ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Миллий гвардия /

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг тегишли бўлинмаларида шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.04.2019 й. 323-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 апрелдаги

323-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг

тегишли   бўлинмаларида   шахсий   таркибнинг

овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг

хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда Миллий гвардия деб аталади) бўлинмаларидаги офицерлар, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар, ходимлар, муддатли ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда академик лицей ўқувчиларининг (кейинги ўринларда шахсий таркиб деб аталади) овқатланишини аутсорсинг шартларида ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аутсорсинг - буюртмачининг шахсий таркибни овқатлантириш вазифасини шартнома асосида аутсорсерга ўтказиш;


аутсорсер - шартнома асосида буюртмачига аутсорсинг хизмати кўрсатувчи юридик шахс;


буюртмачи - Миллий гвардия бўлинмалари.


3. Шахсий таркибни овқатлантириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

стационар ва дала шароитида озиқ-овқат таъминоти;

қуруқ маҳсулотлар таъминоти.


4. Шахсий таркибни овқатлантириш буюртмачининг озиқ-овқат хизмати томонидан аутсорсер хизматини жалб қилиш орқали амалга оширилади.


5. Шахсий таркибни овқатлантириш учун пул маблағлари йиллик талабномалар бўйича белгиланади ва аутсорсинг хизматлари учун келишилган ҳисоб-китоблар, озиқ-овқат меъёри нархлари белгиланган меъёрлар асосида йил бўйича режалаштирилади.


6. Аутсорсинг хизмати буюртмачининг тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


7. Аутсорсинг хизмати кўрсатиш жараёнида махфийлик тартибига риоя этиш буюртмачи томонидан таъминланади.



2-БОБ. АУТСОРСЕРНИ ТАНЛАШ, ШАРТНОМА

ТУЗИШ ВА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ


8. Аутсорсерлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан талабгорларни ўрганиш ҳамда энг яхши таклифларни танлаш орқали танлаб олинади. Бунда умумий овқатланиш соҳасида катта иш тажрибасига, тегишли молиявий, моддий-техника ва логистика базасига эга, ошхоналарнинг ҳолатини яхшилашга тайёр бўлган талабгорларга устунлик берилади.


9. Аутсорсер талабгорларига нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

юридик шахс бўлиши;

аутсорсинг хизмати бўйича камида бир ойлик шартнома суммасига тенг айланма маблағларга эга бўлиши;

молиявий аҳволининг барқарорлиги, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги;

стационар ва дала шароитида аутсорсинг хизмати кўрсатиш учун етарли моддий-техника ва логистика базасига эга бўлиши;

штатида етарли иш тажрибасига ва кўникмага эга ходимлар бўлиши.


10. Аутсорсерларни танлаб олиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан талабгорларни ўрганиш ҳамда белгиланган тартибда танловни ўтказиш йўли билан зарурат туғилганда амалга оширилади.


11. Аутсорсерларни танлаш натижалари махсус комиссиянинг баённомаси билан расмийлаштирилади ва тасдиқланган куннинг эртасидан кечиктирмай шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил қилиш бўйича аутсорсинг хизматлари кўрсатиш юзасидан Миллий гвардия бўлинмалари билан белгиланган тартибда шартнома тузиш учун буюртмачига юборилади.

12. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг бозордаги ўртача кўрсаткичлари тегишли ҳудудда юзага келган нархлар даражасини ҳар ой ўрганиш орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.


13. Агар озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги бозор нархлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг баённома қарорида белгиланган нархлардан баланд бўлса, буюртмачи аутсорсер билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун тегишли ҳудуддаги амалдаги нархларни ўрганиб чиқиш далолатномаси илова қилинган таклифларни белгиланган тартибда юборади.


14. Озиқ-овқат маҳсулотларининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари баённомаларида белгиланган нархлари улар тасдиқлангандан кейинги кундан эътиборан кучга киради.


15. Баённома қарорларнинг тўғри тузилиши учун жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юкланади.


16. Аутсорсинг хизмати кўрсатиш бўйича шартнома буюртмачи ва аутсорсер ўртасида календарь йил учун ёзма шаклда икки нусхада тузилади.

Шартномада шахсий таркибнинг сони, бир нафар овқатланувчи учун тасдиқланган меъёрлардаги кунлик озиқ-овқат қиймати, календарь куни ва жами йиллик сумма акс эттирилади.


17. Озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача бозор нархлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларидан ҳар ойнинг 1-санасига қадар Миллий гвардия бўлинмалари томонидан олинади.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларидан олинган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўзгарганда ёки бошқа асосли ҳолатларда шартномага тегишли ўзгартириш киритилиши мумкин.


18. Кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи миқдорида олдиндан, 85 фоизи ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар суммасидан келиб чиқиб ҳар 10 кунда, якуний ҳисоб-китоб эса - кейинги ойнинг 5-санасига қадар амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларида овқатланишни ташкил этиш учун аутсорсерни танлаш, аутсорсер ва ҳарбий қисм (муассаса) ўртасида ҳисоб-китоблар мазкур Низомга 2 ва 3-иловаларга мувофиқ схемалар бўйича амалга оширилади.



3-БОБ. АУТСОРСИНГ ХИЗМАТИ КЎРСАТИШДА

ОЗИҚ-ОВҚАТЛАР СИФАТИГА ВА ХАВФСИЗЛИГИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


19. Аутсорсинг хизматлари асосида овқат билан таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим.


20. Аутсорсер томонидан фойдаланиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари тегишли мувофиқлик сертификатлари билан тасдиқланиши, шунингдек, халқаро ва миллий стандартлар талабларига жавоб бериши шарт.


21. Буюртмачига етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати юзасидан назорат аутсорсер иштирокида буюртмачининг тиббий ҳамда озиқ-овқат хизматлари томонидан амалга оширилади, бунда қабул қилиш далолатномаси тузилиб, у маҳсулот сифатини текширган шахслар томонидан имзоланади ва буюртмачи томонидан тасдиқланади.


22. Аутсорсер ходимлари:

сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиши, уларни тўғри сақлаши ва белгиланган меъёрлар асосида сарфлаши;

белгиланган меъёрлар асосида таом тайёрлаш технологиясига қатъий амал қилиши, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслиги;

таомларни тайёрлашда, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш ҳамда сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиши;

ошпазлик соҳасида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши ва ўз малакасини доимий равишда ошириб бориши зарур.

Аутсорсер ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиши ва тиббий дафтарчага эга бўлиши шарт.

Мазкур бандда белгиланган талабларга риоя қилмаган шахсларнинг аутсорсер томонидан хизмат кўрсатишга жалб этилиши тақиқланади.


23. Озиқ-овқат маҳсулотларини белгиланган тартибда сақлаш қоидаларига риоя этилиши бўйича жавобгарлик аутсорсерга юкланади.



4-БОБ. ШАХСИЙ ТАРКИБНИНГ

ОВҚАТЛАНИШ ТАРТИБИНИ РЕЖАЛАШТИРИШ,

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ВА МОНИТОРИНГНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


24. Шахсий таркибнинг овқатланиш тартиби буюртмачи томонидан ишлаб чиқилади.


25. Таомнома санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида тузилади, аутсорсер ва буюртмачи раҳбари томонидан имзо билан тасдиқланади.


26. Таомнома уч нусхада тузилади - биринчи нусхаси аутсорсерга, иккинчи нусхаси буюртмачига ҳамда учинчи нусхаси ошхонага фойдаланиш учун берилади.


27. Таомлар овқатланиш технологияси қоидаларига амал қилган ҳолда тайёрланади, сақланади ва тарқатилади.


28. Шахсий таркибнинг овқатланиши кун мобайнида суткалик овқатланиш меъёрлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг тўғри тақсимланиши, шунингдек, кун тартиби бўйича қатъий белгиланган вақтда овқатланиш ташкиллаштирилиши лозим.


29. Озиқ-овқат маҳсулотларини қозонга солиш аутсорсер ва буюртмачи вакиллари иштирокида амалга оширилади.


30. Овқатларни тарқатиш бошлангунга қадар буюртмачи вакиллари томонидан овқатлар сифати, шунингдек, ошхона биносининг санитария ҳолати, ошхона идишлари ва инвентарлари текширилади. Буюртмачи вакиллари текширув натижаларини овқатларни тайёрлаш сифатининг назорат китобида акс эттиради. Бунда унинг сифати тўғрисидаги хулоса ҳар бир овқат пишириш (нонушта, тушлик, кечки овқат) учун алоҳида ёзилади.


31. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторинг буюртмачи ташкил этадиган комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) томонидан амалга оширилади.


32. Комиссия таркиби Миллий гвардия Моддий-техника таъминоти бошқармаси моддий таъминот бўлими, буюртмачининг таъминот ва бошқа бўлинмалари ходимларидан шакллантирилади.


33. Комиссия:

аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради, жумладан шахсий таркиб ўртасида сўровномалар ўтказади;

мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, буюртмачи ва аутсорсерга тегишли таклиф ва тавсиялар киритади;

ошхона ва омборларда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар талабларининг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўради;

тайёр таом ва озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган кунлик меъёрларга мос бўлишини ҳамда сифатини ўрганади, зарур ҳолатларда четдан мутахассислар жалб этади.

Комиссия буюртмачи томонидан юкланган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


34. Комиссия томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари алоҳида юритиладиган журналда кайд этиб борилади.



5-БОБ. ШАХСИЙ ТАРКИБНИ ИССИҚ

ОВҚАТ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


35. Аутсорсинг шароитида шахсий таркибни иссиқ овқат билан таъминлаш шахсий таркиб етиб келиши ва кетишини хисобга олган ҳолда белгиланган тартибда амалга оширилади.


36. Шахсий таркибни овқатлантириш бўйича ҳисобга киритишда ёки ҳисобдан чиқаришда ҳисоб-китоблар белгиланган кунлик меъёр суммасига нисбатан қуйидагича амалга оширилади:

нонушта учун - 25 %;

тушлик учун - 50 %;

кечки таом учун - 25 %.


37. Миллий гвардия академик лицей ўқувчиларини овқатлантириш бўйича ҳисобга киритишда ёки ҳисобдан чиқаришда ҳисоб-китоблар белгиланган кунлик меъёр суммасига нисбатан қуйидагича амалга оширилади:

нонушта учун - 20 %;

иккинчи нонушта (ёки тушлик) учун - 20 %;

тушлик учун - 40 %;

кечки овқатланиш учун - 20 %.


38. Агар шахсий таркибнинг озиқ-овқат таъминотини ташкил қилиш бўйича жами харажатлар овқатланиш паёги ўрнига пул компенсациясининг белгиланган миқдоридан ошиб кетса, мавжуд тафовут шахсий таркибдан ундирилмайди, харажатлар эса - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Миллий гвардиянинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


39. Шахсий таркибни овқатлантириш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобига ташкил этилганда шахсий таркиб учун белгиланган бир кунлик овқатланиш рациони санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ белгиланган меъёрлардан ошмаслиги лозим.



6-БОБ. АУТСОРСЕР ВА БУЮРТМАЧИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


40. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш;

ижарага олинган бино ва иншоотларнинг ички қисмида техник жиҳатдан жиҳозлаш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

шахсий таркибнинг сони ва овқатланиш жадвалини белгиланган тартибда олиш;

олинган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши муносабати билан шартномага ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқиш;

кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида тўловлар амалга оширилишини талаб қилиш;

буюртмачидан шартнома шартларининг бажарилишини талаб қилиш.

Аутсорсер қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


41. Аутсорсер:

шахсий таркибнинг озиқ-овқат таъминотини узлуксиз, шу жумладан, зарур ҳолатларда, дам олиш ва байрам кунлари ҳамда дала шароитида амалга ошириши;

озиқ-овқат маҳсулотларининг янги ва сифатли бўлишини таъминлаши;

соғлиқ учун зарарли ва яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланмаслиги ва таомларни тарқатмаслиги;

дала шароитида кўчма ошхона фаолиятини тўлиқ ташкил этган ҳолда, шахсий таркибнинг озиқ-овқат таъминотини амалга ошириши;

ижарага олинган бино ва иншоотлар, жиҳозлардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланиши, сақлаши, носоз ҳолга келганда уларни ўз ҳисобидан таъмирлаши, шунингдек, мулкни сақлаш харажатларини қоплаши;

аутсорсинг хизмати кўрсатишда хавфсизлик техникаси, ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиши;

озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли сақланишини таъминлаши;

махфийлик тартибига қатъий риоя қилиши лозим.

Аутсорсерга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


42. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аутсорсердан шартнома шартларини бажариш билан боғлиқ жараёнда қатнашувчи шахслар (ошхона ходимлари) рўйхатини олиш;

озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш;

овқатланиш жадвалига ўзгартиришлар киритиш;

аутсорсернинг ишлаб чиқариш фаолиятига аралашмаган ҳолда шартнома шартларининг бажарилишини назорат қилиш.

Буюртмачи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


43. Буюртмачи:

аутсорсерга шахсий таркибнинг сонини ва уларнинг овқатланиш жадвалини ўз вақтида тақдим этиши;

шартномага мувофиқ белгиланган муддат ва шартлар асосида аутсорсерга кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириши лозим.

Буюртмачи зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



7-БОБ. ОБЪЕКТЛАР ВА МОДДИЙ-ТЕХНИКА

ВОСИТАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


44. Ошхонада жойлашган моддий-техника воситалари буюртмачи томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилган ҳолда аутсорсерга вақтинчалик фойдаланишга берилади. Далолатнома икки нусхада буюртмачи комиссияси ва аутсорсер томонидан имзоланади. Далолатнома буюртмачи томонидан тасдиқланади.


45. Аутсорсерга вақтинчалик фойдаланишга бериладиган ошхона биносига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилар ҳисобланади:

етарли ўринга эга бўлган, технологик жиҳозлар билан таъминланган, техник ҳолати белгиланган меъёрларга мос бўлган овқатланиш биносининг мавжудлиги;

маҳсулотларни сақлаш учун омборларнинг мавжудлиги;

таом тайёрлаш ускуналари, ошхона мебеллари ва овқатланиш учун зарур бўлган бошқа жиҳозларнинг мавжудлиги.


46. Белгиланган фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган ва яроқсиз ҳолатга келган моддий-техника воситалари белгиланган тартибда буюртмачи томонидан ҳисобдан чиқарилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


47. Ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бузилиши буюртмачи ва аутсорсернинг тузилган шартномани белгиланган тартибда бекор қилишига асос бўлади.


48. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

бўлинмаларида овқатланишни ташкил этиш

учун аутсорсерларни танлаш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар

Субъект

Тадбирлар

Муддатлар


  

1-босқич

Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси бўлинмалари

Аутсорсерларни танлаш учун (ҳарбий қисмлар, ҳарбий хизматчилар сони ва хизмат турлари рўйхати ва бошқалар кўрсатилган ҳолда) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига талабномалар тақдим этиш.

Зарурат бўлганда.





2-босқич





Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


1. Аутсорсер талабгорларини ўрганиш ва энг яхши таклифларни танлаб олиш.


2. Ғолиб аутсорсерни аниқлаш ва баённомани расмийлаштириш.


3. Баённомадан кўчирмани (аутсорсерлар танлови натижаларини) ҳарбий қисм (муассаса) командирларига юбориш.

1, 2. Талабнома қабул қилингандан сўнг 10 кун муддатда.

3. Баённома тасдиқланган

кундан кейинги кундан

кечиктирмай.






3-босқич

Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси бўлинмалари

1. Аутсорсерлар билан амал қилиш муддати жорий йилнинг

31 декабрь кунигача бўлган шартномани тузиш.


2. Аутсорсерларга товар-моддий бойликлар ва тегишли биноларни далолатномага асосан топшириш.

3 кун муддатда.











Низомга

3-ИЛОВА



Миллий гвардия бўлинмалари ва аутсорсер

ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни

амалга ошириш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар


Субъект


Тадбирлар


Муддатлар








1-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


1. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг бозордаги ўртача кўрсаткичларини белгилаш.


2. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг бозордаги ўртача кўрсаткичлари ҳақида баённомани расмийлаштириш.


3. Миллий гвардия бўлинмаларига озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг бозордаги ўртача кўрсаткичлари ҳақида баённомани етказиш.


1,2) Ҳар ойда - жорий

ойнинг 1-санасигача.

3) Бир кун мобайнида.













2-босқич


Аутсорсерлар


1. Кўрсатилган хизматларнинг асосланган ҳужжатларини расмийлаштириш.


2. Миллий гвардия бўлинмалари билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун амалда кўрсатилган хизматлар ҳисоб-фактурасини (бажарилган ишлар далолатномаларини) тақдим этиш.


Ҳар ойда - жорий ойнинг

3-санасигача











3-босқич


Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси бўлинмалари


Аутсорсерлар билан кўрсатилган хизматлар учун ўзаро ҳисоб-китобларни қуйидаги тартибда амалга ошириш:


асословчи ҳужжатларни текшириш (ҳисоб-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари), озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги нархлари тўғрисидаги баённома билан белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи оширилгани тўғрисидаги маълумотларни таққослаш;


аутсорсинг хизматлари кўрсатишнинг тегишли жадвалида кўрсатиб ўтилган ойлик сумманинг 15 фоизи миқдоридаги дастлабки тўловни аутсорсернинг банк ҳисобрақамига ўтказиш;


тузилган шартнома шартларига мувофиқ қолган 85 фоиз миқдорида ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар суммасидан келиб чиқиб.




Бир кун мобайнида.





Ҳар ойда - жорий ойнинг

10-санасигача.



10 банк иш куни

мобайнида.









Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 апрель














































Время: 0.1385
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск