ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Жамоат тартибини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликлар проилактикаси /

Профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.03.2019 й. 251-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 26 мартдаги

251-сон қарорига

1-ИЛОВА



Профилактика (катта) инспекторларининг

жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари

фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларининг (кейинги ўринларда профилактика инспекторларининг ёрдамчилари деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини ва самарадорлигини баҳолаш мезонларини белгилайди.


2. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруқларига мувофиқ амалга оширади.



2-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ

ЁРДАМЧИЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


3. Қуйидагилар профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли ҳудудда хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг огоҳлигини ошириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ички ишлар органларига кўмаклашиш;

ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг, шунингдек, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришда иштирок этиш;

фуқаролар, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий тарғибот ишларини ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш;

вояга етмаганлар ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асрашга қаратилган тадбирларни ўтказишда иштирок этиш;

"Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари, "Жамоатчилик назорати масканлари" фаолиятини кунлик назорат қилиш ва мувофиқлаштириб бориш.

Профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юкланиши мумкин.


4. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ўзларига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) тегишли ҳудудда хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар огоҳлигини ошириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ички ишлар органларига кўмаклашиш соҳасида:

қишлоқлар, овуллар ва маҳаллалардаги криминоген вазиятни, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни ўрганиш, шунингдек, ўрганиш натижалари бўйича профилактика (катта) инспекторларига тегишли маълумот ва таклифларни тақдим этиш;

жиноятларни аниқлаш ва фош этиш ҳамда суриштирув, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган, бедарак йўқолган шахсларни ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда бошқа шахсларни қидириш, шунингдек, шахси номаълум мурдаларнинг шахсини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш;

бириктирилган ҳудудни ҳар бир оила кесимида ўрганиб чиқиш, нотинч оилаларни аниқлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда уларнинг маиший ва бошқа муаммоли масалаларини ҳал этишга кўмаклашиш;

фуқаролар томонидан паспорт тизими, санитария, экология, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан амалга оширилаётган тадбирларда иштирок этиш;

суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишида, жамоат тартибини таъминлашда, мажбурий келтириш ишларида профилактика (катта) инспекторларига кўмаклашиш;

фавқулодда вазият хавфи туғилганда аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш, аҳоли ўртасида бундай вазиятларда тўғри ҳаракат қилишни тарғиб этиш ва ушбу ҳолатларни бартараф этишда кўмаклашиш;

иш фаолиятида ҳудудлардаги жамоат жойлари, маҳалла кўчалари, қаровсиз жойларда жамоат тартибини сақлашда иштирок этиш;


б) ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг, шунингдек ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришда иштирок этиш соҳасида:

профилактика (катта) инспекторларига махсус профилактик чора-тадбирларни, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан профилактика ишларини амалга оширишда кўмаклашиш;

ҳуқуқбузарликлардан жабрланган, ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатишга, шунингдек, уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда кўмаклашиш;

илгари судланган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ва ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи шахслар, шу жумладан вояга етмаган ҳамда ёшлар билан аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этиш;

ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйганлар, оила-турмуш ва ахлоқ-одоб доирасида мунтазам равишда ҳуқуқбузарлик содир этувчи шахслар, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ёки улар тарбияси билан шуғулланмайдиган ота-оналар, вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундовчи шахслар, носоғлом турмуш тарзида ҳаёт кечираётган оилаларни аниқлаш, уларга тегишли қонуний чоралар кўриш учун профилактика (катта) инспекторига ушбу маълумотларни тақдим қилиш ҳамда ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослашувини таъминлашда иштирок этиш;

фуқароларнинг ҳуқуқбузарлик жабрланувчисига айланиш хавфини камайтиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;


в) фуқаролар, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий тарғибот ишларини ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш соҳасида:

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқароларнинг, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий тарғибот ишларини ўтказиш масалалари бўйича ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;

аҳоли билан ўтказилаётган мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишнинг мақбул йўлларини аниқлашга қаратилган учрашувларда иштирок этиш;

фуқаролар, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида тушунтириш ишларини ташкил этиш;


г) вояга етмаганлар ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асрашга қаратилган тадбирларни ўтказишда иштирок этиш соҳасида:

вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари ҳолатлари ҳамда уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитлар тўғрисида тегишли ташкилотларни ўрнатилган тартибда хабардор қилиш;

етим болалар ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришда васийлик ва ҳомийлик органларига кўмаклашиш;


д) "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари, "Жамоатчилик назорати масканлари" фаолиятини кунлик назорат қилиш ва мувофиқлаштириб бориш соҳасида:

"Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари, "Жамоатчилик назорати масканлари" кунлик хизматини ташкил этиш, навбатчиликни йўлга қўйиш, йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлаш, профилактика (катта) инспектори ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

хизматга жалб этилган жамоатчилик вакиллари фаолиятини мониторинг қилиш, тахлилий баҳолаб бориш ва жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда алоҳида ўрнак кўрсатганларни рағбатлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширишлари мумкин.



3-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ

ЁРДАМЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


5. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жамоат тартиби, хавфсизлик, жамиятда юриш-туриш ва ахлоқ-одоб ҳамда паспорт тизими, санитария ва экология, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига фуқаролар томонидан риоя қилинмаган ҳолларда, тегишли органлар билан биргаликда тушунтириш ишларини олиб бориш ва ташкил этишда қатнашиш;

фуқаролардан содир этилаётган ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни тўхтатишни талаб қилиш;

тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасидаги турли низоларни ҳал этишда, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни муҳокама қилишда, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этишга мойил шахслар билан ҳуқуқий-тарбиявий мазмундаги суҳбатларда ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг умумий, якка, махсус ва виктимологик профилактик чора-тадбирларида бевосита иштирок этиш;

ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва жамоат тартибини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган фаолият самарадорлигини оширишга доир таклифларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритиш;

таносил касалликларига, одамнинг иммунитет танқислиги вирусига (ОИВ инфекциясига), руҳий ҳолат бузилиши хасталигига, сурункали ичкиликбозликка, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка чалинган, шунингдек, психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир қилувчи бошқа моддаларни истеъмол қиладиган, чақирув бўйича етиб келишдан бўйин товлаган шахсларни олиб келишда соғлиқни сақлаш муассасаларига қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда кўмаклашиш;

чақирув бўйича келишдан бўйин товлаётган шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажримларини, прокурор, терговчи ва суриштирувчининг қарорларини бажаришда кўмаклашиш;

ҳуқуқбузарликлар ёки ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларни, шунингдек, назоратсиз ва қаровсиз қолганларни ҳудудий ички ишлар органининг хизмат биносига олиб боришда, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштиришда кўмаклашиш;

уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг ижро этилишини назорат қилишни амалга оширишишда кўмаклашиш;

ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларни аниқлашда кўмаклашиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорлар бўйича шахсга нисбатан суд томонидан юклатилган чекловларга риоя этилишини назорат қилишда кўмаклашиш;

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга дарҳол етиб келиш, ғайриқонуний қилмишларга чек қўйиш, фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ҳолатларини, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштиришда, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса изларининг сақланишини таъминлашда кўмаклашиш;

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда ёки ҳодиса жойида жабрланган, шунингдек, ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа ёрдам кўрсатилишини ташкил этишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилганда унинг ҳуқуқий режимини таъминлашда иштирок этиш.

Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ўз вазифаларини бажаришда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6. Профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

фуқаролар билан мулоқотда вазмин ва хушмуомала бўлиш;

шахсий хавфсизликни таъминлаш қоидаларига риоя этиш;

ўзининг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириб бориш;

жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ёки бахтсиз ҳодисалар содир этилганда, бу ҳақда зудлик билан профилактика инспекторига ва бошқа тегишли ташкилотларга хабар бериш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари келгунга қадар жиноят содир этилган жойларга бошқа шахсларнинг кирмаслиги, жиноят излари ва жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далилларнинг йўқолмаслик чораларини кўриш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига кўмаклашиш ва уларнинг қонуний талабларини бажариш;

хизматга доир ахборотнинг, шунингдек, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлаш;

жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаёган шахслар тўғрисида белгиланган тартибда профилактика (катта) инспекторларига хабар бериш.

Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



4-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ

ЁРДАМЧИЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


7. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Фуқароларни профилактика инспекторларининг ёрдамчилари лавозимига ишга қабул қилиш ва ҳужжатларини расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


8. Профилактика инспекторлари ёрдамчиларига номзодлар ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз ёшдаги ҳам, умумий ўрта, ўрта-махсус ёки олий, қоида тариқасида ҳуқуқшунос маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича жамоат тартибини сақлашга қодир, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ёки олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликни ўтаганлар орасидан танланади.

Ўз турмуш тарзи билан аҳоли ўртасида салбий тавсифланганлар, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турганлар, руҳий касаллиги, гиёҳвандликка, сурункали ичкиликбозликка ружу қўйганлиги учун тегишли тиббиёт муассасалари ҳисобида турганлар, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаганлар, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари қабул қилинмайди.


9. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ўз вазифа ва функцияларини давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда амалга оширади.


10. Профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг фаолиятига бевосита раҳбарлик ички ишлар органларининг ҳудудий профилактика (катта) инспекторлари томонидан амалга оширилади.


11. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари ва "Жамоатчилик назорати масканлари" фаолиятига раҳбарлик қилади ва уларнинг кунлик амалга оширган ишларини мувофиқлаштириб боради.


5-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ

ЁРДАМЧИЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ


12. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ўз фаолияти самарадорлиги юзасидан профилактика (катта) инспекторлари олдида ҳисобдор бўлади.


13. Профилактика инспекторлари ёрдамчилари фаолиятининг самарадорлиги ҳар йили ўтган йил натижаларига кўра, туман (шаҳар) ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштирокида баҳоланади.


14. Профилактика инспекторлари ёрдамчилари фаолиятининг самарадорлиги қуйидаги асосий кўрсаткичлар динамикасини таҳлил қилиш орқали баҳоланади:

ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар аниқлаганлиги ва тегишли қонуний чоралар кўриш учун профилактика инспекторига ўз вақтида тақдим қилиб борганлиги;

бириктирилган ҳудудда аниқланган, фош этилган жиноятлар, ушланган тергов ёки суддан яшириниб юрган шахслар сони;

"Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари ва "Жамоатчилик назорати масканлари" фаолиятини самарали ташкил этганлиги натижасида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинганлиги;

ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган шахслар, шу жумладан вояга етмаганлар ҳамда ёшларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришда фаол иштирок этганлиги;

ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида профилактик тарғибот тадбирларини ўтказганлиги;

меҳнат интизомига риоя қилганлиги ва қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўймаганлиги;

бириктирилган ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш чора-тадбирлари ўз вақтида кўрилганлиги натижасида жиноятлар ва ижтимоий-маиший тусдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиши даражасининг пасайганлиги.


15. Баҳолаш натижаларига кўра, профилактика инспекторлари ёрдамчиларига меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.



6-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ

ЁРДАМЧИЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ


16. Жиноятчиликнинг олдини олишда, фуқаролар осойишталигини таъминлашда, жамоат тартибини сақлашда, шунингдек, жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлашда ҳамда ўзига юкланган бошқа вазифаларни бажаришда ўрнак кўрсатган профилактика инспекторларининг ёрдамчилари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рағбатлантиришга ва давлат мукофотларига тавсия этилади.



7-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ

ЁРДАМЧИЛАРИНИ ИЧКИ ИШЛАР

ОРГАНЛАРИНИНГ КАДРЛАР

ЗАХИРАСИГА КИРИТИШ


17. Ички ишлар органлари кадрлар захирасига ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиз бешдан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз беш ёшдаги,Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ёхуд олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликни ўтаган, фаолиятида ижобий натижаларга эришган профилактика инспекторлари ёрдамчилари киритилади.



8-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ

ЁРДАМЧИЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


18. Профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг фаолияти профилактика (катта) инспекторлари ҳамда ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ мониторинг қилиб борилади.


19. Профилактика инспекторлари ёрдамчилари фаолиятининг мониторинги натижалари туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг бошлиқлари томонидан ҳар ярим йил якунида муҳокама этиб борилади.


20. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга оширади.


21. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларини (кейинги ўринларда ҳисоботлар деб аталади) ҳар ойнинг охирги санасида профилактика (катта) инспекторига тақдим қилади.


22. Профилактика (катта) инспектори ушбу ҳисоботларни ўрганиб, таҳлил қилади ва кейинги ойнинг 1 санасига қадар туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига (бўлинмасига, гуруҳига) тақдим этади.


23. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари) томонидан ушбу ҳисоботлар умумлаштириб, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаларига кейинги ойнинг 3 санасига қадар тақдим этади.

Туман (шаҳар) ички ишлар органи ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари) бошлиқлари ҳисоботларни ҳаққонийлигига шахсан жавобгар ҳисобланади.


24. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари ушбу ҳисоботларни ўрганиб, умумлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига кейинги ойнинг 5 санасига қадар тақдим этади.


25. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ушбу ҳисоботларни ҳар ойнинг 15 санасига қадар умумлаштириб, ўрганади ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ҳамда манфаатдор ташкилотларга тақдим этади.


26. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тақдим этилган ҳисоботлардан ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик динамикасидан келиб чиқиб, мамлакатда осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга доир таклифларни ҳудудий ички ишлар органларига ижросини таъминлаш учун юборади.



9-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА (КАТТА)

ИНСПЕКТОРЛАРИНИНГ ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ

САҚЛАШ БЎЙИЧА ЁРДАМЧИЛАРИНИНГ

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ


27. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлаш турлари:

эгаллаб турган штат лавозими бўйича ойлик маошини ташкил этувчи лавозим маошидан;

меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик қўшимча турлари, бир йўла тўлов ҳамда қонун хужжатларида белгиланган ва ушбу Тартиб билан ўрнатилган устама ва тўловлардан иборат.


28. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлаш учун ички ишлар органи раҳбарининг тасарруфига кирувчи штат лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруғи асос бўлади.


29. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлаш лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган санадан, сана кўрсатилмаган ҳолда, буйруқ имзоланган кундан бошлаб амалга оширилади.


30. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлаш республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


31. Профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича разрядлар қўйидагича тўланади:

посёлкалар, қишлоқлар, овуллар ва шаҳарлар маҳаллаларининг профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига 6 разряд;

шаҳарлар ҳудудидан ташқарида жойлашган маҳаллаларнинг профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига 5 разряд бўйича.


32. Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига рағбатлантириш коэффициенти сифатида ойлик лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида устама тўланади.


33. Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига алоҳида меҳнат шароитлари учун ойлик лавозим маошининг 12 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақи тўланади.


34. Профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан тўловлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус унвонга эга бўлмаган ишчи ва хизматчилари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


35. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари бюджет маблағлари ҳисобидан бир йилда бир ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги маблағларни йўналтирган ҳолда мукофотланади ҳамда уларга бир йилда бир ойлик иш ҳақи фондининг 50 фоизи миқдоридаги маблағларни йўналтирган ҳолда моддий ёрдам кўрсатилади.


36. Ушбу Низомда кўрсатиб ўтилмаган бошқа турдаги қўшимча тўловлар амалдаги қонунунчиликка мувофиқ амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ёрдамидан фақат ушбу Низомда белгиланган вазифалар доирасида профилактика (катта) инспектори билан келишилган ҳолда фойдаланиши мумкин.

Профилактика инспекторларининг ёрдамчиларини ушбу Низомда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган вазифаларни бажаришга жалб этиш тақиқланади.


38. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари

томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан

ҳисоботларни тақдим этиш

СХЕМАСИ

        

Босқичлар

Субъект

Бажариш механизми

Бажариш муддатлари

1-босқич

Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари

Амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларни профилактика (катта) инспекторига тақдим қилиш.

ҳар ойнинг

охирги санаси

2-босқич

Профилактика (катта)

инспектори

Ҳисоботларни ўрганиш, таҳлил қилиш, туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига (бўлинмасига, гуруҳига) тақдим этиш.

Кейинги ойнинг

1 санаси

3-босқич

Туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш  бошқармалари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси, гуруҳи)

Ҳисоботларни умумлаштириш, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаларига  тақдим этиш.

Кейинги ойнинг

3 санаси

4-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари

Ҳисоботларни ўрганиш, умумлаштириш, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига тақдим этиш.

Кейинги ойнинг

5 санаси

5-босқич

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси

Ҳисоботларни умумлаштириш, ўрганиш, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ҳамда манфаатдор ташкилотларга тақдим этиш.

Кейинги ойнинг

15 санаси

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 27 март








































Время: 0.1445
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск