак нишонининг

ТАВСИФИ


"Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони (кейинги ўринларда кўкрак нишони деб аталади) диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг олд томони марказида очиқ ҳолатдаги китоб фонида - театр санъати ниқоблари, кинотасма, мусиқани англатувчи лира чолғуси, ижодкорлик тимсоли бўлган мўйқалам ва сиёҳли ручка тасвирланган.

Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган  оқ эмалли доирада баландлиги 6 миллиметр бўлган "MADANIYAT VA SAN`AT FIDOKORI" сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида беш қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган "MADANIYAT VA", "SAN`AT RIVOJIGA", "QO`SНGAN", "MUNOSIB НISSASI", "UCНUN" сўзлари жойлашган.

Кўкрак нишонининг қалинлиги - 2,2 миллиметр.

Тасвирлар ва ёзувлар қавариқдир.

Кўкрак нишони олд ва орқа томонларининг четлари қавариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқчалар ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.

Қадағичнинг эни - 26 миллиметр, бўйи - 17 миллиметрдан иборат.  Қадағич эни 22 миллиметрли кўк ва оч кўк рангли шойи лента билан қопланган. Лентанинг икки ёнидаги кўк рангдан эни 1 миллиметрли иккита оқ рангли йўл, шунингдек, лентанинг ўртасидаги оч кўк рангдан эни 1,6 миллиметрли иккита  оқ рангли йўл вертикал ҳолатда ўтган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.



"Маданият ва санъат фидокори"

кўкрак нишони

Олд томони

Орқа томони





Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 20 мартдаги

236-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Маданият ва санъат фидокори"

кўкрак нишони гувоҳномасининг

ТАВСИФИ


"Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони гувоҳномаси (кейинги ўринларда гувоҳнома деб аталади) 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган тўқ кўк рангли ҳошия билан ўралган.

Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр  пастда, марказда, оралиғи 3,5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн  жойлашган. Биринчи сатрда "MADANIYAT VA SAN`AT", иккинчи сатрда "FIDOKORI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 14 кегль), учинчи сатрда "ko`krak nishoni" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 14 кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда "GUVOНNOMASI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 17 кегль) сўзи ёзилган.

Ёзувлар тўқ кўк рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) "Тангир"  тасвири туширилган оч ҳаво рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда, кўкрак  нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда, "GUVOНNOMA" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳноманинг тартиб рақами учун "N" белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.

"GUVOНNOMA" сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 6 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "O`zbekiston Respublikasi", иккинчи сатрда "Madaniyat vazirligining" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "20__ y. "___" ___________dagi",  иккинчи сатрда "____-sonli buyrug`iga asosan" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 5 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "MADANIYAT VA SAN`AT", иккинчи сатрда "FIDOKORI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти,  12 кегль), учинчи сатрда "ko`krak nishoni bilan mukofotlandi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда, "Vazir" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.



"Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони

ГУВОҲНОМАСИ

      





Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 20 мартдаги

236-сон қарорига

4-ИЛОВА



"Маданият ва санъат фидокори"

кўкрак нишонига тақдим этилган номзодларни

кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ

ТАРКИБИ

1. Б. Сайфуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари


2. А. Нуридинов

-

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари


3. Ф. Зокиров

-

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги бош директори, Ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари


4. С. Саидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари


5. Р. Абдуллаев

-

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, Ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари


6. С. Ҳакимов

-

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси


7. О. Назарбеков

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари


8. К. Акилова

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари


9. У. Қўконбоев

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари


10. З. Заиров

-

Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори


11. Ш. Тохтасимов

-

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ректори


12. лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Касаба уюшмаси қўмитаси раиси


13. А. Азимова

-

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Кадрлар бошқармаси бошлиғи, Ишчи гуруҳ масъул котиби


Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 март
































Время: 0.0051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск