ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.04.2019 й. 352-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 25 апрелдаги

352-сон қарорига

2-ИЛОВА



Умумтаълим муассасалари фаолиятини

текшириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат умумтаълим муассасалари (кейинги ўринларда умумтаълим муассасаси деб аталади) фаолиятини текшириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом талаблари:

а) қуйидаги давлат органлари ва ташкилотлари:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

тизимида умумтаълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари (ўз бўйсунувидаги умумтаълим муассасаларини текширишлар бўйича) фаолияти доирасида;

б) "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида;

в) "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида;

г) терговга қадар текширувлар ҳамда қўзғатилган жиноят ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар доирасида;

д) умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг фаолиятини текшириш доирасида ўтказиладиган текширишларга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


текширишга ваколатли органлар - умумтаълим муассасалари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари;


текшириш - умумтаълим муассасалари томонидан қонунлар ҳамда улар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қандай бажарилаётганлигини текширишга ваколатли органларнинг бир марта назорат қилиши;


режали текшириш - тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари билан келишган ҳолда тасдиқланган текширишлар режа-жадвалига асосан ўтказиладиган текшириш;


режадан ташқари текшириш - тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари билан келишган ҳолда тасдиқланган текширишлар режа-жадвалида белгиланмаган ҳолда ўтказиладиган текшириш;


назорат тартибида текшириш - умумтаълим муассасаларининг илгариги текширишда кўрсатилган қонун бузилишларини бартараф этиши устидан текширишга ваколатли органлар томонидан амалга оширадиган текшириш.



2-БОБ. УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШНИНГ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишнинг мақсади умумий ўрта таълим бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишда умумтаълим муассасаларининг роли ва масъулиятини кучайтириш, ўқувчиларга давлат таълим стандартларига мувофиқ сифатли таълим берилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, умумтаълим муассасаларидаги ижро интизомини мустаҳкамлаш, педагоглар ва бошқа ходимларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувга чек қўйиш, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан таълим сифатига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.


5. Қуйидагилар умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

умумтаълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнининг сифатини, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини оширишга кўмаклашиш;

қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни содир этиш шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ўз вақтида ва сифатли равишда таъминланишини ташкил этиш;

умумтаълим муассасалари фаолиятида кам самарали текширишларни қисқартириш билан бир вақтда тўлақонли текширишлар самарадорлигини ошириш;

умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

умумтаълим муассасалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг умумтаълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш ва тартибга солиш.



3-БОБ. УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШГА ВАКОЛАТЛИ

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ


6. Умумтаълим муассасаларида:

умумтаълим муассасаси ўқувчилари ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари томонидан;

ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиш, ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни ўчиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва илмий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилинишини ўрганиш, санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш, ўқувчиларнинг санитария маданияти даражасини ошириш, давлат санитария назоратини амалга ошириш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари томонидан;

меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан назорат ва текширувни амалга ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш марказлари томонидан;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва зарарини камайтириш юзасидан чораларни амалга ошириш, фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга тайёр бўлишни ташкил этиш, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

ер, ер ости бойликлари, сув, дарахтлар ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини ўрнатиш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш борасида ягона сиёсатни амалга ошириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, ўқувчиларнинг экологик маданиятини ошириш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШ МУДДАТЛАРИ

ВА УНИ ТАЙИНЛАШ МЕЗОНЛАРИ


7. Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини текшириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

режали текшириш;

режадан ташқари текшириш;

назорат тартибида текшириш.


8. Умумтаълим муассасаларида режали текширишларни ўтказиш текширишга ваколатли органлар билан тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан қўшма тасдиқланадиган текширишларнинг йиллик режа-жадвалига мувофиқ амалга оширилади.


9. Текширишга ваколатли органлар ёки уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан текшириш режалаштирилаётган йилдан олдинги йилнинг 1 декабригача бўлган муддатда умумтаълим муассасаларини йиллик текширишларнинг режа-жадвали лойиҳаси умумтаълим муассасалари рўйхати, уларнинг манзили, тўлиқ номи, режали текшириш даврийлигини аниқ кўрсатган ҳолда тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этилади.

Кейинги йил учун текширишларнинг йиллик режа-жадвали тегишлилиги бўйича текширишга ваколатли органларнинг марказий аппарати билан тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идораларнинг марказий аппарати ҳамда текширишга ваколатли органларнинг ҳудудий бўлинмалари билан тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳар йили 15 декабрга қадар тасдиқланади. Тасдиқланган йиллик режа-жадвалларнинг нусхалари тегишлилиги бўйича умумтаълим муассасаларига ҳар йили 25 декабрга қадар етказиб берилади.

Агар текширишларнинг йиллик режа-жадвали тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгиланган муддатларда асоссиз равишда тасдиқлашдан бош тортилса, текширишга ваколатли органлар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари йиллик текширишларнинг режа-жадвали лойиҳасига мувофиқ текширувни амалга оширишга ҳақли.


10. Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини текширишлар даврийлиги умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича туман (шаҳар) миқёсида тузилган рейтингда (кейинги ўринларда рейтинг деб аталади) эгаллаб турган ўрнига мутаносиб равишда белгиланади.


11. Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш даврийлиги учун белгиланган муддатда бир мартадан ортиқ режали текшириш ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Янги ташкил этилган умумтаълим муассасаларида дастлабки икки йил мобайнида режали текширишлар ўтказилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.


12. Тасдиқланган текширишлар режа-жадвалига текширишга ваколатли органлар билан тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


13. Текширишлар режа-жадвали лойиҳаси:

тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идораларга -текширишга ваколатли органларнинг марказий аппарати томонидан;

тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларига - текширишга ваколатли органларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тақдим этилади.

Белгиланган муддатдан кейин тақдим этилган таклифлар тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан кўриб чиқилмайди.


14. Қуйидаги ҳолларда умумтаълим муассасалари йиллик текширишлар режа-жадвалига киритилмайди:

умумтаълим муассасаси фаолиятини текшириш учун белгиланган муддатлар инобатга олинмаган бўлса;

умумтаълим муассасасининг рейтингда эгаллаб турган ўрни инобатга олинмаган бўлса;

умумтаълим муассасалари тугатилган ёки тугатиш жараёнида бўлса;

умумтаълим муассасаларининг режа-жадвалга киритилиши қонун ҳужжатларига зид бўлса.


15. Тасдиқланган йиллик текширишлар режа-жадвали текширишга ваколатли органлар, тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда улар ҳудудий бўлинмаларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.


16. Режадан ташқари текширишлар текширишга ваколатли органлар томонидан:

умумтаълим муассасаси тугатилаётганида;

тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари тизимидаги умумтаълим муассасаси фаолиятини текширишни сўраб текширишга ваколатли органга мурожаат этган тақдирда;

умумтаълим муассасаси фаолиятига оид қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг топшириқлари ҳамда давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ўз муддатида ва сифатли ижро этилишини тезкор ўрганиш талаб этилганда;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг, фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш, педагоглар ва ўқувчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли омилларнинг пайдо бўлиши, санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашиши, шунингдек, бошқа мамлакатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли мавжуд бўлганда;

бўш иш ўринлари мавжудлиги ва ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламлари учун махсус иш ўринлари захира қилинганлиги, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши, шу жумладан, бахтсиз ҳодисаларни текшириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш мақсадида;

умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлигига ва таълим сифатига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган камчиликлар мавжудлиги аниқланганда ёки умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг эришган ютуқлари олдин эришилган ютуқларидан ёки туман (шаҳар) миқёсидаги рейтингнинг ўртача кўрсаткичларидан паст бўлган тақдирда;

текширишга ваколатли органнинг мансабдор шахси маъмурий вазифаларни амалга ошираётганида умумтаълим муассасаси томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланганда;

оммавий ахборот воситалари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манбаларда умумтаълим муассасалари фаолиятига доир қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

умумтаълим муассасаларида ташкилий-бошқарув, ўқув-методик, маънавий ва молиявий жиҳатдан жиддий нуқсонлар мавжудлиги тўғрисида ишончли маълумот бўлганда амалга оширилади.


17. Текширишга ваколатли органлар томонидан умумтаълим муассасалари фаолиятини режали ва режадан ташқари текширишлар муддати 10 кундан ошмаслиги керак.


18. Назорат тартибида текширишларни ўтказиш текширишга ваколатли органлар томонидан фақат уларнинг ўзлари илгари ўтказган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) белгиланган ҳолатлар бўйича ва муддатларда ёки тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари мурожаатига асосан ундан олдинроқ муддатларда, текширишга ваколатли органнинг буйруғи асосида тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларини камида 5 кун олдин ёзма равишда хабардор қилган ҳолда 10 кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.


19. Илгари ўтказилган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) муддат кўрсатилмаган бўлса, назорат тартибида ўтказиладиган текширишлар илгари текшириш ўтказилган санадан бошлаб олти ойдан ошиб кетиши мумкин эмас.

Умумтаълим муассасаси томонидан назорат тартибида текширишлар ўтказишга тўсқинлик қилиниши мумкин эмас.



5-БОБ. ТЕКШИРИШЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


20. Режали текширишни ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

текширишлар режа-жадвалидан кўчирма;

текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи;

текшириш дастури ёки саволномасидан нусха.

Режадан ташқари текширишни ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи;

текшириш дастури ёки саволномасидан нусха.


21. Умумтаълим муассасаси фаолиятини режали текшириш тартиби ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


22. Текширишга ваколатли органлар томонидан режали текшириш ўтказилишидан камида 10 кун олдин тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, текшириш дастури ёки саволномаси илова қилинган расмий хат юборилади.

Тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан режали текшириш ўтказиш ҳақидаги расмий хат олинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай ўз тизимидаги умумтаълим муассасаларига ёзма хат ёки ички электрон ҳужжатлар айланиши тизими орқали хабар берилади ҳамда текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, текшириш дастури ёки саволнома юборилади.


23. Текширишга ваколатли органлар текширишларни амалга оширишни ўзларининг ҳудудий бўлинмаларига топширишга ҳақли. Текширишга уларнинг бошқа ҳудудий бўлинмалари ходимлари, мутахассислар, экспертлар ва аудиторлик ташкилотлари ҳам жалб этилиши мумкин.


24. Умумтаълим муассасаларининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиаллари фаолиятини текширишлар улар таркибига кирадиган умумтаълим муассасаларида ўтказиладиган текширишлар доирасида амалга оширилади, режадан ташқари текширишлар бундан мустасно.


25. Текширишни амалга оширишдан олдин текширишга ваколатли орган томонидан текшириш ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.

Текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириладиган умумтаълим муассасаси номи, текширишнинг мақсади, текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текшириладиган давр, текшириш ўтказиш муддати ва текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатнинг номи, рақами ва санаси кўрсатилади ҳамда текшириш дастури ёки саволномаси илова қилинади.

Текшириш жараёнида текширишга ваколатли органнинг ваколатлари ва текшириш дастури ёки саволномасида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқилмайди.


26. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари текшириш бошланишидан олдин умумтаълим муассасаси раҳбарини (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахсни) текшириш мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларнинг (текширишлар режа-жадвалидан кўчирма, текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текшириш дастури ёки саволномаси) нусхаларини топширади.


27. Текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган умумтаълим муассасасига тилхат олинган ҳолда топширилган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

Текширилаётган умумтаълим муассасасининг ушбу ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган умумтаълим муассасаси ушбу ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, текширишга ваколатли органнинг мансабдор шахси томонидан унинг ўзи ва текширилаётган умумтаълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс) имзолайдиган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома тузилади. Ушбу далолатномани умумтаълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс) имзолашдан бош тортганда, далолатномага текширишга ваколатли органнинг масъул ходими томонидан тегишли ёзув киритилади. Бу ҳолда далолатнома имзоланган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.


28. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари умумтаълим муассасаси томонидан тақдим этилган ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги Текширишларни рўйхатга олиш дафтарини тўлдириши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда Текширишларни рўйхатга олиш дафтарининг электрон шакли тўлдирилади. Бунда дафтарнинг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.


29. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) Текширишларни рўйхатга олиш дафтарининг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда - электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки дафтар тақдим этилмаганда - унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширишга ваколатли органнинг масъул ходими томонидан тегишли ёзув киритилади.


30. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари Текширишларни рўйхатга олиш дафтарини тўлдиришдан бош тортган тақдирда, умумтаълим муассасасида текшириш ўтказилишига йўл қўйилмайди.


31. Текширишга ваколатли орган томонидан илгари текширилган масалалар бўйича қайта текшириш ҳамда бир йилда бир мартадан ортиқ назорат тартибидаги текширишлар ўтказилмайди.


32. Текширишни белгиланган муддатда ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда, жумладан, текширишда иштирок этиши лозим бўлган шахс иштирок эта олмаган, текшириш ўтказиш учун талаб қилинган ҳужжатлар умумтаълим муассасаси томонидан тақдим этилмаган ёки зарур мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширишга ваколатли органнинг буйруғи асосида текшириш тўхтатилиб, белгиланган тартибда бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.


33. Муддати кўчирилган текширишни ўтказиш текшириш тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим.


34. Текширишлар натижалари камида икки нусхада тузиладиган далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилади.

Умумтаълим муассасаларини текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) туман (шаҳар) ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар миқёсида умумлаштирилиши мумкин.


35. Бир кун муддатда ўтказиладиган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) текшириш ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текшириш бўйича эса текшириш муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.


36. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхалари текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказаётган масъул ходимлари ва умумтаълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс) ёки тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари вакили томонидан имзоланади. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) бир нусхаси умумтаълим муассасаси раҳбарига (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахсга) ёки тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари вакилига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Текширилган умумтаълим муассасаси вакили ўтказилган текшириш натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада (маълумотномада) ёзма равишда акс эттириши мумкин.

Текширилаётган умумтаълим муассасаси вакили текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани (маълумотномани) олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, текширишга ваколатли органнинг масъул ходими бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) тегишли ёзувни киритади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Бундай ҳолатда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхаси бир иш куни давомида умумтаълим муассасасига ёки тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) текширишга ваколатли органнинг ички идоравий ҳужжати билан белгиланган тартибда рўйхатга олинади.


37. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) қуйидагилар ўз аксини топади:

текшириш жараёнида аниқланган камчиликлар ва умумий хулоса;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари ва уларнинг муддати;

текшириш жараёнида аниқланган қонун ва қоида бузилиши ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир чоралари.


38. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) нусхаси текширишга ваколатли органлар томонидан тегишлилиги бўйича:

тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига;

ҳудудий ҳокимликларга ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли секторларга киритилиши мумкин.

Улар ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.

Текшириш жараёнида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, бу ҳақидаги маълумотлар текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) киритилиб, унинг бир нусхаси далолатнома (маълумотнома) имзоланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай текширишга ваколатли органлар томонидан мажбурий тартибда тегишлилиги бўйича ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.


39. Текшириш ўтказиш вақтида умумтаълим муассасалари адвокат хизматидан фойдаланиши мумкин.


40. Текширишга ваколатли органлар асосли сабабларга кўра текшириш ўтказиш имкони бўлмаган ёки зарурати қолмаган (тугатилганлиги сабабли молия-хўжалик фаолияти юзасидан якуний текшириш ўтказилган, жиноят иши юзасидан текширилган, бошқа муассасага қўшилган, фаолият юритмаётган, текшириш даврида текшириладиган объект мавжуд бўлмаган ва ҳоказо) умумтаълим муассасаларини текширишлар режа-жадвалидан чиқариш тўғрисида тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига таклиф киритадилар.


41. Ўтказилган текшириш натижаларидан норози бўлган умумтаълим муассасалари низоли масалаларга аниқлик киритиш учун текширишга ваколатли органларнинг юқори турувчи ташкилотига, судга ёки прокуратура органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Умумтаълим муассасалари низоли масалаларга аниқлик киритиш учун текширишга ваколатли органларнинг юқори турувчи ташкилотларига мурожаат этган тақдирда, текширишга ваколатли органлар тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан қўшимча равишда келишмасдан, фақат умумтаълим муассасаларининг мурожаатларида кўрсатилган низоли масалалар юзасидан аниқлик киритадилар.



6-БОБ. ТЕКШИРИШ ЖАРАЁНИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


42. Текширишга ваколатли органлар умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумтаълим муассасаларидан текширишни самарали ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни талаб қилиш;

текшириш жараёни билан боғлиқ зарур ҳужжатлардан нусха олиш;

ваколатлари доирасида умумтаълим муассасаларида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга текшириш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани киритиш;

текшириш жараёнига тегишли мутахассислар, экспертлар ва аудиторлик ташкилотларини шартнома асосида жалб этиш;

ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, текширишларнинг муддатини кўчириш тўғрисида таклиф киритиш.

Текширишга ваколатли органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


43. Текширишга ваколатли органлар умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

умумтаълим муассасаларига текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни тақдим этиш;

умумтаълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнларига халақит бермаслик;

Текширишларни рўйхатга олиш дафтарини белгиланган тартибда тўлдириш;

текширишлар натижалари тўғрисида далолатнома (маълумотнома) расмийлаштириш, унинг бир нусхасини текшириш тугаган куни умумтаълим муассасасида қолдириш;

текшириш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳамда юқори турувчи органларга хабар бериш.

Текширишга ваколатли органларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.


44. Умумтаълим муассасалари текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти режали текширилиши тўғрисидаги маълумотга эга бўлиш;

текширишга ваколатли органларнинг масъул шахсларидан уларнинг хизмат гувоҳномаси ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларни талаб қилиш;

текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;

текширишга ваколатли органлар масъул шахсларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материалларни тақдим этмаслик;

текшириш тугаган куни текширишга ваколатли органларнинг масъул шахсларидан текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхасини беришни талаб қилиш;

текширишга асос бўладиган ҳужжатларни тақдим этмаганлик, текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома мазмуни ва текширувчилар томонидан текширишга алоқадор бўлмаган ҳар қандай қўшимча кўрсатмалар бериш юзасидан юқори турувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга шикоят қилиш.

Умумтаълим муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


45. Умумтаълим муассасалари текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларга эга бўлган текширишга ваколатли органларни умумтаълим муассасаси ҳудудига киритиш;

текширишга ваколатли органларнинг қонуний талабига биноан текшириш ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш;

текшириш жараёнига халақит бермаслик, текширишга ваколатли органлар томонидан текширишни самарали ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиш;

текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган қоидабузарлик ҳолатларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш.

Умумтаълим муассасаларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46. Текширишга ваколатли органларнинг раҳбарлари умумтаълим муассасаларида текшириш ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларнинг ишончлилиги ҳамда текширишга ваколатли органлар масъул шахсларининг ўз ваколатлари доирасидан чиқмаслиги учун жавоб берадилар.


47. Текширишга ваколатли органлар томонидан текширишлар ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилганлиги тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан доимий равишда мониторинг олиб борилади.

Текширишлар бўйича мониторинг умумтаълим муассасаларида ўтказилган режали, режадан ташқари ва назорат тартибида ўтказилган текширишларнинг алоҳида равишда ҳисобини юритиш, текширишлар давомида аниқланган камчиликларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш орқали амалга оширилади.

Умумтаълим муассасаларида ноқонуний текшириш ўтказган ёки текшириш жараёнида ўз ваколати доирасидан чиққан текширишга ваколатли органларнинг ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


48. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Умумтаълим муассасаси фаолиятини

режали текшириш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Текширишга ваколатли органлар

Умумтаълим муассасаларини йиллик текширишларнинг режа-жадвали лойиҳаси умумтаълим муассасалари рўйхати, уларнинг манзили, тўлиқ номи, режали текшириш даврийлигини аниқ кўрсатган ҳолда электрон шаклда тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этилади

Текшириш режалаштирилаётган

йилдан олдинги йилнинг

1 декабригача бўлган муддатда

  

  

2-босқич

Текширишга ваколатли органларнинг ҳудудий бўлинмалари

Кейинги йил учун текширишларнинг йиллик режа-жадвалини тасдиқлайди

(Йиллик режа-жадвал текширишга ваколатли органларнинг умумтаълим муассасасини текширишлари бир вақтга тўғри келиб қолмаслиги ҳисобга олинган ҳолда тасдиқланади)

Ҳар йили

15 декабрга қадар

Тасдиқланган йиллик режа-жадвалларнинг нусхаларини тегишлилиги бўйича умумтаълим муассасаларига етказиб беради

Ҳар йили

25 декабрга қадар









3-босқич

Текширишга ваколатли органлар

Тегишлилиги бўйича тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, текширув дастури ёки саволномаси илова қилинган расмий хатни юборади

Текшириш ўтказилишидан

камида 10 кун олдин

4-босқич

Тизимида умумтаълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари

Ўз тизимидаги умумтаълим муассасаларига ёзма хат ёки ички электрон ҳужжатлар айланиши тизими орқали хабар беради ҳамда текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, текширув дастури ёки саволномани юборади

Расмий хат олинган кундан

бошлаб 1 кун мобайнида

  

5-босқич

Умумтаълим муассасаси ҳамда текширувчи органвакиллари

Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани (маълумотномани) имзолайди

Текшириш якунланган куни

  





Низомга

2-ИЛОВА



ТЕКШИРИШЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

ДАФТАРИ

(Умумтаълим муассасасининг тўлиқ номи)

Умумтаълим муассасаси жойлашган жой (почта манзили)

(Солиқ тўловчининг идентификация рақами)

Т/р

Текширишга ваколатли органнинг номи ёки у томонидан текширишга жалб этилган аудиторлик ёхуд бошқа ташкилотнинг номи

Текширувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва гувоҳномаси рақами

Текшириш ўтказиш учун асос

Текшириш тури ва мақсади

Текшириш ўтказиш учун белгиланган муддатлар

Текширишни бошлаш, тугатиш санаси ва вақти

Текширишнинг аниқ давом этган вақти

Текшириш жараёнида кўрилган чоралар

Умумтаълим муассасаси раҳбарининг фикри

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 26 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 29 апрель, 17-сон, 334-модда









































Время: 0.0263
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск