ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа тортишнинг умумий қоидалари / Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш /

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.04.2019 й. 320-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 апрелдаги

320-сон қарорига

2-ИЛОВА



Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро

давлат солиқ инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси (кейинги ўринларда Ҳудудлараро инспекция деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ҳудудлараро инспекция Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) мустақил таркибий тузилмаси ҳисобланади ва бевосита Қўмита раисига бўйсунади.


3. Ҳудудлараро инспекцияга жойлашган жойи ва амалга ошираётган фаолиятидан қатъи назар, йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш вазифаси юкланади.


4. Солиқ тўловчиларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонлари Қўмита томонидан белгиланади.


5. Ҳудудлараро инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Қонунига ва бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Қўмита қарорларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.


6. Ҳудудлараро инспекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкага, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазначилик ҳисобрақамларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисобрақамларига эга.


7. Ҳудудлараро инспекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ - "Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси", қисқартирилгани - "Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция";

б) рус тилида:

тўлиқ - "Межрегиональная государственная налоговая инспекция по крупным налогоплательщикам", қисқартирилгани - "Инспекция по крупным налогоплательщикам";

в) инглиз тилида:

тўлиқ - "Interregional state tax inspection for large taxpayers"; қисқартирилгани - "Inspection for large taxpayers".


8. Ҳудудлараро инспекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Абай кўчаси, 8-уй.


9. Ҳудудлараро инспекция томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмуриятчилиги Ҳудудлараро инспекция томонидан амалга ошириладиган солиқ тўловчилар учун бажариш мажбурий ҳисобланади.



2-БОБ. ҲУДУДЛАРАРО ИНСПЕКЦИЯНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Ҳудудлараро инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

йирик солиқ тўловчилар ҳисобини ташкил этиш ва улардан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган солиқлар ва йиғимларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш;

йирик солиқ тўловчилар фаолиятида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши бўйича солиқ назоратини ташкил этиш;

йирик солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ўзаро ҳамкорлик асосида сервис-техник хизмат кўрсатилишини амалга ошириш;

йирик солиқ тўловчилар маъмуриятчилиги доирасида солиққа оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, аниқлаш ва олдини олиш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш.


11. Ҳудудлараро инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


а) йирик солиқ тўловчилар ҳисобини ташкил этиш ва улардан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган солиқлар ва йиғимларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш соҳасида:

қонун ҳужжатларида белгиланган йирик солиқ тўловчилар мезонларига мос келадиган юридик шахсларни аниқлаш ва ҳисобга қўйиш ишларини юритади;

юридик шахсларга улар йирик солиқ тўловчилар жумласига киритилганлиги ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида хабарномалар юборади;

йирик солиқ тўловчилар реестрини шакллантиради ва юритади;

йирик солиқ тўловчилар ҳисоботларининг қабул қилиниши ва қайта ишланишини амалга оширади;

йирик солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкалари юритилишини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади) ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланиши лозим бўлган ва ҳақиқатда тўланган солиқлар ва йиғимлар суммалари, шу жумладан улар бўйича имтиёзлар, шунингдек, йирик солиқ тўловчилар бўйича молиявий жарималар суммалари ҳисобини юритади;

Йирик солиқ тўловчилар бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва йиғимлар тушуми прогнозининг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашда қатнашади;

макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикасининг тизимли таҳлили асосида солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича самарали тадбирларни амалга оширади;


б) йирик солиқ тўловчилар фаолиятида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши бўйича солиқ назоратини ташкил этиш соҳасида:

камерал солиқ текшируви, шунингдек, йирик солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилишининг қонунийлигини тасдиқлаш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда сайёр солиқ текширувларини амалга оширади;

ҳисоботларда кўрсатилган ишчилар сони билан ҳақиқатда ишловчилар сони, шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмларининг мос келиши масалалари бўйича йирик солиқ тўловчилар фаолияти мониторингини олиб боради. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳолатларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни олдини олиш ва бартараф этиш чораларини кўради;

экспорт-импорт операциялари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга оширади;

қўшилган қиймат солиғи бўйича ноль даражали ставка қўлланилишининг асослилиги юзасидан назоратни амалга оширади;

солиқ назоратини амалга оширишда замонавий усулларни қўллайди ҳамда ташқи ва ички манбалардан келиб тушадиган маълумотларни таҳлил қилишнинг илғор автоматлаштирилган усулларини жорий этади;

йирик солиқ тўловчилар фаолиятининг солиқ текширувларини белгиланган тартибда ўтказади

солиқ тўловчилардан ёки уларнинг мансабдор шахсларидан тушунтиришлар олади, йирик солиқ тўловчиларнинг мол-мулки мавжудлигини текширади, шунингдек, ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, шу жумладан, йирик солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланиладиган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиради ёки текширади;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан пул маблағлари ва моддий бойликларнинг бухгалтерия ҳисобини юритишнинг белгиланган тартибига риоя қилинишини, корхоналар ҳудудига моддий бойликларни олиб кириш ва у ердан олиб чиқишда корхоналарда рухсат бериш тизими ишларининг ташкил этилиши ҳолатини текширади;

йирик солиқ тўловчиларда солиқ аудити ўтказиш жараёнида солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланганлиги ва тўланганлигини, назорати солиқ органлари зиммасига юклатилган қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинганлигини солиқ тўловчининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларни, маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш йўли билан текширади;

солиқ аудитини ўтказиш давомида хом ашё, материаллар, ярим фабрикатлар ва тайёр буюмларни тортиб кўради ва ўлчайди, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳақиқий таннархини ва тақдим этилган солиқ ҳисоб-китобларининг тўғрилигини аниқлаш учун хом ашё ва материаллар сарфи нормалари, уларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш учун тўғри ҳисобдан чиқарилишини, тайёр маҳсулотнинг тўлиқ кирим қилинишини, маҳсулот чиқиши нормалари ҳамда моддий бойликларни сақлаш ва ташишда табиий йўқотишлар нормалари тўғри белгиланишини аниқлаш учун хом ашё ва материалларни ишлаб чиқаришда назорат тариқасида ишлатиб кўради, хом ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни назорат тариқасида текширади;

в) йирик солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ўзаро ҳамкорлик асосида сервис-техник хизмат кўрсатилишини амалга ошириш соҳасида:

солиқ тўловчининг шахсий кабинети, шу жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали йирик солиқ тўловчиларга электрон хизматлар кўрсатилишини амалга оширади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзаро тузилган келишув асосида, солиқ мониторингида иштирок этаётган йирик солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши юзасидан солиқ мониторингини амалга оширади;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари, шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактураларни шакллантиришнинг ахборот тизимларини қўллаш бўйича йирик солиқ тўловчиларга маслаҳат хизматлари кўрсатади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқлар ва йиғимларнинг айрим турларини ҳисоблаб чиқаришда йирик солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади;

солиқ тўловчилар билан ишлашда ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилишини таъминлайди;

солиқлар ва йиғимлар, шунингдек, молиявий жарималар бўйича йирик солиқ тўловчиларнинг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини (ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммаси бундан мустасно) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтарилиши ёки ҳисобга олинишини амалга оширади;

йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлайди;

йирик солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ сир сақланиши бўйича ишларни ташкил қилади;


г) йирик солиқ тўловчиларнинг маъмуриятчилиги доирасида солиққа оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, аниқлаш ва олдини олиш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш соҳасида:

ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ солиш базасини, шунингдек, солиқ солинадиган объектлар ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли ҳисобга олинишини таъминлайди;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, ушбу ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини аниқлайди ва бартараф этади, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширадиган ва иштирок этадиган бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни юритади;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этган йирик солиқ тўловчилар ҳисобини юритади, ушбу маълумотларни таҳлил қилади;

йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ қарзини ундириш бўйича мажбурий чоралар қўлланилишини амалга оширади;

йирик солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги (бекор бўлганлиги) тўғрисида маълумотлар тақдим этадиган органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда йирик солиқ тўловчиларнинг молия-хўжалик фаолияти юзасидан таҳлилий ўрганиш ўтказади ва ушбу ўрганиш доирасида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан курашиш бўйича узоқ муддатли ва жорий дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ солиш масалалари ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқади;

солиқ солишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни оммавий ахборот воситалари ва семинарлар, брифинглар, матбуот - конференциялар, "давра суҳбатлари" ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали йирик солиқ тўловчиларга етказиш ва таништириш бўйича ишларни амалга оширади.



3-БОБ. ҲУДУДЛАРАРО ИНСПЕКЦИЯНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12. Ҳудудлараро инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) йирик солиқ тўловчилардан Ҳудудлараро инспекция ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотлар ва материалларни сўраш ва олиш;

2) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йирик солиқ тўловчиларнинг бухгалтерия ва солиқ ҳисоби ахборот тизимларидан, шунингдек, ҳисоб ҳужжатларидан фойдаланиш;

3) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлардан Ҳудудлараро инспекция ваколатига кирувчи масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотлар, маълумотлар ва маълумотномаларни сўраш ва бепул олиш;

4) йирик солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончлилигини ҳамда йирик солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилишининг қонунийлигини тасдиқлаш учун камерал солиқ текшируви натижаси бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда сайёр солиқ текширувларини амалга ошириш;

5) ҳисоботларда кўрсатилган ишчилар сони билан ҳақиқатда ишловчилар сони, шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва ишлаб чиқариш фаолиятида активлардан фойдаланишнинг мос келиши масалалари бўйича йирик солиқ тўловчилар фаолияти мониторингини амалга ошириш;

6) солиқ мониторингини амалга оширишда солиқ тўловчидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз муддатида тўланиши билан боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлар, маълумотлар, тушунтиришларни талаб қилиб олиш;

7) йирик солиқ тўловчиларга фаолиятида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш натижаларига кўра товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида белгиланган тартибда талабнома юбориш;

8) ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш учун асос бўлувчи кузатув далолатномаларини тузган ҳолда йирик солиқ тўловчилар ҳисобини юритиш;

9) белгиланган тартибда қуйидагиларни олиш:

ваколатли органлардан - йирик солиқ тўловчиларга лицензия ва (ёки) бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар берилганлиги, шунингдек, уларнинг бекор қилинганлиги, амал қилиши тўхтатилганлиги ёки тугатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

қурилиш соҳасида назорат қилувчи давлат органларидан - ер майдонлари ва объектларни қуришга рухсат берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги, жумладан, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қурилишни якунлаш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлардан - тегишли ҳудудда жойлашган ер майдони ёки бошқа кўчмас мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги маълумотлар;

сув ресурслари ҳисобини юритувчи органлардан - йирик солиқ тўловчилар томонидан фойдаланилган сув ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар;

нотариал идоралардан - "Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига биноан йирик солиқ тўловчилар бўйича амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар;

фойдаланишга берилган ер қаъри майдонларининг давлат ҳисоби ва (ёки) ер қаъри майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлардан - ер қаъри майдони жойлашган жой ва мазкур ер қаъри майдонидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган шахс тўғрисидаги маълумотлар;

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан - у ва инвестицион воситачилар томонидан рўйхатга олинган акциялар билан битимлар тўғрисида ахборот;

банк ва бошқа кредит-молия муассасаларидан - йирик солиқ тўловчиларнинг ҳисоб ва бошқа рақамларида амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар;

божхона ва бошқа ваколатли органлардан - импорт-экспорт операциялари бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар ва йирик солиқ тўловчилар тўғрисидаги бошқа зарур ахборот;

тегишли вазирлик ва идоралардан - Ҳудудлараро инспекция ваколати доирасида юкланган вазифаларни бажариши учун зарур бўлган маълумотлар ва бошқа турдаги ахборотлар;

солиқ маъмуриятчилиги соҳасидаги хорижий давлатнинг ваколатли органидан - Қўмита билан келишилган ҳолда йирик солиқ тўловчилар ва уларнинг ўзаро алоқадор юридик шахслари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек, халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар;

10) ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда мансабдор шахслар ҳамда фуқароларни тушунтириш бериш учун Ҳудудлараро инспекцияга белгиланган тартибда таклиф қилиш;

11) солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати мобайнида солиқлар ва йиғимларнинг ҳисоблаб чиқилган суммасини ҳисоблаб чиқариш ёки қайта кўриб чиқиш;

12) йирик солиқ тўловчилар қайд этилган манзилда бўлмаганда, шунингдек, солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал солиқ текширувлари натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаганда уларнинг банкдаги ҳисобрақамлари бўйича операцияларини Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда тўхтатиш;

13) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳамда йирик солиқ тўловчиларга нисбатан молиявий жарималар қўллаш;

маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларни кўриб чиқиш ҳамда маъмурий чоралар кўриш;

14) йирик солиқ тўловчилар томонидан ноқонуний олинган маблағларни давлат даромадига ундириш бўйича судга даъво киритиш;

15) йирик солиқ тўловчилар томонидан камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган тафовутларнинг асослари тақдим этилмаган тақдирда солиқлар ва йиғимларни суд тартибида ундириш;

16) давлат улушлари бўйича дивидендларни ва йирик солиқ тўловчи ҳисобланган давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан Давлат бюджетига ажратмаларни ундириш;

17) йирик солиқ тўловчиларга уларнинг мажбуриятлари бажарилиши лозимлиги ҳамда солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш бўйича қўлланилаётган чоралар тўғрисидаги талабномани қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юбориш;

18) йирик солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи тақдим этилган санадан эътиборан ўн кун мобайнида ёзма ариза берилмаган тақдирда, солиқлар ва йиғимларнинг ортиқча тўланган суммаларини солиқ қарзини, шу жумладан, улар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига мустақил равишда хулоса тақдим этиш;

19) Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган холатларда чет тилида тузилган ҳужжатларнинг давлат тилига таржимасини нотариал тасдиқланган ҳолда талаб қилиш;

20) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловлар суммаси ҳисоб-китоб бўйича бюджетга тўланадиган солиқ суммасига нисбатан 10 фоиздан кўпроқ камайтирилган тақдирда, жорий тўловларни солиқларнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайта ҳисоблаш;

21) Ҳудудлараро инспекция ваколатлари доирасида масалаларни ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда шартнома асосида экспертиза тайинлаш, шунингдек, солиқ назоратининг шаклларини амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотлар, мутахассислар, шу жумладан, таржимонлар ва экспертларни жалб қилиш;

22) йирик солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ назоратининг шаклларини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни таъминлаш учун Қўмита марказий аппарати таркибий тузилмаларининг ходимларини жалб қилиш, шу мақсадда эксперт ҳамда ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

23) назорат тадбирлари натижасида назорат объектлари мансабдор шахслари ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда, ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш;

24) давлат солиқ хизмати органларининг тизимидаги мавжуд ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқини олиш;

25) давлат солиқ хизмати органларининг ахборот-коммуникация технологиялари маълумотлар базасидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш;

26) фойдаланиш ҳуқуқи фақат Ҳудудлараро инспекция ходимларига бериладиган локал ахборот тармоқлардан фойдаланиш, ўзининг дастурий маҳсулотлари ва ахборот тизимларини яратиш;

27) фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлар бажарилишини ҳисобга олиб, Ҳудудлараро инспекция ходимларини Қўмита билан келишилган ҳолда моддий рағбатлантириш, индивидуал устамаларни белгилаш;

28) қонун ҳужжатларига асосан давлат солиқ хизмати органларининг ваколат доирасига кирадиган бошқа ҳуқуқларидан фойдаланиш.


13. Ҳудудлараро инспекция қуйидагилар учун жавобгардир:

Ҳудудлараро инспекцияга юкланган функция ва вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

йирик солиқ тўловчилар томонидан солиқлар ва йиғимларнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига тушишини таъминлаш, шунингдек, уларнинг солиқ солинадиган базасини кенгайтиришга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқиш;

Қўмитага киритиладиган ҳужжат лойиҳалари ҳамда таклифлар, шунингдек, улар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати, натижалари ва оқибати;

давлат солиқ хизмати органларини ривожлантириш бўйича дастурлар, чора-тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши, муаммоли масалалар ҳал этилиши;

йирик солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишларини таъминлаш.



4-БОБ. ҲУДУДЛАРАРО ИНСПЕКЦИЯ

РАҲБАРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Қуйидагилар Ҳудудлараро инспекция бошлиғининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Ҳудудлараро инспекция фаолияти юзасидан умумий раҳбарликни амалга ошириш, мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Ҳудудлараро инспекцияга юкланган функция ва вазифаларнинг бажарилишини ташкил қилиш;

Ҳудудлараро инспекция фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқларининг бажарилишини таъминлаш, Ҳудудлараро инспекция ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чоралар кўриш;

Қўмита Ҳайъати қарорлари, Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Ҳудудлараро инспекциянинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Ҳудудлараро инспекция фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

Ҳудудлараро инспекциянинг фаолиятини режалаштирилишни ташкил қилиш ҳамда инспекциянинг ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик ишлар режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ҳудудлараро инспекция тизимидаги кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Ҳудудлараро инспекциянинг кадрлар захирасини шакллантириш;

Қўмита номенклатурасига кирадиган вакант лавозимларга таклиф этилган кадрлар, шунингдек, Ҳудудлараро инспекцияга ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибаси, юқори даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатлари кафолатини таъминлаш;

Ҳудудлараро инспекция бошлиғи ва ходимлари хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

Ҳудудлараро инспекция ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ҳамда интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга доир тизимли чораларни амалга ошириш;

Ҳудудлараро инспекция ходимларининг Қўмита томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишларини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ Ҳудудлараро инспекция фаолияти доирасида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш йўли билан уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

Ҳудудлараро инспекция ходимларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилиш, мажлисларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Ҳудудлараро инспекция фаолиятига оид масалалар бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлиги, сифатлилиги ва очиқлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Қўмита раҳбариятига киритиш;

Ҳудудлараро инспекция ходимларини тизимли қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ташаббус кўрсатиш;

белгиланган тартибда раҳбарлар ва мутахассисларни аттестациядан ўтказиш бўйича ишчи комиссияни ташкил қилиш, шунингдек, уларга белгиланган тартибда махсус унвонлар бериш тўғрисида таклифлар киритиш;

йирик солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушадиган йирик солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

давлат сирларига киритилган ахборот ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


15. Қуйидагилар Ҳудудлараро инспекция бошлиғи ўринбосарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

бошлиқ вақтинча бўлмаганда тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Ҳудудлараро инспекциянинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва унга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларига сўзсиз эришишни таъминлаш чораларини кўриш, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб бориш ва қайд этилган кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳар чораклик режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқларининг бажарилишини таъминлаш, Ҳудудлараро инспекцияда таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чоралар кўриш;

Қўмита Ҳайъати қарорлари, Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, Ҳудудлараро инспекция бошлиғининг буйруқлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича бошлиққа таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажриба, юқори даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш бўйича чоралар кўриш;

хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилиш, мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалалаларни кўриб чиқиш бўйича таклифларни Ҳудудлараро инспекция бошлиғига киритиш, функционал мажбуриятлар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чораларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ Ҳудудлараро инспекция фаолияти доирасида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш йўли билан уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

йирик солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушадиган йирик солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

давлат сирларига киритилган ахборот ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;


16. Қуйидагилар Ҳудудлараро инспекция таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилишни амалга ошириш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини мунтазам равишда таҳлил қилиш ҳамда таркибий бўлинмаларнинг ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чоралар кўриш бўйича таклифларни мутасаддилик қиладиган Ҳудудлараро инспекция бошлиғи ўринбосарларига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқларининг бажарилишини таъминлаш, Ҳудудлараро инспекция ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, таркибий бўлинмалар ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чоралар кўриш;

Қўмита Ҳайъати қарорлари, Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари, Ҳудудлараро инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, тасдиққа киритиш, уларда белгиланган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифаларнинг ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни амалга ошириш;

таркибий бўлинмалар фаолияти масалаларидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Ҳудудлараро инспекция раҳбариятига кўриб чиқиш учун киритиш;

бошлиқ ўринбосарларига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда таклифлар бериш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажриба, юқори даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш бўйича чоралар кўриш, бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмалар ходимлари фаолиятининг самарадорлигини ва натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилиш, мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, натижалари бўйича зарурий чоралар кўриш;

Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ Ҳудудлараро инспекция фаолияти доирасида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш йўли билан уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

йирик солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушадиган йирик солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

давлат сирларига киритилган ахборот ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



5-БОБ. ҲУДУДЛАРАРО ИНСПЕКЦИЯ

РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


17. Ҳудудлараро инспекция бошлиғи:

Ҳудудлараро инспекцияга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши;

мазкур Низомнинг 13-бандида назарда тутилган Ҳудудлараро инспекция жавобгарлиги соҳалари бўйича;

мазкур Низомнинг 14-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


18. Ҳудудлараро инспекция бошлиғи ўринбосарлари:

Ҳудудлараро инспекциянинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари томонидан Ҳудудлараро инспекцияга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши;

мутасаддилик қилинадиган масалалар бўйича қисмида мазкур Низомнинг 13-бандида назарда тутилган Ҳудудлараро инспекция жавобгарлиги соҳалари бўйича;

мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


19. Ҳудудлараро инспекциянинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

тегишли таркибий бўлинмаларига юкланган вазифа ва функцияларнинг амалга оширилиши;

ваколатига кирадиган масалалар бўйича мазкур Низомнинг 13-бандида назарда тутилган Ҳудудлараро инспекция жавобгарлиги соҳалари бўйича;

мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


20. Ҳудудлараро инспекциянинг ходимлари:

ўз функционал вазифаларини бажармаслик ёки тўлақонли бажармаслик, ижро интизомини бузганликлари;

ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида йирик солиқ тўловчиларга моддий ва маънавий зарар етказганликлари;

ўзларининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида йирик солиқ тўловчиларнинг ишлаб чиқариш ҳажми камайганлиги ва солиққа тортиш базасининг пасайганлиги;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарорлар қабул қилганликлари;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



6-БОБ. ҲУДУДЛАРАРО ИНСПЕКЦИЯ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. Ҳудудлараро инспекция раҳбарияти,

ходимларини тегишли лавозимга

тайинлаш ва ходимларнинг мақоми


21. Ҳудудлараро инспекциянинг штатдаги ходимлари сони Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.

22. Ҳудудлараро инспекцияга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Қўмита раиси томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


23. Ҳудудлараро инспекция бошлиғи:

Қўмита раисининг мутасаддилик қиладиган ўринбосарининг тавсиясига кўра Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланадиган уч нафар, жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади;

ўз фаолиятида Қўмита раисига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.


24. Ҳудудлараро инспекция бошлиғи бўлмаганда унинг ваколатларини бажариш мажбуриятлар тақсимотига мувофиқ унинг ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.


25. Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш:

Ҳудудлараро инспекциянинг таркибий бўлинмалари бошлиқлари Ҳудудлараро инспекция бошлиғининг тавсиясига кўра Қўмита раиси томонидан;

Ҳудудлараро инспекциянинг таркибий бўлинмалари бошлиқлари ўринбосарлари ва бошқа ходимлари Ҳудудлараро инспекция бошлиғи томонидан амалга оширилади.


26. Мавқеи, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Ҳудудлараро инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосарлари тегишли равишда Қўмита марказий аппаратининг бошқарма бошлиғи ва бошқарма бошлиғи ўринбосарларига, Ҳудудлараро инспекциянинг ходимлари эса - Қўмита марказий аппаратининг ходимларига тенглаштирилади.



§ 2. Ҳудудлараро инспекция ҳамда унинг таркибий

бўлинмаларининг Қўмита марказий аппарати таркибий

бўлинмалари ва ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари

билан, шунингдек, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви

органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва

бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги


27. Ҳудудлараро инспекция таркибий бўлинмаларининг Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари ҳамда ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари билан ҳамкорлиги Ҳудудлараро инспекция таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари томонидан амалга оширилади.


28. Ҳудудлараро инспекция бўлинмаларининг Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари билан ҳамкорлиги ахборот айирбошлаш ва қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ назоратининг шаклларини амалга оширишга асосланган.


29. Ҳудудлараро инспекция таркибий бўлинмаларининг Қўмита марказий аппарати бўлинмалари ва ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари билан ҳамкорлиги жараёнида вужудга келадиган тушунмовчиликлар Қўмита раисининг топшириғига мувофиқ унинг тегишли ўринбосарлари томонидан кўриб чиқилади. Ушбу кўриб чиқишда тушунмовчиликлар тартибга солинмаган ҳолатларда, улар бўйича қарор бевосита Қўмита раиси томонидан қабул қилинади.


30. Ҳудудлараро инспекция ва унинг таркибий бўлинмалари ўзларининг вазифа ва функцияларини бажаришда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, банклар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



7-БОБ. ҲУДУДЛАРАРО ИНСПЕКЦИЯ

ФАОЛИЯТИНИ БАҲОЛАШ


31. Ҳудудлараро инспекция фаолиятини баҳолаш ҳар чоракда Қўмита томонидан амалга оширилади.


32. Ҳудудлараро инспекция фаолиятини баҳолаш натижалари бўйича Қўмита хулосаси:

Ҳудудлараро инспекция раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чораларини кўриш;

Ҳудудлараро инспекция фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш учун асос бўлади.



8-БОБ. ҲУДУДЛАРАРО ИНСПЕКЦИЯ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИКА БИЛАН ТАЪМИНЛАШ,

УНИНГ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ

ВА УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


33. Ҳудудлараро инспекцияни молиялаштириш ва моддий-техника билан таъминлаш, жумладан,унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида Давлат бюджетидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


34. Ҳудудлараро инспекция ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, махсус унвонлар, кўп йил хизмат қилганлик учун устама ҳақлар, дам олиш ва байрам кунлари учун тўловлар, бошқа устама, қўшимча ҳақлардан иборат бўлади ҳамда у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.

Ҳудудлараро инспекция ходимларининг лавозим маошларига ойлик устама ва қўшимчалар Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида тўланади.


35. Ҳудудлараро инспекция ходимларини моддий рағбатлантириш, мукофотлаш тартиби ва турлари Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган тартибга асосан белгиланади.

36. Ҳудудлараро инспекция ходимларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан лавозим маошларининг 20 фоиз миқдорида махсус устама белгиланади.


37. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағларининг Ҳудудлараро инспекция томонидан шакллантирилиши ва улардан фойдаланилиши Қўмита томонидан белгиланади.



9-БОБ. ҲУДУДЛАРАРО ИНСПЕКЦИЯНИНГ

ҲИСОБОТИ


38. Ҳудудлараро инспекция бошлиғи Ҳудудлараро инспекциянинг фаолияти тўғрисида Қўмита раиси олдида мунтазам равишда ҳисобот беради.


39. Қўмита раисининг ўринбосарлари Ҳудудлараро инспекция раҳбарларига юкланган вазифаларни самарали бажаришлари бўйича уларнинг фаолиятини доимий назорат қилиб борадилар.


40. Ҳар чораклик баҳо натижалари бўйича Ҳудудлараро инспекциянинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари ва ходимлари рағбатлантирилади ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача бўлган жавобгарликка тортилади.



1 0-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


41. Ҳудудлараро инспекция ходимларига таъсир кўрсатиш, шунингдек, фаолиятини обрўсизлантириш, юкланган вазифа ва функцияларни бажаришига тўсқинлик қилиш мақсадида аралашиш тақиқланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 апрель












































Время: 0.1714
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск