ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар / Бошқа бирлашмалар, иттифоқлар ва тижоратчи бўлмаган ташкилотлар /

Ўзбекистон Республикасининг 30.04.2004 й. 617-II-сон "Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.04.2004 й.

N 617-II



СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади сиёсий партияларни молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш

тўғрисидаги

қонунчилик

Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун, "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.


3-модда. Сиёсий партияларни

молиялаштириш манбалари

Сиёсий партияларни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

кириш ва аъзолик бадаллари, агар сиёсий партиянинг уставида бундай бадаллар тўлаш назарда тутилган бўлса;

қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ушбу Қонунга мувофиқ ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан ушбу Қонунга мувофиқ бериладиган хайрия ёрдами.


4-модда. Сиёсий партияларни

молиялаштиришнинг асосий принциплари

Қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва сиёсий партияларнинг тенг ҳуқуқлилиги сиёсий партияларни молиялаштиришнинг асосий принципларидир.



5-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш

тўғрисидаги маълумотларнинг барча учун очиқлиги

Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларнинг мазкур партиялар аъзолари ва жамоатчилик учун очиқлиги сиёсий партияларнинг ўзи томонидан таъминланади.

Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молиялаштирилиши ҳажми ва манбалари ҳақида ахборот эълон қилиб туриши керак.



6-модда. Сиёсий партияларнинг молиявий ва бошқа

маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланиши

Сиёсий партиялар молиявий ва бошқа маблағлардан қонунда ҳамда уставларида назарда тутилган мақсадларда фойдаланади. Бу маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.

Сиёсий партияларнинг мол-мулки ва пул маблағлари сиёсий партия аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.

Сиёсий партияларга, уларнинг ташкилотларига биттадан ортиқ банкда банк ҳисобварақларига, шунингдек чет эл банкларида ҳисобварақларга эга бўлиш тақиқланади.

Сиёсий партиялар битта банкда қуйидаги талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварақларига эга бўлиши мумкин:

асосий ҳисобварақ - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни ўтказиш, улардан фойдаланиш ва уларни назорат қилиш учун;

иккита иккиламчи ҳисобварақ:

а) аъзолик бадаллари, хайриялар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан келиб тушадиган маблағларни ўтказиш ва улардан фойдаланиш учун;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан келиб тушадиган маблағларни ўтказиш ва улардан фойдаланиш учун.


II. СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН МОЛИЯЛАШТИРИШ

7-модда. Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган

фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш

Сиёсий партия, агар у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) сайлов якунлари бўйича "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунига мувофиқ Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини олган бўлса, ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган давлат маблағларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик палатасига охирги сайловнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аниқланган натижалари асосида бу маблағларни олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда тақсимлайди.


8-модда. Сиёсий партияларнинг сайловда

иштирок этишини молиялаштириш

Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда фақат ана шу мақсадлар учун ажратиладиган давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Сиёсий партияларни сайловда бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш ва моддий жиҳатдан ўзгача тарзда қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.

Сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан:

ташвиқот олиб боришга;

номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;

сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши керак.

Агар Қонунчилик палатасига сайлов якунлари бўйича сиёсий партия фракция тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини ололмаган бўлса, сиёсий партиянинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари мазкур партиянинг бошқа манбалардан олган маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилиши керак.



9-модда. Қонунчилик палатасидаги сиёсий

партия фракцияларининг фаолиятини давлат

томонидан молиялаштириш

Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракцияларининг фаолиятини ташкилий, техникавий жиҳатдан ва бошқа тарзда таъминлаш учун ажратиладиган давлат маблағлари Қонунчилик палатасининг харажатлар сметасида назарда тутилади.



10-модда. Давлат томонидан молиялаштириш

манбаи ва уни ажратиш тартиби

Сиёсий партияларни давлат томонидан молиялаштириш манбаи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағларидир.

Сиёсий партияларни молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари сиёсий партияларнинг банк ҳисобварақларига белгиланган тартибда ўтказилади.

Сиёсий партия томонидан молия йили мобайнида фойдаланилмаган давлат маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилмайди ва бу маблағлардан келгуси йилларда уларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун фойдаланилади.

Сиёсий партия давлат маблағларини олишдан воз кечишга ҳақли.



11-модда. Сиёсий партияни давлат томонидан

молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш

Сиёсий партияни давлат томонидан молиялаштириш партия фаолияти тўхтатиб турилган ёки тугатилган тақдирда тўхтатиб турилади ёхуд тугатилади.

Сиёсий партия устав фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш учун қуйидагилар ҳам асос бўлиши мумкин:

қонунчиликда белгиланган тартибда сиёсий партиянинг қайта ташкил этилганлиги (бошқа сиёсий партияларга қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бундан мустасно);

ушбу Қонуннинг 16 ва 17-моддаларида назарда тутилган талабларнинг сиёсий партия томонидан бажарилмаганлиги;

сиёсий партия давлат маблағларидан белгиланмаган мақсадда фойдаланганлиги, шу жумладан уставда назарда тутилган фаолияти учун ажратилган маблағлардан сайловда иштирок этишни молиялаштириш учун фойдаланганлиги.

Сиёсий партия устав фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган асосларга биноан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қабул қилинади. Давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор устидан сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиши мумкин.

Сиёсий партия қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганда сиёсий партиянинг ҳуқуқий вориси давлат томонидан молиялаштирилиш ҳуқуқига эга бўлади.



III. СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРГА

БЕРИЛАДИГАН ХАЙРИЯ ЁРДАМИ

12-модда. Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси

юридик шахслари ва фуқароларидан хайрия ёрдами олиш ҳуқуқи

Сиёсий партия хайрия ёрдамини фақат Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно) ва фуқароларидан пул шаклида ҳамда мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида ва фақат уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан хайрия ёрдами бериш ихтиёрий равишда ва уларнинг фақат ўз маблағларидан амалга оширилади, ушбу Қонун 15-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган манбалардан олинадиган маблағлар бундан мустасно.

Ушбу Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган чеклашлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ходимлари сифатида оладиган иш ҳақига татбиқ этилмайди.

Сиёсий партия хайрия ёрдамини қабул қилишни рад этишга ҳақли.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари

томонидан бериладиган хайрия ёрдами

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикасининг бир юридик шахсидан бир йил мобайнида олган хайрия ёрдами суммаси хайрия ёрдами берилган йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ошмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси сиёсий партияга пул маблағлари шаклидаги хайрия ёрдамини беришда уни сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига юридик шахслар учун нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қоидаларида назарда тутилган реквизитларни кўрсатган ҳолда ўтказади ва тўлов топшириқномасида ушбу Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган хайрия ёрдами беришга чеклашлар йўқлиги ҳақида белги қўяди.

Хайрия ёрдами, агар у ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган суммадан ортиқроқ бўлса, олинган кундан эътиборан бир ой ичида сиёсий партия хайрия ёрдами берувчига уни қайтариши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса, давлат даромадига ўтказиши лозим.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари

томонидан бериладиган хайрия ёрдами

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикасининг бир фуқаросидан бир йил мобайнида олган хайрия ёрдами суммаси хайрия ёрдами берилган йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз бараваридан ошмаслиги лозим. Ушбу чеклаш сиёсий партия аъзолари партия уставига асосан тўлайдиган аъзолик бадалларига татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг фуқароси сиёсий партияга пул маблағлари тарзидаги хайрия ёрдамини беришда уни сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига шахсан, паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжатни тақдим этган ҳамда тўлов топшириқномасида ёхуд пул жўнатмасида фамилиясини, исмини, отасининг исмини ва паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига оид маълумотларни кўрсатган ҳолда ўз маблағларидан ўтказади.

Хайрия ёрдами, агар у ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган суммадан ортиқроқ бўлса, олинган кундан эътиборан бир ой ичида сиёсий партия хайрия ёрдами берувчига уни қайтариши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса, давлат даромадига ўтказиши лозим.



15-модда. Сиёсий партияларга хайрия

ёрдами беришдаги чеклашлар

Сиёсий партияларга пул маблағлари шаклидаги, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тариқасидаги (шу жумладан грантлар ажратиш, техник ёрдам кўрсатиш, сафарлар билан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида ўтказиладиган тренинглар, семинарлар, конференциялар билан боғлиқ харажатларга ҳақ тўлаш орқали) хайрия ёрдами қуйидагилар томонидан берилишига йўл қўйилмайди:

чет давлатлар;

чет давлатларнинг юридик шахслари, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари;

халқаро ташкилотлар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар;

чет эл фуқаролари;

фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, диний ташкилотлар ва номи яширилган ёки фақат тахаллуси кўрсатилган шахслар томонидан сиёсий партияларга пул маблағлари шаклида, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида хайрия ёрдами берилишига ҳам йўл қўйилмайди.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган хайрия ёрдами олинган кундан эътиборан бир ой ичида хайрия ёрдами берувчига қайтарилиши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса, давлат даромадига ўтказилиши лозим.



IV. МОЛИЯВИЙ ВА БОШҚА МАБЛАҒЛАРНИНГ

КЕЛИБ ТУШИШИ ҲАМДА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ

УЛАРДАН БЕЛГИЛАНГАН МАҚСАДДА ФОЙДАЛАНИШИ

УСТИДАН НАЗОРАТ

16-модда. Сиёсий партияларнинг

молиявий ҳисобдорлиги

Сиёсий партиялар қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда молиявий ҳамда бухгалтерия ҳисобдорлигини амалга оширади.

Сиёсий партия ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда ҳамда тартибда молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисида молиявий ҳисобот тақдим этиши шарт. Сиёсий партия сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ўзига ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунида оралиқ ҳисоботни, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин эса якуний ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади.

Сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботида сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига ҳисобот даврида келиб тушган маблағларнинг манбалари ва миқдорлари тўғрисидаги, шу маблағларнинг сарфланиши ҳақидаги, сиёсий партиянинг қиймати ҳам кўрсатилган мол-мулки тўғрисидаги, шунингдек мазкур партиянинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқароларидан хайрия ёрдами пул маблағларидан бошқа шаклда олинган тақдирда, сиёсий партия уни Ўзбекистон Республикаси қонунчиликка мувофиқ пул ифодасида баҳолайди ва тегишли маълумотларни, шу жумладан хайрия ёрдами берувчи ҳақидаги маълумотларни сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботига киритади.

Сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботида давлат маблағларининг келиб тушиши ва сарфланиши алоҳида қисмда назарда тутилади. Бунда сиёсий партия томонидан сайловда иштирок этиш учун сарфланган маблағлар алоҳида ҳисобга олинади.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шакли ва уни тақдим этиш муддати Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сиёсий партиянинг ҳисоботлари унинг расмий веб-сайтида ва босма нашрида эълон қилинади.



17-модда. Сиёсий партияларнинг молиялаштириш

манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари

Сиёсий партиялар ҳар йили барчанинг эътибори учун ўз бюджетларини эълон қилади ва ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисида Қонунчилик палатасига ёки у ваколат берган органга белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.

Сиёсий партиянинг ҳисоботига унинг сайловда иштирок этишини ва уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ҳисобот йилида партиянинг ҳисоб-китоб варағига келиб тушган ҳамда сарфланган давлат маблағлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг хулосаси илова қилинади.

Сиёсий партиянинг молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботи оммавий ахборот воситалари ва манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган ҳолда кўриб чиқилади.



18-модда. Молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши

ҳамда сиёсий партиялар томонидан сарфланиши устидан назорат

Молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан сиёсий партияларнинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушишини ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланишини текшириш Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида ўндан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳининг мурожаатига биноан Қонунчилик палатаси томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.


V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

19-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш масалалари

юзасидан давлат органларининг қарорлари ва улар мансабдор

шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

Сиёсий партия ўз фаолиятининг молиялаштирилиши масалалари юзасидан тегишли давлат органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиши мумкин.



20-модда. Низоларни ҳал қилиш

Сиёсий партияларни молиялаштириш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.


21-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 21-сон, 248-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2004 й. 5-сон, 86-модда














































Время: 0.1587
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск