ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ҳайвонот дунёси тўғрисидаги қонунчилик / Ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш. Овчилик ва балиқ овлаш хўжаликлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.04.2019 й. 347-сон "Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.04.2019 й.

N 347




АЙДАР-АРНАСОЙ КЎЛЛАР ТИЗИМИНИНГ

БИОЛОГИК РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

САМАРАДОРЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш орқали аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш, туризм салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларининг тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

ҳудудда жисмоний ва юридик шахслар томонидан биологик ресурслардан фойдаланиш, шу жумладан, табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз ва қатъий риоя қилинишини таъминлаш;

кўллар тизимининг биологик хилма-хиллигини сақлаш ҳамда мавжуд табиий озуқа захираларини ҳисобга олган ҳолда сув ҳавзаларида етиштирилиши мумкин бўлган янги балиқ турларини балиқчилик саноатига киритиш;

ҳудудга инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда балиқчилик кластерларини ташкил этиш орқали балиқ етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва экспорт қилишни жадал ривожлантириш;

балиқчилик тармоғи ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини амалиётга татбиқ этиш орқали кўллар тизимини мамлакатимиздаги балиқ чавоқларини етиштирувчи асосий ҳудудлардан бирига айлантириш;

ҳудудда туризмни ривожлантириш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ҳаваскор ва спорт балиқ ови туризмини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини ошириш.


2. Айдар-Арнасой кўллар тизими, шу жумладан, унинг ҳудудида жойлашган оролчалар ва қуруқликларни бошқариш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида "Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси" давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

2019 йил 1 июлдан бошлаб Айдар-Арнасой кўллар тизимининг бўш сув ҳавзалари контурларини танлов асосида ижарага бериш "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади;

"Айдар-Арнасой кўллар тизими" МЧЖ маҳаллий ҳокимликлар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда балиқ овлаш фаолияти билан шуғулланувчи хўжаликлар билан биргаликда ҳар ойнинг биринчи шанба куни Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва кўллар тубини чиқиндилардан тозалаш ишларини амалга оширади.

4. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

а) бир ой муддатда белгиланган умумий штат бирликлари доирасида Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармаларининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциялари штат бирликларини ошириш ҳисобига Айдар-Арнасой кўллар тизимининг акваториясида куну тун фаолият юритадиган давлат экологик назоратини амалга оширувчи пунктларни (кейинги ўринларда Назорат пунктлари деб аталади) ташкил этсин;

б) 2019-2020 йилларда босқичма-босқич Назорат пунктларини Айдар-Арнасой кўллар тизими акваториясининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тегишли йўлтанламас махсус автомашиналар, катерлар, юқори аниқликдаги ерни масофадан зондлаш воситалари ва дастурлари, GPS навигаторлар, видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, видеокузатув тизими, электр генераторлар, алоқа воситалари, зарур инвентарь ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

в) "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ва Дирекция билан биргаликда илмий асосланган ҳолда икки ой муддатда:

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ урчитиш контурларини аниқлаб, уларда балиқ овлашни тақиқласин;

Айдар-Арнасой кўллар тизимида мавжуд балиқ ресурслари ҳажмини аниқласин ва уларни кўпайтириш чораларини кўрсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга тегишли Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофидаги вагон уйларни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг эҳтиёжига мувофиқ Назорат пунктларини ташкил этиш учун қўмитанинг Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудий бошқармаларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.


6. Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари:

икки ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда унинг атрофидаги ер участкаларини, мавжуд бино ва иншоотларни, шу жумладан ноқонуний қурилмаларни аниқлаш юзасидан тўлиқ хатловдан ўтказсин  ва белгиланган тартибда улардан самарали фойдаланиш чораларини кўрсин;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Дирекция билан ҳамкорликда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудуди ва унинг атрофида туризмни ривожлантириш учун ажратиладиган ҳудудларни тасдиқласин ва улар ҳақидаги маълумотларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий веб-саҳифасида жойлаштириш чораларини кўрсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

Айдар-Арнасой кўллар тизимининг туристик салоҳиятини Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига тарғиб қилиш бўйича реклама маҳсулотлари (буклет, брошюра, видео) тайёрланишини, туристик ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун инфотурлар ташкил этилишини таъминласин;

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Айдар-Арнасой кўллар тизимининг туристик салоҳиятини кўрсатувчи тарғибот материалларининг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган туристик ва бошқа тадбирларда тақдимотларини ўтказсин.


8. "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ ва балиқ маҳсулотларини етиштириш, ихтисослаштирилган балиқчилик кластерларини ташкил этиш, туризмни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳа таклифларини ишлаб чиқсин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ушбу лойиҳаларга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш чораларини кўрсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тузилмасида  Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси (кейинги ўринларда Бош прокуратура бошқармаси деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тузилмасида Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими (кейинги ўринларда Департамент бўлими деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг:

Бош прокуратура бошқармаси ва Департамент бўлимини моддий-техник таъминлаш, шу жумладан, улар жойлаштириладиган Жиззах вилояти, Арнасой тумани, Ғолиблар қўрғони, Халқлар дўстлиги кўчаси манзилида жойлашган Арнасой туман прокуратурасининг маъмурий биносини таъмирлаш, фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;

Айдар-Арнасой кўллар тизимида назоратнинг самарали бошқарувини амалга ошириш имконини берувчи Бош прокуратура бошқармасининг ситуацион-таҳлил пунктларини (кейинги ўринларда Ситуацион-таҳлил пункти деб аталади) ташкил этиш;

Ситуацион-таҳлил пунктларини учувчисиз учадиган аппаратлар, тунда кўриш учун мўлжалланган камералар, йўлтанламас махсус автомашиналар, кўчма контейнер-офислар, электр генераторлар, компьютер техникаси, ерни юқори аниқликдаги масофадан зондлаш воситалари ва дастурий таъминот маҳсулотлари, алоқа воситалари ҳамда бошқа техника билан таъминлаш;

Бош прокуратура бошқармаси, Департамент бўлими ва Ситуацион-таҳлил пунктларининг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни ажратиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик назоратни самарали ташкил этиш учун видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, радиоалоқа воситаларини харид қилиш, олиб кириш, улардан фойдаланишга, ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан, мансублигини англатувчи махсус чироқли сигналларга ҳамда махсус техник жиҳоз (рация, сирена, товуш чиқариш мосламалари, ёритгичлар ва бошқалар)лар ўрнатишга рухсат берилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратуранинг мурожаатига асосан белгиланган тартибда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудини, Бош прокуратура бошқармасини, Департамент бўлимини, Назорат ҳамда Ситуацион-таҳлил пунктларини симсиз интернет ва мобил алоқа билан таъминлаш чораларини кўрсин.


13. Белгилансинки:

а) 2021 йил 1 январга қадар Айдар-Арнасой кўллар тизимида биологик ресурслардан фойдаланиш устидан назоратни ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан олиб кириладиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар, ускуналар, моторли қайиқлар ва катерлар, йўлтанламас махсус автомашиналар, машина ва механизмлар, ерни юқори аниқликдаги масофадан зондлаш воситалари ва дастурлари, GPS навигаторлар, видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, видеокузатув тизими, электр генераторлар, алоқа воситалари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, дастурий таъминот маҳсулотлари, материаллар ва технологик жиҳозлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади;

б) қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ушбу қарорга мувофиқ амалга ошириладиган тадбирлар қўмита тизимига ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида ҳамда Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобига;

Бош прокуратура томонидан ушбу қарорга мувофиқ амалга ошириладиган тадбирлар, шу жумладан, маъмурий биноларни таъмирлаш, видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, тунда кўриш учун мўлжалланган камералар, йўлтанламас махсус автомашиналар, моторли қайиқлар ва катерлар, кўчма контейнер-офислар, электр генераторлар, компьютер техникаси, дастурий таъминот маҳсулотлари, алоқа воситалари ва бошқа техникаларни харид қилиш ҳамда тегишли хизматларни амалга ошириш Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштирилади;

Бош прокуратура томонидан харид қилинадиган моторли қайиқлар, катерлар ва 2 та йўлтанламас махсус автомашиналар оператив бошқарув ҳуқуқи билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ўтказилади ҳамда кейинчалик текин фойдаланиш ҳуқуқи билан белгиланган тартибда Назорат пунктларига берилади.


14. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудига қадар олиб борувчи маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда автомобиль йўлларини  босқичма-босқич 2019-2021 йилларда реконструкция қилиниши ҳамда таъмирланишини таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Миллий гвардия ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизимида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлар дастурини тасдиқласин.


16. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мазмуни ва аҳамиятини кенг ёритиш, аҳолига етказиш, шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича тайёрланган реклама материалларини телерадиоканалларда бепул ёритиб бориш тавсия этилсин.

17. Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси, Дирекция билан биргаликда бир ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудининг кадастр йиғмажилдини тайёрласин ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин, шунингдек, ҳудуднинг жойлашишини ифодаловчи батафсил электрон харитасини ишлаб чиқсин.


18. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. Мусаевга - мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг Дирекция томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш ҳамда балиқ маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси назорати учун;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқовга - Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш ва туристик зоналарни ташкил этишга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Қўчқоровга - Айдар-Арнасой кўллар тизимида давлат экологик назоратини таъминлаш учун;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиковга - Айдар-Арнасой кўллар тизимида симсиз алоқа ва интернет алоқасини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.


19. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


20. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 23 апрель










































Время: 0.2143
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск