ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Мусиқа. Хореография. Театр /

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.04.2019 й. 329-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 18 апрелдаги

329-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат театрлари ва концерт-томоша

муассасалари фаолиятини ташкил

этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг фаолиятини ташкил этиш, бошқариш, молиялаштириш, гастроль фаолияти тартибини ҳамда уларнинг мақсад ва вазифаларини белгилайди.


2. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


3. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари ва ўз уставига амал қиладилар.


4. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолияти бўйича ўзининг юқори турувчи органига ҳамда тегишли молия органига белгиланган тартибда ҳисобот беради.


5. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


гастроль - ижодий жамоанинг давлат театри ва концерт-томоша муассасаси жойлашган жойдан ташқарида республика ёки халқаро миқёсдаги чиқишлари;


давлат театр ва концерт-томоша муассасаси - Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонини амалга ошириш масалалари ҳақида" 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарорига 1-иловада белгиланган театр ва концерт-томоша муассасалари;


спектакль - жонли ижрода оммага намойиш этиш, ўтказиш шароитларидан келиб чиққан ҳолда стационар, кўчма ва гастроль спектакли кўринишидаги саҳна асари;


тадбирлар - концертлар, спектакллар, театрлаштирилган ва цирк томошалари, ижодий учрашувлар, турли шоу-дастурлар, фестиваллар, томошаларнинг шакли ва жанридан қатъий назар бошқа маданий-оммавий ҳамда томоша тадбирлари.



2-БОБ. ДАВЛАТ ТЕАТРЛАРИ ВА

КОНЦЕРТ-ТОМОША МУАССАСАЛАРИНИНГ

ВАЗИФА ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг вазифалари ҳисобланади:

миллий ва жаҳон театр, опера ва балет ҳамда концерт-томоша санъатининг бой анъаналарини юксалтириш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, замон талаблари даражасидаги саҳна асарларини саҳналаштириш, уларда миллий анъаналаримизни улуғлаш орқали умуминсоний қадриятларни шакллантириш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгида миллий ва жаҳон маданияти ва қадриятларига нисбатан ҳурмат туйғусини ошириш, шунингдек, жаҳон театр ва томоша санъати соҳасида қўлга киритилган ютуқлардан унумли фойдаланиш;

ўзбек ва жаҳон театр, опера ва балет ҳамда мусиқа санъатининг энг нодир наъмуналарини тарғиб қилиш, концерт дастурларининг ғоявий бадиий савиясини ошириш, аҳолининг дунёқараши янгича миллий истиқлол ғояси асосида шаклланишига, маънавий талабларни қондириш учун қулай шароитлар яратиш, ватанпарварлик, байналминал, ҳуқуқ ва аҳлоқий тарбияни қарор топтириш, уларни демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш ишига жалб этишга кўмаклашиш, эркин ижодий ўзига холисликни намойиш қилиш имкониятларини кенгайтириш, хизмат сифатини ошириш;

Ўзбекистон театр ва томоша санъатини мамлакатимизда ва чет элларда кенг тарғиб этиш, гастроль фаолиятини шакллантириш ва мувофиқлаштириш;

республика миқёсида маданий тадбирларда, кўрик-танловларда, фестивалларда фаол қатнашиш ва ташкил этиш, театрлаштирилган томошалар ва спектакллар, маданий тадбирлар, ижодий кечалар, концерт-дастурларини тайёрлаш.


7. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ўзларига юкланган вазифалардан келиб чиқиб, қуйидаги функцияларни бажаради:

театр ва томоша санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиз ва чет эллардаги муассасалар билан маданий, илмий-ижодий, иқтисодий ҳамкорлик қилиш юзасидан ўзаро манфаатли шартномалар, меморандумлар тузиш;

театр ва томоша санъати олдига қўйилган вазифаларни самарали ташкил этиш учун ходимларнинг малакасини ошириш чораларини кўриш, уларни маънавий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини жорий этиш;

миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак, халқчил саҳна асарларини саҳналаштириш орқали ўзбек миллий театр ва томоша санъати тараққиётига ҳисса кўшиш;

халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, гуманизм ғояларига садоқат руҳида баркамол тарбиялаш учун саҳна асарлари, томошалар ва концерт дастурлари билан ҳисса қўшиб бориш;

аҳоли турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар, маросимлар, миллий байрамларни тиклаш ҳамда давом эттиришда кўмаклашиш;

кўргазмалар, фестиваль, кўрик-танлов, шоулар (жумладан, халқаро), маърузалар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар, бенефист, театр спектакллари, махсус тайёрланган дастурлар, дам олиш ва ижодий кечалар, мақсадли театрлаштирилган маросим кечалари ва бошқа томоша тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш;

мамлакатда ва хорижда театр ва концерт-томоша гастроль фаолиятининг кенг кўламли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.



3-БОБ. ДАВЛАТ ТЕАТРЛАРИ ВА КОНЦЕРТ-ТОМОША

МУАССАСАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида, қоида тариқасида, театр ва концерт-томоша муассасасининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари, бадиий раҳбарлари, режиссёрлари, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар, мутахассислар, маданият ташкилотлари ассоциацияларининг (уюшмаларининг) вакилларидан иборат бўлган Бадиий кенгаш тўғрисидаги низомни ва унинг таркибини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига киритиш;

ҳаваскор ижодий жамоалар, студиялар ташкил этиш;

белгиланган тартибда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

белгиланган тартибда спектакллар, маданий тадбирлар, театрлаштирилган томоша ва концерт дастурлари учун билетлар нархини белгилаш;

долзарб мавзулардаги янги спектакллар ва томошаларни саҳналаштириш, концерт дастурлари учун турли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда белгиланган тартибда сотиш;

сувенирлар, буклетлар, табрикномалар, календарлар ва реклама маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни бепул тарқатиш ёки сотиш;

аҳолига маиший, ижара ва бошқа пулли хизматлар кўрсатиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолияти билан шуғулланиш;

белгиланган тартибдаги фаолияти бўйича реклама ишларини амалга ошириш.


9. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари қуйидаги мажбуриятларга эга:

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасининг ривожланиш йўлида ижодий, илмий-техник ишланмалардан ва маҳсулотлардан устувор даражада фойдаланиш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасининг ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларини ҳал этиш, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасини мунтазам ривожлантириб бориш, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар режалари, дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;

миллий ва умумбашарий қадриятларни тараннум этувчи бадиий ёрқин саҳна асарлари ва томошалар саҳналаштирилишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат Бадиий кенгаш тавсиясига асосан янги саҳна асарлари ва томошалар намойишини ташкил этиш.

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар.



4-БОБ. ДАВЛАТ ТЕАТРЛАРИ ВА КОНЦЕРТ-ТОМОША

МУАССАСАЛАРИНИНГ ГАСТРОЛЬ ФАОЛИЯТИ


10. Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг республика ҳамда халқаро миқёсидаги гастроль фаолиятининг асосий тамойиллари ҳисобланади:

долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг театр санъати хизматидан фойдаланишининг ҳудудий жиҳатдан қамраб олинишидаги номутаносибликни йўқотиш, аҳоли айниқса, вилоятлар ҳамда ҳудудлардаги қишлоқ аҳолисига санъат асарлари орқали хизмат кўрсатиш, шунингдек, хорижий давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш;

вилоят, туман ва шаҳар ҳамда хорижий давлатлар билан театр ва бошқа санъат ютуқлари борасида ўзаро тажриба алмашиш;

турли миллатлар маданиятларининг бир-бирига ўзаро таъсири ва ривожланиши, байналмилал ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш асосларини мустаҳкамлаш жараёнига ижобий таъсир кўрсатиш;

ижодий ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш, мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, давлатимиз мавқеини кўтариш, ўзбек театр ва бошқа санъатнинг дунё ҳамжамияти маданий майдонидаги ўрнини белгилаб бериш;

давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг жамоалари ҳамда етакчи ижодкорларининг гастроль фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ўзининг юқори турувчи ташкилотларининг ёзма кўрсатмаларига асосан республика ёки халқаро миқёсида тижорат ҳамда ҳайрия асосида ташкил этилиши мумкин.


11. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари жамоалари ҳамда етакчи ижодкорларнинг гастроллари қуйидагиларга бўлинади:

республика миқёсидаги гастроль;

халқаро миқёсдаги гастроль.


12. Республика миқёсидаги гастроллар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бевосита, шунингдек, турли давлат корхона ва идоралар ҳамда тижорат ёки нотижорат муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик келишувига асосан режалаштирилади ва белгиланган тартибда молиялаштирилади.


13. Халқаро миқёсдаги гастроллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан бевосита тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда шунингдек, турли маҳаллий ва хорижий давлат корхона ва идоралар ҳамда тижорат ёки нотижорат муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик келишувига асосан режалаштирилади ва тегишли даромад манбаларидан молиялаштирилади.


14. Гастроль учун ўз биносини тақдим этаётгантеатр-томоша ва гастролдаги давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаси ҳамда етакчи ижрочилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ва келишувлар шартнома асосида белгилаб олинади.


15. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида томонлар келишувига асосан ўтказиладиган гастроллар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ҳолда ўтказилади.


16. Гастролларни ташкил этишда театрлар ва концерт-томошамуассасалари давлат, жамоат ва тижорат ташкилотларнинг воситачилик хизматдан шартнома асосида фойдаланиши мумкин.


17. Ўзбекистон Республикаси ва унинг чекка ҳудудларида тўғридан-тўғри келишув асосида ўтказиладиган гастроллар, давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларнинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


18. Республика ва халқаро гастролларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан йўл, яшаш ва кунлик харажатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



5-БОБ. ДАВЛАТ ТЕАТРЛАРИ ВА КОНЦЕРТ-ТОМОША

МУАССАСАЛАРИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

ВА УЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИ


19. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ўзларига берилган мол-мулкдан қонун хужжатларига, ўз фаолиятининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ фойдаланади ҳамда тасарруф этади.


20. Бюджет маблағлари давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасига Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларидан маблағлар ўз даромадлари билан қопланмаган қисми учун ажратиб берилади.

Давлат театрлари ва концерт томоша муассасалари бюджет муассасалари учун белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметасига мувофиқ молиялаштирилади.

Бунда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасининг:

даромад ва харажатлари прогноз кўрсаткичлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет ташкилотларининг смета харажатларини тузиш ва рўйхатга олиш жараёнида шакллантирилади ҳамда даромадлар ва харажатлар сметасининг ажралмас қисми ҳисобланади;

ўз даромадлари билан қопланмаган қисми учун ажратилган бюджет маблағлари бўйича бюджет қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда харажатлар сметаси тузилади ва рўйхатга олинади.

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари томонидан жалб қилинган ҳомийлик маблағлари бюджет маблағларини камайтиришга асос бўлмайди.


21. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ҳар йили 31 декабрга қадар келгуси йил фаолиятининг асосий прогноз кўрсаткичлари (спектакллар сони, янги саҳналаштирилган спектакллар сони, кутилаётган томошабинлар сони, гастроль сафарлари сони ва бошқалар) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда аниқлайдилар.


22. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ҳар йили харажатлар сметасини тузиш ва руйхатга олиш жараёнида даромадлар ва харажатлар прогнозини шакллантирадилар.


23. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларга ўз даромадлари билан қопланмаган харажатларнинг қисми учун ажратилган бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасида, биринчи навбатда, штат жадвалига асосан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда ягона ижтимоий тўловлар харажатлари назарда тутилади.

Давлат театрларига ижодий ходимларни жалб этиш, хорижий давлатлар мутахассисларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда театрлар томонидан бюджетдан ташқари маблағлар (ўз даромадлари) ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


24. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида" 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3727-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш ҳақида" 2018 йил 19 июндаги 458-сон қарори ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.



6-БОБ. ДАВЛАТ ТЕАТРЛАРИ ВА КОНЦЕРТ-ТОМОША

МУАССАСАЛАРИНИ БОШҚАРИШ


25. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасасига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.


26. Директор:

давлат театри ёки концерт-томоша муассасаси фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилишига шахсан жавоб беради;

белгиланган тартибда давлат театри ва концерт-томоша муассасаси мол-мулки ва маблағларини тасарруф қилади;

юридик ва жисмоний шахслар билан тегишли хизматлар кўрсатиш учун шартномалар (контрактлар) тузади;

барча муассасалар, ташкилотлар ва жисмоний шахслар билан муносабатларда давлат театри ёки концерт-томоша муассасаси манфаатларини ҳимоя қилади;

ходимларнинг мансаб йўриқномаларини ва ички меҳнат тартиби қоидаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди, ходимларни меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилади ва белгиланган тартибда ишдан бўшатади;

давлат театри ёки концерт-томоша муассасасининг фаолияти масалаларига оид буйруқларни, йўриқномаларни ва бошқа ҳужжатларни чиқаради;

ишда алоҳида намуна кўрсатган ходимларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаши тавсиясига кўра рағбатлантиради;

ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўради;

ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади.

Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда давлат театрлари ва концерт-томоша муасасаси манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши шарт.

Директор давлат театри ёки концерт-томоша муассасаси фаолиятининг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳисобот беради.


27. Давлат театри ва концерт-томоша муассасаси директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда, директор томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.


28. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларига бадиий раҳбар ва бош режиссёр Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


29. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган Бадиий кенгаш ташкил этилади, унинг низоми ва таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда камида уч йилда бир марта янгилаб турилади.

Бадиий кенгаш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг буйруғи билан тасдиқланган низом асосида иш юритади.

Бадиий кенгашга директор раислик қилади. Бадиий кенгаш 9 - 17 нафар аъзодан иборат бўлади, унинг аъзолари театр ва концерт-томоша муассасасининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари, бадиий раҳбарлари, режиссёрлари, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар, мутахассислар, маданият ташкилотлари ассоциацияларининг (уюшмаларининг) вакилларидан иборат бўлади.

Бадиий кенгаш Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Бадиий кенгаш котиби ҳужжатларни қабул қилади, йиғилишда кўриб чиқиш учун тайёрлайди, расмийлаштиради ва сақлайди.


30. Бадиий кенгаш раиси ва аъзолари қуйидаги ҳолларда кенгаш таркибидан муддатидан олдин чиқарилиши мумкин:

ўз аризасига кўра;

у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда;

меҳнат шартномаси талаблари бузилганда ва лавозим мажбуриятлари бажарилмаганда;

Бадиий кенгаш тўғрисидаги низом талабларини бажармаган тақдирда.

31. Бадиий кенгаш қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Қарорлар йиғилишда иштирок этган аъзоларнинг кўпчилиги овоз берган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Кенгаш аъзоси бўлган мутахассиснинг ҳужжатлари кенгашда кўрилганда, кенгаш аъзоси бўлган мутахассиснинг овози ҳисобга олинмайди.


32. Бадиий кенгаш қарори баённома билан расмийлаштирилади.


33. Бадиий кенгашнинг баённомаси давлат театрлари ва коцерт-томоша муассасаси раҳбарининг тегишли буйруғи билан тасдиқланади.


34. Бадиий кенгаш давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятининг қуйидаги асосий йўналишларини кўриб чиқиб, тавсиялар ишлаб чиқади:

янги спектакллар, дастурлар, репертуарларни муҳокама қилиш ҳамда уларни яхшилаш бўйича тавсиялар бериш;

ижодий жараён сифатининг янада яхшиланишига кўмаклашиш;

гастроль-концерт фаолиятининг сифатини назорат қилиш;

муассаса маъмурияти билан ҳамкорликда иш фаолиятини яхшилаш шакл ва усулларини ишлаб чиқиш;

ижодий ходимларнинг малака тоифаларини кўриб чиқиш;

ёшларнинг ижодий тажрибаларини кенг ёйиш, уларнинг малака ва маҳоратларини доимий ошириш ишларини олиб бориш;

алоҳида ҳолатларда ишга янги қабул қилинаётган ижодий ходимларнинг лаёқатини ўрганиб чиқиб, муҳокамага қўйиш ҳамда ишга қабул қилиш ёки қилмаслик юзасидан муассаса раҳбарига ўз хулосасини тақдим этиш;

ижодий, ташкилий, ишлаб-чиқариш масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


36. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 апрель










































Время: 0.0179
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск