ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) / Ҳукумат фаолиятини ташкил этиш. Вазирлар Маҳкамаси Аппарати /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларда мавзули сайёр мажлисларини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.04.2019 й. 295-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 10 апрелдаги

295-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларда мавзули

сайёр мажлисларини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5644-сон Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4136-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси/Ҳукумат деб аталади) ҳудудлардаги мавзули сайёр мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудлардаги мавзули сайёр мажлислари (кейинги ўринларда сайёр мажлислар деб аталади) жойларда аниқ соҳалар ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнининг самарадорлигини ўрганиш борасида Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этиш шакли ҳисобланади.


3. Қуйидагилар сайёр мажлисларни ўтказишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминлаш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш давлат дастурларини, давлат ва ҳудудий ривожлантириш дастурларини, шунингдек, ҳудудларда иқтисодий, ижтимоий ва маъмурий ислоҳотларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш чораларини кўриш;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг мақсадли ижросини таъминлаш;

ҳудудларни, энг аввало, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини самарали ҳал этиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлаш чораларини кўриш;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденцияларининг комплекс таҳлилини, шу жумладан ҳудудларни комплекс ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини изчил ошириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш жараёнининг мониторингини ўтказиш;

хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятни ошириш ҳолатини ўрганиш, мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан ва унинг иқтисодий хавфсизлигидан келиб чиқиб ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини янада яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича тасдиқланган баённомалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган мажлислар баённомалари, олий ва юқори даражалардаги ташрифлар якунлари бўйича амалий тадбирлар режалари ("йўл хариталари") ижроси устидан тизимли ва таъсирчан назоратни таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, бошқа маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг, барча даражадаги ҳокимлар фаолиятини баҳолаш, зиммасига юкланган вазифа ва функцияларнинг самарали ва натижадор бажарилиши, шунингдек, Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларида кўрсатилган мақсадли вазифаларга эришилиши учун уларнинг шахсий жавобгарлиги масалаларини кўриб чиқиш;

ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминловчи энг муҳим вазифалар, иқтисодиётнинг аниқ тармоқлари ва соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ҳудудларнинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.



2-БОБ. САЙЁР МАЖЛИСЛАРНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ

ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


4. Сайёр мажлисларни ташкиллаштириш ва ўтказиш мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


5. Сайёр мажлислар тизимли асосда, қоида тариқасида, ҳар чоракда ўтказилади. Сайёр мажлислар санаси ҳамда уларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича тадбирлар (режа-жадвал) Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати томонидан тасдиқланади.

Сайёр мажлислар зарур ҳолларда видеоселектор йиғилиши шаклида ўтказилиши мумкин.


6. Сайёр мажлислар қуйидагилардан келиб чиқиб режалаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудлардаги ҳолатни танқидий таҳлил қилиш ва мақсадли вазифаларни амалга ошириш бўйича талаблари ва топшириқлари;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш давлат дастурларини, давлат ва ҳудудий ривожлантириш дастурларини, шунингдек, ҳудудларда иқтисодий, ижтимоий ва маъмурий ислоҳотларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда амалга ошириш ҳолатининг танқидий ва тизимли таҳлили;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича тасдиқланган баённомалар, олий ва юқори даражалардаги ташрифлар якунлари бўйича амалий тадбирлар режалари ("йўл хариталари") ижроси жараёнининг мониторинги;

ислоҳотлар жараёнларига тўсқинлик қилаётган сабаб ва муаммоларнинг тизимли таҳлили;

Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига келиб тушган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатининг мониторинги ҳамда таҳлили.


7. Сайёр мажлисларда "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, ушбу Низомнинг 3-бандида назарда тутилган масалалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири (кейинги ўринларда Бош вазир деб аталади) топшириқларига ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсати қарорларига мувофиқ бошқа масалалар кўриб чиқилади.


8. Сайёр мажлисларда Бош вазир раислик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайёр мажлисларда раислик қилиши мумкин.


9. Бош вазирнинг топшириғига асосан Бош вазирнинг ўринбосари ёки маслаҳатчиси ваколатлари соҳасига бевосита кирувчи масалалар бўйича сайёр мажлислар Бош вазирнинг тегишли ўринбосари ёки маслаҳатчиси раислигида ўтказилиши мумкин.


10. Сайёр мажлисларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ахборот-таҳлилий ва ташкилий таъминлаш Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан биргаликда амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ сайёр мажлис ўтказилиши санасидан камида йигирма кун олдин Вазирлар Маҳкамасига кун тартиби, кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш тартиби лойиҳаларини, тегишли таҳлилий материалларни, шунингдек, сайёр мажлис баённомаси лойиҳасини киритади.

12. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқа масъул таркибий бўлинмалари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг вакилларини жалб қилган ҳолда, сайёр мажлис санасидан камида ўн кун олдин киритилган материалларни пухта ишлайди ҳамда сайёр мажлисни ўтказиш бўйича зарур маълумотнома, ахборот-таҳлилий, тақдимот ва бошқа материалларни тайёрлайди.

13. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишади:

а) қуйидагилардан иборат ҳужжатлар тўпламини:

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларга факсограмма (кузатув хати, топшириқ) лойиҳаси;

кун тартиби ва кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш тартиби лойиҳалари;

ҳисобот берувчилар ва сайёр мажлисда иштирок этувчи шахслар рўйхати;

кун тартибидаги ҳисоботлар бўйича маълумотнома-объективкалар;

асосий маъруза лойиҳаси;

сайёр мажлис баённомаси лойиҳаси;

ахборот-таҳлилий ва тақдимот материаллари, сайёр мажлис анонси ва бошқалар;

б) қуйидагиларни ўз ичига олган ташкилий масалаларни:

сайёр мажлисни ўтказиш санаси, жойи ва шакли (очиқ, ёпиқ, видеоселектор);

сайёр мажлис иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ва жойлаштириш схемаси;

техник воситалардан (телефонлар, радиоалоқа, шунингдек, аудио- ва видео қайд этиш ҳамда ахборотни қайта ишлаш воситалари) фойдаланиш тартиби;

сайёр мажлис баённомасини ва стенограммасини юритиш тартиби;

сайёр мажлис иштирокчиларини жойлаштириш, транспорт таъминоти тартиби ва бошқалар.


14. Сайёр мажлислар ўтказишни сифатли ва барвақт ташкиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг Раёсати томонидан Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари, Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти мудири, Бош вазир протокол хизмати мудири, Бош вазир матбуот котиби, Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг вакилларидан иборат таркибда доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ ташкил этилади.

15. Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси сайёр мажлисни ўтказиш санасидан етти кун олдин сайёр мажлисни ўтказиш учун тайёрланган ҳужжатлар тўплами ва ташкилий масалалар бўйича Бош вазирга ахборот беради ва Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатига кўриб чиқиш учун киритади.


16. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар ва мудофаа саноати масалалари котибияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқа масъул таркибий бўлинмалари билан биргаликда бир кун ичида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан кўриб чиқилган материалларни Вазирлар Маҳкамаси Раёсати аъзолари томонидан билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб қайта ишлайди.


17. Қайта ишланган материаллар сайёр мажлисни ўтказиш санасидан беш кун олдин Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан келишиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилади.


18. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти масъул ходимлари Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларининг бошқа масъул ходимлари билан биргаликда мажлисни ўтказиш санасидан уч кун олдин сайёр мажлисга барвақт ва сифатли тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш учун сайёр мажлис ўтказиладиган жойга (ҳудудга) ташриф буюради.

Сайёр мажлисга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан биргаликда амалга оширилади.


19. Мансабдор шахсларнинг сайёр мажлисларга иштирок этиши Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан таъминланади.


20. Сайёр мажлисларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштирок этади.

Сайёр мажлисларга зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари таклиф этилиши мумкин. Бошқа мансабдор шахслар сайёр мажлисларга фақат ваколатларига кирадиган масалалар бўйича таклиф этилади.


21. Сайёр мажлисда Бош вазирнинг мажлис мавзусига бевосита тегишли бўлган ижтимоий, иқтисодий ва бошқа объектларга ташрифи ҳам амалга оширилиши мумкин.

Тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари Бош вазирнинг объектларга ташрифи давомида материалларнинг тақдимотини таъминлайдилар.

Бош вазирнинг объектларга ташрифини ташкиллаштириш Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти томонидан Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқа масъул таркибий бўлинмалари билан биргаликда манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари вакилларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

22. Сайёр мажлисларда масалаларнинг муҳокамаси, қоида тариқасида, очиқ ва ошкора ўтказилади. Сайёр мажлисларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари таклиф этилади.


23. Сайёр мажлисларда Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг, Ҳукумат аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади.


24. Сайёр мажлисларда қарорлар Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


25. Сайёр мажлисларда қабул қилинган қарорлар баённома кўринишида расмийлаштирилади. Сайёр мажлис баённомаси зарурат бўлганда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилади.


26. Сайёр мажлис баённомаси лойиҳаси сайёр мажлис ўтказилганидан кейин уч кун ичида Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти томонидан Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари билан биргаликда расмийлаштирилади ҳамда кейинчалик Бош вазирга ахборот бериш учун Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига тақдим этилади.

27. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган сайёр мажлис баённомаси Ўзбекистон Республикаси Президентига имзолашга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилади.


28. Бош вазир раислигида ўтказилган сайёр мажлис баённомаси имзолашга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админисрациясига юборилади.


29. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Умумий бўлими билан биргаликда имзоланган сайёр мажлис баённомасини тарқатишни таъминлайди.

30. Сайёр мажлисларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш, шунингдек, кўриб чиқиладиган масалаларнинг муҳокамасига жамоатчиликни жалб қилиш Бош вазир Матбуот хизмати томонидан ташкиллаштирилади.


31. Бош вазир матбуот хизмати сайёр мажлисда муҳокама қилиниши режалаштирилаётган масалалар тўғрисидаэълон бериш ва уларни кўриб чиқиш натижаларини ёритишни амалга оширади.



3-БОБ. САЙЁР МАЖЛИСЛАР ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА

ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚАРОРЛАР ИЖРОСИ

УСТИДАН НАЗОРАТ


32. Сайёр мажлислар якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ижроси устидан назорат Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан амалга оширилади.


33. Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари сайёр мажлисларнинг баённома топшириқлари бажарилишининг тизимли назорати ва таҳлилини таъминлайди.

34. Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Назорат ва ижро интизоми бўлими томонидан тизимли асосда сайёр мажлисларнинг баённома топшириқлари бажарилиши жараёнининг мониторинги амалга оширилади.


35. Сайёр мажлислар баённома топшириқлари ижросини ташкиллаштириш ва амалга оширилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ амалга оширилади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ҳудудларда мавзули сайёр мажлисларини

ташкиллаштириш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати,

Вазирлар Маҳкамасининг аппарати


1. Вазирлар Маҳкамасининг мавзули сайёр мажлисларини (кейинги ўринларда сайёр мажлислар деб аталади) ўтказишни режалаштиришни ташкил қилиш.


2. Вазирлар Маҳкамасининг сайёр мажлислари санасини ҳамда уларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича тадбирларни тасдиқлаш.



Ҳар чоракда







2-босқич

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги - чақириқ, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари



Вазирлар Маҳкамасига кун тартиби, кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш тартиби лойиҳаларини, тегишли таҳлилий материалларни, шунингдек, сайёр мажлис баённомаси лойиҳасини киритиш.


Мажлисни ўтказиш санасидан камида йигирма кун олдин







3-босқич

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти (кейинги ўринларда Котибият деб аталади), Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан биргаликда киритилган материалларни пухта ишлаш.

2. Сайёр мажлис ўтказиш бўйича зарур маълумотнома, ахборот-таҳлилий, тақдимот ва бошқа материалларни тайёрлаш.


3. Қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишиш:

а) қуйидагилардан иборат ҳужжатлар тўпламини:

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларга факсограмма (кузатув хати, топшириқ) лойиҳаси;

кун тартиби ва кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш тартиби лойиҳалари;

ҳисобот берувчилар ва сайёр мажлисда иштирок этувчи шахслар рўйхати;

кун тартибидаги ҳисоботлар бўйича маълумотнома-объективкалар;

асосий маъруза лойиҳаси;

сайёр мажлис баённомаси лойиҳаси;

ахборот-таҳлилий ва тақдимот материаллари, сайёр мажлис анонси ва бошқалар;

б) қуйидагиларни ўз ичига олган ташкилий масалаларни:

сайёр мажлисни ўтказиш санаси, жойи ва шакли (очиқ, ёпиқ, видеоселектор);

сайёр мажлис иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ва жойлаштириш схемаси;

техник воситалардан (телефонлар, радиоалоқа, шунингдек, аудио- ва видео қайд этиш ҳамда ахборотни қайта ишлаш воситалари) фойдаланиш тартиби;

сайёр мажлис баённомасини ва стенограммасини юритиш тартиби;

сайёр мажлис иштирокчиларини жойлаштириш, транспорт таъминоти тартиби ва бошқалар.

    


Мажлисни ўтказиш санасидан камида ўн кун олдин







4-босқич

Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси


1. Ҳужжатлар тўплами ва ташкилий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ахборот бериш.


2. Тегишли материалларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатига киритиш.


Мажлисни ўтказиш санасидан етти кун олдин







5-босқич

Котибият, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари



Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси


1. Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан кўриб чиқилган материалларни Раёсат аъзолари томонидан билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб қайта ишлаш.


2. Материалларни келишиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборишни таъминлаш.


Бир кун ичида



Мажлисни ўтказиш санасидан беш кун олдин







6-босқич

Котибият, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари


1. Ишчи гуруҳни шакллантириш ҳамда сайёр мажлис ўтказиладиган жойга (ҳудудга) ташриф буюрган ҳолда сайёр мажлисларга барвақт тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан биргаликдасайёр мажлисга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ ташкилий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш.


Мажлисни ўтказиш санасидан уч кун олдин







7-босқич

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири матбуот хизмати


1. Сайёр мажлисда муҳокама қилиниши режалаштирилаётган масалаларни эълон қилиш.


2. Сайёр мажлис жараёни ва якунларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш.


Мажлисни ташкил қилиш жараёнида ва ўтказиш натижалари бўйича







8-босқич

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири


Сайёр мажлисларни, шу жумладан объектларга ташриф буюрган ҳолда, ўтказиш.


Белгиланган муддатларда







9-босқич

Котибият, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари


1. Сайёр мажлис баённомасининг лойиҳасини расмийлаштириш, зарурат бўлганда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш.


2. Сайёр мажлис баённомаси лойиҳасини кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ахборот бериш учун Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига тақдим этилиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган сайёр мажлис баённомаси лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президентига имзолашга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юбориш.


4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида ўтказилган сайёр мажлис баённомаси лойиҳасини имзолашга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админисрациясига юбориш.


5. Имзоланган сайёр мажлис баённомасини тарқатиш.

      


Мажлис тугаганидан кейин уч  кун ичида







10-босқич

Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, Котибият, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари, Назорат ва ижро интизоми бўлими


Сайёр мажлислар якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг барвақт ва сифатли ижро этилиши устидан назоратни таъминлаш.


Доимий



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 апрель































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск