Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги /

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2019 й. 271-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 мартдаги

271-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни

ривожлантириш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Агентлик узумчилик ва виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширадиган давлат бошқаруви республика органи, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида Вазирлик олдида ҳисобот беради.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруқларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эгадир.


6. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги;

б) инглиз тилида - The Agency of Viticulture and Wine Development under the Ministry of agriculture of the Republic of Uzbekistan;

в) рус тилида - Агентство по развитию виноградарства и виноделия при Министерстве сельского хозяйства Республики Узбекистан.


7. Агентлик жойлашган жой (почта манзили): 100011, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абай кўчаси, 6.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ТУЗИЛМАСИ


8. Агентлик тизимига:

Агентликнинг марказий аппарати;

"Энология лабораторияси" давлат унитар корхонаси;

"Узумчилик ўқув маркази" давлат унитар корхонаси киради.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

узумчилик ва виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, узумчилик ва виночиликни динамик ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

устун даражада техник навлардаги узум плантацияларини кенгайтириш ва ривожлантиришга, виночиликни ривожлантиришга, ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилишга ва виночилик корхоналарини комплекс равишда модернизация қилишга кўмаклашиш;

рақобатбардош виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишда, ташқи бозорлар конъюнктурасининг чуқур маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш йўли билан экспорт салоҳиятини оширишда, шунингдек, маҳаллий виночилик маҳсулотларини, шу жумладан, чет элда оммалаштиришда узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш;

хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш йўли билан узумчилик ва виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;

узум экиш материалларини ишлаб чиқарувчилар фаолиятини тартибга солиш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) билан узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланадиган алкоголли маҳсулотлар сифатини белгилаш юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон рўйхатини юритиш.


10. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) узумчилик ва виночилик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, узумчилик ва виночиликни динамик ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

шу жумладан, кластер асосидаги узумчилик ва виночиликни ривожлантиришнинг давлат ва мақсадли дастурларини, шу жумладан, инновацион ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий қилиш йўли билан узум планатцияларининг самарадорлигини ва тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятини ошириш бўйича методик тавсияларни ишлаб чиқади;

узумчилик ва виночилик соҳасида ягона давлат сиёсати ижросини таъминлайди, ушбу йўналишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, узумчилик ва виночилик йўналиши бўйича ўз фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар билан ҳамкорлик қилади;

Инспекциядан маълумот олиш йўли билан узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланадиган алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси мониторингини олиб боради;

узумчилик ва виночилик, шу жумладан, узум экиш материалини ишлаб чиқариш соҳасида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади ва таклифлар киритади;

узумчилик йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича кафиллик тақдим этиш соҳасида умумий қийматининг камида 15 фоизи лойиҳа ташаббускори томонидан молиялаштириладиган узумчилик йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича бўлгуси ҳосил, токзор ва (ёки) ер участкасига бўлган ҳуқуқни гаровга олган ҳолда кафиллик тақдим этади;

б) устун даражада техник навлардаги узум плантацияларини кенгайтириш ва ривожлантиришга, виночиликни ривожлантиришга, ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилишга ва виночилик корхоналарини комплекс равишда модернизация қилишга кўмаклашиш соҳасида:

илмий-тадқиқот институтлари ва бошқа ваколатли ташкилотлар билан биргаликда агротехнологияларни такомиллаштириш ва узум ҳосилдорлигини ошириш, тармоқ маҳсулотлари рақобатбардошлигини оширишни рағбатлантириш мақсадида узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланадиган алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувватларни модернизация қилиш бўйича таклифларни тайёрлайди;

узум плантацияларида маҳаллий селекция навлари, хусусан, яшаш муҳитининг абиотик ва биотик шароитларига кўпроқ мослашган Европа клонлари ва автохтон навлар улушини ошириш чораларини кўради;

миллий ампелографик коллекциялар сақланиши ва кенгайтирилишини таъминлайди ҳамда узум навлари ДНК каталоги (реестри)ни шакллантиради ва юритади;


в) рақобатбардош виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишда, ташқи бозорлар конъюнктурасининг чуқур маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш йўли билан экспорт салоҳиятини оширишда, шунингдек, маҳаллий виночилик маҳсулотларини, шу жумладан, чет элда оммалаштиришда узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари билан биргаликда тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишда тармоқ корхоналарига кўмаклашади, шунингдек, узумчилик маҳсулотлари ташқи бозори конъюнктурасини ўрганади, мамлакатимиз узумчилик маҳсулотларини оммалаштириш ва тармоқ маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

"Ўзстандарт" агентлиги билан биргаликда корхоналарда узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланадиган алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларни жорий қилишга кўмаклашади ва таклифлар киритади;

узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланадиган алкоголли маҳсулотлар ва винони таништириш бўйича миллий ва халқаро фестиваллар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил қилади ва уларда иштирок этади;


г) хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш йўли билан узумчилик ва виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш соҳасида:

узумчилик ва виночилик соҳасида хорижий мутахассислар ва маслаҳатчиларни жалб қилади, шунингдек, тармоқ мутахассислари, узум етиштирувчилар ва виночиларни республиканинг етакчи корхоналари, Тошкент кимё-технология институти ҳузуридаги Виночилик соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказида, шунингдек, чет элда малакасини ошириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлашга кўмаклашади;

Тошкент кимё-технология институти, бошқа олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, шу жумладан, халқаро илмий-тадқиқот институтлари билан узумчилик ва виночилик соҳасида илмий-техник ютуқларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш мақсадида ҳамкорлик қилади;

олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабаларига бевосита тармоқнинг ишлаб чиқариш ва бошқа корхоналарида амалиёт ўтишларида кўмаклашади;


д) узум экиш материалларини ишлаб чиқарувчилар фаолиятини тартибга солиш, узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланадиган алкоголли маҳсулотлар сифатини белгилаш юзасидан Инспекция билан ўзаро ҳамкорлик қилиш соҳасида:

узум экиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича питомникларни барпо қилишда кўмаклашади, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг фаолиятини тартибга солади ва мувофиқлаштиради;

ишчи органлар ишида иштирок этади, техник ва технологик регламентлар, стандартлар, шунингдек, узумчилик соҳаси ҳамда узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланган алкоголли ичимликларни ишлаб чиқариш соҳасида санитария-гигиена нормаларини яратиш, жорий қилиш ва яхшилаш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқади ва киритади;

чакана савдо тармоқларида назорат тартибида сотиб олиш йўли билан узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланган алкоголли маҳсулотлар сифатини назорат қилади;

узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланган алкоголли маҳсулотлар сифатини текшириш якунлари бўйича Инспекцияга маълумот киритади;

Инспекциянинг ташаббуси билан узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланган алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга лицензия бериш жараёнида иштирок этади;

назорат ва текшириш органларининг сўрови бўйича узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланган алкоголли маҳсулотлар сифатини белгилаш бўйича мониторинг олиб бориш ва текширишларда белгиланган тартибда иштирок этади;


е) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон рўйхатини юритиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон рўйхатини юритади;

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



4-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, шунингдек, ўз ваколати доирасида Агентликнинг таркибий бўлинмалари, шунингдек, узумнинг техник навларини етиштириш билан шуғулланувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;

Вазирликка норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалаларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан сўраш ва олиш;

давлат статистика органларидан Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик маълумотларни бепул асосда олиш;

Инспекция билан биргаликда узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланган алкоголли маҳсулотлар сифатини белгилаш ва назорат қилиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро шартномаларни тузиш ва Агентлик ваколатига тегишли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро даражада ифодалаш;

Агентлик ваколатига тегишли масалалар бўйича хорижий тармоқ идоралари, илмий ва таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

узумчилик ва виночилик соҳасида жорий ва стратегик вазифаларни ёритиш учун белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

биноларга хизмат кўрсатиш, асбоб-ускуналар ва хўжалик жиҳозлари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва ташкилий техника, дастурий таъминот ҳамда Агентлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа товарлар таъминоти ва фойдаланиш ишларини бажариш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

илмий ташкилотларни, олим ва мутахассисларни, шу жумладан, чет эл олимлари ва мутахассисларини Агентлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилишга шартнома асосида жалб қилиш;

Агентлик ва унинг тизимига кирадиган ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Агентликнинг таркибий бўлинмалари ҳуқуқ ва мажбуриятлари Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган низомлар билан белгиланади.


13. Агентлик:

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши, шунингдек, узумчилик ва виночилик соҳасида давлат сиёсати самарали амалий амалга оширилиши;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ўз вақтида бажарилиши;

Агентликнинг марказий аппарати ва таркибий бўлинмалари ишини ташкил қилиш учун жавоб беради.



5-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ


14. Агентликка Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.


15. Директор ўз мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиши шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


16. Директор Агентлик директорининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинладиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга эга.


17. Директор бўлмаган даврда унинг ваколатлари вазифалар тақсимланишига мувофиқ унинг ўринбосари томонидан амалга оширилади.


18. Ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда Агентлик давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда қабул қилинган қарорлар билан узумчилик ва виночилик соҳасидаги тадбирларни ўтказиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳларни тузади.


19. Агентлик фаолиятига Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири мутасаддилик қилади.


20. Директор лавозими бўйича Вазирлик ҳайъати таркибига киритилади.



6-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


21. Қуйидагилар Агентлик раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Агентликка қонун ҳужжатлари билан юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижро этилиши жараёнини танқидий жиҳатдан ва чуқур таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири топшириқларини бажариш;

ўзининг ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, ўзининг ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг Агентлик фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

Агентлик фаолиятини режалаштиришни ташкил қилиш, Агентлик ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши жараёнини назорат қилишни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил қилиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, марказий аппарат ва таркибий бўлинмалар раҳбарларининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларини тизимли қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш;

Агентлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентлик кадрлар захирасини шакллантириш;

кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда киритиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш ва Вазирликка ўз вақтида киритишни ташкил қилиш;

Агентликка тақдим қилинган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни синчиклаб ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа экспертизадан ўтказиш, шунингдек, уларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган муддатларда келишиш (виза қўйиш);

Агентлик раҳбарлари ва ходимларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида самарали бўлиш ва Ўзбекистон Республикасига хорижий делегациялар ташрифини ташкил этишда мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ хизмат сафарларини амалга ошириш ва ташкил қилиш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш, хизмат сафарига ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш;

ўз ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигининг танқидий таҳлилини мунтазам равишда ўтказиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини Агентлик мажлисларида эшитиш, якунлар бўйича зарур чоралар кўриш;

ўз ўринбосарлари ва Агентлик ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини белгиланган тартибда ҳал қилиш, уларнинг эгаллаб турган лавозимларида келгусида бўлиши мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини оширишнинг тизимли чораларини амалга ошириш;

Агентлик ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш, шунингдек, уларга риоя қилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш чораларини қабул қилиш, шунингдек, ҳуқуқий амалиёт ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларнинг юзага келишига ёрдам берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф қилиш;

Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари ишини ташкил қилишнинг замонавий шаклларини жорий қилишни таъминлаш;

"Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, шу жумладан, Агентликнинг ахборот тизими самарадорлиги ва сифатини ошириш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомда белгиланган муддатлар ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишини ташкил қилиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсан қабул қилишни тизимли равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини жойнинг ўзига чиқиб қабул қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига тушаётган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ишлашни ташкил қилиш, уларнинг фаолиятида Агентлик ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирокини таъминлаш;

давлат сири ва махфий маълумотлар сирасига кирадиган маълумотлар билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ тушиши ва ишлатилишини назорат қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган шартномалар ва битимлар тузиш;

Жамғарманинг олдин берилган маблағлари бўйича, шу жумладан, шартнома шартларини қайта тузиш ва узайтириш бўйича қарорлар қабул қилиш;

марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, идоравий мансуб ташкилотларнинг уставлари, низомлари, лавозим йўриқномалари ва Агентликнинг бошқа локал ҳужжатларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш, Агентлик марказий аппарати, "Энология лабораторияси" ДУК ва "Узумчилик ўқув маркази" ДУК ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш;

Жамғарманинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига узумчилик ва виночилик соҳасида хорижий мутахассислар ва маслаҳатчиларни шартнома асосида жалб қилиш;

Агентлик, идоравий мансуб ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, белгиланган тартибда уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

Агентлик марказий аппарати, идоравий мансуб ташкилотларнинг тасдиқланган тузилма ва штат жадвалларига ўзгартиш киритиш юзасидан белгиланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида Вазирликка таклифлар киритиш.

Агентлик директори қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функционал вазифаларни ҳам амалга оширади.


22. Қуйидагилар Агентлик директори ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

директор вақтинча бўлмаган вақтларда унинг вазифаларини бажариш;

Агентликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши назорат қилинишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири топшириқларини ижро этиш;

директорнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жойига қўйиш бўйича директорга таклифларни тақдим қилиш, уларнинг касбий маҳорати, ваколатлилиги, амалий тажрибаси, ишбилармонлик ва маънавий-маърифий сифатларининг юқори савияси кафолатланганлигини таъминлаш, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил қилиш, Агентликнинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳалари келгусида директор томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига келгусида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда киритиш учун Вазирликка ўз вақтида киритилишини таъминлаш;

Агентликка тақдим қилинган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва атрофлича кўриб чиқиш, уларни синчиклаб ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа экспертизадан ўтказиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида самарали бўлиш ва Ўзбекистон Республикасига хорижий делегациялар ташрифини ташкил этишда мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мувофиқ равишда амалга ошириш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлиги, сафар харажатларига ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, Агентлик мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлар бўйича зарур чоралар кўриш;

Агентликнинг узумчилик ва виночилик соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш, ушбу соҳада қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни директорга киритиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича директорга таклиф киритиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимларида келгусида бўлиши мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш, уларга юкланган вазифалар ва функционал вазифалар бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини оширишнинг тизимли чораларини амалга ошириш;

Агентлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш, шунингдек, уларга риоя қилинишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларнинг юзага келишига ёрдам берувчи сабаблар ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф қилиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомда белгиланган муддатлар ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишини ташкил қилиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсан қабул қилишни тизимли равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини жойнинг ўзига чиқиб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ишлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 28 декабрдаги  ПФ-4904 сон Фармонига мувофиқ уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушаётган барча мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сири ва махфий маълумотлар сирасига кирадиган маълумотлар билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

Директор ўринбосарлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функционал вазифаларни ҳам амалга оширадилар.



7-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


23. Агентлик директори:

Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши;

Жамғарма маблағлари мақсадли сарфланиши;

ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган Агентликнинг жавобгарлиги соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган ўзининг функционал вазифалари сифатли бажарилиши учун жавоб беради.


24. Агентлик директори ўринбосарлари:

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши;

ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган мутасаддилик қилинадиган масалалар юзасидан Агентликнинг жавобгарлиги соҳалари бўйича;

Ушбу Низомнинг 22-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифалари сифатли бажарилиши учун жавоб берадилар.



8-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ВА ИШЧИ ИНДИКАТОРЛАР


25. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам равишда баҳоланиши лозим.


26. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Вазирлик томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторларга асосланади.


27. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича қуйидаги чоралар кўрилади:

Агентлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;

Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш.

Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва усули Вазирлик томонидан белгиланади.



9-БОБ. АГЕНТЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


28. Агентлик ва унга идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаолиятни амалга оширишга ва марказий аппарат таъминоти учун харажатлар, шу жумладан, ходимларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, қўшимча ҳақ, устамалар, мукофотлар, ижтимоий ва бошқа тўловлар, шунингдек, маданий-оммавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган харажатлар қопланиши Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштирилади.


29. Агентлик ходимларига Вазирлик марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари жорий этилади.

Бунда Агентлик директори томонидан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири билан келишган ҳолда Агентлик ходимларининг лавозим маошларига 200 фоизгача бўлган миқдорда қўшимча устамалар белгиланиши мумкин.


30. Агентлик ходимларига рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлган устама ва қўшимча ҳақлар Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган меҳнат шартномалари (контрактлар) ва низомларга мувофиқ тўланади. Бунда рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлган устамалар ва қўшимча ҳақ белгиланиши Агентлик директорининг ҳуқуқи ҳисобланади.



10-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ВАЗИРЛИК ОЛДИДА

ҲИСОБОТ БЕРИШИ


31. Агентлик директори Вазирлик олдида Агентлик фаолияти натижалари тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот беради.


32. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Агентлик директори фаолиятининг унга юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича доимий мониторинг олиб боради, Агентлик фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.


33. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Агентликнинг алоҳида ўзини кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача жавобгарликка тортилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


34. Агентликни қайта ташкил қилиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 апрель










































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск