ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Турли соҳалар ва ташкилотларда хисобларнинг ўзига хос хусусиятлари / Молия органлари ва бюджет ташкилотларида ҳисоб /

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) "Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар" (АВ томонидан 20.03.2019 й. 3144-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 30.01.2019 й. 11-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 20 мартда 3144-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2019 йил 30 январдаги

11-сон буйруғига

ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БЮДЖЕТ ҲИСОБИНИНГ СТАНДАРТИ


(8-сонли БҲС)


КЎЧМАС МУЛК,

БИНО ВА ЖИҲОЗЛАР


Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) "Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар" (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ҳамда "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларнинг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар (бундан буён матнда асосий воситалар деб юритилади) ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


асосий воситалар - ташкилотнинг узоқ муддат давомида (бир йилдан ортиқ) зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш, товарларни ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифалар жараёнида фойдаланиладиган, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш мумкин бўлган моддий активлар;


асосий воситалар гуруҳи - молиявий ҳисоботларда маълумотларни очиб бериш мақсадида ташкилот фаолиятидаги ўхшаш функция ёки характердаги активлар гуруҳини битта тасниф бўйича акс эттириш;


активнинг тугатиш қиймати - асосий воситаларнинг чиқиб кетиши бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда кутилаётган фойдали хизмат даври охирида асосий воситаларни тугатиш чоғида олинадиган активларнинг кутилаётган суммаси;


баланс қиймати - активнинг бошланғич қийматидан жамланган амортизация ва қадрсизланишдан кўрилган зарар суммасини чегириб ташлангандаги қиймат;


бошланғич қиймат - асосий воситаларни яратиш (қуриш ва қуриб битказиш) ёки харид қилиш бўйича қилинган харажатларнинг қиймати, шунингдек активни ундан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун ишчи ҳолатига келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган етказиб бериш ва монтаж қилиш, ўрнатиш, ишга тушириш ва исталган бошқа харажатлар;


фойдали хизмат даври - корхона активдан фойдаланадиган вақт даври ёки ташкилот ушбу активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот миқдори;


амортизацияланадиган қиймат - активнинг бошланғич ёки молиявий ҳисоботда ўрнини босувчи бошқа қийматдан тугатиш қийматининг чегирилиши;


амортизация - фойдали хизмат даври мобайнида активнинг амортизацияланадиган қийматини асосий воситаларнинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда харажатларига тизимли тақсимлаш ва ўтказиш кўринишида эскиришнинг қиймат ифодаси;


2. Стандарт асосий воситалар ҳисобини юритиш, шунингдек молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун ташкилотларнинг асосий воситаларга киритилган инвестиция ва уларнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотларни очиб беради. Асосий воситаларни ҳисобини юритишда активлар тан олинади, унинг баланс қиймати, амортизацияси ва қайта баҳолашдан кўрилган зарарлар аниқланади.


3. Ҳисоблаш усули асосида молиявий ҳисоботлар тузувчи ва тақдим қилувчи ташкилотлар асосий воситалар ҳисобини юритишда Стандартдан фойдаланади.


4. Стандарт қуйидагилар учун татбиқ этилмайди:

қишлоқ ҳўжалиги фаолияти билан боғлиқ биологик активлар;

асосий воситалар сифатида тан олинишини белгиловчи мезонларга мос келмайдиган активлар;

нефт, газ ёки шунга ўхшаш қайта тикланмайдиган минерал ресурс захиралари ва уларни қазиб олиш учун ҳуқуқлар.


5. Хизмат муддати ва қийматидан қатъий назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киритилмайди:

махсус асбоблар ва мосламалар (муайян буюмларни туркумлаб ва ёппасига ишлаб чиқариш учун ёки якка тартибдаги буюртмаларни тайёрлаш учун мўлжалланган, мақсадли йўналтирилган асбоблар ва мосламалар);

махсус ва санитария кийим-кечаклар, махсус пойабзаллар;

кўрпа-тўшак анжомлари;

ёзув-чизув анжомлари (калькуляторлар, стол устига қўйиладиган асбоблар ва бошқалар);

ошхона анжомлари, шунингдек ошхона учун дастурхон-сочиқлар;

тикланиши бўйича харажатлар қурилиш-монтаж ишлари таннархига киритиладиган вақтинчалик (нотитул) иншоотлар, мосламалар ва қурилмалар;

бир йилдан кам фойдаланиш муддатига эга бўлган алмаштириладиган ускуналар;

овлаш қуроллари (траллар, тўрлар, қармоқлар ва бошқалар) ва шу каби моддий қимматликлар.

Ушбу банднинг иккинчи - саккизинчи хатбошиларидаги моддий қимматликлар бухгалтерия ҳисобида товар-моддий захиралар таркибида ҳисобга олинади.


6. Асосий воситалар таркибида қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкилот мулкига топширилган ер участкалари ҳисобга олинади.


7. Қиймати ва хизмат муддатидан қатъи назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киради:

қишлоқ хўжалиги машиналари ва ускуналари;

ишчи ва маҳсулот берувчи ҳайвонлар;

кутубхона фондлари;

маданий мерос активлари;

ҳайвонот олами экспонатлари;

намунавий лойиҳалаштиришга оид ҳужжатлар.

Агар битта асосий воситада турлича фойдали хизмат даврига эга бир нечта мустақил объектлар мавжуд бўлса, ҳар бир бундай объект бюджет ҳисобида алоҳида асосий восита сифатида ҳисобга олинади.


8. Махсус ҳарбий техникалар асосий воситалар ҳисобланиб, Стандартга мувофиқ ҳарбий асосий воситалар ҳисоби ташкил этилади.



2-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИ

ТАН ОЛИНИШИ


9. Асосий воситалар актив сифатида:

ташкилотга келгусида актив билан боғлиқ иқтисодий наф келиб тушишига ишонч бўлганда;

актив қийматини аниқ баҳолаш мумкин бўлганда тан олинади.


10. Техник хизмат кўрсатиш жиҳозлари ва қўшимча эҳтиёт қисмлари одатда моддий захираларни айланма манбалари таркибига киритилади ва улардан фойдаланиш давомида харажатлар кўрсатиб борилади. Ташкилот томонидан бир йилдан ортиқ даврда фойдаланилиши назарда тутилган бир турдаги катта ҳажмли қўшимча эҳтиёт қисмлари ва ускуналари асосий восита сифатида классификация қилинади. Эҳтиёт қисмлари ва хизмат жиҳозлари фақат асосий воситалар билан боғлиқ холда фойдаланилса, улар асосий воситалар сифатида ҳисобга олинади.


11. Стандартда асосий воситалар бирлигини тан олиниши учун фойдаланиладиган ўлчов бирликлари ҳисобга олинмайди. Объектнинг бир бутунлигини таъминловчи қўшимча объектлар бир объект сифатида тан олинади (масалан, кутубхона китоблари, компьютер қўшимча қурилмалари ва жиҳознинг катта бўлмаган деталлари ва ялпи қиймат мезонлари бўйича қабул қилиш).


12. Ташкилотлар тан олиш принципи бўйича асосий воситаларга қилган барча харажатларни унинг қиймати юзага келиши вақтида баҳолайди. Бу харажатлар асосий воситаларнинг қурилиши ёки сотиб олиниши, унга қўшилган харажатлар, қисмларининг алмаштирилиши ёки унга хизмат кўрсатилиши натижасида ҳисобга олинган харажатларни ўз ичига олади.


13. Ихтисослашган ҳарбий техника асосий воситалар таркибига киритилиб, Стандартга мувофиқ актив сифатида тан олинади.


14. Атроф муҳитни қўриқлаш ёки атроф муҳитни хавфсизлигини таъминлаш учун асосий воситалар харид қилинади. Бундай асосий воситаларнинг харид қилиниши активнинг иқтисодий манфаат ёки фойда олиш салоҳиятини кўпайтирмайди, лекин ташкилотлардаги бундай харидлар бошқа активлардан келажакда иқтисодий манфаат ёки фойда олиш мақсади бўлади. Бундай харидлар ҳам асосий воситалар сифатида тан олинади. Мазкур асосий воситалар ташкилотга бошқа активлардан келажакда қўшимча иқтисодий манфаат ёки фойда олиш имконини беради.

Асосий воситалардан фойдаланиш учун қилинган харажатлар баланс қийматида акс эттирилмайди. Ушбу харажатлар юзага келиш жараёнида ҳақиқий харажатларда кўрсатилади ва сарфланган материалларга қилинган харажатларни хам ўз ичига олади.


15. Актив сифатида тан олиниши лозим бўлган асосий воситалар объекти биринчи навбатда қиймати бўйича тан олинади.


16. Агар актив алмашув бўлмаган операциялар йўли билан олинган бўлса, унинг қиймати сотиб олиш кунидаги ҳақиқий нархи ҳисобланади.

Асосий воситалар алмашув бўлмаган операциялар йўли билан олинган бўлиши мумкин (масалан, парклар, йўллар ва тротуарлар қуриш учун нол қийматда ёки номинал қийматда ер участкаларининг берилиши). Актив мол-мулкни мусодара қилиш йўли билан олинганда мусодара қилинган мулкнинг олдинги эгаси томонидан сотиб олинган кунидаги ҳақиқий қиймати ҳисобланади.



3-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИНГ

КЕЛИБ ТУШИШИ


17. Асосий воситалар қуйидагилар натижасида ташкилот балансига кирим қилинади:

олди-сотди шартномаси бўйича объектни сотиб олиш;

капитал қўйилмалар тугаганидан сўнг тикланган объектни қабул қилиш-топшириш;

беғараз келиб тушиш;

товар-моддий захиралар таркибидан ўтказиш;

асосий воситаларнинг ортиқча (ҳисобга олинмаган) объектларини аниқлаш;

алмашув операциялари;

молиявий ижара шартномаси бўйича олиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар.


18. Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобига кирим қилиниши асосий воситаларнинг бошланғич қиймати бўйича амалга оширилади.

Сотиб олинган асосий воситалар, тугалланган қурилишлар ва иншоотлар, шунингдек ташкилотнинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига уларнинг сотиб олиш нархи ва уларга қилинган барча харажатларнинг тўлиқ суммасида, жумладан, мазкур асосий воситаларни фойдаланиш учун ишчи ҳолатига келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган етказиб бериш ва монтаж қилиш, ўрнатиш, ишга тушириш ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда киритилади.


19. Стандартнинг 10-бандида келтирилган тан олиш қоидаларига кўра ташкилот активига кўрсатиладиган кундалик техник хизмат кўрсатиш харажатлари активнинг асосий воситалар баланс қийматига киритилмайди. Бу харажатлар уларнинг вужудга келиш ҳолатига кўра фойда ёки зарар таркибига киритилади. Кундалик техник хизмат кўрсатиш харажатлари - бу биринчи навбатда иш ҳақи ва материалларга харажатлар ҳисобланади ва улар бутловчи қисмларнинг қийматини ҳам ўз ичига олади. Бундай харажатлар одатда асосий воситаларнинг таъмирлаш ва жорий хизмат кўрсатиш харажатлари сифатида кўрсатилади.


20. Баъзи асосий воситаларнинг таркибий қисмлари маълум бир вақт давомида алмаштиришни талаб этади (масалан, йўллар бир неча йиллардан сўнг эскириши ва яроқсиз ҳолатга келиши сабабли янги қоплама қилиниши зарур). Баъзи асосий воситаларнинг объектлари бундай мунтазам алмаштиришларга эҳтиёж сезмайди (масалан бинонинг ички деворлари).

Стандартнинг 10-бандида келтирилган тан олиш қоидаларига кўра, ташкилот асосий воситаларининг баланс қийматига, тан олиш хусусиятларига риоя этиш шартларининг вужудга келиш пайтидаги алмаштириш харажатлари киритилади. Алмаштириладиган қисмларнинг қолдиқ қийматини ҳисобдан чиқариш Стандартнинг ҳисобдан чиқариш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИ

ГУРУҲЛАНИШИ


21. Асосий воситаларнинг гуруҳлари - ташкилот фаолиятида фойдаланилиши ва вазифаси ўхшаш бўлган актив гуруҳлари ҳисобланади.


22. Алоҳида гуруҳларга мисоллар сифатида қуйидагиларни келтирилиши мумкин:

а) ер участкаси;

б) ишчи бинолар;

в) йўллар;

г) машина жиҳозлари;

д) электр узатиш тармоқлари;

е) транспорт;

ж) ҳаво транспорти;

з) махсус ҳарбий жиҳозлари;

и) автотранспорт воситалари;

к) мебел жиҳозлари;

л) офис жиҳозлари;

м) нефть миноралари.


23. Асосий воситаларнинг ягона гуруҳи ичидаги объектларнинг қайта баҳоланиши активларнинг танлама усулда қайта баҳоланишини олдини олиш мақсадида амалга оширилади ҳамда молиявий ҳисоботларда ҳақиқий харажатлар ва турли саналардаги қийматларни ифодаланишини таъминлайди.


24. Активлар гуруҳлари ўзгарувчан асосда қайта баҳоланиши мумкин. Активлар гуруҳининг қайта бахоланиши қисқа давр мобайнида якунланади ва натижалар янгиланади.


25. Қайта баҳолаш натижасида актив гуруҳининг баланс қиймати ошса, бу кўпайиш "Асосий воситалар" счётининг тегишли субсчётларининг дебетида ва "Асосий воситалар, қийматликлар ва номоддий активларни қайта баҳолаш" субсчётнинг кредитида акс эттирилади.


26. Агар активнинг баланс қиймати қайта баҳолаш натижасида камайса, бундай камайиш фойда ёки зарарнинг тан олинишига тегишли счётларда ҳисобга олинади.


27. Асосий воситалар ягона гуруҳи ичидаги алоҳида активларга тегишли бўлган, қайта баҳолаш натижасида қийматнинг ўсиши ёки камайиши, мазкур гуруҳ ичида ўзаро ҳисоб-китоб қилинади. Асосий воситаларнинг бошқа гуруҳларига тегишли активлар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилинмайди.


28. Соф активлар/капитал таркибига кирувчи қайта баҳолаш натижасидаги ўсишнинг бир қисми ёки ҳаммаси, актив ҳисобидан чиқарилганда тўғридан-тўғри жамланган фойда ёки зарарга ўтказилади. Қайта баҳолаш натижасидаги қиймат ўсиши активдан фойдаланиш меъёри даражасида жамланган фойдага ўтказилади. Қиймат ўсишининг ўтказилиш суммаси қайта баҳоланган актив баланс қиймати асосида ҳисобланган амортизация суммаси билан активнинг бошланғич қиймати асосида ҳисобланган амортизация суммаси ўртасидаги фарқни ифодалайди.



5-БОБ. МАДАНИЙ МЕРОС ВА

ИНФРАСТРУКТУРА АКТИВЛАРИ


29. Ташкилотлар асосий воситаларни тан олиш хусусиятлари ва белгиларига тўғри келадиган маданий мерос активлари учун Стандартнинг ахборотни очиб бериш талаблари қўлланилади. Стандартнинг баҳолаш бўйича ва бошқа талаблари маданий мерос активлари учун қўлланилмайди.


30. Баъзи активлар ўзининг маданий, экологик ёки тарихий қийматига эга бўлиб, маданий мерос активлари сифатида тан олинади (масалан, тарихий иншоотлар, монументлар, археологик қазилмали жойлар, табиат томонидан муҳофаза қилинадиган ҳудудлар, қўриқхоналар, санъат асарларини ва бошқалар).


31. Маданий мерос активлари қуйидаги тавсифларга эга:

молиявий аниқлаш жараёнида бозор қийматига асосланган умумий нархда ифодаланиши мумкин бўлмаган маданий, экологик ва тарихий аҳамиятга эгалиги;

активларни сотиш орқали чиқиб кетишини қонун билан қатъий чеклаш ёки тақиқлар ўрнатилганлиги;

вақт ўтиши билан физик ҳолати ёмонлашиб, нархи ортганда ҳам янгисига ўзгартириб бўлмаслиги;

активларнинг фойдаланиш даври бир неча юз йилни ташкил этиши натижасида уларнинг фойдаланиш даврини аниқлашда қийинчиликлар юзага келиши мумкин.


32. Ташкилотлар катта ҳажмдаги маданий мерос активларига эгалик қилиши мумкин. Бу активлар узоқ йиллар давомида турли хил йўллар билан, жумладан олди-сотди шартномаси, бепул тушумлар, айирбошлаш натижасида қўлга киритилган бўлиши мумкин.


33. Маданий мерос активлари унинг қийматидан ташқари фойдали салоҳиятга хам эга бўлади (масалан, офис биноси сифатида фойдаланиладиган тарихий бино). Бунда улар бошқа асосий воситалар талаблари бўйича тан олиниши ва нархланиши мумкин. Бошқа мерос қилиб олинадиган активларнинг фойдали салоҳияти уларнинг тавсифлари натижасида чекланган бўлади (масалан, ёдгорликлар ва тарихий объект қолдиқлари).


34. Маданий мерос активлари мавжуд ташкилотлар молиявий ҳисоботларда қуйидаги маълумотларни очиб бериши зарур:

баҳолашнинг фойдаланиладиган асоси;

амортизация ҳисоблашнинг фойдаланиладиган усули, агар бу усул қўлланилса;

ялпи баланс қиймати;

ҳисобот даври охиридаги жами амортизация, агар мавжуд бўлса;

давр боши ва охиридаги баланс қийматини ўз ичига олувчи қисмларни таққослаш.


35. Баъзи активлар инфраструктура активлари сифатида ифодаланади. Инфраструктура активлари қуйидаги хусусиятлардан бирига ёки барчасига эга бўлади:

тармоқ ёки тизимнинг бир қисмига эга бўлади;

махсус характерга эга ва альтернатив фойдаланилмайди;

кўчмас ҳисобланади;

олиб қўйилишига аниқ чекловлар мавжуд бўлади.


36. Инфраструктура активлари асосий воситаларга киради ва Стандартга мувофиқ ҳисобга олинади (масалан, йўллар, канализация тизимлари, сув ва электр таъминоти тизимлари, коммуникация тизимлари ва бошқалар).



6-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИ БАҲОЛАШ


37. Асосий воситалар активлар сифатида тан олинганда, бошланғич қиймати бўйича баҳоланади.


38. Тўлов эвазига сотиб олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати қуйидаги харажатлардан иборат:

шартнома асосида қурилиш монтаж-ишларини бажарадиган пудратчи ва активларни сотувчиларга тўланадиган сумма;

рўйхатга олиш йиғимлари, давлат божлари ва асосий воситаларга бўлган ҳуқуқни сотиб олиш (олиш) бўйича амалга оширилган бошқа шунга ўхшаш тўловлар;

божхона божи ва йиғимлари;

асосий воситалар объектларини сотиб олиш (барпо этиш) муносабати билан йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса);

асосий воситалар объектларини сотиб олиш (барпо этиш) билан боғлиқ ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўланадиган суммалар;

асосий воситалар объектларини етказиб бериш (барпо қилиш) хатарини суғурталаш бўйича харажатлар;

асосий воситалар объектини сотган воситачиларга тўланадиган мукофотлар;

асосий воситаларни ўрнатиш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга туширишга оид харажатлар;

активдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун уни ишчи ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар.


39. Фойдаланиш ҳолатида ва ўз жойида бўлган асосий воситаларга қилинган харажатлар (қайта ўрнатиш ва фойдаланиш жараёнидаги харажатлар) асосий воситанинг баланс қиймати харажатлари таркибига киритилмайди.


40. Асосий воситаларни ишлаб чиқариш ёки қурилиши мобайнидаги даромадлар ва харажатлар даромад ёки харажат деб тан олинганда даромадлар ва харажатларнинг таснифларига мувофиқ ҳисобга олинади.


41. Ташкилотнинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати сифатида мазкур асосий воситаларни тиклаш (қуриш, қуриб битказиш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси тан олинади. Ташкилот ўз фаолияти давомида сотиш учун активларни ишлаб чиқарганда, бу активларнинг қиймати сотиш қийматига тенг бўлади.


42. Ташкилотга бепул ёки ҳадя шартномаси бўйича келиб тушган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати бюджет ҳисобида қайд этилган санадаги қиймат ҳамда Стандартнинг 16-бандига кўра ҳисобга олган ҳолда аниқланади.


43. Товар-моддий захиралар таркибидан асосий воситаларга ўтказилган объектларнинг бошланғич қиймати Ўзбекистон Республикаси Бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) "Товар-моддий захиралар"га (рўйхат рақами 3120, 2019 йил 14 январь) мувофиқ уларнинг баланс қийматига тенг бўлади.


44. Харид қилиш вақтида хорижий валютада ифодаланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати мазкур стандартнинг 39-бандида назарда тутилган тегишли харажатларни ҳисобга олган ҳолда, божхона юк декларациясини тўлдириш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича сўмда белгиланади.


45. Алмашув операциялари йўли билан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати берилган асосий восита объектининг қолдиқ қийматига тенг.

Асосий воситалар қўшимча тўлов билан айирбошланган ҳолатларда алмаштириш йўли билан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати берилган асосий воситаларнинг айирбошлашда ўтказилган (олинган) пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари суммасига оширилган (камайтирилган) қолдиқ қийматига тенг.


46. Тўлов пул маблағлари билан амалга оширилмайдиган шартномалар бўйича қўлга киритилган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати улар қабул қилиб олинган кундаги қийматига тенг.

Тўлов пул маблағлари билан амалга оширилмайдиган шартномалар бўйича қўлга киритилган асосий воситаларнинг қийматини аниқлаш имкони бўлмаганда уларнинг қиймати ўхшаш асосий восита объектларининг қийматидан келиб чиқиб аниқланади.


47. Мажбурияти битта сумма сифатида кўрсатилган асосий восита объектларининг бошланғич қиймати бу суммани ҳар бир асосий восита объектининг ҳозирги қийматига пропорционал равишда тақсимлаш орқали аниқланади.


48. Мажбурият ҳисобига олинган асосий воситалар актив сифатида тан олинганда уни бошланғич қиймати амортизация ва қадрсизланиш натижасида юзага келган зарарларни чегириб ташлаган ҳолда аниқланади.

Асосий воситаларнинг бюджет ҳисобига киритилган бошланғич қийматининг ўзгартирилишига асосий восита объектларинг қайта қуриш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, техник қайта таъмирлаш, қисман сотиш ва қайта баҳолаш ҳолларида рухсат этилади.


49. Асосий воситалар объектини қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, замонавийлаштириш ва техник қайта қуроллантиришга доир харажатлар, улар тугатилганидан сўнг, агар улар натижасида асосий воситаларнинг фаолият юритишининг дастлаб қабул қилинган меъёрий кўрсаткичлари (фойдали хизмат даври, қуввати, қўллаш сифати ва бошқалар) яхшиланса (ошса), бундай объектнинг бошланғич қиймати ҳам ошади.


50. Қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, замонавийлаштириш ишларига асосий воситаларнинг технологик ёки хизмат мақсадининг ўзгариши, оғирликнинг ошиши ва сифатни янада яхшилашга доир бошқа сифатлар туфайли юзага келган ишлар киритилади.


51. Реконструкция қилиш ишларига ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва унинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш билан боғлиқ бўлган ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатини яхшилаш ва номенклатурасини ўзгартириш мақсадларида асосий воситаларни реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган мавжуд асосий воситаларни қайта қуриш киради.

Техник қайта қуроллантиришга илғор техника ва технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаш ва автоматлаштириш, маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни модернизация қилиш ва уларни янги, унумдорлиги янада юқори бўлганлари билан алмаштириш асосида асосий воситалар ва уларнинг айрим қисмларининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш бўйича амалга ошириладиган харажатлар киради.


52. Асосий воситаларга ўтказиладиган капитал қўйилмалар асосий воситалардан фойдаланишдан келгусида иқтисодий наф ошганда уларнинг бошланғич қийматини оширади. Келгусида иқтисодий нафни оширмайдиган бошқа барча харажатлар улар амалга оширилган даврда харажатлар сифатида тан олинади.


53. Асосий воситалар объекти актив сифатида ҳисобга олинганидан сўнг, қадрсизланиш бўйича келгусида жамланган амортизация ва зарарлар чегирилгандан кейинги қайта баҳолаш кунидаги ҳақиқий қийматини юзага келтирадиган ишончли ўлчанадиган ҳақиқий қиймати, унинг қайта баҳолаш қийматидан юзага келади. Баланс қиймати ҳисобот кунидаги ҳақиқий қийматидан фойдаланиш натижасида олинган қийматдан фарқ қилмаслиги учун қайта баҳолаш доимий равишда амалга оширилади.


54. Кўчмас мулк объектларининг ҳақиқий қиймати одатда баҳолаш йўли билан олинган бозор қиймати орқали аниқланади. Бино ва жиҳозларнинг ҳақиқий қиймати баҳолаш орқали аниқланган бозор қиймати ҳисобланади. Актив қийматининг баҳоланиши ўзига хос профессионал малакасига эга бўлган баҳоловчи томонидан амалга оширилади. Аксарият активларнинг ҳақиқий қиймати бозордаги котировка нархларидан келиб чиқиб ўрнатилади (масалан, жорий бозор нархлари ер, ихтисослашмаган бинолар, автотранспорт воситалари ва ускуна ва жиҳозларнинг кўплаб турларига тааллуқли бўлиши мумкин).



7-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИ

ҚАЙТА БАҲОЛАШ


55. Асосий воситаларни қайта баҳолаш - асосий воситалар қайта тиклаш қийматини ҳозирги бозор нархлари даражасига мувофиқлаштириш мақсадида уларни вақти-вақти билан аниқлаштиришдир.


56. Қийматини аниқ баҳолаш имкони бўлган асосий восита актив сифатида тан олинганидан кейин амортизация ва қадрсизланиш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда қайта баҳоланган қиймати бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.

Бошланғич қийматни аниқ ўлчаш имкони бўлган асосий воситалар актив сифатида тан олингандан кейин қайта баҳолаш қийматида, яъни қайта баҳолаш кунидаги активнинг бошланғич қийматидан жамланган амортизация ва қадрсизланишдан кўрилган зарарларни чегирилгандаги қиймати бўйича ҳисобга олинади.


57. Баланс қиймати ва ҳисобот кунидаги қиймат ўртасидаги сезиларли фарқларнинг олдини олиш учун асосий восита объектини қайта баҳолаш бир йилда камида бир марта ўтказилади.


58. Асосий восита объектини қайта баҳолаш индексация ёки ҳужжатларга асосланган бозор қиймати бўйича амалга оширилади.

Ташкилот Стандартнинг ўз ҳисобот сиёсатида қайта баҳолаш усулини аниқлаши ва мазкур усулни барча асосий восита гуруҳларига қўллаши зарур.


59. Мол-мулк бирлигининг бозор қийматини аниқлашнинг имкони бўлмаса, актив қиймати ўхшаш хусусиятларга эга мол-мулк қийматига асосланган ҳолда аниқланади.


60. Актив қайта баҳоланаётганда унга тегишли бўлган барча асосий восита гуруҳларидаги активлар қайта баҳоланиши зарур.


61. Асосий воситаларни қайта баҳолашда қайта баҳолаш санасидаги жами амортизация баланс қийматига мос равишда ўзгартирилади. Кейинги амортизацияланадиган қиймат қайта аниқланган қийматдан чегириб борилади.


62. Қайта баҳолаш натижасида асосий восита баланс қийматининг ошган қиймати якуний молиявий натижаларни қайд этиш ҳисобига тўғридан-тўғри кредитланади. Қайта баҳолаш натижасида асосий восита баланс қийматининг камайган суммаси якуний молиявий натижаларни қайд этиш ҳисобига тўғридан-тўғри дебетланади.



8-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАНИНГ

АМОРТИЗАЦИЯСИНИ ҲИСОБЛАШ


63. Асосий воситалар қиймати амортизациясини ҳисоблаш йўли билан қопланади. Амортизацияланадиган қиймат бутун фойдали хизмат даври мобайнида ташкилот харажатларига Стандартда кўрсатилган тартибда тизимли равишда тақсимланади.


64. Ташкилот асосий восита гуруҳининг тан олинган бошланғич қийматини ҳар бир қисмга тақсимлайди ва объектнинг ҳар бир қисмига алоҳида амортизацияланадиган қийматни ҳисоблайди.


65. Активнинг фойдали хизмат даврини ва ликвидацион қиймати ҳар бир йиллик ҳисобот санасида қайта кўриб чиқилади ва кутилган баҳолашларда ўзгариш юз берганда мазкур ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) "Ҳисоб сиёсати"га (рўйхат рақами 2853, 2016 йил 27 декабрь) мувофиқ ҳисобот сиёсатидаги ўзгаришлар сифатида қабул қилинади.


66. Асосий восита объектига амортизация харажатларини ҳисоблаш объект асосий восита таркибига қўшиб олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошланади ва объект балансдан чиқарилмагунига ёки тўлиқ амортизация ҳисобланилгунига қадар давом этади.


67. Асосий восита объектига амортизация ҳисобланиши унинг баланс қийматини тугатиш қийматигача ёки объект балансдан чиқарилмагунига қадар давом этади.


68. Амортизация қуйидаги асосий воситалар бўйича аниқланмайди:

ер участкалари архитектура ва санъатнинг ноёб ёдгорликлари бўлган иморатлар ва иншоотлар;

кабинет ва лабораторияларда жойлашган ўқув ишлари ва илмий мақсадларда фойдаланиладиган жиҳозлар, экспонатлар, нусхалар, амалдаги ва амал қилмаётган моделлар, макетлар ва бошқа кўргазмали қўлланмалар;

маҳсулдор қора моллар, қўтослар, ҳайвонот олами экспонатлари (ҳайвонот боғи ва шунга ўхшаш ташкилотларда);

фойдаланиш мумкин бўлган ёшга етмаган кўп йиллик кўчатлар;

кутубхона фондлари;

фильмлар фонди;

саҳнага қўйиш ускуналари, бадиий ва музей буюмлари;

қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмаган капитал қурилиш объектлари ёки унинг қисмлари ҳамда тугалланмаган қурилишлар;

консервацияга ўтказилган асосий воситалар.


69. Асосий воситалар объектини фойдали хизмат даври давомида амортизация ҳисобланиши тўхтатилмайди, бундан уларни буткул тўхтатиш шарти билан объектни қуриб битказиш, тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, замонавийлаштириш, техник қайта қуроллантириш даври мустасно. Баъзи ҳолларда, маълум бир қонун ҳужжатларига мувофиқ объект ёмон сақланиши ёки таъмирлаш ишлари ноаниқ муддатга кечиктирилиши мумкин. Бундай ҳолларда асосий воситанинг фойдаланиш даври қайта кўриб чиқилиши ва тўғриланиши керак.


70. Асосий восита объектлари бўйича амортизация ҳисоблаш ҳисобот даврида амалга оширилади ва бухгалтерия ҳисобида тегишли ҳисобот даврида акс эттирилади.

Амортизация ҳисоблаш асосий воситалар объектлари қийматининг 100 фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Агар ер участкасининг бошланғич қиймати таркибига демонтаж, кўчириш ва қайта тиклаш майдонлари харажатлари киритилса, бу ер участкаси активига юқоридаги харажатлар амалга оширилганидан кейинги самарали хизмати даври учун амортизация ҳисобланади.


71. Баъзи ҳолларда ер участкаси чегараланган фойдаланиш даврига эга бўлади ва бундай ҳолларда унинг қиймати келажакда келиши кутилаётган иқтисодий даромад ва фойдага асосан аниқланади.


72. Ташкилот асосий воситанинг бошланғич қийматини унинг аниқ ажралган бўлакларига асосан тақсимлайди ва ҳар бир қисмга алоҳида амортизация ҳисоблайди (масалан, кўп ҳолларда йўлак, бетонли тўсиқ, пиёдалар ўтиш жойи ва йўлларни ёритиш тизимларига алоҳида амортизация ҳисоблаш талаб этилади).


73. Ҳисобот даврида амортизация суммаси, қоидага кўра харажат сифатида тан олинади. Бироқ ташкилотга келиши кутилаётган иқтисодий манфаат ва фойдага қараб амортизация суммаси ишлаб чиқарилаётган товар (бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматлар) таннархига киритилади.


74. Асосий восита объекти олиб келиши кутилаётган иқтисодий фойда ва фойдали потенциал салоҳият ташкилот активидан фойдаланиш натижасида истеъмол қилинади. Бироқ, техник ва физик жиҳатдан амортизация каби бошқа факторлар кўп ҳолларда активдан фойдаланилмаётган бўлса ҳам кутилаётган иқтисодий манфаат ва фойдали потенциал камайишига олиб келади. Шу сабабдан фойдаланиш даврини аниқлашда қуйидаги омиллар инобатга олиниши керак:

ташкилотнинг асосий восита объектидан кутилаётган фойдаланиш қиймати. Объектнинг кутилаётган қуввати ёки физик маҳсулдорлигига асосан фойдаланиш қиймати аниқланади;

маҳсулотнинг ишлаб чиқарилишида активнинг ишлатилиши лозим бўлган ўзгаришлар сони, таъмирлаш даврийлиги ва объектга фойдаланиш даврида хизмат кўрсатиш натижасида юзага келган физик амортизациялар;

ишлаб чиқариш жараёни ривожланиши натижасида техник ёки маънан амортизациялар;

активдан фойдаланишдаги ижара даврининг тугаши каби қонуний чекловлар.


75. Асосий воситаларнинг амортизация суммаси фойдаланиш даврида тизимли равишда ҳисобланиб борилади.


76. Ташкилотлар томонидан амортизация ҳисоблаш усули асосий воситалардан келажакда келиши кутилаётган иқтисодий манфаат ва фойдали потенциалга асосан аниқланади.


77. Амортизацияни ҳисоблаш қуйидаги усулларни қўллаш орқали амалга оширилади:

а) амортизацияни ҳисоблашнинг бир маромли (тўғри чизиқли) усули. Мазкур ҳисоблаш усулида амортизация асосий воситаларни фойдали хизмат даври мобайнида уларнинг амортизация қийматидан келиб чиққан ҳолда бир маромда тенг улушларда ҳисобланади.

Бир маромли (тўғри чизиқли) усулга кўра асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймати унинг хизмат муддати давомида тегишли харажатларга бир маромда - ҳисобдан чиқарилади (тақсимланади). Ушбу усул амортизация меъёри фойдали хизмат даврининг фаолиятига боғлиқлигига асосланган. Ҳар бир давр учун амортизация ажратмалари суммаси амортизация қийматини асосий воситалардан фойдаланилган ҳисобот даврлари сонига бўлиш йўли билан ҳисобланади.

Амортизацияни бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулида амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймат ва мазкур объектнинг фойдали хизмат давридан келиб чиқиб аниқланади;

б) амортизацияни бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули. Амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули ҳар бир муайян йилдаги асосий воситаларнинг ишлаб чиқариш қуввати ҳисобга олинишига асосланган. Мазкур усул бўйича амортизациянинг ҳар йилги қийматини ҳисоблаш учун бутун фойдали хизмат давридаги умумий баҳоланган ишлаб чиқариш қуввати йиғиндисини ва мазкур муайян йилдаги ишлаб чиқариш қуввати аниқланиши лозим. Ишлаб чиқариш қуввати сифатида ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари сони, ишланган соатлар сони, оғирлик, босиб ўтган километрлар миқдори ва бошқалар олиниши мумкин.

Амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулида йиллик амортизация ажратмалари суммаси ҳисобот давридаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмининг натурал кўрсаткичидан ҳамда асосий воситалар амортизацияланадиган қийматнинг асосий воситалар бутун фойдали хизмат даврида назарда тутилаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмига нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


78. Асосий воситага қўлланиладиган амортизация ҳисоблаш усули ҳар бир йиллик ҳисобот санаси учун минимал қиймат сифатида қаралиши керак ва кутилаётган иқтисодий манфаат ёки фойдали салоҳиятда ўзгариш кутилса, бу ўзгаришларни акс эттириш учун амортизация ҳисоблаш усули ўзгартирилиши зарур.



9-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИНГ

ТАННАРХИ ВА ҚАДРСИЗЛАНИШИ


79. Асосий воситалар таннархи ўз ичига:

активни балансдан чиқариш ва савдо чегирмаси айрилгандан кейинги харидга тикланмайдиган солиқларни ва импорт божларини ўз ичига олувчи харид баҳосини;

активни ўз жойига етказиб беришда бевосита харажатлар ва фойдаланиш учун зарур бўлган ҳолатга келтириш харажатларини;

объект жойлашган участканинг қайта тикланиши, қайта монтаж учун харажатларни, субъектнинг объектни сотиб олишида ёки маълум муддат давомида товар-моддий захираларнинг ишлаб чиқарилишидан кўра бошқа мақсадларда фойдаланиш натижасида юзага келадиган мажбуриятларини олади.


80. Бевосита харажатларга:

асосий воситаларнинг сотиб олиниши ёки қурилиши билан боғлиқ бўлган ишларни бажаришда ишчиларни мукофотлашга;

ер участкасини тайёрлашга;

юклашга (бошланғич харажатлар) ва етказиб беришга;

монтаж ва ўрнатишга;

активнинг ўз жойига етказиб бериш ва иш фаолиятига келтириш жараёнида ишлаб чиқарилган бирор бир маҳсулотни сотишдан тушган соф тушумларни чегирган ҳолда активнинг фаолият кўрсатишига тегишли текширишларга харажатлар (масалан, жиҳознинг текширишдан олинган намуналар);

профессионал хизматларга кетган харажатлар киради.


81. Ташкилот ҳисоб сиёсати сифатида таннарх бўйича ҳисоблаш усулини ёки қайта баҳолаш усулидан бирини танлайди ва асосий воситаларнинг барча гуруҳларига қўллайди.


82. Шикастланган ёки йўқолган асосий воситалар объектлари учун учинчи томон компенсация тўловлари фойда ёки зарарга киритилади.

Асосий воситаларнинг қадрсизланиши ёки йўқолиши билан боғлиқ бўлган учинчи томон компенсация тўловлари ва уларни ўрнига қурилган ёки сотиб олинган активлар алоҳида иқтисодий ҳодиса ҳисобланади ва қуйида келтирилган тартибда алоҳида ҳисобга олинади:

фойдаланишдан чиқариб олинган ёки чиқиб кетишидан кейинги асосий восита объектларининг балансдан чиқарилиши мазкур Стандартга асосан амалга оширилади;

шикастланган, йўқолган ёки берилган асосий воситалар объектлари учун учинчи томон компенсациясини, компенсация олинган тақдирда фойда ёки зарарга киритиш мумкин;

асосий восита объектларининг алмашинув сифатида тикланган, сотиб олинган ёки қурилгандаги қиймати мазкур Стандартга мувофиқ аниқланади.



10-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАР

ИНВЕНТАРИЗАЦИЯСИ


83. Асосий воситаларнинг ҳақиқатдан ҳам мавжудлигини аниқлаш ва уларнинг бутунлигини таъминлаш мақсадида ташкилотлар томонидан хар 2 йилда бир мартадан кам бўлмаган ҳолда асосий воситалар инвентаризацияси ўтказилади, кутубхона фондлари учун 5 йилда бир марта.


84. Асосий воситалар инвентаризацияси Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (19-БҲМС) "Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш"га (рўйхат рақами 833, 1999 йил 2 ноябрь) асосан амалга оширилади.


85. Инвентаризация жараёнида аниқланган асосий воситалар даромадлар ёки харажатлар сифатида тан олинади. Инвентаризация жараёнида етишмовчилиги аниқланган асосий воситалар айбдор шахслар топилгунига қадар камомадлар ҳисобига киритилади.


86. Асосий воситаларнинг баланс қиймати уларнинг ҳақиқий (жорий) қийматига мос келмаслиги аниқланган ҳолатда ошириш ёки камайтириш Стандартга мувофиқ амалга оширилади.



11-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИНГ

БАЛАНСДАН ЧИҚИБ КЕТИШИ

ВА СОТИЛИШИ


87. Асосий воситаларнинг қиймати чиқиб кетишида балансдан чиқарилиши лозим.


88. Асосий воситалар қиймати ташкилот балансидан қуйидагилар натижасида ҳисобдан чиқарилади:

тугатилганда;

сотилганда;

алмашув операциялари орқали берилганда;

беғараз берилганда;

камомад ёки йўқотишлар аниқланганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


89. Асосий воситалар қисман тугатилган ҳолатда унинг бошланғич қиймати ва ҳисобланган амортизация тегишлича объект тугатилган қисмининг бошланғич қиймати ва ҳисобланган амортизация суммасига камайтирилади.


90. Ташкилот асосий воситалари балансидан чиқарилиши, асосий восита ва бошқа товар-моддий захираларни сотилишидан олинган суммани тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.


91. Асосий восита балансдан чиқарилиши натижасида юзага келган даромад ва харажатлар асосий восита ҳисобдан чиқарилганида олинган соф тушум ва унинг баланс қиймати ўртасидаги фарқ сифатида тан олиниши керак.


92. Асосий воситанинг чиқиб кетишида унинг қиймати ҳақиқий нархда тан олинади.


93. Қайта тикланган, харид қилинган ёки ўрнатилиши сифатида қурилган асосий восита бирликларининг таннархи Стандарт бўйича аниқланади.



12-БОБ. АХБОРОТНИ ОШКОР ЭТИЛИШИ


94. Молиявий ҳисоботларда ҳар бир асосий восита гуруҳи ҳақида қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши зарур:

а) баланс қийматини аниқлаш учун нархлаш асослари;

б) амортизация ҳисобланишида фойдаланган усули;

в) қўлланилган фойдаланиш даври ва амортизация меъёрлари;

г) баланс қиймати ва йил боши ва йил охиридаги амортизацияланадиган қиймати;

д) ҳисобот даври боши ва охиридаги баланс қиймати таққосланиши, унда:

қўшилиши;

чиқиб кетиши;

ташкилотларни бирлаштириш натижасида қўлга киритиш;

табиий офат ва бахтсиз ҳодисалар натижасида;

ҳисобот даври давомида қайта баҳолаш ёки қадрсизланиши натижасида қийматининг ошиши ёки камайиши;

молиявий ҳисобот кўрсаткичларини чет эл валютасидан миллий валютада қайта ҳисоблаш жараёнида юзага келадиган айирбошлаш курси ўзгариши натижасида юзага келган фарқ.


95. Молиявий ҳисоботларда ҳар бир асосий восита гуруҳи ҳақида қуйидаги маълумотлар ҳам акс эттирилиши зарур:

мажбуриятлар учун гаров сифатида турган асосий воситаларга эгалик ҳуқуқи ва унга чекловлар;

асосий воситалар бирлигининг баланс қийматига киритилган қурилиш жараёнида харажатлар суммаси;

асосий воситаларни харид қилиш шартномасидаги мажбуриятлари суммаси;

қадрсизланган, бошқа ташкилотларга берилган ёки йўқотилган асосий воситалар бирлиги учун учинчи томонлар томонидан тўланган, харажатлар ёки даромадларга киритилган компенсация суммаси;

ҳисобот даври давомида ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат) сифатидаги даромадлар ёки харажатлар таннархи;

давр охирида жами амортизация суммаси.


96. Шунингдек, жорий ёки кейинги даврларга таъсир кўрсатувчи ҳисобот сиёсатидаги ўзгаришлар характери ва натижалари ошкор этилиши лозим. Асосий воситалар учун бундай ошкор этилиши ҳисоб сиёсатидаги қуйидаги ўзгаришлар натижасида амалга оширилиши мумкин:

тугатиш қиймати;

асосий воситалар объектларини демонтаж, кўчириш ёки қайта тиклаш учун зарур харажатларнинг суммаси;

фойдаланиш даври;

амортизация ҳисоблаш усули.


97. Тақдим қилинаётган ҳисоботларда асосий воситалар объекти бўйича қайта баҳолаш амалга оширилган бўлган ҳолларда, қуйидаги маълумотлар очиб берилиши зарур:

қайта баҳолаш ўтказилган сана;

мустақил баҳоловчи жалб этилганлиги;

активларнинг ҳақиқий қийматини аниқлашда қўлланилган усуллари ва асослари;

фаол бозордаги нархлар билан тўғридан-тўғри солиштириш билан бевосита аниқланган, бозор шартларидаги тузилган келишувлар билан ёки бошқа баҳолаш усуллари ёрдамида ҳисобланган активларнинг ҳақиқий қиймат бирлиги даражаси;

давр давомида ўзгаришни кўрсатувчи қайта баҳолаш қийматининг ўсиши ва хусусий капитал акциядорлари ва бошқа иштирокчилари ўртасидаги қолдиқни тақсимланиши бўйича исталган чекловлар;

мазкур гуруҳ ичидаги асосий воситалар алоҳида предметлари бўйича қайта баҳолаш ўсишининг суммаси;

мазкур гуруҳ ичидаги асосий воситалар алоҳида предметлари бўйича қайта баҳолашнинг камайишлари суммаси.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 март, 12-сон, 237-модда








































Время: 0.1422
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск