Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 апрелдаги

325-сон қарорига

3-ИЛОВА



Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш,

таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга кириш

ва уни ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва

йўл-қурилиш  техникаларини бошқариш ҳуқуқини

берувчи тракторчи-машинист гувоҳномасини

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш, имтиҳонлар олиш, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини (кейинги ўринларда техника деб аталади) бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш тартибини белгилайди

Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш таълим муассасаларига олий таълим ва малака ошириш муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда йўналиш бўйича таълим бериш лицензиясига эга бўлган бошқа давлат, нодавлат юридик шахслар киради.


2. Мазкур Низом бўйича тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш, имтиҳонлар олиш, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини (кейинги ўринларда техника деб аталади) бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномасини беришни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) томонидан, бу борада кўрсатиладиган хизматлар Инспекция ҳузуридаги "Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази" давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ пластик шаклдаги тракторчи-машинист гувоҳномаси унинг намунаси ва таснифига мувофиқ равишда Марказ томонидан тайёрланади.


3. Барча қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналар, уларнинг тури, вазифаси ва бошқариш хусусиятларига кўра "А", "В", "С", "D", "Е" ва "F" тоифаларига бўлинади. Уларни бошқариш учун берилган тракторчи-машинист гувоҳномасининг тегишли катагида рухсат берувчи белги қўйилади.


4. Тракторчи-машинист гувоҳномасининг "А", "В", "С", "D", "Е" ва "F" катагида рухсат берувчи белгиси бўлган шахслар қуйидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга:

"А" тоифа - 30 от кучигача бўлган ғилдиракли тракторлар;

"B" тоифа - 30 от кучи ва ундан юқори от кучига эга бўлган ғилдиракли тракторлар;

"C" тоифа - занжирли тракторлар;

"D" тоифа - механик трансмиссияли ўзиюрар қишлоқ хўжалиги машиналари;

"E" тоифа - гидростатик трансмиссияли ўзиюрар қишлоқ хўжалиги машиналари;

"F" тоифа - ўзиюрар мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари.

Тракторчи-машинист гувоҳномаси малакасига кўра уч классга бўлинади ва тракторчи-машинистларга:

III, II ва I класс берилади.

Класслар тракторчи-машинист гувоҳномасининг алоҳида белгилар учун ажратилган қисмига ёзилади.



2-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ, МЕЛИОРАЦИЯ

ВА ЙЎЛ-ҚУРИЛИШ ТЕХНИКАЛАРИ ҲАМДА

ЎЗИЮРАР МАШИНАЛАРНИ БОШҚАРУВЧИ

ТРАКТОРЧИ-МАШИНИСТЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ

ВА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ

ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ТАЛАБЛАР ВА УШБУ МУАССАСАЛАРНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ


5. Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, таълим муассасаларини ҳисобга олиш мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


6. Давлат ёки нодавлат таълим муассасалари (кейинги ўринларда таълим муассасаси деб аталади) тракторчи-машинистларни тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш бўйича ўз фаолиятини бошлагунга қадар Инспекцияга белгиланган тартибда мурожаат қилади.

Инспекциянинг туман (шаҳар) бўлимларининг буйруғига асосан тузилган текширув комиссия томонидан тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасасининг моддий-техника ва ўқув-методик базаси кўрикдан ўтказилади.


7. Таълим муассасасининг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқилиши якунлари бўйича Низомга 3-иловага мувофиқ намунада икки нусхада далолатнома тузилади ва Инспекциянинг туман (шаҳар) бўлими томонидан тасдиқланади. Далолатноманинг бир нусхаси Инспекцияда, иккинчи нусхаси таълим муассасасида сақланади.


8. Комиссия томонидан тасдиқланган далолатнома бўйича Инспекциянинг туман (шаҳар) бўлими таълим муассасасига хулоса беради.

Инспекциянинг туман (шаҳар) бўлими томонидан давлат ёки нодавлат таълим муассасасига берилган хулосанинг биринчи нусхаси ҳисобга қўйиш учун Инспекцияда сақланади, иккинчи нусхаси эса таълим муассасасига берилади.

Таълим муассасаларини Инспекцияда ҳисобга қўйиш таълим муассасасининг номи, манзили, банк реквизитлари, уставни тасдиқлаш (рўйхатдан ўтказиш) тўғрисидаги гувоҳнома рақами, тайёрланадиган тракторчи-машинистларнинг тоифалари кўрсатилган ҳолда алоҳида журналда юритилади.


9. Таълим муассасалари ўқув гуруҳларининг сони, назарий ва амалий машғулотларнинг бошланиши ва ўқиш муддати тўғрисидаги қарорларини Инспекция билан келишади.


10. Ўқув гуруҳларидаги ўқувчилар рўйхати машғулотлар бошланишидан аввал Марказга тақдим этилади. Рўйхат Марказ томонидан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш китобида қайд этилади.


11. Инспекция туман (шаҳар) бўлими буйруғига асосан тузиладиган текширув комиссияси Инспекция органи, Марказ, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакилларидан иборат таркибда тузилади.

Комиссия ўрганиш давомида ўқув муассасасининг қуйидаги талабларга жавоб беришини кўриб чиқади:

камида 48 кв.м. майдонга эга бўлган ўқув хоналарининг мавжудлиги, номзодлар учун зарур шароитлар яратилганлиги, белгиланган талабларга мувофиқ моддий-техника жиҳозлари билан таъминланганлиги;

таълим муассасасининг иш режасига киритилган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқариш бўйича амалий машғулотларни тўлиқ ўтказиш учун ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминланганлиги;

муҳандис-педагоглар, инструкторлар ҳамда ишлаб чиқариш усталарининг маълумоти ва билим даражаси;

тракторчи-машинистликка номзодларга амалий бошқаришни ўргатиш учун белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланган майдонча, дала майдончаси, техника ёки ундан фойдаланиш тўғрисида шартноманинг мавжудлиги.

Таълим муассасасига унга мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ўқув хоналаридан, улардаги жиҳозлар ва машқ техникаларидан ўқув машғулотлари жараёнида фойдаланилади.


12. Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш гуруҳларида номзодлар сони 25 кишидан ошиши мумкин эмас.


13. Инспекцияда белгиланган тартибда ҳисобга олинган таълим муассасаларининг ўқув моддий-техника базаси ва фаолияти ҳар йили камида бир марта, ўқув гуруҳларининг ўқув жараёни эса - ҳар ойда камида бир марта текширилади. Текширув натижалари бўйича далолатнома тузилиб, иш фаолиятида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этмаётган таълим муассасаларига нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир чоралари қўлланилиши орқали муносабат билдирилади.


14. Агар камчилликлар мавжуд таълим муассасаси таъсир чораларида кўрсатилган муддат мобайнида камчиликларни бартараф этмаса, янги ўқув гуруҳларини Инспекцияда рўйхатдан ўтказиш тўхтатилади ва мазкур йўналиш бўйича ўқитишни тўхтатиш ёки лицензиясини бекор қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдимнома киритилади.


15. Янги ўқув гуруҳларини рўйхатдан ўтказиш кўрсатмадаги камчиликлар таълим муассасаси томонидан бартараф этилганидан сўнг унинг фаолиятини қайта йўлга қўйишга рухсат этилади.


16. Инспекцияда тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасалари бўйича назорат-кузатув йиғмажилди юритилади. Унда таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, ўқув техникаларининг рўйхати, амалий машғулот ўтказиладиган йўналишли харита нусхаси, ўқув гуруҳларини текшириш ҳақидаги маълумотлар, текшириш далолатномалари, йил давомида амалга оширилган ишларнинг таҳлили ва бошқа маълумотлар жамланади.



3-БОБ. МАРКАЗДА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ,

МЕЛИОРАЦИЯ ВА ЙЎЛ-ҚУРИЛИШ ТЕХНИКАЛАРИ

ҲАМДА ЎЗИЮРАР МАШИНАЛАРНИ БОШҚАРИШ

ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ ГУВОҲНОМА ОЛИШ УЧУН

ИМТИҲОН ТОПШИРИШГА РУХСАТ БЕРИШ


17. Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар топширишга рухсат бериш мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


18. Таълим муассасаларида таълим олган шахслар "А", "В", "С", "D", "Е" ва "F" тоифаларидаги қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳнома билан доимий ёки вақтинчалик яшаш жойларидаги Марказга мурожаат қилади.


19. III классдаги техникаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун 280 соатдан кам бўлмаган назарий ва амалий ўқув дастури асосида таълим муассасаларини битирган, таълим муассасалари томонидан берилган (сертификат, гувоҳнома ва ҳ.к.) ҳужжатга эга бўлган;

II ёки I классдаги техникаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномаси олиш учун уч йил иш стажига эга бўлган ёки техника йўналиши бўйича таълим муассасаларида 86 соатли малака ошириш ўқув дастури асосида қайта ўқиган фуқароларга имтиҳонлар топширишга рухсат этилади.


20. Ўқув муддати якунида тракторлар ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқариш йўналиши бўйича 18 ёшга тўлган, II ёки I классдаги техникаларни бошқариш йўналиши бўйича эса - 21 ёшга тўлган шахсларга имтиҳон топширишга рухсат этилади.


21. Назарий имтиҳонда имтиҳон топширувчининг йўл ҳаракати, тракторлар ҳамда ўзиюрар машиналар хавфсизлиги қоидалари ва ўқув дастурида назарда тутилган фанлар бўйича билими текширилади;

амалий имтиҳонда қайси тоифали тракторлар ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома учун фақат шу тоифадаги техникани бошқариш бўйича топширувчининг малакаси текширилади.


22. Алоҳида шартлар бўйича ишловчи тракторлар ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқарувчи шахслар йилига бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган муддатда мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказилади.


23. Агар Марказда фуқароларга тракторчи-машинист гувоҳномасини беришда уларнинг соғлиғига нисбатан шубҳа туғилганда, унга белгиланган тартибда тиббий кўрикдан қайта ўтиш учун йўлланма берилиши мумкин.


24. Агар фуқаро тиббий кўрикдан қайта ўтишдан бўйин товласа ёки у тиббий комиссия томонидан техникани бошқаришга нолойиқ деб топилса, унга доир ҳужжатлар Марказ томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

Тракторчи-машинистни тиббий кўрикдан қайта ўтказиш ҳақидаги қарор Марказ томонидан қабул қилинади.


25. Тракторчи-машинистларни техникани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилинади. Техникани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган фуқаролар, тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун, маҳрум қилиш муддатидан қатъи назар, мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари ҳамда назарий ва амалий имтиҳон топширишлари лозим.


26. Чет давлат фуқароларига тракторчи-машинист гувоҳномаларини бериш тартиби ушбу Низомда назарда тутилган умумий қоидалар асосида амалга оширилади.



4-БОБ. ИМТИҲОНЛАРНИ ЎТКАЗИШ,

ТРАКТОРЧИ-МАШИНИСТ ГУВОҲНОМАСИНИ

БЕРИШ ТАРТИБИ


27. Тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар ўтказиш, тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


28. Имтиҳонларни қабул қилиш ва "А", "В", "С", "D", "Е", "F" тоифаларидаги қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномаларни бериш Марказ томонидан амалга оширилади.


29. Барча тоифадаги қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқариш ҳуқуқини бериш учун назарий ва амалий имтиҳонлар Инспекциянинг туман (шаҳар) бўлимлари буйруғи асосида тузиладиган комиссиялар томонидан қабул қилинади;

комиссия таркиби камида уч кишидан иборат бўлади, комиссия таркибига Инспекция органлари, Марказ вакили ва ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари киритилиши мумкин;

имтиҳон комиссияси аъзолари йўл ҳаракати, техника хавфсизлиги қоидаларини ва имтиҳон олиш услубини билиши, бошқариш бўйича текширилаётган тоифадаги техникага оид билимларга эга бўлиши шарт.


30. Ўқув гуруҳлари машғулотлари якунланганидан сўнг тракторчи-машинист номзодларининг ўқув жараёнида дастурда кўрсатилган барча фанларни ўзлаштиргани тўғрисидаги маълумотлар Марказ томонидан текширилади ва уларнинг рўйхати тақдим этилган рўйхат билан солиштирилади, шундан кейин унинг имзоси билан тасдиқланади.


31. Тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун номзодлар Марказга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) тегишли тоифадаги техникани бошқариш учун дастурлар бўйича ўқишни тугатганлиги ҳақидаги гувоҳнома;

б) диплом ва ўқув дастуридаги фанларни ўқиганлиги тўғрисидаги диплом варақасидан кўчирма нусхалар;

в) 3х4 см ўлчамдаги 2 та фотосурат;

г) соғлиғи тўғрисида маълумотнома;

д) имтиҳонни топширган ҳамда имтиҳондан ўтганларнинг тракторчи-машинист гувоҳномаси учун йиғимларни тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

е) имтиҳон варақаси;

ё) фуқаронинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат;

ж) жисмоний шахсларнинг идентификация рақами (ЖШ ИР).


32. Имтиҳонлар жараёнида номзодларнинг аввал назарий билимлари, кейин амалий билимлари текширилади.

Назарий имтиҳондан ўтмаган шахслар амалий имтиҳонларга қўйилмайди.


33. Номзодлар, шунингдек, тракторчи-машинист гувоҳномасини алмаштириш ва техникани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати тамом бўлгандан кейин тракторчи-машинист гувоҳномаси дубликатини олиш учун имтиҳонларга юборилган шахслар учун такрорий имтиҳонлар олдинги имтиҳондан сўнг камида ўн кун ўтгандан кейин ўтказилади.

Уч йил мобайнида имтиҳон синовларидан ўтмаган шахслар белгиланган тартибда яна таълим муассасаларида тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтишлари керак, тракторчи-машинист гувоҳномасини алмаштириш ва техникани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати тамом бўлгандан кейин тракторчи-машинист гувоҳномаси дубликатини олиш учун имтиҳонларга юборилган шахслар бундан мустасно.


34. Назарий имтиҳонларда олинган ижобий баҳо икки ой давомида ҳақиқий ҳисобланади. Агар номзод ушбу муддатда амалий имтиҳонларни топшира олмаса, у қайта назарий имтиҳонга такроран юборилади.


35. Йўл ҳаракати, техника хавфсизлиги қоидалари ва амалий бошқариш бўйича номзоднинг натижалари мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ тўлдириладиган "Тракторчи-машинистларга гувоҳномалар беришда имтиҳон натижалари тўғрисида имтиҳон варақаси"га ёзилади ҳамда имтиҳон комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома имтиҳонда қатнашган комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва Марказнинг масъул ходими томонидан тасдиқланади.


36. Назарий ва амалий имтиҳонларни топширган шахсларга мазкур баённома асосида тракторчи-машинист гувоҳномаси берилади.

Тракторчи-машинист гувоҳномасини қайд этиш китобига гувоҳноманинг серияси ва тартиб рақами ўсиши бўйича ёзилади ҳамда имтиҳон варақасида қайд этилади.

Тракторчи-машинист гувоҳномасидаги ёзувлар техник воситалар билан ёзилади.


37. Тракторчи-машинист гувоҳномаси берилишининг асослилиги ва тўғри тўлдирилганлиги Инспекция инспектори томонидан текширилиб, назорати олиб борилади.

Тракторчи-машинист гувоҳномаси берилганда фуқаронинг таълим муассасасини тамомлаганлиги ҳақидаги гувоҳномасига тракторчи-машинист гувоҳномаси ва талонининг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги ёзиб қўйилади.


38. Тракторчи-машинист гувоҳномасида бошқаришга рухсат этилган техника тоифаси қайд этилади.


39. Тиббий комиссия томонидан қайта текширувдан ўтиш муддати белгиланган шахсларга тракторчи-машинист гувоҳномасини беришда қўшимча маълумот катагига "тмм" (тиббий маълумотнома мажбурий) ёзуви киритилади.


40. Тракторчи-машинист гувоҳномаси фақат унинг эгасига берилади. Мазкур шахс паспортини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиб, тракторчи-машинист гувоҳномаси беришни қайд этиш китобига шахсан имзо қўяди.

Тракторчи-машинист гувоҳномаси ўқув муассасасини тугатган фуқароларга Марказнинг ўқув муассасаси жойлашган туман (шаҳар) бўлими томонидан имтиҳон якуни бўйича берилиши мумкин.

Тракторчи-машинист гувоҳномаси ваколатнома (ишончнома) бўйича берилмайди.



5-БОБ. ТРАКТОРЧИ-МАШИНИСТ

ГУВОҲНОМАСИНИ АЛМАШТИРИШ ҲАМДА

ДУБЛИКАТ БЕРИШ ТАРТИБИ


41. Тракторчи-машинист гувоҳномасини алмаштириш белгиланган тартибда ариза, эски тракторчи-машинист гувоҳномаси фуқаронинг имтиҳон варақаси ёки тракторчи-машинист гувоҳномасини берган Марказ тасдиқномаси, тиббий маълумотнома ҳамда фуқаронинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилганидан сўнг, тасдиқланган ставка бўйича йиғимлар ундирилгач амалга оширилади.


42. Техникани охирги бир йил давомида бошқарган шахсларнинг тракторчи-машинист гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади.


43. Қуйидагилар техникаларни бир йил мобайнида бошқарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланиши мумкин:

а) ишлаётган ходимлар ишлаётган жойида унга бириктирилган техника тури кўрсатилган маълумотнома (буйруқдан кўчирма);

б) шахсий техникалар учун - уларга тегишли бўлган техниканинг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжат (техник паспорт);

в) ишончнома ёки ижара шартномаси бўйича техникани бошқарган шахслар учун - техниканинг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси ва уни бошқариш учун нотариал идора томонидан тасдиқланган ишончнома ёки ижара шартномаси.


44. Техникани охирги бир йил давомида бошқармаган шахсларнинг тракторчи-машинист гувоҳномалари назарий ва амалий имтиҳон топширганидан сўнг алмаштирилади.


45. Бир неча тоифали техникаларни бошқаришга рухсати бўлган шахс тракторчи-машинист гувоҳномасини алмаштиришда ўз хоҳишига кўра мавжуд тоифалардан бирортасини ёки тиббий кўрик хулосасига кўра белгиланган тоифалардан рухсат этилганини олиши мумкин.

Бунда амалий имтиҳон ўз хоҳиши билан қолдирган (ёки тиббий кўрик хулосасига кўра рухсат этилган) техника тоифаси бўйича олинади ва берилаётган тракторчи-машинист гувоҳномасида фақат ушбу тоифага рухсат белгиси қўйилади. Фуқаронинг аввал эга бўлган тоифаларини қайта тиклаш ушбу Низомнинг 42 ва 44-бандлари талабларига мувофиқ, унинг аризаси асосида амалга оширилади.


46. Яроқсиз ҳолга келган тракторчи-машинист гувоҳномаси ушбу Низомнинг 42 ва 45-бандларига мувофиқ алмаштирилади.


47. Тракторчи-машинист гувоҳномаси алмаштирилганда янги берилаётган гувоҳноманинг "Алоҳида белгилар учун" номли катагига биринчи маротаба олган эски гувоҳноманинг серияси, тартиб рақами ва берилган куни ёзиб қўйилади.


48. Тиббий кўрик маълумотномаси ва шахснинг имтиҳон варақаси барча реквизитлар тўлдирилгандан сўнг янги тракторчи-машинист гувоҳномаси билан бирга эгасига қайтариб берилади.


49. Йўқолган (ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа ҳолатларда) тракторчи-машинист гувоҳномаси дубликати фуқаронинг аризаси, имтиҳон варақаси, тиббий маълумотнома, зарур ҳолатларда, ўқишни тамомлаганлиги ҳақидаги таълим муассасасининг гувоҳномаси ёки Марказнинг тасдиқномаси ва тасдиқланган ставка бўйича йиғимлар асосида берилади.


50. Тракторчи-машинист гувоҳномасининг дубликатини расмийлаштириш давомида бир ой муддат билан вақтинчалик рухсатнома берилади. Тасдиқловчи ҳужжатлар олингунига қадар вақтинчалик рухсатнома муддатини яна бир ойгача узайтириш мумкин.


51. Йўқолган тракторчи-машинист гувоҳномасининг дубликати, техникани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган фуқароларнинг картотекаси бўйича текширилгандан ва давлат хизматлари марказидан, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматидан олиб қўйилмаганлиги тўғрисида маълумотнома олингандан сўнг берилади.

52. Гувоҳноманинг дубликати расмийлаштирилаётган вақтда берилган вақтинчалик рухсатнома алоҳида қайд этиш китобига ёзилади ва гувоҳнома нусхаси берилгандан кейин рухсатномага асос бўлган ҳужжатларга тикилади.


53. Тракторчи-машинист гувоҳномаси ўрнига дубликат гувоҳнома берилгандан кейин, йўқолган гувоҳнома топилган тақдирда, у ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва Марказга топширилади ҳамда белгиланган тартибда йўқ қилинади.


54. Эски нусхадаги тракторчи-машинист гувоҳномаларини янги нусхадаги тракторчи-машинист гувоҳномаларига алмаштиришда, фақат эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномаси олинади, белгиланган ставкада йиғим ундирилгач, янги намунага алмаштирилади. Шубҳали ҳолатларда эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномасини берилишининг қонунийлиги ўрганилади.


55. Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган тракторчи-машинист гувоҳномаларини алмаштиришдан олдин улар Марказ томонидан Ташқи ишлар вазирлиги орқали текширилади. Текшириш натижасида тасдиқ олинган шахсларнинг тракторчи-машинист гувоҳномалари, улар тиббий кўрикдан ўтиб, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг тракторчи-машинист гувоҳномаларига ушбу Низом асосида умумий тартибда алмаштирилади.



6-БОБ. ТРАКТОРЧИ-МАШИНИСТЛАРГА

ЮҚОРИ КЛАСС БЕРИШ ТАРТИБИ


56. Тракторчи-машинистларга III класс уч йиллик узлуксиз шу йўналишдаги меҳнат фаолиятидан кейин ёки махсус малака ошириш ўқув дастури якунида Марказ томонидан имтиҳон олиш орқали II классга алмаштирилади.


57. II класс шу йўналишдаги уч йиллик узлуксиз меҳнат фаолиятидан кейин ёки махсус малака ошириш ўқув дастури якунида Марказ томонидан имтиҳон олиш орқали I классга алмаштирилади.


58. Тракторчи-машинистларга юқори класс беришда имтиҳон олиш ва гувоҳнома бериш учун белгиланган миқдорда тўлов ундирилади.

Тракторчи-машинистларга юқори класс берилаётганда тракторчи-машинист гувоҳномаси алмаштирилади ва класс қайд этилган ҳолда янгиси берилади.



7-БОБ. ТРАКТОРЧИ-МАШИНИСТ ГУВОҲНОМАЛАРИНИНГ

ПЛАСТИК БЛАНКАЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ, УЛАР

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ

САҚЛАШ ТАРТИБИ


59. Тракторчи-машинист гувоҳномаларининг пластик шаклдаги бланкаси Марказ буюртмасига асосан тайёрланади.

Буюртма, олти ойлик захирани инобатга олган ҳолда, Марказ томонидан берилади.


60. Тракторчи-машинист гувоҳномасининг пластик бланкалари жойларга Марказнинг ҳудудлардаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб тақсимланади.


61. Тракторчи-машинист гувоҳномасининг пластик бланкаси сони, кирим ва чиқимлари ҳисобот китобида қайд этилади, уларнинг топширилиши тракторчи-машинист гувоҳномаси беришни қайд этиш китобида рўйхатга олинади.


62. Тракторчи-машинист гувоҳномасининг пластик бланкалари улар бўйича қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар тариқасида сақланади.


63. Тўлдириш жараёнида бузилган тракторчи-машинист гувоҳномасининг пластик бланкаси 3 кишидан кам бўлмаган комиссия томонидан тузилган далолатнома билан Марказнинг марказий аппаратига топширилади.


64. Тиббий кўрик хулосаси асосида техникани бошқариш ҳуқуқидан четлатилган, йўқолгани ўрнига дубликати берилгандан сўнг топиб олинган, маҳрум этилган муддатдан кейин икки йил давомида талаб қилиб олинмаган, вафот этган фуқароларнинг тракторчи-машинист гувоҳномалари 3 кишидан кам бўлмаган комиссия томонидан тузилган далолатнома билан Марказнинг марказий аппаратига топширилади.


65. Мазкур Низомда назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш тартиби учун кўзда тутилган имтиҳон варақаси Марказ томонидан тайёрланади.


66. Тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш учун асос бўлган ҳужжатлар (ариза, имтиҳон варақаси, эски тракторчи-машинист гувоҳномаси, тўлов қоғозлари ва бошқалар) ҳамда ўқув гуруҳларидаги ўқувчиларнинг рўйхати алоҳида иш ҳужжатлари сифатида тикилади ва белгиланган тартибда икки йил мобайнида сақланади.

Тракторчи-машинист гувоҳномасининг ўрнига янгиси берилганда эски тракторчи-машинист гувоҳномасига "Бекор қилинади" штампи қўйилиб, бошқа асос бўлувчи ҳужжатлар билан бирга тикилади.

Имтиҳон комиссияси баённомалари - 10 йил, тракторчи-машинист гувоҳномаларини бериш китоби - 45 йил мобайнида, Марказда белгиланган тартибда сақланади. Белгиланган муддат ўтгандан кейин ҳужжатлар давлат архивига топширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


67. Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, улардан имтиҳон олиш, тракторчи-машинист гувоҳномаларини бериш билан боғлиқ бўлган барча иш юритиш ҳужжатлари Инспекция томонидан тасдиқланган намуналар асосида олиб борилади.


68. Намунавий ўқув дастурлари Инспекция билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълим маркази томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


69. Барча ўзиюрар техникалар тракторчи-машинист гувоҳномасига эга бўлган шахслар томонидан бошқарилишига рухсат этилади.


70. Тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш бўйича аризалар 3 иш кунида кўриб чиқилади. Алоҳида, қўшимча маълумот ёки аниқлаштириш лозим бўлган ҳолатларда эса - аризалар 10 иш кунида кўриб чиқилади.

Тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш билан боғлиқ давлат хизматлари Инспекция бошлиғининг буйруғига асосан тўғридан-тўғри масъул инспекторлар томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин.


71. Ушбу Низом талабларини бузиш, тракторчи-машинист гувоҳномасини қалбакилаштириш, тракторчи-машинист гувоҳномасига эга бўлмаган шахслар томонидан техникаларни бошқариш ҳамда бошқаришга рухсат этиш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



"Тракторчи-машинист гувоҳномаси"нинг

НАМУНАСИ

"Тракторчи-машинист гувоҳномаси"нинг

ТАСНИФИ


Тракторчи-машинист гувоҳномаси халқаро стандартлар тавсиялари асосида пластикдан тайёрланади. Гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади. Гувоҳноманинг ранги - очиқ кулранг яшил. Лотин ёзувидаги давлат тилидан фойдаланилади. Серияли рақами - тўрт ҳарфли (UZ-TM), номери - олти рақамли.

Тракторчи-машинист гувоҳномасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) ва қурилмалар ўртасида маълумотларни бевосита алоқасиз амалга ошириш имконини берувчи махсус электрон белги (NFC Смарт-карта) бўлади.

Тракторчи-машинист гувоҳномасининг пластик шакли қуйидаги ҳимоя воситаларига эга:

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири шаклидаги голограмма, у нишабликнинг турлича бурчагида ўз шаклини ўзгартиради;

микроматн - "TRAKTORCНI-MASНINIST GUVOНNOMASI, "Удостоверение тракториста-машиниста", "Driving licence", ўлчами - максимум 30 микрон;

ультрабинафша қоплама;

"UZ" ёзуви, эгилганда бир рангдан бошқа рангга товланадиган оптик турланадиган бўёқ;

гильош, доимий равишда қийшайиб турадиган 40-70 мкм қалинликдаги тўлқинли чизиқларнинг қалин тармоғи шаклидаги нақш;

тракторчи-машинист гувоҳномаси пластик шаклининг серияли рақамининг лазер ўйма нақши.

Тракторчи-машинист гувоҳномасининг олд томонида "TRAKTORCНI-MASНINIST GUVOНNOMASI", "Удостоверение тракториста-машиниста", "Driving licence" сўзлари ёзилади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган, Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган жойи ва санаси, берилган санаси, амал қилиш муддати, берилган жойи, жисмоний шахсларнинг идентификация рақами ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчи идентификация рақами, гувоҳнома рақами, яшаш жойи, тоифалари тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда кўрсатилади, фотосурат учун жой назарда тутилган.

Орқа томонида берилган санаси ва муддати мажбурий тартибда кўрсатилади.

1-12-бандлардаги маълумотлар қайд этилади.

Алоҳида белгилар учун жой назарда тутилган.

A, B, C, D, E, ва F тоифаларини бошқариш учун тракторчи-машинист гувоҳномасининг ҳақиқийлиги тегишли пиктограммалар билан ифодаланган.






Низомга

2-ИЛОВА



Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш,

таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга кириш

ва уни ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва

йўл-қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи

тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш

СХЕМАСИ


Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

Давлат ёки нодавлат таълим муассасалари

Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш бўйича ўз фаолиятини бошлашдан олдин Марказга белгиланган тартибда мурожаат қилиш ва хулоса олиш.

Мурожаат қилинганда

Инспекция буйруғига асосан тузилган комиссия

Таълим муассасасининг моддий-техника ва ўқув-методик базасини мазкур Низомнинг 7-банди талаблари асосида кўрикдан ўтказиш.

Мурожаат келиб тушгандан

кейин 2 кун мобайнида

Инспекция буйруғига асосан тузилган комиссия

Таълим муассасасининг мазкур Низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқиш якунлари бўйича Низомга 3-иловага мувофиқ намунада (икки нусхада) далолатнома тузиш.

Мурожаат келиб тушгандан

кейин 3 кун мобайнида

Инспекция

Комиссия қарори натижалари бўйича давлат ёки нодавлат таълим муассасаларига тракторчи-машинистларни тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш фаолиятини бошлаш тўғрисида хулоса бериш.

Мурожаат келиб тушгандан

кейин 4 кун мобайнида

Давлат ёки нодавлат таълим муассасалари

Ўқув гуруҳларининг рўйхатини ва ўқувчилар сонини ҳамда назарий ва амалий машғулотларнинг бошланиши ва ўқиш муддати тўғрисидаги қарорларини Марказга тақдим этиш.

Хулоса олингандан

кейин 3 кун мобайнида

Марказ

Тақдим этилган ўқув гуруҳларининг рўйхатини ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш китобига қайд этиш.

Рўйхат тақдим

этилган куни

Таълим муассасаларида таълим олган шахслар

Таълим муассасаларида таълим олган шахслар мазкур Низомнинг 35-бандида назарда тутилган ўқишни тугатганлигини, гувоҳнома ва йиғим суммаси тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни Марказга тақдим этиш.

Назарий ва амалий машғулотлар

якунлангандан кейин

Инспекция

Тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларининг Низомнинг 22, 23, 24 ва 25-бандалири талабларига мувофиқлигини ўрганиш ва имтиҳон топширишга рухсат этиш.

Ҳужжатлар тақдим этилганда

кейин 3 кун мобайнида

Инспекция, Марказ

Тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш.

Ҳужжатлар тақдим этилганда

кейин 5 кун мобайнида


Коммиссия

Имтиҳондан ўтган номзодларга имтиҳон варақасини тўлдириш ва имтиҳон комиссияси баённомасини расмийлаштириш.

Имтиҳон олинган куни

Марказ

Имтиҳон комиссиясининг баённомаси асосида мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ намунада тракторчи-машинист гувоҳномасини расмийлаштириш, гувоҳномани эгасига бериш ва Марказнинг қайд этиш китобига имзо қўйдириш.

Имтиҳон топширилгандан

кейин 1 кун мобайнида





Низомга

3-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш

техникаларини бошқарувчи тракторчи-машинистларни

тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим

муассасаларига қўйиладиган талабларни ўрганиш

натижалари бўйича тузилган

ДАЛОЛАТНОМА

   

20___ йил "___"____________


Тракторлар ва ўзиюрар машиналарни бошқарувчи тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларининг номи,

          

манзили, мулк шакли:

Т/р

Талаб

Талабга жавоб бериши (беради, бермайди)

Мулк шакли

(ўз мулки ёки ижара)

1.

Бинонинг ҳолати



2.

Ўқув хонасининг ўлчами (камида 48 м. кв.)



3.

Ўқув хонасининг иситилиши



4.

Ўқув хонасининг совутилиши



5.

Моддий-техник базаси



6.

Ўқув анжомлари, қуроллари



7.

Ўқув режалари



8.

Муҳандис-педагоглар, инструкторлар ҳамда ишлаб чиқариш усталарининг маълумоти ва билим даражаси



9.

Амалий машғулотлар учун техника ва бошқа шароитлар



10.

Амалий машғулот учун майдон



11.

Амалий машғулотлар учун ёнилғи-мойлаш материалларининг ҳолати



12.

Бошқа шароитлар



Таълим муассасаси тракторлар ва ўзиюрар техникаларни бошқарувчи тракторчи-машинистларни

тайёрлаш ва қайта тайёрлаш талабларига:



(жавоб беради/бермайди)

Комиссия аъзолари (имзоси, Ф.И.О., иш жойи ва лавозими):

Таълим муассасаси раҳбари (имзоси, Ф.И.О., лавозими)





Низомга

4-ИЛОВА



Тракторчи-машинистларга гувоҳномаларни

беришда имтиҳон натижалари тўғрисида

ИМТИҲОН ВАРАҚАСИ


________________ туман (шаҳар)

20___ йил "____"____________


__________ рақамли

Т/р

Ф.И.О.

Туғилган йил,

кун,

ой

Ўқиган муассасасининг номи, диплом, гувоҳнома ёки сертификат

рақами ва

санаси

Тиббий кўрик маълумотномасининг рақами ва санаси

Имтиҳон натижалари

йўл

ҳаракатидан

техника

хавфсизлигидан

бошқариш

кўникмаларидан

(ўтди, ўтмади)

(ўтди, ўтмади)

(ўтди, ўтмади)

1

2

3

4

5

6

7

8








Комиссия раиси




(имзо)

(Ф.И.О.)

Комиссия аъзолари




(имзо)

(Ф.И.О.)





(имзо)

(Ф.И.О.)





(имзо)

(Ф.И.О.)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 апрель





















































Время: 0.2888
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск